📚 Ibratli Hikoyalar 📚
34.5K subscribers
5.48K photos
1.56K videos
42 files
10.3K links
Хаётий ва Ибратли ҳикоялар... Хикматлар хазинаси...
Инсон такдирини аччик синовлари...


Hamkorlik va reklama uchun 👇👇

@Bronzam

.



.



.



.



.





.
Download Telegram
Муаллиф: Наргиза Усанбоева
62-қисм
Давоми
Аста-секин кўзини очаркан, ухлаб ҳам чарчоғи чиқмаган одамдек атрофга ҳорғин қаради. Сўнг эшитилар-эшитилмас пичирлади:
— Бошим оғриганидан кўзларим жимирлаб кетяпти...
— Нима бўлди, Ўлмас? Одамнинг юрагини ҳам ёрдинг? Мазанг бўлмадими? Тузукмисан? — саволлари тугамайдигандек  сўради Барчин.
— Нима қилди? — кўзларини қаттиқ юмиб-очаркан бошини кўтармоқчи бўлди Ўлмас. — Йиқилиб тушдимми?
— Ҳа, гурсиллаб, бор бўйингга ерга ташладинг ўзингни. Сенга бир нима бўлган. Ичмаган бўлсанг ҳам ҳалиги... алламбало нарсалардан чекмадингми, ишқилиб? Наша чеккан одамлар шунақа бўлади, деб эшитганман...
Жони азобда бўлса-да, Ўлмаснинг кулгиси қистадими, онасига боқиб жилмайди.
— Яна куладиям, бу. Эсингни йиғ, бола. Тилинг танглайингга кетиб, сал қолди ўлиб қолишингга. Мана, қўлимни қара, қанақа тишладинг!
Барчиннинг кўрсатгич ва ўрта бармоғи ростдан ҳам кўкимтир қизил рангга кирган, оғир жароҳат олгандек кўринарди. Ўлмас онасининг қўлларига қаради-ю, ўзидан хавотир олдими, жавоб ўрнига бошқа гап айтди:
— Бошим айланяпти, уйга кирай...
Барчин Малакка имлади. Икковлашиб Ўлмасни суяб, уйга олиб киришди.
— Манов кўрпача кўк эмасмиди? Нега сарғимтир бўлиб қолди? — деди у онаси ва хотини ётқизаётган кўрпачани қўллари билан сийпаб қўяркан.
Барчин хавотири кучлилигиданми, ўғлининг гапини англамади. Малак эса эрига ажабланиб қаради.
Ўлмас шу ётганча бир соатлар ўрнидан турмади. Ухлай олмади ҳам. Бошидаги ёқимсиз оғриқ ором бермасди. Тағин кўз олди ҳам туман қоплагандек хиралашиб, асаби таранглашмоқда.
— Бошимни жуда шамоллатибманми, дейман. Менингит бўлиб қолмаган бўлсам бўлгани... — деб қўйди ўзича куймаланиб юрган Малакка қараб.
— Худо сақласин, денг. Менингит бўлганларнинг иссиғи жуда баланд бўлади, деб эшитганман. Кейин унинг оғриғига чидаб бўлмас экан, — деди Малак эрини овутиб.
— Бўлмаса нега бунақа бўлдим?
— Илгари бунақа бўлмаганмисиз?
— Қанақа?
— Аввал ҳушингиздан кетмаганмидингиз?
— Йўғ-а! Сенам хавотирга тушиб қолдингми, эримнинг тутқаноқ касали бор экан деб?! Қўрқма, олдин сира ҳушимдан кетмаганман.
— Қаердаги гапларни айтасиз-а? Мен хавотир олиб сўрадим.
Ўлмас жавоб ўрнига кулди. Сўнг қўшиб қўйди:
— Сенда шундай деб ўйлашга асос бор-да! Мен ҳушимдан кетдим, тилим тортилди, аям дарров оғзимга қўлини тиқди. Буни кўрган одамлар она-бола бу “ўйин”ни анчадан буён ўйнаркан, тажрибалари ошиб қолибди, деб ўйлайди-да!
— Ҳа, сенинг хаёлингдан шундай ўйлар ўтмадими? — тағин сўради Ўлмас.
— Хавотир олиб сўрадим. Аввал ҳам ҳушингиздан кетган бўлсангиз, қандай ёрдам қилишган демоқчи эдим, — айбдорона деди Малак.
— Оғзимни оча солиб қўлларини тиқишган, — кулди Ўлмас. — Тавба қилдим-ей! Биринчи марта шундай бўлдим. Ишонсанг, тилим, томоғим оғриб қолди. Аям ҳам тилимни аямай тортганми, дейман.
— Аяб тортганимда шу пайт азангни очаётган бўлардим, — гина қилган оҳангда гапириб уйга кириб келди Барчин. Унинг ортидан қишлоқ дўхтири Назар кўринди. — Келинг, киринг. Малак, кўрпача ёз.
Дўхтир Ўлмас билан сўрашиб бўлгач, яқинроқ ўтирди-ю, кўзларини, тилини кўра бошлади. Қон босимини ўлчади. Пича тикилиб тургач, сўради:
— Бошингни бирор жойга қаттиқ уриб олмаганмидинг? Биров урмаганмиди бошингга?
— Йўқ, урса ёриларди-да каллам. Бус-бутун-ку! — ҳазил қилишга уринди Ўлмас.
— Қусмадингми? Иссиғинг чиқмадими?
— Менингитманми? — жавоб бермай саволга тутди Ўлмас.
— Қанақа менингит? Менингит бўлсанг бунақа ётмасдинг. Иситмадан ёниб кетардинг. Агар бошингдан жароҳат олган бўлсанг, миянг чайқалдимикан, деяпман-да!
— Йў-ў-ўқ, бошимни ҳеч қаерга урганим йўқ. Ўзи сизга учрашаман, деб юргандим. Анчадан буён бошим оғриб юрганди. Шамоллатдимми? Шу, кўзларим билан бирга шамоллаган шекилли, хиралашгандек ҳам бўлади...
— Бўлмаса гап бундай, бош билан ҳазиллашиб бўлмайди. Сен бир туман шифохонасига бориб кўрин. Улар ҳар хил анализлар олиб, текшириб кўриб, билишади. Мен битта қон босимингни ўлчаб, ҳеч нарсани аниқлай олмайман. Қон босиминг ҳам жойида. Ҳозирча ётиб тур. Дамингни олиб, эртага эрталаб туриб, бориб текширувлардан ўтасан.
Ўлмас бош “маъқул” дегандек бош чайқаб қўя қолди. Назар дўхтир кетгач, Барчин ўғлининг ёнига чўкди:
— Ҳеч қаеринг оғримаяптими, болам? Назар тайинли гап айтмаганига касалинг эскичамикан, деган хаёлга ҳам боряпман. Норбуви қушночни чақириб келайми? Бошингни бир “тенг” қилиб қўйсин. Бош “тушса” ҳам шунақа бўлади, деб эшитганман. Сендан сўрамай, бориб келаверсам бўларкан... — Барчин шундай деганча чиқиб кетди.
Ярим соатлар ўтгач, у Норбуви кампир билан кириб келди. Момо Ўлмаснинг ёнига чордона қуриб ўтираркан, Малакдан ингичка қора ва оқ ип олиб келишини сўради. Кейин икки ипни эшиб, Ўлмаснинг бошига боғлади. Ипнинг пешанадан ўтган жойига гугурт чўпи қистириб, қандайдир дуолар ўқиган ҳам бўлди. Охирида икки қўлини ерга тираб зўрға ўрнидан тургач, Ўлмаснинг бошини кафтлари орасига олди. Икки ёндан бошини сиқаркан, дам солгандек “пуф”лаб ҳам қўйди.
— Ана болам, бў-ў-ўлди! Энди кўрмагандек бўлиб кетасан. Ёшлар шу. Орқа-олдига қарамай ишлайди, чопади, югуради. Боши “тушади-да”, кейин... — деди момо қилган ишидан кўнгли тўлиб. 
Ўлмаснинг эса кўзи уйқуга кета бошлади. Шу билан эртасига тонгда бошидаги сезилар-сезилмас оғриқни айтмаса енгил бўлиб уйғонди. Кечаги аҳволидан ўзи ҳам жуда хавотирга тушгани учун эндиги ҳолати уни қувонтирди. Бир зумда бор кечирганларини унутиб, онасига ҳам мақтанди:
— Бугун отдайман, ая. Норбуви қушночингизнинг ростдан ҳам қўли жуда енгилми, дейман?
— Қўли-ку енгил. Шунинг учун ҳам йўқлаб борувчилари кўп-да! Сенинг бошинг “тушгани” ҳам чин экан-да!
— Нима дегани шу — бош “тушгани”? — кечадан буён ўзини қийнаётган саволни берди Малак.
— Дўхтирлар “Мия чайқалибди” дейди-ку! Шунга ўхшаш гапдир-да! — онасидан аввал жавоб берди Ўлмас. — Кеча Назар дўхтир “Миянг чайқалган” деди, момо “Бошинг тушган” деди. Хуллас, айтилиши ҳар хил, маъноси битта.
— Шу-у-у, — деди Барчин ҳам маъқуллаб. — Қаттиқ қўрқсанг, “Юраги пастга тушибди”, деб ҳам иримини қилишади-ку, шундай гап буям.
Малак ҳам, бошқалар ҳам ўзича тушунган бу хасталик иримни қилгандан сўнг чекингандек бўлди. Ўлмас бир ҳафтача тетик юрди. Тунги бош оғриқларини айтмаса, юриши ҳам, ўзини тутиши ҳам яхши эди. Бир ҳафта ўтиб эса, кечки овқат вақтида у ҳаммани ҳайратга солди.
— Дада, ёнингиздаги кўк идишни узатинг, — деди Зарина дастурхондаги ушоқларни йиғаркан, кичикинагина кўк елим идишчага ишора қилиб.
— Қанақа кўк идиш? — ҳайрон бўлди Ўлмас дастурхонга термулиб.
— Олдингизда турибди-ку! — қўли билан кўрсатди Диёра.
— Бу ерда кўк идиш йўқ. Косани айтяпсизларми?
— Коса кўкмас-ку, дада. Елим идиш...
— Мана буми? — елим идишчани қўлига олиб деди Ўлмас. — Шу кўкми? Рангни ҳалиям фарқлай олмайсизларми? Бу кулрангга яқин...
Ўлмас гапини тугатмай туриб, Диёра қиқирлай бошлади:
— Дадамнинг ўзи рангни билмайди, тавба...
— Дада-а-а, кўк у... — Заринанинг дадаси адашаётгани ориятини келтирдими, қовоқлари осилиб кетди. — Ҳазиллашяпсиз-а?
Ўлмаснинг эса юзида таажжуб зоҳирланди. Идишни юзига яқинроқ келтириб синчков тикилди. Бир айлантириб, қизлари тарафга қараб турган жойини ҳам кўздан кечирди. Сўнг ажабланиб сўради:
— Иккаланг ҳам ҳали рангни билмайсанми? Кўк ва кулрангни ажрата олмайсизларми? Мана бу қанақа ранг?
— Қизил, — деди Диёра ва Зарина баравар.
— Бу... — Ўлмаснинг овоз оҳангида иккиланиш сезилди. — Сабзи ранг-ку...
Диёра яна қиқирлади. Дадасини ҳазиллашяпти, деб ишонч ҳосил қилган Зарина ҳам унга шерик бўлди. Қизларининг самимий кулгиси эса Ўлмаснинг юзига хавотир соясини ташлагандек эди. У жилмайишга ҳаракат қиларкан, идишларни қизчаларга узатди ва ёнидаги ёстиққа ёнбошлаб, Малакка юзланди. Малак ёстиқнинг ёнгинасида ўтиргани боис, Ўлмаснинг боши унинг елкаси ёнида эди. Шунданми, паст овозда гапирди:
— Малак, идиш ростдан ҳам кўкмиди?
— Энди мени масхара қилишга ўтдингизми? — Малакнинг юзига табассум югурди. — Зарина ҳам, Диёра ҳам ранг ўрганадиган ёшдан ўтиб бўлган. Уларни чалғита олмайсиз.
Бу гапдан сўнг Ўлмас хўрсиниб қўйди. Яхшики, унга ҳеч ким аҳамият бермади. Лекин аста-секинлик билан у ўзида юз бераётган ўзгаришларни сезиб бораётган эди. Баъзан эшитиши ҳам ёмонлашар, гоҳида кўзи хиралашгандек бўлар, айрим пайтлар ҳозиргидек нарсаларнинг ранглари кўзларига ажабтовур кўриниб қоларди. Баъзида танишлари унинг бошқача қадам ташлаётганини айтишади. Хуллас, Ўлмас ўз соғлигидан хавотирга туша бошлаганди. Аммо шаҳарга бориш, шифокорга кўриниш учун атай вақт ажратишга кўзи қиймасди. Ана шундай кунларнинг бирида, далада ишлаб турганида у яна ҳушини йўқотди. Яхшиямки атрофдагилар унинг туйқус йиқилганини пайқаб, ёрдамга югуриб келишди. Кимдир юзига урди, бошқа биров кўпик чиқа бошлаган оғзини очиб, тилини тортди. Беш дақиқача вақт ўтгач, Ўлмас ўзига келди. Ўзини жуда лоҳас ва нохуш сезаётгани учун ўзига кўз тикиб турган акаси Абдусалимга илтимос қилди:
— Ака, мени уйга қўйиб келинг. Мазам бўлмаяпти...
— Мазанг бўлмагани аниқ, ука. Ҳушингдан кетдинг. Эрталаб овқат еганмидинг? — деди Абдусалим уни суяб турғизаркан.
— Бу қоринга боғлиқ дардга ўхшамайди. Бошимда бир гап бор, — деди Ўлмас ҳолсизланиб.
Davomi bor
@ibratli_sozlar
#Долзарб
Маккага яёв жўнаш ҳам эрмакка айланяптими?

🤷🏻‍♂️ Бу постим учун хойнаҳой танқидларга учрасам керак. Бироқ айнан кўпчилик сингари фикрламаганим учун ёзганларимни ўқийсизку, шундайми? Демак тўғри тушунишингизга умид қиламан.

👨‍🦽Ҳаж ва умрага велосипедда кетиш ёки ота-онасини аравага солиб жўнаш урф бўлди. Деярли ҳар куни шундай лавҳаларни кўрамиз. Қирғиз киноижодкорлари бу ҳақда фильм ишлаб ташлашди. Тренднинг энг чўққиси – каттақўрғонлик 70 яшар онахоннинг битта ўзи велосипедда суриб юбориши бўлди.

🐫 Бу нима, илмсизликми, диққатни жалб қилишми ёки шунчаки бекорчилик? Ахир пайғамбаримизнинг ўзи ҳам “енгилини танланглар, чуқурлашманглар” дея ўгит бермаганмилар. Тўғри, қадимда Маккаю-Мадинага пиёда борганлар кўп бўлган. Лекин у пайтда айтарлик уловнинг ўзи йўқ эди, бори ҳам кўпга чидамаган. Қолаверса, давлатларда аниқ чегаралар, бугунгидек қатъий ҳужжатлар бўлмаган. Аниқки, ҳозир таваккал қилаётганларнинг мутлақ кўпчилиги на тил билади, на чегаралардаги виза муаммолари ҳақида тасаввурга эга. Умуман, улар биринчи марта юртидан чиқаётган бўлсалар неажаб.

🔥 Айниқса ўзи йўлга чиққан онахонни олайлик. Бу хавфсизлик нуқтаи назаридан калтабинлик, диний жиҳатдан эса мутлақ мумкин бўлмаган ҳолат. Аёл киши ёшидан қатъи назар албатта маҳрами билан бориши шарт. Онаси ёки опасини шунча узоқ йўлга, довону-зовларга, чўлу-биёбонлар оша ўтган йўлларга жўнатганлар қаерлари билан ўйлашди экан а? Наҳотки шу қаҳрамонлик бўлса?!

✈️🚌 Самолётлар, автобусу-машиналар ҳам Аллоҳнинг бандасига инъом қилган неъмати. Уларни рад этиш ақлдан эмас, аксинча, ўрнида фойдаланиш, муборак қилиб берилган жонни эса асраш керак. Айниқса аёллар!

🪶 P.S.: Ана энди бошланглар – “Бунинг савобини билмайсан”, “Сенинг нима ишинг бор?”...

Аброр Зоҳидов
@ibratli_sozlar
Муаллиф: Наргиза Усанбоева
63-қисм
Давоми
Уни кўрган Барчиннинг ҳам, Малакнинг ҳам хавотири ошди.
— Эртага дўхтирга борамиз. Ўзингизга қўйса, бормайсиз, — деди Малак қатъий.
— Тўғри айтасан, ўзинг бирга бор! — маъқуллади Барчин.
Эртасига ўзини яна яхши ҳис қила бошлаган Ўлмас Малакни бирга боргани қўймади. Ўзи шаҳарга йўл олди. Назар дўхтир тайинлаган шифокорга учрашди. Шифокор аввалига унинг шикоятларини обдон тинглади. Сўнг турли саволлар берди. Ғалати қилиқлар ҳам қилдирса денг. Кўзини юмдириб қўйиб, бармоқлари ҳолатини сўрайдими-ей! Ўлмасни ҳайрон қолдирган нарса кўзи юмиқ пайтида шифокорнинг ўзи унинг бармоқларини гоҳ букди, гоҳ мушт қилдирди. Кейин қай ҳолатдалигини ундан сўради. Ўлмас эса бармоқлари қанақа турганини ҳис қилишга қийналди. Албатта, бундан янада ичига ғулғула тушди:
— Дўхтир, бу ниманинг белгиси? Нега кўп нарсаларни яхши сезмаяпман?
— Миянгизни компьютер томографиясига тушириш лозим. Мияда қанақадир ўзгариш бўлса, сезгиларда ҳам шундай бўлади. Сезги органларимизнинг ҳаммаси миямиз билан боғлиқ.
— Менинг миямда ҳам ўзгариш борми?
— Буни текшириб кўриб, билиш мумкин. Буни ҳозир аниқ айта олмайман, — деди шифокор қоғоз қораларкан. — Томография сал қиммат туради. Агар ёнингизда пулингиз кам бўлса, бошқа куни ҳам мана шу қоғозни бериб, тушиб кетишингиз мумкин. Лекин қоғозни унутиб қолдирманг, у бўлмаса, сизни текширувдан ўтказишмайди.  
Шифокор ҳақ экан. У айтганидек, бу матоҳдан текширувдан ўтишга Ўлмаснинг пули етмади. Бошқа пайт тушишни дилига тугиб, ортига, қишлоққа қайтди.
Йўлда кела-келгунча гоҳ ҳайратланди, гоҳ хавотирга тушди, яна сал-пал тинчланди ҳам. Ҳайрон бўлгани шифокорнинг ажабтовур савол ва қилиқлари туфайли, ҳадиксирагани бу аломатлар ёмон касалликники эмасмикан? Таскин топгани — шифокор ваҳима қилмади-ку! Агар хасталиги жиддий ва қўрқинчли бўлса, “Зудлик билан ётинг”, демасмиди? Демак, унинг касаллиги жа эътибор қиладиган, ғамга ботадиган дардлардан эмас. Шуларни ўйларкан, Ўлмас жилмайиб қўйди. Онаси ва Малакни қўрқитгани қолди. У бирдан Малак ҳақида ўйлай бошлади.
“Покизага ўхшаш томони борми унинг? Хокисорлиги, вазминлиги ўхшаб кетади. Аммо қаеридан, нимасидир бошқача... Албатта, Малак Покизага қараганда минг чандон гўзал. Тағин анча ёш. Лекин фаросати, ақли ёшига қараганда анча салмоқли. Балки шунинг учун ҳам болаларим ҳам тез кўниккандир унга?! Ўзим-чи? У хонадонимга келгач, бор қайғумни, Покизани унутмадимми? Унутдим. Ҳатто биринчи муҳаббатим, ора-сира юрагимни ғижимлаб турувчи Сарварага бўлган туйғуларимни ҳам ғуборларни босган илк қор каби изсиз йўқ қилмадими? Тавба, шу ёшимда севиб қолган бўлсам-а? Уят-е, беш болали одамга! Айтганча, нимаси уят? Ахир Малак ўз хотиним-ку!”
Ўлмас турли хаёллар исканжасида уйига кетганини ҳам сезмай қолди.
— Ассалому алайкум! Дарров келдингизми? — унга ажабсиниб ва домангирлик билан пешвоз чиқди Малак. — Текширувлардан ўтмай қайтиб келдингизми, дейман?
— Ўтмоқчи эдим... — Ўлмас “Пулим етмади” дейиш учун оғиз жуфтлаганди, яна аёлининг қўли калталикдан мунғайиб қолишини ўйлаб гапни бурди: — Шифокор “Бунга ҳожат йўқ” деди. Ўзи қизиқ саволлар берди. Айтсам, кула-кула ўласан. Кўзимни юмдириб, бармоқларимни турли ҳолга солди. Мендан эса топа олмадим.
— Қанақа қилиб? — тушунмади Малак.
— Ма, бармоқларимни ўзинг хоҳлаган кўйга сол. Истасанг мушт қил, ёки бўлмаса бирортасини ётқиз. Хуллас, кейин мендан сўра. Мен эса кўзларимни юмиб тураман, — Ўлмас кўзларини маҳкам юмиб олди.
Малак эса унинг кўрсатгич бармоғини қолдирди-ю, қолганларини эгди.
— Мушт!
— Йўқ! — энди Малак эрининг кўрсатгич бармоғини ҳам ётқизиб, мушт ҳосил қилди. — Энди-чи?
— Шапалоқ!
— Йў-ўқ! Сиз жўртага шунақа қиляпсиз? Одам ўз қўлининг ҳолатини ҳам билмаслиги мумкинми?
Ўлмас хижолатомуз илжайганча деди:
— Нима қилай? Шунақа бўлиб қолди.
— Дада, қўлингизда нима бор? — югуриб келди Дилбек.
— И-и-и, аям дадамнинг қўлидан ушлаб олибди, — гапиришга гапириб ўзи уятдан қизариб кетди сал наридаги Дурбек.
Эр-хотин гап билан бўлиб болалари келиб қолганини сезмаганди. Малак тезда қўлини эрининг бармоқларидан тортди. Ўсал бўлганидан ҳамма нарсани унутиб уйга қараб йўл олди. Ўлмас эса бошқа сўроқлардан қутилганидан енгил тортди. Энди онасига ҳам Малакнинг ўзи жавоб беради. Буёғига соғайиб кетса янада яхши...

28
2010 йил, ёз. Тошкент

Лойқаланган сув аста-секин тина бошлайди. Анис ҳам ўз турмушининг охирги вақтларини шунга менгзамоқда эди. Умида билан ажрашган даврини бемалол ҳаёт дарёсининг лойқаланган даври деса бўлади. Мана, энди шукрки, тиниқлашиб боряпти. Шаҳло билан турмуш қургандан буён рўзғорига барака, кунларига мазмун киргандек. Икковлашиб шошиб ишга боришади, бирга қизалоқлари — Сабинани боғчадан олишади. Сўнг уйга келгач, ота-бола ўйнайди, Шаҳло овқат пиширади.
Илгари-чи? Анис ярим тунгача қолиб кетса ҳам уйи томон ошиқмасди, интилмасди. Шу қадар Умидага нисбатан муносабатлари совуқ бўлганмикан? Умида ҳам “Келинг, овқат пишди, келмайсизми?” демасди-да! Билиб олгани “Ким билансиз? Шу пайтгача нима қиляпсиз? Ёнингизда ким бор?” каби саволлар эди.
Анис ўйлаб ҳам унинг сира “Келинг, сизни кутяпман, овқат тайёр”, деганини эслай олмади. Агар бир оғиз “Кутяпман”, деганида ҳам у уйига шошган бўлармиди? 
Ҳозир-чи? Буткул бошқача ҳаёт! Айниқса, Сабинанинг унга талпиниши, “Тезроқ мени боғчадан олиб кетинг. Ўйнаймиз-а?” дейишлари уни ортиқ ишхонада ушлаб турмайди. Шаҳлодан олдин нарсаларини йиғишга тушади:
— Тур, Сабиш кутиб қолади...
Сабина ростдан ҳам кўзи тўрт бўлиб кутиб туради. Шаҳлога қиё ҳам боқмай, Анис томон ўқдай отилади:
— Дада! Дада!
Аниснинг ўша онларда юраги ҳапиқиб кетади: “Агар Сабина ўз қизим бўлганида, ким билсин, қандай аҳволга тушардим? Юрагим ёрилиб кетган бўлармиди?”
Davomi bor
@ibratli_sozlar
Муаллиф: Наргиза Усанбоева
64-қисм
Давоми
У қизчага қучоқ очади ва машинага ўтқазиб уйга йўл олади. Қизалоқ уйга келгач ҳам кийимларини алмаштира солиб, ўзини Аниснинг бағрига ташлайди:
— Ўйнаймиз, дада...
— Хўп, нима ўйнаймиз? — завқи келади Аниснинг ҳам.
— Оёқ санашни ўрганинг, кечагидек... — Сабина отаси оғушидан ерга туша солиб, оёқларини узатиб ўтиради. — Сизам қўшинг, оёғингизни.
Анис ҳам оёларини чўзиб, бармоқларини қизининг оёғи бармоқларига теккизиб ўтириб олади. Сўнг болалигида ўрганган қўшиғи билан оёқларини қўли билан нуқиб, санай бошлайди:
— Ҳовли олди анжир,
Дарвозаси занжир.
Занжир сира бузилмас,
Ийқ-пийқ, сен чиқ!
Сабина оёғига отасининг бармоқлари тегаётганидан қитиғи келибми ё шеър қизиқ туюлибми кула бошлайди. Анис бўлса, жўртага дўқ қилади:
— Кулгунча манави оёғингни торт, у ўйиндан чиқди.
— Менам айтай, дада... — шеърни ўргангиси келади қизалоқнинг.
Анис унга ўргата бошлайди. Бугун эса Сабина бу ўйиндан ҳам зерикди. Отасидан янгисини талаб қилди.
— Нима ўйнайсан? Нима ўргатай? — боши қотди Аниснинг. Сўнг дарров яна ўртоқлари билан бир-бирини масхара қилиб айтгувчи сўз ўйинлари ёдига тушди:
— “Саксон бир”, де Сабина.
— Саксон бир!
— Сен кампир! — уни кўрсатиб кулди Анис.
Қизалоқ кулгуга жўр бўларкан, деди:
— Яна!
— “Етти”, де!
— Етти!
— Бурнинг оқиб кетди! — қаҳ-қаҳ отди тағин Анис.
— Яна! — қиқирлади қизалоқ ҳам.
— “Тўқсон”, де!
— Тўқсон!
— Бир мушт урсам, йўқсан!
Ота-бола мириқиб ўйнаб-кулишди. Шундай дамларда Анис ўз боласи бўлишини жуда-жуда истар, Шаҳло билан турмуш қурганига ҳам тўрт ой бўлаётган бўлса-да, нима учундир ҳомиладор бўлмаётганидан кўнгли ғашланарди. Бир оғиз сўрашга эса ийманар ва хавотирга ҳам тушарди. Ахир Шаҳло туққан аёл. Анис эса биринчи оиласидан фарзанд кўрмаган. Гарчи шифокорлар унга “фарзанд кўра оласиз”, деган бўлса-да, ички ҳадик унга тинчлик бермасди.
У бир неча бор сўрашга жазм қилди. Яна тилини тишлади. Тўрт ой катта муддат эмас, албатта. Балки яна озроқ кутиш лозимдир. Аниснинг ўзига берган шу таскини яна икки ойни ўтказди. Энди аста-секин атрофдагилар ҳам писанда қила бошлашди. Энг биринчи бўлиб уларнинг оила қуришига сабабчи бўлган опахон Шаҳлони гапга солди:
— Шаҳло, янгиликлар борми? Кўпайишга ҳаракат қилмаяпсизми? Анисни бир хурсанд қилинг. Ахир у... — аёл қолган гапини ичига ютди.
“Тирноққа зор” демоқчи эди”, — хаёлидан кечди сал нарида компьютерда матн ёзиб ўтирган Аниснинг. — “Рост айтяпти. Мана салкам етти йилдирки, тирноққа зорман. Умида ҳам аллақачон туққандир? Қишлоқда эса гаплар урчигандан-урчиган. Ота-онам бошини кўтара олмай юргандир, балки. Шундай бўлгани аниқ. Менинг уйланганимни эшитганлар атайдан ҳам онамдан хотиним ҳомиладорми, йўқми шуни суриштиришни бошлагандир? Гап орасида “Умида ҳам туғиб олди. Нега Аниснинг боласи бўлмаётган экан-а?” деб қўйишса, борми? Онамга шу гапнинг ўзи етарли. Бугун Шаҳло билан жиддий гаплашаман. Ишхонадагилар ҳам менга синовчан қарашши бошлади. Ҳадемай ўзимдан сўраб ҳам қолгувчилар топилади. Ортиқ жим туриб бўлмайди...”
Аниснинг миясидан шу гаплар чиқмай қолди. Кечки пайт Сабина ухлагач, Шаҳло чой ва тарелкада конфет кўтариб келди. Анис унга табассум қиларкан, режалаб қўйган гапларини айтишга киришди:
— Раҳмат сенга, Шаҳло. Ҳаётимга мазмун олиб кирдинг. Айниқса, Сабина билан. Лекин мен бундан-да бахтли бўлишни истайман. Менга яна туғиб бериб хурсанд қилмайсанми? 
Шаҳло унга “ялт” этиб қаради. Юзидан ичида кетаётган ҳисларни англаб бўлмасди. Қошлари бироз чимирилган, лаблари эса зўрма-зўраки жилмайгандек, бир-бирига номутаносиб. Анис унинг қандай жавоб беришини тусмоллай олмай ҳам қолди. Шаҳло эса шошиб чой хўплади-да, ерга қаради. Пиёлани хонтахта устига қўяркан, илкис титраган кафтларини бир-бирига ишқади. Сўнг бошини кўтариб Анисга майин табассум қилиб, гап бошлади:
— Ўзим ҳам шуни ўйлаб юрибман. Туну кун миямда шу айланади фақат. Сизга турмушга чиқишимдан олдин дўхтирга кўрингандим. Онам атай юборганди. “Эринг бефарзандликдан азият чеккан, сен соғлом бўлиб бор. Борганингдан ҳомиладор бўлсанг, боши кўкка етади”, деганлари учун кўрингандим. Гинекологим “Ҳатто шамоллашингиз ҳам йўқ.
Бугун турмушга чиқсангиз, бугун ҳомиладор бўласиз”, деганди. Лекин...
Хотинининг маънодор гапи Аниснинг ичидан бир нимани узиб ўтиб кетгандек бўлди. Шаҳло эса худди хижолат чеккандек сўзида давом этарди:
— Мана олти ой ўтяпти. Шунча вақт ўтганини сезмай ҳам қолибмиз. Бироқ бизга билингани билан одамлар синчков. Кўрдингиз, бугун ишхонадагилар ҳам сўраб бошлашди. Эртага қўни-қўшни, қавму-қариндош ҳам суриштиради. Шунга... эрталаб сиз Сабинани боғчага ташлаб ишга кетаверсангиз, мен дўхтиримга кўриниб ўтсамми дегандим...
Аниснинг томоғидан чой ҳам ўтмай қолди. Худди биров ғиппа томоғига чанг солгандек, ҳаво етишмай бўғилди. Беихтиёр чуқур нафас оларкан, нигоҳларини хонтахтадан уза олмай қолди. Кейин паст овозда деди:
— Ихтиёринг...
Унинг бу ҳолати ишончини сусайтирган, ночор аҳволга тушган каби фикр уйғотарди. Шаҳло ҳам шундай тушундими, бирдан жонланди:
— Менга шифокор “соғломсиз” деса нима қиламиз? Кутиб юраверамизми? Ё сиз...
Бу савол Аниснинг қаддини янада буккандек, хонтахтага боши теккудек эгилиб қолгандек бўлди. Лекин сал ўтмай, у гавдасини кўтариб, хотинига тик боқди:
— Мендан хавотирга тушма! Ўзинг кўринавер!
У шундай деб ўрнидан қўзғалди. Ўрнига бориб чўзиларкан, уйқуси қочди. Чексиз саволлар оғушида қолди.
* * *
Тонгда Анис Сабина машинага ўтқазиб, боғчага йўл оларкан Шаҳлодан сўради:
— Сен қайси шифохонага борасан?
— Ҳар доимги дўхтиримга бораман...
— Аввал ўзимизнинг поликлиникага кириб ўтсанг-чи? Сабинага ҳам, ўзингга ҳам анкета очтириб қўярдинг.
Шаҳлонинг юраги орқага тортди. Наҳот Анис ниманидир пайқаб қолган бўлса? Ахир у олти ойдирки, ўзининг туғишдан маҳрумлигини беркитиш учун минг ҳийлани ишга солиб юрибди-ку!
“Кеча ҳам бекорга гап очмади. Демак, ниманидир сезган! Эй Худо, ўлдим энди! Бўлмаса даб-дурустдан дўхтирга боришимга рўйхушлик бермаган бўларди. Энди эса “Ўзимизнинг поликлиникадан рўйхатдан ўт”, деяти. Шу орқали мен ҳақимда ҳамма нарсани билиб олмоқчими? Менимча билиб бўлган аллақачон! Энди нима қиламан?”
У бироз довдираб қолган бўлса-да, тезда ўзини қўлга олиб, Анисга кулиб қараркан, деди:
— Нима бор бу поликлиникаларда? Барибир бирор марта бормаймиз. Хусусийлар сифатли ва тез ишлайди. Мен тезроқ даволаниб, тезроқ ҳаракат қилмоқчиман.
— Шундай дейсан-у, ҳар хил ҳолат бўлади-да. Анкета очдириб қўйган яхши. Майли, дўхтиринг қайси томонда, ташлаб ўтиб кетаман.
Эрининг бу гапидан Шаҳлонинг гумонлари яна-да авж олгандек бўлди. Дили қоронғилашиб, пешанаси тиришди.
“Ҳамма нарсани билиб олгани аниқ. Бекорга бунақа қилмаяпти. Дўхтиримнинг манзилини билиб олиб, кейин суриштирмоқчимикан ё? Ҳа, балки нима биландир шубҳа уйғотган бўлсам, энди шунинг пайига тушган. Демак, шифокорлар орқали билиб олмоқчи...”
@ibratli_sozlar
Муаллиф: Наргиза Усанбоева
65-қисм
Давоми
Аёл бирдан дадилланиб, қўлини хайрлашиш учун баланд кўтариб силкиди-да, шошиб деди:
— Хайр! Ишга кеч қолишингизни ўйламаяпсиз чоғи. Ахир менинг кеч боришимни ҳам айтиб қўйишингиз керак. Ўзингиз ҳам кеч бориб, яна мен айтсангиз, бошлиқ тутамайдими?
— Ҳа, майли! Ўзинг етиб оларсан, унда! Хайр!
Шаҳло яна қўл сермади. Аниснинг ўрнига машина ичидан Сабина қўлчаларини ҳавода ўйнатарди.
— Майли қизим, сенам яхши етиб ол! — деди Шаҳло ва елкасидан тоғ ағдарилгандек, енгил хўрсиниб қўйди. Аммо таксига ўтириб, то ўзи таниш бўлган гинекологнинг ҳузурига етиб боргунча ташвишланишдан ўзини ҳалос қилолмади. Ўзича дўхтирини гапга олишни чамалади.
“Айтиб қўймасам бўлмайди. Яхшиям унга турмушга чиққанимни айтмаганим. Айтмаганим дурустми ўзи? Йўқ, айтишим, мабодо, эрим сўраб келгудек бўлса, бир замонлар бачадонимдан жудо бўлганимни оғзидан гуллаб қўймаслигини тайинлашим керак. Бўлмаса Анис суриштиришдан ҳам тоймайдиган кўринади. Бекорга кечадан буён сиқувга олмаяпти мени. Ё ишхонада бирортаси айтдимикан? Йў-ўқ, мен бу ҳақда ишхонадагилардан бирортасига айтмаганман-ку!”
Шаҳлонинг бахтига шифокори ёлғиз экан. У ўнг қўли билан мижозига “кираверинг”, ишорасини қилди-ю, чап қўлида турган телефонини қулоғига тутди. Қайсидир дугонасига қўнғироқ қилди, шекилли, нақ йигирма дақиқа, яъни телефон компанияси томонидан алоқа узилмагунча тинимсиз гапирди. Қўшнисининг ҳар куни бақириб чиқадиган касал қайнонаси, холасининг хориждаги қизи эр топгани, ўзининг янги урфдаги узукни олиш учун эрини аврай олмаётгани-ю, ҳамшира қизнинг писмиқлиги, яна ўғлининг ўсмирлик даври қийин бўлаётганини ҳамма-ҳаммасини лаби-лабига тегмай жавради.
Шундоқ ҳам асабий ўтирган Шаҳлонинг тоқати тугаб битди:
“Одам ҳам шунақа юзсиз бўладими? Ёнимга мижоз келди, кутяпти ҳам демайди-я? Тавба, дугонасига ҳам қойилман. Эшитишга вақти борлигини-чи? Шунинг учун ҳам бу шифокорнинг мижози кам бўлса керак. Сидқидилдан ишлайдиган, касбини севадиган, мижозни ҳурмат қиладиган шифокорларнинг эшигига яқинлашиб бўлмайди. Турнақатор турган навбатдан қўрқиб кетасан. Бу эса... Ҳайрият, алоқаси узилди...”
Шифокор эса ҳамон ўз дарди билан овора эди. У Шаҳлога қараб жилмайиб қўйди-ю, яна телефонига термилди. Сўнг тағин жаврашга тушди:
— Ази, узилиб қолди. Хуллас, шунақа гаплар-да...
Шаҳло шифокорга бақириб юборишдан ўзини зўрға тутиб турарди. Агар ҳозир тайинлайдиган гапи бўлмаганида ўзи биларди нима қилишни. Афсус, энди унга яхши муомала қилмаса бўлмайди.
Ниҳоят шифокорнинг эсига мижоз кутаётгани тушди ва дугонасига шуни айтиб, хайрлашди.
— Узр-а? — деди у кейин Шаҳлога қараб жилмаяркан. — Дугонамнинг сал кўнгли нозик. Сиз келгунингизга ҳам гаплашиб тургандим-да, агар гапини бўлсам, “Мен менсимай қолдингми, хусусийга ишга ўтиб...” дея нолиб қолади.
“Яхшиям келгунимча ҳам гаплашиб турган экансиз, агар гапингиз энди бошланганида нима қилардим-а?” — хаёлидан ўтди Шаҳлонинг.
— Нима шикоят билан келдингиз? — ёнидаги дафтарни очаркан, сўради шифокор.
— Шикоятим йўқ. Ёнингизга биринчи келишим эмас. Ёдингизда бўлса, бир марта даволангандим, кейин шунчаки кўриниб кетгандим. Телевидениедан Шаҳломан...
— Ие, — ўрнидан туриб кетди шифокор. — Шундай демайсизми, мен бор эътиборимни сизга қаратмайманми? Танимаганимни қаранг. Эсимдасиз, албатта. Қалай, соғлигингиз яхшими?
— Шукр, яхши. Биласиз, фарзандли бўлаётганимда қон кетиш туфайли бачадонимдан ажраганман. Яқинда эса... қайта турмушга чиқдим...
— Вой табриклайман! Бахтли бўлинг! — ҳамон ялтоқланарди шифокор.
— Биласизми, эримга бошимдан ўтганларини ҳали айтиб берганим йўқ. У бошқа фарзанд кўра олмаслигимни билмайди. Лекин бирор кун албатта айтаман. Бугун сизнинг олдингизга келганимни у билади. Агар мабодо келиб, соғлигимни суриштирса, илтимос, ҳеч нарса деманг. Мен ҳаммасини ўз оғзимдан эшитишини истайман.
— Вой, ўлибманми айтиб, айланай. Бу эр-хотин ўртасидаги масала. Мен бир гинеколог бўлсам. Вазифам соғайтириш. Десам, “хотинингизни соғайтирдим”, дейман-да!
— Энди мени бир кўриб қўйинг ва ҳолатимни ёзиб беринг. Эрим мабодо “Кўриндингми?” деб қолса, қоғозни кўрсатаман-да!
— Албатта... — ўрнидан қўзғалди шифокор.
Кўп ўтмай, яна столи томон келаркан, хушкайфиятда деди:
— Аҳволингиз жуда яхши. Қўрқадиган бирор ўзгариш йўқ. Аммо қоғозга нима деб ёзай?
— Албатта ҳаммаси жойида, дейсиз.
— Бачадон...
— Умумий қилиб, “соғлом” деб ёзиб бераверинг. Ўзим фурсати етганда тушунтираман...
— Хўп, — шифокор шу билан қоғоз қоралашга тушди.
Унинг ёнидан чиққанида ҳам Шаҳлонинг кўнглидаги шубҳа ва ғашлик ҳали тарқамаганди. Унинг назарида гўё Анис ҳаммасини биладигандек, мана бу қоғозни олиб борса, юзига отиб, уни ҳайдаб соладигандек...
“Балки айтганим дурустдир? — яна ўйга толди Шаҳло. — Кейин-чи? Сабинани етаклаб уйга кетаманми? Албатта шундай! “Нега алдадинг?” деб ҳайдаб солиши тайин. Сўнг нима бўлади? Яна ота уйимда сиғинди бўлиб ўтираманми? “Чиққан қиз чиғириқдан ташқари”, деганлари рост экан. Энди мен у оиладан ташқаридаман. Бошқа сиғмайман. Яхшиси ёпиғлиқ қозон ёпиғлигича қолади. Анисга ҳеч нарса демайман. Соғлом эканлигимга ишонтираман. Ўзим ва қизимнинг бахти учун шундай қиламан. Бечора болам ота меҳрини энди ҳис қиляпти. Ундан бахтиёр одам йўқ. Боламнинг шодлиги учун тишимни тишимга босиб, яшайвераман...”
Шаҳло ишхонага кириб келиши билан нигоҳлари Анисни излади. У кўринмасди. Хаёли ўта паришонлиги туфайли эрининг тушгача қандай ишни режалаштирганини ҳам эслолмади.
“Монтажи бормиди, ё?”
Ҳорғин жойига ўтираркан, бошини столга қўйиб кўзларини юмди.
— Шаҳло, мазангиз йўқми? Ё Анис билан уришдингизми? — шўхчан деди ҳамкасб аёл.
— Нега уришаман? — бошини кўтарди Шаҳло. — Бир жойга ўтиб келдим, чарчадим.
— Бирга келмаганингизга...
— Менинг борадиган жойим бор эди... — Шаҳло шундай дегани билан ичида оғринди: “Эрталаб бирга келишим, келмаслигимни ҳам кузатишади-я, бу одамлар?”
Кейин истамайгина компьютерни ёқиб, ёзишга киришди. Кўп ўтмай хонага Анис кириб келди:
— Шаҳло, тушлик қилмадингми?
— Йўқ.
— Юр, овқатланамиз...
Аёл ажабланди. Одатда, эри ҳамкасб йигитлар билан тушлик қилар, Шаҳло эса аёллар даврасида овқатланарди. Бугун эса... Унинг фикри яна гумонлари томон кетди: “У бир нарсани билади. Бўлмаса, бу қадар қизиқмасди. Атай дўхтирга борганим учун мен билан тушлик қилмоқчи, сўрамоқчи. Уйга боришга ҳам сабри чидамаяпти. Демак, нимадандир хабардор...”
Davomi ertaga
@ibratli_sozlar
Ассалому Алекум саховатпарвар инсонлар сизларга бир илтимосим бор Ёрдамингизга мухтожмиз

18 ЙИЛДАН БУЁН СУЯК РАКИ КАСАЛИ БИЛАН КУРАШИБ КЕЛАЁТГАН СИНГЛИМИЗГА ИЧАК ОШКОЗОН КАСАЛИГА ХАМ ЧАЛИНГАНЛАР, БУНДАН ТАШКАРИ 😓😔 БИТТА БУЙРАК ИШЛАМАЙДИ. МИГРЕН БОШ КАСАЛЛИКЛАРИ ХАМ БОР. ГЕПАТИТ С ХАМ БУ‌ЛГАНЛАР.
АЛЛОХНИ СИНОВИДАН У‌ТИБ ОЛИШГА КУ‌МАКЛАШАЙЛИК🙏🙏🙏

КАРТА РАКАМ: 8600061021985774
Gulhayo Polatova
+998911595003

БУ МАЛУМОТЛАР АДМИН ТОМОНИДАН ТЕКШИРИЛГАН 🆘🆘 ЭХСОНИНГ МУКОФОТИ ФАКАТ ЭХСОНДИР
This media is not supported in your browser
VIEW IN TELEGRAM
Ayol kishi baxtlidir bolasi boʻlsa ,
Bolasini mehribon dadasi boʻlsa...
❤️❤️❤️


Ayolga eng muhimi oilasi tinch, farzandlari sogʻ-salomat, yonida uni tushunuvchi eri boʻlsa bas. Baxt shu ular uchun...
XAYRLI TUN AZIZ ONUNACHILARIM!!!
@IBRATLI_SOZLAR
Каналимизнинг гу́зал аёллари хамиша оллохнинг панохида бу́линглар 🌺


Хайрли тонг!!!!
Шаҳло овқат олиб бўлгунларича ҳам миқ этмай, хаёл билан банд бўлди. Ўйлаганлари рост чиқди. Ўтиришлари билан эри саволга тутди:
— Яхши бориб келдингми? “Келдим” ҳам демабсан. Мен кутиб ўтиргандим. Нима деди дўхтир?
Шаҳлони енгил титроқ босди. Ичида турган қўрқувини сездириб қўймаслик учун сўзсиз стулга осиб қўйган сумкасини олиб, титкилашга тушди. Сўнг индамай қоғозни Аниснинг ёнига қўйди.
Анис қоғозни қўлига ҳам олмай,  кўз югуртирди-да, деди:
— Яхши. Худога шукр, ҳеч қандай шамоллашинг йўқ экан. Кутсак бўларкан...
У бу сўзларни овқатига боқиб гапирди. Хотинига бир қараб ҳам қўймади. Шаҳло эса яна гумон илонининг исканжасида эди. Гўё эри арқонни узун ташлаб қўяётгандек, баттар ҳадик ичида қолди.
Анис қай тахминга боришни ҳам билмасди. Эндигина ҳаётим чароғон бўлди, деганидан туйқус зулмат тушиб қолгандек, йўлини йўқотиб қўйгандек довдираб қолганди. Негадир Шаҳлонинг олдида “Қўрқоқ олдин мушт кўтарар”, қабилида иш тутган каби ўзини ҳижолатга қўйганидан жуда ноқулай бўлаётганди. Нима тўхтамга келишини ҳам, нима хулосага боришини ҳам билмасди. Бу тағин қандай синовки, шифокор Шаҳлога ҳам “соғлом” деб ёзиб берибди. Нима учундир Анис шифокорнинг хотинига бирор укол-дори ёзиб беришига ва уларни қабул қилгач, фарзанд кўришларига умид қилганди. Энди нимага умид қилсин? Мана, иккаласи ҳам соғлом. Аммо олти ойдирки...
“Ёки мен борган дўхтирлар мени нотўғри текширишяптимикан? Балки шундайдир? Асли мен бола кўришдан маҳрумдирман?! Яна текширувдан ўтсаммикан?”
Анис шуларни ўйлагани сари тушкунликка тушиб бораётганди. Бу ёғига нима қилишга ҳам, қандай йўл тутишга ҳам ҳайрон. Охири яна бошқа бир жойдан текширувдан ўтишга қарор қилди. Шаҳлога ҳеч нарса демасдан борди ҳам.
— Хавотирга ўрин йўқ. Ҳаммаси жойида, — деди шифокор.
— Фарзанд кўра оламанми? — хурсанд бўлиши ҳам, хафа бўлишини ҳам билмай сўради Анис.
— Албатта...
— Аёлингиз ҳар томонлама текширувлардан ўтганми?
— Ҳа, — деди ишонч билан Анис.
— Унда сизлар биргаликда бошқа бир текширувдан ҳам ўтиб кўрингизлар. Яъни, эр-хотининг бир-бирига мослиги...
— Эр-хотин бир-бирига мос бўлмаслиги ҳам мумкинми?
— Мен сизга оддий тилда тушунтиряпман-да! Халқ тилида “Қони қонига тушмабди”, дейди-ю... Шунга ўхшаш гап. Билсангиз, ҳаётда кўп эшитгансиз, айрим жуфтлар ўн йиллаб фарзанд кўрмайди, аммо ажрашиб бошқа-бошқа оила қуришгач, иккиси ҳам болали бўлиб кетади...
Аниснинг қулоғига бошқа гап кирмади. Назарида худди шундай эди. Яъни, у Умида билан бир-бирига мос бўлмаган. Мана, ажрашгач, Умидада бола бўлди.
“Аммо мен-чи? Менам тушмуш қурдим-ку! Нега менда йўқ?”
Ичидан отилиб келган бу саволларни Анис шифокорга бера олмади. Чунки бу саволларга жавоб бериши учун шифокор унинг етти йиллик ҳаётидан бохабар бўлиши лозим. Уни айтиб ўтиришга эса Анисда хоҳиш йўқ.
У шифокор қабулидан чиққанида ҳам мавҳум туйғулар оғушида эди. Хурсанд бўлсинми, хафами ё хавотирга тушсинми? Ишга ҳам худди шу кайфиятда келди. Уйга келганида ҳам ўзгармади. Ташхис қоғозини авайлабгина чўнтагидан чиқарди-ю, ҳар доим ўзининг нарсалари турадиган жовондаги ёндафтар ичига қўшиб қўйди. Албатта, бу хавотир ичида яшаётган Шаҳлонинг нигоҳидан четда қолмади. Эрининг индамай эрта тонгда чиқиб кетгани, ишга кечикиб боргани, бутун кун бўйи ўйчан юргани унинг ҳадигини оширганди. Шунинг учун Анис қўлига олган ёндафтарни кўз остига олиб қўйди.
Пайт пойлаб қўлига олганида, ичидаги қоғозчаларга кўз югуртирганида эса ҳеч нарсага тушунмади. Ташхис қоғозлигини билган бўлса-да, уни уқишга ақли етмади.
“Бирор кун гинекологимга кўрсатиб келаман. Шифокорлар бир-бирини тушунади”, — кўнглига тугди у ва то унинг тагига етмагунча тинчимади.
— Эрингиз соппа-соғ. Нега текширтирдингиз? Қизиқсиз-а? Ахир сизда-ку ҳамма гап... — деди гинекологи ҳам киноя билан.
— Мен эмас, эримнинг ўзи қизиққан шекилли...
— Ҳалиям айтмадингизми? — ажабланди шифокор.
— Фурсати бўлмаяпти. “Тап” этиб айтадиган гап эмас-ку!
— Тўғри...
— Мабодо, эрим келиб қолса, айтиб қўйманг-а? Ўзим айтганим яхши... — яна тайинлади Шаҳло.
Лекин унинг айтиш нияти йўқ эди. Тўғри, жуда ҳам хавотирга тушган чоғларида айтишга қарор қилгандек ҳам бўлди. Аммо энди мана бу қоғозчалардан кейин эрининг ҳеч нарсани билмагани маъқул. Агар Анис бепушт бўлганида эди, айтса бўларди. Чунки Аниснинг бирга яшашдан бошқа чораси бўлмасди-да! Бироқ вазият буткул унинг акси...
Шаҳло энди қатъий қарорга келганди. Ҳеч қачон Анисга ўзининг фарзанд кўра олмаслиги ҳақида айтмайди. Ҳатто онасига, бошқа яқинларига ҳам тайинлайди. Тағин гап орасида айтиб қўйишмасин!
У шундай қилди ҳам. Ота уйига борганида ҳамма гапни онасига айтиб, сўзи охирига илтижо қилди:
— Ойи, дуо қилинг, мени Худонинг ўзи асрасин! Яна холамларга, мана бу келинларингизга ҳам тайинланг, эримнинг олдида бу ҳақда умуман сўз очмасин. Сизам оғзингизга маҳкам бўлинг...
Онаизор бу гаплардан сўнг бир сўз деёлмай, танг қолди.
* * *
— Тиббий кўрик ўртоқлар! — деди офисга кириб келган Бобурнинг бурнини жийириб. — Ҳозир эшитиб қолдим. “Ҳамма ходим вақт топганида тиббий текширувдан ўтиб қўйсин”, дейишаётган экан.
— Оббо, эшикма эшик юрарканмиз-да... — деди кимдир.
Анис эса Бобурга қараб кулди:
— Доим ёқимсиз хабар билан юрасан-а?
— Э, буларни-чи? Шукр қилмайсанларми, сизларни ҳар йили давлат текиндан текинга текшириб қўяди. Ана, хусусийларга бориб текширувлардан ўтинглар-чи? Ўшанда мени нима деркансанлар?
— Хушхабарчи деймиз, — ёнига чорлади ўртоғини Анис.
— Анис, сен яна ўзинг кетворма! Бирга борамиз... — аллақандай хавотир билан гапирди Бобур.
— Қўрқма, укол қилишмайди, — луқма ташлади кимдир.
— Укол учунмас-ей, навбат бўлиб кетса, гаплашиб ўтиргани икки киши бўлсанг яхши-да...
Бобурнинг бу гапидан Анис баттар кулди.
— Нега куласан? — жаҳли чиқди Бобурнинг.
— У ерда ҳеч ким нотаниш бўлмайди-ку! Ҳаммаси шу ернинг ходимлари...
— Шуни айт... — Бобурнинг ўзи ҳам кула бошлади. Сўнг деди: — Эртадан кейин борайлик ўртоқ. Эртага монтажим бор.
— Айни муддао, эртага менинг съёмкам бор. Демак, эртадан кейин ўтиб қўя қоламиз, — маъқуллади Анис ва сал нарида ўтирган Шаҳлодан сўради. — Сен қачон бормоқчисан?
— Биз эртага борамиз, а, нима дединг? — ёнидаги қиздан сўради Шаҳло. — Эртага ишим камроқ.
Шу билан барча ходимлар ишдан бўш вақт топди, дегунча тиббий кўрикдан ўтиб кела бошлашди. Келишилгандек, Бобур ва Анис бирга йўл олди. Ҳазил-ҳузул билан беш-олтита мутахассис кўригидан ўтиб қўйганларини ҳам сезмай қолишди.
— Қолганидан эрта ўтармиз, — таклиф киритди Бобур.
Аниснинг хаёли эса ўзлари ёнидан ўтаётган эшикда эди:
“Гинеколог хонаси. Кеча Шаҳло кўрикдан ўтиб кетганди. Шифокордан сўраб чиқсаммикан, бирор шикояти йўқмикан? Охирги пайтда ғамгиндек, мендан ниманидир яшираётгандек... Сўраб чиқа қолай...”
Унинг қадами секинлаганини кўриб Бобур туртди:
— Нега довдирайсан? Аёлларнинг дўхтири-ку!
— Қичқирма, кўриб турибман, — жаҳл қилди Анис. — Эътибор қилмаганни ҳам ўзингга қаратасан сен.
Иккаласи бир-бирини туртишиб нари кетди. Ишхонага етиб келганида ҳам Аниснинг хаёли ўша жойда эди. Бобурнинг ёнида кира олмасди. Ёлғиз бўлганида ҳам гаплаша олмаслиги аниқ. Айни иш қизғин вақти бўлса. 
Давоми бор
@ibratli_sozlar
Муаллиф: Наргиза Усанбоева
67-қисм
Давоми
“Аммо суриштириб қўйсам яхши бўларди, — яна ичида қандайдир илинж пайдо бўлди Аниснинг. — Шифокор айтган бирор тавсияга балки Шаҳло бепарво қараётгандир? Эҳтимол, бирорта хасталиги бўлса, менга айтолмай қийналиб юргандир? Сал нарса сабаб бўлиб фарзанд кўриб кетишим мумкин-ку!”
— Анис, эртага шошилинч, аммо жидий тадбир бор. Ўзинг чиқмасанг бўлмайди. Ҳозиргина хат олдик. Эсингдан чиқмасин, — унга кўзи тушиши билан бошлиғи топшириқ бериб хонасига кириб кетди.
— Унда тиббий кўрикни бугун тамомлаб қўйишим лозим экан. Бобур? — ўртоғига қаради у.
— Бошқа юргим ҳам, ўша эшиклар олдида кутиб ўтиришга тоқатим ҳам йўқ. Эртага бораман.
— Юр, бугун қутилиб қўяйлик. Юраётганинг йўқ-ку, машинада олиб бориб келаётган бўлсам...
— Қўй ўртоқ, энди келдик, яна қайтиб борамизми?
Анис унга қовоқ осиб қаради.
— Ола қарама! — дарров эътироз билдирди Бобур. — Ўзинг бориб келавер эринмасанг. Мен эртага бораман...
Ноилож Анис яна ортига, поликлиникага қайтди. Барча мутахассислар кўригидан ўтиб бўлгач, тағин аёллар шифокори эшиги ёнидан ўтаётиб қадамини секинлатди. Эшик ёнида ҳеч ким йўқ. Чамаси доим уйи томон ошиқадиган аёл зотининг аср вақтидан кейинга қолгани сабри етмаган. Қия эшикдан мўъралаган шарпани сездими, ичкаридан шифокор аёлнинг “киринг” дегани эшитилди.
Анис бошини суқиб салом берди. Шифокорнинг кўзойнак устидан тикилган, ажабланиш ва савол акс этган нигоҳидан қизарди ҳам.
— Эшикдаги ёзувни ўқидингизми, Анис Мажидов? — кинояли жилмайиб деди шифокор.
Шифокорнинг таниганидан ва ўзининг ҳолатидан Анис баттар қизарди. Лекин энди ортга йўл йўқ. Шунинг учун дарров ўзини қўлга олиб, деди:
— Савол? — яна қошларини керди шифокор аёл.
— Турмуш ўртоғимдан хавотир олдим. Сиздан олдин ҳам бошқа шифокорга борганди. Ўйчан бўлиб қолди. Сўрасам айтмади. Соғлиги яхшими, деб...
— Аёлингиз ким?
Анис хотинининг исм-шарифини айтди. Аёл қўлидаги дафтарни варақларкан, сўради:
— Менинг қабулимга келдими, ўзи? Икки кундан буён қанча аёл билан суҳбатлашдим, эслаб қолиш қийин.
— Кеча келган...
Шифокор энди дафтарга бармоғини юргизиб, исм-шарифларни ўқий бошлади ва Анисга юзланди:
— Нега хавотирдасиз, десам хотинингиз операция бўлган экан-да! Битта фарзандларингиз бор экан-а? Ҳа-а-а, аёл зоти учун бачадондан ажралиш оғир зарба. Аммо хавотир олманг, жиддий ўзгаришлар йўқ. Ўйчанлиги табиий ҳол. Чунки яна бола кўришни истайди, бунинг имкони йўқлигини билиб сиқилади.
— Нима? — қулоқларига ишонмади Анис.
Унинг ҳолати шифокорни таажжубга солди. Буни сезган Анис ўзини қўлга олишга тиришди, аммо беихтиёр оғзидан савол учганини ўзи ҳам билмай қолди:
— Ўзи айтдими, шунақа деб...
— Нима деб?
— Ҳалиги... — Анис очиқ айтишга ийманди. Ерга қараганча деди: — Бола кўра олмаслигини...
— Ҳа, биларкан-ку! Яшириб юрганмидингизлар? УЗИ қилдим, ундан олдин ўзи биринчи боласи туғилгандан сўнг шундай бўлганини айтди. Кўрдим, операция муваффақиятли бўлган. Менимча, мендан олдин кўрган шифокор айтган. Барибир биларди. Ҳар бир одам ўз танасидаги ўзгаришларни сезади-ку! — шифокор айб иш қилиб қўйгандек изоҳлашдан тўхтамасди. Аниснинг қулоқлари эса том битгандек. На эшитарди, на кўрарди. Турган жойида қотиб қолган, бутун борлиқдан узилиб қолгандек эди гўё.
Шифокор яна нималардир деди. Унинг ёнига келиб, елкасини силаб, ўтиришга таклиф қилдими-ей. Анча гапирди шекилли. Лекин Анис унинг ёнидан қандай чиқди, хайрлашдими, йўқми, буни билмайди. Хаёли жойига келганида машинасида ўтирарди. Ҳайкал каби рулга тикилганча, жим, сокин ўтирарди. Бироқ кутилмаганда миясининг қайсидир бурчагида чақмоқ чаққандек, унинг тиғи юрагини тилгандек қалқиб кетди. Шу баробарда бақириб юборди:
Бутун вужуди тилка-тилка бўлиб, бўлакларга бўлинди гўё. Ғазаб ва алам тану жонини келисопда туяётгандек, унинг зарбидан умаланиб кетаётгандек қалт-қалт титрарди.
“Билардинг-ку! Нега ҳаммасини била туриб мени алдадинг? Нима учун? Нега айнан оғриқли томонимдан зарба бердинг?”