JPK | O‘zbekiston Respublikasi
4.76K subscribers
12 photos
1 video
12 links
Download Telegram
497-25-модда. Апелляция инстанцияси судида жиноят ишини кўриш чегараси

Суд жиноят ишини апелляция тартибида кўришда апелляция шикояти, протести важлари билан чегараланмайди ва ишни барча маҳкумларга, шу жумладан апелляция шикояти бермаган шахсларга ёки ўзига нисбатан шикоят, протест берилмаган маҳкумларга нисбатан ҳам тўла ҳажмда текширади.
Апелляция инстанцияси суди қарор қабул қилиш чоғида биринчи инстанция суди томонидан текширилган далилларни ҳам, апелляция инстанцияси судига тарафлар томонидан тақдим этилган ёки у томонидан талаб қилиб олинган ва текшириб чиқилган янги далилларни ҳам эътиборга олади.
Агар биринчи инстанция суди томонидан суд терговининг тўлиқ эмаслигига ёки бир ёқламалилигига ёхуд процессуал бузилишларга йўл қўйилган бўлса, апелляция инстанцияси суди тўлиқ ёки қисман суд терговини ўтказиш йўли билан бўшлиқларнинг ўрнини тўлдириш, процессуал бузилишларни бартараф этиш чораларини кўради. Шу мақсадда апелляция инстанция суди:
1) ишни ҳал қилиш учун аҳамиятга эга бўлган ҳужжатларни тарафларнинг илтимосига кўра талаб қилиб олишга;
2) зарур суд экспертизасини тайинлашга;
3) суд мажлисига қўшимча гувоҳларни, экспертларни, мутахассисларни чақиришга ва сўроқ қилишга, тарафлар томонидан тақдим этилган ёки уларнинг илтимосига кўра суд томонидан талаб қилиб олинган ёзма, ашёвий далилларни ва бошқа далилларни текширишга;
4) биринчи инстанция суди томонидан текширилган далилларни мақбул эмас деб топишга ва уларни далиллар мажмуидан чиқариб ташлашга;
5) биринчи инстанция суди томонидан мақбул эмас деб топилганлиги учун далиллар мажмуидан чиқариб ташланган далилларни мақбул далиллар деб топишга ва уларни текширишга;
6) фуқаровий даъвога тааллуқли бўлган ҳолатларни текширишга ва фуқаровий даъво бўйича қарор қабул қилишга;
7) иш материаллари тўла, ҳар томонлама ва холисона текшириб чиқилишини таъминлаш учун зарур бўлган бошқа ҳаракатларни бажаришга ҳақли.
Апелляция инстанцияси суди асослар мавжуд бўлганда маҳкумни ўта хавфли рецидивист деб топишга, унга жазони ижро этиш колониясининг қаттиқроқ тартибли турини белгилашга, жиноят туфайли етказилган зарарнинг миқдорини кўпайтиришга ҳақли.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
497-11-модда. Биринчи инстанция судининг ажрими устидан шикоят ва протест бериш

Иш бўйича биринчи инстанция судининг ажрими устидан у чиқарилган кундан эътиборан йигирма кунлик муддатда ушбу Кодекснинг 497-2-моддасида назарда тутилган шахслар томонидан хусусий шикоят ёки хусусий протест берилиши мумкин.

Ҳукм чиқариш билан якунланган суд муҳокамаси чоғида чиқарилган ажрим устидан шикоят берилган ёхуд протест билдирилган тақдирда, ҳукм устидан шикоят ва протест бериш учун белгиланган муддат тугагандан кейингина иш апелляция инстанцияси судига юборилади.

Суд муҳокамаси чоғида чиқарилган ва далилларни текшириш тартибига, жиноят процесси иштирокчиларининг илтимосномаларига, эҳтиёт чорасини танлашга, уни ўзгартиришга ёки бекор қилишга, шунингдек суд мажлиси залида тартиб сақлашга тааллуқли ажримлар устидан ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган тартибда шикоят бериш ва протест билдириш мумкин эмас. Уларга қарши эътирозлар апелляция шикоятига ёки апелляция протестига киритилиши мумкин.

Ушбу иш бўйича тараф ҳисобланмаган шахслар ҳам суд ажрими устидан, агар ажрим уларнинг манфаатларига дахлдор бўлса, шикоят беришга ҳақлидир.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
497-20-модда. Суд терговининг тўлиқ эмаслиги ва бир ёқламалиги

Суд тергови қуйидаги ҳолларда тўлиқ эмас ва бир ёқлама деб топилади, башарти иш бўйича:
1) ушбу Кодекснинг 82 — 84-моддаларида кўрсатилган ҳолатлар етарлича тўлиқ аниқланмаган бўлса;
2) кўрсатувлари ишни ҳал қилиш учун жиддий аҳамиятга эга бўлган шахслар сўроқ қилинмаган бўлса;
3) ўтказилиши шарт бўлган экспертиза ўтказилмаган бўлса;
4) иш учун жиддий аҳамиятга эга бўлган ҳужжатлар ёки ашёвий далиллар талаб қилиб олинмаган бўлса;
5) натижалари иш учун аҳамиятга эга бўлиши мумкин бўлган бошқа тергов ҳаракатлари ўтказилмаган бўлса;
6) ишни янгитдан апелляция тартибида кўриш учун юборган кассация инстанцияси судининг ажримида кўрсатилган ҳолатлар текширилмаган бўлса.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
497-9-модда. Апелляция шикоятига, протестига ўзгартиш ва қўшимча киритиш

Апелляция шикояти (протести) берган шахс апелляция инстанцияси судининг мажлиси бошлангунига қадар уни ўзгартиришга ёки янги важлар билан тўлдиришга ҳақли.

Ҳукм устидан шикоят (протест) бериш муддати ўтганидан кейин берилган апелляция протестига, жабрланувчининг ёки унинг вакилининг апелляция шикоятига ўзгартириш ёки қўшимча киритишда маҳкумнинг аҳволини оғирлаштириш тўғрисида масала, агар бундай талаб дастлабки шикоятда, протестда мавжуд бўлмаса, қўйилиши мумкин эмас.

Ҳукм устидан шикоят қилиш муддати ўтганидан кейин ишга киришган ҳимоячи апелляция шикоятини ўзгартириши ёки уни янги важлар билан тўлдириши, илгари ишда иштирок этган ҳимоячи томонидан берилган шикоят важларига қўшимча асослар тақдим этиши мумкин.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
497-15-модда. Апелляция инстанцияси суди мажлисини тайинлаш ва тайёрлаш

Судья апелляция шикояти, протести билан келиб тушган жиноят ишини ўрганиб, суд мажлисини тайинлаш тўғрисида етти сутка ичида ажрим чиқаради ва унда қуйидаги масалалар ҳал этилади:

1) жиноят ишини кўриб чиқиш жойи, санаси ва бошланиш вақти тўғрисидаги;
2) тарафларни, шунингдек гувоҳларни, экспертларни ва бошқа шахсларни суд мажлисига чақириш, шикоятда, протестда кўрсатилган қўшимча далилларни, агар мазкур илтимосномани асосли деб топса, талаб қилиб олиш тўғрисидаги;
3) ушбу Кодекснинг 19-моддасида назарда тутилган ҳолларда жиноят ишини ёпиқ суд мажлисида кўриш тўғрисидаги;
4) қамоқда ёки уй қамоғида сақланаётган маҳкумнинг суд мажлисида иштирок этиши тўғрисидаги.

Ажрим чиқарилган кундан эътиборан уч сутка ичида процесс иштирокчиларига суд мажлиси тайинланганлиги ҳақида хабарнома юборилади.

Агар жиноят ишини ўрганиш чоғида биринчи инстанция суди томонидан ушбу Кодекс 497-6-моддаси иккинчи қисмининг талаблари бажарилмаганлиги аниқланса, судья апелляция инстанцияси судида ишни кўриб чиқишга монелик қилувчи ҳолатларни бартараф этиш учун жиноят ишини шу судга қайтаради.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
497-13-модда. Апелляция инстанцияси суди муҳокамасининг предмети

Апелляция инстанцияси суди апелляция шикояти (протести) бўйича ҳақиқий ҳолатлар аниқланишининг тўлиқлигини ва жиноят қонуни нормалари тўғри қўлланилганлигини, иш юритишни амалга ошириш чоғида жиноят-процессуал қонун нормаларига риоя этилган-этилмаганлигини, биринчи инстанция суди ҳукмининг, ажримининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини ишда мавжуд бўлган ва апелляция инстанцияси суди томонидан қўшимча равишда текширилган далиллар бўйича текширади.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
497-19-модда. Ҳукмни бекор қилиш ёки ўзгартириш асослари

Ҳукмни бекор қилиш ёки ўзгартириш учун қуйидагилар асос бўлади:
1) суд терговининг тўлиқ эмаслиги ёки бир ёқлама олиб борилганлиги;
2) суднинг ҳукмида баён қилинган суд хулосалари ишнинг ҳақиқий ҳолатларига мувофиқ келмаслиги;
3) ушбу Кодекс нормаларининг жиддий равишда бузилганлиги;
4) Жиноят кодекси нормаларининг нотўғри қўлланилганлиги;
5) жазонинг адолатсизлиги.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
497-21-модда. Ҳукмда баён қилинган суд хулосаларининг ишнинг ҳақиқий ҳолатларига мувофиқ келмаслиги

Қуйидаги ҳолларда суд ҳукми жиноят ишининг ҳақиқий ҳолатларига мувофиқ эмас деб эътироф этилади, агар:
1) суд хулосалари суд мажлисида кўрилган далиллар билан тасдиқланмаган бўлса;
2) суд ўз хулосасига жиддий таъсир қилиши мумкин бўлган ҳолатларни ҳисобга олмаган бўлса;
3) иш учун муҳим аҳамиятга эга бўлган ҳолатларга нисбатан бир-бирига зид далиллар мавжуд бўлгани ҳолда, суд қайси сабабларга кўра далиллардан баъзиларини ишонарли деб топиб, бошқаларини рад этганлиги ҳукмда кўрсатилмаган бўлса;
4) суднинг ҳукмида баён этилган хулосаларда жиддий зиддиятлар мавжуд бўлиб, улар судланувчининг айблилиги тўғрисидаги масалани ҳал қилишга, Жиноят кодекси нормаларини тўғри қўллашга ёки жазо чорасини белгилашга таъсир кўрсатган бўлса ёки таъсир кўрсатиши мумкин бўлса.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
497-6-модда. Апелляция шикояти, протести берилганлиги тўғрисида хабар бериш

Ҳукм чиқарган суд апелляция шикояти, протести берилганлиги тўғрисида маҳкумни, оқланган шахсни, уларнинг ҳимоячиларини, қонуний вакилини, жабрланувчини, унинг вакилини, шунингдек фуқаровий даъвогарни, фуқаровий жавобгарни, уларнинг вакилларини агар шикоят, протест уларнинг манфаатларига дахлдор бўлса, хабардор қилади.
Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган шахсларга шикоятнинг, протестнинг кўчирма нусхалари ёхуд ҳукм чиқарган суднинг интернет-ресурси орқали уларнинг электрон нусхалари билан танишиш мумкинлиги тўғрисида хабарнома юборилади. Бунда тарафларга шикоят, протест юзасидан ўз эътирозларини ёзма шаклда ёхуд электрон ҳужжат тарзида бериш ҳуқуқи уларни тақдим этиш муддати кўрсатилган ҳолда тушунтирилади. Шикоят, протест устидан келиб тушган эътирозлар ишга қўшиб қўйилади.
Тарафлар апелляция шикоятига, протестига доир эътироз билан бирга алоҳида ҳолда янги материалларни тақдим этишга ёхуд уларни талаб қилиб олиш ва текшириш, шунингдек ўзлари кўрсатган жабрланувчиларни, гувоҳларни, экспертларни, мутахассисларни судга чақириш ва сўроқ қилиш ҳақида илтимоснома беришга ҳақли.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
497-23-модда. Жиноят кодекси нормаларининг нотўғри қўлланилиши

Қуйидагилар Жиноят кодекси нормаларининг нотўғри қўлланилиши деб эътироф этилади:
1) Жиноят кодекси Умумий қисми моддалари талабларининг бузилганлиги;
2) жиноятнинг Жиноят кодексининг қўлланилиши керак бўлган моддаси (модданинг қисми, банди) ўрнига бошқа моддаси (модданинг қисми, банди) билан тавсифланганлиги;
3) маҳкумга Жиноят кодексининг мазкур моддасида назарда тутилмаган жазо тури ва меъёри тайинланганлиги.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
497-18-модда. Тарафларнинг музокаралари ва судланувчининг охирги сўзи
Суд музокаралари ушбу Кодекснинг 449-моддаси қоидалари асосида ўтказилади, бунда шикоят, протест берган шахс биринчи бўлиб сўзга чиқади.

Тарафларнинг музокаралари тамом бўлганидан кейин раислик қилувчи судланувчига, агар у суд мажлисида иштирок этаётган бўлса, охирги сўз беради, шундан кейин суд қарор чиқариш учун маслаҳатхонага киради.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
497-16-модда. Тарафларнинг апелляция инстанцияси суди мажлисида иштирок этиши

Апелляция инстанцияси суди мажлисида қуйидагилар иштирок этиши шарт:
1) тегишинча Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят, Тошкент шаҳар прокурори, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокурори томонидан ваколат берилган прокурор;
2) маҳкум, оқланган шахс ёки ўзига нисбатан жиноят иши тугатилган шахс — мазкур шахс суд мажлисида иштирок этиш тўғрисида илтимоснома берган ёки суд мазкур шахснинг суд мажлисида иштирок этишини зарур деб топган ҳолларда;
3) ҳимоячи — ушбу Кодекснинг 51 ва 52-моддаларида кўрсатилган ҳолларда.
Қамоқда ёки уй қамоғида сақланаётган ва апелляция шикоятини (протестини) кўриб чиқишда ҳозир бўлиш истагини билдирган маҳкумга суд мажлисида бевосита ёки видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланиш орқали иштирок этиш ҳуқуқи таъминланади.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
497-24-модда. Жазонинг адолатсизлиги

Жазо жиноятнинг оғирлигига, маҳкумнинг шахсига номувофиқ бўлса ёки Жиноят кодекси Махсус қисмининг тегишли моддасида назарда тутилган доирадан четга чиқмасдан тайинланган бўлса-да, бироқ тури ёки миқдори бўйича ўта енгил ёки ўта оғир бўлса адолатсиз ҳисобланади.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
497-36-модда. Апелляция инстанцияси судининг ҳукми, ажрими устидан шикоят бериш

Апелляция инстанцияси судининг ҳукми, ажрими устидан кассация тартибида шикоят, протест берилиши мумкин.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
497-30-модда. Ҳукмни ўзгартириш

Апелляция инстанцияси суди биринчи инстанция судининг айблов ҳукмини ўзгартириш чоғида қуйидагиларга ҳақли:

1) жазони енгиллаштиришга ёки маҳкумга нисбатан енгилроқ жиноятга оид қонунни қўллашга;
2) маҳкумни ўта хавфли рецидивист деб топишга;
3) жазони ижро этиш муассасаси турини енгилроғига ёки оғирроғига ўзгартиришга;
4) жиноят натижасида етказилган ва қопланиши белгиланган моддий зарар миқдорини, шунингдек маънавий зиённинг компенсацияси миқдорини камайтиришга ёки кўпайтиришга;
5) ашёвий далиллар, процессуал чиқимлар тўғрисидаги масалаларни ва бошқа масалаларни ҳал этишга.

Оқлов ҳукмининг оқлов асосларига доир қисми оқланган шахснинг, унинг ҳимоячисининг, қонуний вакилининг шикоятига кўра ўзгартирилиши мумкин.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
497-8-модда. Апелляция шикояти ва протестининг мазмуни

Апелляция шикояти ва протестида қуйидагилар кўрсатилиши керак:
1) шикоят, протест йўлланаётган суднинг номи;
2) шикоят берган шахс, унинг процессуал мавқеи, яшаш жойи ёки туриш манзили тўғрисидаги маълумотлар;
3) ҳукмни чиқарган суднинг номи, суд ишининг рақами, ҳукм чиқарилган сана, шикоят берилаётган ва протест билдирилаётган ҳукм кимга нисбатан чиқарилган бўлса, шу шахс тўғрисидаги маълумотлар;
4) шикоят, протест берган шахснинг важлари, унинг фикрига кўра ҳукм ёки бошқа қарорнинг нотўғрилиги нимадан иборат эканлиги ҳамда илтимосининг моҳияти;
5) шикоят, протест берган шахс ўз талабларини асослаётган, шу жумладан биринчи инстанция суди томонидан текширилмаган далиллар;
6) янгидан тақдим этилаётган далиллар ва уларнинг биринчи инстанция судига тақдим этилмаганлиги сабаблари;
7) шикоятга, протестга илова қилинаётган материаллар рўйхати;
8) шикоят, протест берилган сана ҳамда шикоят, протест бераётган шахснинг имзоси.
Агар апелляция шикоятининг, протестининг мазмуни мазкур модданинг биринчи қисмида кўрсатилган талабларга жавоб бермаса ва бу келгусида ишни мазмунан кўриб чиқишга тўсқинлик қилса, судья апелляция шикоятини, протестини уни берган шахсга қайтариш тўғрисида апелляция шикоятини ёки протестини қайта тузиш учун муддатни белгилаган ҳолда уч кунлик муддатда ажрим чиқаради.

Судьянинг апелляция шикоятини, протестини қайтариш тўғрисидаги ажрими талаблари бажарилмаган ва апелляция шикояти, протести белгиланган вақтда келиб тушмаган ҳолларда, у берилмаган деб ҳисобланади. Бундай ҳолда ҳукм қонуний кучга кирган деб ҳисобланади.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
497-17-модда. Апелляция инстанцияси судида жиноят ишини кўриш тартиби

Апелляция инстанцияси судида жиноят иши биринчи инстанция судида иш юритиш қоидалари бўйича, ушбу бобда назарда тутилган қоидалар инобатга олинган ҳолда кўрилади.
Раислик қилувчи суд мажлисини очади ҳамда қандай жиноят иши ва кимнинг апелляция шикояти, протести бўйича кўрилишини эълон қилади.

Раислик қилувчи суд таркибини эълон қилади, прокурорнинг, ҳимоячининг, суд мажлиси котибининг ва, агар суд мажлисида иштирок этаётган бўлса, таржимоннинг фамилияси, исмини ва отасининг исмини маълум қилади.

Апелляция инстанцияси суди мажлисининг жойи, санаси ва вақти тўғрисида ўз вақтида хабардор қилинган шахсларнинг келмаганлиги жиноят ишини кўришга монелик қилмайди, бундан суд мажлисида иштирок этиши шарт бўлган шахслар мустасно.

Раислик қилувчи ҳозир бўлган жиноят процесси иштирокчиларига уларнинг ҳуқуқларини тушунтиради ва уларда рад қилишга оид арзлар ва илтимосномалар бор-йўқлигини, апелляция шикоятида, протестида баён этилган илтимосларни қувватлашини ёки қувватламаслигини аниқлайди. Бундай илтимослар мавжуд бўлганда суд улар бўйича ажрим чиқаради.

Суд муҳокамаси судьялардан бирининг маърузаси билан бошланади. У биринчи инстанция суди ҳукмининг ёки ажримининг мазмунини, апелляция шикоятининг, протестининг мазмунини ва унга қарши эътирозларнинг моҳиятини қисқача баён этади.

Раислик қилувчи апелляция шикояти берган шахсга, апелляция шикояти ва протести кимга нисбатан берилган бўлса ўша шахсга, уларнинг ҳимоячилари ва вакилларига, сўнгра эса прокурорга сўз беради. Иш бўйича бир нечта шикоят мавжуд бўлган тақдирда, сўзга чиқиш навбати суд томонидан тарафларнинг фикри инобатга олинган ҳолда белгиланади. Агар берилган апелляция шикоятлари орасида прокурорнинг апелляция протести бўлса, сўз биринчи навбатда унга берилади.

Суд тарафларнинг сўзларини эшитиб, ҳукмнинг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини лозим даражада текшириб кўришни таъминлаш заруратидан келиб чиқиб, бевосита суд мажлисида текшириладиган далиллар ҳажмини аниқлаш тўғрисида; суд мажлисига судланувчини, жабрланувчиларни, гувоҳларни, экспертлар ва зарурат бўлса, бошқа шахсларни чақириш ҳақида; судланувчига нисбатан эҳтиёт чорасини сақлаб қолиш, танлаш, бекор қилиш ёки ўзгартириш тўғрисида қарор қабул қилади.

Шундан кейин суд суд мажлисига чақирилган судланувчини, гувоҳларни, жабрланувчиларни сўроқ қилиш йўли билан далилларни текширишга, шунингдек тарафларнинг илтимоси бўйича ҳамда ўзининг ташаббуси билан ҳужжатларни, баённомаларни ва ишга оид бошқа материалларни ўқиб эшиттиришга киришади. Далилларни текшириш тартиби тарафларнинг фикрлари инобатга олинган ҳолда суд томонидан белгиланади. Тарафлар апелляция инстанцияси судига апелляция шикоятида, протестида келтирилган важларни тасдиқлаб ёки инкор этиб, қўшимча материаллар тақдим этишга ҳақли.

Биринчи инстанция судида сўроқ қилинган гувоҳлар, агар суд буни зарур деб топса, апелляция инстанцияси судида сўроқ қилинадилар.

Тарафларнинг далилларни, шу жумладан биринчи инстанция суди томонидан текширилмаган далилларни текшириш тўғрисидаги ва суд мажлисига гувоҳлар, экспертларни ҳамда бошқа шахсларни чақириш тўғрисидаги илтимосномалари ушбу Кодекс 438-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларида белгиланган тартибда суд томонидан ҳал этилади. Бунда суд илтимосномани қаноатлантиришни фақат у биринчи инстанция суди томонидан қаноатлантирилмаганлигига асосланиб рад этишга ҳақли эмас.

Биринчи инстанция суди томонидан текширилмаган далиллар (янги далиллар) суд томонидан қабул қилинади, бунда уларни текшириш тўғрисида илтимоснома берган шахс ўзига боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра бу далилларни биринчи инстанция судига тақдим этишга имконияти бўлмаганлигини асослаб бериши керак.

Апелляция инстанцияси суди далилларни видеоконференцалоқа тизимларидан фойдаланган ҳолда текширишга ҳақли.

Суд тергови тугаллангач, суд тарафлардан суд терговига қўшимча қилиш юзасидан илтимослари бор-йўқлигини суриштиради. Суд бу илтимосларни ҳал этади ва шундан кейин тарафларнинг музокараларига ўтади.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
497-26-модда. Апелляция инстанцияси судининг ваколатлари

Апелляция инстанцияси суди жиноят ишини кўриш натижаларига кўра қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:
1) ҳукмни ўзгаришсиз, апелляция шикоятини, протестини эса қаноатлантирмасдан қолдириш тўғрисида;
2) айблов ҳукмини бекор қилиш ва оқлов ҳукмини чиқариш тўғрисида;
3) айблов ҳукмини бекор қилиш ва янги айблов ҳукмини чиқариш тўғрисида;
4) оқлов ҳукмини бекор қилиш ва айблов ҳукмини чиқариш тўғрисида;
5) ҳукмни бекор қилиш ва жиноят ишини тугатиш тўғрисида;
6) ушбу Кодекснинг 416 ёки 417-моддаларида назарда тутилган ҳолатлар аниқланганда, айблов ҳукмини бекор қилиш ҳақида ва ишни биринчи инстанция судига юбориш тўғрисида;
7) ҳукмни ўзгартириш тўғрисида;
8) шикоят, протест қайтариб олинган ҳолларда, апелляция тартибида иш юритишни тугатиш тўғрисида.

Ушбу модда биринчи қисмининг 1, 5 — 8-бандларида назарда тутилган ҳолларда апелляция инстанцияси суди ажрим чиқаради.

Ушбу модда биринчи қисмининг 2 — 4-бандларида назарда тутилган ҳолларда, апелляция инстанцияси суди апелляция ҳукмини чиқаради.

Апелляция инстанцияси судининг қарорини эълон қилиш ушбу Кодекснинг 473-моддаси қоидаларига кўра амалга оширилади.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
497-31-модда. Апелляция инстанцияси судининг ҳукми ва ажрими

Апелляция инстанцияси судининг ҳукми ушбу Кодекснинг 454 — 477-моддаларида назарда тутилган қоидаларга риоя этилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси номидан чиқарилади.

Апелляция инстанцияси судининг ажримида қуйидагилар кўрсатилган бўлиши керак:

1) суд ишининг рақами, ажрим чиқарилган сана ва жой;
2) суднинг номи ва таркиби, ишни кўришда иштирок этган прокурор ва бошқа шахслар;
3) апелляция шикояти ёки протести берган шахс;
4) биринчи инстанция судининг шикоят ёки протест берилган ҳукмининг қарор қисми мазмуни;
5) шикоятнинг, протестнинг, ишда иштирок этаётган шахслар эътирозлари ва тушунтиришларининг моҳияти, шунингдек прокурорнинг фикри;
6) шикоят, протест бўйича апелляция инстанцияси судининг қарори.

Шикоят, протест қаноатлантирилмай қолдирилганда апелляция инстанцияси судининг ажримида ҳукм қонуний, асосли ва адолатли деб, биринчи инстанция судининг ажрими қонуний ҳамда асосли деб топилганлигининг, шикоят ёки протест эса қаноатлантирилмасдан қолдирилганлигининг асослари кўрсатилиши керак.

Ҳукм, ажрим бекор қилинган ёки ўзгартирилган тақдирда, апелляция инстанцияси судининг ажримида қонуннинг қайси нормалари талаблари бузилганлиги ва бекор қилинаётган ёки ўзгартирилаётган қарорнинг асоссизлиги нимадан иборат эканлиги кўрсатилиши керак.

Апелляция инстанцияси суди қарор қабул қилиш чоғида биринчи инстанция суди томонидан текширилган далиллар ва апелляция инстанцияси суди томонидан текширилган янги далилларга асосланиши мумкин.

Апелляция инстанцияси судининг ажрими суднинг бутун таркиби томонидан имзоланади. Овоз бериш чоғида озчилик тарафда қолган судья ажримни имзолаб, ўзининг алоҳида фикрини ёзма тарзда баён этишга ҳақли.

Апелляция инстанцияси судининг ажрими суд мажлиси залида ўқиб эшиттирилади ва дарҳол қонуний кучга киради.

Апелляция инстанцияси судининг ҳукми, ажрими уни чиқарган судга ёки бошқа судга чиқарилган кундан эътиборан беш суткадан кечиктирмай жиноят иши билан бирга ижро этиш учун юборилади.

Маҳкумни дарҳол қамоқдан ёки уй қамоғидан озод этиш учун асос бўладиган ҳукм, ажрим, агар маҳкум суд мажлисида иштирок этаётган бўлса, суд залида ижро этилиши лозим. Бошқа ҳолларда ҳукмнинг, ажримнинг кўчирма нусхаси ҳукм, ажрим чиқарилганидан кейин апелляция инстанцияси томонидан жазони ижро этиш муассасасининг маъмуриятига ёки маҳкумнинг яшаш жойидаги уй қамоғини ижро этиш ўз зиммасига юклатилган ички ишлар органига йигирма тўрт соатдан кечиктирмай юборилади.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
497-29-модда. Ҳукмни маҳкумнинг, оқланган шахснинг аҳволини оғирлаштириш томонга бекор қилиш

Апелляция инстанцияси суди биринчи инстанция судининг ҳукмини бекор қилишга ва маҳкумга нисбатан жазони кучайтирган ёки унга эълон қилинган айблов доирасида оғирроқ жиноятга оид қонунни қўллаган ҳолда янги айблов ҳукми чиқаришга ҳақли.

Апелляция инстанцияси суди томонидан биринчи инстанция судининг айблов ҳукми маҳкумнинг аҳволини оғирлаштирган ҳолда бекор қилиниши фақат прокурорнинг протестига ёки жабрланувчининг, унинг вакилининг шикоятига кўра янги ҳукм чиқариш орқали амалга оширилиши мумкин.

Биринчи инстанция судининг оқлов ҳукми апелляция инстанцияси суди томонидан фақат прокурорнинг протестига ёки жабрланувчининг, унинг вакилининг судланувчининг оқланиши қонунга хилофлиги ва асоссизлиги борасида берилган шикояти бўйича айблов ҳукми чиқарилган ҳолда бекор қилиниши мумкин.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
497-33-модда. Апелляция инстанцияси суди мажлисининг баённомаси

Апелляция инстанцияси судида суд мажлисининг котиби ушбу Кодекснинг 426-моддасида назарда тутилган қоидаларга мувофиқ баённома юритади. Суд мажлисининг баённомаси юзасидан мулоҳазалар берилиши мумкин бўлиб, улар ушбу Кодекснинг 427-моддасида назарда тутилган тартибда кўриб чиқилади.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz