JPK | O‘zbekiston Respublikasi
4.76K subscribers
12 photos
1 video
12 links
Download Telegram
442-модда. Судда сўроқ қилиш тартиби

Судда сўроқ қилиш ушбу Кодекснинг 96 — 108-моддаларида назарда тутилган талабларга, шунингдек қуйида белгиланган қоидаларга амал қилган ҳолда олиб борилади.

Ҳар бир гувоҳ ҳали сўроқ қилинмаган гувоҳлар йўқлигида сўроқ қилинади. Сўроқ қилинган гувоҳлар суд мажлиси залида қоладилар ва суд тергови тамом бўлмасдан илгари залдан фақат суднинг ижозати билан чиқиб кетишлари мумкин.

Вояга етмаган гувоҳни сўроқ қилиш ҳақиқатни аниқлаш манфаатлари талаб қилган ҳолларда суднинг ажрими билан судланувчининг йўқлигида ўтказилиши мумкин. Судланувчи суд мажлиси залига қайтиб киргандан кейин гувоҳнинг берган кўрсатувлари унга маълум қилиниши ҳамда шу гувоҳга саволлар беришга имконият яратилиши лозим.

Вояга етмаган гувоҳ сўроқ қилиниб бўлгач, суд бу гувоҳнинг мажлис залида қолиши зарур деб ҳисоблайдиган ҳолларни мустасно этганда, суд мажлиси залидан чиқариб юборилиши лозим.

Жабрланувчи, шунингдек эксперт ва мутахассис суд муҳокамасининг бошидан охиригача суд мажлиси залида бўлишга ва барча сўроқлар чоғида ҳозир бўлишга ҳақлидир.

Судланувчини сўроқ қилиш ишнинг унга маълум ҳолатлари тўғрисида кўрсатув бериши ҳақида раислик қилувчининг таклифи билан бошланади. Шундан кейин судланувчини давлат айбловчиси, жамоат айбловчиси, шунингдек жабрланувчи, фуқаровий даъвогар ва уларнинг вакиллари, ҳимоячи, жамоат ҳимоячиси, фуқаровий жавобгар ва унинг вакили сўроқ қиладилар. Сўнгра судланувчига бошқа судланувчилар ва уларнинг ҳимоячилари саволлар бериши мумкин.

Жабрланувчиларни, шунингдек айблов хулосасига ва айблов далолатномасига илова қилинган рўйхатга биноан суд мажлисига чақирилган ёки айбловчи томоннинг илтимосига биноан қўшимча равишда чақирилган гувоҳлар ва экспертларни сўроқ қилиш ҳам ушбу модданинг олтинчи қисмида назарда тутилган тартибда ўтказилади. Башарти гувоҳлар ва экспертлар суд мажлисига ҳимоя томонининг илтимосига биноан чақирилган бўлсалар, уларни дастлаб шу илтимосни қилган судланувчи ёки унинг ҳимоячиси, кейин эса бошқа судланувчилар ва уларнинг ҳимоячилари, жамоат ҳимоячиси, фуқаровий жавобгар ва унинг вакили, давлат айбловчиси, жамоат айбловчиси, шунингдек жабрланувчи, фуқаровий даъвогар ва уларнинг вакиллари сўроқ қиладилар.

Раислик қилувчи ва халқ маслаҳатчилари сўроқ қилинаётган ҳар қандай шахсга суд терговининг исталган пайтида саволлар беришга ҳақлидир.

Суд мажлисида кўрсатув бериб бўлган шахсларга берган кўрсатувларини тўлдириш ва аниқликлар киритиш учун суднинг ижозати билан саволлар берилиши мумкин.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
497-22-модда. Жиноят-процессуал қонун нормаларининг жиддий бузилишлари

Процесс иштирокчиларини қонун билан кафолатланган ҳуқуқлардан маҳрум қилган ёки бу ҳуқуқларни чеклаган ёхуд суд ишнинг ҳар томонлама кўриб чиқишига бошқача тарзда халал берган ҳамда қонуний, асосли ва адолатли ҳукм чиқаришга таъсир қилган ёки таъсир қилиши мумкин бўлган қоидабузарликлар ушбу Кодекс нормаларини жиддий бузиш деб эътироф этилади.

Ҳукм қуйидаги ҳолларда бекор қилиниши керак, агар:
1) ҳукмни қонунга хилоф таркибдаги суд чиқарган бўлса;
2) судьянинг ҳукмни якка ўзи чиқариши тартиби ёки ҳукм чиқаришда судьялар маслаҳатлашувининг сир сақланиши бузилган бўлса;
3) иш судланувчи йўқлигида кўрилган бўлса, бундан ушбу Кодекс 410-моддасининг учинчи қисмида назарда тутилган ҳол мустасно;
4) суриштирув ёки дастлабки тергов тамомланганидан сўнг айбланувчи ишдаги барча материаллар билан таништирилмаган ва бу қоидабузарлик ҳукм чиқарган суд томонидан бартараф этилмаган бўлса;
5) ҳимоячиси бўлмаган судланувчига ҳимоя нутқи учун сўз берилмаган бўлса;
6) судланувчига охирги сўз берилмаган бўлса;
7) судланувчининг она тилидан ва таржимон хизматидан фойдаланиш ҳуқуқи бузилган бўлса;
8) қонунга кўра ҳимоячининг иштироки шарт бўлса-ю, иш унинг иштирокисиз тергов қилинган ёки кўриб чиқилган бўлса;
9) ишни юритишни истисно этадиган ҳолатлар бўла туриб, суриштирув, дастлабки тергов ва суд муҳокамаси ўтказилган бўлса;
10) суд мажлиси баённомаси ишга тикилмаган ёхуд имзоланмаган бўлса.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
497-7-модда. Ҳукм устидан апелляция шикояти ёки протести бериш оқибатлари

Апелляция шикояти ёки протести берилиши ҳукмнинг қонуний кучга киришини ва унинг ижро эттирилишини тўхтатиб туради.

Ҳукм устидан шикоят бериш ва протест билдириш учун белгиланган муддат тугагач, ҳукм чиқарган суд ушбу Кодекснинг 497-6-моддасида назарда тутилган талабларни бажариб, ишни шикоятлар, протестлар ҳамда улар юзасидан билдирилган эътирозлар, шунингдек тақдим этилган қўшимча материаллар билан бирга ўн кундан кечиктирмай апелляция инстанцияси судига юборади.

Бу муддат алоҳида ҳолларда юқори суд раиси ёки унинг ўринбосари томонидан кўпи билан йигирма кунга узайтирилиши мумкин.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
497-14-модда. Апелляция инстанцияси судида ишни кўриш муддатлари

Апелляция инстанцияси суди жиноят ишини иш шикоят ёки протест билан бирга келиб тушган кундан эътиборан ўн беш суткадан кечиктирмай кўришга киришиши керак.

Иш ўта мураккаб бўлган тақдирда ва бошқа алоҳида ҳолларда тегишли суд раиси бу муддатни кўпи билан ўн беш суткага, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ёки унинг ўринбосари эса кўпи билан бир ойга узайтириши мумкин.

Ишни кўриш муддати узайтирилганлиги ҳақида жиноят процессининг манфаатдор иштирокчилари хабардор қилиниши керак.

Апелляция инстанцияси суди томонидан жиноят ишини кўриш давомийлиги уни кўриш бошланган кундан эътиборан икки ойдан ошмаслиги керак.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
497-25-модда. Апелляция инстанцияси судида жиноят ишини кўриш чегараси

Суд жиноят ишини апелляция тартибида кўришда апелляция шикояти, протести важлари билан чегараланмайди ва ишни барча маҳкумларга, шу жумладан апелляция шикояти бермаган шахсларга ёки ўзига нисбатан шикоят, протест берилмаган маҳкумларга нисбатан ҳам тўла ҳажмда текширади.
Апелляция инстанцияси суди қарор қабул қилиш чоғида биринчи инстанция суди томонидан текширилган далилларни ҳам, апелляция инстанцияси судига тарафлар томонидан тақдим этилган ёки у томонидан талаб қилиб олинган ва текшириб чиқилган янги далилларни ҳам эътиборга олади.
Агар биринчи инстанция суди томонидан суд терговининг тўлиқ эмаслигига ёки бир ёқламалилигига ёхуд процессуал бузилишларга йўл қўйилган бўлса, апелляция инстанцияси суди тўлиқ ёки қисман суд терговини ўтказиш йўли билан бўшлиқларнинг ўрнини тўлдириш, процессуал бузилишларни бартараф этиш чораларини кўради. Шу мақсадда апелляция инстанция суди:
1) ишни ҳал қилиш учун аҳамиятга эга бўлган ҳужжатларни тарафларнинг илтимосига кўра талаб қилиб олишга;
2) зарур суд экспертизасини тайинлашга;
3) суд мажлисига қўшимча гувоҳларни, экспертларни, мутахассисларни чақиришга ва сўроқ қилишга, тарафлар томонидан тақдим этилган ёки уларнинг илтимосига кўра суд томонидан талаб қилиб олинган ёзма, ашёвий далилларни ва бошқа далилларни текширишга;
4) биринчи инстанция суди томонидан текширилган далилларни мақбул эмас деб топишга ва уларни далиллар мажмуидан чиқариб ташлашга;
5) биринчи инстанция суди томонидан мақбул эмас деб топилганлиги учун далиллар мажмуидан чиқариб ташланган далилларни мақбул далиллар деб топишга ва уларни текширишга;
6) фуқаровий даъвога тааллуқли бўлган ҳолатларни текширишга ва фуқаровий даъво бўйича қарор қабул қилишга;
7) иш материаллари тўла, ҳар томонлама ва холисона текшириб чиқилишини таъминлаш учун зарур бўлган бошқа ҳаракатларни бажаришга ҳақли.
Апелляция инстанцияси суди асослар мавжуд бўлганда маҳкумни ўта хавфли рецидивист деб топишга, унга жазони ижро этиш колониясининг қаттиқроқ тартибли турини белгилашга, жиноят туфайли етказилган зарарнинг миқдорини кўпайтиришга ҳақли.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
497-11-модда. Биринчи инстанция судининг ажрими устидан шикоят ва протест бериш

Иш бўйича биринчи инстанция судининг ажрими устидан у чиқарилган кундан эътиборан йигирма кунлик муддатда ушбу Кодекснинг 497-2-моддасида назарда тутилган шахслар томонидан хусусий шикоят ёки хусусий протест берилиши мумкин.

Ҳукм чиқариш билан якунланган суд муҳокамаси чоғида чиқарилган ажрим устидан шикоят берилган ёхуд протест билдирилган тақдирда, ҳукм устидан шикоят ва протест бериш учун белгиланган муддат тугагандан кейингина иш апелляция инстанцияси судига юборилади.

Суд муҳокамаси чоғида чиқарилган ва далилларни текшириш тартибига, жиноят процесси иштирокчиларининг илтимосномаларига, эҳтиёт чорасини танлашга, уни ўзгартиришга ёки бекор қилишга, шунингдек суд мажлиси залида тартиб сақлашга тааллуқли ажримлар устидан ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган тартибда шикоят бериш ва протест билдириш мумкин эмас. Уларга қарши эътирозлар апелляция шикоятига ёки апелляция протестига киритилиши мумкин.

Ушбу иш бўйича тараф ҳисобланмаган шахслар ҳам суд ажрими устидан, агар ажрим уларнинг манфаатларига дахлдор бўлса, шикоят беришга ҳақлидир.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
497-20-модда. Суд терговининг тўлиқ эмаслиги ва бир ёқламалиги

Суд тергови қуйидаги ҳолларда тўлиқ эмас ва бир ёқлама деб топилади, башарти иш бўйича:
1) ушбу Кодекснинг 82 — 84-моддаларида кўрсатилган ҳолатлар етарлича тўлиқ аниқланмаган бўлса;
2) кўрсатувлари ишни ҳал қилиш учун жиддий аҳамиятга эга бўлган шахслар сўроқ қилинмаган бўлса;
3) ўтказилиши шарт бўлган экспертиза ўтказилмаган бўлса;
4) иш учун жиддий аҳамиятга эга бўлган ҳужжатлар ёки ашёвий далиллар талаб қилиб олинмаган бўлса;
5) натижалари иш учун аҳамиятга эга бўлиши мумкин бўлган бошқа тергов ҳаракатлари ўтказилмаган бўлса;
6) ишни янгитдан апелляция тартибида кўриш учун юборган кассация инстанцияси судининг ажримида кўрсатилган ҳолатлар текширилмаган бўлса.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
497-9-модда. Апелляция шикоятига, протестига ўзгартиш ва қўшимча киритиш

Апелляция шикояти (протести) берган шахс апелляция инстанцияси судининг мажлиси бошлангунига қадар уни ўзгартиришга ёки янги важлар билан тўлдиришга ҳақли.

Ҳукм устидан шикоят (протест) бериш муддати ўтганидан кейин берилган апелляция протестига, жабрланувчининг ёки унинг вакилининг апелляция шикоятига ўзгартириш ёки қўшимча киритишда маҳкумнинг аҳволини оғирлаштириш тўғрисида масала, агар бундай талаб дастлабки шикоятда, протестда мавжуд бўлмаса, қўйилиши мумкин эмас.

Ҳукм устидан шикоят қилиш муддати ўтганидан кейин ишга киришган ҳимоячи апелляция шикоятини ўзгартириши ёки уни янги важлар билан тўлдириши, илгари ишда иштирок этган ҳимоячи томонидан берилган шикоят важларига қўшимча асослар тақдим этиши мумкин.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
497-15-модда. Апелляция инстанцияси суди мажлисини тайинлаш ва тайёрлаш

Судья апелляция шикояти, протести билан келиб тушган жиноят ишини ўрганиб, суд мажлисини тайинлаш тўғрисида етти сутка ичида ажрим чиқаради ва унда қуйидаги масалалар ҳал этилади:

1) жиноят ишини кўриб чиқиш жойи, санаси ва бошланиш вақти тўғрисидаги;
2) тарафларни, шунингдек гувоҳларни, экспертларни ва бошқа шахсларни суд мажлисига чақириш, шикоятда, протестда кўрсатилган қўшимча далилларни, агар мазкур илтимосномани асосли деб топса, талаб қилиб олиш тўғрисидаги;
3) ушбу Кодекснинг 19-моддасида назарда тутилган ҳолларда жиноят ишини ёпиқ суд мажлисида кўриш тўғрисидаги;
4) қамоқда ёки уй қамоғида сақланаётган маҳкумнинг суд мажлисида иштирок этиши тўғрисидаги.

Ажрим чиқарилган кундан эътиборан уч сутка ичида процесс иштирокчиларига суд мажлиси тайинланганлиги ҳақида хабарнома юборилади.

Агар жиноят ишини ўрганиш чоғида биринчи инстанция суди томонидан ушбу Кодекс 497-6-моддаси иккинчи қисмининг талаблари бажарилмаганлиги аниқланса, судья апелляция инстанцияси судида ишни кўриб чиқишга монелик қилувчи ҳолатларни бартараф этиш учун жиноят ишини шу судга қайтаради.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
497-13-модда. Апелляция инстанцияси суди муҳокамасининг предмети

Апелляция инстанцияси суди апелляция шикояти (протести) бўйича ҳақиқий ҳолатлар аниқланишининг тўлиқлигини ва жиноят қонуни нормалари тўғри қўлланилганлигини, иш юритишни амалга ошириш чоғида жиноят-процессуал қонун нормаларига риоя этилган-этилмаганлигини, биринчи инстанция суди ҳукмининг, ажримининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини ишда мавжуд бўлган ва апелляция инстанцияси суди томонидан қўшимча равишда текширилган далиллар бўйича текширади.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
497-19-модда. Ҳукмни бекор қилиш ёки ўзгартириш асослари

Ҳукмни бекор қилиш ёки ўзгартириш учун қуйидагилар асос бўлади:
1) суд терговининг тўлиқ эмаслиги ёки бир ёқлама олиб борилганлиги;
2) суднинг ҳукмида баён қилинган суд хулосалари ишнинг ҳақиқий ҳолатларига мувофиқ келмаслиги;
3) ушбу Кодекс нормаларининг жиддий равишда бузилганлиги;
4) Жиноят кодекси нормаларининг нотўғри қўлланилганлиги;
5) жазонинг адолатсизлиги.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
497-21-модда. Ҳукмда баён қилинган суд хулосаларининг ишнинг ҳақиқий ҳолатларига мувофиқ келмаслиги

Қуйидаги ҳолларда суд ҳукми жиноят ишининг ҳақиқий ҳолатларига мувофиқ эмас деб эътироф этилади, агар:
1) суд хулосалари суд мажлисида кўрилган далиллар билан тасдиқланмаган бўлса;
2) суд ўз хулосасига жиддий таъсир қилиши мумкин бўлган ҳолатларни ҳисобга олмаган бўлса;
3) иш учун муҳим аҳамиятга эга бўлган ҳолатларга нисбатан бир-бирига зид далиллар мавжуд бўлгани ҳолда, суд қайси сабабларга кўра далиллардан баъзиларини ишонарли деб топиб, бошқаларини рад этганлиги ҳукмда кўрсатилмаган бўлса;
4) суднинг ҳукмида баён этилган хулосаларда жиддий зиддиятлар мавжуд бўлиб, улар судланувчининг айблилиги тўғрисидаги масалани ҳал қилишга, Жиноят кодекси нормаларини тўғри қўллашга ёки жазо чорасини белгилашга таъсир кўрсатган бўлса ёки таъсир кўрсатиши мумкин бўлса.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
497-6-модда. Апелляция шикояти, протести берилганлиги тўғрисида хабар бериш

Ҳукм чиқарган суд апелляция шикояти, протести берилганлиги тўғрисида маҳкумни, оқланган шахсни, уларнинг ҳимоячиларини, қонуний вакилини, жабрланувчини, унинг вакилини, шунингдек фуқаровий даъвогарни, фуқаровий жавобгарни, уларнинг вакилларини агар шикоят, протест уларнинг манфаатларига дахлдор бўлса, хабардор қилади.
Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган шахсларга шикоятнинг, протестнинг кўчирма нусхалари ёхуд ҳукм чиқарган суднинг интернет-ресурси орқали уларнинг электрон нусхалари билан танишиш мумкинлиги тўғрисида хабарнома юборилади. Бунда тарафларга шикоят, протест юзасидан ўз эътирозларини ёзма шаклда ёхуд электрон ҳужжат тарзида бериш ҳуқуқи уларни тақдим этиш муддати кўрсатилган ҳолда тушунтирилади. Шикоят, протест устидан келиб тушган эътирозлар ишга қўшиб қўйилади.
Тарафлар апелляция шикоятига, протестига доир эътироз билан бирга алоҳида ҳолда янги материалларни тақдим этишга ёхуд уларни талаб қилиб олиш ва текшириш, шунингдек ўзлари кўрсатган жабрланувчиларни, гувоҳларни, экспертларни, мутахассисларни судга чақириш ва сўроқ қилиш ҳақида илтимоснома беришга ҳақли.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
497-23-модда. Жиноят кодекси нормаларининг нотўғри қўлланилиши

Қуйидагилар Жиноят кодекси нормаларининг нотўғри қўлланилиши деб эътироф этилади:
1) Жиноят кодекси Умумий қисми моддалари талабларининг бузилганлиги;
2) жиноятнинг Жиноят кодексининг қўлланилиши керак бўлган моддаси (модданинг қисми, банди) ўрнига бошқа моддаси (модданинг қисми, банди) билан тавсифланганлиги;
3) маҳкумга Жиноят кодексининг мазкур моддасида назарда тутилмаган жазо тури ва меъёри тайинланганлиги.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
497-18-модда. Тарафларнинг музокаралари ва судланувчининг охирги сўзи
Суд музокаралари ушбу Кодекснинг 449-моддаси қоидалари асосида ўтказилади, бунда шикоят, протест берган шахс биринчи бўлиб сўзга чиқади.

Тарафларнинг музокаралари тамом бўлганидан кейин раислик қилувчи судланувчига, агар у суд мажлисида иштирок этаётган бўлса, охирги сўз беради, шундан кейин суд қарор чиқариш учун маслаҳатхонага киради.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
497-16-модда. Тарафларнинг апелляция инстанцияси суди мажлисида иштирок этиши

Апелляция инстанцияси суди мажлисида қуйидагилар иштирок этиши шарт:
1) тегишинча Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят, Тошкент шаҳар прокурори, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокурори томонидан ваколат берилган прокурор;
2) маҳкум, оқланган шахс ёки ўзига нисбатан жиноят иши тугатилган шахс — мазкур шахс суд мажлисида иштирок этиш тўғрисида илтимоснома берган ёки суд мазкур шахснинг суд мажлисида иштирок этишини зарур деб топган ҳолларда;
3) ҳимоячи — ушбу Кодекснинг 51 ва 52-моддаларида кўрсатилган ҳолларда.
Қамоқда ёки уй қамоғида сақланаётган ва апелляция шикоятини (протестини) кўриб чиқишда ҳозир бўлиш истагини билдирган маҳкумга суд мажлисида бевосита ёки видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланиш орқали иштирок этиш ҳуқуқи таъминланади.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
497-24-модда. Жазонинг адолатсизлиги

Жазо жиноятнинг оғирлигига, маҳкумнинг шахсига номувофиқ бўлса ёки Жиноят кодекси Махсус қисмининг тегишли моддасида назарда тутилган доирадан четга чиқмасдан тайинланган бўлса-да, бироқ тури ёки миқдори бўйича ўта енгил ёки ўта оғир бўлса адолатсиз ҳисобланади.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
497-36-модда. Апелляция инстанцияси судининг ҳукми, ажрими устидан шикоят бериш

Апелляция инстанцияси судининг ҳукми, ажрими устидан кассация тартибида шикоят, протест берилиши мумкин.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
497-30-модда. Ҳукмни ўзгартириш

Апелляция инстанцияси суди биринчи инстанция судининг айблов ҳукмини ўзгартириш чоғида қуйидагиларга ҳақли:

1) жазони енгиллаштиришга ёки маҳкумга нисбатан енгилроқ жиноятга оид қонунни қўллашга;
2) маҳкумни ўта хавфли рецидивист деб топишга;
3) жазони ижро этиш муассасаси турини енгилроғига ёки оғирроғига ўзгартиришга;
4) жиноят натижасида етказилган ва қопланиши белгиланган моддий зарар миқдорини, шунингдек маънавий зиённинг компенсацияси миқдорини камайтиришга ёки кўпайтиришга;
5) ашёвий далиллар, процессуал чиқимлар тўғрисидаги масалаларни ва бошқа масалаларни ҳал этишга.

Оқлов ҳукмининг оқлов асосларига доир қисми оқланган шахснинг, унинг ҳимоячисининг, қонуний вакилининг шикоятига кўра ўзгартирилиши мумкин.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
497-8-модда. Апелляция шикояти ва протестининг мазмуни

Апелляция шикояти ва протестида қуйидагилар кўрсатилиши керак:
1) шикоят, протест йўлланаётган суднинг номи;
2) шикоят берган шахс, унинг процессуал мавқеи, яшаш жойи ёки туриш манзили тўғрисидаги маълумотлар;
3) ҳукмни чиқарган суднинг номи, суд ишининг рақами, ҳукм чиқарилган сана, шикоят берилаётган ва протест билдирилаётган ҳукм кимга нисбатан чиқарилган бўлса, шу шахс тўғрисидаги маълумотлар;
4) шикоят, протест берган шахснинг важлари, унинг фикрига кўра ҳукм ёки бошқа қарорнинг нотўғрилиги нимадан иборат эканлиги ҳамда илтимосининг моҳияти;
5) шикоят, протест берган шахс ўз талабларини асослаётган, шу жумладан биринчи инстанция суди томонидан текширилмаган далиллар;
6) янгидан тақдим этилаётган далиллар ва уларнинг биринчи инстанция судига тақдим этилмаганлиги сабаблари;
7) шикоятга, протестга илова қилинаётган материаллар рўйхати;
8) шикоят, протест берилган сана ҳамда шикоят, протест бераётган шахснинг имзоси.
Агар апелляция шикоятининг, протестининг мазмуни мазкур модданинг биринчи қисмида кўрсатилган талабларга жавоб бермаса ва бу келгусида ишни мазмунан кўриб чиқишга тўсқинлик қилса, судья апелляция шикоятини, протестини уни берган шахсга қайтариш тўғрисида апелляция шикоятини ёки протестини қайта тузиш учун муддатни белгилаган ҳолда уч кунлик муддатда ажрим чиқаради.

Судьянинг апелляция шикоятини, протестини қайтариш тўғрисидаги ажрими талаблари бажарилмаган ва апелляция шикояти, протести белгиланган вақтда келиб тушмаган ҳолларда, у берилмаган деб ҳисобланади. Бундай ҳолда ҳукм қонуний кучга кирган деб ҳисобланади.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
497-17-модда. Апелляция инстанцияси судида жиноят ишини кўриш тартиби

Апелляция инстанцияси судида жиноят иши биринчи инстанция судида иш юритиш қоидалари бўйича, ушбу бобда назарда тутилган қоидалар инобатга олинган ҳолда кўрилади.
Раислик қилувчи суд мажлисини очади ҳамда қандай жиноят иши ва кимнинг апелляция шикояти, протести бўйича кўрилишини эълон қилади.

Раислик қилувчи суд таркибини эълон қилади, прокурорнинг, ҳимоячининг, суд мажлиси котибининг ва, агар суд мажлисида иштирок этаётган бўлса, таржимоннинг фамилияси, исмини ва отасининг исмини маълум қилади.

Апелляция инстанцияси суди мажлисининг жойи, санаси ва вақти тўғрисида ўз вақтида хабардор қилинган шахсларнинг келмаганлиги жиноят ишини кўришга монелик қилмайди, бундан суд мажлисида иштирок этиши шарт бўлган шахслар мустасно.

Раислик қилувчи ҳозир бўлган жиноят процесси иштирокчиларига уларнинг ҳуқуқларини тушунтиради ва уларда рад қилишга оид арзлар ва илтимосномалар бор-йўқлигини, апелляция шикоятида, протестида баён этилган илтимосларни қувватлашини ёки қувватламаслигини аниқлайди. Бундай илтимослар мавжуд бўлганда суд улар бўйича ажрим чиқаради.

Суд муҳокамаси судьялардан бирининг маърузаси билан бошланади. У биринчи инстанция суди ҳукмининг ёки ажримининг мазмунини, апелляция шикоятининг, протестининг мазмунини ва унга қарши эътирозларнинг моҳиятини қисқача баён этади.

Раислик қилувчи апелляция шикояти берган шахсга, апелляция шикояти ва протести кимга нисбатан берилган бўлса ўша шахсга, уларнинг ҳимоячилари ва вакилларига, сўнгра эса прокурорга сўз беради. Иш бўйича бир нечта шикоят мавжуд бўлган тақдирда, сўзга чиқиш навбати суд томонидан тарафларнинг фикри инобатга олинган ҳолда белгиланади. Агар берилган апелляция шикоятлари орасида прокурорнинг апелляция протести бўлса, сўз биринчи навбатда унга берилади.

Суд тарафларнинг сўзларини эшитиб, ҳукмнинг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини лозим даражада текшириб кўришни таъминлаш заруратидан келиб чиқиб, бевосита суд мажлисида текшириладиган далиллар ҳажмини аниқлаш тўғрисида; суд мажлисига судланувчини, жабрланувчиларни, гувоҳларни, экспертлар ва зарурат бўлса, бошқа шахсларни чақириш ҳақида; судланувчига нисбатан эҳтиёт чорасини сақлаб қолиш, танлаш, бекор қилиш ёки ўзгартириш тўғрисида қарор қабул қилади.

Шундан кейин суд суд мажлисига чақирилган судланувчини, гувоҳларни, жабрланувчиларни сўроқ қилиш йўли билан далилларни текширишга, шунингдек тарафларнинг илтимоси бўйича ҳамда ўзининг ташаббуси билан ҳужжатларни, баённомаларни ва ишга оид бошқа материалларни ўқиб эшиттиришга киришади. Далилларни текшириш тартиби тарафларнинг фикрлари инобатга олинган ҳолда суд томонидан белгиланади. Тарафлар апелляция инстанцияси судига апелляция шикоятида, протестида келтирилган важларни тасдиқлаб ёки инкор этиб, қўшимча материаллар тақдим этишга ҳақли.

Биринчи инстанция судида сўроқ қилинган гувоҳлар, агар суд буни зарур деб топса, апелляция инстанцияси судида сўроқ қилинадилар.

Тарафларнинг далилларни, шу жумладан биринчи инстанция суди томонидан текширилмаган далилларни текшириш тўғрисидаги ва суд мажлисига гувоҳлар, экспертларни ҳамда бошқа шахсларни чақириш тўғрисидаги илтимосномалари ушбу Кодекс 438-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларида белгиланган тартибда суд томонидан ҳал этилади. Бунда суд илтимосномани қаноатлантиришни фақат у биринчи инстанция суди томонидан қаноатлантирилмаганлигига асосланиб рад этишга ҳақли эмас.

Биринчи инстанция суди томонидан текширилмаган далиллар (янги далиллар) суд томонидан қабул қилинади, бунда уларни текшириш тўғрисида илтимоснома берган шахс ўзига боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра бу далилларни биринчи инстанция судига тақдим этишга имконияти бўлмаганлигини асослаб бериши керак.

Апелляция инстанцияси суди далилларни видеоконференцалоқа тизимларидан фойдаланган ҳолда текширишга ҳақли.

Суд тергови тугаллангач, суд тарафлардан суд терговига қўшимча қилиш юзасидан илтимослари бор-йўқлигини суриштиради. Суд бу илтимосларни ҳал этади ва шундан кейин тарафларнинг музокараларига ўтади.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz