JPK | O‘zbekiston Respublikasi
4.67K subscribers
12 photos
1 video
12 links
Download Telegram
5-боб. ЖИНОЯТ ПРОЦЕССИДА ЎЗ МАНФААТЛАРИНИ ҲИМОЯ ҚИЛАДИГАН ШАХСЛАР. ҲИМОЯЧИЛАР ВА ВАКИЛЛАР
45-модда. Айбланувчи

Айбланувчи ушбу Кодексда белгиланган тартибда айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилиниши ҳақида қарор чиқарилган шахсдир.

Айбланувчи судда судланувчи деб, ҳукм чиқарилганидан кейин эса, маҳкум ёки оқланган деб аталади.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
46-модда. Айбланувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Айбланувчи: ўзининг нимада айбланаётганлигини билиш; қамоққа олинганлиги ва турган жойи тўғрисида адвокатга ёки яқин қариндошига телефон орқали қўнғироқ қилиш ёхуд хабар бериш; ҳимоячига эга бўлиш ҳамда учрашувларнинг сони ва давом этиш вақти чекланмаган ҳолда у билан холи учрашиш, ушбу Кодекс 230-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно; ўзига қўйилган айблов юзасидан ҳамда ишнинг бошқа ҳар қандай ҳолатлари бўйича кўрсатувлар бериш ёхуд кўрсатувлар беришдан бош тортиш ва кўрсатувларидан жиноят ишига доир далиллар сифатида унинг ўзига қарши фойдаланилиши мумкинлиги ҳақида хабардор бўлиш; ўз она тилидан ҳамда таржимон хизматидан фойдаланиш; ўзининг ҳимояланиш ҳуқуқини шахсан ўзи амалга ошириш; илтимоснома бериш ва рад қилиш; далиллар тақдим этиш; суриштирувчи ёки терговчининг рухсати билан тергов ҳаракатларида иштирок этиш; суриштирув ёки дастлабки тергов тамом бўлганидан сўнг ишнинг барча материаллари билан танишиб чиқиш ҳамда ундан зарур маълумотларни ёзиб олиш, материаллар ва ҳужжатлардан техника воситалари ёрдамида ўз ҳисобидан кўчирма нусхалар олиш ёки улардаги маълумотларни ўзга шаклда қайд этиш; жиноят ишининг суриштирувчи, терговчи ёки прокурор томонидан тугатилганлигига қарши эътироз билдириш ҳамда суд муҳокамаси ўтказилишини талаб қилиш; суд томонидан иш бўйича дастлабки эшитув ўтказилаётганда иштирок этиш, ярашув тўғрисидаги, амнистия актини қўллаш ҳақидаги ишлар бўйича, биринчи инстанция ва апелляция инстанцияси судининг мажлисларида, суднинг рухсати билан эса, кассация инстанцияси судининг мажлисларида иштирок этиш; суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суднинг ҳаракатлари ҳамда қарорлари устидан шикоятлар бериш; суд мажлисининг баённомаси билан танишиш ҳамда у ҳақда ўз мулоҳазаларини билдириш; иш бўйича келтирилган протестлар, апелляция, кассация шикоятларидан хабардор бўлиш ва уларга нисбатан эътирозлар билдириш ҳуқуқига эга.

Судланувчи охирги сўз билан чиқиш ҳуқуқига эга.

Айбланувчи: суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суднинг чақирувига биноан ҳозир бўлиши; суриштирув, дастлабки тергов ва суд муҳокамасида иштирок этишдан бош тортмаслиги; ҳақиқатни аниқлашга далилларни йўқ қилиш, сохталаштириш, гувоҳларни кўндиришга уриниш ва бошқа қонунга хилоф ҳаракатлар билан тўсқинлик қилмаслиги; ўзига нисбатан танланган эҳтиёт чорасидан келиб чиқадиган талабларни бажариши; гувоҳлантириш, эксперт текшируви учун намуналар олиш, экспертиза ўтказиш учун тиббий муассасага жойлаштириш ҳақидаги суриштирувчи, терговчи, прокурорнинг қарорлари ва суднинг ажримлари ҳамда ушбу Кодексда назарда тутилган бошқа процессуал қарорлар ижро этилишига тўсқинлик қилмаслиги; ишнинг тергови ва суд мажлиси вақтида тартибга риоя этиши шарт.

Айбланувчи зиммасига кўрсатув бериш, шунингдек ўзининг айбдор эмаслигини ёки ишнинг бошқа бирор ҳолатларини исботлаш мажбурияти юкланиши мумкин эмас.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
47-модда. Гумон қилинувчи

Гумон қилинувчи жиноят содир этгани тўғрисида маълумотлар бор бўлса-да, бу маълумотлар уни ишда айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиш учун етарли бўлмаган шахсдир. Шахсни гумон қилинувчи тариқасида эътироф этиш тўғрисида суриштирувчи, терговчи ёки прокурор қарор чиқаради.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
48-модда. Гумон қилинувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Гумон қилинувчи: ўзининг нимада гумон қилинаётганлигини билиш; ушлаб турилганлиги ва турган жойи тўғрисида адвокатга ёки яқин қариндошига телефон орқали қўнғироқ қилиш ёхуд хабар бериш; у амалда ушланган ёки жиноят жойида ушлаш билан боғлиқ тезкор-қидирув тадбири амалда якунланган ёхуд унинг гумон қилинувчи деб эътироф этилганлиги тўғрисидаги қарор унга маълум қилинган пайтдан бошлаб ҳимоячига эга бўлиш ҳамда учрашувларнинг сони ва давом этиш вақти чекланмаган ҳолда у билан холи учрашиш, ушбу Кодекснинг 230-моддаси иккинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно; ушланганидан кейин йигирма тўрт соатдан кечиктирмай сўроқ қилинишини талаб қилиш; ўзига нисбатан қўйилган гумон хусусида ҳамда ишнинг бошқа ҳар қандай ҳолатлари тўғрисида кўрсатувлар бериш ёхуд кўрсатувлар беришдан бош тортиш ва кўрсатувларидан жиноят ишига доир далиллар сифатида унинг ўзига қарши фойдаланилиши мумкинлиги ҳақида хабардор бўлиш; ўз она тилидан ҳамда таржимон хизматидан фойдаланиш; ўзининг ҳимояланиш ҳуқуқини шахсан ўзи амалга ошириш; илтимоснома бериш ва рад қилиш; далиллар тақдим этиш; суриштирувчи ёки терговчининг рухсати билан тергов ҳаракатларида иштирок этиш; ярашув тўғрисидаги, амнистия актини қўллаш ҳақидаги ишлар бўйича суд мажлисларида иштирок этиш; суриштирувчининг, терговчининг, прокурорнинг ва суднинг ҳаракатлари ҳамда қарорлари устидан шикоятлар бериш ҳуқуқига эга.

Гумон қилинувчи: суриштирувчи, терговчи ва прокурорнинг чақирувига биноан ҳозир бўлиши, суриштирувда ва дастлабки терговда иштирок этишдан бош тортмаслиги; ҳақиқатни аниқлашга далилларни йўқ қилиш, сохталаштириш, гувоҳларни кўндиришга уриниш ва қонунга хилоф бошқа ҳаракатлар билан тўсқинлик қилмаслиги; ўзига нисбатан танланган эҳтиёт чорасидан келиб чиқадиган талабларни бажариши; суриштирувчи, терговчи, прокурорнинг гувоҳлантириш, эксперт текшируви учун намуналар олиш, экспертиза ўтказиш учун тиббий муассасага жойлаштириш тўғрисидаги қарорлари ва ушбу Кодексда назарда тутилган бошқа процессуал қарорлар ижро этилишига тўсқинлик қилмаслиги; ишни тергов қилишда тартибга риоя этиши шарт.

Гумон қилинувчи зиммасига кўрсатув бериш, шунингдек ўзининг жиноятга алоқадор эмаслигини ёки ишнинг бошқа бирор ҳолатларини исботлаш мажбурияти юкланиши мумкин эмас.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
49-модда. Ҳимоячи

Ҳимоячи гумон қилинувчиларнинг, айбланувчиларнинг, судланувчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини қонунда белгиланган тартибда ҳимоя қилишни амалга ошириш ҳамда уларга зарур юридик ёрдам кўрсатиш ваколатига эга бўлган шахсдир.
Ишда ҳимоячилар сифатида адвокатлар иштирок этишлари мумкин. Адвокатнинг ишда иштирок этишига у адвокат гувоҳномасини кўрсатганидан ва муайян ишни юритишга ваколатли эканлигини тасдиқловчи ордерни тақдим этганидан кейин йўл қўйилади.

Гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг яқин қариндошлари ёки қонуний вакилларидан бирининг адвокат билан бир қаторда ҳимоячи сифатида иштирок этишига гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг илтимосномаси бўйича суриштирувчининг, терговчининг қарори ёки суд ажримига биноан йўл қўйилиши мумкин.

Ҳимоячининг ишда иштирок этишига жиноят процессининг ҳар қандай босқичида, шахс ушланганида эса унинг ҳаракатланиш эркинлигига бўлган ҳуқуқи амалда чекланган пайтдан бошлаб рухсат этилади.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
50-модда. Ҳимоячини таклиф этиш

Ҳимоячи гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи, уларнинг қонуний вакиллари, шунингдек гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг илтимоси ёки розилиги билан бошқа шахслар томонидан таклиф этилади.

Гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг илтимосига кўра суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суд ишда ҳимоячининг иштирок этишини таъминлайди.

Танланган ҳимоячининг йигирма тўрт соат ичида ишда иштирок этишга киришишга имконияти бўлмаган ҳолларда, суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суд гумон қилинувчига, айбланувчига, судланувчига ёхуд уларнинг қариндошларига бошқа ҳимоячини таклиф этишни ёки ҳимоячи тайинлашни сўраб Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармаси томонидан белгиланадиган адвокатлик тузилмаларига мурожаат қилишни тавсия этади. Гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи танлаган ҳимоячи исталган вақтда ишда иштирок этишга киришишга ҳақлидир.

Ишни юритаётган суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суд гумон қилинувчини, айбланувчини, судланувчини юридик ёрдам учун тўловдан батамом ёки қисман озод этишга ҳақлидир. Бундай ҳолларда адвокат меҳнатига ҳақ тўлаш харажатлари Вазирлар Маҳкамаси белгилайдиган тартибда давлат ҳисобидан бўлади.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
51-модда. Ҳимоячи иштирок этиши шарт бўлган ҳоллар

Қуйидаги ишлар бўйича:
1) вояга етмаганларнинг иши бўйича;
2) соқовлар, карлар, кўрлар, жисмоний нуқсони ёки руҳий ҳолати бузилганлиги сабабли ўзини ўзи ҳимоя қилиш ҳуқуқини амалга оширишга қийналадиган бошқа шахсларнинг иши бўйича;
3) судлов иши олиб борилаётган тилни билмайдиган шахсларнинг иши бўйича;
4) жазо чораси сифатида умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин бўлган жиноятларни содир этишда гумон қилинаётган ёки айбланаётган шахсларнинг иши бўйича;
5) шахсларнинг манфаатлари ўзаро қарама-қарши бўлиб, улардан ақалли бири ҳимоячига эга бўлган ишлар бўйича;
6) давлат айбловчиси ёки жамоат айбловчиси иштирок этаётган ишлар бўйича;
7) жабрланувчининг вакили сифатида адвокат иштирок этаётган ишларда;
8) тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш тўғрисидаги ишларда;
8.1) суд томонидан дастлабки эшитув ўтказилаётган ишларда;
8.2) ўта оғир жиноят содир этганликда гумон қилинаётган ёки айбланаётган шахсларга оид ишлар бўйича;
8.3) шахсга нисбатан қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш, шунингдек қамоқда сақлаш, уй қамоғи муддатини узайтириш масаласи кўриб чиқилаётганда;
8.4) айбига иқрорлик тўғрисида келишув тузилган ишлар бўйича;
9) апелляция ва кассация инстанцияси суди томонидан кўриладиган ишларда ҳимоячининг иштирок этиши шарт.
Суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суд ишнинг мураккаблиги ва бошқа ҳолатлари туфайли гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўз ҳуқуқларини амалга оширишда қийналиши мумкин деган хулосага келса, бошқа ишлар бўйича ҳам ҳимоячининг иштирок этишини шарт деб топишга ҳақлидир.
Агар ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида кўрсатилган ҳолларда гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг илтимосига кўра ёхуд уларнинг розилиги билан бошқа шахслар томонидан ҳимоячи таклиф қилинмаган бўлса, Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармаси томонидан белгиланадиган адвокатлик тузилмаси раҳбари суриштирувчининг, терговчининг, прокурорнинг ҳимоячи тайинлаш тўғрисидаги қарори ёки суднинг ажримига биноан қарор ёҳуд ажрим Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармасига келиб тушган пайтдан эътиборан тўрт соатдан кечиктирмай жиноят иши бўйича ҳимоячининг иштирокини таъминлаши шарт.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
52-модда. Ҳимоячидан воз кечиш

Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи иш юритишнинг исталган пайтида ҳимоячидан воз кечишга ҳақлидир. Бундай воз кечишга фақат гумон қилинувчининг, айбланувчининг ёки судланувчининг ташаббуси билан ва ҳимоячининг ишда иштирок этишига суриштирувчи, терговчи ёки суд томонидан адвокат таклиф этиш орқали таъминланадиган реал имконият мавжуд бўлгандагина йўл қўйилади, бунда адвокат ўз ҳимояси остидаги шахс билан холи учрашганидан кейин ҳимоядан воз кечилганлигини тасдиқлайди. Ҳимоячидан воз кечиш жараёни видеоёзув орқали қайд этилиши шарт. Ҳимоячидан воз кечганлик ҳақида гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи, шунингдек адвокат, суриштирувчи ёки терговчи томонидан имзоланадиган баённома тузилади ёхуд суд мажлиси баённомасига ёзиб қўйилади. Видеоёзув материаллари баённомага илова қилинади. Бунда ҳимоячининг ҳимоя остидаги шахс билан холи учрашиши видеоёзув орқали қайд этилмайди.

Ушбу Кодекс 51-моддаси биринчи қисмининг 1 — 4, 8, 83, 84 ва 9-бандларида назарда тутилган ҳолларда ҳимоячидан воз кечишга йўл қўйилмайди.

Ҳимоячидан воз кечиш гумон қилинувчини, айбланувчини ёки судланувчини кейинчалик ишда ҳимоячи иштирок этишига рухсат бериш ҳақида илтимос қилиш ҳуқуқидан маҳрум қилмайди. Бундай илтимос барча ҳолларда қаноатлантирилиши керак. Суд тергови давомида ҳимоячининг иштирок этиши ҳақида берилган илтимоснома ишнинг ҳолатларини ҳисобга олиб ва судланувчига ҳимоя ҳуқуқини таъминлаш манфаатларини кўзлаб суд томонидан ҳал этилади. Ҳимоячининг суд мажлиси давомида ишга киришиши суд терговини қайта бошлаш учун асос бўлмайди.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
53-модда. Ҳимоячининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Ҳимоячи: манфаатларини ҳимоя қилаётган шахснинг нимада гумон қилинаётганлиги ёки айбланаётганлигини билиш; адвокатлик гувоҳномасини кўрсатганидан ва муайян ишни юритишга ваколатли эканлигини тасдиқловчи ордерни тақдим этганидан сўнг ишда иштирок этиш; гумон қилинувчи сўроқ қилинаётганда иштирок этиш, шахсга айблов эълон қилинаётганда ҳозир бўлиш ҳамда айбланувчи сўроқ қилинаётганда, шунингдек уларнинг иштирокида ўтказиладиган бошқа тергов ҳаракатларида иштирок этиш ва гумон қилинувчиларга, айбланувчиларга, гувоҳларга, экспертларга, мутахассисларга саволлар бериш; бошқа тергов ҳаракатлари юргизилаётганда суриштирувчи ёки терговчининг рухсати билан иштирок этиш; ўзи иштирок этган тергов ҳаракатининг юритилиши хусусида ёзма мулоҳазалар бериш; илтимоснома бериш ва рад этиш; ушбу Кодекс 87-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ далилларни тўплаш ва тақдим этиш; гумон қилинувчи ёки айбланувчи иштирокида ўтказилган процессуал ҳаракатларга оид ҳужжатлар билан, суриштирув ёки дастлабки тергов тамом бўлганидан кейин эса жиноят ишининг барча материаллари билан танишиш ҳамда ундан зарур маълумотларни ёзиб олиш, материаллар ва ҳужжатлардан техника воситалари ёрдамида ўз ҳисобидан кўчирма нусхалар олиш ёки уларда кўрсатилган маълумотларни ўзга шаклда қайд этиш; агар ҳимояни амалга ошириш учун зарур бўлса, давлат сирлари, тижорат сири ёки бошқа сирни ўз ичига олган ахборот билан қонунчиликда назарда тутилган тартибда танишиш; суд томонидан иш бўйича дастлабки эшитув ўтказилаётганда ва суд муҳокамасида тараф сифатида иштирок этиш; суриштирувчининг, терговчининг, прокурорнинг ва суднинг ҳаракатлари ҳамда қарорлари устидан шикоятлар келтириш; суд мажлисининг баённомаси билан танишиш ва бу ҳақда ўз мулоҳазаларини билдириш; иш бўйича келтирилган шикоятлар, протестлар тўғрисида билиш ҳамда уларга нисбатан эътирозлар билдириш; апелляция, кассация инстанцияси суди мажлисларида иштирок этиш ҳуқуқига эга.

Агар гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи қамоқда сақланаётган ёки уй қамоғида бўлса, ҳимоячи у билан жиноят ишини юритишга масъул бўлган давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг рухсатисиз, учрашувларнинг сони ва давом этиш вақти чекланмаган ҳолда холи учрашишга ҳақли.

Ҳимоячи ўз вазифасини амалга ошириши муносабати билан билган маълумотларни ошкор қилишга ҳақли эмас.

Ҳимоячи: гумонни ёки айбловни рад этадиган ёхуд жавобгарликни енгиллаштирадиган ҳолатларни аниқлаш учун қонунда назарда тутилган барча восита ва усулларни қўллаши ҳамда гумон қилинувчига, айбланувчига ёки судланувчига зарур юридик ёрдам кўрсатиши; ҳақиқатни аниқлашга далилларни йўқ қилиш, сохталаштириш, гувоҳларни кўндиришга уриниш ва қонунга хилоф бошқа ҳаракатлар билан тўсқинлик қилмаслиги; ишнинг тергови ва суд мажлиси вақтида тартибга риоя этиши шарт.

Ишда иштирок этиш ҳақида битим тузилган ёки тайинланган вақтидан бошлаб адвокат ҳимоячи вазифасини бажаришни рад этишга ҳақли эмас.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
54-модда. Жабрланувчи

Жиноят, худди шунингдек ақли норасо шахснинг ижтимоий хавфли қилмиши шахсга маънавий, жисмоний ёки мулкий зарар етказган деб ҳисоблаш учун далиллар бўлган тақдирда, бундай шахс жабрланувчи деб эътироф этилади. Жабрланувчи деб эътироф этиш ҳақида суриштирувчи, терговчи, прокурор қарор, суд эса ажрим чиқаради.

Жабрланувчи вояга етмаган ёки белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз деб эътироф этилган шахс бўлса, ишда у билан биргаликда ёки унинг ўрнига қонуний вакили иштирок этади.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
55-модда. Жабрланувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Жабрланувчи: кўрсатув бериш; далиллар тақдим қилиш; илтимоснома бериш ва рад қилиш; ўз она тилидан ва таржимон хизматидан фойдаланиш; ўз манфаатларини ҳимоя қилиш учун вакил олиш; суриштирувчи ёки терговчининг рухсати билан тергов ҳаракатларида иштирок этиш; суриштирув ёки дастлабки тергов тамом бўлганидан сўнг ишнинг барча материаллари билан танишиш ва ундан зарур маълумотларни ёзиб олиш, материаллар ва ҳужжатлардан техника воситалари ёрдамида ўз ҳисобидан кўчирма нусхалар олиш ёки улардаги маълумотларни ўзга шаклда қайд этиш; қонунда назарда тутилган ҳолларда ярашув тўғрисида ариза бериш ҳамда суд томонидан иш бўйича дастлабки эшитув ўтказилаётганда ва ярашув тўғрисидаги ишлар бўйича, биринчи инстанция, апелляция, кассация инстанцияси судининг мажлисларида иштирок этиш; суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суднинг ҳаракатлари ҳамда қарорлари устидан шикоятлар келтириш; шахсан ўзи ёки вакили орқали судда айбловни қувватлаш; суд мажлисининг баённомаси билан танишиш ва у ҳақда ўз мулоҳазаларини билдириш; иш бўйича келтирилган шикоятлар, протестлардан хабардор бўлиш ва уларга нисбатан эътирозлар билдириш ҳуқуқига эгадир.

Жабрланувчи: суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суднинг чақирувига биноан ҳозир бўлиши; ҳаққоний кўрсатувлар бериши; ҳақиқатни аниқлашга далилларни йўқ қилиш, сохталаштириш, гувоҳларни кўндиришга уриниш ва қонунга хилоф бошқа ҳаракатлар билан тўсқинлик қилмаслиги; суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суднинг талаби бўйича далиллар тақдим қилиши; ишнинг тергови ва суд мажлиси вақтида тартибга риоя этиши шарт.

Жабрланувчи узрсиз сабабга кўра келмаган тақдирда ушбу Кодекснинг 261 — 264-моддаларида назарда тутилган тартибда мажбурий олиб келиниши мумкин.
Жабрланувчи кўрсатув беришдан бош тортганлик ва била туриб ёлғон кўрсатувлар берганлик учун қонунда белгиланган тарзда жавобгар бўлади.

Жабрланувчининг ўлимига олиб келган жиноятлар тўғрисидаги ишлар бўйича ушбу моддада кўрсатилган ҳуқуқ ва мажбуриятларни дастлабки тергов органлари ёки суд томонидан марҳумнинг қонуний вакили деб эътироф этилган яқин қариндошлари ёки бошқа шахслар амалга оширадилар.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
56-модда. Фуқаровий даъвогар

Жиноят, худди шунингдек ақли норасо шахснинг жамоат учун хавфли қилмиши шахсга, корхонага, муассасага ёки ташкилотга мулкий зарар етказган деб ҳисоблаш учун далиллар бўлса, улар фуқаровий даъвогар деб эътироф этилади. Фуқаровий даъвогар деб эътироф этиш ҳақида суриштирувчи, терговчи, прокурор қарор, суд эса ажрим чиқаради.

Вояга етмаганларнинг, шунингдек муомалага лаёқатсиз деб эътироф этилган шахсларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш учун фуқаровий даъво уларнинг қонуний вакиллари ва прокурор томонидан қўзғатилиши мумкин.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
57-модда. Фуқаровий даъвогарнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Фуқаровий даъвогар: фуқаровий даъво қўзғатиш ва уни қувватлаш; далиллар тақдим қилиш; қўзғатилган даъво бўйича тушунтиришлар бериш; ўз манфаатларини ҳимоя қилиш учун вакил олиш; илтимоснома бериш ва рад қилиш; суриштирувчидан, терговчидан, прокурордан ёки суддан даъвони таъминлаш чораларини кўриш ҳақида илтимос қилиш; суриштирув ёки дастлабки тергов тамом бўлганидан сўнг ишнинг барча материаллари билан танишиш ва ундан зарур маълумотларни ёзиб олиш, материаллар ва ҳужжатлардан техника воситалари ёрдамида ўз ҳисобидан кўчирма нусхалар олиш ёки улардаги маълумотларни ўзга шаклда қайд этиш; суд томонидан иш бўйича дастлабки эшитув ўтказилаётганда ҳамда биринчи инстанция, апелляция, кассация инстанцияси судининг мажлисларида иштирок этиш; суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суднинг ҳаракатлари ҳамда қарорлари устидан шикоятлар бериш; суд ҳукми ва ажримининг фуқаровий даъвога тегишли қисми устидан шикоят қилиш; иш бўйича келтирилган шикоятлар, протестлардан хабардор бўлиш ва уларга нисбатан эътирозлар билдириш ҳуқуқига эгадир.

Фуқаровий даъвогар: суриштирувчи, терговчи, прокурор, суднинг чақирувига биноан ҳозир бўлиши ва уларнинг талабларига асосан фуқаровий даъвога тегишли бўлган далиллар тақдим этиши; ҳақиқатни аниқлашга далилларни йўқ қилиш, сохталаштириш, гувоҳларни кўндиришга уриниш ва қонунга хилоф бошқа ҳаракатлар билан тўсқинлик қилмаслиги; ишнинг тергови ва суд мажлиси вақтида тартибга риоя этиши шарт.

Фуқаровий даъвогар деб эътироф этилган шахс айни вақтда жабрланувчининг барча ҳуқуқларидан фойдаланади ва унинг мажбуриятларини бажаради.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
58-модда. Фуқаровий жавобгар

Айбланувчи томонидан ёки ижтимоий хавфли қилмиш содир этган ақли норасо шахс томонидан етказилган зарар учун қонунга кўра мулкий жавобгар шахс, корхона, муассаса ёки ташкилот ишда фуқаровий жавобгар сифатида иштирок этиш учун жалб қилиниши мумкин. Фуқаровий жавобгар сифатида жалб қилиш ҳақида суриштирувчи, терговчи, прокурор қарор, суд эса ажрим чиқаради.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
59-модда. Фуқаровий жавобгарнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Фуқаровий жавобгар: айблов ва фуқаровий даъвонинг мазмунини билиш; даъвога эътироз билдириш; тушунтириш бериш; ўз манфаатларини ҳимоя қилиш учун вакил олиш; далиллар тақдим қилиш; илтимоснома бериш ва рад қилиш; суриштирув ёки дастлабки тергов тамом бўлганидан сўнг ишнинг барча материаллари билан танишиш ва ундан зарур маълумотларни ёзиб олиш, материаллар ва ҳужжатлардан техника воситалари ёрдамида ўз ҳисобидан кўчирма нусхалар олиш ёки улардаги маълумотларни ўзга шаклда қайд этиш; суд томонидан иш бўйича дастлабки эшитув ўтказилаётганда ҳамда биринчи инстанция, апелляция, кассация инстанцияси судининг мажлисларида иштирок этиш; суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суднинг ҳаракатлари ва қарорлари устидан шикоятлар келтириш; суд ҳукми ва ажримининг фуқаровий даъвога тегишли қисми устидан шикоятлар бериш; иш бўйича келтирилган шикоят ва протестлардан хабардор бўлиш ва уларга нисбатан эътирозлар билдириш ҳуқуқига эгадир.

Фуқаровий жавобгар: суриштирувчи, терговчи, прокурор, суднинг чақирувига биноан ҳозир бўлиши ва уларнинг талабларига асосан фуқаровий даъвога тегишли бўлган далиллар тақдим қилиши; ҳақиқатни аниқлашга далилларни йўқ қилиш, сохталаштириш, гувоҳларни кўндиришга уриниш ва қонунга хилоф бошқа ҳаракатлар билан тўсқинлик қилмаслиги; ишнинг тергови ва суд мажлиси вақтида тартибга риоя этиши шарт.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
60-модда. Гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг, жабрланувчининг қонуний вакиллари

Қонуний вакил ишда иштирок этишга вояга етмаган ёхуд белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз деб эътироф этилган гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг ёки жабрланувчининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун жалб қилинади.

Ишда қонуний вакил сифатида ота-оналар, фарзандликка олганлар, васийлар, ҳомийлар, вояга етмаганга ёки белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз деб эътироф этилган иштирокчига ҳомийлик қилувчи муассасалар ва ташкилотларнинг вакиллари қатнашишлари мумкин. Гумон қилинувчининг, айбланувчининг ва судланувчининг қонуний вакили ишда гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи билан бирга, жабрланувчининг қонуний вакили эса жабрланувчи билан бирга, шунингдек унинг ўрнида ҳам иштирок этади.

Вояга етмаган гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг ёки жабрланувчининг илтимосига кўра, ишда ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган шахслар билан бир қаторда унинг катта ёшдаги яқин қариндошларидан бирининг ёки ўзи ишонадиган бошқа шахснинг қонуний вакил сифатида иштирок этишига йўл қўйилиши мумкин.

Қонуний вакилнинг ишда иштирок этишига йўл қўйилганлиги ҳақида суриштирувчи, терговчи, прокурор қарор, суд эса ажрим чиқаради. Гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи ёки жабрланувчининг манфаатлари билан қонуний вакилнинг манфаатлари ўзаро мос келмаса, гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи ёки жабрланувчи тарафида ишда иштирок этиш учун қарор ёхуд ажрим билан адвокат тайинланади.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
61-модда. Қонуний вакилнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Қонуний вакил: ўзи вакиллик қилаётган шахснинг суриштирувчига, терговчига, прокурорга ёки судга чақирилганлигидан хабардор бўлиш; ўзи вакиллик қилаётган қамоқдаги шахс билан холи учрашиш; ўзи вакиллик қилаётган шахс ушбу Кодексга мувофиқ эга бўлган процессуал ҳуқуқларни амалга ошириш ҳуқуқига эга.

Қонуний вакил: ўзи вакиллик қилаётган шахсга нисбатан ўтказиладиган процессуал ҳаракатларда иштирок этиши; суриштирувчининг, терговчининг, прокурорнинг ва суднинг чақирувларига биноан ҳозир бўлиши; ҳақиқатни аниқлашга далилларни йўқ қилиш, сохталаштириш, гувоҳларни кўндиришга уриниш ва қонунга хилоф бошқа ҳаракатлар орқали тўсқинлик қилмаслиги; ишнинг тергови ва суд мажлиси вақтида тартибга риоя этиши шарт.

Қонуний вакил гувоҳ сифатида сўроқ қилиниши, шунингдек ҳимоячи, фуқаровий даъвогар ёки фуқаровий жавобгар тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилиниши мумкин. Бундай ҳолларда қонуний вакил юқорида айтиб ўтилган процесс иштирокчиларининг ҳуқуқлари ва мажбуриятларига эга бўлади.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
62-модда. Жабрланувчининг, фуқаровий даъвогарнинг ва фуқаровий жавобгарнинг вакиллари

Жабрланувчининг, фуқаровий даъвогарнинг, фуқаровий жавобгарнинг вакиллари тариқасида адвокатлар, вакил сифатида иштирок этишга махсус рухсатномалари бўлган шахслар, суриштирувчи, терговчи, прокурорнинг қарори ёки суднинг ажримига кўра ишда қатнашишга рухсат берилган яқин қариндошлар ва бошқа шахслар иштирок этишлари мумкин.

Вакилнинг ишда иштирок этиши учун унинг жабрланувчи, фуқаровий даъвогар ёки фуқаровий жавобгар билан тузган топшириқ шартномаси асос бўлади. Юридик шахснинг вакили сифатида унинг раҳбари иштирок этиши учун алоҳида ваколатнома керак эмас. Раҳбар томонидан берилган ишонч қоғози бўйича юридик шахсларнинг вакиллари сифатида унинг штатдаги ходимларига ва адвокатларга рухсат этилади.

Жабрланувчининг, фуқаровий даъвогарнинг ёки фуқаровий жавобгарнинг вакили ишда ўзи вакиллик қилаётган шахс билан бирга, шунингдек унинг ўрнида ҳам иштирок этади. Жабрланувчи, фуқаровий даъвогар ва фуқаровий жавобгар иш юритишнинг исталган вақтида вакилдан воз кечишга ёки бошқа шахсни вакил қилиб олишга ҳақлидир.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
63-модда. Вакилнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Жабрланувчининг, фуқаровий даъвогарнинг, фуқаровий жавобгарнинг вакили тегишинча жабрланувчи, фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар эга бўлган процессуал ҳуқуқлардан фойдаланади. Вакил иш юритишнинг исталган вақтида ўз мажбуриятларини бажаришни давом эттиришдан воз кечишга ҳақлидир.

Вакил: ўзи вакиллик қилаётган шахсларнинг ҳуқуқи ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиши; уларнинг ишончини суиистеъмол қилмаслиги; суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суднинг чақирувига биноан ҳозир бўлиши; ҳақиқатни аниқлашга далилларни йўқ қилиш, сохталаштириш, гувоҳларни кўндиришга уриниш ва қонунга хилоф бошқа ҳаракатлар билан тўсқинлик қилмаслиги; ишнинг тергови ва суд мажлиси вақтида тартибга риоя этиши шарт.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
64-модда. Процесс иштирокчиларининг ҳуқуқларини тушунтириб бериш ва бу ҳуқуқларни амалга оширишни таъминлаш мажбурияти

Суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки судья гумон қилинувчига, айбланувчига, судланувчига, шунингдек жабрланувчига, фуқаровий даъвогарга, фуқаровий жавобгарга ва уларнинг вакилларига берилган ҳуқуқларини тушунтириб бериши ва бу ҳуқуқларни амалга ошириш имкониятларини таъминлаши шарт. Шу билан бирга процесс иштирокчиларига юкланган мажбуриятлар ва уларни бажармаслик оқибатлари тушунтирилиши лозим.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz