Фарғона вилояти ҳокимлиги
14.3K subscribers
19.4K photos
1.02K videos
1 file
4.09K links
Фарғона вилояти ҳокимлиги канали

Веб-сайт: fergana.uz
Facebook: facebook.com/fvhokimligi
Youtube: youtube.com/Fargonaviloyatihokimligi
Инстаграм: www.instagram.com/fviloyatihokimligi
Фуқаролар мурожаати учун: t.me/fvhmurojaat_bot
Download Telegram
Фарғона шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономарказида япониялик мутахассислар фарғоналик ёшларга IT соҳасида таълим беришга бошламоқда

Фарғона шаҳрининг Шодиёна МФЙ ҳудудида жойлашган, банд бўлмаган аҳолига хизмат кўрсатувчи “Ишга марҳамат” мономарказида вилоят ҳокимининг ўринбосари Иқболжон Эргашев Япониянинг "Yamato IT Academy" маркази вакиллари билан учрашди.

Мулоқот чоғида асосий эътибор Фарғонада дастурчиларни кўпайтириш, иқтидорли йигит-қизларни Япониянинг турли компанияларида фаолият олиб боришларини йўлга қўйишга қаратилди. Белгиланган режага кўра, мономарказда 3 йиллик таълим жараёнида ўрганувчиларга Япон стандарти асосида дастурлаш тиллари ва япон тили пухта ўргатилади. Дастлаб 80 нафар иқтидорли ёшлар бепул ўқитилади ва шу билан бирга тўлов-шартнома асосида ҳам талабалар таълимга қабул қилинади.

D’S Grace FE LLC япон компанияси директори Дайсуке Накамуро энг яхши таълим олувчилар тест синовлари орқали имтиҳон қилиниши, ундан муваффақиятли ўтганларнинг рўйхати япон компанияларига берилиши ва уларни ишга жойлаштириш чора-тадбирлари кўрилишини таъкидлади. Яна бир эътиборли жиҳат, талабалар таълимни тезроқ ўзлаштириб боришса ва 6 ойлик синовлардан яхши ўтса ўқув дастурларини давом эттириш билан бир пайтда япон компанияларида ҳам онлайн тарзда ишлаш имконига эга бўладилар.

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоровнинг ташаббуси билан ушбу ўқув йўналиши учун мономарказга маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 80 та махсус компьютер ҳамда барча зарурий мебель ва бошқа жиҳозлар олиб келиниб, талабаларга қулай шарт-шароитлар яратилди.

Маълумотларга қараганда шиддат билан ривожланиб бораётган IT соҳаси мутахассисларига Японияда ҳам эҳтиёж катта ва йилига 5000 дастурчи зарур бўлмоқда. Шундан келиб чиқиб томонлар олдинда турган вазифаларни атрофлича муҳокама қилдилар.

Шу куни мономарказда IT соҳасига қизиқувчи фарғоналик ёшлар билан ҳам учрашув ташкил этилди ва ўғил-қизларга Япониянинг "Yamato IT Academy" маркази ҳақида маълумотлар берилди.

Ўқув марказига ўқувчиларни қабул қилиш жараёни давом этмоқда.
Фарғонада 8 ой давомида 485 миллион долларлик товарлар экспорт қилинди

Фарғона вилояти божхона бошқармаси томонидан жорий йилнинг ўтган 8 ойи давомида жами қиймати 485 миллион долларлик товарлар экспорт божхона режимига расмийлаштирилди. Бу кўрсаткич ўтган 2020 йилнинг шу даврида 346 миллион долларини ташкил этиб, мос равишда 139 миллион долларига ёки 40,1 %га кўп демакдир.

Маҳсулотларнинг экспорти 58 та давлатларга амалга оширилди. Вилоятнинг асосий экспортёр давлатлари ҳисобланган Россия, Хитой, Қирғизистон ва Туркия каби давлатларга жами экспортнинг 65 %ига тенг бўлган 315,2 миллион долларлик товарлар экспорт қилинди.

Ҳисобот даврида экспорт қилинган товарларнинг 339 миллион доллари саноат маҳсулотлари, 146 миллион доллари эса қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳиссасига тўғри келди.

Мева-сабзавот маҳсулотлари жами 27 та давлатларга, асосан Россия, Қирғизистон, Қозоғистон ва Украина давлатларига экспорт қилинди.

Фарғона вилоятида ишлаб чиқарилган калава ип, тўқимачилик маҳсулотлари, керамика буюмлари, автомобиль эҳтиёт қисмлари ва оёқ кийимлар каби товарларга хорижда талабнинг ортиши натижасида мос равишда ушбу товарларнинг экспорт ҳажми ҳам ўртача ҳисобда 43,5 % ўсганини кўришимиз мумкин.

Ҳисобот даврида экспорт фаолияти билан шуғулланган тадбиркорлик субъектларининг сони 583 та ни ташкил этди. Мамлакатимизда экспортни қўллаб-қувватланаётганлиги ва экспортёр корхоналарга берилаётган имтиёзлар сабаб 2020 йилнинг мос даврига нисбатан экспортёр тадбиркорлар сони 52 нафарга кўпайган.
⚡️Тезкор хабар

Соғлиқни сақлаш вазирлиги: МАДАНИЙ-КЎНГИЛОЧАР, ОММАВИЙ ТАДБИРЛАР ВА ЙИҒИЛИШЛАРНИ ЎТКАЗИШ ТАРТИБЛАРИГА ЎЗГАРТИРИШ КИРИТИЛДИ

Республика махсус комиссиясининг навбатдаги йиғилишида мамлакатимизда карантин талабларини қисқартириш орқали аҳолига маданий ва маънавий ҳордиқ чиқариш ҳамда дам олишларини мазмунли ўтказиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш масаласи атрофлича муҳокама қилинди.

Хусусан, тегишли мутасадди ташкилотларнинг таклифларини инобатга олган ҳолда, Республика махсус комиссиясининг қарори билан 2021 йил 20 сентябрдан бошлаб мамлакатимизда томоша, маданий-кўнгилочар (театр, кинотеатр, концерт заллари), оммавий тадбирлар ва йиғилишларни очиқ майдонлар ҳамда ёпиқ мажмуаларда ўтказишга рухсат берилди.

Маданий-кўнгилочар, оммавий тадбирлар ва йиғилишларни ўтказишда қуйидаги карантин чекловларига риоя этиш талаб қилинади:

📌 маданий-кўнгилочар объектлар (театр, кинотеатр, концерт заллари) ишчи ва ходимлари ҳамда оммавий тадбирлар ташкилотчилари ва хизмат кўрсатувчилари бўлган шахслар (саломатлиги бўйича қарши кўрсатма бўлган ходимлари бундан мустасно) коронавирусга қарши вакцинанинг (туридан қатъи назар) камида 2 та дозаси билан эмланганлиги тўғрисидаги QR-кодли сертификати мавжуд бўлиши лозим;

📌 маданий-кўнгилочар (театр, кинотеатр, концерт заллари фаолияти) ва оммавий тадбирларни ўтказишда ташриф буюрувчилар:

🔹 тиббий ниқобда бўлиш;

🔹 антисептик воситалардан фойдаланиш;

🔹кириш жойларида тана ҳароратини ўлчаш каби муҳим санитария-гигиена қоидаларига қатъий риоя этишлари шарт.

❗️Шу билан бирга маданий-кўнгилочар (театр, кинотеатр, концерт заллари фаолияти) ва оммавий тадбирларни ўтказиш объектларига фақатгина коронавирусга қарши вакцина билан эмланганлиги тўғрисидаги QR-кодли сертификати мавжуд бўлган ташриф буюрувчиларни киритилиши (саломатлиги бўйича қарши кўрсатмалар бўлган фуқаролар бундан мустасно) тавсия этилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.
Учкўприкнинг барака хирмони

Учкўприк туманида “Fergana global textile” пахта-тўқимачилик кластери билан шартнома асосида 185 та фермер хўжаликлари томонидан 20 минг 300 тонна сифатли саноат хомашёси етиштириш мақсадида сидқидилдан меҳнат қилинди.

Илм-фан ютуқлари, инновацион ғоялар асосида барча агротехник тадбирлар ўз вақтида бажарилиб, гектарлар ҳосилдорлигини ўртача 40 центнерга етказиш устувор вазифа сифатида белгиланди. Бунинг самараси сифатида сентябрь ойининг биринчи ярмида туман бўйича шартнома режасида белгиланган ҳосилнинг қарийб тенг ярми йиғиштириб олинди. “Холдорали ота”, “АП Азизов Акбарали”, “Аброрбек қувонч нури”, “Кенагас саховати”, “Грант оқ олтин тола” сингари фермер хўжаликлари пахтадан юқори ҳосил олиш бўйича барчага ибрат бўлмоқда.

Пахта-тўқимачилик кластери вакилининг маълум қилишича, шу кунга қадар пахта йиғим-теримида иштирок этаётганларга 8,5 миллиард сўмга яқин терим пули тарқатилди. Муқаддам Асқарова, Турсуной Эргашева каби илғор теримчилар бугунги кунгача 2-2,5 тонна пахта териб, оила бюджетига 3 миллион сўмгача даромад олиб кирди. Биринчи теримда ўртача ҳосилдорлик 30-32 центнерни ташкил этяпти.
⚡️Вилоят ҳокимлиги томонидан ҳар йили 100 нафар хотин-қизнинг тўлов-контракти тўлаб берилади

Ҳукумат қарори (577-сон, 17.09.2021 й.) билан Ота-онаси ёки уларнинг биридан айрилган муҳтож қизлар, боқувчиси йўқ ёлғиз аёллар олий таълим олишларини моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

🎓 Низомга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб ҳар йили ўзларининг ҳудудларидан ўқишга кирган 25 нафардан ҳамда 2-4-курсларда ўқиётган 75 нафар (ҳар бир курсдан – 25 нафардан), жами 100 нафар хотин-қизлар учун тўлов-контракт суммасини тўрт ўқув йилининг якунланишига қадар тўлаб беради.

☑️ Молиявий барқарор давлат ОТМ томонидан уларнинг кенгашлари қарорига мувофиқ, 50 нафаргача хотин-қизлар биринчи ўқув йилида бепул ўқитилади.

Бунда талабгорларнинг кейинги ўқув йиллари учун таълим кредитлари расмийлаштирилади. Ҳокимликлар ўз ҳудудларидаги талабгорлар учун учинчи шахс кафиллигини беради ҳамда ўқишни тамомлагандан сўнг уларни иш жойи билан таъминлайди.

🔰 Талабгорларни танлаб олиш қуйидаги мезонлар асосида амалга оширилади:

👉 отаси ёки онаси ёхуд уларнинг иккаласи ҳам вафот этган муҳтож қизлар;
👉 боқувчиси йўқ эҳтиёжманд ёлғиз аёллар.

Бунда юқоридаги мезонларга мос келувчи хотин-қизлар тест натижалари эълон қилинган кундан бошлаб ижтимоий ҳолати тўғрисидаги маълумотномани ҳар йили 10 кун ичида ОТМ қабул комиссиясига тақдим этади.

📝 Давлат ОТМ 5 кун мобайнида рўйхатни шакллантириб, ҳокимликларга ёзма равишда маълумотларни юборади.

🧾 Шунга кўра, Ота-онаси ёки уларнинг биридан айрилган муҳтож қизлар, боқувчиси йўқ ёлғиз аёллар олий таълим олишларини моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш комиссияси 15 кунда (лекин ҳар ўқув йилида 15 сентябрдан кеч бўлмаган муддатда) талабгорлар рўйхатини ҳамда шартномани имзолаш бўйича хулосаларни давлат ОТМга ёзма равишда киритади ва белгиланган тартибда шартномаларни расмийлаштиради.

📌 Мазкур тартиб тўлов-контракт асосида давлат ОТМ бакалавриатига (кундузни, сиртқи, кечки таълим шаклидан қатъи назар) талабаликка тавсия этилган ҳамда 2-4 курсларда таҳсил олаётган талабгорларга қўлланилади.

🚫 Қуйидагиларга нисбатан татбиқ этилмайди:

иккинчи ва ундан кейинги олий таълим олиш учун танловда иштирок этган талабгорларга;
Ўзбекистонда жойлашган хорижий ОТМ ёки уларнинг филиаллари, нодавлат таълим хизматлари билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига;
олий ҳарбий таълим муассасаларига.

Талабгорлар жорий ўқув йили давомида ОТМни ёки таълим йўналишини ўзгартирса ёхуд талабалар сафидан четлаштирилса мазкур имтиёздан фойдаланиб бўлмайди.

Талабгорларни танлаб олиш натижалари “Aziz-ayol.uz” Ягона интерактив миллий платформаси орқали эълон қилинади.