JPK | O‘zbekiston Respublikasi
4.78K subscribers
12 photos
1 video
12 links
Download Telegram
179-модда. Гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчининг экспертиза тайинлаш ва ўтказишдаги ҳуқуқлари

Гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи экспертиза тайинлаш ва ўтказишда:
1) экспертиза ўтказилгунга қадар экспертиза тайинлаш тўғрисидаги қарор ёки ажрим билан танишиб чиқиш ва ўзига берилган ҳуқуқлар тушунтирилишини талаб қилиш. Бу ҳақда баённома тузилади ёки суд мажлиси баённомасига ёзиб қўйилади;
2) экспертни рад этиш;
3) ўзи кўрсатган шахслар орасидан эксперт тайинланишини илтимос қилиш;
4) эксперт хулоса бериши учун унинг олдига қўшимча саволлар қўйиш, қўшимча материаллар тақдим этиш;
5) экспертиза ўтказилаётганда суриштирувчи, терговчи, суднинг рухсати билан ҳозир бўлиш, экспертдан текширув вақтида қўллаётган усулларининг ва олинган натижаларнинг моҳиятини тушунтириб беришни талаб қилиш, экспертга тушунтиришлар бериш;
6) эксперт хулосаси билан танишиб чиқиш ва қўшимча ёки қайта экспертиза ўтказиш тўғрисида илтимос қилиш ҳуқуқига эга.

Санаб ўтилган ҳуқуқлардан тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланаётган шахс ҳам, агар бунга унинг руҳий ҳолати имкон берса, фойдаланади.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
180-модда. Экспертиза тайинлаш тўғрисидаги қарор ёки ажрим

Экспертиза тайинлаш тўғрисида терговга қадар текширувни амалга оширувчи органнинг мансабдор шахси, суриштирувчи, терговчи қарор, суд эса ажрим чиқаради. Унда: экспертиза тайинлаш учун асос бўлган сабаблар; экспертизага юборилаётган ашёвий далиллар ва бошқа объектлар, уларнинг қачон, қаерда ва қайси ҳолатда топилганлиги ва олинганлиги; иш материаллари бўйича экспертиза ўтказишда эса эксперт хулосаси асосланиши лозим бўлган маълумотлар; эксперт олдига қўйилган саволлар; экспертиза муассасасининг номи ёки экспертиза ўтказиш топширилган шахснинг фамилияси кўрсатилиши лозим.

Зарур ҳолларда экспертиза жиноят иши қўзғатилишидан олдин ҳам тайинланиши мумкин.

Экспертиза ўтказиш тўғрисидаги қарор ёки ажрим унга тааллуқли шахслар учун мажбурийдир.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
181-модда. Экспертиза ўтказишда мажбурлов чегараси

Мураккаб тиббий текширув усулларидан, шунингдек кучли оғриқ бериш билан боғлиқ усуллардан мажбурий фойдаланишга фақат экспертиза ўтказилаётган шахснинг розилиги билан, агар ушбу шахс вояга етмаган ёки унинг руҳий ҳолати бузилган бўлса, унинг қонуний вакилининг, васийсининг ёки ҳомийсининг розилиги билан йўл қўйилади.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
182-модда. Давлат суд-экспертиза муассасасида ёки бошқа корхона, муассаса, ташкилотда экспертиза ўтказиш

Терговга қадар текширувни амалга оширувчи органнинг мансабдор шахси, суриштирувчи, терговчи ёки суд экспертиза тайинлаш тўғрисида ўзи чиқарган қарорни ёки ажримни, текшириш объектларини, зарур ҳолларда эса жиноят ишини ҳам давлат суд-экспертиза муассасасининг ёки бошқа корхона, муассаса, ташкилотнинг раҳбарига юборади. Агар қарор ёки ажримда эксперт кўрсатилмаган бўлса, ташкилотнинг раҳбари мазкур ташкилот ходимларидан қайси бири экспертиза ўтказиши тўғрисида фармойиш бериши керак. Бу ҳақда у экспертизани тайинлаган органга (шахсга) хабар беради.

Давлат суд-экспертиза муассасасининг ёки бошқа корхона, муассаса, ташкилотнинг раҳбари экспертиза ўтказишни ташкил қилади, текшириш объектларининг сақланишини таъминлайди, экспертизани ўтказиш муддатларини аниқлайди, эксперт текшируви тугаганидан сўнг хулосани, текшириш объектлари ва иш материалларини экспертизани тайинлаган органга (шахсга) юборади.

Давлат суд-экспертиза муассасасининг ёки бошқа корхона, муассаса, ташкилотнинг раҳбари, агар мазкур ташкилотда эксперт текширувларини ўтказиш учун тегишли мутахассислар ёхуд зарур моддий-техник база ёки махсус шароитлар бўлмаса, экспертизани тайинлаш тўғрисидаги қарор ёки ажримни ижро этмасдан ҳамда экспертизани ўтказиш учун тақдим этилган текшириш объектлари ва иш материалларини уч кунлик муддатда қайтариш; экспертизани тайинлаган органдан (шахсдан) экспертлар комиссияси таркибига ушбу ташкилотда ишламайдиган шахсларни, шу жумладан бошқа давлатлардан мутахассисларни, агар экспертизани ўтказиш учун уларнинг махсус билимлари зарур бўлса, киритиш тўғрисида илтимос қилиш ҳуқуқига эга.

Давлат суд-экспертиза муассасасининг ёки бошқа корхона, муассаса, ташкилотнинг раҳбари экспертизани тайинлаган органнинг (шахснинг) розилигисиз экспертизани ўтказиш учун ушбу ташкилотда ишламайдиган мутахассисларни жалб этишга; экспертизани ўтказиш учун зарур бўлган қўшимча текшириш объектларини экспертизани тайинлаган органнинг (шахснинг) қарори ёки ажримисиз талаб қилиб олишга ҳақли эмас

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
183-модда. Экспертиза муассасасидан ташқарида экспертиза ўтказиш

Экспертиза экспертиза муассасасидан ташқарида ўтказиладиган бўлса, терговга қадар текширувни амалга оширувчи органнинг мансабдор шахси, суриштирувчи, терговчи ёки суд экспертиза ўтказиш тўғрисида қарор ёки ажрим чиқаргандан кейин экспертиза ўтказиш топширилаётган шахсни чақиртиради, унинг шахси ва малакасини, гумон қилинувчига, айбланувчига, судланувчига, жабрланувчига бўлган муносабатини ва уни рад этишга асослар бор-йўқлигини аниқлайди.

Экспертизани тайинлаган терговга қадар текширувни амалга оширувчи органнинг мансабдор шахси, суриштирувчи, терговчи ёки суд экспертга экспертиза тайинланганлиги тўғрисидаги қарорни ёки ажримни тақдим этади, уни ушбу Кодекснинг 68-моддасида кўрсатилган ҳуқуқ ва мажбуриятлари билан таништиради ва била туриб нотўғри хулоса берганлиги, суриштирув ёки дастлабки тергов маълумотларини суриштирувчининг, терговчининг ёхуд прокурорнинг рухсатисиз ошкор қилганлиги, шунингдек хулоса беришни рад этганлиги ёки бундан бўйин товлаганлиги учун жиноий жавобгарлик тўғрисида огоҳлантиради. Эксперт берган ариза ва илтимосномалар ҳам шу зайлда қайд этилади. Экспертнинг илтимоси рад этилган тақдирда, экспертиза тайинлаган терговга қадар текширувни амалга оширувчи органнинг мансабдор шахси, суриштирувчи, терговчи ёки суд бу ҳақда қарор ёки ажрим чиқаради.

Агар гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи, жабрланувчи ёки гувоҳнинг баданини ёхуд руҳий ҳолатини текшириш зарурати пайдо бўлса, экспертиза тайинлаган терговга қадар текширувни амалга оширувчи органнинг мансабдор шахси, суриштирувчи, терговчи ёки суд уларнинг экспертга олиб келинишини таъминлаши шарт.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
184-модда. Экспертнинг ёки экспертлар комиссиясининг хулосаси

Эксперт ёки экспертлар комиссияси эксперт текширувларини ўтказиб бўлганидан кейин тегишинча эксперт ёхуд экспертлар комиссияси таркибига кирувчи ҳар бир эксперт имзоси билан тасдиқланадиган хулоса тузади.

Хулосада: экспертиза ўтказилган сана ва жой; экспертизани ўтказиш асоси; экспертизани тайинлаган орган (шахс) тўғрисида маълумотлар; эксперт (фамилияси, исми, отасининг исми, маълумоти, ихтисослиги, иш стажи, илмий даражаси, илмий унвони, эгаллаб турган лавозими) ва экспертизани ўтказиш топширилган ташкилот ҳақида маълумотлар; экспертнинг била туриб нотўғри хулоса берганлиги, суриштирув ёки дастлабки тергов маълумотларини суриштирувчи, терговчи ёхуд прокурорнинг рухсатисиз ошкор қилганлиги, шунингдек хулоса беришни рад этганлиги ёки бу ишдан бўйин товлаганлиги учун жиноий жавобгарлик тўғрисида огоҳлантирилганлиги; экспертнинг олдига қўйилган саволлар; экспертга тақдим этилган текшириш объектлари ва иш материаллари; экспертиза ўтказилаётганда ҳозир бўлган шахслар ҳақида маълумотлар; қўлланилган усуллар кўрсатилган ҳолда эксперт текширувларининг мазмуни ва натижалари, шунингдек бу эксперт текширувлари, агар экспертлар комиссияси ишлаган бўлса, ким томонидан ўтказилганлиги; эксперт текшируви натижаларининг баҳоланиши, қўйилган саволларга берилган асосли жавоблар; иш учун аҳамиятга молик бўлган ва экспертнинг ташаббусига кўра аниқланган ҳолатлар кўрсатилиши лозим.

Хулосада ҳуқуқбузарлик сабаблари ва унинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитлар, шунингдек уларни бартараф этишга доир ташкилий-техникавий тавсиялар кўрсатилган бўлиши мумкин.

Хулосани ва унинг натижаларини тасвирловчи материаллар ушбу хулосага илова қилинади ҳамда унинг таркибий қисми бўлиб хизмат қилади. Эксперт текширувининг олиб борилиши, шарт-шароитлари ва натижаларини ҳужжатлаштирадиган материаллар давлат суд-экспертиза муассасасида ёки бошқа корхона, муассаса, ташкилотда қонунчиликда белгиланган муддатларда сақланади. Улар экспертизани тайинлаган органнинг (шахснинг) талабига биноан ишга қўшиб қўйиш учун тақдим этилади.

Агар тақдим этилган текшириш объектларининг, материалларнинг ёки экспертнинг махсус билимлари етарли эмаслиги эксперт текшируви давомида маълум бўлиб қолса, хулоса айрим қўйилган саволларга жавоб беришни рад этиш асосини ўз ичига олган бўлиши лозим.
Эксперт текшируви тугаганидан сўнг хулоса, текшириш объектлари ва иш материаллари экспертизани тайинлаган органга (шахсга) юборилади.
185-модда. Хулоса беришнинг иложи йўқлиги тўғрисидаги ҳужжат

Агар эксперт қўйилган саволларни унинг махсус билимлари асосида ҳал қилиш мумкин бўлмаслигига ёки унга тақдим этилган текшириш объектларининг ёхуд материалларнинг яроқсизлигига ёки хулоса бериш учун етарли эмаслигига ва уларни тўлдириб бўлмаслигига ёхуд фан ва суд-экспертлик амалиётининг ҳолати қўйилган саволларга жавоб топиш имкониятини бермаслигига ишонч ҳосил қилса, у хулоса беришнинг иложи йўқлиги тўғрисида асослантирилган ҳужжат тузади ҳамда уни экспертизани тайинлаган органга (шахсга) юборади.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
186-модда. Экспертни сўроқ қилиш

Экспертнинг хулосаси етарли даражада аниқ бўлмай, камчиликларини тўлдириш учун қўшимча текшириш ўтказишга зарурат бўлмаса ёки эксперт фойдаланган усулларга аниқлик киритиш зарур бўлиб қолса, суриштирувчи, терговчи ёки суд экспертни ушбу Кодекснинг 98 — 108-моддаларида назарда тутилган қоидаларга риоя этган ҳолда сўроқ қилиш ҳуқуқига эга.

Эксперт фақат ўзи томонидан берилган хулоса ва шахсан ўтказган эксперт текширувлари юзасидан сўроқ қилиниши мумкин.

Экспертни у хулоса бергунига қадар сўроқ қилиш тақиқланади.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
187-модда. Эксперт хулосасини баҳолаш

Эксперт хулосаси терговга қадар текширувни амалга оширувчи органнинг мансабдор шахси, суриштирувчи, терговчи ёки суд томонидан жиноят иши ёки терговга қадар текширув материаллари бўйича тўпланган бошқа далиллар билан биргаликда унинг илмий асосланганлиги ва экспертиза ўтказиш учун белгиланган барча процессуал қоидаларга риоя этилганлиги нуқтаи назаридан баҳоланади.

Экспертнинг хулосаси суриштирувчи, терговчи ёки суд учун муқаррар далилий кучга эга эмас. Хулосага қўшилмаслик қарорда ёки ажримда асослаб берилиши лозим.

Агар жиноят иши ёки терговга қадар текширув материаллари бўйича бир неча экспертиза ўтказилган ва экспертлар бир хил фикрга келмаган бўлса, терговга қадар текширувни амалга оширувчи органнинг мансабдор шахси, суриштирувчи, терговчи ёки суд баъзи экспертларнинг хулосаларига қўшилиш ва бошқа экспертларнинг хулосаларига қўшилмаслик тўғрисидаги ўз фикрини асослаб бериши лозим.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
22-1-боб. Тафтиш
187-1-модда. Тафтиш тайинлаш учун асослар

Юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларни тафтиш қилиш иш учун аҳамиятли бўлган ҳолатлар ҳақидаги маълумотларни текширилаётган субъектларнинг бухгалтерия, молия, статистика, банк ҳужжатларини ва бошқа ҳужжатларини ўрганиш ҳамда таққослаб кўриш йўли билан олиш мумкин бўлган ҳолларда тайинланади. Суриштирувчининг, терговчининг, прокурорнинг ёки судьянинг махсус билимларга эга эканлиги тафтишни тайинлашдан озод этмайди.

Тадбиркорлик субъектини тафтиш қилиш фақат унинг қонунчиликни бузганлиги фактлари бўйича қўзғатилган жиноят иши доирасида амалга оширилади. Бунда тафтишга тадбиркорлик субъектининг фақат қўзғатилган жиноят иши билан боғлиқ фаолияти қамраб олиниши мумкин.

Жиноят иши қўзғатилгунига қадар тафтишни тайинлашга фақат қонунчиликда белгиланган ҳолларда ва тартибда йўл қўйилади.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
187-2-модда. Тафтишни тайинлаш

Тафтиш терговга қадар текширувни амалга оширувчи орган мансабдор шахсининг, суриштирувчининг, терговчининг, прокурорнинг қарори ёки суднинг ажрими билан тайинланади.

Тафтишни тайинлаш тўғрисидаги қарорда ёки ажримда қуйидагилар кўрсатилган бўлиши керак:
1) текшириладиган субъектнинг тўлиқ номи ва унинг ташкилий-ҳуқуқий шакли (якка тартибдаги тадбиркорнинг фамилияси, исми, отасининг исми), солиқ тўловчининг идентификация рақами ва юридик манзили;
2) жиноят ишининг рақами ёки тафтишни тайинлаш учун терговга қадар текшириш жараёнида юзага келган асослар ёхуд қўшимча ёки қайта тафтиш тайинлаш учун асослар;
3) тафтиш ўтказиш чоғида ўрганиладиган масала ёки масалалар доираси;
4) молия-хўжалик фаолиятининг тафтиш қилиниши лозим бўлган даври;
5) тафтиш ўтказиш топширилган ваколатли органнинг номи, шу жумладан қўшимча равишда жалб этиладиган давлат органлари ва ташкилотлар.
Тафтиш ўтказиш чоғида тафтишни тайинлаш тўғрисидаги қарорда ёки ажримда кўрсатилмаган масалани ёки масалалар доирасини, шунингдек молия-хўжалик фаолиятининг даврини ўрганиш тақиқланади.
Ушбу Кодекснинг 187-3-моддасида кўрсатилган органлар ва ташкилотлар тафтишни тайинлаш тўғрисидаги қарор ёки ажрим олинган пайтдан эътиборан икки иш кунидан кечиктирмай тафтиш ўтказиш ҳақида тафтишни ўтказиш учун тайинланган шахсларни албатта кўрсатган ҳолда буйруқ чиқаради.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
187-3-модда. Тафтиш ўтказиш учун тайинланадиган шахслар

Тафтиш ўтказиш учун тайинланадиган шахслар сифатида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг, давлат солиқ хизматининг, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг ва ҳудудий молия органларининг мутахассислари иштирок этиши мумкин.
Зарур бўлган ҳолларда, суриштирувчининг, терговчининг, прокурорнинг қарорига ёхуд суднинг ажримига кўра бошқа давлат органлари ва ташкилотларнинг ходимлари ҳам тафтиш ўтказиш учун жалб этилиши мумкин.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
187-4-модда. Тадбиркорлик субъектларини тафтишдан ўтказиш шартлари

Тадбиркорлик субъектларини тафтиш қилиш юридик хизмат вакиллари ва (ёки) жалб этилган адвокатлар албатта иштирок этган ҳолда (тадбиркорлик субъекти мазкур ҳуқуқдан воз кечган ҳоллар бундан мустасно) ўтказилади.

Юридик хизмат вакилининг иштирокидан ва (ёки) адвокатнинг юридик ёрдамидан воз кечиш тафтишнинг кейинги босқичларида тадбиркорлик субъекти томонидан уларни жалб этиш учун тўсиқ бўлмайди.

Тафтиш ўтказувчи шахс тадбиркорлик субъектининг ваколатли вакилига унинг тафтиш ўтказишда иштирок этишга юридик хизмат вакилини ва (ёки) адвокатни жалб этишга ёхуд уларнинг иштирокидан воз кечишга бўлган ҳуқуқини тафтиш ўтказиш бошлангунига қадар ёзма шаклда тушунтиради ва бу ҳақда баённома тузилади.

Агар тадбиркорлик субъектининг мансабдор шахси ёки вакили томонидан юридик хизмат вакилини ва (ёки) адвокатни жалб этиш нияти билдирилса, тафтиш ўтказишнинг бошланиши юридик хизмат вакили ва (ёки) адвокат етиб келгунига қадар, бироқ кўпи билан йигирма тўрт соатга тўхтатиб турилади.

Юридик хизмат вакилининг ва (ёки) адвокатнинг йигирма тўрт соат ичида етиб келиш имконияти бўлмаган тақдирда, тафтиш уларнинг иштирокисиз бошланади.

Тафтиш ўтказиш учун асос бўлиб хизмат қилувчи қуйидаги ҳужжатларнинг мавжуд бўлиши тадбиркорлик субъектини тафтишдан ўтказишнинг мажбурий шартидир:
тафтиш тайинлаш тўғрисидаги қарор ёки ажрим;
ваколатли органнинг тафтиш ўтказиш тўғрисидаги буйруғи;
тафтиш ўтказувчи шахснинг хизмат гувоҳномаси;
тафтишга рухсат бериш тўғрисидаги махсус гувоҳнома.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
187-5-модда. Тафтиш ўтказиш тартиби

Тафтиш ўтказиш учун тайинланган шахслар текширилаётган субъектнинг мансабдор шахсларини ёки вакилларини тафтиш ўтказиш учун асос бўлган ҳужжатлар билан тафтиш ўтказиш бошлангунига қадар таништириши, шунингдек текширувларни рўйхатдан ўтказиш китобига ёзув киритиши шарт.

Тафтиш тайинлаш тўғрисидаги қарорнинг ёки ажримнинг ва ваколатли органнинг тафтиш ўтказиш ҳақидаги буйруғининг кўчирма нусхалари текширилаётган субъектнинг мансабдор шахсига ёки вакилига имзо қўйдириб топширилган, шунингдек улар хизмат гувоҳномаси ва тафтишга рухсат бериш тўғрисидаги махсус гувоҳнома билан таништирилган пайт тафтиш ўтказиш бошланган пайт деб ҳисобланади.

Текширилаётган субъект мансабдор шахсининг ёки вакилининг тафтиш ўтказиш учун асос бўлган ҳужжатларни олиш ва улар билан танишишдан бош тортиши тафтишни бекор қилиш учун асос бўлмайди.

Текширилаётган субъектнинг мансабдор шахси ёки вакили тегишли ҳужжатларни олиш ва улар билан танишишдан бош тортган тақдирда, тафтиш ўтказиш учун тайинланган шахс томонидан унинг ўзи ва текширилаётган субъектнинг мансабдор шахси ёки вакили имзолайдиган баённома тузилади. Текширилаётган субъектнинг мансабдор шахси ёки вакили мазкур баённомани имзолашдан бош тортган тақдирда, унга тегишли ёзув ёзиб қўйилади. Мазкур ҳолда баённома имзоланган пайт тафтиш ўтказиш бошланган пайт деб ҳисобланади.

Текширилаётган субъектнинг мансабдор шахси ёки вакили тафтиш ўтказиш учун зарур бўлган ҳужжатларни, ахборотни ва материалларни тафтиш ўтказиш учун асос бўлган ҳужжатлар олинганидан ва улар билан танишиб чиқилганидан кейин тақдим этиши шарт.

Текширилаётган субъектнинг мансабдор шахси ёки вакили ҳужжатларни, ахборот ва материалларни тақдим этишдан бош тортган тақдирда, тафтиш ўтказувчи шахс бундан буёнги процессуал ҳаракатларни ўтказиш тўғрисида қарор қабул қиладиган суриштирувчига, терговчига, прокурорга ёки судга бу ҳақда дарҳол хабар қилади.

Ҳужжатларни олиб қўйиш зарур бўлган тақдирда, суриштирувчи, терговчи ёки прокурор олиб қўйиш тўғрисида қарор, суд эса ажрим чиқаради. Олиб қўйиш ушбу Кодекснинг 20-бобида белгиланган қоидалар бўйича амалга оширилади.

Тафтиш ўтказувчи шахс зарур бўлган тақдирда, текширилаётган субъектнинг ҳудуди ва биноларини текширувдан, шунингдек мол-мулкини инвентаризациядан ўтказиши мумкин.

Тафтиш тайинлаш тўғрисидаги қарорда ёки ажримда кўрсатилган масалаларни ўрганиш солиқ, валютага оид, бухгалтерия тўғрисидаги қонунчиликка ва бошқа қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади.

Тафтиш ўтказувчи шахснинг текширилаётган субъектнинг ҳудудига ва биноларига (турар жойлар бундан мустасно) киришига тўсқинлик қилинган, шунингдек тафтишни амалга ошириш учун унинг мол-мулкини инвентаризациядан ўтказиш рад қилинган тақдирда, тафтиш ўтказувчи шахснинг ўзи ва текширилаётган субъектнинг мансабдор шахси ёки вакили томонидан имзоланадиган баённома тузилади. Текширилаётган субъектнинг мансабдор шахси ёки вакили баённомани имзолашдан бош тортган тақдирда, унга тегишли ёзув ёзиб қўйилади. Баённома бундан буёнги процессуал ҳаракатларни ўтказиш тўғрисида қарор қабул қиладиган суриштирувчига, терговчига, прокурорга ёки судга тақдим этилади.

Тафтиш ўтказувчи шахснинг текширилаётган субъектнинг ҳудудига ва биноларига (турар жойлар бундан мустасно) киришига тўсқинлик қилинганлиги, шу жумладан ушбу субъектнинг мол-мулкини инвентаризациядан ўтказиш рад этилганлиги, шунингдек тафтиш ўтказувчи шахснинг ўз хизмат мажбуриятларини бажаришига тўсқинлик қилинганлиги қонунда назарда тутилган жавобгарликка сабаб бўлади.

Тафтиш ўтказувчи шахсларнинг ўз хизмат мажбуриятларини бажаришига тўсқинлик қилинганлиги учун жавобгарликка тортиш тафтишни бекор қилиш учун асос бўлмайди.

Текширилаётган субъектнинг мансабдор шахсига ёки вакилига тафтиш натижалари тўғрисидаги далолатнома топширилган кун тафтиш ўтказиш тугалланган кун деб ҳисобланади.
Текширилаётган субъектнинг мансабдор шахси ёки вакили тафтиш натижалари тўғрисидаги далолатномани олишдан бўйин товлаган тақдирда, тафтиш ўтказувчи шахс тафтиш натижалари тўғрисидаги далолатномага бу ҳақда тегишли ёзув киритади ва шу пайтдан эътиборан тафтиш тугалланган деб ҳисобланади. Мазкур ҳолда тафтиш натижалари тўғрисидаги далолатноманинг бир нусхаси текширилаётган субъектга почта орқали буюртма хат билан юборилади.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
187-6-модда. Айрим ҳолларда тафтиш ўтказиш тартиби

Текширилаётган субъектнинг мансабдор шахси ёки вакили турган жой номаълум бўлган тақдирда, тафтиш ўтказувчи шахс тафтишни тайинлаш тўғрисидаги қарорнинг ёки ажримнинг ва ваколатли органнинг тафтиш ўтказиш ҳақидаги буйруғининг кўчирма нусхаларини текширилаётган субъектнинг юридик манзилига ва унинг мансабдор шахсининг яшаш жойи манзилига уч иш куни ичида буюртма хат билан юборади. Бундай ҳолда буюртма хат юборилган сана тафтиш ўтказиш бошланган сана деб ҳисобланади.

Текширилаётган субъект мансабдор шахсининг ёки вакилининг йўқлиги тафтишни бекор қилиш учун асос бўлмайди. Бундай ҳолда тафтиш текширилаётган субъектнинг молия-хўжалик фаолияти тўғрисидаги, ишда мавжуд бўлган ҳужжатлар, ахборот ва материаллар асосида ўтказилади.

Текширилаётган субъектнинг ҳужжатлари, ахбороти ва материаллари йўқотилган, йўқ қилинган ёки мавжуд бўлмаган тақдирда, тафтиш ўтказувчи шахс тафтишни тайинлаш тўғрисидаги қарорда ёки ажримда кўрсатилган масалаларни ўрганишни солиқ, валютага оид, бухгалтерия тўғрисидаги қонунчиликка ва бошқа қонунчиликка мувофиқ ўтказиши мумкин.

Тафтиш натижалари тўғрисидаги далолатнома текширилаётган субъектнинг юридик манзилига ва далолатноманинг кўчирма нусхаси текширилаётган субъект мансабдор шахсининг яшаш жойига буюртма хатлар билан юборилган кун тафтиш ўтказиш тугалланган кун деб ҳисобланади.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
187-7-модда. Тафтиш ўтказиш муддатлари

Тафтиш ўтказиш муддати ўттиз календарь кундан иборатдир.

Зарур бўлган тақдирда, текширилаётган субъектнинг ҳужжатлари ҳажми, фаолиятининг тури ва кўламлари ҳисобга олинган ҳолда, тафтиш муддати молия-хўжалик фаолиятининг тафтишини ўтказувчи шахснинг асослантирилган илтимосномаси бўйича суриштирувчининг, терговчининг, прокурорнинг қарори билан Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ёки унинг ўринбосарининг розилигига кўра ёхуд суднинг ажрими билан:
тадбиркорлик субъектларига нисбатан ўттиз календарь кунга;
давлат органлари ва ташкилотларига, шунингдек устав фондидаги (устав капиталидаги) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ миқдорда бўлган хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан суриштирувнинг, дастлабки терговнинг ва суд мажлисида жиноят ишини муҳокама қилишнинг ушбу Кодексда белгиланган муддатларидан ошмайдиган муддатга узайтирилиши мумкин.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
187-8-модда. Тафтиш натижалари тўғрисидаги далолатнома

Тафтиш ўтказувчи шахслар ўтказилган тафтиш натижаларига кўра далолатнома тузади.

Тафтиш натижалари тўғрисидаги далолатномада қуйидагилар кўрсатилади:
1) тафтиш ўтказилган жой, далолатнома тузилган сана;
2) тафтиш ўтказиш учун асослар;
3) тафтиш ўтказилган муддат;
4) тафтиш ўтказган шахсларнинг фамилияси, исми, отасининг исми;
5) юридик шахснинг тўлиқ номи, текширилаётган даврда унинг раҳбарлик вазифаларини ёки бухгалтерия ҳисоби ва молиявий бошқарув вазифаларини амалга оширган мансабдор шахсларининг фамилияси, исми, отасининг исми (якка тартибдаги тадбиркорнинг фамилияси, исми, отасининг исми);
6) текширилаётган субъектнинг жойлашган ери (почта манзили), банк реквизитлари, шунингдек унинг солиқ тўловчининг идентификация рақами;
7) текширилаётган субъект молия-хўжалик фаолиятининг илгариги текширувлари тўғрисидаги маълумотлар;
8) текширилаётган давр ҳамда тафтиш ўтказиш учун тақдим этилган ҳужжатлар, ахборот ва материаллар тўғрисидаги умумий маълумотлар;
9) қонунчиликнинг аниқланган бузилишларининг (улар мавжуд бўлган тақдирда) батафсил тавсифи қонунчиликнинг бузилган нормаларига ҳавола қилинган ҳолда;
10) ўтказилган тафтиш натижаларига доир, шу жумладан қонунчиликнинг бузилишлари мавжуд эмаслиги тўғрисидаги хулосалар.
Тафтиш натижалари тўғрисидаги далолатнома камида уч нусхада тузилади.
Тафтиш натижалари тўғрисидаги далолатноманинг барча нусхалари тафтиш ўтказувчи шахслар томонидан имзоланади. Тафтиш натижалари тўғрисидаги далолатноманинг бир нусхаси текширилаётган субъектнинг мансабдор шахсига ёки вакилига топширилади, у далолатноманинг барча нусхаларига олганлиги тўғрисида олиш санасини кўрсатган ҳолда имзо қўйиши шарт. Тафтиш натижалари тўғрисидаги далолатноманинг қолган нусхалари тафтиш материалларига қўшиб қўйилади.
Текширилаётган субъект мансабдор шахсининг ёки вакилининг тафтиш натижалари тўғрисидаги далолатномадаги имзоси унинг тафтиш натижаларидан рози эканлигини билдирмайди.
Тафтиш натижалари тўғрисидаги далолатномага тафтишни тайинлаш тўғрисидаги қарорнинг ёки ажримнинг ва ваколатли органнинг тафтиш ўтказиш ҳақидаги буйруғининг кўчирма нусхалари, тафтиш доирасида содир этилган ҳаракатлар тўғрисидаги баённомалар, инвентаризация далолатномалари, тафтиш ўтказиш чоғида олинган материаллар, шунингдек тафтиш доирасида содир этилган ҳаракатларни тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар қўшиб қўйилиши керак.
Тафтиш тугалланган кундан эътиборан кейинги иш кунидан кечиктирмай тафтиш материаллари тафтиш ўтказиш ваколатига эга бўлган органда қонунчиликда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилиши ва тафтишни тайинлаган суриштирувчига, терговчига, прокурорга ёки судга тақдим этилиши керак.

Тафтиш ўтказган орган тафтиш натижалари тўғрисидаги далолатноманинг тасдиқланган кўчирма нусхасини қонуний чоралар кўрилиши учун тегишли ваколатли органга ҳам юборади.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
187-9-модда. Қўшимча ёки қайта тафтиш

Қўшимча тафтиш тафтиш натижалари тўғрисидаги далолатномада мавжуд бўлган камчиликларни тўлдириш ва иш бўйича янгидан аниқланган ҳолатларни аниқлаштириш учун тайинланади.

Қайта тафтиш қуйидаги ҳолларда тайинланади:

тафтиш хулосалари ва натижаларига рози эмаслик тўғрисида текширилган субъект, айбланувчи ёки судланувчи томонидан тақдим этилган эътирозлар асосли деб топилганда;
тафтиш натижалари тўғрисидаги далолатномада тафтиш материаллари ва жиноят ишининг бошқа материаллари билан қарама-қаршиликлар мавжуд бўлганда, шунингдек тафтиш натижалари тўғрисидаги далолатномадаги хулосаларга асос бўлган ҳужжатлар, ахборот ва материаллар нотўғри деб топилганда;
тафтиш натижалари тўғрисидаги далолатномада кўрсатилган хулосалар асоссиз бўлганда ёки уларнинг тўғрилиги шубҳа туғдирганда.
Дастлабки тафтишни ўтказган шахслар қайта тафтиш ўтказиш учун тайинланиши мумкин эмас.
Қўшимча тафтиш ёки қайта тафтиш ушбу бобда белгиланган тартибда ва муддатларда ўтказилади.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
187-10-модда. Текширилаётган субъект мансабдор шахсларининг ёки вакилларининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари

Текширилаётган субъектнинг мансабдор шахслари ёки вакиллари қуйидагиларга ҳақли:
текширувчи шахслардан тафтиш ўтказиш учун асос бўлган ҳужжатларни талаб қилиш, хизмат гувоҳномаси, шунингдек тафтишга рухсат бериш тўғрисидаги махсус гувоҳнома билан танишиш;
ўз фаолияти тафтишдан ўтказилиши тўғрисида тегишли ахборотга эга бўлиш, тафтиш ўтказувчи шахслар томонидан тадбирлар ўтказилиши чоғида тушунтиришлар бериш ва уларда ҳозир бўлиш;
тафтиш ўтказувчи шахсларнинг ўз ваколатига кирмайдиган масалаларга доир талабларини бажармаслик ва ушбу шахсларни тафтиш мавзуига тааллуқли бўлмаган ҳужжатлар, ахборот ва материаллар билан таништирмаслик;
хизмат гувоҳномасини, тафтишга рухсат бериш тўғрисидаги махсус гувоҳномани, тафтишни тайинлаш ҳақидаги қарорнинг ёки ажримнинг, ваколатли органнинг тафтиш ўтказиш тўғрисидаги буйруғининг кўчирма нусхаларини тақдим этмаган шахсларни тафтиш ўтказиш учун ҳудудга ва биноларга киритмаслик, шунингдек тафтиш муддатлари бошланмаган ёки ўтиб кетган ёхуд тафтиш ўтказувчи шахс текширувларни рўйхатдан ўтказиш китобини тўлдиришни рад этган тақдирда, ҳудудга ва биноларга киритмаслик;
тафтиш тугалланган кунда тафтиш натижалари тўғрисидаги далолатноманинг бир нусхасини тафтиш ўтказувчи шахслардан олиш;
қонунчиликда белгиланган тартибда тафтиш натижалари устидан шикоят қилиш, шу жумладан суриштирувчига, терговчига, прокурорга ёки судга қўшимча ёки қайта тафтиш тайинлаш тўғрисида илтимоснома киритиш йўли билан шикоят қилиш.

Текширилаётган субъектнинг мансабдор шахслари ёки вакиллари:
тафтиш ўтказувчи шахсларни тафтиш ўтказиш учун ҳудудга ва биноларга киритиши;
тафтиш ўтказиш учун зарур бўлган ҳужжатларни, ахборотни ва материалларни тафтиш ўтказувчи шахсларнинг қонуний талабига кўра тақдим этиши;
тафтиш ўтказувчи шахсларнинг ўз мажбуриятларини бажаришида уларга кўмаклашиши шарт.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz