IIO QONUNI | ИИО ҚОНУНИ
4.97K subscribers
5 links
Download Telegram
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ҚОНУНИ

ИЧКИ ИШЛАР ОРГАНЛАРИ ТЎҒРИСИДА

Қонунчилик палатаси томонидан 2016 йил 12 августда қабул қилинган
Сенат томонидан 2016 йил 24 августда маъқулланган
1-боб. Умумий қоидалар
1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органларининг (бундан буён матнда ички ишлар органлари деб юритилади) фаолиятини тартибга солишдан иборат.

@iioqonuni
2-модда. Ички ишлар органларининг асосий вазифалари

Ички ишлар органларининг асосий вазифалари фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини, жисмоний ва юридик шахсларнинг мулкини, конституциявий тузумни ҳимоя қилишдан, қонун устуворлигини, шахс, жамият ва давлатнинг хавфсизлигини таъминлашдан, шунингдек ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактикасидан иборат.

@iioqonuni
3-модда. Ички ишлар органлари тўғрисидаги қонунчилик

Ички ишлар органлари тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

@iioqonuni
4-модда. Ички ишлар органлари фаолиятининг асосий йўналишлари

Ички ишлар органлари фаолиятни ўз ваколатлари доирасида қуйидаги асосий йўналишлар бўйича амалга оширади:

фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш;

жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш;

терговга қадар текширувни, тезкор-қидирув фаолиятини амалга ошириш, жиноят ишлари бўйича суриштирув ҳамда дастлабки терговни ўтказиш;

жиноятчилик ва терроризмга қарши курашиш, шу жумладан террорчилик ҳаракатларига чек қўйишда ҳамда гаровга олинганларни озод қилишда иштирок этиш йўли билан курашиш, шунингдек одам савдосига қарши курашиш;

ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, уларнинг сабабларини ва содир этилишига имкон бераётган шарт-шароитларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш, ҳуқуқбузарликларни содир этишга мойил шахсларни аниқлаш;

эҳтиёт чораларини, жиноий жазони ва жиноий-ҳуқуқий таъсир кўрсатишнинг бошқа чораларини ижро этиш, шунингдек шахсларни қидириш бўйича ишларни ташкил этиш;

маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни юритиш, маъмурий жазоларни қўллаш тўғрисидаги қарорларни ижро этиш;

йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш;

паспорт тизими талабларининг бажарилишини таъминлаш, Ўзбекистон Республикасидан чиқиш ва унга кириш учун зарур бўлган ҳужжатларни, доимий ва вақтинча яшаш учун рухсатномаларни беришга ҳамда расмийлаштиришга доир ишларни, паспорт тизимига ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлиш қоидаларига риоя этилиши устидан назорат қилишни амалга ошириш;

саноат учун мўлжалланган портловчи материалларнинг, шунингдек пиротехника буюмларининг, гиёҳвандлик воситаларининг, психотроп моддаларнинг ва улар прекурсорларининг муомалада бўлиши соҳасида назорат қилиш;

эксперт-криминалистика фаолиятини амалга ошириш;

давлат объектларини, ўта муҳим, тоифаланган объектларни ва бошқа объектларни, жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкини қўриқлаш;

лицензиялаш ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни бериш, шунингдек лицензия ва рухсат этишга оид талабларга ҳамда шартларга риоя этилишини назорат қилиш;

ҳарбий-сафарбарлик ишларини ва фуқаро муҳофазаси тадбирларини амалга ошириш;

қонун ижодкорлиги фаолиятида ҳамда жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга доир ишларда иштирок этиш.

@iioqonuni
5-модда. Ички ишлар органлари фаолиятининг асосий принциплари

Ички ишлар органлари фаолиятининг асосий принциплари қонунийлик, ягоналик, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этиш ҳамда ушбу ҳуқуқлар, эркинликлар ва қонуний манфаатларни ҳурмат қилиш, очиқлик ва шаффофликдан иборат.

@iioqonuni
6-модда. Қонунийлик принципи

Ички ишлар органлари ходимлари ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатлари талабларига аниқ риоя этиши ҳамда уларни бажариши шарт.

Қонунларни аниқ бажаришдан ва уларга риоя қилишдан ҳар қандай чекиниш, қандай сабабларга кўра юз берганидан қатъи назар, қонунийликни бузиш ҳисобланади ва белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.

Ички ишлар органларининг ходимлари хизмат мажбуриятларини бажариш чоғидаги ўзининг қонунга хилоф хатти-ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) оқлаш учун хизмат манфаатларини, иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқликни, юқори турувчи мансабдор шахсларнинг қонунга хилоф талаблари, буйруқлари ва фармойишларини ёки қонунга мувофиқ бўлмаган бошқа бирор-бир ҳолатни рўкач қилиши мумкин эмас. Ички ишлар органларининг ходимларига кимнидир ғайриқонуний ҳаракатларни содир этишга бевосита ёки билвосита қизиқтириш, кўндириш, ундаш тақиқланади.

@iioqonuni
7-модда. Ягоналик принципи

Ички ишлар органлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардир ва Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири раҳбарлик қиладиган ягона тизимни ташкил этади.

@iioqonuni
8-модда. Фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этиш ҳамда ушбу ҳуқуқлар, эркинликлар ва қонуний манфаатларни ҳурмат қилиш принципи

Ички ишлар органлари ўз фаолиятини фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этиш ҳамда ушбу ҳуқуқлар, эркинликлар ва қонуний манфаатларни ҳурмат қилиш асосида амалга оширади.

Ички ишлар органлари фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари уларнинг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, ҳимоя қилинишини таъминлайди.

Ички ишлар органларининг фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини чекловчи фаолияти, агар қонуний мақсадга эришилган бўлса ёки ушбу мақсадга фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини чеклаш орқали эришиб бўлмаслиги ёки эришилмаслиги кераклиги аниқланса, дарҳол тўхтатилади.

Қийноқларга солиш, зўравонлик қилиш, бошқа шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситадиган тарзда муомалада бўлиш ички ишлар органи ходимига тақиқланади. Ички ишлар органининг ходими фуқарога қасддан оғриқ, жисмоний ёки маънавий азоб етказиладиган хатти-ҳаракатларга чек қўйиши шарт.

Агар қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, ички ишлар органлари фуқаронинг шаъни, қадр-қимматига ёки ишчанлик обрўсига путур етказадиган, унинг шахсий ҳаётига тааллуқли бўлган маълумотларни ошкор қилишга ҳақли эмас.

Агар қонунда бошқача қоида белгиланмаган бўлса, ички ишлар органлари ҳар бир фуқарога ўзларида мавжуд бўлган, унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига бевосита дахлдор бўлган ҳужжатлар ҳамда материаллар билан танишиш имкониятини таъминлаши шарт.

Ички ишлар органи ходими фуқарога мурожаат этганида:

ўз лавозимини, унвонини, фамилиясини, исмини, отасининг исмини айтиши, фуқаронинг талабига кўра хизмат гувоҳномасини кўрсатиши, шундан сўнг мурожаат қилишининг сабаби ва мақсадини маълум қилиши;

фуқарога нисбатан унинг ҳуқуқ ва эркинликларини чекловчи чоралар қўлланилган тақдирда, бундай чоралар қўлланилишининг сабабини ҳамда асосларини, шунингдек фуқаронинг шу муносабат билан юзага келадиган ҳуқуқлари ва мажбуриятларини унга тушунтириши шарт.

Ички ишлар органи ходими ўзига фуқаро мурожаат этган тақдирда, ўз лавозимини, унвонини, фамилиясини, исмини, отасининг исмини айтиши, уни диққат билан эшитиши, ўз ваколатлари доирасида тегишли чоралар кўриши ёхуд қўйилган масалани ҳал этиш кимнинг ваколатига киришини тушунтириши шарт.

@iioqonuni
9-модда. Очиқлик ва шаффофлик принципи

Ички ишлар органлари ўз фаолиятини очиқ ва шаффоф тарзда, давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, бошқа ташкилотлар ва фуқаролар, шунингдек оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликда амалга оширади.

Жисмоний ва юридик шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда ички ишлар органларининг фаолияти ҳақида, шунингдек жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларига бевосита дахлдор бўлган ҳаққоний ахборотни олиш ҳуқуқига эга, фойдаланилиши қонун билан чекланган ахборот бундан мустасно.

Ички ишлар органлари «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган тартибда ўз фаолияти тўғрисидаги ахборотдан фойдаланилишини таъминлайди.

@iioqonuni
10-модда. Ички ишлар органи ходими қонуний талаблари бажарилишининг мажбурийлиги

Ички ишлар органи ходимининг ўз ваколатлари доирасида қўйилган қонуний талабларини, шу жумладан қонунга риоя этиш, ҳужжатларни, текширувлар материалларини ва бошқа маълумотларни тақдим этиш, мутахассис ажратиш, ички ишлар органига келиш ҳамда аниқланган қонунбузарликлар хусусида тушунтиришлар бериш тўғрисидаги, қоидабузарликларни, шунингдек уларнинг сабабларини ва содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни бартараф этиш ҳақидаги қонуний талабларини барча давлат органлари, бошқа ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурийдир.

Ички ишлар органларининг зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш учун зарур бўлган ахборот, ҳужжатлар ва бошқа материаллар уларнинг қонуний талаби бўйича бепул тақдим этилади.

Ички ишлар органи ходимининг қонуний талаблари устидан шикоят қилиниши уларнинг бажарилишини тўхтатиб турмайди.

@iioqonuni