JPK | O‘zbekiston Respublikasi
4.66K subscribers
12 photos
1 video
12 links
Download Telegram
254-3-модда. Паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқиш

Паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги илтимоснома суриштирув ёки дастлабки тергов юритилаётган жойдаги жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судининг, ҳудудий ҳарбий суднинг судьяси томонидан, мазкур судларнинг судьяси бўлмаган ёхуд паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги материални кўриб чиқишда унинг иштирокини истисно этувчи ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда эса, Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоят, Тошкент шаҳар суди, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди раисининг кўрсатмасига биноан бошқа тегишли суднинг судьяси томонидан якка тартибда кўриб чиқилади.

Паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги илтимоснома материаллар келиб тушган пайтдан эътиборан қирқ саккиз соатдан кечиктирмай ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилади.

Суд мажлисида прокурор, шунингдек, агар ишда қатнашаётган бўлса, ҳимоячи ва қонуний вакил иштирок этади. Зарур ҳолларда суриштирувчи, терговчи судга чақирилиши мумкин.

Паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқиш прокурорнинг маърузаси билан бошланиб, у давлатлараро ёки халқаро қидирув эълон қилинган айбланувчи ёки судланувчи паспортининг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиш заруриятини асослаб беради. Сўнгра ҳимоячи, судда ҳозир бўлган бошқа шахслар эшитилади, тақдим этилган материаллар текширилади. Шундан кейин судья ажрим чиқариш учун алоҳида хонага (маслаҳатхонага) чиқади.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
254-4-модда. Суд ажрими

Судья паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқиб, қуйидаги ажримлардан бирини чиқаради:
1) паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисида;
2) паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туришни рад этиш ҳақида.
Паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги судьянинг ажримида: қидирув эълон қилинган айбланувчи ёки судланувчи ҳақидаги маълумотлар; паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш асослари кўрсатилади.

Паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туришни рад этиш ҳақидаги судьянинг ажрими асослантирилган бўлиши керак.

Паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги ёки паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туришни рад этиш ҳақидаги судьянинг ажрими у ўқиб эшиттирилган пайтдан эътиборан кучга киради. Судьянинг ажрими ижро этиш учун прокурорга, маълумот учун эса, ҳимоячига юборилади.

Судьянинг ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ажрими устидан у чиқарилган кундан эътиборан қирқ саккиз соат ичида айбланувчининг ёки судланувчининг ҳимоячиси ва қонуний вакили томонидан шикоят берилиши ёхуд апелляция тартибида прокурор томонидан протест билдирилиши мумкин. Шикоят, протест ажримни чиқарган суд орқали берилиб, мазкур суд қирқ саккиз соат ичида уларни материаллар билан бирга апелляция инстанцияси судига юбориши шарт.

Шикоят ёки протест бериш паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги судьянинг ажрими ижросини тўхтатиб туради.

Апелляция инстанцияси суди мазкур материалларни шикоят ёки протест билан бирга улар келиб тушган пайтдан эътиборан қирқ саккиз соатдан кечиктирмай кўриб чиқиши керак.

Апелляция инстанцияси суди апелляция шикоятини, протестини кўриб чиқиб, ўз ажрими билан:
судьянинг ажримини ўзгаришсиз, шикоятни ёки протестни эса, қаноатлантирмасдан қолдиришга;
судьянинг ажримини бекор қилишга ва паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туришга ёки паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туришни рад этишга ҳақли.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
254-5-модда. Паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги суд ажрими устидан шикоят бериш

Паспортининг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилиши тўхтатиб турилган шахс паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги судьянинг ажрими устидан у тегишли ваколатли органга келтирилган пайтдан эътиборан етмиш икки соат ичида суд тартибида шикоят қилишга ҳақли.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
254-6-модда. Амал қилиши тўхтатиб турилган паспорт (ҳаракатланиш ҳужжати) ўрнига янги паспорт(ҳаракатланиш ҳужжати) бериш

Айблов ҳукми чиқарилганда ёки ушбу Кодекснинг 84-моддаси асосида айбдорлик тўғрисидаги масалани ҳал қилмай туриб жиноят иши тугатилганда суриштирувчининг, терговчининг, прокурорнинг ёки суднинг қарорига кўра қонунчиликда белгиланган тартибда янги паспорт (ҳаракатланиш ҳужжати) берилиши билан паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилиши тикланади.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
29-боб. ЛАВОЗИМДАН ЧЕТЛАШТИРИШ
255-модда. Айбланувчини, судланувчини лавозимидан четлаштириш асослари ва муддатлари

Башарти айбланувчи, судланувчи ўз иш жойида қолса, жиноят иши бўйича ҳақиқатни аниқлашга ёки жиноят оқибатида етказилган зарарнинг ўрнини қоплашга тўсқинлик қилади ёхуд жиноий фаолиятини давом эттиради, деб ҳисоблашга етарли асослар мавжуд бўлса, улар лавозимидан четлаштирилиши мумкин.

Айбланувчини лавозимидан четлаштириш тўғрисидаги масала ушбу бобда белгиланган тартибда, судланувчини лавозимидан четлаштириш ҳақидаги масала эса ушбу Кодекснинг 423, 438-моддаларида назарда тутилган тартибда суд томонидан ҳал қилинади.
Айбланувчини, судланувчини лавозимидан четлаштириш мазкур процессуал мажбурлов чорасини қўллаш учун асос бўлган ҳолатлар бекор бўлгунига қадар ўтган вақт мобайнида қўлланилади.

Айбланувчини, судланувчини лавозимидан четлаштириш тарзидаги процессуал мажбурлов чораси қарор чиқарган судни албатта хабардор этган ҳолда суриштирувчи, терговчи, прокурор, суд томонидан бекор қилинади.

Айбланувчини лавозимидан четлаштириш тарзидаги процессуал мажбурлов чорасини қўллаш рад қилинган ёки у бекор қилинган тақдирда, айнан ўша айбланувчига нисбатан мазкур масала бўйича такроран судга мурожаат қилишга лавозимдан четлаштириш учун асос бўладиган янги ҳолатлар юзага келганда йўл қўйилади.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
256-модда. Ишни судга қадар юритиш босқичида айбланувчини лавозимидан четлаштириш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш

Айбланувчини лавозимидан четлаштириш учун асослар мавжуд бўлганда прокурор, терговчи ва суриштирувчи айбланувчини лавозимидан четлаштириш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш ҳақида мазкур процессуал мажбурлов чорасини қўллаш асосларини баён этган ҳолда қарор чиқаради.

Айбланувчини лавозимидан четлаштириш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш ҳақидаги қарорда: лавозимидан четлаштириладиган шахс ҳақидаги маълумотлар; унинг иш жойи; лавозимдан четлаштириш асослари кўрсатилади. Қарорга илтимосномани асословчи зарур материаллар илова қилинади.


Суриштирувчининг, терговчининг айбланувчини лавозимидан четлаштириш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш ҳақидаги қарори ва зарур материаллар прокурорга юборилади.

Прокурор айбланувчини лавозимидан четлаштириш тўғрисидаги илтимосноманинг асослилигини текшириб, унга рози бўлган тақдирда, айбланувчини лавозимидан четлаштириш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш ҳақидаги қарорни ва зарур материалларни судга юборади.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
257-модда. Айбланувчини лавозимидан четлаштириш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқиш

Айбланувчини лавозимидан четлаштириш тўғрисидаги илтимоснома суриштирув ёки дастлабки тергов юритилаётган жойдаги жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судининг, ҳудудий ҳарбий суднинг судьяси томонидан, мазкур судларнинг судьяси бўлмаган ёхуд айбланувчини лавозимидан четлаштириш тўғрисидаги материални кўриб чиқишда унинг иштирокини истисно этувчи ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда, Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоят, Тошкент шаҳар суди, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди раисининг кўрсатмасига биноан бошқа тегишли суднинг судьяси томонидан якка тартибда кўриб чиқилади.

Айбланувчини лавозимидан четлаштириш тўғрисидаги илтимоснома ёпиқ суд мажлисида, материаллар келиб тушган пайтдан эътиборан қирқ саккиз соатдан кечиктирмасдан кўриб чиқилади.

Суд мажлисида прокурор, айбланувчи, шунингдек, агар ишда қатнашаётган бўлса, ҳимоячи ва қонуний вакил иштирок этади. Зарур бўлганда суриштирувчи, терговчи судга чақирилиши мумкин.

Суд мажлисининг жойи, санаси ва вақти ҳақида лозим даражада хабардор қилинган шахсларнинг келмаганлиги айбланувчини лавозимидан четлаштириш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқиш учун монелик қилмайди.

Айбланувчини лавозимидан четлаштириш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқиш прокурорнинг маърузаси билан бошланади, у мазкур процессуал мажбурлов чорасини қўллаш заруратини асослаб беради. Сўнгра айбланувчи, ҳимоячи, судда ҳозир бўлган бошқа шахслар эшитилади, тақдим қилинган материаллар текширилади. Шундан кейин судья ажрим чиқариш учун алоҳида хонага киради.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
30-боб. МАЖБУРИЙ КЕЛТИРИШ
258-модда. Суд ажрими

Судья айбланувчини лавозимидан четлаштириш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқиб, айбланувчини лавозимидан четлаштириш тўғрисида ёки айбланувчини лавозимидан четлаштиришни рад қилиш ҳақида ажрим чиқаради.

Судьянинг айбланувчини лавозимидан четлаштириш тўғрисидаги ажримида: лавозимидан четлаштириладиган шахс ҳақидаги маълумотлар; унинг иш жойи; лавозимдан четлаштириш асослари; айбланувчини лавозимидан четлаштириш тўғрисида тегишли корхона, муассаса, ташкилот раҳбарига қўйиладиган талаб кўрсатилади.

Судьянинг айбланувчини лавозимидан четлаштиришни рад қилиш ҳақидаги ажрими асослантирилган бўлиши керак.

Судьянинг айбланувчини лавозимидан четлаштириш тўғрисидаги ажрими у ўқиб эшиттирилган пайтдан эътиборан кучга киради. Ажрим тегишли корхона, муассаса, ташкилот раҳбарига ижро учун, прокурорга, айбланувчига, ҳимоячига эса маълумот учун юборилади.

Судьянинг ушбу модда биринчи қисмида назарда тутилган ажрими устидан у чиқарилган кундан эътиборан етмиш икки соат ичида айбланувчи, унинг ҳимоячиси ва қонуний вакили, лавозимидан четлаштирилган айбланувчи ишлаган тегишли корхона, муассаса, ташкилот раҳбари томонидан апелляция тартибида шикоят берилиши ёхуд прокурор томонидан протест билдирилиши мумкин. Шикоят, протест ажримни чиқарган суд орқали берилади, мазкур суд қирқ саккиз соат ичида уларни материаллар билан бирга апелляция инстанцияси судига юбориши шарт. Шикоят ёки протест бериш суднинг айбланувчини лавозимидан четлаштириш тўғрисидаги ажрими ижросини тўхтатиб қўймайди. Апелляция инстанцияси суди ушбу материалларни шикоят ёки протест билан бирга улар келиб тушган пайтдан эътиборан етмиш икки соатдан кечиктирмасдан кўриб чиқиши керак.

Апелляция инстанцияси суди апелляция шикоятини, протестини кўриб чиқиб, ўз ажрими билан:

судьянинг ажримини ўзгаришсиз, шикоятни ёки протестни эса қаноатлантиришсиз қолдиришга;

судьянинг ажримини бекор қилиш ва айбланувчига нисбатан лавозимидан четлаштириш тарзидаги процессуал мажбурлов чорасини қўллашга ёки мазкур процессуал мажбурлов чорасини бекор қилишга ҳақли.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
259-модда. Айбланувчини, судланувчини лавозимидан четлаштириш тўғрисидаги ажримни ижро этиш

Суднинг айбланувчини, судланувчини лавозимидан четлаштириш тўғрисидаги ажрими корхона, муассаса, ташкилот раҳбари учун мажбурий бўлиб, раҳбар ажримни олиши билан дарҳол уни ижро этиши ҳамда бу ҳақда суриштирувчини, терговчини, прокурорни ва судни хабардор қилиши шарт.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
260-модда. Шахсни лавозимидан қонунга хилоф равишда четлаштириш оқибатида етказилган зиённи қоплаш

Шахснинг лавозимидан қонунга хилоф равишда четлаштирилгани оқибатида етказилган зиён, башарти кейинчалик унга нисбатан оқлов ҳукми чиқарилган ёки жиноят иши ушбу Кодекснинг 83-моддасида назарда тутилган асосларга кўра тугатилган бўлса, тўла ҳажмда қопланади.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
261-модда. Чақирувга биноан ҳозир бўлиш мажбурияти

Жиноят ишини юритиш муносабати билан суриштирувчи, терговчи, прокурор, суд томонидан белгиланган тартибда чақирилган шахслар айнан кўрсатилган вақтда ҳозир бўлишлари шарт.
Узрсиз сабабларга кўра келмаганлари тақдирда улар мажбурий келтириладилар.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
262-модда. Мажбурий келтириш лозим бўлган шахслар

Мажбурий келтириш гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг, жабрланувчининг, гувоҳнинг процессуал ҳаракатларда ёки суд мажлисида иштирок этишини таъминлаш учун, башарти улар узрсиз сабабларга кўра келишдан бош тортганлиги аниқланган тақдирда, қўлланилади.

Гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчини олдиндан чақирувсиз мажбурий келтириш улар суриштирув, дастлабки тергов ва суддан яшириниб юрган ёки аниқ яшаш жойи бўлмаган тақдирда қўлланилиши мумкин.
Судланувчининг судга келмаганлиги сабабини олдиндан аниқламасдан туриб, мажбурий келтиришга алоҳида ҳолларда, ишни кўриш судланувчи бўлмаганлиги сабабли кейинга қолдирилаётган ва бунда унинг турган жойи тўғрисида маълумот бўлмаган тақдирда йўл қўйилади.
Гувоҳга ёки жабрланувчига нисбатан мажбурий келтиришнинг қўлланилгани уларни кўрсатув беришдан бош тортганлик учун қонунда белгиланган жавобгарликдан озод қилмайди.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
263-модда. Мажбурий келтириш тўғрисидаги қарор ёки ажрим

Суриштирувчи, терговчи, прокурор мажбурий келтириш тўғрисида қарор, суд эса ажрим чиқаради. Ушбу қарорда ёки ажримда: мажбурий келтирилиши керак бўлган шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми; унинг процессуал мавқеи; яшаш ёки иш жойи; мажбурий келтириш учун асослар; шахсни қаерга ва қачон олиб келиш кераклиги; мажбурий келтириш кимга топширилганлиги кўрсатилган бўлиши лозим.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
264-модда. Мажбурий келтириш тўғрисидаги қарорни ёки ажримни бажариш

Мажбурий келтириш тўғрисидаги қарор ёки ажрим ижро этиш учун иш юритилаётган жойдаги ички ишлар органига топширилади.

Мажбурий келтирилиши лозим бўлган шахсни топган ички ишлар органининг ходими уни қарор ёки ажрим билан таништириб тилхат олади ва мазкур қарорни ёки ажримни чиқарган суриштирувчи, терговчи, прокурор ёхуд судга олиб келади. Бунда қарорга (ажримга) шахс топилган вақт ва жой, уни олиб келиб топширилган вақт,шунингдек унинг мажбурий келтирилиши билан боғлиқ ариза, шикоят ва илтимослар ҳақидаги маълумотнома илова қилиниши лозим.

Ички ишлар органи шахснинг қочиб кетганлиги, таътилда, хизмат сафарида эканлиги, оғир касаллиги ёки бошқа сабабларга кўра йўқлиги оқибатида мажбурий келтиришга имкон бўлмаганлигини аниқласа, бу ҳақда маълумотнома тузади ҳамда қарорни ёки ажримни чиқарган суриштирувчи, терговчи, прокурорга ёхуд судга хабар беради.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
31-боб. ШАХСНИ ТИББИЙ МУАССАСАГА ЖОЙЛАШТИРИШ
265-модда. Суд экспертизасини ўтказиш учун шахсни тиббий муассасага жойлаштириш асослари ва муддатлари

Агар суд-тиббиёт ёки суд-психиатрия экспертизасини ўтказишда айбланувчини, судланувчини стационар кўрикдан ўтказиш зарурати вужудга келса, улар тегишли тиббий муассасага жойлаштирилиши мумкин.

Руҳий ҳолати айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилиш ва айблов эълон қилиш имкониятини истисно этадиган гумон қилинувчи ҳам, агар айнан унинг ижтимоий хавфли қилмиш содир этганлигига етарлича далиллар мавжуд бўлса, экспертиза ўтказиш учун тиббий психиатрия муассасасига жойлаштирилиши мумкин.

Агар шахснинг гумон қилинувчи тариқасида бўлиши муддати стационар суд-психиатрия экспертизаси тамом бўлгунига қадар тугаса, унинг руҳий ҳолати имкон берса, унга айблов эълон қилиш ёки уни тиббий психиатрия муассасасидан озод қилиш ёхуд уни тиббий йўсиндаги мажбурлов чорасини қўллаш бўйича иш юритилаётган шахс тариқасида эътироф этиш тўғрисида қарор чиқариш зарур.

Жабрланувчилар ва гувоҳлар тегишли суд экспертизасини ўтказиш учун тиббий муассасага мажбурий жойлаштирилиши мумкин эмас, улар гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг Жиноят кодекси 15-моддасининг тўртинчи ва бешинчи қисмларида назарда тутилган оғир ёки ўта оғир жиноятларни содир этганлигини фош қилаётган ва улар берган кўрсатувларнинг ишончлилигини текширишнинг бошқа имконияти бўлмаган ҳоллар бундан мустасно.

Ишни судга қадар юритиш босқичида шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тўғрисидаги масала ушбу бобда белгиланган тартибда, судланувчини тиббий муассасага жойлаштириш ҳақидаги масала эса ушбу Кодекснинг 423, 438-моддаларида назарда тутилган тартибда суд томонидан ҳал қилинади.

Шахс тиббий муассасага кўпи билан бир ой муддатга жойлаштирилиши мумкин. Алоҳида ҳолларда, шифокорларнинг стационар суд экспертизасини ўтказиш давомида олинган хулосасига асосан, бу муддат суд томонидан фақат айбланувчи ва судланувчига нисбатан бир ойгача узайтирилиши мумкин. Айбланувчининг ишни судга қадар юритиш босқичида тиббий муассасада бўлиши муддатини узайтириш суд томонидан прокурорнинг ушбу бобда белгиланган тартибда киритилган илтимосномасига биноан, судланувчининг тиббий муассасада бўлиш муддатини узайтириш эса ушбу Кодекснинг 423, 438-моддаларида белгиланган тартибда ҳал қилинади.

Айбланувчининг тиббий муассасада бўлиши муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимоснома айбланувчи тиббий муассасада бўлишининг белгиланган муддати тугашидан камида олти сутка олдин тегишли прокурор томонидан киритилади.

Айбланувчи, судланувчи ёки ўзига нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чорасини қўллаш бўйича иш юритилаётган шахс тиббий муассасага жойлаштирилаётганда, агар мазкур муассаса қамоққа олинганларни ёки уй қамоғидаги шахсларни сақлаш учун мослаштирилган бўлса, қамоққа олиш ёхуд уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чораси танланиши мумкин. Бошқа ҳолда мазкур эҳтиёт чораси бекор қилиниши ёки енгилроғи билан алмаштирилиши керак.

Гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг тиббий муассасада бўлган вақти қамоқда ёки уй қамоғида сақлаш муддатига қўшиб ҳисобланади.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
266-модда. Ишни судга қадар юритиш босқичида шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш

Шахсни тиббий муассасага жойлаштириш учун асослар мавжуд бўлганда прокурор, терговчи ва суриштирувчи шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш ҳақида мазкур процессуал мажбурлов чорасини қўллаш асосларини баён этган ҳолда қарор чиқаради.

Шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш ҳақидаги қарорда: тиббий муассасага жойлаштириладиган шахс ҳақидаги маълумотлар ва унинг процессуал ҳолати; шахсни тиббий муассасага жойлаштириш асослари; шахс жойлаштириладиган тиббий муассасанинг номи; эҳтиёт чораси тўғрисида таклиф этилаётган қарор кўрсатилади. Қарорга илтимосномани асословчи зарур материаллар илова қилинади.

Суриштирувчининг ёки терговчининг шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш ҳақидаги қарори ва зарур материаллар прокурорга юборилади.

Прокурор шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тўғрисидаги илтимосноманинг асослилигини текшириб, унга рози бўлган тақдирда, шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш ҳақидаги қарорни ва зарур материалларни судга юборади.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
267-модда. Шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тўғрисидаги ёки айбланувчининг тиббий муассасада бўлиши муддатини узайтириш ҳақидаги илтимосномани кўриб чиқиш

Шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тўғрисидаги илтимоснома суриштирув ёки дастлабки тергов юритилаётган жойдаги жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судининг, ҳудудий ҳарбий суднинг судьяси томонидан, мазкур судларнинг судьяси бўлмаган ёхуд тиббий муассасага жойлаштириш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқишда унинг иштирокини истисно этувчи ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда, Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоят, Тошкент шаҳар суди, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди раисининг кўрсатмасига биноан бошқа тегишли суднинг судьяси томонидан якка тартибда кўриб чиқилади.

Шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тўғрисидаги илтимоснома ёпиқ суд мажлисида, материаллар келиб тушган пайтдан эътиборан қирқ саккиз соат ичида кўриб чиқилади.

Шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тўғрисидаги илтимоснома прокурор, ҳимоячи, шунингдек, агар ишда қатнашаётган бўлса, ўзига нисбатан экспертиза ўтказиш учун тиббий муассасага жойлаштириш масаласи кўриб чиқилаётган шахсларнинг манфаатларини ифодаловчи жабрланувчининг вакили, гувоҳнинг адвокати, қонуний вакиллар иштирокида кўриб чиқилади. Тиббий муассасага жойлаштирилаётган шахс, агар унинг соғлиғи имкон берса, суд мажлисида қатнашишга ҳақли. Зарур ҳолларда суриштирувчи ёки терговчи судга чақирилиши мумкин.

Суд мажлисининг жойи, санаси ва вақти ҳақида лозим даражада хабардор қилинган шахсларнинг келмаганлиги шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқиш учун монелик қилмайди.
Шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқиш прокурорнинг маърузаси билан бошланади, у мазкур процессуал мажбурлов чорасини қўллаш заруратини асослаб беради. Сўнгра тиббий муассасага жойлаштирилаётган шахс, агар у суд мажлисида иштирок этаётган бўлса, ҳимоячи, судда ҳозир бўлган бошқа шахслар эшитилади, тақдим қилинган материаллар текширилади. Шундан кейин судья ажрим чиқариш учун алоҳида хонага киради.

Айбланувчининг тиббий муассасада бўлиши муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимоснома суриштирув ёки дастлабки тергов юритилаётган жойда ёки тиббий муассаса жойлашган ерда, ушбу моддада назарда тутилган тартибда кўриб чиқилади.

тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқишда суд тақдим этилган материалларнинг асослилигини, шунингдек процессуал нормаларга ва талабларга риоя этилганлигини ҳисобга олади.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
268-модда. Суд ажрими

Судья шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқиб, шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тўғрисида ёки шахсни тиббий муассасага жойлаштиришни рад қилиш ҳақида ажрим чиқаради.

Суднинг шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тўғрисидаги ажримида: тиббий муассасага жойлаштириладиган шахс ҳақидаги маълумотлар; унинг процессуал ҳолати; шахс жойлаштирилаётган тиббий муассасанинг номи; шахсни тиббий муассасага жойлаштириш асослари; эҳтиёт чораси тўғрисидаги қарор, зарур ҳолларда эса, шахсни мазкур муассасага кўчириш тўғрисидаги фармойиш кўрсатилади.

Судья айбланувчининг тиббий муассасада бўлиши муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқиб, айбланувчининг тиббий муассасада бўлиши муддатини узайтириш ҳақида ёки айбланувчининг тиббий муассасада бўлиши муддатини узайтиришни рад қилиш тўғрисида ажрим чиқаради.

Ушбу модданинг биринчи ва учинчи қисмларида назарда тутилган суд ажрими ўқиб эшиттирилган пайтдан эътиборан кучга киради. Ажрим ижро учун прокурорга, маълумот учун эса ҳимоячига, жабрланувчининг вакилига, гувоҳнинг адвокатига, қонуний вакилга юборилади.

Ушбу модданинг биринчи ва учинчи қисмларида назарда тутилган суд ажрими устидан мазкур ажрим чиқарилган кундан эътиборан етмиш икки соат ичида тиббий муассасага жойлаштирилаётган шахс, унинг ҳимоячиси, жабрланувчининг вакили, гувоҳнинг адвокати ва қонуний вакил томонидан апелляция тартибида шикоят берилиши ёхуд прокурор томонидан протест билдирилиши мумкин. Шикоят, протест ажрим чиқарган суд орқали берилади, мазкур суд уларни қирқ саккиз соат ичида материаллар билан бирга апелляция инстанцияси судига юбориши шарт. Шикоят ёки протест берилиши суд ажримининг ижросини тўхтатиб қўймайди. Апелляция инстанцияси суди ушбу материалларни шикоят ёки протест билан бирга улар келиб тушган пайтдан эътиборан етмиш икки соатдан кечиктирмасдан кўриб чиқиши керак.

Апелляция инстанцияси суди апелляция шикоятини, протестини кўриб чиқиб, ўз ажрими билан:
судьянинг ажримини ўзгаришсиз, шикоятни ёки протестни эса қаноатлантиришсиз қолдиришга;
судьянинг ажримини бекор қилиш ва шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тарзидаги процессуал мажбурлов чорасини қўллашга ёки айбланувчининг тиббий муассасада бўлиши муддатини узайтиришга ёхуд мазкур процессуал мажбурлов чорасини бекор қилишга ҳақли.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz