JPK | O‘zbekiston Respublikasi
4.66K subscribers
12 photos
1 video
12 links
Download Telegram
128-модда. Кўчар нарсаларни таниб олиш учун кўрсатиш тартиби

Тергов олиб борилаётган жойга, судга ёки бошқа жойга олиб борилиши мумкин бўлган нарсалар, нарсаларнинг бўлаги ва ҳайвонлар ушбу ишга алоқаси бўлмаган бошқа турдош нарсалар орасида таниб олиш учун кўрсатилади.

Таниб олувчи сўроқ қилинганда тасвирлаганидан ташқи белгилари, аломатлари, хусусиятлари бўйича жиддий фарқ қилмайдиган нарсалар турдош деб ҳисобланади. Таниб олиш учун кўрсатилаётган нарсаларни жойлаштириш тартиби суриштирувчи, терговчи томонидан холислар ҳузурида белгиланади.

Турдош объектлар орасидан таниб олиш тўғрисидаги қоида мурдани таниб олишда қўлланилмайди.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
129-модда. Кўчмас объектни таниб олиш учун кўрсатиш тартиби

Жабрланувчи, гувоҳ, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи жой, бино, бинодаги алоҳида хона ёки бошқа кўчмас объект номини айтиб ва тасвирлаб берса-да, бироқ унинг жойлашган ўрнини аниқ айтиб бера олмаса, бирор аниқ жойдан объектга бориш йўлини кўрсатишга истак билдирса, унга шу объектни кўрсатишига имкон берилади.

Суриштирувчи ёки терговчи ва холислар ёхуд суд таркиби ва тарафлар таниб олувчи билан биргаликда у айтган жойга келадилар. Таниб олиш учун кўрсатиш иштирокчилари шу жойдан бошлаб таниб олувчининг кўрсатуви бўйича юра бошлайдилар. Бунда таниб олувчига таниб олиш учун кўрсатишнинг бошқа иштирокчилари ёки ёт шахслар тарафидан йўналиш айтиб қўйилишининг олдини олиш чоралари кўрилиши лозим.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
130-модда. Таниб олиш учун кўрсатиш чоғида таниб олувчининг кўрсатуви

Таниб олиш учун бир гуруҳ шахслар ёки бир нечта нарсани кўрсатилганидан кейин таниб олувчига у илгари тасвирлаган шахс ёки нарсани кўрсатиш таклиф этилади.

Таниб олувчи кўрсатилган шахслардан ёки нарсалардан бирини кўрсатса, унга кўрсатилган бошқа шахслар ёки нарсалар орасидан бу шахсни ёки нарсани қайси белгилари ёки хусусиятларига кўра таниганлигини тушунтириб бериш таклиф қилинади.

Таниб олувчи таниб олиш учун унга кўрсатилган шахслар ёки нарсаларни илгари кўрмаганлигини айтса, унга қидирилаётган шахс ёки қидирилаётган нарса улардан нимаси билан фарқ қилишини тушунтириб бериш таклиф қилинади.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
131-модда. Таниб олиш учун кўрсатиш ҳолатини мустаҳкамлаш

Суриштирув ёки дастлабки тергов вақтида ўтказилган таниб олиш учун кўрсатиш тўғрисида баённома тузилади. Суд муҳокамасида ўтказилган таниб олиш учун кўрсатиш суд мажлиси баённомасида қайд қилинади.

Барча ҳолларда баённомага: таниб олувчи, таниб олиш учун кўрсатиш шароити, жараёни ва натижалари, таниб олиш учун кўрсатилган шахслар, уларнинг ёши, бўйи, миллати, турар жойи, кўзга ташланувчи белгилари, кийимлари; таниб олиш учун кўрсатилган нарсалар тавсифи; таниб олиш учун кўчмас объектлар кўрсатилганда эса, шунингдек таниб олувчи кўрсатган йўналишлар ва изланаётган объектга бирор аниқ жойдан бориш йўллари тўғрисидаги маълумотлар киритилиши лозим.

Агар шахсни таниб олиш кўриб туришни истисно этадиган шароитларда ўтказилган бўлса, баённомага бу ҳақда тегишли ёзув киритилиши керак.

Таниб олиш учун фотосуратлар кўрсатилган бўлса, баённомага фотожадвал илова қилиниши лозим.
Таниб олувчининг кўрсатувлари, шунингдек унга суриштирувчи, терговчи, суд, тарафлар ёки бошқа шахслар томонидан берилган саволлар ва қайтарилган жавоблар ушбу Кодекснинг 106-моддасида назарда тутилган қоидаларга риоя қилинган ҳолда баённомага ёзиб борилади.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
15-боб. КЎРСАТУВЛАРНИ ҲОДИСА СОДИР БЎЛГАН ЖОЙДА ТЕКШИРИШ
132-модда. Кўрсатувларни ҳодиса содир бўлган жойда текшириш учун асослар

Суриштирувчи, терговчи, суд гумон қилинувчилар, айбланувчилар, судланувчилар, гувоҳлар ҳамда жабрланувчиларнинг кўрсатувларини текширилаётган ҳодиса содир бўлган жойда ҳолатларни қайта тиклаш йўли билан текшириб кўришга ҳақлидир.

Кўрсатувларни ҳодиса содир бўлган жойда текширишдан мақсад: кўрсатувлари текширилаётган шахсга маълум, суриштирувчи, терговчи ва судга эса номаълум бўлган нарсалар, ҳужжатлар, излар ва белгиларни топиш; шахснинг тергов ёки суд муҳокамаси давомида топилган нарсалар, ҳужжатлар, излар қаерда бўлганлигини кўрсатиб бериши; бир неча шахснинг айни бир ҳодиса тўғрисида берган кўрсатувларидаги ўхшашлик ва фарқларни аниқлаш учун ишда аҳамиятли бўлган жой ёки йўналишни шахс кўрсатиб бериши; ҳолатларни қайта тиклаш ва ҳодиса содир бўлган жойдаги шароит билан қиёслаш орқали кўрсатувларнинг тўғри ёки нотўғрилигини аниқлашдан иборат.

Кўрсатуви текширилаётган шахс ҳодиса содир бўлган жойда бир вақтнинг ўзида кўрсатиш, кўздан кечириш ёки баъзи нарсаларни, ҳужжатларни, изларни олиш ёхуд муайян ҳаракатларни намойиш қилиш орқали тушунтириш беради ёки ўзининг аввал берган кўрсатувларига аниқлик киритади.

Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг кўрсатувларини ҳодиса содир бўлган жойда текшириш натижалари, бу шахсларнинг муайян ҳодисалар ҳақида билганлари фақат уларнинг жиноят содир этишга дахлдорлигидан дарак берсагина, далил кучига эга бўлади.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
133-модда. Кўрсатувларни ҳодиса содир бўлган жойда текшириш тартиби

Кўрсатувларни ҳодиса содир бўлган жойда текширишни суриштирувчи ёки терговчи холислар иштирокида, суд эса тарафлар иштирокида ўтказади. Кўрсатувларни ҳодиса содир бўлган жойда текширишга мутахассислар ва экспертлар жалб қилиниши мумкин.

Суриштирувчи, терговчи ёки суд тарафлар ва бу тергов ҳаракатининг бошқа қатнашчилари иштирокида текшириладиган кўрсатувларни эълон қилади, кўрсатув берган шахсдан уларнинг тўғри ёки нотўғрилигини, қўшимча ва ўзгартиришлар киритишга эҳтиёж бор ёки йўқлигини сўрайди, текширишнинг мақсади ва тартибини тушунтиради. Башарти гувоҳ ёки жабрланувчининг кўрсатувлари текширилаётган бўлса, улар, ўн олти ёшга тўлмаган шахсларни истисно қилганда, кўрсатув беришдан бош тортганлик ва била туриб ёлғон кўрсатув берганлик учун жиноий жавобгарликка тортилиш ҳақида огоҳлантирилиши лозим.
Бир вақтнинг ўзида бир неча шахснинг кўрсатувларини ҳодиса содир бўлган жойда текширишга йўл қўйилмайди.

Кўрсатувларни ҳодиса содир бўлган жойда текшириш қуйидагилардан иборат бўлиши мумкин: кўрсатув берган шахс текширилаётган ҳодисанинг шароит ва ҳолатини жойида тиклайди; иш учун аҳамиятли бўлган нарсаларни, ҳужжатларни, изларни қидириб топади ва кўрсатади; айрим ҳаракатларни намойиш қилади; текширилаётган ҳодисада у ёки бу нарсанинг қандай аҳамияти бўлганлигини кўрсатади; ҳодиса содир бўлган жойда шароитнинг ўзгарганлигига эътиборни қаратади; ўзининг аввалги кўрсатувларини аниқлаштиради ва уларга ойдинлик киритади. Бу ҳаракатлар вақтида четдан аралашишга, гап ўргатишга ва ишора қилувчи саволлар беришга йўл қўйилмайди.

Кўрсатуви текширилаётган шахс эркин сўзлаб бергач ва ҳаракатларни эркин намойиш қилиб бўлгач, унга саволлар берилиши мумкин. Кўрсатувни ҳодиса содир бўлган жойда текширишда қатнашаётган шахслар суриштирувчи, терговчи ва суднинг эътиборини, уларнинг фикрича иш ҳолатларини аниқлаштиришга ёрдам берадиган барча нарсаларга қаратишга, баъзи ҳаракатларнинг такрорланишини талаб қилишга ҳақлидир. Кўрсатувлари ҳодиса содир бўлган жойда текширилаётган шахс ва тергов ҳаракатининг бошқа иштирокчилари ўтказилаётган тергов ҳаракати юзасидан уларни қўшимча равишда сўроқ қилишни талаб этишга ҳақлидир.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
134-модда. Кўрсатувларни ҳодиса содир бўлган жойда текшириш баённомаси

Кўрсатувлар ҳодиса содир бўлган жойда текширилгани ҳақида ушбу Кодекснинг 90 — 92-моддаларида назарда тутилган қоидаларга мувофиқ суриштирувчи ёки терговчи баённома тузади, суд эса текширувнинг бориши ва натижаларини суд мажлиси баённомасига киритади.

Бундан ташқари баённомада: кўрсатувларни ҳодиса содир бўлган жойда текшириш қаерда, қачон, қандай шароитда ўтказилганлиги; қандай жойлар ва нарсалар кўздан кечирилганлиги; ҳодиса содир бўлган жойда берилган кўрсатувларнинг мазмуни қандайлиги; ҳодисанинг шароити ва ҳолатларини тиклаш нимада ўз аксини топганлиги; шахс ўзининг аввалги кўрсатувларига қандай аниқликлар киритганлиги кўрсатилиши лозим.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
16-боб. КЎЗДАН КЕЧИРИШ
135-модда. Кўздан кечириш учун асослар

Жиноят излари, ашёвий далилларни топиш, ҳодиса содир бўлган вазиятни ва иш учун аҳамиятли бўлган бошқа ҳолатларни аниқлаштириш мақсадида терговга қадар текширувни амалга оширувчи органнинг мансабдор шахси, суриштирувчи, терговчи ёки суд ҳодиса содир бўлган жойни, мурдани, ҳайвонларни, теварак-атрофни, биноларни, нарсалар ва ҳужжатларни кўздан кечиради.

Одам баданини кўздан кечириш гувоҳлантириш ёки экспертиза ўтказиш қоидаларига асосланган ҳолда (ушбу Кодекснинг 142 — 147 ва 172 — 187-моддалари) амалга оширилади. Почта-телеграф жўнатмаларини кўздан кечириш ушбу Кодекснинг 167-моддасида назарда тутилган тартибда ўтказилади.

Нарсаларни олиб қўйиш ва тинтув ўтказиш чоғида топилган нарса ва ҳужжатлар шу тергов ҳаракатларини ўтказиш учун белгиланган қоидаларга риоя қилган ҳолда кўздан кечирилиши лозим.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
136-модда. Кўздан кечириш тартибининг умумий қоидалари

Терговга қадар текширув, суриштирув ёки дастлабки тергов босқичида кўздан кечириш холислар иштирокида ўтказилади. Жиноят иши кўрилаётган вақтда кўздан кечиришга зарурат туғилса, суд бу ҳақда ажрим чиқаради ва кўздан кечиришни тарафлар иштирокида ўтказади.

Зарур ҳолларда терговга қадар текширувни амалга оширувчи органнинг мансабдор шахси, суриштирувчи, терговчи ёки суд кўздан кечириш чоғида ўлчов ўтказади, фотосуратга, кинотасвирга, видеоёзувга туширади, режалар, схемалар, чизмалар тузади, излардан қолиплар ва нусхалар олади. Бу ишларни бажаришга ёрдам бериш учун кўздан кечиришга мутахассислар жалб қилиниши мумкин.

Кўздан кечириш чоғида топилган ва олиб қўйилган барча нарсалар холисларга, тарафларга ва кўздан кечиришнинг бошқа иштирокчиларига кўрсатилиши лозим.

Кўздан кечиришда иштирок этаётган шахслар суриштирувчи, терговчи ва суднинг эътиборини ўзларининг фикрича иш ҳолатларини ойдинлаштиришга ёрдам бериши мумкин бўлган барча ҳолларга қаратишга ҳақлидирлар.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
137-модда. Ҳодиса содир бўлган жойни кўздан кечириш

Ҳодиса содир бўлган жойни кўздан кечириш айнан ана шу жойда жиноят содир этилганлиги ёки унинг излари борлиги ҳақида маълумотлар бўлган тақдирда ўтказилади.

Кечиктириб бўлмайдиган ҳолларда ҳодиса содир бўлган жой жиноят иши қўзғатилишидан олдин ҳам кўздан кечирилиши мумкин.

Катта майдонларни ва биноларни кўздан кечириш бир неча суриштирувчи ёки терговчи томонидан амалга оширилиши мумкин, бунда уларнинг ҳар бири камида икки нафар холис иштирокида кўздан кечириши лозим.

Ҳодиса содир бўлган жойдан олинган нарсалар, ҳужжатлар ва излар ўралади ва муҳрланади. Катта ҳажмдаги нарсалар олинмайди ва муҳрланмайди, лекин терговга қадар текширувни амалга оширувчи органнинг мансабдор шахси, суриштирувчи ёки терговчи уларни сақлаш чораларини кўриши лозим.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
138-модда. Мурдани кўздан кечириш

Суриштирувчи ёки терговчи мурданинг ташқи кўринишини у топилган жойда холислар ва суд-тиббиёт соҳасидаги мутахассис шифокор иштирокида кўздан кечиради. Бундай мутахассис шифокор иштирок этишига имконият бўлмаган тақдирда, бошқа шифокор иштирок этади. Зарур ҳолларда мурдани кўздан кечириш учун бошқа мутахассислар, шунингдек экспертлар жалб қилинади.

Эксгумация вақтида мурдани кўздан кечириш ушбу Кодекснинг 148 — 152-моддаларида назарда тутилган қоидаларга риоя қилган ҳолда ўтказилади.

Мурда топилган жойда уни таниб олиш учун кўрсатиш чоғида ушбу Кодекснинг 126 ва 131-моддаларида назарда тутилган қоидаларга риоя қилинади. Таниб олинмаган мурдаларнинг бармоқ излари олиниши шарт. Ушбу Кодекснинг 188 — 191, 193 ва 197-моддалари талабларига риоя қилган ҳолда мурдадан текшириш учун бошқа хил намуналар ҳам олиниши мумкин.

Таниб олинмаган мурдани фақат прокурор рухсати билангина кўмилади.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
139-модда. Теварак-атроф ва биноларни кўздан кечириш

Терговга қадар текширувни амалга оширувчи органнинг мансабдор шахси, суриштирувчи, терговчи ва суд теварак-атроф ва биноларни қуйидаги қоидаларга риоя қилган ҳолда кўздан кечирадилар.

Фуқаронинг уйи ёки хизмат жойини кўздан кечириш зарурати бўлса, терговга қадар текширувни амалга оширувчи органнинг мансабдор шахси, суриштирувчи ёки терговчи бу ҳақда қарор, суд эса ажрим чиқаради. Турар жойи кўздан кечирилаётган шахс ёки тегишли корхона, муассаса, ташкилотнинг вакили чиқарилган қарор ёки ажрим билан таништирилиб, бу ҳақда имзо чектирилади.

Кўздан кечириш корхонада, муассасада, ташкилотда ўтказилса — маъмурият вакилининг, ҳарбий қисмда, штабда ва муассасада ўтказилса — қўмондонлик вакилининг, зарур ҳолларда эса, моддий жавобгар шахснинг қатнашиши шарт. Биноларни кўздан кечиришда ушбу Кодекснинг 160 ва 161-моддаларида назарда тутилган қоидаларга риоя қилиниши лозим.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
140-модда. Нарса ва ҳужжатларни кўздан кечириш

Терговга қадар текширувни амалга оширувчи органнинг мансабдор шахси, суриштирувчи, терговчи ва суд нарса ва ҳужжатларни улар топилган жойда, башарти кўздан кечириш кўп вақт ёки қўшимча техник воситалар талаб қилса, кейинчалик суриштирув, дастлабки тергов ёки суд муҳокамаси ўтказилаётган жойда кўздан кечирадилар.
Кўздан кечириш техник воситалардан фойдаланилган ҳолда, башарти нарса ёки ҳужжатларнинг йўқолишига ёхуд шикастланишига олиб келмаса, ўтказилиши мумкин.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
141-модда. Кўздан кечириш баённомаси

Ушбу Кодекснинг 90 — 92-моддаларида назарда тутилган қоидаларга мувофиқ терговга қадар текширувни амалга оширувчи органнинг мансабдор шахси, суриштирувчи ёки терговчи кўздан кечириш ўтказилганлиги тўғрисида баённома тузади, суд эса кўздан кечириш жараёнини ва унинг натижаларини суд мажлиси баённомасида қайд этади.

Баённомада кўздан кечириш давомида топилган барча нарсалар, улар қандай тартибда кўздан кечирилган бўлса, худди шу тартибда, кўздан кечириш пайтида қандай ҳолатда кузатилган бўлса, худди шу ҳолатда қайд этилади. Кўздан кечириш чоғида топилган ва олинган барча излар, нарсалар ва ҳужжатлар санаб ўтилади. Олинган буюмнинг эгасига тегишли маълумотнома ёки баённоманинг нусхаси берилади.

Бундан ташқари, баённомада: кўздан кечириш қайси вақтда, қандай об-ҳавода ва қандай ёруғликда ўтказилганлиги; қандай илмий-техника воситалари қўлланилганлиги ва қандай натижалар олинганлиги; кўздан кечиришда кўмаклашиш учун кимлар жалб қилинганлиги ва кўмаклашиш нимада ўз аксини топганлиги; қандай нарсалар ва ҳужжатлар қай тартибда ва қандай муҳр билан муҳрланганлиги; кўздан кечирилганидан кейин мурда ва иш учун аҳамиятли бўлган нарсаларнинг қаерга юборилганлиги кўрсатилган бўлиши лозим.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
17-боб. ГУВОҲЛАНТИРИШ
142-модда. Гувоҳлантириш учун асослар

Гувоҳлантириш:
1) одамнинг баданидаги иш учун аҳамиятга молик хусусият ёки аломатларни, алоҳида белгиларни, унинг жисмоний ривожланганлиги тўғрисидаги маълумотларни, доғларни, тирналган, шилинган, қонталаш жойларни топиш зарурати туғилган ҳолларда, агар бунинг учун экспертиза ўтказиш лозим бўлмаса;
2) экспертиза ўтказишни талаб қилмайдиган усулларни қўллаш йўли билан шахснинг мастлик ва бошқа физиологик ҳолатини аниқлаш зарурати туғилган ҳолларда ўтказилади.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
143-модда. Гувоҳлантириладиган шахслар

Гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи ва жабрланувчи гувоҳлантирилишлари мумкин. Гувоҳ унинг кўрсатувлари тўғрилигини текшириш учунгина гувоҳлантирилиши мумкин.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
144-модда. Гувоҳлантиришни ўтказиш тўғрисидаги қарор ёки ажрим

Гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи ёки жабрланувчининг баданида жиноят излари, иш учун аҳамиятга молик бошқа белгилар ёки унинг ғайритабиий физиологик ҳолати тўғрисида етарли маълумотлар бўлса, гувоҳлантиришни ўтказиш ҳақида суриштирувчи ёки терговчи қарор, суд эса ажрим чиқаради.

Қарорда ёки ажримда: гувоҳлантиришни ким ва қандай мақсадда ўтказиши; кимни гувоҳлантириш кераклиги; гувоҳлантирилиши учун шахс кимнинг ҳузурига ва қачон етиб келиши кўрсатилган бўлиши лозим.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
145-модда. Гувоҳлантириш ҳақидаги қарорнинг ёки ажримнинг мажбурийлиги

Суриштирувчининг, терговчининг гувоҳлантириш ўтказиш тўғрисидаги қарори ёки суднинг шу тўғридаги ажрими қайси шахс хусусида чиқарилган бўлса, ўша шахсга нисбатан мажбурийдир.

Гувоҳлантиришдан бош тортаётган шахслар мажбурий келтирилиши ва гувоҳлантирилиши мумкин.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz