IIO QONUNI | ИИО ҚОНУНИ
4.97K subscribers
5 links
Download Telegram
19-модда. Ҳудуддаги участкаларни, турар жойларни, иншоотларни ва бошқа объектларни ўраб олиш (тўсиб қўйиш)

Ички ишлар органлари туман, шаҳар ички ишлар бошқармаси (бўлими) бошлиғининг ва бошқа юқори турувчи раҳбарларнинг оғзаки ёки ёзма қарорига кўра ҳудуддаги участкаларни ўраб олишни (тўсиб қўйишни) қуйидаги ҳолларда амалга ошириш ҳуқуқига эга:

авариялар, табиий ва техноген хусусиятга эга бўлган фалокатлар ҳамда бошқа фавқулодда вазиятлар оқибатларини тугатишда, эпидемиялар ва эпизоотиялар вақтида карантин тадбирларини ўтказишда;

оммавий тартибсизликларга ҳамда транспорт ҳаракатини, алоқа воситаларини ва ташкилотлар ишини издан чиқарувчи бошқа ҳаракатларга чек қўйиш бўйича тадбирларни ўтказишда;

қамоқдан қочган шахсларни ва жиноий жазони ўташдан бўйин товлаётган шахсларни қидиришда;

жиноят содир этишда гумон қилинаётган шахсларни таъқиб этишда;

террорчиликка қарши операцияни ўтказишда, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмалари ёхуд заҳарли ёки радиоактив моддалар топилганлиги тўғрисидаги маълумотларни текширишда;

оммавий тадбирлар, шу жумладан байрамлар, халқ сайиллари, митинглар, кўча юришларини ўтказишда.
Агар фуқароларнинг хавфсизлигини ва жамоат тартибини таъминлаш, тергов ҳаракатларини, тезкор-қидирув тадбирларини ўтказиш, жиноят, маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилган жойни, ҳодиса жойини қўриқлаш, шунингдек хавф таҳдид солаётган мулк объектларини ҳимоя қилиш учун зарур бўлса, ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳолларда ҳудуддаги участкаларни ўраб олиш (тўсиб қўйиш) чоғида транспорт воситалари ва пиёдалар қатнови чекланиши ёки тақиқланиши мумкин.

Агар фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавфнинг олдини олиш учун зарур бўлса ва уларни бошқача усулда ҳимоя қилиш мумкин бўлмаса, ўраб олиш (тўсиб қўйиш) жисмоний ва юридик шахсларга қарашли турар жойларга, иморатларга ва бошқа объектларга нисбатан ҳам амалга оширилиши мумкин.

Ички ишлар органлари ушбу моддада кўрсатилган ҳаракатларни амалга оширишда бўлғуси ўраб олиш (тўсиб қўйиш) ҳақида аҳолини хабардор қилиш, аҳолининг нормал ҳаёт кечиришини таъминлаш чораларини кўради, фуқароларга юзага келган вазиятда энг қулай ҳаракатланиш йўналишларини тушунтиради.

@iioqonuni
20-модда. Ташкилотлар ва фуқароларнинг транспорт воситаларидан фойдаланиш

Ички ишлар органлари ташкилотларнинг ёки фуқароларнинг транспорт воситаларидан табиий офат юз берган жойга бориш, шошилинч тиббий ёрдамга муҳтож фуқароларни тиббий муассасаларга олиб бориш, жиноят содир этган шахсларни таъқиб қилиш ва ички ишлар органларига олиб келиш, ҳодиса жойига ёки ички ишлар органларининг шахсий таркибини жанговар тревога бўйича тўплаш жойига бориш учун мажбурий тартибда фойдаланиши мумкин ва бунда транспорт воситасидан фойдаланилганлиги фактини тасдиқловчи ҳамда ундан фойдаланган ички ишлар органи ходимини идентификацияловчи ҳужжат берилади, чет давлатларнинг дипломатик, консуллик ваколатхоналарига ва бошқа ваколатхоналарига, халқаро ташкилотларга тегишли бўлган транспорт воситалари ҳамда махсус мўлжалланган транспорт воситалари бундан мустасно.

Ташкилотлар ва фуқароларнинг транспорт воситаларидан мажбурий тарзда фойдаланганлик натижасида харажатлар қилинган ёки зарар етказилган тақдирда, шунингдек транспорт воситасининг эгасига мулкий зарар етказилган тақдирда ушбу харажатларнинг ёки зарарларнинг ўрнини ички ишлар органлари томонидан қоплаш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.

@iioqonuni
5-боб. Ички ишлар органлари ходимлари томонидан жисмоний куч ишлатиш, махсус воситаларни ва ўқотар қуролни қўллаш
21-модда. Жисмоний куч ишлатиш, махсус воситаларни ва ўқотар қуролни қўллаш шартлари

Ички ишлар органи ходими ўзига бириктирилган ўқотар қурол ва махсус воситаларни хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида олиб юриш, сақлаш, жисмоний куч ишлатиш, махсус воситаларни ва ўқотар қуролни қўллаш ҳуқуқига фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда эга бўлади.

Ички ишлар органи ходими махсус тайёргарликдан, шунингдек жисмоний куч ишлатилиши, махсус воситалар ва ўқотар қурол қўлланилиши билан боғлиқ шароитлардаги ҳаракатларга касбий яроқлилигини текшириш учун даврий текширувдан ўтиши шарт. Махсус тайёргарликдан ўтган ходимга тегишли сертификат берилади.

Жисмоний куч ишлатилиши, махсус воситалар ва ўқотар қурол қўлланилиши билан боғлиқ шароитлардаги ҳаракатларга касбий яроқлилигини аниқлаш бўйича текширувдан ўта олмаган ички ишлар органи ходими эгаллаб турган лавозимга мувофиқлигини аниқлаш учун аттестациядан ўтади.

Жисмоний куч ишлатилиши, махсус воситалар ва ўқотар қурол қўлланилишидан аввал уларни қўллаш нияти тўғрисида аниқ ифодаланган огоҳлантириш бўлиши керак, бундан ушбу огоҳлантиришнинг имкони бўлмаган ёхуд уларнинг қўлланилишини кечиктириш фуқароларнинг ва ички ишлар органи ходимининг ҳаёти ва соғлиғига бевосита хавф туғдирадиган ҳамда бошқа оғир оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган ҳоллар мустасно.

Жисмоний куч ишлатилиши, махсус воситалар ёки ўқотар қурол қўлланилиши юзага келган вазиятга, шахслар хатти-ҳаракатларининг хусусиятига ва хавфлилик даражасига мувофиқ бўлиши керак. Бунда ички ишлар органи ходими ҳар қандай зарарнинг имкон қадар кам бўлишига интилиши шарт.

Ички ишлар органи ходими, агар юзага келган вазиятда махсус воситаларни ёки ўқотар қуролни қўллаш учун мазкур моддада ҳамда ушбу Қонуннинг 23 ва 24-моддаларида назарда тутилган асослар вужудга келиши мумкин деб ҳисобласа, махсус воситаларни ёки ўқотар қуролни қўллаш учун тайёрлаш ҳамда уларни жанговар ҳолатга келтириш ҳуқуқига эга.

Жисмоний куч ишлатилганлиги, махсус воситалар ёки ўқотар қурол қўлланилганлиги натижасида тан жароҳати олган фуқароларга биринчи ёрдам кўрсатилиши, шунингдек имкон қадар қисқа вақт ичида тиббий ёрдам кўрсатиш чоралари кўрилиши, уларнинг қариндошлари эса йигирма тўрт соат ичида бу ҳақда хабардор қилиниши керак.

Жисмоний куч ишлатилган, махсус воситалар ва ўқотар қурол қўлланилган ҳар бир ҳолат тўғрисида ички ишлар органининг ходими бевосита бошлиғига дарҳол ахборот бериши шарт.

Жисмоний куч ишлатилганлиги ва махсус воситалар қўлланилганлиги натижасида жисмоний ёхуд юридик шахсларнинг ҳаётига, соғлиғига ёки мол-мулкига зарар етказилган ҳар бир ҳолат ҳақида, шунингдек ўқотар қурол қўлланилган барча ҳоллар тўғрисида ички ишлар органлари прокурорга дарҳол хабар беради.

Ички ишлар органи ходимининг жисмоний куч ишлатиш, махсус воситаларни ёки ўқотар қуролни қўллаш чоғида ўз ваколатлари доирасидан чиққанлиги қонунда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.

Агар жисмоний куч ишлатиш, махсус воситаларни ёки ўқотар қуролни қўллаш қонунда белгиланган асослар бўйича ва тартибда амалга оширилган бўлса, ички ишлар органи ходими жисмоний куч ишлатиш, махсус воситаларни ёки ўқотар қуролни қўллаш чоғида жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарар учун жавобгар бўлмайди.

Агар ички ишлар органи ходими томонидан жисмоний куч ишлатилганлиги, махсус воситалар ёки ўқотар қурол қўлланилганлиги натижасида фуқарога тан жароҳати етказилса ёхуд у ҳалок бўлса, ички ишлар органи ходими ҳодиса жойини ўзгаришсиз сақлашга қаратилган чораларни кўриши шарт.

@iioqonuni
22-модда. Жисмоний куч ишлатиш

Агар куч ишлатилмайдиган усуллар ички ишлар органи ходимининг зиммасига юклатилган мажбуриятларнинг бажарилишини таъминламаса, у қуйидаги ҳолларда шахсан ўзи ёки бўлинма (гуруҳ) таркибида жисмоний куч ишлатиш, шу жумладан курашнинг жанг усулларини қўллаш ҳуқуқига эга бўлади:

жиноятларга ва маъмурий ҳуқуқбузарликларга чек қўйиш учун;

жиноятлар ёки маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этган шахсларни энг яқиндаги ички ишлар органига ёхуд ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органга олиб бориш ва бу шахсларни ушлаб туриш учун;

ички ишлар органи ходимининг қонуний талабларига қаршилик кўрсатилишини бартараф этиш учун.

Ички ишлар органи ходими ушбу Қонунда махсус воситалар ёки ўқотар қурол қўлланилишига рухсат этилган ҳолларда ҳам жисмоний куч ишлатиш ҳуқуқига эга.

Ҳомиладорлик белгилари сезилиб турган аёлларга, ногиронлик белгилари кўриниб турган шахсларга, ёши аниқ кўриниб турган ёки маълум бўлган вояга етмаганларга нисбатан жисмоний куч ишлатиш тақиқланади, бундан уларнинг қуролли қаршилик кўрсатганлиги, фуқароларнинг ёхуд ички ишлар органи ходимининг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид этиб, ҳужум қилганлиги ҳоллари мустасно.

@iioqonuni
23-модда. Махсус воситаларни қўллаш

Ички ишлар органи ходими қуйидаги ҳолларда махсус воситаларни қўллаш ҳуқуқига эга:

фуқарога ёки ички ишлар органи ходимига қилинган ҳужумни қайтариш учун;

жиноятга ёки маъмурий ҳуқуқбузарликка чек қўйишда;

ички ишлар органи ходимига қаршилик кўрсатилишига чек қўйишда;

жиноятни содир этиш чоғида ёки уни содир этганидан кейин дарҳол кўриб қолинган, яширинишга уринаётган шахсни ушлашда;

қуролли қаршилик кўрсатиши мумкин бўлган шахсни ушлашда;

ушлаб турилган шахсларни ва қамоққа олинган, маъмурий қамоққа олинган шахсларни олиб бориш, қўриқлаб бориш ва қўриқлашда, шунингдек қочишга уринишини, атрофдагиларга ёки ўзига зарар етказишини бартараф этиш мақсадида;

зўравонлик билан ушлаб турилган шахсларни, эгаллаб олинган биноларни, хоналарни, иншоотларни, транспорт воситаларини ва ер участкаларини озод қилишда;

фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига, жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи оммавий тартибсизликларга ҳамда бошқа ғайриқонуний хатти-ҳаракатларга чек қўйишда;

ҳайдовчиси ички ишлар органи ходимининг тўхташ тўғрисидаги талабини бажармаган транспорт воситасини тўхтатишда;

жиноятлар ёки маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этаётган ёхуд содир этган шахсларни аниқлашда;

муҳофаза қилинадиган объектларни ҳимоя қилишда, ғайриқонуний хатти-ҳаракатларни содир этаётган фуқаролар гуруҳларининг ҳаракатланишини тўсиб қўйишда.
Ички ишлар органи ходими қуйидаги махсус воситаларни қўллаш ҳуқуқига эга:

резина таёқлар — ушбу модда биринчи қисмининг иккинчи — олтинчи, саккизинчи, тўққизинчи ва ўн иккинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолларда;

кўздан ёш оқизувчи моддалар, газли, шикастлантирувчи қурол — ушбу модда биринчи қисмининг иккинчи — олтинчи, саккизинчи, тўққизинчи ва ўн иккинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолларда;

қўлкишанлар ёки бошқа боғлаш воситалари — ушбу модда биринчи қисмининг учинчи — еттинчи, тўққизинчи ва ўн иккинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолларда;

махсус бўёвчи ва маркировка қилувчи воситалар — ушбу модда биринчи қисмининг ўнинчи, ўн биринчи ва ўн иккинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолларда;

электрошок қурилмалари — ушбу модда биринчи қисмининг иккинчи — бешинчи, еттинчи ва саккизинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолларда;

хизмат ҳайвонлари — ушбу модда биринчи қисмининг иккинчи — еттинчи, тўққизинчи, ўн биринчи ва ўн иккинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолларда;

чалғитма таъсир кўрсатувчи нур-товуш мосламалари — ушбу модда биринчи қисмининг саккизинчи, тўққизинчи ва ўн иккинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолларда;

транспорт воситаларини мажбурий тўхтатиш воситалари — ушбу модда биринчи қисмининг тўққизинчи ва ўнинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолларда;

тинчлантириш кўйлаги — ушбу модда биринчи қисмининг иккинчи — олтинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолларда;
сув билан зарба берувчи машиналар — ушбу модда биринчи қисмининг саккизинчи ва тўққизинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолларда;

зирҳли машиналар — ушбу модда биринчи қисмининг олтинчи, саккизинчи ва тўққизинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолларда;

муҳофаза қилинадиган объектларни (ҳудудларни) ҳимоя қилиш, ғайриқонуний ҳаракатлар содир этаётган фуқаролар гуруҳларининг ҳаракатланишини тўсиш воситалари — ушбу модда биринчи қисмининг ўн иккинчи хатбошисида назарда тутилган ҳолларда;

тўсиқ-ғовларни бартараф этувчи воситалар — ушбу модда биринчи қисмининг олтинчи, саккизинчи, тўққизинчи ва ўн биринчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолларда.

Ички ишлар органи ходими ушбу Қонунда ўқотар қурол ишлатишга рухсат этилган барча ҳолларда махсус воситаларни қўллаш ҳуқуқига эга.

Махсус воситаларнинг қўлланилиши учинчи шахсларнинг ҳаёти, соғлиғига хавф туғдирмаслиги ва мол-мулкига зарар етказмаслиги керак.

Ҳомиладорлик белгилари сезилиб турган аёлларга, ногиронлик белгилари кўриниб турган шахсларга, ёши аниқ кўриниб турган ёки маълум бўлган вояга етмаганларга нисбатан, бундан уларнинг қуролли қаршилик кўрсатганлиги ёки фуқароларнинг ёхуд ички ишлар органи ходимининг ҳаёти ва соғлиғига ҳақиқатда таҳдид этиб, гуруҳ бўлиб ҳужум қилганлиги ҳоллари мустасно, шунингдек куч ишлатмасдан, жамоат тартибини, транспорт, алоқа воситалари ва ташкилотларнинг ишини бузмасдан ўтказилаётган ғайриқонуний йиғилишлар, митинглар, намойишлар, оммавий чиқишлар ва пикет қўйишларни бартараф этиш чоғида махсус воситаларнинг, шу жумладан газли ҳамда шикастлантирувчи қуролнинг қўлланилиши тақиқланади.

Қуйидагилар тақиқланади:

одамнинг бошига, бўйнига, ўмров суягига, қорнига, жинсий аъзоларига, юрак соҳасига резина таёқ билан зарбалар бериш;

ҳаво ҳарорати Цельсий бўйича ноль даражадан паст бўлганида сув билан зарба берувчи машиналарни қўллаш.

Сув билан зарба берувчи ва зирҳли машиналар Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазирининг, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси ва вилоятлар ички ишлар бошқармалари бошлиқларининг оғзаки ёки ёзма қарори асосида қўлланилади, бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирига ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва вилоятлар прокурорларига ҳамда уларга тенглаштирилган прокурорларга дарҳол хабар берилади.

Ички ишлар органлари таъминотида бўладиган махсус воситаларнинг рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

@iioqonuni
24-модда. Ўқотар қуролни қўллаш

Ички ишлар органи ходими қуйидаги ҳолларда ўқотар қуролни қўллаш ҳуқуқига эга:

фуқароларни ёхуд ўзини ҳаёт ёки соғлиқ учун хавфли бўлган, зўрлик ишлатиш билан қилинган ҳужумдан ҳимоя қилишда;

гаровдагиларни озод қилишда;

ўта оғир жиноятни содир этиш чоғида кўриб қолинган ва яширинишга уринаётган шахсни ушлашда, агар бошқа воситалар билан бу шахсни ушлаш имкони бўлмаса;

ички ишлар органларининг ўқотар қуролларини, ўқ-дориларини, портловчи моддаларини, транспорт воситаларини, махсус ва жанговар техникасини эгаллаб олишга бўлган уринишларга чек қўйишда;

фуқароларнинг уй-жойларига, давлат органларининг ва бошқа ташкилотларнинг қўриқланадиган объектларига, ўта муҳим юкларига, транспорт воситаларига, биноларига гуруҳ бўлиб қилинган ҳужумни ёки қуролли ҳужумни даф этишда;

қуролли қаршилик кўрсатаётган шахсни, шунингдек ёнидаги қуролни, ўқ-дориларни, портловчи моддаларни, портлатиш қурилмаларини, заҳарли ёки радиоактив моддаларни топшириш тўғрисидаги қонуний талабни бажаришни рад этаётган шахсни ушлашда;

жиноят содир этишда гумон қилиниб ушлаб турилган шахсларнинг, ўзига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган, озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларнинг қамоқдан қочиб кетишига чек қўйишда, шунингдек ушбу шахсларни куч ишлатиб озод қилишга бўлган уринишларга чек қўйишда;
агар транспорт воситасининг ҳайдовчиси фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига ҳақиқий хавф туғдирса ҳамда ички ишлар органи ходимининг қонуний талабларига қарамай, тўхташдан бош тортса, ушбу транспорт воситасини шикастлаш йўли билан тўхтатишда;

инсоннинг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид солаётган ҳайвонни зарарсизлантиришда;

қурол ишлатиш нияти ҳақида огоҳлантириш сифатида ўқ отишда, юқорига қарата ёки бошқа хавфсиз йўналишда ўқ отиш орқали хавф-хатар сигнали беришда ёки ёрдамга чақиришда.

Ички ишлар органининг ходими ўқотар қуролни қўллашдан олдин огоҳлантириши шарт, бундан унинг ҳаётига ёки фуқароларнинг ҳаётига бевосита хавф таҳдид солаётган ҳоллар мустасно.

Аёлларга, ногиронлик белгилари кўриниб турган шахсларга, ёши аниқ кўриниб турган ёки маълум бўлган вояга етмаганларга нисбатан ўқотар қуролни қўллаш тақиқланади, бундан уларнинг қуролли ҳужум қилганлиги, қуролли қаршилик кўрсатганлиги ёки фуқароларнинг ёхуд ички ишлар органи ходимининг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид этиб, гуруҳ бўлиб ҳужум қилганлиги ҳоллари мустасно.

Ўқотар қурол қўлланилиши натижасида тасодифий шахслар жабрланиши мумкин бўлса, ички ишлар органи ходими кўп фуқаролар тўпланганда уни қўллаш ҳуқуқига эга эмас.

Ички ишлар органлари қуроллантириладиган ўқотар қурол ва унинг ўқ-дорилари турларининг рўйхати Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади. Ушбу рўйхатга кирмайдиган ўқотар қурол ва унинг ўқ-дорилари билан ички ишлар органларини қуроллантириш ҳамда улардан фойдаланиш тақиқланади.

@iioqonuni
6-боб. Ички ишлар органларида хизматни ўташ тартиби ва шартлари
25-модда. Ички ишлар органларида хизматни ўташ чоғида фуқаролар ҳуқуқларининг тенглигини таъминлаш

Ички ишлар органларидаги хизматга фуқароларни қабул қилиш, лавозимга тайинлаш, уларнинг хизматда кўтарилиши ва бошқа лавозимга ўтиши фуқароларнинг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар амалга оширилади.

@iioqonuni
26-модда. Ички ишлар органларидаги хизматга қабул қилиш

Ўн саккиздан ўттиз ёшгача, шу жумладан ўттиз ёшдаги, тегишли маълумотга эга бўлган, ўзининг шахсий ва ишчанлик сифатлари, соғлиғининг ҳолати ва жисмоний тайёргарлиги бўйича ички ишлар органи ходимининг хизмат мажбуриятларини бажаришга қодир Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ички ишлар органларидаги хизматга ихтиёрий тартибда, танлов асосида қабул қилинади.

Зарур бўлган ҳолларда, ички ишлар органларининг айрим бўлинмалари ва ташкилотларига хизматда бўлишнинг энг юқори ёшига тўлган пайтида кўп йиллик хизмати учун пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладиган ўттиз ёшдан катта фуқаролар қабул қилиниши мумкин.

Ички ишлар органларининг ўттиз ёшдан катта фуқаролар қабул қилинадиган айрим бўлинмалари, ташкилотлари ва лавозимларининг рўйхати Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан белгиланади.

Эркаклар ички ишлар органларидаги хизматга киргунига қадар Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларидаги муддатли ҳарбий хизматни ёки сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизматни ўташи ёхуд олий ўқув юртларида ҳарбий тайёргарликдан ўтиши керак.

Алоҳида ҳолларда, бошқа давлат органлари ва ташкилотларидан ходимлар ушбу модданинг биринчи, иккинчи ва тўртинчи қисмларида белгиланган талабларга риоя этилмаган ҳолда ички ишлар органларидаги хизматга қабул қилиниши мумкин.

Сиёсий партияларнинг аъзолари бўлган, ички ишлар органларидаги хизматга қабул қилинган фуқаролар хизматни ўташ даврида сиёсий партияларга аъзоликни тўхтатиб туради.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш учун тегишли маълумотга эга бўлган Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари, шунингдек ички ишлар органларининг ҳарбий хизматчилари ва ходимлари қабул қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг таълим муассасаларида чет эл фуқаролари қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда ўқиши мумкин.

Белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган, хизматни ўташга тўсқинлик қиладиган касаллиги ёки жисмоний нуқсонлари бўлган, бошқа давлат органларидан салбий сабабларга кўра бўшатилган фуқаролар, шунингдек содир этган жинояти учун қўлланилган жазо туридан, судланганлик ҳолати тугалланганлигидан ёки олиб ташланганлигидан ва амнистия акти қўлланилганлигидан қатъи назар муқаддам судланган фуқаролар ички ишлар органларига хизматга қабул қилиниши мумкин эмас.

Ички ишлар органларидаги хизматга қабул қилинган шахслар учун дастлабки синов муддати уч ойдан ортиқ бўлиши мумкин эмас.

Ички ишлар органларидаги хизматга қабул қилинган ҳарбий хизматга мажбур Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги таълим муассасаларининг ҳарбий хизматга чақирилувчи бўлган тингловчилари ва курсантлари ҳарбий ҳисобдан чиқарилади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг махсус ҳисобида туради.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг таълим муассасалари тингловчилари ва курсантлари биринчи босқичдаги ўқув муддатини тугаллаганидан кейин муддатли ҳарбий хизматни ўтаган ҳисобланади ва уларга ўқув муассасаси жойлашган ердаги мудофаа ишлари бўйича ҳудудий бўлим томонидан ҳарбий гувоҳнома берилади.

@iioqonuni
27-модда. Ички ишлар органи ходимининг қасамёди

Ички ишлар органларидаги хизматга биринчи марта қабул қилинган фуқаролар қуйидаги мазмунда қасамёд қабул қилади:

«Мен, (фамилияси, исми, отасининг исми), ички ишлар органларидаги хизматга кирар эканман, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, мамлакат тинчлиги, осойишталиги ва хавфсизлигини мустаҳкамлаш борасидаги бурчимни ва зиммамга юклатилган мажбуриятларни виждонан, сидқидилдан бажаришга ваъда бераман.

Ватанимга ва Ўзбекистон халқига содиқ бўлишга қасамёд қиламан»

@iioqonuni
28-модда. Ички ишлар органларининг ходимлари

Ички ишлар органларида хизмат қилаётган, махсус унвон берилган Ўзбекистон Республикаси фуқароси ички ишлар органининг ходимидир.

Ички ишлар органларида хизматни ўташ тартиби ҳамда формали кийим-бош намуналари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланади.

Ички ишлар органи ходимига Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан тасдиқланадиган, белгиланган намунадаги хизмат гувоҳномаси ва жетон берилади.

Ички ишлар органи ходими эгаллаган лавозими, турган жойи ва вақтидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида бошлиғининг (командирининг) буйруғига биноан исталган вақтда хизмат мажбуриятларини бажаришга киришиши ҳамда қуйидаги чораларни кўриши шарт:

жиноятлар, бошқа ҳуқуқбузарликлар содир этилган жойда ёки ҳодисалар жойида жабрланган фуқароларга, шунингдек ночор аҳволда қолган фуқароларга биринчи тиббий ёрдам ёки бошқа хил ёрдам кўрсатилишини ташкил этиш;

одамларни қутқариш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларга чек қўйиш, уларни содир этган шахсларни ушлаш, ҳодиса жойини қўриқлаш ҳамда унга фуқаролар ўзларининг шахсий хавфсизлигига ёки жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи воқеалар тўғрисидаги хабарлар билан мурожаат қилган ёхуд бевосита ўзи шундай воқеаларга дуч келган тақдирда энг яқиндаги ички ишлар органлари бўлинмасига хабар бериш.

Ички ишлар органи ходимининг хизмат мажбуриятларини бажариши деганда қуйидагилар тушунилади:

лавозим мажбуриятларини бажариш ва жанговар ҳаракатларда иштирок этиш;

хизматни (жанговар хизматни) ўташ;

хизмат сафарида ёки даволанишда бўлиш;

кун тартибида белгиланган хизмат вақти давомида ёки хизмат зарурати туфайли ички ишлар органлари (ҳарбий қисм) ҳудудида бўлиш;

хизмат, даволаниш жойига бориш ёки улардан қайтиш;
йиғинларда (ҳарбий йиғинларда) иштирок этиш;

асирликда бўлиш (ўз ихтиёри билан асирга тушиш ҳоллари бундан мустасно), гаровга олинган ёки ушлаб қуролсизлантирилган ҳолатда бўлиш;

бедарак кетиш — ходим қонунда белгиланган тартибда бедарак йўқолган деб топилгунига ёки вафот этган деб эълон қилингунига қадар;

шахснинг ҳаёти, соғлиғи, шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилишга доир ҳаракатлар;

қонунийликни ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлашда бошқа шахсларга ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ёрдам кўрсатиш;

суд томонидан ходимнинг шахс, жамият ва давлат манфаатларини кўзлаб содир этилган деб топилган бошқа ҳаракатлари.

@iioqonuni
29-модда. Ички ишлар органлари ходимларининг махсус унвонлари

Ички ишлар органлари ходимларига қуйидаги махсус унвонлар берилади:

сафдорлар таркиби — сафдор;

сержантлар таркиби — кичик сержант, сержант, катта сержант;

офицерлар таркиби:
кичик офицерлар таркиби — лейтенант, катта лейтенант, капитан;

катта офицерлар таркиби — майор, подполковник, полковник;

генераллар таркиби — генерал-майор, генерал-лейтенант, генерал-полковник.

Махсус унвонларни бериш ва улардан маҳрум этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланади.

@iioqonuni
30-модда. Ички ишлар органларидаги хизмат

Ички ишлар органлари ходимларига нисбатан меҳнат тўғрисидаги қонунчиликнинг амал қилиши ички ишлар органларида хизматни ўташ масалаларини белгиловчи қонунчиликда ва ушбу Қонунда тартибга солинмаган қисмига нисбатан татбиқ этилади.

Ички ишлар органлари ходимлари иш вақтининг давомийлиги ҳафтасига қирқ соатдан ошиши мумкин эмас.

Зарур бўлган ҳолларда, ички ишлар органлари ходимлари хизматни ўташга кучайтирилган ёки суткалик режимда жалб қилиниши мумкин.

Кучайтирилган режим ички ишлар органлари ходимлари учун кунига иш вақтидан ташқари давомийлиги тўрт соатдан ошмайдиган иш белгиланишини назарда тутади.

Суткалик режим ички ишлар органлари ходимлари учун хизматни Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларига умумқўшин паёги нормалари доирасида белгиланадиган озиқ-овқат паёгини компенсация қилиш ўрнига хизматни ўташ жойида уч маҳал бепул овқатланган ҳолда суткалик ўташ белгиланишини назарда тутади.

Кучайтирилган ва суткалик режимни жорий этиш ҳамда бекор қилиш, шунингдек ички ишлар органлари ходимларини ҳарбий ҳаракатларда иштирок этишга жалб қилиш Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг буйруғи билан амалга оширилади.

Ички ишлар органларининг ходимларига таътилни ўтказиш жойига бориш ва қайтиш учун зарур бўлган, бироқ уч кундан ошмайдиган вақт қўшилган ҳолда давомийлиги ўттиз календарь кун бўлган ҳақ тўланадиган ҳар йилги таътил берилади.

Ички ишлар органларининг ходимларига қуйидаги календарь ҳисобдаги хизмат даври учун:

ўн йиллик хизматдан сўнг — давомийлиги беш кун;

ўн беш йиллик хизматдан сўнг — давомийлиги ўн кун;

йигирма йиллик хизматдан сўнг — давомийлиги ўн беш кун бўлган, ҳақ тўланадиган қўшимча таътил берилади.

Олдинги таҳрирга қаранг.
Ички ишлар органлари ходимларига қонунчиликда белгиланган тартибда бошқа турдаги таътиллар ҳам берилиши мумкин.

Ички ишлар органларининг ходимларига илмий ва педагогик фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа фаолият турлари билан шуғулланиш тақиқланади.

«Ички ишлар органларида хизматда бўлишнинг чекланган ёши сафдорлар ва сержантлар таркиби ходимлари учун эллик ёшни, офицерлар таркиби учун — эллик беш ёшни, генераллар таркиби учун — олтмиш ёшни, аёлларга эса (мавжуд унвонидан қатъи назар) — эллик ёшни ташкил этади.

Ички ишлар органларининг сафдорлар, сержантлар ва офицерлар таркибининг махсус унвонларига эга бўлган, белгиланган чегарадаги ёшга тўлган ходимлари захирага ёки истеъфога чиқарилади.

Юксак касбий тайёргарликка, эгаллаб турган лавозимида иш тажрибасига эга бўлган ва соғлиғининг ҳолатига кўра хизматни ўташга яроқли ходимларнинг хизмат муддати Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан белгиланган тартибда ушбу ходимларнинг розилиги билан беш йилгача, бошлиқлар таркибидаги, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги таълим муассасаларида профессор-ўқитувчилик лавозимларини эгаллаб турган ва илмий даражага эга бўлган шахсларнинг хизмат муддати эса ўн йилгача бўлган муддатга узайтирилиши мумкин.

Хизматда қолдириш муддатини узайтириш тўғрисидаги қарор ходимни ушбу Қонунда назарда тутилган асослар бўйича ички ишлар органларидан бўшатиш имкониятини истисно этмайди.

Хизмат фаолиятида юқори натижаларга эришганлик, мажбуриятларини намунали тарзда бажарганлик, бенуқсон хизмат қилганлик ва ички ишлар органлари тизимини ривожлантириш ва такомиллаштиришга катта ҳисса қўшганлик, хизмат бурчини бажариш чоғида мардлик ва жасорат кўрсатганлик, шунингдек бошқа алоҳида хизматлари учун ходимлар Ўзбекистон Республикасининг давлат мукофотлари, шунингдек қонунчиликда белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан таъсис этиладиган фарқловчи идоравий белгилар билан тақдирланишга тақдим этилиши мумкин.

Ички ишлар органларидаги ишчи ва хизматчиларнинг меҳнат муносабатлари меҳнат тўғрисидаги қонунчилик билан тартибга солинади..

@iioqonuni
31-модда. Ички ишлар органлари ходимларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш

Ички ишлар органларидаги хизматга қабул қилинадиган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари мажбурий тартибда махсус касбий тайёргарликдан ёки қайта тайёргарликдан ўтади.

Ички ишлар органлари учун профессионал кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, ходимларнинг малакасини ошириш, қоида тариқасида, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги таълим муассасалари томонидан амалга оширилади, бундан ушбу муассасаларда ўқитилмайдиган ихтисосликлар мустасно.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги таълим муассасаларининг тингловчилари ва курсантлари ички ишлар органларида хизматда деб ҳисобланади, чет эл фуқаролари бундан мустасно.

@iioqonuni
32-модда. Ички ишлар органи ходимини хизматдан бўшатиш

Ички ишлар органи ходимини хизматдан бўшатишга қуйидагилар асос бўлади:

ўзининг хоҳиши (пенсия олиш ҳуқуқини берадиган хизмат муддатини ўтамаганларга) — ходимнинг билдиргиси асосида;

ички ишлар органларида хизматда бўлишнинг ушбу Қонунда белгиланган чегарадаги ёшига тўлганлиги;

пенсия олиш ҳуқуқини берадиган хизмат муддатини ўтаганлиги — ходимнинг билдиргиси асосида;

ташкилий-штат ўзгаришлари;

касаллиги — ҳарбий-тиббий комиссиянинг хизматга яроқсизлиги тўғрисидаги хулосаси асосида;

соғлиғининг чекланганлиги ҳолати — ҳарбий-тиббий комиссиянинг ички ишлар органларидаги хизматга яроқлилиги чекланганлиги тўғрисидаги ва хизмат бўйича бошқа лавозимга ўтказиш имконияти мавжуд бўлмаган тақдирда, эгаллаб турган лавозимига мувофиқ хизмат мажбуриятларини бажара олмаслиги ҳақидаги хулосаси асосида;

дастлабки синов муддати давомида хизматга яроқсизлиги;

малакаси етарли эмаслиги оқибатида эгаллаб турган лавозимига нолойиқлиги — аттестация натижалари асосида;

хизмат интизомини қўпол равишда бузганлиги;

ички ишлар органи ходимининг шаънига путур етказувчи хатти-ҳаракатлар содир этганлиги;
Олдинги таҳрирга қаранг.

содир этган жинояти учун суднинг ҳукми, ажрими, қарори қонуний кучга кирганлиги;

Олдинги таҳрирга қаранг.
ходимда интизомий жазо чораси мавжуд бўлган тақдирда, мунтазам равишда хизмат интизомини бузганлиги;

бошқа турдаги давлат хизматига ўтганлиги (кадрларнинг амалдаги захирасига киритилмаган ҳолда);

Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги тугатилганлиги ёки чет давлат фуқаролигини олганлиги.

Ички ишлар органи ходими ушбу Қонунда ва бошқа қонунчилик ҳужжатларида ички ишлар органлари ходимлари учун белгиланган чекловлар ва тақиқларга риоя этмаганлиги учун хизматдан бўшатилиши мумкин.

@iioqonuni
33-модда. Ички ишлар органи ходимининг бошқа органлар ва ташкилотларга сайланишидаги (тайинланишидаги, юборилишидаги) кафолатлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига, қарорига, фармойишига, шунингдек розилигига ёхуд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан бошқа давлат органларига ёки уларнинг тасарруфидаги ташкилотларга тайинланган, худди шунингдек Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг буйруғи билан бошқа давлат органларининг таълим муассасаларига ўқишга юборилган ички ишлар органи ходими мажбуриятларни бажариш (ўқиш) даврида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги кадрларининг амалдаги захирасига киритиб қўйилиши мумкин.

Мажбуриятларни бажариш (ўқиш) тугатилганидан кейин ички ишлар органи ходимига илгариги иши (лавозими), ушбу иш (лавозим) йўқлигида эса унга тенг бошқа иш (лавозим) берилади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида санаб ўтилган ички ишлар органлари ходимларига махсус унвонлар охирги эгаллаган лавозимидан қатъи назар, белгиланган тартибда берилади.

Мажбуриятларни бажариш (ўқиш) даври ички ишлар органи ходимига навбатдаги махсус унвонни олиш ҳуқуқини берадиган хизмат қилган йилларига устама тўлаш, пул таъминоти (лавозим маоши ва махсус унвон бўйича маоши суммасидан иборат бўлган) маошини белгилаш ва пенсия тайинлаш учун ички ишлар органларидаги хизмат стажига қўшиб ҳисобланади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ходимлар хизматдан бўшатилганда, шунингдек уларнинг оила аъзолари ички ишлар органларидан бўшатилган ходимлар билан тенг ҳуқуқлар, имтиёзлар ва афзалликлардан фойдаланади.

@iioqonuni
7-боб. Ички ишлар органлари ходимларини ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилиш
34-модда. Ички ишлар органлари ходимларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш кафолатлари

Ички ишлар органи ходими давлат органи вакили сифатида иш юритади ва давлат ҳимояси остида бўлади.

Ички ишлар органи ходими хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида фақат бевосита ёки тўғридан-тўғри бошлиққа бўйсунади.

Қонун билан ваколат берилган шахслардан ташқари ҳеч ким ички ишлар органи ходимининг қонуний фаолиятига аралашиш, ички ишлар органи ходимини қонун билан ички ишлар органлари зиммасига юклатилмаган мажбуриятларни бажаришга мажбурлаш ҳуқуқига эга эмас. Қонунга зидлиги аниқ бўлган буйруқ ёки фармойиш олганда ички ишлар органи ходими уни бажаришни рад этиш ҳуқуқига эга ва қонунга амал қилиши шарт.

Ички ишлар органи ходими ўз иш юритувида бўлган ишлар ва материалларнинг моҳияти ҳақида бирор-бир тушунтириш беришга, шунингдек бундай ишлар ва материалларни, шу жумладан фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига дахлдор ишлар ҳамда материалларни танишиб чиқиш учун қонунчиликда назарда тутилган ҳоллардан ва тартибдан бошқача тарзда тақдим этишга мажбур эмас.

Ички ишлар органларининг ходимлари ўзига нисбатан қабул қилинган қарорлар ва ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) устидан юқори турувчи мансабдор шахсларга, прокурорга ёки судга белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

@iioqonuni