JPK | O‘zbekiston Respublikasi
4.66K subscribers
12 photos
1 video
12 links
Download Telegram
460-модда. Судьяларнинг маслаҳатлашув тартиби

Иш суд таркиби томонидан кўрилаётган бўлса, ҳукм чиқариш олдидан раислик қилувчи бошчилигида судьяларнинг маслаҳатлашуви ўтказилиб, раислик қилувчи суд ҳал қилиши лозим бўлган саволларни ушбу Кодекснинг 457-моддасида кўрсатилган изчилликда қўяди. Ҳар бир савол шундай шаклда қўйилиши керакки, токи бу саволга маъқулловчи, ёки рад этувчи жавоб қайтариладиган бўлсин. Жавоб қайтарганидан сўнг судья жавобнинг сабаб-асосларини ифодалаши мумкин.

Ҳар бир саволни ҳал қилишда судьялардан ҳеч бири овоз беришда бетараф қолишга ҳақли эмас. Барча масалалар овозларнинг оддий кўпчилиги билан ҳал қилинади. Раислик қилувчи ҳаммадан кейин овоз беради.

Биринчи навбатда судланувчининг манфаатига тўлароқ мос келадиган фикр овозга қўйилади. Башарти оқлаш тўғрисида овоз берган судья ёки судьялар озчиликни ташкил қилиб, бошқа судьялар эса жиноятнинг тавсифи ёки жазо чораси тўғрисида ҳар хил фикрда бўлсалар, оқлаш учун берилган овоз ёки овозлар Жиноят кодексининг енгилроқ жазо чорасини назарда тутган тегишли моддаси бўйича тавсиф қилиш учун берилган овозга қўшилади.

Ишни судья кўраётган бўлса, ушбу Кодекснинг 457 — 459-моддаларида кўрсатилган масалаларни якка ўзи ҳал қилади.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
468-модда. Айблов ҳукмининг қарор қисми

Айблов ҳукмининг қарор қисмида:
1) судланувчининг фамилияси, исми ва отасининг исми;
2) судланувчининг жиноят содир этганликда айбли деб топилганлиги тўғрисидаги қарор;
3) Жиноят кодексининг судланувчининг айбли деб эътироф этилишига асос бўлган моддаси (модданинг қисми, банди), шунингдек судланувчининг ўта хавфли рецидивист деб топилганлиги, башарти суд шундай қарор қабул қилган бўлса;
4) судланувчи айбли деб топилган ҳар бир жинояти учун тайинланган жазо тури ва меъёри; Жиноят кодексининг моддаларига мувофиқ узил-кесил тайинланган ва ўталиши лозим бўлган жазо чораси; озодликдан маҳрум этилган шахснинг жазо муддатини ўташи лозим бўлган тегишли тартибли колония тури;
4-1) озодликни чеклаш тариқасидаги жазога ҳукм этилган шахс учун белгиланадиган тақиқлар (чеклашлар);
5) судланувчи шартли равишда ҳукм қилинган бўлса, синов муддати ва маҳкумнинг устидан кузатув олиб бориш вазифаси юклатилган жамоа ёки шахс;
6) ушлаб турилган ёки қамоқда ёхуд уй қамоғида сақланган вақтни жазо тайинлашда жазо муддати ҳисобига киритиш тўғрисидаги қарор;
7) ҳукм қонуний кучга киргунига қадар судланувчига нисбатан эҳтиёт чорасига доир қарор;
8) маҳкумнинг зиммасига юклатилган мажбуриятлар;
9) ушбу Кодекснинг 533-моддасида назарда тутилган асослар аниқланган ҳолларда ҳукмнинг ижросини кечиктириш тўғрисидаги қарор кўрсатилади.
Башарти судланувчига Жиноят кодексининг бир неча моддаси билан айблов қўйилган бўлса, ҳукмнинг қарор қисмида судланувчи қайси моддалар бўйича оқланганлиги ва қайси моддалар бўйича ҳукм қилинганлиги кўрсатилиши лозим.
Судланувчи жазони ўташдан озод қилинган бўлса, бу ҳақда ҳукмнинг қарор қисмида кўрсатилади.
Барча ҳолларда тайинланган жазо шундай ифодаланиши лозимки, токи ҳукмни ижро этишда суд тайинлаган жазо тури ва меъёри хусусида ҳеч қандай шубҳа туғилмасин.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
439-модда. Суд терговининг бошланиши

Раислик қилувчи суд тергови бошланиши тўғрисида эълон қилади. Суд тергови айблов хулосасининг хулоса қисмида баён этилган, судланувчига қўйилган айбловни ёхуд айблов далолатномасида баён этилган айбловнинг мазмунини давлат айбловчиси томонидан ўқиб эшиттиришдан бошланади. Раислик қилувчи судланувчидан айбловнинг моҳияти унга тушунарли ёки тушунарсиз эканлигини ва ўз айбига иқрорлиги ёки иқрор эмаслигини сўрайди.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
462-модда. Ҳукм турлари

Суд айблов ёки оқлов ҳукми чиқариши мумкин. Судланувчига нисбатан қандай турда ҳукм чиқариш масаласини ҳал қилиш вақтида суд ушбу Кодекснинг 23-моддасида назарда тутилган айбсизлик презумпцияси принципи талабларига амал қилиши шарт.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
53-боб. ТАРАФЛАРНИНГ МУЗОКАРАСИ ВА СУДЛАНУВЧИНИНГ ОХИРГИ СЎЗИ

449-модда. Тарафлар музокарасининг мазмуни ва тартиби

Суд тергови тамомланганидан сўнг суд тарафларнинг музокарасини эшитишга ўтади. Музокара давлат айбловчиси ва жамоат айбловчисининг нутқлари билан бошланади. Сўнгра жабрланувчи, фуқаровий даъвогар ёки уларнинг вакиллари, ҳимоячи ва жамоат ҳимоячиси, судланувчи, фуқаровий жавобгар ёки унинг вакили сўзга чиқади.

Давлат айбловчиси ва жамоат айбловчисининг, шунингдек ҳимоячи ва жамоат ҳимоячисининг сўзга чиқиш навбатини суд уларнинг таклифларини инобатга олган ҳолда белгилайди.

Тарафлар ўзларининг нутқларида суд терговида кўриб чиқилмаган далилларни келтиришга ҳақли эмас. Текшириш учун судга янги далилларни тақдим этиш лозим бўлса, тарафлар суд терговини янгидан бошлаш тўғрисида илтимос қилишлари мумкин.

Давлат айбловчиси суд терговининг якунларини инобатга олиб, ўз нутқида судланувчининг айблилиги ёки айбли эмаслиги тўғрисидаги хулосасини асослантириши лозим. Давлат айбловчиси судланувчи айбли деган хулосага келганда, унга нисбатан қўлланилиши лозим бўлган жазо тури ва меъёри ҳақида судга ўз фикрини баён қилади.

Тарафлар нутқ сўзлаб бўлганларидан кейин, улардан ҳар бири бошқа тарафнинг нутқларида айтилган масалалар юзасидан эътирозлар ёки мулоҳазалар билан яна бир мартадан сўзга чиқишлари мумкин. Сўнгги эътироз билдириш ҳуқуқи ҳамиша ҳимоячи ва судланувчига берилади.

Суд тарафларнинг музокарасини муайян муддат билан чеклаб қўйиши мумкин эмас, лекин раислик қилувчи музокарада иштирок этаётган шахсларнинг нутқларини, башарти улар кўрилаётган ишга дахли йўқ ҳолатларга тааллуқли бўлса, тўхтатиб қўйишга ҳақлидир.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
441-модда. Гувоҳнинг қасамёди ва уни жавобгарлик тўғрисида огоҳлантириш

Гувоҳни сўроқ қилишдан олдин раислик қилувчи унинг шахсини аниқлайди ва кўрсатув беришдан бош тортганлик ёки била туриб ёлғон кўрсатув берганлик учун жавобгарлик тўғрисида огоҳлантиради. Сўнгра раислик қилувчи гувоҳга барчанинг олдида ошкора равишда қуйидаги мазмунда қасамёд қилишни таклиф этади: «Иш юзасидан ўзимга маълум бўлган ҳамма нарсани судга айтиб беришга қасамёд қиламан. Фақат ҳақиқатни, барча ҳақиқатни гапириб бераман, ҳақиқатдан ўзга нарсани гапирмайман». Қасамёд матни гувоҳга унинг мажбурияти ва жавобгарлиги тушунтирилгани ҳақидаги гувоҳнинг тилхати билан биргаликда суд мажлисининг баённомасига илова қилинади.

Ўн олти ёшга тўлмаган гувоҳга ҳам ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ошкора қасамёд қилиш таклиф қилинади, лекин кўрсатув беришдан бош тортгани ёки била туриб ёлғон кўрсатув бергани учун жавобгарлик тўғрисида огоҳлантирилмайди ва ундан тилхат олинмайди.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
477-модда. Маҳкум билан учрашишга ижозат бериш

Ҳукм эълон қилинганидан кейин раислик қилувчи ёки суд раиси қамоқда сақланаётган маҳкумнинг яқин қариндошлари ёки унинг ҳимоячиси илтимосига кўра у билан учрашиш имкониятини бериши шарт.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
ЎН БИРИНЧИ БЎЛИМ. СУД ҲУКМЛАРИ, АЖРИМЛАРИНИ ҚАЙТА КЎРИБ ЧИҚИШ
55-1-боб. БИРИНЧИ ИНСТАНЦИЯ СУДИНИНГ ҲУКМИ, АЖРИМИ УСТИДАН АПЕЛЛЯЦИЯ ТАРТИБИДА ШИКОЯТ БЕРИШ (ПРОТЕСТ БИЛДИРИШ)
444-модда. Кўздан кечириш

Суд кўздан кечиришни ушбу Кодекснинг 135 — 141-моддаларида назарда тутилган талабларга ва қуйида белгиланган қоидаларга амал қилган ҳолда ўтказади.

Суд суриштирувда ва дастлабки терговда ишга қўшилган ашёвий далилларни, шунингдек тарафлар ва бошқа шахслар бевосита суд муҳокамасида тақдим этган нарсаларни суд мажлиси залида тарафларнинг иштирокида кўздан кечиради. Суд кўздан кечиришни ўтказишга экспертларни, мутахассисларни, гувоҳларни ҳам жалб этиши мумкин.

Суд жой, бинолар, иншоотлар, хоналарни, шунингдек суд мажлиси залига келтириб бўлмайдиган транспорт воситалари ва бошқа объектларни улар турган жойга бориб ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган шахслар иштирокида кўздан кечиради.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
497-3-модда. Ҳукмлар устидан апелляция тартибида шикоят бериш ва протест билдириш тартиби

Қонуний кучга кирмаган ҳукмлар устидан апелляция тартибида қуйидагича шикоят берилиши ва протест билдирилиши мумкин:
1) жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судларининг ҳукми устидан — Қорақалпоғистон Республикаси судига, вилоятлар, Тошкент шаҳар судига;
2) ҳудудий ҳарбий судларнинг ҳукми устидан — Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судига;
3) Қорақалпоғистон Республикаси судининг, вилоят, Тошкент шаҳар судининг, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг ҳукми устидан — Ўзбекистон Республикаси Олий судига;
4) Ўзбекистон Республикаси Олий судининг ҳукми устидан — мазкур суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига.
Апелляция шикоятлари ва протестлари ҳукм чиқарган суд орқали берилади. Шикоят ёки протест бевосита апелляция инстанцияси судига берилган тақдирда, суд уларни ҳукм чиқарган судга ушбу Кодекснинг 497-6-моддасида баён этилган талабларни бажариш учун юборади.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
472-модда. Ҳукмнинг имзоланиши ва судьянинг алоҳида фикри

Ҳукм судья томонидан чиқарилган бўлса, уни судьянинг якка ўзи, суд таркиби томонидан чиқарилган бўлса, судьяларнинг ҳаммаси имзолайди. Овоз бериш вақтида озчиликни ташкил қилган судья ҳукмга имзо қўйиб, ўзининг алоҳида фикрини ёзма равишда баён қилишга ҳақлидир. Бу фикрни у бевосита маслаҳатхонада ёзиши лозим. Алоҳида фикр ишга илова қилинади, лекин суд мажлисининг залида эълон қилиниши мумкин эмас.
Агар алоҳида фикр мавжуд бўлган иш апелляция тартибида кўрилмаган бўлса, ҳукм қонуний кучга киргандан кейин иш уни белгиланган тартибда кўриб чиқиш масаласини ҳал этиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий судига юборилиши лозим.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
455-модда. Ҳукмнинг қонуний, асосли ва адолатли бўлиши

Ҳукм қонуний, асосли ва адолатли бўлиши шарт.

Ҳукм қонуннинг барча талабларига амал қилинган ҳолда ва қонун асосида чиқарилган бўлса, қонуний деб эътироф этилади.

Ҳукм ишнинг ҳақиқий ҳолатлари унда кераклигича тўла ва юз берганига ҳақиқатан монанд тарзда аниқланган бўлса, асосли деб эътироф этилади.

Ҳукм айбдорга нисбатан жазо ёки бошқа таъсир чораси у содир этган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражаси ва унинг шахси эътиборга олиниб тайинланган бўлса, айбсиз шахс эса оқланган ва реабилитация этилган бўлса, адолатли деб эътироф этилади.

Суд ҳукмни фақат суд муҳокамасида текширилган далиллар билан асослайди.

Суднинг ҳукмда ифодаланган барча хулосалари асослантирилган бўлиши лозим.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
475-модда. Ҳукмнинг нусхасини маҳкумга ва оқланган шахсга бериш

Ҳукм эълон қилинганидан кейин уч суткадан кечиктирилмай, ҳажми катта бўлган тақдирда эса, ўн суткадан кечиктирилмай, унинг нусхаси маҳкумга ва оқланган шахсга берилиши лозим. Бошқа тарафларга ҳукм нусхаси ёки унинг кўчирмаси шу муддатда, уларнинг илтимосларига асосан берилади.

Агар маҳкум қамоқда сақланаётган бўлса, ҳукмнинг кўчирма нусхаси унга қамоқда сақлаш жойининг маъмурияти томонидан ҳукм келиб тушган куни тилхат олиб топширилади, тилхат кўчирма нусха топширилган сана ва вақт кўрсатилган ҳолда судга тақдим этилади.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
459-модда. Шартли ҳукм қилинган шахс устидан кузатув олиб бориш масаласини муҳокама қилиш

Шартли ҳукм қўлланилганда суд шартли ҳукм қилинган шахс устидан кузатув олиб боришни кимга юклатиш лозимлигини ҳал қилади.

Шартли ҳукм қилиш тўғрисида жамоат бирлашмаси ёки жамоанинг илтимосномаси бўлса, суд шартли ҳукм қилинган шахснинг хулқ-атворини кузатиш учун уни шу бирлашма ёки жамоага топшириши мумкин.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
451-модда. Судланувчининг охирги сўзи

Тарафларнинг музокараси тамом бўлганидан кейин раислик қилувчи судланувчига охирги сўз беради. Судланувчининг охирги сўзи вақтида унга ҳеч қандай савол беришга йўл қўйилмайди.

Суд судланувчининг охирги сўзини муайян муддат билан чеклаб қўйиши мумкин эмас, лекин раислик қилувчи судланувчининг сўзини, у ишга мутлақо алоқаси йўқ ҳолатларни баён қила бошлаган ҳолларда, тўхтатишга ҳақлидир.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
497-1-модда. Апелляция тартибида шикоят бериладиган ва протест билдириладиган қарорлар

Биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирмаган ҳукмлари устидан апелляция тартибида шикоят бериш ёки протест билдириш мумкин.

Биринчи инстанция судининг суд муҳокамаси вақтида чиқарилган ажрими устидан апелляция тартибида шикоят бериш ва протест билдириш ҳукм устидан шундай ҳаракатларни содир этиш билан бир пайтнинг ўзида амалга оширилиши мумкин.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
470-модда. Оқлов ҳукмининг қарор қисми

Оқлов ҳукмининг қарор қисмида:
1) судланувчининг исми, отасининг исми ва фамилияси;
2) судланувчини жиноят содир этилишида айбсиз деб эътироф этиш ва уни оқлаш тўғрисидаги қарор;
3) судланувчига нисбатан қўлланилган эҳтиёт чорасини бекор қилиш тўғрисидаги қарор; башарти эҳтиёт чораси сифатида у қамоқда ёки уй қамоғида сақланаётган бўлса, оқланган шахсни дарҳол, суд мажлиси залининг ўзида озод қилиш тўғрисидаги қарор;
4) қўзғатилган фуқаровий даъвони қаноатлантириш рад этилган бўлса, даъвони таъминлаш учун кўрилган чораларни бекор қилиш тўғрисидаги қарор;
6) оқланган шахснинг унга етказилган мулкий зиённи қоплаш ҳамда маънавий ва бошқа зиён оқибатларини ушбу Кодекснинг 304 — 313-моддаларида назарда тутилган тартибда бартараф қилиш ҳуқуқини эътироф этиш.

Судланувчи содир этилган жиноятга дахлдор эмаслиги сабабли оқланган тақдирда, оқлов ҳукмининг қарор қисмида жиноят содир этган шахсларни аниқлаш ва уларни жиноий жавобгарликка тортиш учун иш прокурорга юборилиши кўрсатилади.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
446-модда. Экспертиза

Суд терговида экспертиза ушбу Кодекснинг 172 — 187-моддаларида назарда тутилган талабларга ва қуйида белгиланган қоидаларга амал қилган ҳолда тайинланади ва ўтказилади.

Суд мажлисида экспертизани илгари судгача иш юритиш босқичида хулоса берган экспертлар ёки суд тайинлаган янги экспертлар ёхуд ҳам илгариги, ҳам кейин тайинланган экспертлар биргаликда ўтказади.

Тарафлардан бирортасининг илтимоси бўйича ёки ўз ташаббуси билан суд экспертиза тайинлаш тўғрисида ажрим чиқаради ва уни суд мажлисида ўқиб эшиттиради. Ажримда экспертиза ўтказиш топширилган шахс ёки экспертиза муассасаси кўрсатилади ва эксперт олдига саволлар қўйилади. Бунда суд тарафларга уларнинг экспертни рад этиш, тараф кўрсатган қўшимча шахсни экспертлар сафига киритиш, эксперт олдига қўшимча саволлар қўйиш, экспертизани тарафларнинг иштирокида ўтказиш тўғрисида илтимослар қилиш, шунингдек экспертиза давомида изоҳот бериб бориш ҳуқуқига эга эканликларини тушунтиради.

Илтимослар ёки экспертни рад қилиш тўғрисидаги арзларни суд ушбу Кодекснинг 80-моддасида назарда тутилган қоидаларга мувофиқ ҳолда кўриб чиқади.

Суд терговида эксперт сўроқ қилинаётган шахсларга саволлар беришга, ёзма далиллар, тергов ҳаракатларининг баённомалари, бошқа экспертларнинг хулосалари билан танишишга, кўздан кечиришлар, экспериментларда ва экспертиза предметига оид суднинг бошқа ҳаракатларида иштирок этишга ҳақлидир.

Суд тергови давомида экспертнинг олдига қўшимча саволлар қўйилиши мумкин.

Экспертиза предметига оид ҳолатлар текшируви тугаллангач, суд хулоса тайёрлаш учун экспертга муҳлат беради. Башарти бунинг учун лаборатория тадқиқотлари ўтказиш лозим бўлса, суд экспертга тегишли объектларни беради.

Эксперт ўз хулосасини суд мажлисида ўқиб эшиттиради. Хулоса суд мажлисининг баённомасига илова қилинади.

Эксперт хулоса берганидан сўнг, хулосада баён қилинган ҳолатлар бўйича у суд мажлисида сўроқ қилиниши мумкин.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
497-4-модда. Ҳукм устидан апелляция шикоятлари ва протестлари бериш муддати

Апелляция шикояти ва протестлари ҳукм эълон қилинган кундан эътиборан йигирма сутка ичида, маҳкум, оқланган шахс, жабрланувчи томонидан эса уларга ҳукмнинг кўчирма нусхаси топширилган кундан эътиборан шу муддат ичида берилиши мумкин.

Ҳукм устидан шикоят ва протест бериш учун белгиланган муддат ичида иш суддан талаб қилиб олиниши мумкин эмас. Тарафлар шу вақт мобайнида иш билан суд биносида танишишга ҳақли.

Белгиланган муддат ўтгандан кейин берилган шикоят ёки протест оқибатсиз қолдирилади, бу ҳақда уларни берган шахсларга хабар қилинади.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
476-модда. Ҳукм чиқариш билан бир вақтда суд томонидан ҳал қилинадиган бошқа масалалар

Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахснинг вояга етмаган болалари, қари ота-оналари, қарамоғида бошқа шахслар бўлса ва улар қаровсиз ҳамда ёрдамсиз қолаётган бўлса, суд айблов ҳукмини чиқариш билан бир вақтда уларни қариндошлари ёки бошқа шахсларнинг ва муассасаларнинг васийлигига ёки ҳомийлигига топшириш тўғрисида, маҳкумнинг қаровсиз қолаётган мол-мулки ёки уй-жойи бўлса, уларни қўриқлаб туриш чораларини кўриш тўғрисида ажрим чиқаради.

Ушбу Кодекснинг 50-моддасида кўрсатилган тартибда тайинланган адвокат ишда ҳимоячи бўлиб қатнашган ҳолларда суд адвокатлар бюроси, ҳайъати ёки фирмаси раҳбарининг илтимосномаси бўлган тақдирда ажрим чиқариб, унда адвокатлар бюроси, ҳайъати ёки фирмаси фойдасига маҳкумдан ҳақ ундириш ва бу ҳақнинг миқдори тўғрисидаги масалани ҳал қилади.

Ушбу Кодекснинг 298 ва 300-моддаларида назарда тутилган асослар мавжуд бўлган тақдирда, шунингдек тегишли мансабдор шахсларнинг эътиборини суриштирув ва дастлабки тергов ўтказишда йўл қўйилган камчиликларга жалб қилиш зарур бўлганда суд ҳукм чиқариш билан бир вақтда хусусий ажрим ҳам чиқаради.

Ушбу моддада кўрсатилган барча процессуал қарорлар суд мажлисининг залида ҳукм эълон қилинганидан кейин ўқиб эшиттирилиши лозим.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz