JK | O‘zbekiston Respublikasi
13.6K subscribers
6 photos
47 links
Download Telegram
60-модда. Бир неча ҳукм юзасидан жазо тайинлаш

Агар маҳкум ҳукм чиқарилганидан кейин жазони тўла ўтамай туриб, янги жиноят содир этса, суд янги ҳукм бўйича тайинланган жазо муддатига илгариги ҳукм юзасидан ўталмай қолган жазо муддатини тўла ёки қисман қўшади.

Бир неча ҳукм юзасидан ҳар хил турдаги жазоларни қўшиш йўли билан жазо тайинлашда ушбу Кодекснинг 61-моддасида назарда тутилган қоидаларга амал қилиниб, жазонинг оғирроқ тури узил-кесил тайинланади.

Агар ҳукмлардан бири билан умрбод озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо тайинланган бўлса, бир неча ҳукмлар юзасидан жазоларни қўшишда енгилроқ жазо турини умрбод озодликдан маҳрум қилиш билан қоплаш орқали жазо узил-кесил тайинланади.

Агар ҳукмлардан бири билан узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган бўлса, бир неча ҳукмлар юзасидан жазоларни қўшишда енгилроқ жазони оғирроғи билан қоплаш ёхуд жазоларни тўла ёки қисман қўшиш йўли билан жазо узил-кесил тайинланади.

Бир неча ҳукмлар юзасидан ахлоқ тузатиш ишларига ёки хизмат бўйича чеклашга ҳукм қилиниб, иш ҳақи ёки пул таъминотидан ушлаб қолишнинг ҳар хил миқдори белгиланган ҳолларда бу жазоларнинг фақат муддатлари қўшилади.

Илгариги ҳукм юзасидан ижро этилмай қолган қўшимча жазолар ҳукмлар жами тариқасида тайинланган асосий жазога қўшиб тайинланади.

@jinoyatkodeksi_uz
61-модда. Жазоларни қўшишнинг ҳисоблаш қоидалари

Ҳар хил турдаги асосий жазоларни қўшганда озодликдан маҳрум қилишнинг бир куни:

а) озодликни чеклашнинг ёки интизомий қисмга жўнатишнинг бир кунига;
б) ахлоқ тузатиш ишларининг ёки хизмат бўйича чеклашнинг уч кунига;
в) мажбурий жамоат ишларининг тўрт соатига тўғри келади.

Жарима ёки муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо озодликдан маҳрум қилиш, интизомий қисмга жўнатиш, озодликни чеклаш, хизмат бўйича чеклаш, ахлоқ тузатиш ишлари, мажбурий жамоат ишлари жазоси билан қўшилганда ҳар қайсиси алоҳида ижро этилади.

@jinoyatkodeksi_uz
62-модда. Ушлаб туриш, қамоққа олиш ёки уй қамоғи вақтини ҳисобга олиш қоидалари

Суд жазо тайинлаш чоғида ушлаб туришнинг, қамоққа олишнинг ёки уй қамоғининг ҳар бир кунини:

а) озодликни чеклашнинг, интизомий қисмга жўнатишнинг, озодликдан маҳрум қилишнинг бир кунига;
б) ахлоқ тузатиш ишларининг ёки хизмат бўйича чеклашнинг уч кунига;
в) мажбурий жамоат ишларининг тўрт соатига тенглаштириб ҳисоблайди.

Суд ушлаб турилган, қамоқда ёки уй қамоғида сақланган шахсга жарима тайинлашда ушлаб туришнинг, қамоқда ёки уй қамоғида сақлашнинг бир кунини базавий ҳисоблаш миқдорининг иккидан бир қисмига тенглаштириб ҳисобга олади.

@jinoyatkodeksi_uz
63-модда. Жазо муддатларини ҳисоблаш

Муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш, ахлоқ тузатиш ишлари, хизмат бўйича чеклаш, қамоқ, озодликни чеклаш, интизомий қисмга жўнатиш, озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазоларнинг муддатлари ойлар ва йиллар билан ҳисобланади. Жазоларни алмаштириш, ҳисоблаш, қўшиш вақтида уларнинг муддатлари суткалар билан ҳисобланиши мумкин.

Мажбурий жамоат ишлари тариқасидаги жазонинг муддатлари соатлар билан ҳисобланади.

@jinoyatkodeksi_uz
БЕШИНЧИ БЎЛИМ

ЖАВОБГАРЛИКДАН ВА ЖАЗОДАН ОЗОД ҚИЛИШ

ХII боб. Жавобгарликдан озод қилишнинг турлари
64-модда. Жавобгарликка тортиш муддатининг ўтиб кетганлиги муносабати билан жиноят учун жавобгарликдан озод қилиш

Агар жиноят содир этилган кундан бошлаб қуйидаги муддатлар:

а) ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят содир этилган кундан бошлаб — икки йил;
б) унча оғир бўлмаган жиноят содир этилган кундан бошлаб — тўрт йил;
в) оғир жиноят содир этилган кундан бошлаб — саккиз йил;
г) ўта оғир жиноят содир этилган кундан бошлаб — ўн тўрт йил ўтган бўлса, шахс жавобгарликдан озод қилинади.

Жавобгарликка тортиш муддати жиноят содир этилган кундан бошлаб ҳукм қонуний кучга кирган кунгача ҳисобланади.

Агар жиноят содир этган ва жиноий жавобгарликка тортилган шахс тергов ёки суддан яширинса, муддатнинг ўтиши тўхтатилади. Айбдор ушланган ёки айбини бўйнига олиб арз қилган кундан бошлаб муддатнинг ўтиши қайтадан тикланади.

Агар оғир ёки ўта оғир жиноят содир этган шахс ушбу моддада назарда тутилган муддатлар ўтмасдан қасддан янги жиноят содир этса, муддатнинг ўтиши узилади. Бундай ҳолда жавобгарликка тортиш муддатлари янги жиноят содир этилган кундан бошлаб ҳисобланади. Қолган ҳолларда, агар шахс жавобгарликка тортиш муддатлари ўтмасдан янги жиноят содир этса, бу муддатлар ҳар бир жиноят учун алоҳида ҳисобланади.

Агар ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноят содир этилган кундан бошлаб ўн йил, оғир ёки ўта оғир жиноят содир этилган кундан бошлаб йигирма беш йил ўтган бўлса, шахс жавобгарликка тортилиши мумкин эмас.

Ушбу Кодекс Махсус қисмининг моддасида умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаш назарда тутилган жиноятни содир этган шахсга нисбатан, жавобгарликка тортиш муддатларини қўллаш масаласи суд томонидан ҳал қилинади. Агар суд жавобгарликка тортиш муддатини қўллашни лозим топмаса, умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўрнига озодликдан маҳрум қилиш тайинланади.

Ушбу моддада назарда тутилган муддатлар ушбу Кодекснинг 150157-моддаларида, 158-моддасининг биринчи қисмида, 159-моддасининг учинчи ва тўртинчи қисмларида, 160, 161 ва 24 прим 2-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этган шахсларга нисбатан қўлланилмайди.

@jinoyatkodeksi_uz
65-модда. Қилмиш ёки шахс ижтимоий хавфлилигини йўқотганлиги муносабати билан жавобгарликдан озод қилиш

Ишни тергов қилиш ёки судда кўриш вақтида шароит ўзгарганлиги туфайли содир этилган қилмиш ўзининг ижтимоий хавфлилигини йўқотган деб топилса, жиноят содир этган шахс жавобгарликдан озод қилиниши мумкин.
Ишни тергов қилиш ёки судда кўриш вақтида шароит ўзгарганлиги туфайли жиноят содир этган шахс ижтимоий хавфлилик хусусиятини йўқотган деб топилса, жавобгарликдан озод қилиниши мумкин.

@jinoyatkodeksi_uz
66-модда. Айбдор ўз қилмишига амалда пушаймон бўлганлиги муносабати билан жавобгарликдан озод қилиш

Ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноятни биринчи марта содир этган шахс, агар у айбини бўйнига олиш тўғрисида арз қилган, чин кўнгилдан пушаймон бўлган, жиноятнинг очилишига фаол ёрдам берган ва келтирилган зарарни бартараф қилган бўлса, жавобгарликдан озод қилиниши мумкин.

Ушбу Кодекс Махсус қисмининг тегишли моддасида алоҳида кўрсатилган ҳолларда, жиноят содир этган шахс ўз қилмишига амалда пушаймон бўлган тақдирда жавобгарликдан озод қилиниши лозим.

@jinoyatkodeksi_uz
66 прим 1-модда. Ярашилганлиги муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод қилиш

Ушбу Кодекс 105-моддасининг биринчи қисмида (қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш), 106-моддасида (кучли руҳий ҳаяжонланиш ҳолатида қасддан баданга оғир ёки ўртача оғир шикаст етказиш), 107-моддасида (зарурий мудофаа чегарасидан четга чиқиб, қасддан баданга оғир шикаст етказиш), 108-моддасида (ижтимоий хавфли қилмиш содир этган шахсни ушлашнинг зарур чоралари чегарасидан четга чиқиб, баданга қасддан оғир шикаст етказиш), 109-моддасида (қасддан баданга енгил шикаст етказиш), 110-моддасининг биринчи қисмида (қийнаш), 111-моддасида (эҳтиётсизлик орқасида баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказиш), 113-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларида (таносил ёки ОИВ касаллиги/ОИТСни тарқатиш), 115-моддасида (аёлни ўз ҳомиласини сунъий равишда туширишга мажбурлаш), 116-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларида (касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик), 117-моддасининг биринчи қисмида (хавф остида қолдириш), 121-моддасининг биринчи қисмида (аёлни жинсий алоқа қилишга мажбур этиш), 122-моддасида (вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаш), 123-моддасида (ота-онани моддий таъминлашдан бўйин товлаш), 125-моддасининг биринчи қисмида (фарзандликка олиш сирини ошкор қилиш), 136-моддасида (аёлни эрга тегишга мажбур қилиш ёки унинг эрга тегишига тўсқинлик қилиш), 138-моддасининг биринчи қисмида (зўрлик ишлатиб ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилиш), 139-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларида (туҳмат), 140-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларида (ҳақорат қилиш), 141-1-моддасининг биринчи қисмида (шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш), 141-2-моддасининг биринчи қисмида (шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунчиликни бузиш), 143-моддасида (хат-ёзишмалар, телефонда сўзлашув, телеграф хабарлари ёки бошқа хабарларнинг сир сақланиши тартибини бузиш), 148-моддасида (меҳнат қилиш ҳуқуқини бузиш), 149-моддасида (муаллифлик ёки ихтирочилик ҳуқуқларини бузиш), 167-моддасининг биринчи қисмида (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 168-моддасининг биринчи қисмида (фирибгарлик), 169-моддасининг биринчи қисмида (ўғрилик), 170-моддасининг биринчи қисмида ҳамда иккинчи қисмининг «б» ва «в» бандларида (алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан мулкий зарар етказиш), 172-моддасида (мулкни қўриқлашга виждонсиз муносабатда бўлиш), 173-моддасининг биринчи қисмида (мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш), 180-моддасида (сохта банкротлик), 181-моддасида (банкротликни яшириш), 185-2-моддасида (электр, иссиқлик энергияси, газ, водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузиш), 189-моддасида (савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш), 191-моддасида (қонунга хилоф равишда ахборот тўплаш, уни ошкор қилиш ёки ундан фойдаланиш), 192-моддасида (рақобатчини обрўсизлантириш), 229-моддасида (ўзбошимчалик), 256-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларида (тадқиқот фаолиятини амалга оширишда хавфсизлик қоидаларини бузиш), 257-моддасининг биринчи қисмида (меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш), 258-моддасининг биринчи қисмида (тоғ-кон, қурилиш ёки портлатиш ишлари хавфсизлиги қоидаларини бузиш), 259-моддасининг биринчи қисмида (ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш), 260-моддасининг биринчи қисмида (темир йўл, денгиз, дарё ёки ҳаво транспортининг ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш), 266-моддасининг биринчи қисмида (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш), 268-моддасининг биринчи қисмида (транспортнинг хавфсиз ишлашини таъминлашга доир қоидаларни бузиш), 277-моддасининг биринчи қисмида (безорилик),

давоми 👇
298-моддасининг биринчи қисмида (машиналарни бошқариш ёки улардан фойдаланиш қоидаларини бузиш) назарда тутилган жиноятларни содир этган шахс, агар у ўз айбига иқрор бўлса, жабрланувчи билан ярашса ва етказилган зарарни бартараф этса, жиноий жавобгарликдан озод этилиши мумкин.

Оғир ёки ўта оғир жиноятларни содир этганлик учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахслар ярашилганлиги муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод қилинмайди.

@jinoyatkodeksi_uz
67-модда. Касаллик туфайли жавобгарликдан озод қилиш

Агар жиноят содир этган шахсда ҳукм чиқарилгунига қадар ўз ҳаракатларининг аҳамиятини англай олмайдиган ёки уларни бошқара олмайдиган тарзда руҳий ҳолатнинг бузилиши юзага келган бўлса, у жавобгарликдан озод қилинади.

Бундай шахсга нисбатан суд томонидан тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилиши мумкин.

Бундай шахс ушбу Кодекснинг 64-моддасида назарда тутилган муддатлар ўтмасдан тузалса, жавобгарликка тортилади. Бундай ҳолда жавобгарликка тортиш муддатлари суд томонидан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси қўлланилган кундан ҳисобланади.

@jinoyatkodeksi_uz
68-модда. Амнистия акти асосида жавобгарликдан озод қилиш

Жиноят содир этган шахс амнистия акти асосида жавобгарликдан озод қилиниши мумкин.

@jinoyatkodeksi_uz
ХIII боб. Жазодан озод қилишнинг турлари
69-модда. Жазони ижро этиш муддати ўтиб кетганлиги муносабати билан жазодан озод қилиш

Агар ҳукм қонуний кучга кирган кундан бошлаб:

а) уч йилдан ортиқ бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилинган ёки озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазога ҳукм қилинганда — уч йил;
б) беш йилдан ортиқ бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинганда — беш йил;
в) ўн йилдан ортиқ бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинганда — ўн йил;
г) ўн йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинганда — ўн беш йил ичида ижро этилмаган бўлса, маҳкум асосий ва қўшимча жазолардан озод қилинади.

Агар маҳкум ушбу моддада назарда тутилган жазони ўташдан бўйин товласа, жазони ижро этиш муддати икки баравар кўпаяди ва жазони ўташдан бўйин товлаган кундан бошлаб ҳисобланади, лекин йигирма беш йилдан ошмаслиги керак.

Агар шахс ушбу моддада кўрсатилган муддатлар ўтмасдан қасддан янги жиноят содир этса, муддатларнинг ўтиши узилади. Бундай ҳолда муддатларнинг ўтишини ҳисоблаш янги жиноят содир этилган пайтдан қайтадан бошланади.

Агар жазо тайинланган кундан бошлаб йигирма беш йил ўтган бўлса, жазони ижро этиш мумкин эмас.

Умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм этилган шахсга нисбатан муддатлар ўтишини қўллаш масаласи суд томонидан ҳал қилинади. Агар суд муддатлар ўтишини қўллашни лозим топмаса, умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси озодликдан маҳрум қилиш билан алмаштирилади.

Ушбу моддада назарда тутилган муддатлар ушбу Кодекснинг 150157-моддаларида, 158-моддасининг биринчи қисмида, 159-моддасининг учинчи ва тўртинчи қисмларида, 160, 161 ва 244-2-моддаларида назарда тутилган жиноятлар учун ҳукм қилинган шахсларга нисбатан қўлланилмайди.

@jinoyatkodeksi_uz
70-модда. Шахснинг ижтимоий хавфлилик хусусиятини йўқотиши муносабати билан уни жазодан озод қилиш

Жиноят содир этган шахс агар иш судда кўрилаётган вақтгача шароит ўзгарди ёки шахс намунали хулқи, меҳнатга ёки ўқишга ҳалол муносабати билан ўзини кўрсатиб, ижтимоий хавфлилигини йўқотди деб эътироф этилса, суд уни жазодан озод қилиши мумкин.

@jinoyatkodeksi_uz
71-модда. Айбдор ўз қилмишига амалда пушаймон бўлганлиги муносабати билан жазодан озод қилиш

Ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноятни биринчи марта содир этган шахс, агар у айбини бўйнига олиш тўғрисида арз қилган, жиноятнинг очилишига фаол ёрдам берган ва келтирилган зарарни бартараф қилган бўлса, суд томонидан жазодан озод қилиниши мумкин.

Бошқа шахслар билан биргаликда жиноят содир этишда иштирок қилган ёки уюшган гуруҳ ёхуд жиноий уюшма аъзоси бўлган шахс, агар у айбини бўйнига олиш тўғрисида арз қилган, чин кўнгилдан пушаймон бўлган, жиноятнинг олдини олиш, жиноятни очиш ёки унинг ташкилотчиларини ёхуд бошқа иштирокчиларини аниқлаш ва фош қилишга ёрдам берган бўлса, башарти у оғир ёки ўта оғир жиноят содир этишда бевосита иштирок этмаган бўлса, суд томонидан жазодан озод қилиниши мумкин.

Ушбу Кодекс Махсус қисмининг тегишли моддасида алоҳида кўрсатилган ҳолларда, жиноят содир этган шахс ўз қилмишига амалда пушаймон бўлган тақдирда суд томонидан жазодан озод қилиниши лозим.

@jinoyatkodeksi_uz
72-модда. Шартли ҳукм қилиш

Агар суд озодликдан маҳрум қилиш, интизомий қисмга жўнатиш, хизмат бўйича чеклаш ёки ахлоқ тузатиш ишлари жазоларини тайинлаш вақтида содир этилган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражаси, айбдорнинг шахси ва ишдаги бошқа ҳолатларни эътиборга олиб, айбдор тайинланган жазони ўтамасдан туриб ҳам унинг хулқини назорат қилиш орқали тузатиш мумкин, деган қатъий фикрга келса, шартли ҳукм қўллаши мумкин. Бундай ҳолда суд, башарти, белгиланган синов муддати давомида жазонинг шартлилигини бекор қилиш асослари келиб чиқмаса, тайинланган жазони ижро этмаслик тўғрисида қарор чиқаради.

Синов муддати бир йилдан уч йилгача белгиланиб, ҳукм чиқарилган кундан бошлаб ҳисобланади. Башарти, шартли ҳукм қилиш тўғрисидаги қарор юқори суд томонидан чиқарилган тақдирда ҳам, синов муддатини ҳисоблаш шу кундан бошланади.

Шартли ҳукм қилинганда, башарти, бунга асослар мавжуд бўлса, суд маҳкумга муайян вақт мобайнида етказилган зарарни бартараф қилиш, ишга ёки ўқишга кириш, яшаш жойи, иш ёки ўқиш жойи ўзгариб қолса, бу ҳақда шартли ҳукм қилинган шахснинг хулқи устидан назорат олиб борувчи органга хабар бериб туриш, вақти-вақти билан келиб бу органларда рўйхатдан ўтиб туриш, муайян жойларда бўлмаслик, муайян вақтда яшаш жойида бўлиши, алкоголизм, гиёвандлик, заҳарвандлик ёки таносил касаллигидан даволаниш курсини ўташи каби мажбуриятларни юклаши мумкин.

Шартли ҳукм қилинган шахсларнинг хулқи устидан ички ишлар органлари, ҳарбий хизматчилар хулқи устидан эса, ҳарбий қисм ёки муассасанинг қўмондонлиги назорат олиб боради.

Ҳукм қилинган шахснинг хулқи устидан назорат олиб борувчи органнинг тақдими билан суд синов муддати давомида унга юклатилган мажбуриятларнинг ҳаммасини ёки бир қисмини олиб ташлаши ёки унинг зиммасига янги мажбуриятлар юклаши ҳам мумкин.

Агар шартли ҳукм қилинган шахс синов муддати давомида суд унга юклаган мажбуриятларни бажармаса ёхуд жамоат тартиби ёки меҳнат интизомини бузганлиги учун унга маъмурий ёки интизомий таъсир чораси қўлланилган бўлса суд унинг хулқи устидан назорат олиб борувчи орган тақдимномасига биноан жазонинг шартлилигини бекор қилиб, ҳукмда тайинланган жазони ижро этиш тўғрисида ажрим чиқариши мумкин.

Шартли ҳукм ўта оғир жинояти учун ҳукм қилинганларга, шунингдек илгари қасддан содир этган жинояти учун озодликдан маҳрум этиш жазосига ҳукм қилинган шахсларга нисбатан қўлланилмайди, ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар, биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронлари, аёллар, шунингдек олтмиш ёшдан ошган шахслар бундан мустасно.

Шартли ҳукм қилинган шахс синов муддати давомида янги жиноят содир этса, суд унга нисбатан ушбу Кодекснинг 60-моддасида назарда тутилган қоидалар бўйича жазо тайинлайди.

@jinoyatkodeksi_uz
73-модда. Жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш

Озодликдан маҳрум қилиш, интизомий қисмга жўнатиш, хизмат бўйича чеклаш, озодликни чеклаш ёки ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинган шахсларга нисбатан жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш қўлланилиши мумкин. Шахс ижро этилмаган қўшимча жазодан ҳам озод қилиниши мумкин.

Жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган жазо турлари учун ўрнатилган тартиб-қоида талабларини бажарган ва меҳнатга ҳалол муносабатда бўлган маҳкумга нисбатан қўлланилади.

Жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш маҳкум:

а) ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жинояти учун суд тайинлаган жазо муддатининг камида учдан бир қисмини;
б) оғир жинояти учун, шунингдек қасддан содир этган жинояти учун, агар шахс илгари қасддан содир этган жинояти учун озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган бўлса, суд тайинлаган жазо муддатининг камида ярмини;
в) ўта оғир жинояти учун, шунингдек жазодан муддатидан илгари шартли озод қилинган ёки жазоси енгилроғи билан алмаштирилган шахс жазонинг ўталмаган қисми мобайнида қасддан янги жиноят содир этганлиги учун ҳукм қилинган бўлса, суд тайинлаган жазо муддатининг камида учдан икки қисмини ҳақиқатда ўтаб бўлганидан кейин қўлланилиши мумкин.

Жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш:

а) умрбод ёки узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилишга ҳукм этилган шахсга;
б) ўта хавфли рецидивистга;
в) уюшган гуруҳ ёки жиноий уюшманинг ташкилотчи ва қатнашувчиларига;
г) жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан одам ўлдириш, ўн тўрт ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлган жабрланувчининг номусига тегиш ёки унга нисбатан зўрлик ишлатиб, жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш, Ўзбекистон Республикасига, тинчлик ва инсоният хавфсизлигига қарши жиноят содир этиш, ядровий, кимёвий, биологик ва бошқа хилдаги оммавий қирғин қуролларини, шундай қуролларни ишлаб чиқариш учун фойдаланиш мумкинлиги аён бўлган материал ва ускуналарни, контрабанда қилиш учун ҳукм қилинган шахсларга нисбатан қўлланилмайди.

Жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиниб, жазонинг ўталмаган қисми мобайнида қасддан янги жиноят содир этган шахсга нисбатан суд ушбу Кодекснинг 60-моддасида назарда тутилган қоидаларга мувофиқ жазо тайинлайди.

@jinoyatkodeksi_uz
74-модда. Жазони енгилроғи билан алмаштириш

Озодликдан маҳрум этилган, озодлиги чекланган ёки ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинган шахсларга нисбатан суд жазонинг ўталмаган қисмини енгилроқ жазо билан алмаштириши мумкин.

Жазони енгилроғи билан алмаштириш ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган жазо турлари учун ўрнатилган тартиб-қоида талабларини бажарган ва меҳнатга ҳалол муносабатда бўлган маҳкумга нисбатан қўлланилиши мумкин.

Жазони енгилроғи билан алмаштириш маҳкум:

а) ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жинояти учун суд тайинлаган жазо муддатининг камида тўртдан бир қисмини;
б) оғир жинояти учун, шунингдек қасддан содир этган жинояти учун, агар у илгари қасддан содир этган жинояти учун озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган бўлса, суд тайинлаган жазо муддатининг камида учдан бир қисмини;
в) ўта оғир жинояти учун, шунингдек жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш ёки жазони енгилроғи билан алмаштириш қўлланилган ва жазонинг ўталмаган қисми мобайнида қасддан содир этган янги жинояти учун суд тайинлаган жазо муддатининг камида ярмини ҳақиқатда ўтаб бўлганидан кейин қўлланилиши мумкин.

Озодликдан маҳрум қилиш ёки озодликни чеклаш тариқасидаги жазонинг ўталмаган қисми ахлоқ тузатиш ишлари билан алмаштирилганда ахлоқ тузатиш ишлари озодликдан маҳрум қилиш ёки озодликни чеклаш жазосининг ўталмаган қисми муддатига тайинланади.

Жазонинг ўталмаган қисмини енгилроғи билан алмаштириш ушбу Кодекснинг 73-моддаси тўртинчи қисмида кўрсатилган шахсларга нисбатан қўлланилмайди.

Жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилган шахслар енгилроқ жазонинг тегишли қисмини ўтаб бўлганларидан кейин ушбу Кодекснинг 73-моддасида назарда тутилган қоидаларга биноан жазодан муддатидан илгари шартли озод қилинишлари мумкин.

Жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилган шахс жазонинг ўталмаган қисми мобайнида янги жиноят содир этса, суд унга ушбу Кодекснинг 60-моддасида назарда тутилган қоидаларга мувофиқ жазо тайинлайди.

@jinoyatkodeksi_uz
75-модда. Касаллик ёки меҳнат қобилиятини йўқотиш оқибатида жазодан озод қилиш

Ҳукм чиқарилганидан кейин ўз ҳаракатларининг аҳамиятини англай олмайдиган ёки уларни бошқара олмайдиган тарзда руҳий ҳолатининг бузилиши юзага келган шахс, шунингдек жазони ўташга тўсқинлик қиладиган бошқа оғир касалликка чалинган шахс жазони ўташдан озод қилиниши лозим.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган шахсларга нисбатан суд тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўллаши мумкин.

Бундай шахслар тузалганидан кейин, ушбу Кодекснинг 69-моддасида назарда тутилган ва суд томонидан тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилган кундан бошлаб ҳисобланадиган муддатлар ўтиб кетмаган бўлса, жазо ижро этилади.

Интизомий қисмга жўнатиш ёхуд хизмат бўйича чеклаш жазосига ҳукм қилинган ҳарбий хизматчилар, уларнинг соғлиғи ҳарбий хизмат учун яроқсиз деб топилган бўлса, жазони ўташдан озод қилинадилар. Хизмат бўйича чеклаш жазосига ҳукм қилинган ҳарбий хизматчи аёллар уларга ҳомиладорлик ва туғиш таътили берилиши муносабати билан ҳам жазони ўташдан озод қилинадилар.

Мажбурий жамоат ишларига ёки ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинган шахслар жазони ўташ вақтида меҳнатга яроқсиз бўлиб қолсалар ёхуд пенсия ёшига етган бўлсалар, шунингдек аёллар бу турдаги жазони ўтаётган вақтда ҳомиладорлик ва туғиш таътилига чиқсалар, жазони ўташдан озод қилинадилар.

@jinoyatkodeksi_uz
76-модда. Амнистия акти ёки афв этиш асосида жазодан озод қилиш

Ҳукм этилган шахс амнистия акти ёки афв этиш асосида асосий ва ижро этилмаган қўшимча жазолардан озод қилиниши ёхуд жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиниши ёки унга тайинланган жазонинг ўталмай қолган қисми енгилроқ жазо билан алмаштирилиши мумкин.

Агар амнистия акти ёки афв этиш асосида жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш ёхуд жазони енгилроғи билан алмаштириш қўлланилган шахс жазонинг ўталмай қолган қисми мобайнида қасддан янги жиноят содир этса, суд унга ушбу Кодекснинг 60-моддасида назарда тутилган қоидалар бўйича жазо тайинлайди.
Олдинги таҳрирга қаранг.

Афв этиш тўғрисидаги илтимоснома умрбод озодликдан маҳрум қилишга ҳукм этилган шахс томонидан у тайинланган жазонинг йигирма беш йилини ҳақиқатда ўтаб бўлганидан кейин, агар жазони ўташ даврида маҳкум қатъий тузалиш йўлига ўтган, белгиланган тартибни бузганлик учун интизомий жазо олмаган, меҳнат ва ўқишга нисбатан виждонан муносабатда бўлаётган, тарбиявий тадбирлар ўтказишда фаол иштирок этаётган тақдирда эса, тайинланган жазонинг йигирма йилини ҳақиқатда ўтаб бўлганидан кейин берилиши мумкин.

Афв этиш тўғрисидаги илтимоснома узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилишга ҳукм этилган шахс томонидан у тайинланган жазо муддатининг йигирма йилини ҳақиқатда ўтаб бўлганидан кейин, агар жазони ўташ даврида маҳкум қатъий тузалиш йўлига ўтган, белгиланган тартибни бузганлик учун интизомий жазо олмаган, меҳнат ва ўқишга нисбатан виждонан муносабатда бўлаётган, тарбиявий тадбирлар ўтказишда фаол иштирок этаётган тақдирда эса, тайинланган жазонинг ўн беш йилини ҳақиқатда ўтаб бўлганидан кейин берилиши мумкин.

@jinoyatkodeksi_uz