JPK | O‘zbekiston Respublikasi
4.76K subscribers
12 photos
1 video
12 links
Download Telegram
455-модда. Ҳукмнинг қонуний, асосли ва адолатли бўлиши

Ҳукм қонуний, асосли ва адолатли бўлиши шарт.

Ҳукм қонуннинг барча талабларига амал қилинган ҳолда ва қонун асосида чиқарилган бўлса, қонуний деб эътироф этилади.

Ҳукм ишнинг ҳақиқий ҳолатлари унда кераклигича тўла ва юз берганига ҳақиқатан монанд тарзда аниқланган бўлса, асосли деб эътироф этилади.

Ҳукм айбдорга нисбатан жазо ёки бошқа таъсир чораси у содир этган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражаси ва унинг шахси эътиборга олиниб тайинланган бўлса, айбсиз шахс эса оқланган ва реабилитация этилган бўлса, адолатли деб эътироф этилади.

Суд ҳукмни фақат суд муҳокамасида текширилган далиллар билан асослайди.

Суднинг ҳукмда ифодаланган барча хулосалари асослантирилган бўлиши лозим.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
475-модда. Ҳукмнинг нусхасини маҳкумга ва оқланган шахсга бериш

Ҳукм эълон қилинганидан кейин уч суткадан кечиктирилмай, ҳажми катта бўлган тақдирда эса, ўн суткадан кечиктирилмай, унинг нусхаси маҳкумга ва оқланган шахсга берилиши лозим. Бошқа тарафларга ҳукм нусхаси ёки унинг кўчирмаси шу муддатда, уларнинг илтимосларига асосан берилади.

Агар маҳкум қамоқда сақланаётган бўлса, ҳукмнинг кўчирма нусхаси унга қамоқда сақлаш жойининг маъмурияти томонидан ҳукм келиб тушган куни тилхат олиб топширилади, тилхат кўчирма нусха топширилган сана ва вақт кўрсатилган ҳолда судга тақдим этилади.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
459-модда. Шартли ҳукм қилинган шахс устидан кузатув олиб бориш масаласини муҳокама қилиш

Шартли ҳукм қўлланилганда суд шартли ҳукм қилинган шахс устидан кузатув олиб боришни кимга юклатиш лозимлигини ҳал қилади.

Шартли ҳукм қилиш тўғрисида жамоат бирлашмаси ёки жамоанинг илтимосномаси бўлса, суд шартли ҳукм қилинган шахснинг хулқ-атворини кузатиш учун уни шу бирлашма ёки жамоага топшириши мумкин.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
451-модда. Судланувчининг охирги сўзи

Тарафларнинг музокараси тамом бўлганидан кейин раислик қилувчи судланувчига охирги сўз беради. Судланувчининг охирги сўзи вақтида унга ҳеч қандай савол беришга йўл қўйилмайди.

Суд судланувчининг охирги сўзини муайян муддат билан чеклаб қўйиши мумкин эмас, лекин раислик қилувчи судланувчининг сўзини, у ишга мутлақо алоқаси йўқ ҳолатларни баён қила бошлаган ҳолларда, тўхтатишга ҳақлидир.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
497-1-модда. Апелляция тартибида шикоят бериладиган ва протест билдириладиган қарорлар

Биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирмаган ҳукмлари устидан апелляция тартибида шикоят бериш ёки протест билдириш мумкин.

Биринчи инстанция судининг суд муҳокамаси вақтида чиқарилган ажрими устидан апелляция тартибида шикоят бериш ва протест билдириш ҳукм устидан шундай ҳаракатларни содир этиш билан бир пайтнинг ўзида амалга оширилиши мумкин.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
470-модда. Оқлов ҳукмининг қарор қисми

Оқлов ҳукмининг қарор қисмида:
1) судланувчининг исми, отасининг исми ва фамилияси;
2) судланувчини жиноят содир этилишида айбсиз деб эътироф этиш ва уни оқлаш тўғрисидаги қарор;
3) судланувчига нисбатан қўлланилган эҳтиёт чорасини бекор қилиш тўғрисидаги қарор; башарти эҳтиёт чораси сифатида у қамоқда ёки уй қамоғида сақланаётган бўлса, оқланган шахсни дарҳол, суд мажлиси залининг ўзида озод қилиш тўғрисидаги қарор;
4) қўзғатилган фуқаровий даъвони қаноатлантириш рад этилган бўлса, даъвони таъминлаш учун кўрилган чораларни бекор қилиш тўғрисидаги қарор;
6) оқланган шахснинг унга етказилган мулкий зиённи қоплаш ҳамда маънавий ва бошқа зиён оқибатларини ушбу Кодекснинг 304 — 313-моддаларида назарда тутилган тартибда бартараф қилиш ҳуқуқини эътироф этиш.

Судланувчи содир этилган жиноятга дахлдор эмаслиги сабабли оқланган тақдирда, оқлов ҳукмининг қарор қисмида жиноят содир этган шахсларни аниқлаш ва уларни жиноий жавобгарликка тортиш учун иш прокурорга юборилиши кўрсатилади.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
446-модда. Экспертиза

Суд терговида экспертиза ушбу Кодекснинг 172 — 187-моддаларида назарда тутилган талабларга ва қуйида белгиланган қоидаларга амал қилган ҳолда тайинланади ва ўтказилади.

Суд мажлисида экспертизани илгари судгача иш юритиш босқичида хулоса берган экспертлар ёки суд тайинлаган янги экспертлар ёхуд ҳам илгариги, ҳам кейин тайинланган экспертлар биргаликда ўтказади.

Тарафлардан бирортасининг илтимоси бўйича ёки ўз ташаббуси билан суд экспертиза тайинлаш тўғрисида ажрим чиқаради ва уни суд мажлисида ўқиб эшиттиради. Ажримда экспертиза ўтказиш топширилган шахс ёки экспертиза муассасаси кўрсатилади ва эксперт олдига саволлар қўйилади. Бунда суд тарафларга уларнинг экспертни рад этиш, тараф кўрсатган қўшимча шахсни экспертлар сафига киритиш, эксперт олдига қўшимча саволлар қўйиш, экспертизани тарафларнинг иштирокида ўтказиш тўғрисида илтимослар қилиш, шунингдек экспертиза давомида изоҳот бериб бориш ҳуқуқига эга эканликларини тушунтиради.

Илтимослар ёки экспертни рад қилиш тўғрисидаги арзларни суд ушбу Кодекснинг 80-моддасида назарда тутилган қоидаларга мувофиқ ҳолда кўриб чиқади.

Суд терговида эксперт сўроқ қилинаётган шахсларга саволлар беришга, ёзма далиллар, тергов ҳаракатларининг баённомалари, бошқа экспертларнинг хулосалари билан танишишга, кўздан кечиришлар, экспериментларда ва экспертиза предметига оид суднинг бошқа ҳаракатларида иштирок этишга ҳақлидир.

Суд тергови давомида экспертнинг олдига қўшимча саволлар қўйилиши мумкин.

Экспертиза предметига оид ҳолатлар текшируви тугаллангач, суд хулоса тайёрлаш учун экспертга муҳлат беради. Башарти бунинг учун лаборатория тадқиқотлари ўтказиш лозим бўлса, суд экспертга тегишли объектларни беради.

Эксперт ўз хулосасини суд мажлисида ўқиб эшиттиради. Хулоса суд мажлисининг баённомасига илова қилинади.

Эксперт хулоса берганидан сўнг, хулосада баён қилинган ҳолатлар бўйича у суд мажлисида сўроқ қилиниши мумкин.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
497-4-модда. Ҳукм устидан апелляция шикоятлари ва протестлари бериш муддати

Апелляция шикояти ва протестлари ҳукм эълон қилинган кундан эътиборан йигирма сутка ичида, маҳкум, оқланган шахс, жабрланувчи томонидан эса уларга ҳукмнинг кўчирма нусхаси топширилган кундан эътиборан шу муддат ичида берилиши мумкин.

Ҳукм устидан шикоят ва протест бериш учун белгиланган муддат ичида иш суддан талаб қилиб олиниши мумкин эмас. Тарафлар шу вақт мобайнида иш билан суд биносида танишишга ҳақли.

Белгиланган муддат ўтгандан кейин берилган шикоят ёки протест оқибатсиз қолдирилади, бу ҳақда уларни берган шахсларга хабар қилинади.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
476-модда. Ҳукм чиқариш билан бир вақтда суд томонидан ҳал қилинадиган бошқа масалалар

Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахснинг вояга етмаган болалари, қари ота-оналари, қарамоғида бошқа шахслар бўлса ва улар қаровсиз ҳамда ёрдамсиз қолаётган бўлса, суд айблов ҳукмини чиқариш билан бир вақтда уларни қариндошлари ёки бошқа шахсларнинг ва муассасаларнинг васийлигига ёки ҳомийлигига топшириш тўғрисида, маҳкумнинг қаровсиз қолаётган мол-мулки ёки уй-жойи бўлса, уларни қўриқлаб туриш чораларини кўриш тўғрисида ажрим чиқаради.

Ушбу Кодекснинг 50-моддасида кўрсатилган тартибда тайинланган адвокат ишда ҳимоячи бўлиб қатнашган ҳолларда суд адвокатлар бюроси, ҳайъати ёки фирмаси раҳбарининг илтимосномаси бўлган тақдирда ажрим чиқариб, унда адвокатлар бюроси, ҳайъати ёки фирмаси фойдасига маҳкумдан ҳақ ундириш ва бу ҳақнинг миқдори тўғрисидаги масалани ҳал қилади.

Ушбу Кодекснинг 298 ва 300-моддаларида назарда тутилган асослар мавжуд бўлган тақдирда, шунингдек тегишли мансабдор шахсларнинг эътиборини суриштирув ва дастлабки тергов ўтказишда йўл қўйилган камчиликларга жалб қилиш зарур бўлганда суд ҳукм чиқариш билан бир вақтда хусусий ажрим ҳам чиқаради.

Ушбу моддада кўрсатилган барча процессуал қарорлар суд мажлисининг залида ҳукм эълон қилинганидан кейин ўқиб эшиттирилиши лозим.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
469-модда. Оқлов ҳукмининг тавсиф қисми

Оқлов ҳукмининг тавсиф қисмида қуйидагилар кўрсатилади: судланувчига қўйилган айбловнинг моҳияти; суд аниқлаган иш ҳолатлари; судланувчининг айбсизлиги тўғрисидаги суд хулосасини тасдиқловчи далиллар; судланувчининг жиноят содир этишда айби бор деб даъво қилишга асос бўлган далилларни суд нима учун ишонарли эмас ёки етарли эмас деб ҳисоблаши ёки нима учун суд жиноий ҳодисанинг ўзи юз бермаган ёхуд судланувчи содир этган қилмишни жиноят эмас деб ҳисоблаши; фуқаровий даъвога оид қарорнинг асослари.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
471-модда. Ҳукмнинг қарор қисмида ҳал қилиниши лозим бўлган бошқа масалалар

Айблов ҳукмининг ҳам, оқлов ҳукмининг ҳам қарор қисми, ушбу Кодекснинг 468 ва 470-моддаларида кўрсатилган масалалардан ташқари, қуйидагиларни ўз ичига олиши лозим:
1) судланувчини лавозимидан четлаштириш тарзидаги процессуал мажбурлов чорасини бекор қилиш тўғрисида ушбу Кодекснинг 255 — 260-моддаларига мувофиқ қабул қилинган қарор; қўзғатилган фуқаровий даъво ёки суднинг ташаббуси билан зиённи қоплаш тўғрисида ушбу Кодекснинг 283 — 289-моддаларига мувофиқ қабул қилинган қарор;
2) ашёвий далиллар ҳамда ишга илова қилинган бошқа нарсалар ва ҳужжатлар тўғрисида ушбу Кодекснинг 289-моддасига мувофиқ қабул қилинган қарор;
3) процессуал чиқимлар тўғрисида ушбу Кодекснинг 320-моддасига мувофиқ қабул қилинган қарор;
4) ҳукм устидан апелляция шикоятини бериш, протест билдиришнинг ушбу Кодекснинг тегишинча 497-3 ва 497-4-моддаларида назарда тутилган тартиби, муддатлари.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
497-2-модда. Ҳукм устидан апелляция тартибида шикоят бериш ва протест билдириш ҳуқуқига эга бўлган шахслар

Маҳкум, унинг ҳимоячиси, қонуний вакили, шунингдек жабрланувчи, унинг вакили суднинг қонуний кучга кирмаган ҳукми устидан шикоят беришга, прокурор ва унинг ўринбосари эса, протест билдиришга ҳақлидир.

Фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар ва уларнинг вакиллари ҳукмнинг фуқаровий даъвога дахлдор қисми устидан шикоят беришга ҳақлидир.

Суд томонидан оқланган шахс, унинг ҳимоячиси ва қонуний вакили ҳукмнинг оқлаш сабаблари ҳамда асосларига доир қисми устидан шикоят беришга ҳақлидир.

Ишда тараф бўлмаган шахслар ҳам суд ҳукмининг ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор қисми устидан апелляция тартибида шикоят беришга ҳақлидир.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
497-5-модда. Апелляция шикояти ёки протести бериш муддатини тиклаш тартиби

Ҳукм устидан шикоят бериш ёки протест билдириш муддати узрли сабабларга кўра ўтказиб юборилган ҳолларда апелляция шикояти ёки протести бериш ҳуқуқига эга бўлган шахслар ҳукм чиқарган судга муддатни тиклаш сўралган илтимоснома билан мурожаат қилиши мумкин. Зарур ҳолларда, бу масала илтимоснома берган шахснинг иштирокида ҳал қилинади.

Суднинг ўтказиб юборилган муддатни тиклашни рад этиш тўғрисидаги ажрими устидан апелляция инстанцияси судига хусусий шикоят (протест) берилиши мумкин бўлиб, у мазкур ажримни бекор қилишга, ўтказиб юборилган муддатни тиклашга ва апелляция шикояти (протести) бўйича ишни кўришга ёхуд ишни ҳукм чиқарган судга ушбу Кодекс 497-6-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган талабларни бажариш учун юборишга ҳақли.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
473-модда. Ҳукмни эълон қилиш

Суд ҳукмни имзолаганидан кейин суд мажлиси залига қайтиб чиқади ва раислик қилувчи ёки халқ маслаҳатчиси ҳукмнинг қарор қисмини эълон қилади.

Суд мажлиси залида ҳозир бўлганларнинг ҳаммаси, шу жумладан суд таркиби ҳам ҳукмни тик туриб эшитадилар.

Агар ҳукм судланувчи билмайдиган ёки етарлича билмайдиган тилда баён қилинган бўлса, ҳукмнинг қарор қисми эълон қилингандан кейин, мазкур қисм таржимон томонидан судланувчининг она тилида ёки у тушунадиган бошқа тилда ўқиб эшиттирилиши керак.

Раислик қилувчи судланувчига ва бошқа тарафларга ҳукмнинг мазмунини, ҳукм устидан апелляция тартибида шикоят бериш муддати ва тартибини тушунтиради. Башарти судланувчи фавқулодда жазо чораси — умрбод озодликдан маҳрум қилишга ҳукм қилинган бўлса, унга афв этишни сўраб илтимос қилиш ҳуқуқи ҳам тушунтирилади.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
450-модда. Тарафларнинг айбловнинг моҳияти юзасидан таклифлари

Музокара тамом бўлганидан кейин тарафлар ушбу Кодекс 457-моддасининг биринчи қисмидаги 1 — 6-бандларда назарда тутилган масалалар юзасидан чиқариладиган қарорнинг ўзлари таклиф этадиган мазмунини судга ёзма равишда тақдим этишлари мумкин. Давлат айбловчиси ва ҳимоячи учун қарорнинг бундай мазмунини судга тақдим этиш мажбурийдир.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
465-модда. Ҳукмни тузиш

Ушбу Кодекснинг 457 — 459-моддаларида назарда тутилган масалалар ҳал этилганидан сўнг суд ҳукмни тузишга киришади. Судда иш қайси тилда кўрилган бўлса,ҳукм шу тилда, аниқ ва тушунарли ибораларда баён қилинади ва кириш, тавсиф ҳамда қарор қисмларидан иборат бўлади.

Ҳукм уни чиқаришда қатнашган судьялардан бири ёки ҳукмни якка ўзи чиқарган судья томонидан қўлда ёки техник воситалардан фойдаланган ҳолда ёзилиши лозим. Ҳукмга киритилган тузатишлар ҳукм эълон қилинишидан олдин изоҳланиши ва судьянинг (судьяларнинг) имзоси билан тасдиқланиши лозим.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
458-модда. Судланувчининг руҳий ҳолати бузилганлиги ва ақли норасолиги масаласини муҳокама қилиш

Суриштирув, дастлабки тергов ёки суд муҳокамаси вақтида судланувчининг руҳий ҳолати бузилганлиги ва ақли норасолиги ҳақидаги масала юзага келган ҳолларда суд ҳукм чиқариш чоғида бу масалани яна бир бор муҳокама қилиши шарт. Суд судланувчи ижтимоий хавфли қилмишни содир этиш вақтида ақли норасолик ҳолатда бўлган ёки уни содир этганидан кейин ўз ҳаракатларининг аҳамиятини англай олмайдиган ёки уларни бошқара олмайдиган даражада руҳий ҳолатининг бузилиши юзага келган деб топган тақдирда, ушбу Кодекснинг 577-моддасида назарда тутилган ажримни чиқаради.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
497-12-модда. Ишни апелляция инстанцияси судига юбориш тўғрисида хабар бериш
Биринчи инстанция суди жиноят иши апелляция инстанцияси судига юборилганлиги тўғрисида ушбу Кодекснинг 497-2-моддасида кўрсатилган шахсларни хабардор қилади.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
СУДИДА ИШ ЮРИТИШ
464-модда. Оқлов ҳукмини чиқариш асослари

Оқлов ҳукми қуйидаги ҳолларда чиқарилади, башарти:
1) жиноий ҳодиса юз бермаган бўлса;
2) судланувчи содир этган қилмишда жиноят таркиби бўлмаса;
3) жиноят содир этилишига судланувчи дахлдор бўлмаса.

Жиноят бошқа шахс томонидан содир этилганлиги аниқланса, шунингдек судланувчига қўйилган айблов иш ҳолатлари батафсил текширилгандан кейин ишонарли тарзда ўз тасдиғини топмаса, суд ушбу модда биринчи қисмининг 3-бандида назарда тутилган асосга кўра судланувчини оқлайди.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
474-модда. Судланувчини қамоқдан ёки уй қамоғидан озод қилиш

Судланувчи оқланганда, шунингдек жазо тайинланмасдан ёки жазодан озод қилиб ёхуд шартли равишда озодликдан маҳрум этиб ёки озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлаб айблов ҳукми чиқарилганда, худди шунингдек судланувчи дастлабки қамоқда ёхуд уй қамоғида бўлган вақтдан ортиқ бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш ёки озодликни чеклаш жазоси тайинланганда, қамоқда ёхуд уй қамоғида сақланаётган судланувчи бевосита суд мажлиси залининг ўзида дарҳол озод қилиниши лозим.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz