Фарғона | Daryo.uz
14 subscribers
74 photos
6 videos
66 links
Фарғона вилоятига оид хабар ва янгиликлар канали

Хабар юбориш учун: @daryogamurojaatbot
Download Telegram
Ўзбекистон туманига вилоятда ягона бўлган 40 000 КвА қувватга эга трансформатор келтирилди

Ўзбекистон туманига 40 000 КвА қувватга эга бўлган трансформатор пункти келтирилди. У “Яйпан” нимстанциясидаги 16 000 кВа қувватга эга эскирган ТП ўрнига ўрнатилади.

Қайд этилишича, вилоятда ягона ҳисобланган бундай улкан қувватли трансформатор пунктининг қиймати 7,5 миллиард сўмни ташкил этади.

Янги ТПнинг тўлиқ ишга тушиши билан 20 мингдан ортиқ аҳоли хонадонлари ва 150 дан ортиқ улгуржи истеъмолчиларга сифатли электр энергияси етказиб бериш имконияти яратилади.

Эслатиб ўтамиз, “Яйпан” нимстанциясидаги эскирган ТП ўтган йилнинг ноябр ойида фавқулодда аварияли ўчиб, кўплаб истеъмолчиларга вақтинчалик ноқулайлик туғдирган, ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлган эди.

@fargonadaryouz
Қўқон шаҳар ҳокимига янги ўринбосар тайинланди

Абдухалил Нурматов Қўқон шаҳар ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича 1-ўринбосари лавозимига тайнланди.

Абдухалил Нурматов 1984 йилда туғилган. 2006 йил Фарғона Политехника институти иқтисодиёт факультетини тамомлаган.

Мазкур лавозимга тайинлангунга қадар "Инфин банк" Қўқон шаҳар филиали раҳбари ўринбосари лавозимида фаолият юритган.

@fargonadaryouz
Фарғонада 34 миллион сўмлик кимёвий дори воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди

Фарғона вилоятида божхона бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда 34 миллион сўмлик кимёвий дори воситаларини мамлакатимиз ҳудудига ноқонуний тарзда олиб кириш режаси фош этилди.

Маълум қилинишича, Фарғона вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари томонидан Фарғона тумани ҳудудида тезкор тадбирлар ўтказилган.

Тезкор тадбир давомида Водил–Олтиариқ йўналишида ҳаракатланаётган фуқаро Б.Н. бошқарувидаги Lacetti автомашинаси кузатувга олинган. Автомашина тўхтатилиб, ўрнатилган тартибда кўздан кечирилган. Натижада автомашина салони ва юкхонасида хорижда ишлаб чиқарилган ҳамда божхона расмийлаштирувидан ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган умумий қиймати 34 миллион сўмлик 6 турдаги кимёвий дори воситалари борлиги аниқланган.

Ушбу ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

@fargonadaryouz
​​Фарғонада 200 доллар пора билан қўлга тушган боғча мудирасига жазо тайинланди

Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Фарғона вилоят бошқармаси томонидан ўтказилган тадбирлар давомида ишга киритиб қўйиш эвазига фуқаролардан пора талаб қилган боғча мудиралари қўлга олинган. Бу ҳақда «Дарё»га департаментнинг вилоят бошқармаси жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими маълум қилди.

Таъкидланишича, Тошлоқ туманидаги давлат мактабгача таълим ташкилоти мудираси фуқаро Д.Т.ни 0,5 ставка ишга олиш учун ундан 200 доллар миқдорида пора талаб қилган ва жиноят устида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Шунингдек, Қўқон шаҳридаги 64-ихтисослаштирилган давлат мактабгача таълим ташкилоти мудираси Э.И. томонидан ҳам юқоридагига ўхшаш жиноят содир этилган. У 2020 йилнинг июнь ойида туғруқ таътилидан қайтиб, ишлаш истагини билдирган М.М.дан пора олишга уринган.

Мудира боғча ошпази Р.Х. воситачилигида фуқаро М.М.дан кимёвий ишлов берилган пулларни пора тариқасида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Боғча мудиралари Жиноят кодексининг 210-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топилиб, уларга икки йил муддатга мансабдор ва моддий жавобгарлиги бўлган лавозимларда ишламаслик ва уч йилга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Қайд этилишича, департамент ходимлари томонидан Фурқат туманидаги давлат боғчаларидан бири ўрганилганда 2016—2020 йиллар давомида аслида ишламаган 9 нафар шахс — «ўлик жонлар» номига иш ҳақи ёзилиб, бюджет маблағлари талон-торож қилингани аниқланган.

2020 йил давомида ўтказилган назорат тадбирлари давомида прокуратура идоралари томонидан давлат мактабгача таълим ташкилотларининг 20 нафар ходимига нисбатан интизомий, 51 нафарига нисбатан маъмурий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилган.

@daryo_live
«Турон» бош мураббийи истеъфога чиқди. Жамоани вақтинча польшалик Богуслав Баниак бошқариши маълум қилинди

Суперлига 8-тури доирасида 13 май куни бўлиб ўтган «Турон» — «Қизилқум» (0:1) учрашувидан сўнг Яйпан клуби бош мураббийи Исломбек Исмоилов ўз аризасига кўра истеъфога чиқарилди.

Жамоани вақтинчалик УЕФА Pro мураббийлик лицензиясига эга польшалик мураббий Богуслав Баниак бошқариши маълум қлинди.

Қайд этилишича, Польшада «Бебето» лақаби билан машҳур бўлган 62 ёшли Богуслав Баниак турли йилларда «Погонь» (Шецинь), «Варта» (Познань) жамоаларини бошқарган, шунингдек, Буркина-Фасо футбол федерациясининг спорт директори ҳамда ушбу мамлакат ўсмирлар терма жамоаси бош мураббийи лавозимларида ишлаган.

@fargonadaryouz
Фото: Хайрулло Бозоров онкологик касалликлардан даволанаётган болаларга Президент совғаларини топширди

Хайрулло Бозоров республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Фарғона вилоят филиалида даволанаётган болалар ва уларнинг ота-оналарини Рамазон ҳайити билан қутлаб, Президент номидан махсус совғалар топширди.

Қайд этилишича, Хайрулло Бозоров онкология тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари бўйича Президент раҳбарлигида ўтказилган видеоселектор йиғилишидан сўнг, вилоятдаги бир қатор тиббиёт муассасаларига бориб, шарт-шароитларни ўрганган.

Вилоят ҳокими республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази вилоят филиали, вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази, шунингдек, вилоят болалар кўп тармоқли шифохонасида даволанаётган беморлар ҳолидан хабар олган.

Таъкидланишича, шу куни республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Фарғона ҳамда Қўқон филиалларига 1,3 миллиард сўмлик замонавий тиббий ускуналар ва жиҳозлар топширилган. Яқин кунларда яна 3,5 миллиард сўмлик тиббий жиҳозлар етказиб берилиши маълум қилинган.

Шунингдек, республика онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Фарғона филиалига Чехиядан ионлаштирувчи радионуклид жиҳози олиб келиб, ўрнатилган.

@fargonadaryouz
Қувасойда ижтимоий рўйхатларга киритилган 150 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди

Қувасойда “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларга тикув машиналари, пишириқ печлари, пайвандлаш ускуналари, мотокултиваторлар ҳамда компьютер жамланмалари топширилди.

Қайд этилишича, ижтимоий рўйхатларга киритилган аҳоли вакилларининг бандлигини таъминлаш мақсадида ўтказилган тадбирда 150 нафар фуқарога ижтимоий кўмак берилиб, асбоб-ускуналар ва анжомлар тарқатилган.

Ёшлар бандлигини таъминлаш ва улар учун барқарор даромад манбалари яратиш мақсадида “Мақсадли ёшлар” хизмат кўрсатиш кооперацияси ташкил этилган.

@fargonadaryouz
Фарғонада ҳайдовчилик гувоҳномаси олиб бериш эвазига 3,5 млн сўм пора талаб қилган автомактаб ходими ушланди

Маълум қилинишича, ДХХ Фарғона вилояти бошқармаси ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Фарғона шаҳар бўлими ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилган.

Тезкор тадбир давомида аниқланишича, “Fergana avto Shcоoll” масъулияти чекланган жамиятига қарашли ҳайдовчилар тайёрлаш мактабида котиба вазифасида ишловчи О.И. фуқаро Г.А.га вилоят ички ишлар бошқармаси ЙХҲБ РИБда ишловчи танишлари орқали ўқишга келмасдан, имтиҳонларга қатнашмасдан “В” тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини 10 кун ичида олиб беришни ваъда қилган.

Бунинг эвазига О.И. Г.А.дан автомактаб ёнида 3 миллион 500 минг сўм пулларни олган вақтида ашёвий далил билан ушланган.

Фарғона шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан О.И.га нисбатан Жиноят Кодекснинг 168-моддаси 1-қисми, 28,211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

@fargonadaryouz
Фарғонада “Оналарга эҳтиром” фестивалига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди

Фарғона шаҳрида “Оналарга эҳтиром” фестивалига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Матбуот анжуманида вилоят ҳокимининг ўринбосари Файзулло Қосимов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раиси Энахон Сиддиқова, вилоят ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Дилноза Эргашева, вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати раҳбари Дилмурод Жумабоев ҳамда ОАВ вакиллари ва блогерлар иштирок этди.

Матбуот анжуманида фестивални ташкил этиш жараёнлари билан боғлиқ масалалар юзасидан батафсил маълумот берилди.

“Оналарга эҳтиром” фестивалининг вилоят босқичи 20 майдан бошланиши, байрам тадбирларининг якуний қисми май ойининг охирларида бўлиб ўтиши маълум қилинди.

@fargonadaryouz
Ўзбекистон туманида 10 та кўп қаватли уй қурилмоқда

Ўзбекистон тумани “Қулибек” маҳалла фуқаролар йиғини, Алишер Навоий мавзесида 30 та хонадондан иборат 5 қаватли уй-жойлар қад ростламоқда.

Қурилиш-бунёдкорлик ишларида 30 дан ортиқ фуқароларнинг бандлиги таъминланиб, улар янги хонадонларни ўз эгаларига сифатли ва кўркам қилиб топшириш йўлида бор маҳоратларини ишга солмоқда.

Мазкур янги уй-жойлар давлатимиз мустақиллигининг 30 йиллигига муносиб туҳфа сифатида фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.

Жорий йил давомида туманда шу каби 10 та кўп қаватли уй-жойлар битказилиб, ўз эгаларига топширилиши кўзда тутилган.

@fargonadaryouz
Учкўприк туманида қад ростлаётган кичик шаҳарчада мингга яқин оила уй-жой билан таъминланади

Учкўприк тумани “Боғибўстон” маҳалла фуқаролар йиғинидаги Муллазоир мавзесида намунавий хонадонлар ва замонавий кўп қаватли уйлардан иборат кичик шаҳарча қад ростламоқда. Бу ерда сўнгги 5 йил давомида бунёд этилган ва айни вақтда қурилиши давом этаётган янги уйларда 1000 га яқин оилани турар-жой билан таъминлаш кўзда тутилган.

Айни вақтда Муллазоир мавзесида 272 хонадонли 11 та кўп қаватли уйлар қурилиши давом этмоқда. Мазкур уйлар қурилишига 76 миллиард сўм маблағ сарфланиши кўзда тутилган.

Мазкур янги уй-жойлар мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллиги арафасида фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.

Қайд этилишича, сўнгги уч йил давомида Муллазоир мавзесида жами 26 та кўп қаватли ва 152 та намунали арзон уй-жой қуриб битказилган. 2019 йилда 48 хонадонли 2 та кўп қаватли уйлар ўз эгаларига топширилган бўлса, 2020 йилда 520 хонадонга мўлжалланган 15 та замонавий кўп қаватли уй қад ростлади.

@fargonadaryouz
“Оналарга эҳтиром” байрамида бағдодлик ака-укалар оналарига янги хонадон совға қилишди

Фарғона вилоятида бўлиб ўтаётган «Оналарга эҳтиром» фестивали доирасида вилоятнинг Боғдод туманида истиқомат қилаётган ака-укалар онасига янги хонадон калитини топширди.

Бумайрамхон ая Пайғамбарқулова Бағдод туманининг “Саховат” маҳалла фуқаролар йиғинида яшайди. 4 ўғил ва келинлари маслаҳатлашиб, “Оналарга эҳтиром” байрами кунларида муборак 63 ёшини қаршилаган онахонга янги хонадон калитини топширишган.

Эътиборлиси, Бумайрамхон ая Пайғамбарқулова энди турмуш ўртоғи билан Президент эътирофидаги “Гулистон” йўлдош шаҳарчасида барпо этилаётган замонавий кўп қаватли уйлардан бирининг соҳибасига айланган.

Таъкидланишича, вилоятда “Оналарга эҳтиром” фестивали доирасида эъзоз ва эҳтиром рамзи бўлган бундай ўзига хос эзгу ишлар шаҳар-туманларда давом этмоқда.

@fargonadaryouz
This media is not supported in your browser
VIEW IN TELEGRAM
Қўқон шаҳридаги “заправка”да портлаш ва ёнғин содир бўлди

Қўқон шаҳридаги “Gaz oil” “заправка”сида портлаш ва ёнғин содир бўлди.

Ҳодиса жорий йилнинг 19 май куни соат 14:45 ларда юз бергани айтилмоқда.

Портлаш ва ёнғин оқибатида тан жароҳати олганлар ҳақида маълум қилинмаган.

Ҳозирча ҳодиса ҳақида расмий маълумот берилгани йўқ.

@fargonadaryouz
Қўқон шаҳридага “заправка”да портлаш ва ёнғин содир бўлди

Ижтимоий тармоқларда Қўқон шаҳридаги ёқилғи қуйиш шохобчаларидан бирида портлаш ва ёнғин содир бўлгани ҳақидаги видеолар тарқалди.

«Дарё» мухбири ҳодиса тафсилотларига аниқлик киритиш мақсадида Фарғона вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармаси ахборот хизмати билан боғланди.

Маълум қилинишича, мазкур ҳодиса 2021 йил 19 май куни соат 14:45 ларда Қўқон шаҳар Оқтош кўчасида жойлашган UzGazOil автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчасида содир бўлган. АЁҚШ худудига ёқилғи тўкиш учун келган ГАЗ-53 ёқилғи ташиш автомобилида ёнғин келиб чиққан.

Бир неча дақиқа ичида ҳодиса жойига ФВВ ҳудудий бошқармасининг 8 та ёнғин-қутқарув экипажи етиб келган. Ёқилғи ташувчи автомашинада содир бўлган ёнғин зудлик билан бартараф этилган.

Ҳодиса оқибатида жароҳат олганлар ва қурбонлар йўқ. Айни вақтда ҳодиса сабабларига аниқлик киритиш мақсадида суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

@fargonadaryouz
​​Фарғона вилояти ҳокимига янги ўринбосар тайинланди

Иқболжон Эргашев Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари — Инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди, дея хабар берди «Дарё» мухбири.

Маълум бўлишича, Иқболжон Эргашев 2016 йилдан тайинловга қадар Ўзбекистоннинг Бирлашган Араб Амирликлари (БАА)даги элчихонасида савдо-иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчи вазифасида фаолият олиб борган.

У 1981 йил вилоятнинг Қува туманида туғилган бўлиб, Фарғона давлат университети ҳамда Стратегик таҳлил ва истиқболни белгилаш олий мактабини тамомлаган. 2002—2010 йилларда Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестиция ва савдо вазирлиги вилоят бошқармасида, 2010—2016 йилларда Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестиция ва савдо вазирлигида турли масъул лавозимларда ишлаган.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг 4 майида Фарғона вилояти ҳокимининг туризм, спорт, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари — вилоят Туризм ва спорт бош бошқармаси бошлиғи лавозимига Хуршиджон Аҳмедов тайинланганди.

@daryo_live
​​Фарғонада Damas’нинг трактор тиркамасига урилиши оқибатида бир йўловчи вафот этди

19 май куни Фарғона вилоятининг Учкўприк туманидаги Катта Қўштепа қишлоғида Damas ва «Т-28» трактори иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди, деб хабар беради вилоят ИИБ ахборот хизмати.

Маълум қилинишича, Х.А. исмли фуқаро бошқарувида бўлган Damas ўзидан олдинда ҳаракатланаётган «Т-28» тракторининг тиркамаси билан тўқнашиб кетган.

Авария оқибатида Damas ичида бўлган йўловчилардан бири олинган тан жароҳатлари оқибатида воқеа жойида вафот этган.

Ҳолат юзасидан Учкўприк тумани ИИБ Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266-модда (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

@daryo_live
Учкўприкда иккита янги боғча фойдаланишга топширилди

Учкўприк туманида контейнер асосли иккита замонавий мактабгача таълим ташкилоти фойдаланишга топширилди.

Янги модулли боғчанинг очилишига бағишланган тантанали тадбирда туман ҳокими Акмалжон Маҳмудалиев, мактабгача таълим бўлими мудири Гулчеҳра Ҳамидова, маҳалла фаоллари, жамоатчилик вакиллари, ота-оналар иштирок этган.

Таъкидланишича, тумандаги 27-давлат мактабгача таълим ташкилотида шу кунга қадар 8 та гуруҳда 195 нафар бола таълим ва тарбия олаётган эди.

Контейнерлардан қўшимча бино қурилиши натижасида яна 3 та гуруҳда 90 нафар болаларни мактабгача таълимга қамраб олиш имконияти яратилган.

Бунинг учун 480 миллион сўм маблағ сарфланиб, кичкинтойларнинг сифатли бошланғич таълим олишлари, ҳар томонлама соғлом ўсиб-улғайишлари учун барча шароитлар муҳайё қилинган.

31-давлат мактабгача таълим ташкилотида ҳам янги лойиҳа асосида 480 миллион сўм маблағ эвазига контейнерлардан 120 ўринли қўшимча бино қурилган.

@fargonadaryouz