Oybek uy-muzeyi
102 subscribers
1.31K photos
61 videos
6 files
122 links
Download Telegram
Зангиота туманидаги 11-сонли мактаб, 9-синф ўқувчиларининг музейга ташрифи.
👍3
#кун_санаси

❇️ 12 декабрь Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, академик Наим Каримов таваллуд топган кун.
(1932-2023)
4❤‍🔥1👍1
Тошкент давлат иқтисодиёт университети талабаларининг ташрифидан фотолавҳалар
1👍1
☀️❄️Ўзбекистон Миллий кутубхонаси залларидан биридаги ёзувдан...
👍1🔥1
Forwarded from Oybek uy-muzeyi
Media is too big
VIEW IN TELEGRAM
☀️ Бир ўлкаки, сал кўрмаса қуёш соғинар... 🍁

Ойбек шеъри

🎼 🪕 Ўзбекистон халқ ҳофизи Шерали Жўраев ижро қилган.
1👍1
☀️❄️ Ойбек уй-музейи жамоаси барча юртдошларимизни Янги 2026 йил билан муборакбод этади.
🎄🎄🎄🎄🎄🎄🎄🎄🎄🎄🎄
2🎉2🥰1
💫 ЭШИТИНГ, ОЙБЕК АКА, ШЕЪР ЎҚИЙМАН!

Урушдан кейинги оғир йиллар...
Ойбекнинг Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига раис вақтлари. Кунлардан бирида ёзувчи хонасига устида йиртиқ кўйнак, бошида эски дўппи, оёқ яланг бир ёш йигит кириб келди. Шимининг чўнтагидан тўрт букланган бир қоғоз олиб: "Эшитинг, Ойбек ака, шеър ўқийман", дейди. "Ўқинг, ўқинг", дейди Ойбек. Йигит шеърни ўқиб кетади. Шеърни ўқиб бўлиб, йигит адибдан ўзининг асари ҳақида бирон нарса эшитгиси келарди, албатта. Лекин Ойбек ҳеч нарса демайди. У шеърни эҳтирос билан ўқиб берган бу йигитга бошдан-оёқ разм солиб бир қарайди ва секин ўрнидан туриб, уни эргаштириб Литфонд раисининг олдига олиб киради. Йигит кейинги сафар уюшмага келганида янги костюм-шимда эди...

Қудрат Ҳикмат Ойбекдан шу хилдаги йўлланма олганидан кейин...

Матёқуб Қўшжонов

Суратда болалар шоири Қудрат Ҳикмат (1925-1968)
🔥2
Бугунги меҳмонимиз Урганч шаҳридан келган ажойиб шоирамиз, бир қатор шеърий тўпламларининг муаллифи, гўзал аёл Бика Назар.
1🔥1🥰1
Forwarded from Ойбек уй-музейи саҳифаси иловаси
Шоиранинг Ойбек уй-музейига совға қилган китоблари.
🥰21👍1
Forwarded from Oybek uy-muzeyi
Media is too big
VIEW IN TELEGRAM
☀️ Музейимизнинг бугунги меҳмони - Ойбек ижодининг жажжи мухлиси, Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманидан келган уч яшар Яҳёбек.

💫 Яҳёбекнинг Ойбекнинг "Бир ўлкаки..." аниқ ва равон ўқишини бир кўринг-а...
👍4🥰32
🌖 КЎНГИЛДА ҚОЛИБ КЕТГАН ГАПЛАР

Ойбекнинг ёш пайтларига тегишли бир ривоят бор: ёш, назаримда 4–5 ёшлик пайтларида бирор юмуш сабаб бўлиб, ойиси билан томга чиқади. Маълумки, у пайтларда томнинг усти сомон сувоқ билан сувалган, ясси ва текис бўлган. Ўшанда осмон мусаффо, ой ўзининг саховатли нурини ерга сочиб, чарақлаб турган экан. Тасаввур қилиш мумкин, ердагига нисбатан томда яна ҳам чароғон кўринган оyni кўриб бола ҳайратларга тушган.

– Ойи, ойи! Менга шу ойни олиб беринг! – деган экан Ойбек – ёш бола.

Шундан маълумки, бўлажак адиб ёшлигидан бошлаб гўзаллик шайдоси бўлган. Бу ҳол унга тахаллус танлашда ҳам қўл келгани, шубҳасиз. Оддий, маънодор сўз – Ойбек!

* * *
Ойбек шахс сифатида кўп жиҳатидан менга ибрат бўлди. У ўз фикр ва мулоҳазаларини кўп ўйлаб ўтирмасдан ўртага ташлайверадиган одам эмас эди. Бу ўринда у ниҳоятда вазмин эди. Халқнинг “Етти ўлчаб бир кес” деган мақоли гўё Ойбек хислатларига қараб айтилгандек сезиларди менга. Одамларга муносабатда ҳам Ойбек ҳақиқий инсон сифатида кўзга ташланарди. Кўчаларда юрган пайтларда унинг қўли доим кўксида эди. Адибнинг уйига ижодкор, ёзувчи, шоирлар, илм аҳли кўп келиб турарди. Улар билан муомалада ҳам Ойбек ўта маданиятли шахс сифатида кўзга ташланарди. Бирор етар-етмасчилик ёки бирор камчилик юзасидан жаҳли чиқиб, фиғони фалакка кўтарилган пайтларини ҳеч Ойбекда кузатган эмасман. Бир нарсага мен доим қойил қолардим. Ойбек ҳузурига келган ҳар бир кимса билан очиқ чеҳра, очиқ кўнгил билан суҳбат қура оларди. Меҳмон каттами, кичикми, ким бўлишидан қатъи назар, кўчагча чиқариб, қўли кўксида турган ҳолда кузатиб қоларди.

Барча бу жиҳатлари билан Ойбек мен учун ибрат ҳисобланган улуғ сиймо эди.

* * *
Бугун ўйлаб кўрсангиз, Ойбек ХХ аср адабиётида бутун бир давр, муҳим бир босқич эканлигини аниқлайсиз. Бу давр 30-йилларнинг охири ва 40–50–60-йиллардан иборат. Ойбек мана шу давр ичида тинимсиз равишда изланди, ишлади ва адабиётимиз тараққиёти йўлида йирик-йирик асарлар битди. У яратган шеър ва поэмалар, учта роман ва қиссалар фақат ўша давр адабиётининг ютуғи эмас, балки ижод тажрибаси сифатида, бутун бир мактаб сифатида шаклланган ижодий биография сифатида ёшларга сабоқ бўлиб хизмат қилди. ХХ асрнинг иккинчи ярмида ижод қилган қайси бир ёзувчини олманг, уларнинг ижодини Ойбек меросидан ажралган ҳолда тушуниш қийин бўлар эди.

* * *
Ойбек бутун ҳаётини Республикамизда адабиёт ва илм тараққиётига бағишлаган ва бу соҳада ўз куч-қудратини аямасдан ишга солган, шу йўлдан бориб кўп машаққатларни бошидан ўтказган, кўпгина дард ва аламли кунларни кўрган улуғ сиймодир! Ойбек номи халқ онгига шу даражада сингиб кетдики, катта-ю кичик бу ном айтилганида унинг ким эканлигини билмасдан туришини тасаввур қилиб бўлмайди. Шу маънода у бутун бир аср, яъни ХХ асрнинг йирик арбоби эди, назаримизда. Туғилган чақалоқларнинг камида юздан бири Ойбек номи билан аталади. Ойбек, Отабек адабиётимиздан кўчиб, халқ орасига кенг тарқалганлигининг нишонасидир бу. Иккинчи жиҳатдан ўзбек халқининг бадиий ижодга қай даражада яқин эканлигининг белгиси эмасмикин бу ҳол?!

* * *
Ойбек шундай улуғ ижодкорларданки, у нисбатан қисқа умрининг бир лаҳзасини ҳам бекор ўтказмаган. Ёшлигидан илм негизларини эгаллашга ҳаракат қилган. Ўша вақтда савод, илм учун зарур бўлган китобларни топиб ўқиган, ўрганган ва ҳар биридан ўзига керакли хулосалар чиқарган. Шундай бўлиши ўз-ўзидан маълум. Қарийб ўсмирлик чоғларидан бошлаб шеърият машқига берилган.

Бугун алоҳида таъкидлаш керак бўлган бир масала бор. Бу шундан иборатки, 30-йилларда мафкуравий тазйиқ ўта кучайган бўлиб, энди туғилиб вояга интилаётган ўзбек романнавислиги қаттиқ шикастланди. Биринчи ўзбек романнависи қамоққа олиниб, тоталитар мафкура қурбонига айланди. Унинг машҳур романлари “Ўткан кунлар”, “Меҳробдан чаён” қатағон қилинди. Ҳатто шу даражага бориб етдики, кимники қўлида ёки уйида “Ўткан кунлар” ёхуд “Меҳробдан чаён” кўзга ташланиб қоладиган бўлса, ҳеч қандай сўроқсиз ҳибсга олинаверган, озодликдан тўла маҳрум қилинаверадиган бўлди.
Шу қаторда Чўлпон ҳам ҳибсга олиниб, унинг “Кеча ва кундуз” романи ҳам мафкуравий жиҳатдан зарарли асарлар қаторига киритилди. Ўша даврнинг машҳур романларидан бири бўлмиш Абдулла Қаҳҳорнинг “Сароб” романи ҳам қатағонга учради. Шундай ҳолат рўй бердики, роман ёзиб уни китобхонга тақдим қилиш ўта хатарли ишдек кўринадиган бўлди. Маълум бир давр давомида ижодкорлар бу ишга қўл уришдан қўрқиши табиий ҳол бўлиб қолди.

Бу йирик жанр майдонидаги бир неча йиллик жимликдан кейин Ойбекнинг “Қутлуғ қон” романи чоп этилиб, китобхонлар қўлига тегди. Бу ҳол мусаффо осмонда момақалдироқнинг гулдуросидек тасаввур қолдирди китобхонларда. Табиий, китобнинг майдонга келиши осон бўлмади. Қатор муҳокама, мунозаралар ташкил қилиниб, муаллиф номига танқидий фикрлар ҳам айтилди. Бу фикрларнинг бир қисми матбуот саҳифаларида ҳам кўзга ташланди. Романда маиший манзараларнинг кўплиги ва Россия инқилобчиларининг образлари асар тўқимасига тўлалигича киритилмагани танқид қилувчиларнинг асосий даъвоси эди. Бироқ оддий китобхон бу янги романни зўр иштиёқ ва қизиқиш билан ўқий бошлади. Китоб қўлдан қўлга ўтди. Кенг тарқалди, нусха жиҳатдан ҳам у етарли даражада чоп этилди.

Бу романнинг пайдо бўлиши шу жиҳатдан муҳим эдики, бутун бир йирик жанрнинг узилган занжири янгидан уланди. Ижодкорлар роман ёзавериш мумкин экан-да, деган хулосага келишди. Бу ҳол Ойбекка илҳом бағишлади. Унинг қалами тезкорлик билан ишга тушди. Ўткир фалсафий маънодаги шеърлари билан бир қаторда бир неча достонлар яратилди. Адиб йилдан йилга ўсиб, куч ва ғайратга тўлиб борди. Шикастланган роман жанрининг тараққиётини яна ҳам мустаҳкамлаш бурчи Ойбекнинг зиммасида эди.

Адиб Иккинчи жаҳон уруши­нинг айни авжига чиққан йиллари Алишер Навоий ҳаётини акс эттирадиган “Навоий” романи устида иш бошлади. Тасаввур қилиш мумкин. Адиб “Қутлуғ қон”да тасвирланган воқеаларни болалик пайтларида ўз кўзлари билан кузатган бўлиши мумкин. Бироқ ўша пайтга нисбатан 500 йил олдин ўтган Алишер Навоий сиймоси билан боғлиқ воқеа ва ҳодисаларни топиб, бош сюжет ипига боғлаш осон иш эмас эди. Бунинг учун кутубхоналарда ёки китобсеварлар жавонларида чанг босиб ётган қўлёзмаларни обдон ўрганиш зарур эди. Ижод отига миниб олган Ойбек бу ишнинг уддасидан чиқа олди. Романнинг ёзилиши узоққа чўзилмади. Иккинчи жаҳон уруши­нинг айни авжига чиққан йиллари асар чоп этилди. Тезкорлик билан роман рус тилида ҳам нашр қилинди.

Роман Ойбекка янгидан янги шуҳрат келтирди. Бу китоб ҳам қўлдан қўлга ўтиб ўқилди. Ўзбек ва рус китобхонлари орасида кенг тарқалди. Ўзбекистон ва Россия матбуотида роман ҳақида мақолалар эълон қилиниб, унинг бор фазилатлари тарғиб қилинди. Ўша йиллардаёқ Ойбек бу роман учун собиқ ССР Иттифоқининг давлат мукофотига сазовор бўлди. Шунга қараганда ҳамма ишлар жойида бўлиб, роман жанрининг тараққиётига катта ҳисса қўшилган ҳисобланарди.

Бироқ кутилмаганда мафкуравий ҳолат ўзгарди. Марказий бошқармалар томонидан жиддий мафкуравий камчиликлар топилган бўлиб, ўша даврдаги зиёлиларнинг бир қисми – ёзувчилар, бастакорлар, ҳатто баъзи аниқ фанларнинг етук вакиллари қаттиқ танқид остига олинди. Маълум даражада тоталитар мафкуранинг 1937–38 йиллардаги кирдикорлари янгитдан ишга тушгандек эди. Турли-туман тазйиқлар, матбуот ва нашриётларнинг қаттиқ назорат остига олиниши, айрим етук арбобларнинг ҳибсга олиниб, сургун қилиниши бошлаб юборилди. 50-йилларнинг бошларида навбат Ойбекка ҳам етиб келди. 1952 йили Ўзбекистон Марказқўми пленумида бир неча ёзувчилар қатори Ойбекнинг номи ҳам тилга олиниб, қаттиқ танқидга учради. Танқиднинг маъноси шунда эдики, “Ойбек гўё ўтмишни улуғлаяпти”, яъни ўрта асрдаги феодал тузумга хос бўлган ҳаётни қўмсаяпти. “Навоий” романига нисбатан айтилган бу танқидий фикрлар тоталитар мафкура нуқтаи назаридан ўта жиддий ва хатарли ҳисобланарди. Шундай бир ҳолат юзага келдики, фақат “Навоий” романи қисмати эмас, балки роман муаллифининг ҳам ҳаёти қил устида тургандай бўлди.
Воқеа Ойбекнинг қаттиқ бетоб бўлиб қолиши билан якунланди. Натижада куч-ғайратга тўлиб-тошган адиб узоқ муддатга сафдан чиқди, тилдан ажралди. Узоқ даволанишлар натижасида адибнинг онги, иш фаолияти қайта тикланган бўлса ҳам, бетобликнинг асорати унинг тили ва умумқийофасида сезилиб турарди.

Бугун “Навоий” романига назар ташласак, унда заррача ҳам мафкуравий ғализлик борлигини англаш қийин. Романда адибнинг асосий мақсади улуғ шоир Алишер Навоийнинг кенг ва кўламли ижодида ўзига хос инсонпарварлик ғояларини очиб беришдан иборат эди. Ойбек шу вазифани аъло даражада бажаради.

Ойбекнинг “Навоий” романи “Ўткан кунлар”, “Кеча ва кундуз”, “Сароб”лардан услуб жиҳатдан фарқ қилади. Бу роман ортиқча тўқималардан холи бўлиб, тарихан ҳаётда рўй берган аниқ маълумотларни тадқиқ қилган ҳолда ёзилган илмий романдир. Шу маънода “Навоий” ўзбек адабиёти тарихида яратилган том маънодаги тарихий-биографик романдир. Шу жиҳатлари билан “Навоий” ўзбек романчимлигининг янги босқичи эди, деган хулосага келиш мумкин.

Шундай бўлса ҳам, бу романнинг бадиий тўқимасида, юқорида қайд қилганимиздек, маълум даражада тўла ҳақиқатни баён қилишда тоталитар мафкуранинг халал берган нуқталарини кўриш қийин эмас.

* * *
Ўтган асрнинг 80-йилларида Навоий номидаги Адабиёт ва тил институти Ойбек асарларининг 20 жилдлик академик нашрини тайёрлади ва чоп эттирди.

Адибнинг кўпгина асарлари чет тилларига таржима қилиниб, нашр этилган.
Хулоса қилиб айтганда, Ойбек Абдулла Қаҳҳор, Ғафур Ғуломлар билан бир сафда туриб, ХХ аср ўзбек адабиёти тараққиётига беназир ҳисса қўшган улуғ сиймодир. У бадиий ижод билан баробар илмий-тадқиқот ишлари билан ҳам банд бўлган. Бу жиҳатини ҳисобга олганда Ойбек том маънодаги академик ижодкор эди.

* * *
Юқорида Ойбекнинг тахаллусига тегишли бир ривоятни эслаган эдик. Матнни шу ривоятнинг шарҳи билан якунлаш маъқул кўринади. Гап шундаки, Ойбек ХХ асрнинг бошларида, яъни 1905 йили бамисоли янги ой сингари дунёга келди. Вақтлар ўтиб, у ўсди, улғайди. Умрининг маълум бир даврида у йирик адиб сифатида шаклланиб, ўзбек элига ёруғ нур таратиб турди. Бироқ худди шу йиллари Ойбек тоталитар мафкура тазйиқи­га дуч келди. Табиатда биз ойнинг тутилиши ҳодисаларини кўрганмиз. Айрим онларда ойнинг бир қисми, баъзан тугаллигича қоронғилашади. Илмий маънода ва халқда бунга “ой тутилиши” деб аталади. Ўз адабий тахаллусини “ой” сўзига боғлаб танлаган адибнинг тўлин ойдек даврига эришган пайтлардаги қисматини ўша ой тутилишига ўхшатиш мумкин.

Юқорида айтганимиздек, ойнинг тутилиши табиий ҳодиса. Ўзбек адабиёти оламига тўлин ойдек нур сочиб турган Ойбекнинг мафкуравий тазйиққа дуч келиб қолиши тоталитар мафкура ҳукмронлик қилиб турган пайтларда учраб турадиган ижтимоий ва сиёсий ҳодисалар билан боғлиқдир. Демак, яхши ният билан танланган тахаллус гўё табиатда рўй берадиган ой тутишларини эслатаётгандек кўринади бугун бизга.

Матёқуб ҚЎШЖОНОВ,
академик

“Жадид” газетасининг 2025 йил 9 январдаги 2-сонида
👏3
👏4
🌖 ТОШ ЭКАН БОШИМ…

Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбек эгаллаган марралар мухолифлар назарида, 45-50 йилларда матбуотда пайҳон этилиб, унинг иродаси синдирилгач, 1951 йилнинг бошларида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг разил В.Мильчаков раҳбарлик қилган партия ташкилоти Ойбекни фирқа сафидан ўчириш масаласини кўриб чиқди.

«1951 йилнинг бошларида, - деб ёзган эди Иноят Махсумов қисқартириб эълон қилинган хотирасида, - севимли шоиримиз Туроб Тўла Ўзкомпартиянинг маданият бўлимида ишлар, менинг ишим тушган, кўришишимиз керак эди. Телефон қилсам: "Соат 20 минут кам 2 да Ёзувчилар союзига келиб туринг. Вақт топиб борсам, 2 гача гаплашиб оламиз. Бўлмаса, кичкина мажлисимиз бор, озгина кутасиз, бўшаганимдан сўнг гаплашамиз", - деди.

Туроб Тўла соат 2 да келди. "20 минутда чиқаман", деб шошиб кириб кетди. мен унинг кетидан Ёзувчилар союзининг бир хонасига кириб ўтирдим. Бир оздан кейин қаршисидаги хонадан бир одамнинг дунёга сиғмай бўғилиб гапираётгани эшитилди. Бу Ойбекнинг товуши эди. У ниҳоятда ҳаяжону изтироб билан гапирар, баъзан бировларнинг "Ойбек ака, ўзингизни босинг, унча хафаланманг..." - деган ачинарли нидоси эшитилар эди. Ойбек ака тинимсиз, ҳеч кимнинг гапига қулоқ солмай, жони борича дод-фарёд қилиб гапирар эди.

Аммо мен нима гаплигини яхши эшитмас, ҳурматли адибимизни бунчалик нолишга келтираётган нарса нималигини тушунмас эдим. Шу хилда гапириб турган Ойбек ака тўсатдан тарс этиб эшикни очиб, ҳаяжон билан ташқарига чиқиб кетди. Ранги қув ўчган, катта, шаҳло кўзлари косасидан чиқаёзган, хаёли ғоятда паришон эди. У кишининг бежо кўзига қаршисида оёққа турган мен ҳам кўринмадим. Ойбек аканинг сўнгидан, кабинетдан яна 7-8 та ёзувчи чиқди. Уларнинг ҳаммаси ҳам паришон аҳвол, саросима ва хафа ҳолатда бўлиб, гапсиз-сўзсиз ҳаммаси ҳар ёнга тарқаб кетишди.

Туроб Тўла менга: "Бўлмайди. Бошқа куни телефон қилинг", - деб ўтиб кетди. Эртасига Ойбек ака фалаж бўлиб қолибди, деб эшитдим.

Кейин билсам, шу мажлисда Ойбек акани партия сафидан ўчириш масаласи қўйилган экан».

…Мен бу воқеа тафсилотини Туроб Тўладан сўраган вақтимда, коммунистик истибдод даврида эҳтиёткор бўлиб қолган шоир очилиб сўзламаган. У фақат энг муҳим воқеаларни ўз кундалигига ёзиб қўйганлигини ва мавриди келганда, шу кундалиги саҳифаларида қолган битикларни ўқиб беражагини айтган. Бундай маврид, афсуски, келмади. Туроб Тўла оламдан ўтиб кетди. Лекин у ўша машъум кунларда бир кимсанинг Ойбек домлага сиёҳдон отганини ва, бахтимизга, бу сиёҳдон адибга тегмай қолганини ҳикоя қилган.

Мен қанчалик илтимос қилмай, у сиёҳдонни ким отганини айтмаган. Кейинроқ турли хотираларни ўрганар эканман, кунларнинг бирида бу кимсанинг ким эканлигини аниқлагандек бўлдим.

Навбатдаги учрашувимизда мен ишонч билан: "Туроб ака, Ойбек домлага ким сиёҳдон отганини биламан. У Уйғун экан!" дедим. Туроб Тўла саросимада қолди У, бир томони, бу исмни менга ўзи айтмаганидан мамнун бўлса ва виждони олдида поклигини ҳис этса, иккинчи томони, ҳалиги ҳадик унга тинчлик бермас эди. "Бошқа ҳеч кимга айтманг. Болалари бор. Қулоғига етмасин", - деди.

Ойбек домла қанчалик даҳшатли кечинмалар қуюнида қолмасин, ўша кунларда Тошкентда бўлиб ўтаётган Ўрта Осиё ва Қозоғистон тилшунослари илмий анжуманида қатнашишга, ўзида академияга бориб мажлис ўтказиш учун матонат топди.

Зарифа Саидносированинг хотирлашича, адиб ўша куни - 1951 йил 17 февралда уйга Тил ва адабиёт илмгоҳининг илмий котиби Сергей Зайцев билан қайтган. Уни ёзув столи ёнига ўтказиб, ўзи хонада у ёқдан бу ёққа тинимсиз юрган ҳолда нималарнидир айтиб турган. Бу, Фанлар академияси ҳайъатига ёзилган ариза эди. Унинг мазмунидан хабардор бўлган Зарифахоним адибдан нима учун ўзи ёзмаётганини сўраган. Шунда: "Бармоғим ишламаяпти", - деб жавоб берган адиб.

©️ Наим Каримов
🤔2
#Туғилган_кун
ЎЗБЕКИСТОН

Бир ўлкаки, тупроғида олтин гуллайди,
Бир ўлкаки, қишларида шивирлар баҳор.
Бир ўлкаки, сал кўрмаса, қуёш соғинар...
Бир ўлкаки, ғайратидан асаби чақнар.
Бахт тошини чақиб, бунда куч гувуллайди.

Ўқи ва сев! Бунинг исми ҳур Ўзбекистон.

НАВОИЙ
(достондан парча)

Асрларга элтиб хаёлни,
Баъзан ёрқин кўраман чолни...
Нуроний юз, нуроний соқол,
Кўзларида муҳаббат, малол

Дахо порлар пешонасидан,
Гўё қуёш булут ичидан.
Буюк кўнгил ва буюк фикр
Мавжи каби, чизғиларда сир,
Кўркам, мағрур, оз эгик боши,
Қуюқ жиддий киприги, қоши.
Нигоҳининг маъноси нодир:
Шундай боқар файласуф шоир.
Чеҳрасида ҳаёт мазмуни,
Тажрибалар ясамиш уни.
Донишманд чол, улуғ руҳга хос
Бир табассум – тавсифга сиғмас
Тавозеъ самимий, илиқ.
Ҳаракати нозик ва силлиқ.
Нафис бутун сиймоси, саси
Нафис ишқи, ғами нашъаси...

НАЪМАТАК

Нафис чайқалади бир туп наъматак
Юксакда, шамолнинг беланчагида.
Қуёшга кўтариб бир сават оқ гул,
Виқор-ла ўшшайган қоя лабида
Нафис чайқалади бир туп наъматак…

Майин рақсига ҳеч қониқмас кўнгил,
Ваҳший тошларга ҳам у берар фусун.
Сўнмайди юзида ёрқин табассум,
Яноқларни тутиб олтин бўса-чун
Қуёшга тутади бир сават оқ гул!

Пойида йиғлайди кумуш қор юм-юм…
Нафис чайқалади бир туп наъматак…
Шамол инжуларини сепар чашмадак,
Бошида бир сават оқ юлдуз-чечак,
Нозик саломлари нақадар маъсум!

Тоғлар ҳавосининг ферузасидан
Майин товланади бутун ниҳоли.
Ваҳший қояларнинг ажиб ижоди:
Юксакда рақс этар бир туп наъматак,
Қуёшга бир сават гул тутиб хурсанд!

СОЗИМ

Уйғонгач умрнинг илк баҳори,
Соз бўлди кўнглим самимий ёри.

Ҳамшира каби яқин ва дилбар,
Тонг юлдузидек умидга ундар.

Соз билмади ҳеч маҳал аразни,
Нурлатди юракни жонли базми.

Ул қўрқмади дуч келса тиканзор,
Офатли бўрон, қутурса сел, қор…

Гар эгса қаддимни чўнг машаққат,
Бир онда учирди мисли ул пат.

Қишларни баҳор айлаган ул,
Удир боғимда хилма-хил гул.

Гулларнинг туси бағир қонимдан,
Маст нози севгининг тонгидан.

Мен у билан айладим тараннум,
Ҳар сўзда қуёш қилур табассум.

Дилларда чаман очар бу сўзлар,
Соф ҳис билан яшнамасми кўзлар?

Нур, ҳаққа чақирди халқни созим,
Халқимникидир сўзим – овозим!

🌙🌙🌙
Тепага чиқамен, сойга тушамен,
Ё гаранг тошларга жим суянамен,
Ё булоқ бошида бир чўпон каби
Ясланиб, бир лаҳза ўйга толамен.

Жўшади булоқнинг кумуш ёшлари,
Ҳам мунгли, ҳам ширин жилдирашлари.
Буралиб кўкатлар ичидан чопар
Узилган марварид ярқирашлари.

Кундузнинг шанлиги ҳар ерда улфат,
Ҳар ерда гулларнинг саломи эсар.
Булутлар тепада қўнар бир муддат,
Шуълалар, кўлкалар бирга тентирар.

“Дунёда яшамоқ на гўзал!” – бир сас
Ҳаво олтинида жаранглаб учар.
Узоқ бир ўтовда патефон тинмас,
Орзулар сийнага сиғмасдан тошар...

СЕВГИ УЧҚУНЛАРИДАН

Бир тола сочингми бўйнимнинг боғи? –
Темир занжир каби уза билмайман.
Қалбимда минг яра – ҳижронинг доғи,
Қачон мен тиззангга бошим қўйгайман?

Айрилиқ йиллари оғир юк каби
Сийнамга чўкмишдир, нозли севгилим
Севгинг саҳросида кўрмагач сени,
Ёнғинда жизғинак булди ёш дилим.

Қовушган кунларнинг у олтин изи
Ёшли кўзларимдан сира кетмайди.
Мангуга қочдингми, эй хаёл қизи,
Чолғумнинг инграши сенга етмайди?

ХАСТАМЕН

Хастамен...Фикрга, туйғуга тўлиб –
Ой менга ҳамқадам – сокин юрамен,
Соғайсам бир куни ёзамен тўйиб,
Ҳисларга қалбимни қўшиб ёзамен.

Кечалар юрурмен телбадай ҳориб,
Бошимда ой борур, менга ҳамқадам.
Хаёллар учади машъалдай ёниб,
Тўйиб ёзажакмен бир кун соғайсам.

🌙🌙🌙
Тош экан бошим,
Ҳеч ёрилмади –
Ёғилди минг тош.

Қалам ҳамдардим,
Бир сирқимади
Кўздан қатра ёш.

Гар қолдим нонсиз
Ва бош паноҳсиз,
Дарз кетмади қалб.

Кўнглимда ҳақиқат
Бир он сўнмади
Гуё зўр қуёш!

ОЙБЕК
👍1
🌕 Ойбекдан ўқиймиз. Ойбек рассом. Табиат рассоми. Ўзбекнинг бирорта бунақа шоир-рассоми йўқ. У ақл тўкмайди. Зўриқмайди. Чизади. Енгил чизиб кетаверар кўрганларини. Соф шеър шундай — ҳамма нарсадан ҳоли бўлади. Биз унга зўрлаб ақл қўшамиз. Муаммо тиқамиз. Топишмоқ ясаймиз. Хуллас ҳар кўйга соламиз. Аслида шеър ҳеч қандай юк олмайди ўзига. У сиёсий қурол эмас! Ижтимоий карнай эмас. Маиший идиш эмас...
Ҳеч нарсага даҳли бўлмаган ҳолда ҳамма нарса ҳақида сўзлайди шеър...

Ҳар гал Ойбекни ўқисам, шеърларидан юракни ёрворар сатрларни териб олиб, шеър қилгим келаверади. Балки қиларман. Қилолмасам керак. Чунки менда Ойбек кўзи йўқ. Мен заҳарданганман заҳраханда шеърият билан. Сиёсий, ижтимоий ҳайқириқлар билан, жин урсин. Менинг кўзим дағал. Қора. Бу эса самимий гўзалликни тўсади. Ойбекда шу парда йўқ. Ойбек — баҳайбат гўдак.

Жонтемир Жондор
#муносабат

Оқшом Сезгиси

Тоғларда илинди қуёш этаги,
Оғочлар узоқда бир тўплам кўлка.
Денгизда порлаган ғуруб чечаги —
Сувларнинг қўйнида қизил машъала.

Учиб бир гала қуш аллақайларга,
Йўқолди кўзимдан нуқталар каби.
Сукунат чўзилди жар ва сойларга,
Ҳар ёқда кундузнинг учди шўх дами.

Фақат онда-сонда юксалар секин,
Қрим қизларининг тунги қўшиғи.
Ёнаркан юлдузлар ҳам бирин-сирин
Оқади кўнглингга олтин туйғуси.
1929, май. Ялта

* * *

Булутлар сочингга кўз ёшим каби
Томчилаб ўтдилар бинафшазорда,
Кўз ёшим аралаш юрагим ғами
Ёзилиб кетганди бир чоғ баҳорда.

Булутлар қалдираб кечди ўт чақиб,
Чўпон уйқусига томчилар томди.
Сочларинг ёмғирдан гавҳарлар тақиб,
Кулардинг, боқишлар менга илҳомди.

Ҳар баҳор сургайди бинафшазорга,
Гулларнинг кўзидан, нозик ҳидидан
Ёдимга тушади эски хотира.
Бинафша ярқирар кўз томчисидан…

1934

* * *

Ой кўкда бепарво тентирар яна,
Кумуш тун чексизлик қучоқлашганлар,
Тоғларда аллаким ёқди аланга,
Афсона девларнинг кўзидек ёнар.

Кўзимда белгисиз кўлканинг изи,
Севгим ҳам кўнгилда тип-тинч ухлайди,
Суюкли чечаклар, боғчалар қизи
Руҳимга нега нашъа тақмайди.

Хаёл кемасида сира чарчамай,
Кезаман жимгина мен коинотни…
Сен мени масхара қилма, гўзал ой!
Шоирлар севади шундай ҳаётни.

1929

* * *

Юраман, тошади севинчим.
Бу севинч қаердан, билмайман.
Кечанинг оғуши латиф, жим…
Юлдузлар чамани гуллаган.

Тошлар ҳам, қушлар ҳам ухлайди
Шамоллар учганда еп-енгил,
Ой нури мавжланиб титрайди,
Баргларга киради ширин тил.

Коинот севгиси гул каби
Қалбимда очилар, қаёл — ҳур.
Тўладир севинчнинг қадаҳи,
Юлдузлар томчилар олтин нур…

1936, июль, Чимён

* * *

Шамол, бир эртак ўқи
Ўзганда тоғ уетидан.
Ичиб булок бошидан,

Шамол, бир зртак ўқи!
Арчалар шохидан туш!
Кўк ипакда қил жилва,

Сочларимда ғивирла,
Кел, қалбимга шивирла,
Арчалар шохидан туш!

Тоғлар рўёсини айт,
Юлдуз саломини айт,
Шивирла ҳаёт сасин,
Севги дуосини айт.

1936, 9 июль

* * *
Ой нурининг мавжлари ёйилар майин,
Жимжитгина кўлкалар қочар панага.
Кўкда юлдуз гуллари очилган қалин:
Ёзнинг елпиғичини тиндирмас кеча.

Уйқуси йўқ баргларнинг чучук лапари,
Қалбларимизга тегар, ҳисларни ёқар.
Ёнар кўзларимизда ёшлик нашъаси,
Ялтирар бошимизда кумуш олмалар...

Атласдай нозланади ранглар чаманда,
Олтин ёмғир ювади гуллар тожини.
Жаранглаб тин ҳавода нозли бир ханда,
Қалбга боғлайди туннинг ипак сочини.
1934

* * *
Ёзнинг олови ўчди, яллиғи қолди,
Бармоқларда санашди чол ҳисобдонлар,
Менга «асад норасад» деди боғбонлар.
Мовий тутунлар ила боғлар ўралди.
Чуғурчуқлар-да кетди, қизлар бўш қолди.
Дарахтларга осилган эски челак гунг.
Баргларда сезилади ўзга бир гурунг,
Ёз тандирига жим куз оёқ солди.
1935, 8 сентябрь

Кузда

Учар, ерни ўпар бир гала япроқ,
Ўқиб битиришди ёз достонини.
Оғочлар гавдаси ориқ ва титроқ,
Совуқ ер ўчирди яшил қонини.
Тўсатдан куз босди, булут ва ёмғир.
«Яланг оёқ» ёзнинг кўм-кўк яктаги
Жиққа ҳўл бўлди у, офтоб сари
Тутиб кўкрагини исинар базўр.

Учиб ер тишлайди бир гала япроқ…
Сасида қуёшнинг, бақорнинг ёди.
Гўзалдир олтин куз сўлғин парвози,
Боғчаларда танҳо кезаман узоқ...
1934, 20 сентябрь

* * *

Тепага чиқамен, сойга тушамен,
Ё гаранг тошларга жим суянамен,
Ё булоқ бошида бир чўпон каби
Ястаниб бир лаҳза ўйга толамен.
👏1
Жўшади булоқнинг кумуш ёшлари,
Ҳам мунгли, ҳам ширин жилдирашлари
Буралиб, кўкатлар ичидан чопар,
Узилган марварид ярқирашлари.

Кундузнинг шўхлиги ҳар ерда улфат,
Ҳар ерда гулларнинг саломи эсар:
Булутлар тепага қўнар бир муддат.
Шуълалар, соялар бирга тентирар.

«Дунёда яшамоқ на гўзал!» — бир сас
Ҳаво олтинида жаранглаб учар;
Узоқ бир ўтовда патефон тинмас,
Орзулар сийнага сиғмасдан тошар…

1936
🥰3
Саид Аҳмаднинг Ойбек ҳақидаги сўзлари: “Ойбек ниҳоятда доно, билимдон, улкан истеъдод эгаси бўлиш билан бирга ғоятда сахий инсон эди. Ёш қаламкашларга маънавий ёрдам беришдан ташқари, улардан моддий ёрдамини ҳам аямасди...

Ойбек домла умри бўйи сўкиш нималигини билмай ўтди. У бировдан қаттиқ аччиқланса, “ғўдайган” сўзини ишлатарди, холос”.


"Ижодхонадаги гурунглар" китобидан.
Муаллиф: Ўрол Ўтаев
Муҳаррир: Мирзо Кенжабек



@m_kenjabek| @xojagon_uz
•┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
3