JPK | O‘zbekiston Respublikasi
4.78K subscribers
12 photos
1 video
12 links
Download Telegram
362-модда. Айбловни ўзгартириш, тугатиш ва тўлдириш

Башарти тергов ўтказиш чоғида дастлабки айбловни қайта кўриб чиқишни тақозо этадиган янги далиллар тўпланган бўлса ёки дастлабки айбловнинг ноаниқлиги ёхуд юридик тавсифи нотўғрилиги маълум бўлиб қолса, дастлабки айблов ўзгартирилиши, қисман тугатилиши ёки тўлдирилиши лозим. Бу ҳақда терговчи қарор чиқаради ва унда айбловнинг янги мазмунини баён қилади.

Ушбу Кодекснинг 83-моддасида ҳамда 84-моддасининг биринчи ва бешинчи қисмларида назарда тутилган айбланувчини реабилитация этиш учун асос бўладиган ёки ишни юритиш учун монелик қиладиган ҳолатлар аниқланса, айблов тугатилади.
Айбловни тугатиш тўғрисида терговчи қарор чиқаради. Бир йўла шу қарор билан терговчи айбланувчига нисбатан қўлланилган эҳтиёт чораси, мулкни хатлаш, лавозимдан четлаштириш чораларини бекор қилади ва шахсга айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга қонунсиз жалб қилинганлиги сабабли кўрган зиёнларини ундириб олиш ҳуқуқига эга эканлигини тушунтиради. Қарорнинг нусхаси шу шахсга дарҳол тақдим қилиниши ёки юборилиши лозим.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
360-модда. Жиноят ишида гумон қилинувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиш тўғрисидаги қарор

Шахсни жиноят ишида гумон қилинувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиш тўғрисида суриштирувчи, терговчи ёки прокурор қарор чиқаради.

Бирор жиноятни содир этишда гумон қилинаётган шахс иш қўзғатилгунга қадар ушланган бўлса ва ушбу Кодекснинг 225-моддасида назарда тутилган текшириш ушлаб туришнинг асосли эканлигини тасдиқлаган бўлса, терговчи шахсни ушлаб туриш, иш қўзғатиш ва ишда гумон қилинувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиш ҳақида тўхтамларга келиб, уларни битта қарорда баён қилади.

Қарорда ушлаб турилган шахс қайси жиноятни содир этишда гумон қилинаётганлиги, Жиноят кодексининг қайси моддасида бу жиноят назарда тутилгани, ушлаб туришнинг сабаб ва асослари, шунингдек шахсни ушлаб туриш, агар жиноят иши илгари қўзғатилмаган бўлса, жиноят ишини қўзғатиш ва уни ишда гумон қилинувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиш ҳақидаги қарор кўрсатилиши керак.

Қарор гумон қилинувчига у биринчи марта сўроқ қилингунига қадар эълон қилинади. Айни вақтда унга ушбу Кодекснинг 48-моддасида назарда тутилган гумон қилинувчининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тушунтирилади.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
369-модда. Дастлабки терговни тўхтатиш тўғрисидаги қарор

Жиноят иши бўйича дастлабки тергов терговчининг қарори билан тўхтатилади. Бу қарорда ишнинг моҳияти ҳамда терговни тўхтатиш асослари, ушбу Кодекс 364-моддасининг биринчи қисмидаги 2, 3 ва 4-бандларда назарда тутилган ҳолларда эса, айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилинган шахс ҳам кўрсатилади.
Терговчи дастлабки терговни тўхтатгач, бу ҳақда жабрланувчини, фуқаровий даъвогарни, фуқаровий жавобгарни ва уларнинг вакилларини хабардор қилади. .

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
370-модда. Терговчининг дастлабки тергов тўхтатилгандан кейинги ҳаракатлари

Терговчи дастлабки терговни тўхтатиш асосларига қараб ички ишлар органлари ва бошқа ваколатли органлардан айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилиниши лозим бўлган шахсларни аниқлаш, яшириниб юрган айбланувчиларни қидириб топиш учун кўрилаётган чоралардан мунтазам хабардор бўлиб туради ва шу мақсадда ўзи сўров хатлари юборади, маълумотлар ва тушунтирувлар олади, жамоатчиликнинг ёрдамидан фойдаланади ёхуд айбланувчининг дастлабки терговнинг тўхтатилишига сабаб бўлган касаллигидан вақти-вақти билан хабардор бўлиб туради. Айбланувчи Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиб кетган ҳолларда терговчи жиноят содир этишда айбланаётган ва бошқа давлатлар ҳудудида яшириниб юрган шахсларни ушлаб беришни тартибга солувчи қонунчиликка ва халқаро шартномаларга мувофиқ чоралар кўради.

Дастлабки тергов тўхтатилгандан кейин ва у қайта тиклангунга қадар тергов ҳаракатлари ўтказилишига йўл қўйилмайди.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
371-модда. Тўхтатилган жиноят иши бўйича дастлабки терговни қайта тиклаш

Тўхтатилган жиноят иши бўйича дастлабки тергов:
1) терговни тўхтатиш учун асос тариқасида ушбу Кодекснинг 364-моддасида назарда тутилган ҳолатлар бартараф этилганда;
2) иш бўйича айбланувчининг иштирокисиз бажарилиши мумкин бўлган қўшимча тергов ҳаракатларини ўтказиш зарурати туғилганда қайта тикланади.
Дастлабки терговни тўхтатиш тўғрисидаги қарор қонунга номувофиқ бўлса, прокурор уни бекор қилиши ва дастлабки терговни қайта тиклаш тўғрисида қарор чиқариши мумкин.
Терговчи дастлабки терговнинг қайта тикланганлиги ҳақида прокурорга дарҳол хабар қилади.
Иш юзасидан дастлабки тергов қайта тикланиши билан бир пайтда дастлабки терговнинг ўтиш муддати ҳам тикланади. Тергов муддатининг кейинчалик узайтирилиши дастлабки терговни тўхтатишдан олдин ўтган тергов муддатини эътиборга олган ҳолда ушбу Кодекснинг 351-моддасига биноан амалга оширилади.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
46-боб. ДАСТЛАБКИ ТЕРГОВНИ ТАМОМЛАШ
372-модда. Дастлабки терговни тамомлаш турлари

Дастлабки тергов жиноят ишини тугатиш тўғрисида қарор чиқариш, айблов хулосаси тузиш, ишни тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш ёки тарафларнинг ярашуви учун судга юбориш тўғрисида қарор чиқариш ёхуд амнистия актига асосан жиноят ишини тугатиш ҳақида судга илтимоснома киритиш тўғрисида тақдимнома тайёрлаш билан тамомланади.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
373-модда. Жиноят ишини тугатиш

Жиноят иши ушбу Кодекснинг 83 ва 84-моддаларида назарда тутилган асослар мавжуд бўлганда тугатилади.

Ушбу Кодекс 84-моддаси биринчи қисмининг 2-бандида назарда тутилган асос мавжуд бўлганда, жиноят ишини тугатиш ушбу Кодекснинг 63-бобида назарда тутилган қоидаларга биноан суд томонидан амалга оширилади. .

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
374-модда. Жиноят ишини тугатиш тўғрисидаги қарор

Жиноят ишини тугатиш тўғрисидаги қарор белгиланган қоидаларга риоя қилинган ҳолда тузилади.
Қарорнинг тавсиф қисмида:
1) жиноят ишини қўзғатиш асослари ва унинг содир этилишига доир тергов вақтида текширилган тусмоллар;
2) гумон қилинувчи ва айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилинган шахслар тўғрисидаги маълумотлар, уларга қўйилган айб ва уларга нисбатан қўлланилган эҳтиёт чоралари, башарти бу шахсларга қўйилган гумон ёки айб илгари чиқарилган алоҳида қарор билан тугатилмаган бўлса;
3) жиноят ишини тугатиш асослари;
4) бу асосларни тасдиқловчи далиллар, улар ишнинг қайси жилдлари ва саҳифаларида акс эттирилганлиги;
5) ашёвий далилларнинг рўйхати, бу ашёлар сақланаётган жой ва уларнинг эгалари, шунингдек манфаатдор шахслар ёки муассасалар томонидан бу ашёларни уларга қайтариб бериш тўғрисидаги илтимослари, башарти шундай илтимос қилинган бўлса;
6) фуқаровий даъвони таъминлаш чоралари баён қилинади.

Қарорнинг хулоса қисмида:
1) жиноят ишини тугатиш тўғрисидаги;
2) гумонни ёки айбловни олиб ташлаш тўғрисидаги;
3) эҳтиёт чораларини, айбланувчини лавозимидан четлаштириш, шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тарзидаги процессуал мажбурлов чораларини, шунингдек фуқаровий даъвони таъминлаш чораларини бекор қилиш тўғрисидаги;
4) ашёвий далиллар тўғрисидаги қарорлар баён қилинади.
Терговчи ишни тугатиш тўғрисида қарор чиқаргач, бу ҳақда гумон қилинувчига, айбланувчига, ҳимоячига, шунингдек жабрланувчига, фуқаровий даъвогарга, фуқаровий жавобгарга ва уларнинг вакилларига, худди шунингдек иш корхона, муассаса, ташкилот ёки фуқаронинг берган хабари билан қўзғатилган бўлса, шу корхона, муассаса, ташкилот вакилига ёхуд фуқарога хабар қилади. Айни вақтда уларга ишни тугатиш тўғрисидаги қарор устидан прокурорга шикоят қилиш ҳуқуқига эга эканликлари тушунтирилади.
Ҳарбий хизматга чақирилувчи шахсга нисбатан иш тугатилганда терговчи бу ҳақда етти кунлик муддат ичида ёзма тарзда туман (шаҳар) мудофаа ишлари бўлимига хабар қилади.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
375-модда. Жиноят иши тамомлангандан кейин ундаги материаллар билан танишиб чиқиш ҳуқуқини таъминлаш

Терговчи тўпланган далилларни айблов хулосасини тузиш учун етарли деб топганидан кейин айбланувчи ва ҳимоячига дастлабки тергов тамомланганлигини эълон қилади, уларга ишдаги барча материаллар билан танишиб чиқишга доир ҳуқуқларини тушунтиради ва танишиб чиқиш учун ишни тақдим этади.

Башарти иш тугатилган бўлса, терговчи бу ҳақда ва иш материаллари билан танишиш ҳуқуқи ҳақида гумон қилинувчини, айбланувчини ва ҳимоячини хабардор қилади ҳамда уларнинг илтимосига биноан уларга танишиб чиқиш учун ишни тақдим этади.

Терговчи дастлабки тергов тамомланганлиги ва иш айблов хулосаси билан судга юборилиши ёки иш тугатилганлиги тўғрисида жабрланувчи, фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар ва уларнинг вакилларига хабар қилади, башарти улар хоҳласалар, барча иш материаллари билан танишиб чиқиш ҳуқуқига эга эканликларини тушунтиради. Сўнг терговчи кўрсатиб ўтилган процесс иштирокчиларининг илтимосига мувофиқ, танишиб чиқиш учун уларга ишни тақдим этади.

Жабрланувчилар, гувоҳлар, холислар ва процесснинг бошқа иштирокчилари хавфсизлигини таъминлаш мақсадида тергов ҳаракатлари баённомасининг кириш қисмлари танишиб чиқиш учун тақдим қилинмаслиги мумкин. Бундай ҳолларда баённомаларнинг кўрсатиб ўтилган процесс иштирокчилари тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган кириш қисмлари муҳрланган ҳолда сақланади.

Башарти айбланувчининг ҳимоячиси ёки жабрланувчи, фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгарнинг вакили узрли сабабларга биноан белгиланган вақтда иш материаллари билан танишиб чиқиш учун кела олмаса, терговчи танишиб чиқиш муддатини кўпи билан беш суткага кечиктириши мумкин. Ҳимоячи ёки вакил бу муддат ичида келмаган тақдирда айбланувчига бошқа ҳимоячини таклиф қилиш, жабрланувчи, фуқаровий даъвогар ёки фуқаровий жавобгарга бошқа вакил чақириш учун имконият яратилади.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
376-модда. Жиноят ишидаги материаллар билан танишиб чиқиш тартиби

Терговчи ишдаги материалларни танишиб чиқиш учун тикилган ва рақамланган кўринишда, ҳар бир жилддаги ҳужжатларни рўйхат қилган тарзда тақдим этади.

Иш билан танишиб чиқиш учун зарур бўлган муддат чекланмайди. Лекин процесс иштирокчилари ишдаги материаллар билан танишишни атайлаб чўзишга уринаётган бўлсалар, терговчи ўз қарорида ишдаги материаллар билан танишиш учун муайян муддат белгилашга ҳақлидир.

Иш билан танишиб чиқаётган шахс ишдаги ҳужжатлардан кўчирмалар ёзиб олишга ҳақлидир, давлат сирларини ўз ичига олган маълумотлар бундан мустасно.

Терговчи ишдаги материаллар билан танишиб чиққанлик тўғрисида баённома тузади.

Иш билан танишиб чиққандан кейинги оғзаки илтимосларни терговчи баённомага киритади. Процесс иштирокчиси ёзма тарзда алоҳида илтимоснома бериши мумкин, бу ҳақда баённомада ёзиб қўйилади.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
377-модда. Илтимослар қилиш ва уларни кўриб чиқиш тартиби

Айбланувчи, ҳимоячи, шунингдек жабрланувчи, фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар ва уларнинг вакиллари иш билан танишиб чиқишгач ёки бирор сабабга кўра танишиб чиқишдан бош тортганларидан кейин терговчи улардан қўшимча тергов ҳаракатларини ўтказиш ёки янги қарорлар қабул қилиш хусусида илтимослари бор ёки йўқлигини аниқлайди.

Тарафларнинг аризасига биноан илтимосномалар тайёрлаш ва тақдим қилиш учун уч сутка доирасида вақт берилиши мумкин. Терговчи илтимосномани тўла ёки қисман рад қилиш тўғрисида қарор чиқаради ва бу ҳақда илтимоснома берилган вақтдан бошлаб уч сутка ичида аризачига хабар беради.

Аризачи илтимосни қондириш рад қилинганлиги тўғрисидаги қарор билан танишиб чиққанидан кейин икки сутка ичида прокурорга рад этилганлик устидан шикоят қилиши мумкин.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
378-модда. Илтимос қондирилгандан кейин жиноят иши билан қайта таништириш

Терговчи илтимос қондирилгандан кейин, у ким томонидан ва кимларнинг манфаатлари йўлида билдирилган бўлишидан қатъи назар, айбланувчи, ҳимоячига, шунингдек жабрланувчи, фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар ва уларнинг вакилларига ишдаги барча материаллар билан яна танишиб чиқиш имкониятини беради.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
379-модда. Айблов хулосаси

Айбланувчи ва унинг ҳимоячисини жиноят ишидаги барча материаллар билан таништириб бўлгач, терговчи, башарти ишни судга юбориш учун етарли асослар борлиги тўғрисидаги фикри ўзгармаган бўлса, айблов хулосаси тузади.

Айблов хулосаси тавсиф-асослантириш ва хулоса қисмларидан иборат бўлади. Тавсиф қисмида дастлабки терговда аниқланган ҳолатлар: жабрланувчи, шунингдек айбланувчи тўғрисидаги маълумотлар; айбланувчининг айбдорлигини тасдиқловчи далиллар, айбланувчининг ўзини ҳимоя қилиш учун келтирган важлари ва уларни текшириш натижалари баён қилинади.

Хулоса қисмида айбланувчининг шахси тўғрисидаги маълумотлар келтирилади ҳамда эълон қилинган айбловнинг мазмуни Жиноят кодексининг шу жиноятни назарда тутган моддаси ёки моддаларини ҳам кўрсатган ҳолда баён қилинади.

Айблов хулосасида баён қилинган ҳолатларни тасдиқловчи иш саҳифалари кўрсатилиши керак. Айблов хулосаси қаерда ва қачон тузилганлиги кўрсатилиб, терговчи томонидан имзоланади.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
380-модда. Айблов хулосасига иловалар

Айблов хулосасига терговчининг фикрича суд мажлисига чақирилиши лозим бўлган шахсларнинг рўйхати, шунингдек қўлланилган эҳтиёт чоралари, гумон қилинувчи ва айбланувчи қанча вақт қамоқда сақланганлиги ёки у уй қамоғида бўлганлиги тўғрисидаги, ашёвий далиллар, фуқаровий даъвони таъминлаш чоралари, суд чиқимлари тўғрисидаги маълумотлар илова қилинади.

Суд мажлисига чақирилиши лозим бўлган шахсларнинг рўйхатида терговчи уларнинг турган жойи ҳамда кўрсатувлари ёки хулосалари ишнинг қайси саҳифасида баён қилинганлигини кўрсатади.

Жабрланувчилар, гувоҳлар, холислар ва процесснинг бошқа иштирокчилари хавфсизлигини таъминлаш мақсадида, суд мажлисига чақирилиши лозим бўлган шахслар рўйхатида уларнинг тахаллуслари кўрсатилиши мумкин. Хавфсизлиги таъминланишига муҳтож бўлган шахслар ҳақидаги маълумотлар улар иштирокида ўтказилган тергов ҳаракатлари баённомаларининг кириш қисмлари билан бирга муҳрланган ҳолда судга тақдим этилади. Улар билан фақат айблов хулосасини тасдиқловчи прокурор ва ишни кўриб чиқувчи судья танишишлари мумкин.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
381-модда. Жиноят ишининг прокурорга юборилиши

Терговчи айблов хулосасини имзолаганидан кейин жиноят ишини дарҳол прокурорга юборади.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
46-1-боб. Суриштирувнинг умумий шартлари
381-1-модда. Суриштирувни амалга оширишга ваколатли бўлган мансабдор шахслар

Суриштирувни ушбу Кодекснинг 38-моддасида белгиланган органларнинг суриштирувчилари амалга оширади.

Суриштирувни ушбу Кодексда белгиланган ҳолларда прокурорлар ва терговчилар ҳам амалга ошириши мумкин.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
381-2-модда. Жиноят ишининг терговга тегишлилиги

Суриштирув қуйидагиларнинг суриштирувчилари томонидан олиб борилади:

1) ички ишлар органларининг — Жиноят кодексининг 105-моддаси биринчи қисмида, 109-моддасида, 110-моддаси биринчи қисмида, 111, 112-моддаларида, 113-моддаси биринчи ва иккинчи қисмларида, 114-моддаси биринчи ва иккинчи қисмларида, 115-моддасида, 117-моддаси биринчи қисмида, 120-моддасида, 121-моддаси биринчи қисмида, 125, 125-1, 126-моддаларида, 127-моддаси биринчи қисмида, 127-1-моддаси биринчи қисмида, 128-моддаси биринчи қисмида, 128-1-моддасида, 129-моддаси биринчи қисмида, 131-моддаси биринчи ва иккинчи қисмларида, 132-моддасида, 133-моддаси биринчи қисмида, 136-моддасида, 138-моддаси биринчи қисмида, 139, 140-моддаларида, 168-моддаси биринчи қисмида, 169-моддаси биринчи қисмида, 170-моддасида, 171-моддаси биринчи ва иккинчи қисмларида, 172-моддасида, 173-моддаси биринчи ва иккинчи қисмларида, 185 — 185-1-моддаларида, 186-2-моддаси биринчи қисмида, 216-1-моддаси биринчи қисмида, 2162-моддасида, 225-моддаси биринчи ва иккинчи қисмларида, 226-моддаси биринчи қисмида, 227-моддасида, 228-моддаси биринчи ва учинчи қисмларида, 2281 — 229-3-моддаларида, 244-4-моддаси биринчи қисмида (божхона тўғрисидаги қонунчиликни бузиш билан боғлиқ жиноятлардан ташқари), 244-5-моддасида, 248-1-моддаси биринчи қисмида, 2552-моддаси биринчи қисмида, 259-моддаси биринчи қисмида, 260-моддаси биринчи қисмида, 2601-моддаси биринчи қисмида, 261-моддасида, 262-моддаси биринчи қисмида, 2631-моддаси биринчи қисмида, 266-моддаси биринчи қисмида, 268-моддаси биринчи қисмида, 269-моддаси биринчи қисмида, 270-моддаси биринчи қисмида, 274-моддаси биринчи қисмида, 276-моддаси биринчи қисмида, 277-моддаси биринчи ва иккинчи қисмларида, 278-моддаси учинчи ва тўртинчи қисмларида, 278-1 — 278-6-моддаларида, 278-7-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган жиноятларга доир ишлар бўйича;

2) Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ҳамда унинг жойлардаги бўлинмалари — Жиноят кодексининг 122, 123-моддаларида, 232-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган жиноятларга доир ишлар бўйича;

3) Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамда унинг жойлардаги бўлинмалари — Жиноят кодексининг 177-моддаси биринчи ва иккинчи қисмларида, 179, 183-моддаларида, 184-моддаси биринчи ва иккинчи қисмларида (божхона тўғрисидаги қонунчиликни бузиш билан боғлиқ жиноятлардан ташқари), 185-2-моддасида, 186-моддаси биринчи қисмида, 189 — 192-моддаларида назарда тутилган жиноятларга доир ишлар бўйича;

4) Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси ҳамда унинг жойлардаги бўлинмалари — Жиноят кодексининг 130-моддаси биринчи ва иккинчи қисмларида, 130-1-моддасида, 184-моддаси биринчи ва иккинчи қисмларида, 244-3-моддасида, 244-4-моддаси биринчи қисмида, 250-1-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган божхона тўғрисидаги қонунчиликни бузиш билан боғлиқ бўлган жиноятларга доир ишлар бўйича.

5) Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ва унинг жойлардаги бўлинмалари — Жиноят кодексининг 250-1-моддаси биринчи қисмида (божхона тўғрисидаги қонунчиликни бузиш билан боғлиқ жиноятлардан ташқари) ва 259-1-моддасида назарда тутилган жиноятлар тўғрисидаги ишлар бўйича.

Жиноят кодексининг 130-моддаси биринчи ва иккинчи қисмларида (божхона тўғрисидаги қонунчиликни бузиш билан боғлиқ жиноятлардан ташқари), 130-1-моддасида (божхона тўғрисидаги қонунчиликни бузиш билан боғлиқ жиноятлардан ташқари), 167-моддаси биринчи қисмида, 244-3-моддасида (божхона тўғрисидаги қонунчиликни бузиш билан боғлиқ жиноятлардан ташқари) назарда тутилган жиноятларга доир ишлар бўйича суриштирув ишни қўзғатган орган томонидан олиб борилади.

Жиноят кодексининг 237-моддаси биринчи қисмида, 238-моддаси биринчи ва иккинчи қисмларида, 239, 240-моддаларида назарда тутилган жиноятларга доир ишлар бўйича суриштирув ушбу иш қўзғатилишига сабаб бўлган жиноят қайси органнинг терговига тегишли бўлса, ўша орган томонидан олиб борилади.
Агар суриштирувни олиб боришда бошқа суриштирув органи терговига тегишли янги жиноят аниқланса, ишни юритаётган суриштирув органи фақат тегишли прокурорнинг розилиги билан суриштирувни тўлиқ ҳажмда тамомлаши мумкин.

Агар суриштирувни олиб боришда дастлабки тергов органига тегишли бўлган ва тергов қилинаётган жиноят иши билан боғлиқ бўлган янги жиноят аниқланса, прокурорнинг розилиги билан жиноят иши ушбу Кодекснинг 345-моддасида белгиланган терговнинг тегишлилигига кўра дастлабки тергов органига ўтказилади.

Агар суриштирувни олиб боришда дастлабки тергов органига тегишли бўлган ва тергов қилинаётган жиноят иши билан боғлиқ бўлмаган янги жиноят аниқланса, жиноят ишини ажратиш ва бошқаларга ўтказиш ушбу Кодекснинг 332 ва 345-моддаларига мувофиқ амалга оширилади. Бунда агар мазкур янги жиноят ушбу Кодекс 345-моддасининг олтинчи қисмида назарда тутилган жиноятлар туркумига кирса, ажратилган жиноят иши бўйича дастлабки терговни амалга ошириш прокурор томонидан дастлабки тергов органига топширилади.

Турли суриштирув органларига тегишли жиноят ишлари битта иш юритувига бирлаштирилганда, прокурор суриштирувни олиб боришни оғирроқ жиноят тўғрисидаги жиноят ишининг тергови қайси органга тегишли бўлса шу органга, жиноятларнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражаси тенг бўлганда эса, жиноят иши бўйича узоқроқ муддат давомида суриштирув олиб бораётган органга топширади.

Суриштирув органлари терговига тегишли бўлган жиноят ишлари бошқа дастлабки тергов органлари терговига тегишли бўлган жиноят ишлари билан битта иш юритувига бирлаштирилганда, прокурор терговни олиб боришни ушбу Кодекснинг 345-моддасида белгиланган терговга тегишлилик қоидалари бўйича дастлабки тергов органига топширади.
Жиноят қаерда содир этилган бўлса, жиноят иши ўша туман (шаҳар) суриштирув органининг суриштирувчисига тегишли бўлади.

Суриштирув, агар иш ҳолатларини анча тез, пухта, тўла, холисона, ҳар томонлама текширишга ёрдам берса, иш қўзғатилган жойда ёки гумон қилинувчи ёхуд айбланувчи ёки гувоҳларнинг кўпчилиги турган ерда ҳам ўтказилиши мумкин.

Юқори турувчи прокурор ёки юқори турувчи суриштирув бўлинмаси бошлиғининг фармойишига асосан суриштирув ҳудудий жиҳатдан терговга тегишлилик қоидаларига риоя қилинмаган ҳолда олиб борилиши мумкин.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz