Ўқинг...Фақат Ибрат Олинг
104 subscribers
271 photos
233 videos
1 file
658 links
Энг таъсирли ҳикоялар канали!

Илтимос, ушбу каналдан бирор фойда олсангиз канални очган мўмин ҳаққига бир марта:
"Аллоҳ рози бўлсин!" деб қўйинг))

Раҳмат!


Канал фаолиятини бошлаган сана 01.03.2022
Download Telegram
РЎЗАДОРЛАРГА ИФТОРЛИК ҚИЛИБ БЕРИШ

Рўзадорга ифторлик қилиб бериш хайрли амаллар сирасига киради. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:
Зайд ибн Холид Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким рўзадорга ифторлик қилиб берса, унга ҳам рўзадорнинг ажридан бирор нарса камайтирилмаган ҳолда, унинг ажри мислича берилади”, дедилар”. (Имом Термизий ривояти)

Салмон Форсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шаъбон ойининг охирги куни бизга хутба қилиб: “Эй инсонлар улуғ ой, муборак ой, минг ойдан яхши кечаси бор ой сизларга яқин келиб турибди. Аллоҳ унинг рўзасини фарз, тунги бедорлигини нафл қилди. Ким бу ойда яхши амал билан қурбат ҳосил қилса, бошқа (ой)да бир фарзни адо қилган каби бўлади. Ким унда бир фарзни адо қилса, бошқа (ой)да етмишта фарзни адо қилган каби бўлади. У сабр ойидир. Сабрнинг ажри жаннатдир. У кўнгил сўраш ва мўминнинг ризқи зиёда қилинадиган ойдир. Ким унда бирор рўзадорга ифторлик қилиб берса, гуноҳлари мағфират бўлиб, дўзахдан гардани озод қилинади. Рўзадорнинг ажридан бирор нарса камайтирилмай, шу ажр мислича унга (ифторлик қилиб берувчига) бўлади”. Улар: “Эй, Аллоҳнинг Расули! Ҳаммамиз ҳам рўзадорни ифторлантирадиган нарса топа олмайди”, дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ ушбу савобни сув қўшилган сут ёки хурмо ёки бир қултум сув билан рўзадорни ифторлантирган кишига ҳам беради. Ким рўзадорни тўйдирса, Аллоҳ уни менинг ҳавзимдан бир қултум сув билан суғоради ва у жаннатга киргунча чанқамайди. У – аввали раҳмат, ўртаси мағфират, охири дўзахдан озод қилиш ойидир. Ким у ойда қули (қўл остидагилари)нинг ишларини енгиллатса, Аллоҳ уни мағфират қилади ва дўзахдан озод қилади”, дедилар”.
(Байҳақий ривояти)

Шайх Муҳаммад Тақий Усмоний
ЭҲСОН ВА САХОВАТ

“Албатта, Аллоҳ адолатга, эҳсонга, қариндошларга яхшилик қилишга амр этадир ва фаҳшу мункар ҳамда зулмкорликдан қайтарадир. У сизларга ваъз қилур. Шоядки, эсласангиз” (Наҳл сураси, 90-оят).
Эҳсон олижаноб зотларнинг шиорлари, меҳрибонлик нишонаси ва ҳар бир нарсанинг сир- асроридан хабардор Зот – Аллоҳ таоло томонидангина ато этилажак илоҳий илҳомдур. Ҳақ таоло уни Ўз фазли ва карами ила вужудлардан шақоватни ўчириш, кўнгли яримларнинг бошларини силаш, инсонлар гина-адоват ва нафратларсиз, ака-укадек аҳил яшашлари учун қалблар тубига жойлаб қўйгандир.
Ислом дини таълимотларида эҳсонга тарғиб қилинади. Бу ҳақда кўплаб оятлар ва ҳадислар собит бўлган. Аллоҳ таоло садақа билан яхшиликка буюриб, инсонлар орасини ислоҳ қилишни бундай марҳамат қилган:
“Уларнинг кўпгина махфий суҳбатларида яхшилик йўқ, магар ким садақага, яхшиликка ва одамлар орасида ислоҳга амр қилсагина, яхшилик бор. Ким ўша ишни Аллоҳнинг розилиги учун қилса, албатта, унга улуғ ажр берамиз” (Нисо сураси, 114-оят).
Фақир ва муҳтожларга нафақа қилишни мўминларнинг энг машҳур ва бошқалардан ажратиб тургувчи асосий сифатларидан қилиб қўйди.
Бу ҳақда Анфол сурасида баён қилган:
“Албатта, Аллоҳ зикр қилинса, қалблари титрагувчи, оятлари тиловат этилса, имонларини зиёда қилгувчи ва Раббиларига таваккул қилгувчиларгина мўминлардир. Улар намозни тўкис адо этадиганлар ва Биз ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ қиладиганлардир. Ана ўшалар ҳақиқий мўминлардир” (2–4-оятлар).
Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларга хабар қилганларидек, садақанинг ози ҳам, ҳатто яримта хурмо бўлса ҳам, дўзах азобидан ҳимоя бўлгай.
Шубҳасизки, бу ҳадиси шарифда гарчи назаримизда арзимас бўлса-да, садақа қилишликка ва эҳсон соҳибининг улкан ажрлар олишига тарғиб бор. Яъни айтдиларки:
“Агар яримта хурмо билан бўлса ҳам, дўзахдан сақланиб қолинг”.
Ва яна айтдилар:
“Сув оловни ўчирган каби садақа хатоларни ўчирур”.
Шу сабабдандурки, Ислом асрида эҳсон ва садақа соҳиблари кўпайиб кетди. Шуни ҳам унутмаслик керакки, садақа ва эҳсон миннат ва мақтанчоқлик билан бўлса, қабул бўлмагай.
Саййидимиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у зотнинг асҳоблари ҳаётларидан латофатли ҳикояларни келтиришини лозим топдик.

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётидан лавҳалар” китобидан.
Сохта дўст — об-ҳаво ёмонлашганда учиб кетадиган қушларга ўхшаб, вазият оғирлашганда ташлаб кетади.

**

Сохта дўст сояга ўхшайди. Қуёш остида юрганимда, ортимдан юради. Қоронғу жойга, соя жойга ўтиб олсам, йўқолиб қолади.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

**

Ёмон ўртоқ чивинга ўхшайди. Унинг ёмонлигини чақиб кетгандан кейин ҳис қиласан. Унгача сезмайсан.

Мустафо Манфулутий

Яратган Эгам бизни дўстларимизга, уларни бизга вафодор дўст қилсин!

Нозимжон Ҳошимжон
Кел, биримиз биримизни
қадримизга   етайлик!
Чунки тўсатдан биримиз
биримиздан айрилиб
қолишимиз бор!
                            Мавлоно Румий
​​Қадр-қимматинг қачон тушади?

    Хўш, қадр-қимматинг қачон тушади? Қачонки, сени тарбия қилишда машаққат чеккан зотларга овозингни баланд кўтарсанг, ўшанда тушади. Фарзанд, ўзини минг машаққат билан тарбия қилган, ювиб-тараган, ўқитган, меҳр берган ота-онасини доим ҳурмат қилиши, уларнинг хизматларида шай туриши, асло уларга овозини баланд кўтармаслиги, қўпол гапирмаслиги керак. Эътиборингизга бир ибратли ҳикояни ҳавола этамиз.

Ёши тўқсондан ошган бир онахон бор эди. Онахоннинг ўғли ҳикояни шундай давом эттиради:
“Кунлардан бир куни бизникига қариндошларимиздан бири келди. Онам менинг ҳузуримда (уйимда) эдилар. Уйга кириши биланоқ онамни кўриб: “Машааллоҳ! Онангиз ҳузурингиздаларми?” деди. Яъни сизнинг уйингиздаларми”, деди. Мен унга: “Йўқ, аксинча, мен у кишининг ҳузурларидаман” дедим. Шунда онажоним: “Йўқ, ўғлим. Кичкиналигингизда сиз бизнинг ҳузуримизда эдингиз. Биз кексайдик. Шунинг учун энди биз сизнинг ҳузурингиздамиз. Ахир сиз Аллоҳ таолонинг “Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар...” деганини ўқимаганмисиз?!” дедилар. Мен онамга: “Гўёки мен бу оятни биринчи марта эшитаётгандекман, онажон” дедим”.

Ҳа, азизлар, ота-она кексайгани сайин улардаги ҳар бир нарса заифлашиб боради. Тана аъзолари, суяклари мўртлашади, заифлашади, кўнгиллари ҳам нозиклашиб боради. Аммо оталик, оналик муҳаббатлари, туйғулари, меҳрлари асло заифлашмайди. Сиз эса дўстим, борган сари қувватга тўлиб борасиз. Шундай экан, ўзингизнинг совуқ муомалангиз билан улардаги бу туйғуни сўндириб қўйманг! Бундан жуда ҳам эҳтиёт бўлинг!
Аллоҳ таоло барча ўтган ота-оналарни раҳматига олсин! Борларининг умрларига, ризқларига барака берсин! Ҳар биримизга ота-онамизнинг хизматларини қилиб, дуоларини олиб, икки дунёнинг бахту саодатига эришишимизни насиб айласин!

Устоз Саййид Раҳматуллоҳ Термизий ҳафизаҳуллоҳу
«Мақтанманг! Ўзи тупроқдан яратилиб, яна тупроққа кириб, қуртларга ем бўладиган инсоннинг мақтанишига нима бор?».

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу.
Рамазоннинг қирқ бир фазилати (6-қисм)

13.
Рамазон тинчлик элчиси, гўзал ахлоқ ва яхши одоб фурсатидир. Биров билан тортишиш, жанжаллашиш асли яхши иш эмас. Рамазонда бундай амаллардан янада узоқроқ бўлиш, ҳатто биров сўкса ҳам, ҳақорат қилса ҳам, унга рўзадорлигини айтишдан бошқа жавоб қайтарилмайди.

Имом Бухорий ва Насоий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон бирортангизнинг рўза тутган куни бўлса, шаҳвоний сўз ва амлларни қилмасин ҳамда бақир-чақир қилмасин. Агар бирортаси у билан сўкишмоқчи ёки уришмоқчи бўлса: «Мен рўзадор кишиман», десин», деганлар.

14. Рамазон руҳан покланиш, ахлоқан юксалиш ойидир. Рамазонда шайтонлар кишанланиб, инсонни ёмонликка чорловчи васвасалари чекланиб, кишиларга ўзларини тарбиялашга имкон берилади. Бинобарин, бу ойда қилинган гуноҳнинг жазоси қаттиқроқ бўлади. Шу боис, ҳадисларда Рамазонда барча ахлоқсизликлардан, гуноҳлардан покланишга қаттиқ тарғиб қилинган. Ҳатто, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким ёлғон гапиришни ва унга кўра амал қилишни қўймаса, унинг таом ва ичимлигини тарк этишига Аллоҳнинг эҳтиёжи йўқ», деганлар. Бу ҳадисни Бухорий, Абу Довуд ва Ибн Можалар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган.

15. Рамазон сабр-бардош ойидир. Рўза тутиб, бир қатор ноқулайликларга, машаққатларга қарамай, ўзининг энг муҳим эҳтиёжларини тийган киши сабр ва чидамнинг энг юқори даражаларини ўзлаштиради. Шунинг учун ҳам, Абу Фазл келтирган ҳадисда: «У (Рамазон) сабр ойидир, сабрнинг савоби эса жаннатдир», дейилган.

16. Рамазон ризқ-рўзларга барака бериладиган ойдир. Салмон розияллоҳу анҳунинг ҳадисида: «У (Рамазон) мўминнинг ризқи зиёда қилинадиган ойдир», дейилади.

Давоми бор...
Аллоҳ энг ёмон кўрган нарса бу – инсоннинг ўзи ва амаллари билан ғурурланиши.

Воситий раҳимаҳуллоҳ
ҚУРЪОНДАН ЎГИТЛАР

1. Қўпол, қалби қаттиқ бўлманг.
(Оли Имрон сураси 159-оят)

2. Ғазабни ютинг. (Оли Имрон сураси 134-оят)

3. Бошқаларга яхшилик қилинг. (Нисо сураси 36-оят)

4. Мутаккабир бўлманг. (Аъроф сураси 13-оят)

5. Кечиримли бўлинг. (Аъроф сураси 199-оят)

6. Одамларга юмшоқ сўз айтинг. (Тоҳо сураси 44-оят)

7. Овозингизни пасайтиринг. (Луқмон сураси 19-oят)

8. Бошқаларни масхара қилманг. (Ҳужурот сураси 11-оят)

9. Ота-онага итоат қилинг. (Исро сураси 23-оят)

10. Уларга “уфф” деманг. (Исро сураси 23-оят)

11. Уларнинг хоналарига рухсат сўрамасдан кирманг. (Нур сураси 58-оят)

12. Қарз олди-берди қилганда ёзиб қўйинг. (Бақара сураси 282-оят)

13. Ҳеч кимга кўр-кўрона эргашиб кетманг. (Бақара сураси 170-оят)

14. Агар қарздор танг аҳволда бўлса, унга қўшимча муддат беринг. (Бақара сураси 280-оят)

15. Рибо (судхўрлик) қилманг! (Бақара сураси 275-оят)

16. Пора берманг! (Бақара сураси 188-оят)

17. Аҳдингизни бузманг! (Бақара сураси 177-оят)

18. Омонатни адо қилинг! (Бақара сураси 283-оят)

19. Ҳақни ботилга аралаштирманг! (Бақара сураси 42-оят)

20. Одамлар орасида адолат ила ҳукм қилинг. (Нисо сураси 58-оят).
Рўза тутишдаги ҳикмат – тақводир. Ким Аллоҳга тақво қилмаса, рўзанинг мақсадини ҳам, ундаги ҳикматни ҳам қўлга киритмабди.
Рўза сабрни ўрганиш, нафсни тарбия қилиш, руҳий озуқани кўпайтириш ва бошқаларни ҳис қилиш йўлидаги мактабдир.
🕌
Рамазон – ҳаётингизни буткул ўзгартиришга қодир эканини исботидир. Ахир бир кеча ва кундузда ҳаётингиздаги кўплаб одатлардан халос бўлганингизни кўрмаяпсизми?
📿
Тутган рўзангиз қабул бўлсин! Хузур тўла ифторлик тилаймиз!
Аёл ким?

«Аёл — эркак унга азият бермаслиги ва унинг бир парчаси эканини унутмаслиги учун эркак қовурғасидан яралган хилқат.

Аёл — эркак Жаннатда ёлғизликдан эзилиб юрган вақтда  Aллоҳ таоло унга туҳфа қилган омонат.

Аёл — эркак хонадонининг кўрки бўлган онаси, синглиси ва жуфти ҳалоли.

Аёл —  «Нисо», «Mужодала», «Нур», «Tалоқ» ва «Mарям» сураси.

Аёл — она бўлганида Жаннат қадамлари остида бўладиган зот.

Аёл — Aллоҳ таоло меросдаги эркак ҳиссасининг ярмини унга берган ожиза. Tаҳқирлаш учун эмас балки, аёлнинг барча ишларини эркак бошқариши учун.

Аёл — Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у ҳақимда умматларига қарата: «Aёлларга яхшилик қилишингизни васият қиламан!» – деган беғубор.

Аёл — Роббиси унга: «Е, ич ва кўзинг қувонсин...» ( Mарям-26) - деган эъзоз.

Аёл — зеб-зийнатлар ичида парваришланадигани туҳфа.

Аёл — солиҳа бўлса, мингта бетавфиқ эркакдан афзал бўладиган шаффоф шиша.
СЎКИШ ВА БЕҲАЁЛИК

Сўкиб гапириш, тилни беҳаё сўзлар билан булғаш ўта хунук бўлиб, шариатимиз ундан қайтарган. Беҳаёликнинг манбаи бузуқлик ва разилликдир.

  Пайғамбар алайҳиссалом айтдилар: «Фаҳшдан сақланинг. Чунки, Аллоҳ таоло бузуқ сўзни ва бузуқ сўз билан булғанишни суймайди».  (Насоий ривояти).

  Пайғамбар алайҳиссалом саҳобаларни Бадр жангида ўлдирилган мушрикларни сўкишдан қайтариб, дедилар: «Уларни сўкманглар. Чунки, айтаётганларингиздан бирортаси уларга етмайди, тириклар эса (бу сўкишларингиздан) озорланади. Огоҳ бўлинг! Беҳаёлик разилликдир» (Ибн Абу Дунё ривояти).

  Расули акрам айтдилар: «Мўмин сўкмайди, лаънатламайди, қўполлик ва беҳаёлик қилмайди». (Термизий ривояти).

  Пайғамбар алайҳиссалом дедилар: «Албатта Оллоҳ қўпол, бозорларда бақириб-чақиргувчи кишиларни суймас». (Ибн Абу Дунё ривояти).

  Ахнаф ибн Қайс деди: «Сизларга дардларнинг ёмони нима эканини
билдирайми? Беҳаё тил ва ёмон хулқ!»
.

  Иёз ибн Ҳамор Расулуллоҳга шундай савол қилганини айтади: «Ё Расулуллоҳ! Мавқеи пастроқ қавмдошим мени сўкди. Кучимдан фойдаланиб, ундан қасос олсам бўладими?» Шунда Расулуллоҳ: «Сўкишаётганлар—ирилллаб бир-бирига ташланмоқчи бўлаётган иккита шайтондир» - деб жавоб
бердилар»
. (Абу Довуд ривояги).

  Иброҳим ибн Майсара дейди: «Айтилишича, тили бузуқ сўзларга ўрганган киши Қиёматда ит суратида ёки ит қорнида келтирилади».

  Пайғамбар алайҳиссалом дедилар: «Мўминни сўкиш фосиқлик, у билан уришиш куфрдир». (Муттафақун алайҳ).

  Пайғамбар алайҳиссалом айтдилар: «Энг катга гуноҳи кабира кишининг ўз ота-онасини лаънатламоғидир. 
Шунда: — Эй Оллоҳнинг расули, киши ўз ота-онасини қандай лаънатлайди? – дейишди. 
— Кимдир бировнинг ота-онасини сўкади. Натижада у ҳам бунинг ота–онасини сўкади, –дедилар Расули акрам»
  (Имом Аҳмад ривояти).


Сўкиш кўпинча жинсий алоқа ҳодисаси билан боғлиқ лафзлар орқали ифодаланади. Уят лафзларни баралла ва очиқ қўллаш фосидларнинг одати. Солиҳ кишилар бу уятдан ўзларини тиядилар.

Абу Ҳомид Ғаззолий  "Тил офатлари" китобидан.
"Душманингни яхши кўришни, душманинг ҳам сени севишини истасанг, қирқ кун унинг яхши сифатларини сўзла, у душман сенинг дўстингга айланади. Чунки кўнгилдан тилга йўл бўлганидек, тилдан кўнгилга ҳам йўл бордир".

Мавлоно Румий
Қайғурмоқчи бўлсанг, намозни қазо қилганинг учун таҳажжудга туролмаётганинг учун, бировга озор берганинг учун, душанба, пайшанба рўзаларини тутолмаётганинг учун қайғургин.

Ғамгин бўлсанг, бугун Аллоҳ учун ҳеч нарса қилмаганинг учун, Аллоҳ ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни мамнун қилолмаганинг учун ғамгин бўл.

Қайғурсанг, бир фақирга ёрдам беролмаганинг учун бир етимнинг қўлидан тутолмаганинг учун қайғур.

Ғамгин бўлсанг, дунёда бир бурда нон тополмаётган,  касалликлар билан курашаётган инсонлар учун ғамнок бўл.

Қайғурсанг, Қуръони Каримни ўқиб, уни ҳаётингга тадбиқ қилолмаётганинг учун қайғур.
Истиғфор фазилати



- Кўнгил роҳатини хоҳлайсизми?
- Истиғфор айтинг!

- Юрак шодлигини хоҳлайсизми?
- Истиғфор айтинг!

- Қалб хотиржамлигини хоҳлайсизми?
- Истиғфор айтинг!

- Яхши роҳат (лаззат) хоҳлайсизми?
- Истиғфор айтинг!

- Жисм қувватини хоҳлайсизми?
- Истиғфор айтинг!

- Бадан саломатлигини хоҳлайсизми?
- Истиғфор айтинг!

- Бало-офатларни даф қилишни хоҳлайсизми?
- Истиғфор айтинг!

- Фитналардан омонлик хоҳлайсизми?
- Истиғфор айтинг!

- Барака ёмғирини хоҳлайсизми?
- Истиғфор айтинг!

- Яхши зурриёт хоҳлайсизми?
- Истиғфор айтинг!

- Солиҳ фарзанд хоҳлайсизми?
- Истиғфор айтинг!

- Ҳалол мол-мулк (бойлик) хоҳлайсизми?
- Истиғфор айтинг!

- Кенг ризқ хоҳлайсизми?
- Истиғфор айтинг!

- Ажр-ҳасанотларнинг зиёда бўлишини хоҳлайсизми?
- Истиғфор айтинг!

- Ёмонликларнинг ўчирилишини хоҳлайсизми?
- Истиғфор айтинг!
Хушуъ бўлмаган намозда, кераксиз нарсалардан сақланмасдан тутилган рўзада, тартил (қироат) билан ўқилмаган Қуръонда, гуноҳлардан тийилмасдан қилинган амалда, сахийлик билинмаган молда, жиддий боғланмаган биродарликда, ихлос бўлмаган дуода яхшилик йўқдир.

(Али ибн Абу Толиб каррамоллоҳу важҳаҳу)
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
"Саҳарликни ейиш баракадир, уни бир қултум сув ичиб бўлса ҳам тарк қилманглар. Чунки, Аллоҳ ва Унинг фаришталари саҳарлик қилувчиларга салавот айтади", дедилар.

Имом Аҳмад ривояти.
Саҳл ибн Абдуллоҳ айтдилар:

Беш нарса кишининг қимматбаҳо гавҳар эканига далилдир:
1. Ўзини беҳожат қилиб кўрсатадиган камбағал киши.
2. Ўзини тўқ қилиб кўрсатадиган оч киши.
3. Ўзини хурсанд қилиб кўрсатадиган маҳзун киши.
4. Ўртада адоват бўлса ҳам, муҳаббат изҳор қиладиган киши.
5. Кундузи рўзадор, кечаси ибодатда бедор бўлса ҳам, заифлашиб қолганини билдирмайдиган киши.
🍃
Тез фурсатда биринчи хурсандчилигимиз...
Роббим ҳузуридагисидан ҳам умидвормиз...

Хайрли ва гўзал ифторлик тилаймиз.
ОИЛА ВА АЁЛ

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Киши (эркак) ўз қармоғидагиларини (аёли ва болаларини) нафақасиз ташлаб қўйиши унинг гуноҳкор бўлишлигига кифоя қилади”,деганлар

(Абу Довуд ривояти)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кишини аҳли аёли учун сарф қилган динори Аллоҳ йўлидадир”, деганлар.

(Муслим ривояти)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эр ўз аёлига Аллоҳ йўлида бир луқма едирса, ана шунда ҳам савобга эга бўлади”, деган эканлар

(Муслим ривояти)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, мусулмон киши бирор бир нарсани Аллоҳдан савоб умид қилган ҳолда оиласига инфоқ қилса, ўзи учун садақа бўлади”, деганлар

(Муслим ривояти)
Жасаднинг қуввати таом ва ичимликлар билан, ақлнинг қуввати эса илм ва ҳикмат биландир. Мўмин бандага дунёда берилган энг афзал нарса бу – ҳикматдир. Охиратдагиси эса – Аллоҳнинг раҳматидир.  Ахлоқ учун ҳикматнинг зарурлиги худди жасад учун дори-дармоннинг зарурлиги кабидир.

"Ҳикматлар чашмаси"дан