JPK | O‘zbekiston Respublikasi
4.78K subscribers
12 photos
1 video
12 links
Download Telegram
586-6-модда. Суриштирувчининг, терговчининг, прокурорнинг айбга иқрорлик тўғрисида келишув тузилганидан кейинги ҳаракатлари

Айбга иқрорлик тўғрисида келишув имзоланганидан кейин иш бўйича тергов ва бошқа процессуал ҳаракатлар ўтказиш зарурати мавжуд бўлмаган тақдирда прокурор айблов хулосасини ёки айблов далолатномасини тасдиқлаб, ишни зудлик билан судга юборади.

Айбга иқрорлик тўғрисида келишув имзоланганидан кейин тергов ва бошқа процессуал ҳаракатлар ўтказиш зарурати мавжуд бўлган тақдирда, прокурор ишни суриштирув ёки тергов органига юборади.

Суриштирувчи, терговчи гумон қилинувчининг, айбланувчининг айбини тасдиқлаш учун етарли ҳажмда далилларни тўплайди.

Агар ишни судга қадар юритиш жараёнида жиноятнинг айбга иқрорлик тўғрисидаги келишувда назарда тутилмаган бошқа ҳолатлари аниқланса, келишув ўз кучини йўқотади.

Бунда айбга иқрорлик тўғрисида келишув тузишни истисно этадиган ҳолатлар аниқланган тақдирда, жиноят иши бўйича иш юритиш умумий тартибда олиб борилади.

Агар аниқланган ҳолатлар айбга иқрорлик тўғрисида келишув тузишни истисно этмаса, келишув ушбу Кодекснинг 586-2 — 586-4-моддаларида назарда тутилган тартибда ва муддатларда қайта кўриб чиқилиши мумкин.

Гумон қилинувчининг ёки айбланувчининг айбини тасдиқлаш учун далиллар тўпланганидан кейин суриштирувчи, терговчи ишни прокурорга тақдим этади. Прокурор жиноят иши материалларини беш сутка ичида кўриб чиқиб, айблов хулосасини ёки айблов далолатномасини тасдиқлаб, ишни айбга иқрорлик тўғрисидаги келишув билан бирга судга юборади.

Агар иш бўйича гумон қилинувчи, айбланувчи сифатида иштирок этиш учун бир неча шахс жалб қилинган бўлса ва уларнинг барчаси билан ҳам айбга иқрорлик тўғрисида келишув тузилмаган бўлса, ўзи билан келишув тузилмаган гумон қилинувчиларга, айбланувчиларга тааллуқли материаллар ажратилади ва улар бўйича иш юритиш умумий қоидаларга риоя этган ҳолда амалга оширилади, бу ҳақда келишувда кўрсатилади.
586-7-модда. Айбга иқрорлик тўғрисидаги келишувни суд томонидан кўриб чиқиш тартиби

Айбга иқрорлик тўғрисидаги келишувга доир ишлар ушбу моддада назарда тутилган ўзига хос хусусиятлар инобатга олинган ҳолда умумий тартибда, жиноят иши келишув билан бирга судга келиб тушган пайтдан эътиборан бир ойдан кечиктирмай кўриб чиқилади.

Суд мажлисида судланувчи, жабрланувчи (фуқаровий даъвогар), агар ишда иштирок этаётган бўлса, қонуний вакил, ҳимоячи, прокурор иштирок этади.

Суд мажлиси ўтказиладиган жой ва сана ҳақида лозим даражада хабардор қилинган жабрланувчи (фуқаровий даъвогар) ёки унинг вакилининг келмаганлиги ишни кўриб чиқиш учун монелик қилмайди.

Айбга иқрорлик тўғрисидаги келишувга оид ишлар бўйича суд муҳокамасида прокурор келишувнинг мазмунини ўқиб эшиттиради, судланувчининг суриштирув ҳамда дастлабки терговга кўмаклашганлигини тасдиқлайди ва бу айнан нимада ифодаланганлигини тушунтиради.

Суд айбга иқрорлик тўғрисидаги келишувга оид ишларни кўриб чиқиш чоғида:
келишувни тузишда гумон қилинувчининг, айбланувчининг процессуал ҳуқуқлари таъминланган-таъминланмаганлигини ва ушбу Кодекснинг 5861-моддасида кўрсатилган талаблар бажарилган-бажарилмаганлигини;
келишувнинг гумон қилинувчи, айбланувчи томонидан ихтиёрий равишда тузилган-тузилмаганлигини;
гумон қилинувчи, айбланувчи келишувнинг моҳиятини, унинг шартларини тушунган-тушунмаганлигини, унинг оқибатларини англаб етган-етмаганлигини;
судланувчи келишувни қўллаб-қувватлаши ёки қўллаб-қувватланмаслигини;
гумон қилинувчи, айбланувчи етказилган зарарни бартараф этиш чораларини кўрган-кўрмаганлигини аниқлайди.

Суд судланувчи ва унинг ҳимоячисининг, прокурорнинг, шунингдек зарур ҳолларда, жабрланувчининг (фуқаровий даъвогарнинг) фикрини эшитади, шундан сўнг қарор қабул қилиш учун алоҳида хонага киради.

Суд мажлиси вақтида ушбу Кодекснинг 90 — 92-моддаларида назарда тутилган қоидаларга кўра баённома юритилади.
586-8-модда. Суднинг айбга иқрорлик тўғрисидаги келишув бўйича қарори

Суд айбга иқрорлик тўғрисида келишув тузиш ҳақидаги қарорни кўриб чиқиб, қуйидаги қарорлардан бирини чиқаради:
1) келишувни тасдиқлаш тўғрисида;
2) келишувни тасдиқлашни рад этиш ва ишни прокурорга юбориш ҳақида.
Келишув тасдиқланган ҳолларда, суд айблов ҳукми чиқаради.
586-9-модда. Суднинг айбга иқрорлик тўғрисидаги келишувни тасдиқлашни рад этиши ва жиноят ишини прокурорга юбориши

Суд айбга иқрорлик тўғрисида келишув тузиш ҳақидаги қарорни кўриб чиқиб, агар:
1) келишувни тасдиқлаш учун асослар мавжуд бўлмаса ёки келишувни тузишда процессуал қонунчилик талаблари бузилган бўлса;
2) суд келишувда назарда тутилган судланувчига қўйилган айбловда жиноятнинг малакаланишга тааллуқли шартларга рози бўлмаса;
3) судланувчининг айбдорлиги борасида судда асосли шубҳа туғилган бўлса;
4) тарафлар тузилган келишувдан воз кечса, келишувни тасдиқлашни рад этиш ҳақида ажрим чиқаради ва жиноят ишини умумий қоидалар бўйича тергов қилиш ёки келишувни қайта кўриб чиқиш учун прокурорга юборади.

Суднинг ажримига судланувчи, жабрланувчи (фуқаровий даъвогар), уларнинг қонуний вакиллари, ҳимоячи томонидан хусусий шикоят берилиши ҳамда прокурор томонидан хусусий протест келтирилиши мумкин.
586-10-модда. Айбга иқрорлик тўғрисидаги келишув бўйича суд ҳукмини чиқариш

Айбга иқрорлик тўғрисидаги келишув бўйича айблов ҳукми ушбу Кодекснинг 54-боби талабларига мувофиқ чиқарилади.

Айблов ҳукмининг тавсиф қисмида келишув тузиш учун асос бўлиб хизмат қилган ҳолатлар баён этилади, ушбу Кодекснинг 586-7-моддасида санаб ўтилган саволларга жавоблар шакллантирилади.
Айблов ҳукмининг қарор қисмида келишувни тасдиқлаш ҳақидаги қарор ва судланувчига ушбу ҳукм юзасидан шикоят қилиш ҳуқуқи тушунтирилганлиги ҳам баён этилади.
63-боб. ИШНИ СУДГА ҚАДАР ЮРИТИШ БОСҚИЧИДА АМНИСТИЯ АКТИНИ ҚЎЛЛАШ
587-модда. Терговга қадар ўтказилган текширув материалларини ёки жиноят ишини суриштирувчи, терговчи томонидан прокурорга юбориш тартиби

Амнистия актини қўллаш учун асослар мавжуд бўлган тақдирда, суриштирувчи, терговчи терговга қадар ўтказилган текширув материалларини ёки жиноят ишини қайси шахсга нисбатан амнистия актини қўллаш тўғрисидаги масала қўйилаётган бўлса, ўша шахснинг, гумон қилинувчининг, айбланувчининг аризаси ҳамда амнистия актига асосан жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш ҳақида ёхуд жиноят ишини тугатиш тўғрисида судга илтимоснома киритиш ҳақидаги тақдимнома билан прокурорга юборади.

Агар бир нечта шахсга нисбатан жиноят иши бўйича улардан лоақал биттаси амнистия актининг таъсир доирасига тушса, унга нисбатан жиноят ишининг қисми амнистия актини қўллаш тўғрисида судга илтимоснома киритиш учун ушбу Кодекснинг 332-моддасида назарда тутилган қоидаларга биноан алоҳида иш юритишга ажратилиши мумкин.
588-модда. Амнистия актини қўллаш тўғрисидаги ариза

Амнистия актини қўллаш тўғрисидаги ариза терговга қадар текширув қайси шахсга нисбатан ўтказилаётган бўлса, ўша шахс, гумон қилинувчи ёки айбланувчи томонидан, тегишинча терговга қадар ўтказилган текширувнинг, суриштирувнинг ва дастлабки терговнинг исталган босқичида берилиши мумкин.
589-модда. Жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш тўғрисидаги ёки жиноят ишини тугатиш ҳақидаги илтимосномани судга киритиш тўғрисидаги масаланинг прокурор томонидан кўриб чиқиш тартиби

Прокурор суриштирувчининг, терговчининг тақдимномаси асослилигини текшириб унга рози бўлган тақдирда, амнистия актига асосан жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш тўғрисидаги ёки жиноят ишини тугатиш ҳақидаги илтимосномани терговга қадар ўтказилган текширув материаллари ёхуд жиноят иши билан бирга судга юборади. Прокурор илтимосномани терговга қадар ўтказилган текширув материаллари ёки жиноят иши унга келиб тушган кундан эътиборан беш суткадан кечиктирмай судга юбориши лозим.

Жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш тўғрисидаги ёки жиноят ишини тугатиш тўғрисидаги илтимосномани судга юбориш учун асослар бўлмаган тақдирда, прокурор терговга қадар ўтказилган текширув материалларини ёки жиноят ишини суриштирувчига ёхуд терговчига қайтариш ҳақида асослантирилган қарор чиқаради. Прокурорнинг қарори устидан юқори турувчи прокурорга шикоят берилиши мумкин.
590-модда. Суд мажлиси

Прокурорнинг амнистия актига асосан жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш ҳақидаги ёки жиноят ишини тугатиш тўғрисидаги илтимосномаси жиноят содир қилинган ёхуд суриштирув, дастлабки тергов юритилаётган жойдаги жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судининг, ҳудудий ҳарбий суднинг судьяси томонидан, мазкур судларнинг судьяси бўлмаган ёхуд илтимосномани кўриб чиқишда унинг иштирокини истисно этувчи ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда эса Қорақалпоғистон Республикаси судининг, вилоят, Тошкент шаҳар судининг раиси, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг раиси белгилайдиган бошқа тегишли суднинг судьяси томонидан якка тартибда кўриб чиқилади.

Суд мажлиси илтимоснома жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш тўғрисидаги терговга қадар ўтказилган текширув материаллари ёки жиноят иши билан бирга судга келиб тушган пайтдан эътиборан ўн суткадан кечиктирмай ўтказилади.

Илтимосномани кўриб чиқиш суд томонидан прокурор албатта иштирок этган ҳолда амалга оширилади.

Суд мажлисида амнистия актини қўллаш ҳақидаги масала қайси шахсга нисбатан қўйилаётган бўлса, ўша шахс, гумон қилинувчи, айбланувчи, шунингдек агар ишда қатнашаётган бўлса, уларнинг ҳимоячилари ва қонуний вакиллари иштирок этади. Суд мажлиси ўтказиладиган вақт ва жой ҳақида лозим даражада хабардор қилинган мазкур шахсларнинг узрсиз сабабларга кўра келмаганлиги суд мажлисининг ўтказилишига монелик қилмайди.

Қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чораси қайси гумон қилинувчига, айбланувчига нисбатан танланган бўлса, ўша гумон қилинувчининг, айбланувчининг ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида бўлган гумон қилинувчининг, айбланувчининг суд мажлисида иштирок этиши зарурлиги масаласи суд томонидан ҳал қилинади.

Суд мажлиси прокурорнинг маърузаси билан бошланади, прокурор амнистия актига асосан жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш ёки жиноят ишини тугатиш зарурлигини асослаб беради. Сўнгра амнистия актини қўллаш ҳақидаги масала қайси шахсга нисбатан қўйилаётган бўлса, ўша шахснинг, гумон қилинувчининг, айбланувчининг, ҳимоячининг, қонуний вакилнинг сўзлари эшитилади, тақдим этилган материаллар текширилади.

Суд тарафларда жиноят ишини тугатиш ёхуд жиноят иши қўзғатишни ушбу Кодекснинг 83 ва 84-моддаларида белгиланган бошқа асослар бўйича рад қилиш учун асослар бор-йўқлигини аниқлайди. Шундан кейин судья ажрим чиқариш учун алоҳида хонага киради.

Суд мажлиси вақтида ушбу Кодекснинг 90 — 92-моддаларида назарда тутилган қоидаларга кўра баённома юритилади.

Суд муҳокамаси натижалари бўйича судья қонунда белгиланган тартибда ажрим чиқаради, ушбу ажримнинг гумон қилинувчини ёки айбланувчини қамоқдан ёки уй қамоғидан озод қилишга доир қисми дарҳол ижро этилиши лозим.

Суднинг ажрими ижро этиш учун прокурорга, маълумот учун эса амнистия актини қўллаш ҳақидаги масала қайси шахсга нисбатан қўйилган бўлса, ўша шахсга, гумон қилинувчига, айбланувчига, жабрланувчига (фуқаровий даъвогарга), ҳимоячига ва қонуний вакилга юборилади.

Агар суд мажлиси давомида амнистия актини қўллаш учун асослар мавжуд эмаслиги аниқланса, суд терговга қадар ўтказилган текширув материалларини ёки жиноят ишини умумий қоидалар бўйича тегишинча терговга қадар текширув ўтказиш ёки суриштирув ёхуд дастлабки тергов ишини юритиш учун прокурорга юбориш тўғрисида ажрим чиқаради.
591-модда. Суднинг ажрими

Суд ажримининг кириш қисмида:
1) суд ишининг рақами, ажрим чиқарилган вақт ва жой;
2) ажрим чиқарган суднинг номи, судьянинг, суд мажлиси котибининг, тарафларнинг, таржимоннинг исми, отасининг исми ва фамилияси;
3) амнистия актини қўллаш ҳақидаги масала қайси шахсга нисбатан қўйилаётган бўлса, ўша шахснинг, гумон қилинувчининг, айбланувчининг исми, отасининг исми ва фамилияси, туғилган йили, ойи, куни ва жойи, яшаш жойи, ишлаш жойи, машғулоти, маълумоти, оилавий аҳволи ва уларнинг шахси тўғрисидаги, иш учун аҳамиятли бошқа маълумотлар кўрсатилади.

Суд ажримининг тавсиф-асослаш қисмида илтимосномани қаноатлантириш ёки қаноатлантиришни рад этиш учун асос бўлган ҳолатлар баён этилади.
Ажримнинг қарор қисмида суд қуйидаги масалаларни ҳал этади:
амнистия актига асосан жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш ҳақидаги ёхуд жиноят ишини тугатиш тўғрисидаги;
прокурорнинг жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш тўғрисидаги ёки жиноят ишини тугатиш ҳақидаги илтимосномасини қаноатлантиришни рад этиш ҳамда терговга қадар ўтказилган текширув ёки суриштирув материалларини ёхуд жиноят ишини умумий қоидалар бўйича тегишинча терговга қадар текширув ўтказиш ёки суриштирув ёхуд дастлабки тергов ишини юритиш учун прокурорга юбориш тўғрисидаги;
прокурорнинг илтимосномасини қисман қаноатлантириш ва ушбу Кодекснинг 83 ва 84-моддаларида белгиланган бошқа асослар бўйича жиноят ишини қўзғатишни рад этиш ёки жиноят ишини тугатиш тўғрисидаги;
эҳтиёт чораси тўғрисидаги;
ашёвий далиллар тўғрисидаги;
фуқаровий даъвони таъминлаш чоралари тўғрисидаги.
Суднинг ажримига амнистия актини қўллаш ҳақидаги масала қайси шахсга нисбатан қўйилган бўлса, ўша шахс томонидан гумон қилинувчи, айбланувчи, жабрланувчи (фуқаровий даъвогар), уларнинг ҳимоячилари, қонуний вакиллари томонидан хусусий шикоят берилиши ва прокурор томонидан хусусий протест келтирилиши мумкин, бундай шикоят ва протестлар тегишинча апелляция тартибида кўриб чиқилиши лозим.
ЎН ТЎРТИНЧИ БЎЛИМ
ЖИНОИЙ СУД ИШЛАРИНИ ЮРИТИШ СОҲАСИДАГИ ХАЛҚАРО ҲАМКОРЛИК
64-БОБ. СУДЛАР, ПРОКУРОРЛАР, ТЕРГОВЧИЛАР ВА СУРИШТИРУВ ОРГАНЛАРИНИНГ ХОРИЖИЙ ДАВЛАТЛАР ВАКОЛАТЛИ ОРГАНЛАРИ БИЛАН ЎЗАРО ҲАМКОРЛИГИНИНГ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДАГИ АСОСИЙ ҚОИДАЛАР
592-модда. Процессуал ҳаракатларни хорижий давлат ҳудудида бажариш тўғрисида сўров юбориш

Ушбу Кодексда назарда тутилган процессуал ҳаракатларни хорижий давлат ҳудудида бажариш зарур бўлганда суд, прокурор, терговчи, суриштирувчи мазкур ҳаракатлар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ ёки ўзаролик принципи асосида хорижий давлатнинг ваколатли органи томонидан бажарилиши тўғрисида сўров киритади.

Ўзаролик принципи сўров киритилаётганда Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати ёки Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг айрим процессуал ҳаракатларни бажаришда хорижий давлатнинг ваколатли органига ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги ёзма мажбурияти билан тасдиқланади.

Процессуал ҳаракатларни бажариш тўғрисидаги сўров:
умумий юрисдикция судлари томонидан амалга ошириладиган жиноят ишларини юритиш билан боғлиқ масалалар бўйича — Ўзбекистон Республикаси Олий суди орқали;

суднинг қарори ёки прокурорнинг розилиги (санкцияси) талаб қилинмайдиган процессуал ҳаракатлар бўйича — Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати орқали;

қолган ҳолларда — Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси орқали юборилади.
Зарур ҳолларда, ушбу модданинг учинчи қисмида кўрсатилган органлар Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги орқали хорижий давлатларнинг ваколатли органлари билан алоқа боғлайди.
593-модда. Процессуал ҳаракатларни хорижий давлат ҳудудида бажариш тўғрисидаги сўровнинг мазмуни ва шакли

Процессуал ҳаракатларни бажариш тўғрисидаги сўровда қуйидагилар бўлиши керак:
1) сўров юбораётган органнинг номи;
2) сўров юборилаётган органнинг номи ва жойлашган ери;
3) жиноят ишининг номланиши ва сўровнинг хусусияти;
4) ўзига нисбатан сўров юборилаётган шахс тўғрисидаги маълумотлар, шу жумладан унинг туғилган санаси ва жойи, фуқаролиги, машғулоти тури, яшаш жойи ёки турган жойи ҳақидаги маълумотлар, унинг процессуал мақоми, юридик шахс учун эса унинг номи, юридик манзили ва жойлашган ери;
5) аниқланиши лозим бўлган ҳолатлар баёни, шунингдек сўралаётган ҳужжатлар, ашёвий ва бошқа далиллар рўйхати;
6) содир этилган жиноятнинг ҳақиқий ҳолатлари тўғрисидаги маълумотлар, унинг тавсифи, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг қилмиш жиноят деб эътироф этилишига асос бўладиган тегишли моддаси матни;
7) агар жиноят натижасида зарар етказилган бўлса, унинг миқдори тўғрисидаги маълумотлар.
Процессуал ҳаракатларни бажариш тўғрисидаги сўровда уни ижро этиш учун зарур бўлган бошқа маълумотлар ҳам бўлиши мумкин.
Процессуал ҳаракатларни бажариш тўғрисидаги сўров уни юбораётган мансабдор шахс томонидан имзоланади.
Процессуал ҳаракатларни бажариш тўғрисидаги сўров ва унга илова қилинаётган ҳужжатлар сўровни юбораётган органнинг гербли муҳри билан тасдиқланади ҳамда улар юборилаётган хорижий давлатнинг расмий тилига ёки Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида назарда тутилган бошқа тилга таржима қилинади.
594-модда. Хорижий давлат ҳудудида олинган далилларнинг юридик кучи

Хорижий давлат ҳудудида жиноят иши бўйича процессуал ҳаракатларни бажариш тўғрисидаги сўровни ижро этиш давомида унинг ваколатли органлари томонидан олинган ёки Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ ёки ўзаролик принципи асосида шахсни жиноий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги сўровга илова қилиниб, Ўзбекистон Республикасига юборилган, белгиланган тартибда тасдиқланган ва топширилган далиллар ушбу Кодекс талабларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси ҳудудида олинган далиллар сингари юридик кучга эга бўлади.
595-модда. Процессуал ҳаракатларни бажариш тўғрисидаги сўровни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ижро этиш

Суд, прокурор, терговчи, суриштирувчи хорижий давлатнинг тегишли ваколатли органидан келиб тушган, ўзларига белгиланган тартибда топширилган процессуал ҳаракатларни бажариш тўғрисидаги сўровни Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ ёки ўзаролик принципи асосида ижро этади.

Агар процессуал ҳаракатларни бажариш тўғрисидаги сўров келиб тушган орган уни ижро этишга ваколатли бўлмаса, у сўровни ваколатли органга юборади ва бу ҳақда сўров ташаббускорини ёзма равишда хабардор қилади.
Бевосита судга, прокурорга, тергов органига, суриштирув органига процессуал ҳаракатларни бажариш тўғрисида келиб тушган сўров ушбу Кодекс 592-моддасининг учинчи қисмида кўрсатилган тегишли органлар билан келишилган ҳолдагина ижро этилиши мумкин.

Процессуал ҳаракатларни бажариш тўғрисидаги сўровни ижро этишда ушбу Кодекс нормалари қўлланилади. Хорижий давлат ваколатли органининг илтимоси бўйича, агар бу Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига зид бўлмаса, хорижий давлатнинг процессуал қонунчилиги нормалари қўлланилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида назарда тутилган ҳолларда ёки ўзаролик принципи асосида, процессуал ҳаракатларни бажариш тўғрисидаги сўровни ижро этишда хорижий давлат ваколатли органининг вакиллари ушбу Кодекс 592-моддасининг учинчи қисмида кўрсатилган тегишли органлар рухсати билан ҳозир бўлиши мумкин.
Агар процессуал ҳаракатларни бажариш тўғрисидаги сўровни ижро этиш мумкин бўлмаса, у ҳолда олинган ҳужжатлар сўровни ижро этишга тўсқинлик қилган сабаблар кўрсатилиб, сўровни олган орган орқали, зарур бўлганда эса дипломатик йўллар орқали хорижий давлатнинг сўровни юборган ваколатли органига қайтариб юборилади.

Агар сўров Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига зид бўлса ёки унинг ижроси Ўзбекистон Республикаси суверенитетига ёхуд хавфсизлигига зарар етказиши мумкин бўлса, у ижро этилмасдан қайтариб юборилади.
596-модда. Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида бўлган гувоҳни, жабрланувчини, экспертни, фуқаровий даъвогарни, фуқаровий жавобгарни, уларнинг вакилларини чақириш

Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида бўлган гувоҳ, жабрланувчи, эксперт, фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар, уларнинг вакиллари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида процессуал ҳаракатларни бажариш учун жиноят ишини юритаётган мансабдор шахс томонидан чақирилиши мумкин.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган шахсларни чақириш тўғрисидаги сўров ушбу Кодекснинг 592-моддасида белгиланган тартибда юборилади. Шахсларни чақиришда процессуал мажбурлов чораларини қўллаш таҳдиди бўлмаслиги керак.

Чақирув бўйича келган, ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган шахслар Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасини кесиб ўтгунига қадар содир этилган қилмишлар учун ёки чиқарилган ҳукмлар асосида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жиноий жавобгарликка тортилиши, қамоққа олиниши ёхуд шахсий эркинликнинг бошқача чекланишларига дучор этилиши мумкин эмас. Агар чақирув бўйича келган шахс унинг ҳозир бўлиши чақиртирган мансабдор шахсга бошқа керак бўлмай қолган пайтдан эътиборан ўн беш суткалик узлуксиз муддат ўтгунига қадар Ўзбекистон Республикаси ҳудудини тарк этиш имкониятига эга бўла туриб, шу ҳудудда қолишда давом этса ёки жўнаб кетганидан кейин Ўзбекистон Республикасига қайтиб келса, мазкур иммунитетнинг амал қилиши тугайди.

Хорижий давлат ҳудудида қамоқда сақланаётган шахс, башарти бу шахс ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган шахсларни чақириш тўғрисидаги сўровда назарда тутилган процессуал ҳаракатлар бажарилиши учун хорижий давлатнинг ваколатли органи томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига вақтинча ўтказилган бўлса, ушбу моддада белгиланган тартибда чақирилади. Бундай шахс Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўладиган бутун даврида қамоқда сақланаверади. Уни қамоқда сақлашга хорижий давлат ваколатли органининг тегишли қарори асос бўлади. Мазкур шахс сўровга берилган жавобда кўрсатилган муддатларда тегишли хорижий давлат ҳудудига қайтарилиши керак.

Шахсни ўтказиш ёки ўтказишни рад этиш тартиби ва шартлари Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида ёки ўзаролик принципи асосида белгиланади.
597-модда. Жиноят иши материалларини хорижий давлатнинг ваколатли органига юбориш

Чет эл фуқароси Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жиноят содир этган, кейинчалик унинг ҳудудидан чиқиб кетган ҳамда процессуал ҳаракатларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида унинг иштирокида бажаришнинг имкони бўлмаган тақдирда, тергов қилинаётган жиноят ишининг барча материаллари Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига топширилади. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси мазкур материалларни хорижий давлатнинг ваколатли органига тергов қилиш учун юбориш тўғрисидаги масалани ҳал қилади.

Жиноят иши материалларига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги ариза, шунингдек далиллар илова қилинади. Ишдаги ҳар бир ҳужжат мазкур жиноят ишини юритаётган органнинг гербли муҳри билан тасдиқланган ва юборилаётган хорижий давлатнинг расмий тилига ёки Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида назарда тутилган бошқа тилга таржима қилинган бўлиши керак.
598-модда. Жиноий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги сўровни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ижро этиш

Хорижий давлат ваколатли органининг хорижий давлат ҳудудида жиноят содир этган ва Ўзбекистон Республикасига қайтиб келган Ўзбекистон Республикасининг фуқаросини жиноий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги сўрови Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан кўриб чиқилади. Бундай ҳолларда жиноят ишини юритиш ушбу Кодексда белгиланган тартибда олиб борилади. Жиноят иши бўйича узил-кесил қарор қабул қилган орган қарорнинг кўчирма нусхасини Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига юборади.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси қабул қилинган қарор ҳақида хорижий давлатнинг сўровни юборган ваколатли органини ёзма равишда хабардор қилади. Мазкур органнинг илтимосига кўра жиноят иши бўйича узил-кесил қарорнинг кўчирма нусхаси ҳам юборилиши мумкин.
65-боб. ШАХСНИ ЖИНОИЙ ЖАВОБГАРЛИККА ТОРТИШ ЁКИ ҲУКМНИ ИЖРО ЭТИШ УЧУН УШЛАБ БЕРИШ
599-модда. Хорижий давлат ҳудудида бўлган шахсни ушлаб бериш тўғрисида сўров юбориш

Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигида ва халқаро шартномаларида назарда тутилган ҳолларда ҳамда тартибда ёки ўзаролик принципи асосида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси хорижий давлатнинг ваколатли органига хорижий давлат ҳудудида бўлган шахсни жиноий жавобгарликка тортиш ёки ҳукмни ижро этиш учун ушлаб бериш тўғрисида сўров юбориши мумкин.

Хорижий давлат ҳудудида бўлган шахсни ушлаб бериш тўғрисида ўзаролик принципи асосида сўров юбориш, агар сўров юборилишига сабаб бўлган қилмиш ҳар иккала давлат қонунчилигига мувофиқ жиноий жазоланадиган қилмиш бўлса ва шахс жиноий жавобгарликка тортиш учун ушлаб берилган тақдирда — уни содир этганлик учун бир йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо ёки оғирроқ жазо назарда тутилганда ёхуд шахс ҳукмни ижро этиш учун ушлаб берилган тақдирда — у олти ойдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазога ёки оғирроқ жазога ҳукм қилинганида амалга оширилади.

Хорижий давлат ҳудудида бўлган шахсни ушлаб бериш тўғрисидаги сўровни юбориш зарурияти юзага келганда ҳамда бунинг учун ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида кўрсатилган асослар ва шартлар мавжуд бўлганда, барча зарур материаллар мазкур сўровни юбориш ҳақидаги масалани ҳал этиш учун Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига тақдим этилади.

Хорижий давлат ҳудудида бўлган шахсни ушлаб бериш тўғрисидаги сўровда қуйидагилар бўлиши керак:
1) сўров юбораётган органнинг номи;
2) ўзига нисбатан сўров юборилаётган шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми, унинг туғилган санаси ва жойи, фуқаролиги, яшаш жойи ёки турган жойи ҳақидаги маълумотлар ва унинг шахси ҳақидаги бошқа маълумотлар, шунингдек имкони борича ташқи қиёфаси тавсифи, фотосурати ва шахсни идентификация қилиш имконини берадиган бошқа материаллар;
3) ўзига нисбатан сўров юборилаётган шахс томонидан содир этилган жиноятнинг ҳақиқий ҳолатлари баёни ва тавсифи, шу жумладан у томонидан етказилган зарарнинг миқдори ҳақидаги маълумотлар, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг қилмиш жиноят деб эътироф этилишига асос бўладиган тегишли моддаси матни;
4) шахсни жиноят ишида айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиш тўғрисидаги қарор ёхуд ҳукм чиқарилган жой ва сана тўғрисидаги, шунингдек ҳукм қонуний кучга кирганлиги ҳақидаги маълумотлар.
Хорижий давлат ҳудудида бўлган шахсни жиноий жавобгарликка тортиш учун ушлаб бериш тўғрисидаги сўровга шахсни жиноят ишида айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиш тўғрисидаги қарорнинг ва қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги суд ажримининг тасдиқланган кўчирма нусхалари илова қилиниши керак. Хорижий давлат ҳудудида бўлган шахсни ҳукмни ижро этиш учун ушлаб бериш тўғрисидаги сўровга қонуний кучга кирган ҳукмнинг тасдиқланган кўчирма нусхаси ва жазонинг ўталмаган муддати тўғрисидаги маълумотнома илова қилиниши керак.