Huquqiy axborot
156K members
857 photos
92 videos
12 files
3.1K links
Янги қонун ҳужжатлари, ҳуқуқий ислоҳотлар ҳақида тезкор маълумотлар тақдим этувчи канал

Саволлар, ҳуқуқшунос маслаҳати учун: www.advice.uz

Қонунчиликка таклифлар учун: @qonunchilikbot
Download Telegram
to view and join the conversation
#Қонунчиликдаги_янгиликлар
Қонун ҳужжатлари лойиҳаларини келишиш электрон шаклда амалга оширилади

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизимини жорий этишнинг ташкилий чора-тадбирлари тўғрисидаги Ҳукумат қарори (284-сон, 08.04.2019 й.) қабул қилинди.

Амалдаги тартибга кўра, қонун ҳужжатлари лойиҳалари Ҳукуматга ёки Президент Администрациясига киритилишидан олдин манфаатдор идоралар билан мажбурий равишда келишилиши лозим.

Эндиликда мазкур жараён ҳам электрон шаклда амалга оширилади.

Хусусан, қарорда қайд этилишича 2019 йил 1 январдан Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизими синов тариқасида ишга туширилган.

Шу муносабат билан, Ягона электрон тизимнинг устувор вазифалари белгиланди.

Лойиҳаларни кўриб чиқиш ва келишиш жараёнининг шаффофлигини таъминлаш, электрон имзонинг, визаларнинг ҳақиқийлигини тасдиқлаш шулар жумласидандир.

2019 йил 1 майдан 1 июлгача қонунлар, Президент ва Ҳукумат ҳужжатлари лойиҳаларини манфаатдор вазирликлар, идоралар, маҳаллий ҳокимият органлари томонидан ишлаб чиқиш ва келишишда Ягона электрон тизимнинг пилот лойиҳаси жорий этилади ҳамда уларни Ҳукуматга киритиш қоғоз шаклида ёки тизим орқали амалга оширилади.

2019 йил 1 июлдан 1 октябргача Ҳукуматда Ягона электрон тизимнинг пилот лойиҳаси жорий этилади.

2019 йил 1 октябрдан лойиҳалар Ҳукуматга ва Президент Администрациясига фақат Ягона электрон тизим орқали киритилади.

Ягона электрон тизимда қонунлар, Президент ва Ҳукумат ҳужжатлари лойиҳаларини келишиш давомидаги таклифлар ҳамда эътирозлар билан қайта ишлашга имкон берувчи функция ишга туширилади.

Ягона электрон тизимнинг самарали ва узлуксиз ишлашини таъминлаш бўйича мувофиқлаштирувчи гуруҳ тузилиб, унга адлия вазири бошчилик қилади.
Каналга уланиш👇👇👇
https://t.me/huquqiyaxborot
#Қонунчиликдаги_янгиликлар
Давлат бюджети ижроси data.gov.uz сайтида эълон қилиб борилади

“Давлат бошқарувининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш ҳамда мамлакатнинг статистика салоҳиятини ошириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги
Президент қарори (ПҚ-4273, 09.04.2019 й.) қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, Давлат статистика қўмитаси давлат органлари ва ташкилотларининг очиқ маълумотлар тўпламлари рўйхатини шакллантириш, юритиш ва янгилаш бўйича фаолиятини мувофиқлаштиради.

Мазкур маълумотлар Очиқ маълумотлар портали (data.gov.uz)да эълон қилиб борилади.

Порталдаги ахборотлар ўзбек, рус ва инглиз тилларида эълон қилиб борилади. Бунда унинг инглиз тилидаги шакли 2019 йил 1 августга қадар ишга туширилади.

Шу мақсадда Статистика қўмитасида Портал фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича бўлинма ташкил этилди.

Портални техник жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, узлуксиз ишлаб туришини таъминлаш Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги томонидан амалга оширилади.

Порталда эълон қилинаётган маълумотлар ҳам “Очиқ маълумотлар глобал индекси” ва “Очиқ маълумотлар барометри” методикасининг асосий йўналишлари асосида қайта кўриб чиқилади.

Хусусан, унга кўра давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармаларининг ижроси, вазирлик, идораларнинг бюджети, ҳудудлар кесимидаги бюджетлар, давлат органларининг барча танловлари ва тендерлари ҳақидаги маълумотлар мазкур Порталда эълон қилинади.

Бундан ташқари ҳаво сифати (ҳавонинг ўртача суткалик ифлосланиши ҳақидаги маълумотлар), сув сифати (ичимлик сув манбалари ҳақидаги маълумотлар), йўналишлар ва ҳудудлар кесимида жиноятчилик кўрсаткичлари каби маълумотларни ҳам ушбу Портал орқали топиш мумкин бўлади.

Каналга уланиш👇👇👇
https://t.me/huquqiyaxborot
#Қонунчиликдаги_янгиликлар
Кундуз куни транспорт воситалари чироқларни ёқиб ҳаракатланиши шартлиги белгиланди

Йўл ҳаракати қоидаларига ўзгартириш киритиш тўғрисидаги
Ҳукумат қарори (292-сон, 09.04.2019 й.) қабул қилинди.

Ўзгартиришларга мувофиқ:
👉 светофорнинг тақиқловчи ишорасида тўхташ чизиғи олдида тўхтаганда транспорт воситасининг энг олдинги нуқтаси тўхташ чизиғи устига чиқиб кетмаслиги керак;
👉 Тошкент шаҳар ва вилоят ҳокимлари айрим йўл участкаларида ҳаракат тезлигини (тегишли йўл белгиларини ўрнатиш) пасайтиришга ваколатли;
👉 аҳоли пунктларида иккита ҳаракат бўлаги бўлган ва ўртада трамвай изи бўлмаган бир томонлама ҳаракатли йўлларда тўхташга рухсат этилади;
👉 айланма ҳаракат чорраҳасида ҳаракатланаётган транспорт воситаси айланага кириб келаётган транспорт воситларига нисбатан устунликка эга;
👉 куннинг ёруғ вақтида барча автомототранспорт воситалари яқинни ёритувчи чироқларни ёки кундузги чироқларни ёқиб ҳаракатланиши шарт;
👉 қурилиш материаллари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, озиқ овқат ва шу каби тўкилувчи товарларини ташишда юк мажбурий тартибда брезент ёки бошқа қалин материал ёпилган бўлиши керак;
👉 велосипед ва мопед ҳайдашда рулни ушламасдан ёки бир қўлда ушлаб ҳаракатланиш тақиқланади.

Бундан ташқари ўзгартиришлар билан 28 та янги йўл белгилари киритилди.

Қизил чироқда ўнгга ҳаракатланиш, радар, пиёда ва велосипедчилар учун ташкил этилган йўлак каби белгилар шулар жумласидандир.

Ўзгартиришлар ҳақида қўшимча маълумот берилади.

Каналга уланиш👇👇👇
https://t.me/huquqiyaxborot
#Қонунчиликдаги_янгиликлар
Ҳукуматнинг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди (294-сон, 09.04.2019 г.)

Киритилган қўшимчаларга мувофиқ, фойдали қазилмалардан ноқонуний фойдаланиш натижасида етказилган зарар миқдорини аниқлаш ҳамда аниқланган ҳуқуқбузарликлар ва уларнинг оқибатлари тўғрисида кенг жамоатчиликни хабардор қилиб бориш Кон-геология фаолиятини назорат қилиш инспекциясининг асосий вазифалари сифатида белгиланди.

Норуда фойдали қазилмалар учун ер қаъри участкалари лицензия асосида туман ҳокимлари томонидан 10 кунлик муддатда берилади. Ажратилган ер қаъри участкасининг чегаралари кадастр органлари, Инспекциянинг ҳудудий бўлинмалари ҳамда ердан фойдаланувчи иштирокида белгиланади.

Лицензиянинг муддати тугаганда ёки лицензия бекор қилинганида Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси 3 кунда бу ҳақда Давлат солиқ қўмитаси, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳамда тегишли туман ҳокимига ёзма маълумот беради.

Шунингдек, норуда фойдали қазилмалар 2 йил давомида қазиб олинмаганда ўзлаштирилмаган қазилмалар давлат балансига ўтказилади ва улар жойлашган ер ҳокимиятга қайтарилади.

Каналга уланиш👇👇👇
https://t.me/huquqiyaxborot
#Қонунчиликдаги_янгиликлар
“Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи” хорижий инвесторга сотилади

Фарғона нефтни қайта ишлаш заводини тўғридан-тўғри хорижий ивестицияларни жалб қилган ҳолда модернизация қилиш чора-тадбирлари тўғрисидаги
Президент қарори (ПҚ-4275, 10.04.2019 й.) қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, “Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи” МЧЖнинг устав капиталидаги “Ўзбекнефтмаҳсулот” АЖнинг 100 фоиз улуши Давлат активларини бошқариш агентлигига берилди.

Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи “PT Trans Asia Resources” (Индонезия) хорижий компаниясининг инвестицияларини жалб этган ҳолда модернизация қилинади.

“PT Trans Asia Resources” компанияси заводни модернизация қилиб, тўлиқ ишлаб чиқаришни йўлга қўйганидан сўнг, кейинчалик фойдаланиш учун етакчи халқаро компаниялардан иборат консорциум ташкил этилади.

Кейинчалик заводнинг устав капиталидаги давлат улуши Ҳукумат шартлари асосида “PT Trans Asia Resources” компаниясига сотилади.
Каналга уланиш👇👇👇
https://t.me/huquqiyaxborot
#Қонунчиликдаги_янгиликлар
Энергия тежаш тизимларини ишлаб чиқишга нано-технологиялар жалб қилинади

Шиша тола, шиша толали буюмлар, композит материаллар, энергия тежамкор иситиш асбоб-ускуналари ва энергия тежашнинг замонавий тизимларини ишлаб чиқаришни ташкил этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги
Президент қарори ( ПҚ–4277-сон, 10.04.2019 й.) қабул қилинди.

Қарор шиша тола ва энергия тежашнинг замонавий тизимларини ишлаб чиқишга хорижий инвестиция ва замонавий нано-технологияларни кенг жалб қилиш мақсадида қабул қилинган.

Қайд этилишича, бугунги кунда “Deutsche Kabel AG Taschkent” қўшма корхонаси (Германия) томонидан шиша тола, энергия тежамкор иситиш асбоб-ускуналарнии ишлаб чиқариш бўйича лойиҳа амалга оширилмоқда.

Қўшма корхона лойиҳаларни (13 минг тонна шиша тола, 3 минг тонна шиша тола буюмлари ва 40 минг кВт энергия тежашнинг замонавий тизимлар) 21,4 млн евро тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва замонавий технологияларни жалб этган ҳолда амалга оширади ҳамда мазкур лойиҳаларни самарали амалга ошириш учун “Falk Porsche Fiberglass” МЖЧ ташкил этилган.

Қарор билан “Falk Porsche Fiberglass” МЖЧга қатор солиқ ва божхона имтиёзлари тақдим этилди.
Каналга уланиш👇👇👇
https://t.me/huquqiyaxborot
#Қонунчиликдаги_янгиликлар
Андижонда хорижий университет фаолияти ташкил этилади

Ўзбекистонда Шарда университетини ташкил этиш тўғрисидаги
Президент қарори (ПҚ-4278-сон, 10.04.2019 й.) қабул қилинди.


Қарорга мувофиқ Андижон вилоятида ташкил этиладиган Университетда ўқитиш Ўзбекистоннинг давлат таълим стандартлари талабларини ҳисобга олган ҳолда Шарда университети (Ҳиндистон Республикаси) таълим дастурлари асосида ишлаб чиқилган ўқув режалари ва дастурлари бўйича амалга оширилади.

Университетда электр муҳандислиги, ахборот технологиялари ва киберхавфсизлик, компьютер тизимларига хизмат кўрсатиш, электроника, коммуникация инжиниринги, бизнес-менежмент ва талаб юқори бўлган таълимнинг бошқа йўналишларида юқори малакали мутахассислар тайёрланади.

Университетда таълим фаолияти 2019–2020 ўқув йилидан бошланади.

Абитуриентлар қабули ва Университет битирувчиларини аттестациядан ўтказиш муассис (“Sharda Educational Trust” таълим трасти) томонидан белгиланадиган талаблар, тартиб ва муддатларга мувофиқ амалга оширилади.

Университетда таълим олиш инглиз, ўзбек, ва рус тилларида кундузги шаклда, тўлов-контракт асосида ҳамда Университет битирувчиларининг потенциал иш берувчилари – юридик шахслар томонидан тақдим этиладиган таълим грантлари бўйича, шунингдек, ёшларнинг таълим олиши учун аввало мамлакат ҳудудлари томонидан ажратиладиган хайрия эҳсонлар ҳисобига амалга оширилади.

Университетда таълим бериш ва ўқув жараёнини ташкил этиш учун малакали хорижий профессор-ўқитувчилар жалб этилади.

Университет битирувчиларига Ўзбекистон ва Ҳиндистонда олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат сифатида эътироф этиладиган диплом берилади.
Каналга уланиш👇👇👇
https://t.me/huquqiyaxborot
#Қонунчиликдаги_янгиликлар
Ҳукумат қарори (295-сон, 10.04.2019 й.) билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳудудларда мавзули сайёр мажлисларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Низомга мувофиқ, сайёр мажлислар жойларда аниқ соҳалар ва йўналишларда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини ўрганиш учун ўтказилади.

Қуйидагилар сайёр мажлисларнинг асосий йўналишлари ҳисобланади:
👉 Ҳаракатлар стратегиясидаги, давлат дастурларидаги вазифаларнинг амалга оширилишини таъминлаш;
👉 Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг мақсадли ижросини таъминлаш;
👉 ривожланишда орқада қолаётган қишлоқ туманлари ва шаҳарларни ривожлантириш ва бошқалар.

Сайёр мажлислар тизимли асосда ҳар чоракда ўтказилади. Сайёр мажлислар зарур ҳолларда видеоселектор йиғилиши шаклида ўтказилади.

Сайёр мажлисларга Бош вазир бошчилик қилади. Президент ҳам мажлисларга бошчилик қилиши мумкин.

Сайёр мажлисларга Қонунчилик палатаси, Сенат, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари таклиф этилиши мумкин.

Сайёр мажлис якуни бўйича қарор қабул қилинади ҳамда унинг ижроси устидан назорат Ҳукумат аппарати томонидан амалга оширилади.
Каналга уланиш👇👇👇
https://t.me/huquqiyaxborot
#Биласизми
Жисмоний шахсларга хусусий мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган мол-мулкни сотишдан олинадиган даромадлар даромад солиғидан озод қилинади.

Бундан қуйидаги мулкларни сотишдан олинган даромадлар мустасно:
👉 қимматли қоғозларни, юридик шахсларнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) улушларини (пайларини);
👉 нотурар жойларни;
👉 кетма-кет келадиган 12 ойлик давр ичида бир мартадан ортиқ битим тузилган тақдирда, турар жойларни сотишдан олинадиган даромадлар.
Каналга уланиш👇👇👇
https://t.me/huquqiyaxborot
Тез ўсувчи ёғочбоп дарахтлар экилган ер майдонлари ер солиғидан озод этилди

Ёғоч қириндили плиталар ва уларнинг муқобил турларини ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги Ҳукумат қарори (297-сон, 11.04.2019) қабул қилинди.

Қорақалпоғистон Республикаси, Сурхондарё ва Бухоро вилоятларида 88 минг 123 гектар қамишзор майдони бўлиб, 475 минг 864 тонна қамиш етиштирилади.

Қарорга мувофиқ, мазкур ҳудудлардаги кичик саноат зоналарида ёғоч қириндили плиталар ва уларнинг муқобил турларини ишлаб чиқарувчи корхоналар ташкил этилади.

Бунда қамишларнинг ўриб олиниши натижасида атроф-муҳитга, ҳайвонот оламига, кўчиб юрувчи қушларга зарар етказмайдиган тарздаги саноат усулида фойдаланилиши мумкин бўлган қамишзорлар майдонлари реестри шакллантирилади.

Мазкур қамишзорлар реестри асосида ёғоч қириндили плиталар ва уларнинг муқобил турларини ишлаб чиқариш учун инвесторлар жалб этилади.

Қарорга кўра республикада 2019 йилда 60 минг куб.м, 2020 йилда 190 минг куб.м ҳамда 2021 йилда 330 минг куб.м ёғоч қириндили плиталар (ДСП) ва уларнинг муқобил турлари ишлаб чиқарилади.

2022 йил 1 январгача ёғоч қириндили плиталар ва унинг муқобил турларини ишлаб чиқарувчи корхоналар олиб кирадиган хом ашё, асбоб-ускуналар, уларнинг бутловчи ҳамда эҳтиёт қисмлари божхона тўловларидан озод этилди.

Вилоят ҳокимларига тадбиркорларга терак ва павлония экиш учун балл бонитети паст ерларни ажратиш вазифаси юкланди.

Ёғочбоп дарахтлар плантацияларини ташкил этган тадбиркорлар 2022 йил 1 январгача терак, павловния ва бошқа тез ўсувчи ёғочбоп дарахтлар экилган ер майдонлари учун ер солиғи тўламайди.

Қонунчиликка мувофиқ, ёғоч-пайраха плиталар ва ёғочдан ясалган шунга ўхшаш плиталар ёки қатрон ёки бошқа органик боғловчи моддалар шимдирилган ёки шимдирилмаган бошқа ёғочсимон материалларни олиб кирувчи юридик шахслар импорт божхона божи ва қўшилган қиймат солиғидан озод этилган эди. 2019 йил 1 майдан мазкур имтиёз бекор қилинди.

Каналга уланиш
👇👇👇
https://t.me/huquqiyaxborot
#Адлия_хабари
“Tashkent Law Spring” Халқаро юридик форумида иштирок этиш учун рўйхатдан ўтиш муддати 2019 йилнинг 15 апрелида якунланиши маълум қилинади.

Иштирокчилар сони чекланган. Шошилинг!

Форум ҳақида батафсил маълумотни https://tashkentlawspring.uz сайтидан олишингиз мумкин.

Каналга уланиш👇👇👇
https://t.me/huquqiyaxborot
#Қонунчиликдаги_янгиликлар
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Солиқ тўловчилар ва давлат солиқ хизмати органлари ўртасидаги солиқ низоларини судгача ҳал қилиш кенгаши томонидан солиқ низоларини кўриб чиқиш регламенти Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди (рўйхат рақами 3150, 12.04.2019 й.).

Регламентга мувофиқ, Кенгаш Давлат солиқ қўмитасининг Солиқ низоларини судгача ҳал қилиш бошқармаси томонидан аввал кўриб чиқилган, лекин натижаси солиқ тўловчини қониқтирмаган солиқ низоларини кўриб чиқади.

Жиноят ишлари доирасида ўтказилаётган солиқ текширувлари ҳамда солиқ тўловчи судга шикоят қилган солиқ низолари Кенгаш томонидан кўриб чиқилмайди.

Кенгашнинг ишчи органи Молия вазирлигида ташкил этиладиган котибият ҳисобланади.

Солиқ тўловчи солиқ низосини кўриб чиқиш учун аризага қуйидагиларни илова қилади:
👉 солиқ тўловчини қониқтирмаган Солиқ низоларини судгача ҳал қилиш бошқармасининг хулосаси нусхаси;
👉 ариза солиқ агенти ёки вакил томонидан берилганда уларнинг ваколатини тасдиқловчи ҳужжат.

Солиқ низоси Кенгаш томонидан 15 кун ичида, қўшимча ўрганишлар талаб этилганда 1 ойгача муддатда кўриб чиқади.

Солиқ низоси бўйича Кенгаш хулосаси бир иш кунида солиқ низоси тарафларига юборилади. Кенгаш хулосаси тавсиявий хусусиятга эга.
Каналга уланиш👇👇👇
https://t.me/huquqiyaxborot
#Биласизми
Йўл патрул хизмати ходими томонидан транспорт воситаси ҳужжатларни текшириш учун тўхтатилганда, фақат ушбу ҳужжатларни текшириш жараёнида аниқланган қоидалар бузилиши бўйича чоралар кўрилади.

Қоидалар бузилиши визуал кузатув ёки махсус мослама ёрдамида қайд қилинганда, йўл патрул хизмати ходими ҳайдовчига дастлаб айнан содир этган қоидалар бузилишини тушунтириб, шундан сўнг ҳужжатларни текшириб, тегишли чоралар кўради.

Транспорт воситаси тўхтатилганида ҳайдовчи йўл патрул хизмати ходими айнан тўхтатилган ҳудудда дислокацияга асосан хизмат ўтаётганлиги ҳақида дислокациянинг кўчирмаси билан шу жойнинг ўзида танишиши мумкин.

Каналга уланиш👇👇👇
https://t.me/huquqiyaxborot
#Қонунчиликдаги_янгиликлар
Ҳукумат қарори (299-сон, 12.04.2019 й.) билан “2015-2030 йилларда офатлар хавфини камайтириш бўйича Сендай ҳадли дастури” мақсадларига Ўзбекистон Республикасида эришиш стратегияси тасдиқланди.

Стратегиянинг бош мақсади 2030 йилгача офатлар натижасида ҳалок бўлганлар ва жабрланганлар сонини, шунингдек, тўғридан-тўғри иқтисодий зарарни кескин камайтириш учун аҳоли ва ҳудудларни офатлардан комплекс ҳимоя қилишни кучайтиришдир.

Қуйидагилар офатлар хавфини камайтиришнинг устувор йўналишлари ҳисобланади:
👉 офатлар тўғрисидаги билимларни ошириш;
👉 офатлар хавфини бошқаришнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш;
👉 офатлар хавфини камайтириш тадбирларига инвестициялар киритиш;
👉 офатлар юз берганда ҳаракат қилишга тайёргарликни ошириш.
Стратегияни амалга ошириш қуйидаги босқичларда амалга оширилади:
👉 1-босқич: 2019-2022 йиллар;
👉 2-босқич: 2023-2026 йиллар;
👉 3-босқич: 2027-2030 йиллар.

Ҳар бир босқич бўйича Стратегиянинг вазифалари ва устувор йўналишларини ҳал қилишга қаратилган режалар ишлаб чиқилади.

Қарор билан, Стратегияни 2019-2030 йилларда амалга ошириш бўйича миллий ҳаракатлар режаси тасдиқланди.

Режага мувофиқ, юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятлар хавфи ва улар етказиши мумкин бўлган зарарни баҳолашнинг методологик асослари ишлаб чиқилади.

Офатлар хавфи суғурта қилиб борилади ҳамда туризм объектларининг хавфсизлигини таъминлаш такомиллаштирилади.
Каналга уланиш👇👇👇
https://t.me/huquqiyaxborot
#Қонунчиликдаги_янгиликлар
Умумий ўрта таълим муассасаларининг 10-11-синфлари ўқувчиларига касбий таълим беришга ихтисослашган ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларида ўтиладиган дарс жараёни учун талаб этиладиган хом ашё материаллари билан таъминлаш меъёрлари Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди.

Ҳужжатга мувофиқ касбий таълим беришга ихтисослашган ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларида тегишли ҳунарларни ўрганиш учун зарурий асбоб-ускуна ва хом-ашё билан таъминланади.

Бунда 10-11-синфлари ўқувчилари ҳудуднинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб заргарлик, наққошлик, сантехник, сартарош, компьютер оператори, ошпаз, парда тикувчи, кафельчи, бўёқчи, гулқоғоз ёпиштирувчи, шиномонтажчи, новвой каби 38 турдаги касб-ҳунарни ўрганиш учун тегишли асбоб-ускуна ва хом-ашёлар етказиб берилади.

Масалан, сотувчи-кассир касбини ўргатиш учун дарс жараёни назорат-касса машиналари, тўлов терминаллари ва улар учун чек ленталари билан таъминланади.

Каналга уланиш👇👇👇
https://t.me/huquqiyaxborot
#Тайинлов
Ҳукумат қарори билан Носир Нодирович Ходжаев Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Республика мақсадли китоб жамғармасининг ижрочи директори этиб тайинланди.

Эслатиб ўтамиз Жамғарманинг асосий вазифаси дарсликлар ва ўқув-методик мажмуалар билан таъминлашга қаратилган бюджет ва бюджетдан ташқари маблағларни, дарсликлар ва чет тиллари бўйича машқ дафтарларининг ижара тўловларини жамлаш ҳамда ушбу маблағлардан самарали фойдаланиш ҳисобланади.

Каналга уланиш👇👇👇
https://t.me/huquqiyaxborot
#Қонунчиликдаги_янгиликлар
Ҳукумат қарори (303-сон, 12.04.2019 й.) билан Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали чарм ва мўйна хомашёсини олиб чиқишни мониторинг қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Қонунчиликка мувофиқ, чарм ва мўйна хомашёсини экспорт қилиш Президент ва Ҳукумат қарорлари билан амалга оширилади.

Низомга мувофиқ, чарм ва мўйна хомашёсининг экспорти Президент ва Ҳукумат қарорларида белгиланган ҳажмларга мувофиқлиги юзасидан “Ўзчармсаноат” уюшмаси томонидан экспорт контрактлари мониторингдан ўтказилади.

Мониторингни ўтказиш учун экспортчи ташкилотлар Уюшмага қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
👉 экспорт контрактининг асли;
👉 экспорт контрактига нарх калькуляцияси;
👉 ошланган ярим тайёр чармни олиб чиқиш учун маҳсулот қийматининг 5 фоизи миқдорида йиғим тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси.

Мониторинг Уюшма томонидан 2 иш кунида амалга оширилади.

Экспорт контрактлари белгиланган ҳажмларга мувофиқ бўлса Уюшма уч иш кунида Давлат божхона қўмитасига маълумотнома беради. Контракт белгиланган ҳажмларга
мувофиқ бўлмаганида икки иш кунида Уюшма томонидан экспортчи ташкилотга камчиликларни кўрсатган ҳолда қайтарилади.

Чарм ва мўйна экспортининг божхона назорати Давлат божхона қўмитасига тақдим этилган маълумотнома асосида ўтказилади.

Мазкур қарор 2019 йил 1 майдан кучга киради.

Каналга уланиш👇👇👇
https://t.me/huquqiyaxborot