JK | O‘zbekiston Respublikasi
13.7K subscribers
6 photos
47 links
Download Telegram
21-модда. Қасддан содир этилган жиноят

Ушбу Кодекс моддасида жиноят тамом бўлган пайт ижтимоий хавфли қилмиш бажарилган вақт деб ҳисобланган бўлиб, уни содир этган шахс ўз қилмишининг ижтимоий хавфлилик хусусиятини англаган ва шундай қилмишни содир этишни истаган бўлса, бундай жиноят қасддан содир этилган деб топилади.

Ушбу Кодекс моддасида жиноят тамом бўлган пайт ижтимоий хавфли оқибат юз берган вақт деб топилган қилмишлар тўғри ёки эгри қасддан содир этилган бўлиши мумкин.

Агар шахс ўз қилмишининг ижтимоий хавфли хусусиятини англаган, унинг ижтимоий хавфли оқибатларига кўзи етган ва уларнинг юз беришини истаган бўлса, бундай жиноят тўғри қасддан содир этилган деб топилади.

Агар шахс ўз қилмишининг ижтимоий хавфли хусусиятини англаган, унинг ижтимоий хавфли оқибатларига кўзи етган ва уларнинг юз беришига онгли равишда йўл қўйган бўлса, бундай жиноят эгри қасддан содир этилган деб топилади.

@jinoyatkodeksi_uz
22-модда. Эҳтиётсизлик орқасида содир этилган жиноят

Ўз-ўзига ишониш ёки бепарволик орқасида содир этилган ижтимоий хавфли қилмиш эҳтиётсизлик орқасида содир этилган жиноят деб топилади.

Агар жиноятни содир этган шахс ўз хулқ-атвори қонунда назарда тутилган ижтимоий хавфли оқибатлар келтириб чиқариши мумкинлигига кўзи ета туриб, эҳтиёткорлик чора-тадбирларига онгли равишда риоя этмаган ҳолда бундай оқибатлар келиб чиқмаслигига асоссиз равишда умид қилган бўлса, бундай жиноят ўз-ўзига ишониш оқибатида содир этилган деб топилади.

Агар жиноят содир этган шахс ўз хулқ-атвори қонунда назарда тутилган ижтимоий хавфли оқибатлар келтириб чиқариши мумкинлигига кўзи етмасада, лекин кўзи етиши лозим ва мумкин бўлса, бундай жиноят бепарволик орқасида содир этилган деб топилади.

@jinoyatkodeksi_uz
23-модда. Мураккаб айбли жиноят

Агар шахснинг қасддан жиноят содир этиши натижасида эҳтиётсизлик орқасида бошқа ижтимоий хавфли оқибатлар юз берган ва шундай қилмишни қонун қаттиқроқ жавобгарлик билан боғлаган бўлса, бундай жиноят қасддан содир этилган деб топилади.

@jinoyatkodeksi_uz
VI боб. Тамом бўлмаган жиноят

24-модда. Айбсиз ҳолда зарар етказиш

Агар шахс ўз қилмишининг ижтимоий хавфлилик хусусиятини англамаган, англаши мумкин ва лозим ҳам бўлмаган ёки унинг ижтимоий хавфли оқибатларига кўзи етмаган ва ишнинг ҳолатларига кўра кўзи етиши мумкин ва лозим ҳам бўлмаган бўлса, бундай қилмиш айбсиз ҳолда содир этилган деб топилади.
25-модда. Жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш

Шахснинг қасддан қилинадиган жиноятни содир этиш ёки яшириш учун шарт-шароит яратувчи қилмиши ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра содир этилиши бошлангунга қадар тўхтатилган бўлса, бундай қилмиш жиноятга тайёргарлик кўриш деб топилади.
Қасддан содир этиладиган жиноят бошланиб, шахсга боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра охирига етказилмаган бўлса, жиноят содир этишга суиқасд деб топилади.

Жиноятга тайёргарлик кўрганлик ва жиноят содир этишга суиқасд қилганлик учун жавобгарлик ҳам ушбу Кодекс Махсус қисмининг тамом бўлган жиноят учун жавобгарликни белгиловчи моддасига мувофиқ ҳал қилинади.

@jinoyatkodeksi_uz
26-модда. Жиноят содир этишдан ихтиёрий қайтиш

Шахс жиноятга тайёргарлик кўриш ҳаракатларини ёки жиноят содир этишга бевосита қаратилган ҳаракатларни охирига етказиш мумкинлигини англаган ҳолда тўхтатса, шунингдек жиноий оқибат келиб чиқиши мумкинлигини англаган ҳолда, шундай оқибат келиб чиқишининг олдини олса, жиноят содир этишдан ихтиёрий қайтиш деб топилади.

Жиноят содир этишдан ихтиёрий қайтиш жавобгарликни истисно қилади.

Жиноятни охирига етказишдан ихтиёрий қайтган шахс, агар амалда содир этган қилмишида бошқа жиноят таркибининг барча аломатлари бўлса, ушбу Кодекс бўйича жавобгарликка тортилади.

@jinoyatkodeksi_uz
VII боб. Жиноятда иштирокчилик
27-модда. Жиноятда иштирокчилик тушунчаси

Икки ёки ундан ортиқ шахснинг қасддан жиноят содир этишда биргалашиб қатнашиши иштирокчилик деб топилади.

@jinoyatkodeksi_uz
28-модда. Жиноят иштирокчиларининг турлари

Жиноятни бажарувчи билан бир қаторда ташкилотчи, далолатчи ва ёрдамчилар ҳам жиноят иштирокчилари деб топилади.

Жиноятни бевосита тўла ёки қисман содир этган ёхуд ушбу Кодексга мувофиқ жавобгарликка тортилиши мумкин бўлмаган шахслардан ёки бошқа воситалардан фойдаланиб, жиноят содир этган шахс бажарувчи деб топилади.

Жиноятга тайёргарлик кўрилишига ёки жиноят содир этилишига раҳбарлик қилган шахс ташкилотчи деб топилади.

Жиноят содир этилишига қизиқтирувчи шахс далолатчи деб топилади.

Жиноят содир этилишига ўз маслаҳатлари, кўрсатмалари билан, воситалар бериш ёки тўсиқларни йўқотиш билан кўмаклашган, шунингдек жиноятчини, жиноят содир этиш қуроли, излари ва воситаларини ёхуд жиноий йўл билан қўлга киритилган нарсаларни яширишга, шунингдек бундай нарсаларни олиш ва ўтказиш тўғрисида олдиндан ваъда берган шахс ёрдамчи деб топилади.

@jinoyatkodeksi_uz
29-модда. Иштирокчиликнинг шакллари

Жиноятда иштирокчилик: оддий иштирокчилик, мураккаб иштирокчилик, уюшган гуруҳ, жиноий уюшма шаклида бўлади.

Икки ёки ундан ортиқ шахснинг олдиндан тил бириктирмай жиноят содир этишда қатнашиши оддий иштирокчилик деб топилади.

Икки ёки ундан ортиқ шахснинг олдиндан тил бириктириб жиноят содир этилишида иштирок қилиши мураккаб иштирокчилик деб топилади.

Икки ёки ундан ортиқ шахснинг биргаликда жиноий фаолият олиб бориш учун олдиндан бир гуруҳга бирлашиши уюшган гуруҳ деб топилади.

Икки ёки ундан ортиқ уюшган гуруҳнинг жиноий фаолият билан шуғулланиш учун олдиндан бирлашиши жиноий уюшма деб топилади.

@jinoyatkodeksi_uz
30-модда. Жиноятда иштирок этганлик учун жавобгарлик доираси

Ташкилотчи, далолатчи ва ёрдамчилар ҳам ушбу Кодекс Махсус қисмининг бажарувчини жавобгарликка тортиш белгиланган моддаси бўйича жавобгарликка тортиладилар.

Олдиндан тил бириктирган гуруҳ, жиноий гуруҳ ва жиноий уюшманинг ташкилотчилари ҳамда аъзолари тайёргарлик кўрилиши ёки содир этилишида ўзлари қатнашган барча жиноятлар учун жавобгарликка тортиладилар.

Уюшган гуруҳ ёки жиноий уюшма ташкил этган ёки уларга раҳбарлик қилган шахслар шу гуруҳ ёки уюшма содир этган барча жиноятлар учун, башарти, бу жиноятлар уларнинг жиноий нияти билан қамраб олинган бўлса, жавобгарликка тортиладилар.

Бошқа иштирокчиларнинг жиноий нияти билан қамраб олинмаган қилмиш учун уни содир этган шахс жавобгар бўлади.

Ташкилотчи, далолатчи ёки ёрдамчи жиноятдан ихтиёрий равишда қайтиб, жиноятнинг олдини олиш учун ўзига боғлиқ бўлган барча чораларни ўз вақтида кўрганлиги, жиноятда иштирокчилик учун жавобгарликни истисно қилади.

@jinoyatkodeksi_uz
31-модда. Жиноятга дахлдорлик

Жиноятга тайёргарлик кўрилаётганлиги, жиноят содир этилаётганлиги ёки жиноят содир этилганлиги ҳақида аниқ била туриб, олдиндан ваъда бермаган ҳолда, ҳокимият органларига хабар қилмаслик, ушбу Кодекснинг 155 прим 1 ва 241-моддаларида назарда тутилган ҳоллардагина жавобгарликка сабаб бўлади.

Жиноятчини, жиноят содир этиш қуроли ва воситаларини, жиноят изларини ёки жиноий йўл билан қўлга киритилган нарсаларни олдиндан ваъда бермаган ҳолда яширганлик ушбу Кодекснинг 241-моддасида назарда тутилган ҳоллардагина жавобгарликка сабаб бўлади.

Олдиндан ваъда бермаган ҳолда жиноят ҳақида хабар бермаганлик ёки жиноятни яширганлик учун гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг яқин қариндошлари жавобгарликка тортилмайди.

@jinoyatkodeksi_uz
VIII боб. Бир қанча жиноят содир этиш
32-модда. Такроран жиноят содир этиш

Ушбу Кодекс Махсус қисмининг айнан бир моддасида, қисмида, Кодексда алоҳида кўрсатилган ҳолларда эса, турли моддаларида назарда тутилган икки ёки бир неча жиноятни шахс турли вақтларда содир этган, аммо уларнинг бирортаси учун ҳам судланган бўлмаса, такроран жиноят содир этиш деб топилади. Тамом бўлган жиноят ҳам, жазога сазовор бўлган жиноятга тайёргарлик кўриш ёки жиноят содир этишга суиқасд қилиш ҳам, шунингдек иштирокчиликда жиноят содир этиш ҳам такроран жиноят содир этиш деб топилади.

Агар шахс илгари содир этган қилмиши учун жавобгарликдан ёки жазодан озод қилинган бўлса, жиноят такроран содир этилган деб топилмайди.

Умумий қасд билан қамраб олинган ва ягона мақсадга йўналтирилган бир жиноят таркибини ташкил қилувчи бир-бирига ўхшаш бир неча жиноий қилмишлардан иборат бўлган (давомли) жиноят такроран содир этилган деб топилмайди.

Вазифаларини узоқ вақт мобайнида бажармасликдан иборат бўлиб, бир жиноятнинг узлуксиз таркибини ташкил қилган (узоққа чўзилган) жиноят такроран содир этилган деб топилмайди.

@jinoyatkodeksi_uz
33-модда. Жиноятлар мажмуи

Ушбу Кодекс Махсус қисмининг турли моддаларида ёки битта моддасининг турли қисмларида назарда тутилган, жавобгарликка тортиладиган икки ёки бир неча жиноий қилмишни содир этиш, агарда улардан бирортаси учун ҳам шахс судланган бўлмаса, жиноятлар мажмуи деб топилади.

Агар шахс содир этган қилмишда ушбу Кодекс Махсус қисми айни бир моддасининг турли қисмларида назарда тутилган жиноятларнинг аломатлари мавжуд бўлса, у модданинг оғирроқ жазо белгиланган қисми бўйича жавобгарликка тортилади.

@jinoyatkodeksi_uz
34-модда. Рецидив жиноят

Шахснинг илгари қасддан содир этган жинояти учун судланганидан кейин қасддан янги жиноят содир этиши рецидив жиноят деб топилади.

Илгари ҳукм қилинган жиноятига ўхшаш жиноят содир этган, ушбу Кодексда алоҳида кўрсатилган ҳолларда эса, Махсус қисмнинг бошқа моддалари билан ҳам ҳукм қилинган шахснинг қасддан янги жиноят содир этиши хавфли рецидив жиноят деб топилади.

Беш йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин бўлган қасддан янги жиноят содир этиш, яъни:

а) илгари ўта оғир жинояти учун ёки икки марта оғир жинояти учун ҳукм қилиниб, уларнинг ҳар бири учун беш йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган шахс томонидан ўта оғир жиноят содир этилиши;
б) илгари оғир жинояти учун икки марта ҳукм қилинган ёки олдин-кейинлигидан қатъи назар, оғир ёки ўта оғир жиноятлар учун уларнинг ҳар бирига беш йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган шахснинг оғир жиноят содир этиши ўта хавфли рецидив жиноят деб топилади.

Суднинг ҳукми билан шахс ўта хавфли рецидивист деб топилиши мумкин.

Шахсни ўта хавфли рецидивист деб топиш тўғрисидаги масала ҳал қилинаётган вақтда унинг бошқа давлатлар судларининг ҳукмлари бўйича судланганлиги ҳам ҳисобга олиниши мумкин.

Шахсни ўта хавфли рецидивист деб топиш тўғрисидаги масала ҳал қилинаётган вақтда унинг ўн саккиз ёшга тўлгунга қадар содир этган жинояти учун судланганлиги, шунингдек қонунда белгиланган тартибда судланганлик муҳлатларининг ўтиб кетганлиги ёки олиб ташланган судланганлиги инобатга олинмайди.

Ушбу Кодекс Махсус қисмининг ўта хавфли рецидивист томонидан содир этилган жиноятлар учун жавобгарликни белгиловчи моддалари шахс ушбу жиноятни содир этгунга қадар қонунда белгиланган тартибда ўта хавфли рецидивист деб топилган бўлсагина қўлланилади.

@jinoyatkodeksi_uz
УЧИНЧИ БЎЛИМ

ҚИЛМИШНИНГ ЖИНОИЙЛИГИНИ ИСТИСНО ҚИЛАДИГАН ҲОЛАТЛАР

IХ боб. Қилмишнинг жиноийлигини истисно қиладиган ҳолатлар тушунчаси ва турлари
35-модда. Қилмишнинг жиноийлигини истисно қиладиган ҳолатлар тушунчаси

Қилмишда ушбу Кодексда назарда тутилган аломатлар расмий жиҳатдан мавжуд бўлса-да, лекин у ижтимоий хавфли, ғайриқонуний ёки айбли бўлмаса, қилмишнинг жиноийлигини истисно қиладиган ҳолатлар деб топилади.

Қуйидаги ҳолатлар, яъни кам аҳамиятли қилмишлар; зарурий мудофаа; охирги зарурат; ижтимоий хавфли қилмиш содир этган шахсни ушлаш чоғида зарар етказиш; буйруқни ёки бошқача тарздаги вазифани бажариш; касб ёки хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлган асосли таваккалчилик; жисмоний ёки руҳий мажбурлаш ёхуд қўрқитиш натижасида қилмиш содир этиш жиноятни истисно қилувчи ҳолатлар деб топилади.

@jinoyatkodeksi_uz
36-модда. Кам аҳамиятли қилмишлар

Гарчи ушбу Кодексда жиноят сифатида назарда тутилган қилмишнинг аломатлари мавжуд бўлса-да, ўзининг кам аҳамиятлилиги туфайли ижтимоий хавфли бўлмаган ҳаракат ёки ҳаракатсизлик жиноят деб топилмайди.

@jinoyatkodeksi_uz
37-модда. Зарурий мудофаа

Зарурий мудофаа ҳолатида содир этилган, яъни мудофааланувчи ёхуд бошқа кишининг шахси ёки ҳуқуқларини, жамият ёки давлат манфаатларини қонунга хилоф тажовузлардан тажовузчига зарар етказган ҳолда ҳимоя қилиш чоғида қилинган ҳаракат, агар зарурий мудофаа чегарасидан четга чиқилмаган бўлса, жиноят деб топилмайди.

Тажовузнинг хусусияти ва хавфлилиги даражасига бутунлай мувофиқ келмайдиган мудофаа, зарурий мудофаа чегарасидан четга чиқиш деб топилади.

Бошқа шахсларга ёки ҳокимият органларига ёрдам сўраб мурожаат қилиш ёхуд тажовуздан ўзга йўсинда қутулиш имконияти бор-йўқлигидан қатъи назар, зарурий мудофаа ҳуқуқи шахсга тегишлидир.

Зарар етказиш мақсадида қасддан ҳужум қилиш истагини қўзғатиш зарурий мудофаа деб топилмайди.