Piskent jome masjidi | Rasmiy kanal
2.7K subscribers
8.67K photos
4.47K videos
29 files
7.29K links
Ушбу каналда оят, ҳадислар, уларнинг шарҳлари, ибратли воқеалар, ҳикматлар, маърифий мақолалар ҳамда "Пискент" жоме масжиди имом хатиби Абдул Ҳамид домланинг маърузалари эълон қилиб борилади.
Download Telegram
Audio
🎤Абдул Ҳамид домла жавоб берадилар

Савол:

❓Бир домлани марузаларида “Қатиқ ичганим учун қорним оғриди” дейиш Аллоҳга ширк келтириш деб, “Назҳатул мажолис” номли китобдан далил келтирдилар. У қандай китоб ва шу ростми? Илтимос, сизлардан шу “ҳукм”га ойдинлик киритиб беринглар.
———————-
🎧Жавобни аудиода тингланг!
БУЮК САБР ВА РИЗО

Ибн Ҳалликон «Вафаётул-аъён» номли асарида бундай ёзади: «Урва ибн Зубайр ўғли Муҳаммад билан ҳукмдор Валид ибн Абдулмаликни зиёрат қилиш мақсадида Мадинадан Шомга йўл олди. Етиб боришганида севикли ўғли саркаш ҳайвоннинг тепкиси зарби билан вафот этди. Бу фожиадан ҳеч қанча вақт ўтмай Урва (р.а.)нинг оёғида қорасон бошланди. Хабарни эшитган халифа келди ва оёқни кесиш кераклигини, акс ҳолда, хасталик бутун вужудга тарқаши мумкинлигини айтди. Бемор ҳам илоҳий тақдирга розилик билан бу сўзларни қабул қилди. Жарроҳ амалиёт қаттиқ оғриқ беришини таъкидлади ва хастага:

– Рози бўлсангиз, оғриқни ҳис этмаслигингиз учун шароб ичирсак... – деди. Бу гапни эшитиб ҳазрат Урва жарроҳнинг юзига ҳайрат билан қаради, тақво ила йўғрилган кўнглидан тилига чақмоқ тезлигида шу сўзлар чиқди:

– Агар хасталикдан қутқарадиган бўлса ҳам, Аллоҳ ҳаром қилган нарсадан асло фойдаланмайман!

Жарроҳнинг ухлатиб қўядиган бирор дори бериш таклифини: «Ҳам бир аъзойим кесиларкан оғриқни ҳис этмайин, ҳам Аллоҳ таолодан бунга ажр кутай, шундайми?» дея рад этди.

Хонага бир неча киши кирди. «Амалиёт пайтида оғриқ чидай олмайдиган даражага етиши мумкин. Агар шундай бўлса, бу одамлар сизни ушлаб туришади», деб изоҳ берди жарроҳ. Бемор: «Иншааллоҳ, сабр қиламан, сизларга қийинчилик туғдирмайман», дея келганларга раҳмат айтиб, ортларига қайтарди. Амалиёт бошланди. Жарроҳ оёқларини кесаркан улуғ саҳобий таваккул ва розилик ҳолида таҳлил, такбир келтирарди: «Ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар».

Кесилган жойга қиздирилган зайтун ёғи босилаётганда оғриқлар натижасида бемор ҳушидан кетганди. Ўзига келгач, юзидаги терларни артиб: «...ҳақиқатан, бу сафаримиздан жуда чарчадик...» оятини ўқиди (Каҳф, 62). Ке­йин кесилган оёғини қўлига олди ва деди: «Мени устинг­га юклаган Зотга қасамки, сен билан ҳеч қачон ҳаромга юрмадим, беҳисоб шукр».

Бу йил Шомга Авс қабиласидан баъзи кишилар келди. Ораларида кўзи ожиз одам ҳам бор эди. Валид ибн Абдулмалик ундан қандай кўр бўлиб қолганини сўради. У киши жавоб берди: «Эй мўминлар амири! Қабиламизда менчалик моли кўп киши йўқ эди. Бир водийда тунашга тўғри келди. Ўша кеча келган сел битта туя ва янги туғилган чақалоқдан бошқа барча оила аъзоларим, молу мулкимни оқизиб кетди. Бу аснода туя ҳам қочиб бораётганини кўриб, ортидан югурдим. Шу пайт гўдак чинқирди. Ортга қайтдим, аммо бўри ҳужумига учраган боламни қутқаролмадим. Кейин яна туянинг ортидан бордим, энди етдим деганимда, юзимга шундай зарб билан тепдики, икки кўзим ҳам кўр бўлди. Бир кечада ҳам оилам, ҳам мулким, ҳам кўзларимдан айрилдим...»

– Бу кишини Урва ибн Зубайрнинг олдиларига олиб боринг, – деди халифа. – Инсонлар орасида ундан ҳам каттароқ балога дучор бўлганлар борлигини кўрсин.

Урва ибн Зубайр Мадинага қайтгач, Аллоҳга ҳамд келтирди: «Раббим! Менинг икки қўлим ва икки оёғим бор эди. Оёқларимдан бирини олдинг, бирини менга қолдирдинг. Сенга ҳисобсиз ҳамду санолар бўлсин. Валлоҳи, Сен бир нарсани оласан, яна зиёда неъматлар ато қиласан; Бир бора мусибатга дучор қилсанг, минг бора офият берасан».

«Ирфон» тақвимининг 2012 йил 3-сонидан олинди
ЯХШИЛИК ҚИЛ, ДЕНГИЗГА ОТ

Жунайд Бағдодий ҳазратлари денгиз соҳилида кезар эканлар, бир мажусий кўпгина ем-озуқа олиб денгизга, балиқларга ташларди. Буни кўрган Жунайд ҳазратлари:
— Нима қилганинг бу? — дедилар.
— Савоб умидида балиқларга ем ташлаяпман.
— Сен мусулмон эмассанку, қанақа савоб ҳақида гапиряпсан? Савобдан умид қилиш учун, аввало Аллоҳга иймон келтиришинг керак.
— Хўп майли, унда айтчи, сен айтаётганинг Аллоҳ менинг балиқларга ем ташлаётганимни кўряптими?
— Албатта, Унинг кўрмайдиган, билмайдиган нарсаси йўқдир.
— Шу менга етади.
Орадан 4-5 йил ўтди. Жунайд ҳазратлари Ҳаж ибодати учун Маккага кетдилар. Каъбани тавоф қилиб турар эканлар, рўпараларида балиқларга ем ташлаган мажусий ҳам тавоф қиларди. Ҳазрати Жунайд:
— Бу ерда сени нима ишинг бор?
— У (Аллоҳ) мени кўрди.
— Қандай кўрди?
— Сен кетганингдан сўнг, ичимда бир ёруғлик, нур порлади. Қарасам, ҳамма балиқлар оғзини очиб, шаҳодат калимасини айтяпти. Мен ҳам балиқларга қўшилиб шаҳодат калимасини айтдим. Сенинг Роббинг мени кўрди. У кўргани учун мен шу ердаман. Сенга бир насиҳатим бор: яхшилик қил, денгизга от — балиқ билар, балиқ билмаса — Холиқ билар.

Туркчадан Марям Осиё таржимаси
Kahf Surasi
<unknown>
🎙Abdulaziz qoridan go'zal qiroat

"Kahf" surasi


Yaqinlarga ulashish
👇
@quronhidoyati

АНА ЭНДИ БЎЛДИ, ЭЙ УМАР!

"Саҳиҳайн"да келишича: "Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалар жамоаси билан юриб бораётган эдилар. У зот Умар ибн Хаттоб розиёллоҳу анҳунинг қўлидан ушлаб олгандилар. Умар у кишига: "Эй Аллоҳнинг Расули, сиз менга ўзимдан бошқа ҳамма нарсадан кўра маҳбуброқсиз", деди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Йўқ, жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, токи мен сенга ўзингдан ҳам маҳбуброқ бўлмагунимча (иймонинг комил бўлмайди)", дедилар. Умар розиёллоҳу анҳу дарҳол: "Аллоҳга қасамки, энди сиз менга ўзимдан ҳам маҳбуброқсиз", дедилар. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Ана энди бўлди, эй Умар", дедилар".
Анас ибн Молик розиёллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:
"Мен сизларнинг бирингизга отасидан ҳам, боласидан ҳам, барча инсонлардан ҳам суюкли бўлмагунимча ҳақиқий мўъмин бўла олмайсиз".

Бир киши Асад ибн Фуротдан бу ҳадис ҳақида сўради. Асад деди:
-Агар Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам орамизда бўлиб у кишини ўлдиришмоқчи бўлишса ўзингни у зотга фидо қилармидинг?
Ҳалиги киши:
- Ҳа, деди.
Шунда Асад:
- Агар рост айтаётган бўлсанг ҳақиқий мўъмин экансан, деди.

Муҳаббатнинг учта белгиси бўлади:
Биринчиси:
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламни ўзингдан афзалликларини айтасан. Сенга динни етиб келиши учун у зот қанчалар қийналдилар. Ваҳий келганида даҳшатдан қалтираганларини эслагин. У зотни ва қавмларини Абу Толиб дарасига қамал қилишганини эслагин. Бошлари устига сўйилган туянинг қорни ва ичакларини бостириб қўйишганини эсла. У зотни сеҳргар, ёлғончи, жинни дейишганини эсла. Тоифда тошбўрон қилишганини эсла. Ҳижрат кунларида бир неча кун ғорда беркиниб ётганларини эсла. Уҳудда тишларини синдиришганини ва у зот саллоллоҳу алайҳи ва саллам: "Ўз Набийсининг қонини оқизган қавм қандай нажот топади?!", деганларини эсла. Очликдан қоринларига тош боғлаб юрганларини эсла. Яҳудийя аёл қўй оёғига қўшиб берган заҳар аламидан икки букилиб қолганларини эсла.

Иккинчиси:
Юрганингда ҳам, турганингда ҳам, ёнбошлаганингда ҳам у зотга саловот айт. Чунки ошиқ маъшуқини кўп эслайди. Қалбингни ҳам, тилингни ҳам у зотга саловот айтиш билан машғул қил. У ғамга кифоя қилади, гуноҳларнинг кечирилишига сабаб бўлади.

Учинчиси:
Муҳаббатнинг энг афзал йўли эргашмоқдир. У зотга бўлган муҳаббатинг амалда кўринсин. У зот хотинларига меҳрибон бўлганлари учун сен ҳам хотинингга меҳрибон бўл. У зот қўшниларига яхшилик қилганлари учун сен ҳам қўшниларингга яхшилик қил. У зот заифларга шафқатли бўлганлари учун сен ҳам заифларга шафқатли бўл. У зот мискинлар билан бирга ўтирганлари учун сен ҳам мискинлар билан ўтир. У зот фақирларга ёрдам берганлари учун сен ҳам фақирларга ёрдам қил. У зот юмшоқ бўлганлари учун сен ҳам юмшоқ бўл. У зот меҳрибон бўлганлари учун сен ҳам меҳрибон бўл. У зот яхшиликни севганлари учун сен ҳам яхшиликни сев!

Абдулқодир ПОЛВОНОВ
БОЙ БЕРИЛГАН ИМКОН

Бир аёлнинг эри вафот этди. Икки қизи етим қолди. Бу мусибат сабаб фақирлик, муҳтожлик унинг боши узра айлана бошлади. Уйнинг эгаси ижара ҳаққини сўрар, дилбандларининг очликдан силласи қуриб борарди. Маблағ йўқлиги туфайли уйдан чиқариб юборилди. Ҳар хил гап сўзлар - у, ёмонларнинг зараридан қочиб, бегона шаҳарга кетди. У шаҳарда қаҳратон совуқ ҳукм сурарди. Қизларини эски - вайрона масжидда қолдириб, емак топиб келиш мақсадида ташқари чиқди.

Мусулмон, виқорли, шаҳар зодагонларидан бири бўлган кишига дуч келди. Аҳволини тушунтириб ёрдам сўради.
Аёлнинг гапларини эшитиб бўлгач бой:
— Гапларинг ростлигини исботла! Далил келтир менга!— деди.
Аёл:
— Сизга қандай исботлай, бу шаҳарда ҳеч кимим йўқ бўлса, мени кимса танимайдики сизга келтириб сўйлатсам, — деди.

Мусулмон киши унга ишонмади, юзини ўгириб кетди.
Аёлнинг шундоқ ҳам ғам қучган қалби, баттар синди. Иложсизликдан йиғлай бошлади. Шу пайт унинг ёнидан ёши улуғ, кекса бир киши ўтиб кетаётганди. Аёлнинг ҳоли унинг диққатини жалб қилди.
— Тинчиликми, қизим? Нимага йиғлаяпсиз? — деб сўради.
Аёл аҳволини, бояги кишининг унга ишонмаганлигини айтиб йиғлади.
Чолнинг унга раҳми келиб уйидан аёл - қизларини жўнатди. Улар аёл ва унинг масжидда қолган қизларини келтиришди. Едириб - ичириб, ювинтириб чиройли кийимлар беришди. Олий даражада иззат - икром қилишди.
Чол ва унинг оиласи насронийлар эдилар.

Тун ярмига чўкканда, аёлни ночор ҳолида қолдирган мусулмон киши туш кўрди.
Унда, қиёмат қоим бўлганди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Уларнинг ортларида байроқлари ҳилпираб тик турарди.
Шунда бойнинг нигоҳи ям - яшил зумраддан қурилган чиройли қасрга тушди. Унинг айвонлари дур ва ёқутдан, қуббалари марварид, жавоҳир - у маржонлардан ясалган, ўта нозик ва ҳашаматли эди.
Бой Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан қаср кимга тегишли эканлигини сўради.
У Киши:
— Тавҳидли мусулмонники, — дедилар.
Бой:
— Эй Аллоҳнинг элчиси, менман ўша Аллоҳнинг ягона, Сизни ҳақ Пайғамбар эканлигингизга иймон келтирган, тавҳидли мусулмон, — деди.
У киши:
— Қани, далил - исботинг, гапинг ростлигини тасдиқла?! — дедилар.
Унинг ақлига чақмоқдек аёл билан ўтган суҳбат келди.
— Сен аёлдан далил сўрадинг - ку?! «Гапларинг ростлигини исботла!» дединг - ку! — дедилар.

У қўрқиб уйғониб кетди. Қилган ишидан жуда афсусланди. Эртаси кунидан бошлаб аёлни шаҳар бўйлаб ахтара бошлади. Ахири уни насронийнинг уйда эканлигини билди.
Бориб:
— Аёл ва унинг қизларини менга беринг! — деди.
— Бунинг иложи йўқ, улар уйимга келгандан бери шунақа барака ёғила бошладики, тасаввур қилолмайсиз, — деди чол.
— Мен сизга минг дийнор бераман, уларни менга беринг! — деди, бой.
— Йўқ, — деди, насроний.
— Беришингиз шарт! — деди бой.
Насроний:
— Сиз хоҳлаётган нарсага сиздан кўра мен ҳақлироқман. Тушингизда кўрган қаср, мен учун қурилган. Аллоҳга қасам, уйимга аёл ва қизлари келгандан сўнг, унинг қўлида мен ва оилам исломни қабул қилдик, кейин сиз кўрган тушни мен ҳам кўрдим.
Расулуллоҳ:
— Аёл ва унинг қизлари сеникидами? — деб сўрадилар.
— Ҳа, шундай, эй Росулуллоҳ, дедим.
У киши:
— Бу қаср сен ва оилангники, дедилар, — деди.

Бу гапларни эшитган бой шу даражада надомат қилдики, умри бўйи ҳеч нарсага бунчалик афсус қилмаганди!
Forwarded from Qur'on hidoyati
Abu Hurayra roziyallohu anhudan rivoyat qilinadi:
Rosululloh sollallohu alayhi vasallam:
«Kim ertalab va kechqurun:

سُبْحَانَ اللّٰهِ وَبِحَمْدِهِ

«SubhanAllohi va bihamdihi»

(Allohga hamd aytish bilan poklab yod etaman) deb yuz marta aytsa, qiyomat kuni biror kishi undan afzal bo'lmaydi. Faqat yana shu kishi aytganidek yoki undan oshirib aytsagina bo'lishi mumkin »
dedilar.

Imom Muslim rivoyatlari.


Yaqinlarga ulashish
👇
@quronhidoyati
ИСТИДРОЖ НИМА?

Аллоҳнинг зикрини қилмаётганларга дунё эшикларининг очилиши истидрождир*. Аллоҳ таоло айтади: "Эслатилган нарсаларни унутган чоғларида, уларга ҳамма нарсанинг эшикларини очиб қўйдик. Ўзларига берилган нарсалардан хурсанд бўлиб турганларида, уларни бирданига тутдик. Бас, қарабсизки, бутунлай ноумид бўлдилар" (Анъом сураси, 44-оят).
Яъни, улар истаганларидан ҳам ортиқ нозу неъматларга кўмиб ташланганлар. Аммо иймонсиз, тазарруъсиз келган нозу неъмат яхшиликка олиб бормаслиги турган гап. Осийларга бу нарсалар берилса, хусусан, ҳамма нарсанинг эшиги очиб қўйилса, орқасида бошқа гапи бўлади. Бундай бўлишини хаёлларига ҳам келтирмаган эдилар. Бирданига Аллоҳнинг азоби уларни тутди. Энди тавба-тазарруъ қилишга имкон қолмади.
---
* Истидрож - Аллоҳ таолонинг бандани тўсатдан азобга гирифтор қилмай, гуноҳларининг янада кўпайиши учун қўйиб бериши. Банда неъмат ичра-ҳузур ҳаловатда турган пайтда Аллоҳнинг азоблари келади.

Мубашшир АҲМАД
Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Уч нарса қай кишида бўлса, мунофиқ бўлур: гапирса, ёлғон гапиради, ваъда берса, хилоф қилади, омонат ишонилса, хиёнат қилади. Кимда шу хислатлардан биттаси бўлса, уни тарк қилгунича нифоқдан битта хислати бўлади».

Аҳмад ривоят қилган.
Ҳар бир қўй ўз оёғидан осиладими?

Баҳлул Доно ҳазратлари бозорда, халқ ичида кезиб юрар экан, одамларга панд насиҳат қилар, нотўғри ҳатти-ҳаракатлардан сақланишлари учун уларга танбеҳ берарди. Унинг танбеҳлари баъзи одамларнинг ғашига тегарди. Улар Баҳлулдан норози эдилар.
Бир куни Баҳлулнинг танбеҳларидан безор бўлган баъзи кишилар унинг устидан шикоят қилиб, халифа Ҳорун ар-Рашид олдига келишди.
— Султоним, бизнинг қилаётган ишларимиздан унга нима зарар бор? Бизни ўз ҳолимизга қўйсин. Бизга насиҳат қилмасин. Ҳар бир қўй ўз оёғидан осилади, — дейишди улар.
Халифа бу шикоятларни эшитиб, Баҳлулни ҳузурига чақирди ва одамларнинг истагини унга билдирди. Баҳлул бир оғиз гапирмай саройдан чиқиб кетди. Кейин бозордан бир нечта қўй сотиб олди ва уларни сўйди. Ҳар бир қўйни ўз оёғидан маҳаллаларнинг чорраҳаларига осиб чиқди. Баҳлулнинг бу ишини кўриб турган одамлар:
— Телбадан бошқа нима кутиш мумкин, доим шунақа ғалати ишлар қилиб юради, — дейишди.
Бир неча кун ўтгач, осилган қўйлар сасиб, ўзидан бадбўй ҳид тарата бошлади. Бундан маҳалла одамларининг ҳаммаси зарар кўрди. Айниган гўштнинг ҳидига чидаб бўлмасди. Одамлар яна халифани олдига бориб, шикоят қила бошлашди:
— Эй Амирал Мўминин! Баҳлул осган қўйларнинг ҳидидан маҳаллада туриб бўлмаябди. Бизни жуда беҳузур қиляпти. Унга айтинг осган қўйларини олиб ташласин!
Халифа Баҳлулнинг қилган бу ишига қизиқиб, ҳайрон бўлди. Девонани саройга чақиртириб, сабабини сўради.
— Эй Баҳлул, осган қўйларингни ҳидига одамлар чидолмай, яна сенинг устингдан шикоят қилишябди. Бу нима қилганинг?
Баҳлул Доно шундай жавоб берди:
— Эй Мўминларнинг амири. Мен нотўғри иш қилганим йўқ. Фақат ҳар бир қўйни ўз оёғидан осдим, холос. Лекин кўряпсизки, ҳар бир қўй ўз оёғидан осилса ҳам атрофидаги ҳамма бундан зарар кўряпти. Бир ёмон ишнинг зарари ҳам фақат ўзига эмас, ҳаммага бўлади. Одамлар буни тушунсин, деб шу ишни қилдим.
Шикоятчилар хатоларини тушуниб, қайтиб Баҳлулнинг танбеҳларига эътироз билдирмайдиган бўлишди.

Туркчадан Марям Осиё таржимаси
ЭНГ ЁМОН САККИЗ ТОИФА

Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): «Саккиз тоифа киши қиёмат куни Аллоҳ таоло махлуқлари ичида энг ёмон ҳисобланади ва азобга қолади», деганлар.

Биринчиси, ёлғончилар.
Бу тоифадаги кишилар фақат жамиятга, оиласига зарар етказади. Ёлғончи кимса гуноҳ қилиб, «Қилганим йўқ», дейди. Оиласига хиёнат қилади, ишхонада бошлиғига ёлғон гапиради, хуллас, сувдан қуруқ чиқиш учун бебаҳо имонини ёлғонга сотади. Шунинг учун Сарвари олам (алайҳиссалом): «Ёлғончи жаннатга кирмайди», деганлар. Ёлғон сўз имонга уради ва соҳибининг юзидан нурни кетказади. Ёлғончиликнинг ёмон оқибатларидан яна бири — у жамиятга фитна солиб, одамлар орасини бузишидир. Cодир бўлган бузғунчиликнинг гуноҳи ёлғон гапирганнинг бўйнида бўлади. Фақат эр-хотинни, қариндош-уруғларни, дўстларни бир-бирига яраштириш мақсадида айтилган ёлғон сўз учун азоб қилинмайди. Чунки бунда ният тамоман бошқачадир.

Иккинчи тоифа кишилар мутакаббирлардир. Яъни, манмансираган, озгина амал учун «Мен фалонийман», деб ўзини кўз-кўз қиладиган ёки озгина бойлик қўлга кириб қолса, кечаги кунини унутиб, катта гапирадиганлар. Ҳар бир ишнинг ўртача бўлгани яхши, ҳар бир сўзнинг тавозе, камтарона айтилгани ундан ҳам яхши. Мутакаббирлик фарзандлар тарбиясига жуда катта зарар етказади. Борлигида ҳамма нарса исрофи билан сарфланса, болалар бундай исрофга ўрганиб қолишади. Озгина қийинчиликка чидаёлмай «дод-вой» қилади, қиз бўлса, турмушидан ажраб, ўғил бўлса, жиноят қилиб, ота-она бошига турли кулфатлар келтириши мумкин. Шунинг учун Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) доимо камтарликка, ҳар ишда ўртача йўл тутишга чақирганлар.

Учинчи тоифа қалбларида мўмин биродарларига нисбатан буғзу адоват сақлаган ҳолда уларни кўрганларида мулозамат қилувчи кимсалар.
Бу тоифадаги кишилар кўрганида яхши гапириб, сизни мақтаб, йўғингизда ёмонлаб, одамлар кўзига сизни ёмон кўрсатади. Бундайларни иккиюзламачи, мунофиқ деб аташ мумкин. Чунки сизга бир юз, бошқага бир юз билан қарайди. Қалби тоза-пок эмас, сиздаги ишчанликни, тадбиркорликни кўролмайди. Ғийбатингизни қилиб, девор орқасидан тош отади. Сизни кўриб қолса, тошни ташлаб мулозамат қилади. Баъзилар одамларнинг амалига, мансабига, бойлигига қараб муомала қилишади. Куни келиб, ўша одам мансабдан кетса, тескари қараб кетаверади. Бу иш исломиятга мутлақо тўғри келмайди.

(Давоми бор)
ЭНГ ЁМОН САККИЗ ТОИФА

(Давоми)

Тўртинчиси, Аллоҳ ва расулининг даъватини секин, шайтоннинг буйруғини эса тез бажарувчилардир.
Одамдан то Ҳазрати Муҳаммадгача барча пайғамбарлар (алайҳимуссалом) инсонларни фақат ҳидоятга чорлашган. Залолат, қон тўкиш, ўғрилик, зинони қаттиқ қоралашган. Жумладан, Қуръон ва ҳадис таълимоти мўмин-мусулмонларни тинчликка, аҳил бўлиб яшашга, ҳалол меҳнат қилишга ундаб, бировнинг ҳақидан қўрқишга буюриб туради. Шайтон эса тамомила бунинг акси, инсониятни доимо ёмонликка чақиради.
Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): «Мўмин бешта кулфат орасида бўлади. Бир мўмин унга ҳасад қилади. Мунофиқ уни ёмон кўради. Душман у билан урушади. Шайтон уни адаштиради. Нафси уни саргардон қилади» (Анас ибн Молик ривояти), деганлар.
Ароқ ичиб, зино қилиб юрадиган одамнинг кўзига шайтон гуноҳни жилвалантириб, зийнатлаб кўрсатиб қўйган. Шунинг учун Аллоҳ ва расулининг даъватини секин, шайтон даъватини тез бажаради.

(Давоми бор)
ЭНГ ЁМОН САККИЗ ТОИФА

(Давоми)

Бешинчи тоифа ноҳақ бўлсин қасам ичиб, дунёдан тама қиладиган кишилар.
Бундай кишилар қасам ичиб мол ўтказади ёки озгина фойда пули учун ёлғон гувоҳлик беради. «Мен бу нарсанинг тозалигига кафолат бераман», деб қасам ичадида, фойдани олиб кетаверади. Эртаси куни учратиб: «Берган молингда нуқсон бор экан», десангиз, қасам ичиб, мен сени биринчи бор кўриб турибман, деб яна ўзини оқлаб тураверади.
Бундай кимсалар жамият бошига тушган қуртнинг ўзи, аста ўрмалаб асабингизга тегиб, роҳат қилишади. Сарвари олам бир ҳадисларида бундай деганлар: «Қасам молни ўтказади, аммо баракасини кетказади».
Бозорларда савдо-сотиқ қилаётган айримлар тош-тарозидан уриб қолади, харидор ҳақига хиёнат қилади, назоратчиларнинг қўлига тушса, қасам ичиб, тўртта болам етим, шуларни боқаман деб, яна ёлғон гапиради. Абдуллоҳ Тустарий деган зот бундай дейдилар: «Ҳаром ейдиган одамнинг тана аъзолари хоҳласа-хоҳламаса гуноҳга, ҳалол ейдиган одамники тоатга бораверади. Демак, жамиятнинг соғлом бўлишида, фарзандлар етук инсон бўлиб камолга етишида ҳалол луқмага эътибор бериш жуда муҳимдир».

Олтинчи тоифадаги кимсалар чақимчилардир.
Чақимчилик энг ёмон иллатлардан ҳисобланади. «Чақимчи жаннатга кирмайди», деган ҳадис бор. Демак, одамларнинг ўртасини бузувчи фитнагар одамдан жаннат ҳазар қилади. Чақимчи сеҳр- гардан ёмон, деган ибора ҳам бежиз айтилмаган. Сеҳргар сеҳри билан одамларнинг кўзини бўяса, чақимчи гапи билан одамлар қалбини тирнайди. Сеҳргар кўрсатган сеҳр томошагоҳда қолади, чақимчилик билан узилган дўстлик, қариндошлик ришталарини улашга кўп вақт ва ҳаракат керак. Демак, чақимчи жаннатга кирмаслигининг сабаби одамлар ва жамиятни бузишидир.
Аммо бирор кимса адашиб гуноҳ қилаётган бўлса ёки жиноятга қўл ураётган бўлса, бунинг олдини олиш ва тарбия бериш учун унинг яқинларини огоҳ этиш чақимчиликка кирмайди. Чунки бу ерда ният томоман бошқача.

(Давоми бор)
ЭНГ ЁМОН САККИЗ ТОИФА

(Охири)

Еттинчи тоифадаги кимсалар дўст-биродар кишиларни бир-биридан айиришга ҳаракат қилиб юрувчилардир.
Бундай ҳолат юз берса, қариндош-уруғ, биродарлар ўртасида нохушлик пайдо бўлади. Бу иш билан фақат қалбида ҳасад касаллиги бор одамларгина шуғулланади. Юқорида айтиб ўтганимиздек, чақимчилар шундай ҳол юз берса, роҳатланади.
Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) айтадилар: «Аллоҳнинг нусрати аҳил бўлган жамоат устидадир». Бир маҳалла бир жамоат ҳисобланади, маҳалланинг одамлари иттифоқ бўлса, ҳар бир ишни маслаҳат билан, тўй ва дафн маросимларини ихчам ўтказишга ҳаракат қилса, бундай жамоа Аллоҳнинг раҳматига лойиқ бўлади. Шундай иноқ-аҳил одамларнинг орасини фақат диндан хабари йўқ кимсаларгина бузишга ҳаракат қилишади.

Саккизинчи тоифа гуноҳсиз одамларга ноҳақ бўҳтон қилувчилар.
Бирор воқеани кўзи билан кўрмасдан бировдан гумон қилиб гапириш жамият ёки оила ичига раҳна солади. Туҳмат қилиш энг оғир гуноҳлардан ҳисобланади. Чунки туҳмат орқасида жуда катта фожеа туради. Арзимаган бир гап учун одамнинг тақдири ёмон тарафга ўзгариши мумкин. Бу борада жуда кўп ҳадислар, кўрсатмалар бор. Туҳматчилик ахлоққа, эътиқодга зид амал экани исботланган.
Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) саҳобалардан: «Умматнинг муфлисини биласизларми?» деб сўрадилар. Улар: «Муфлис динори ҳам, моли ҳам бўлмаган кишидир», дейишди. У зот: «Умматимнинг муфлиси қиёмат куни намоз, рўза, закот билан келади. Аммо у бировни сўккан, бировнинг молини еган, бировни зинокор деб айблаган, бировнинг қонини тўккан, бировни урганлар. Шу ишлари учун унинг яхшиликларидан олинади. Агар яхшиликлари тўловларига етмаса, уларнинг хатолари олиниб, муфлисга берилади, сўнг дўзахга улоқтирилади».
Бу муборак пандларни ҳаётга татбиқ қилиб, иложи борича яхши ишлар қилишга, яхши ном қолдиришга, покиза зурриёт тарбиялашга ҳаракат қилинса, Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) насиҳатларига, кўрсатмаларига мувофиқ бўлади.
Юқорида баён этилган саккиз тоифа кишилар гуруҳига кириб қолишдан Аллоҳ таолодан паноҳ тилаймиз.

Турсунтоҳир ҲАЙДАРАЛИ ўғли,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Фарғона вилоятидаги вакили ўринбосари

«Ҳидоят» 2007 йил 1-сон
ЭШАГИНИ ТАНИБ. ДЎСТИНИ ТАНИМАГАН НОБАКОР

Қишлоқлик ва шаҳарлик йигитлар дўст тутинибди. Қишлоқлик қачон шаҳарга борса, дўсти ундан ёрдамини аямасди. Қишлоқлик унинг дўконида ўтирар, дўсти дастурхон ёзарди. Шаҳарлик йигитга дўсти: «Эй дўстим! Сен қишлоққа бориб, табиат қўйнида кўнгил ёзиб келганмисан ҳеч. Мевалар пишган паллада бутун оила жам бўлиб бизнинг қишлоққа боринг. Мен ҳам сенга икром кўрсатиб, хизмат қилай?!», деб таклиф этди.

Шаҳарлик бу таклифга жавобан ваъда бериб қутилди. Орадан яна саккиз йил ўтди. Қишлоқлик ҳар йили шаҳарга келар, дўстиникида меҳмон бўлар, «Қачон бизникига борасиз. Яна бир қиш ўтди-я», деб гина қиларди.

Дўсти турли баҳоналар топиб: «Бу йил фалон ердан меҳмон келган, фалон ишим бор, кейинги йилга насиб бўлса», деб уни ишонтирар эди.

Қишлоқлик ҳар гал лайлакдек келиб, шаҳарликнинг томига қўнар ва одатий таклифини қилишдан воз кечмасди. Дўсти эса доимгидек унга ёрдам қўлини чўзар, ҳатто мол-мулкидан унга улуш ҳам ажратиб турарди.

Қишлоқлик бу келишида дўстиникида уч ой меҳмон бўлди. Ундан одатдагидек иззат-икром кўрди ва уялганидан: «Дўстим, ваъда берган эдинг. Сен мени шунча пайтдан бери алдаяпсан. Қачон бизникига борасан ўзи?!», дея қишлоғига йиғлагудек бўлиб кетди.

Қатъий таклифга оила аъзоларининг қистови ҳам қўшилгач, шаҳарлик йигит дўстиникига боришга қарор қилди. Болалари «Қишлоққа борамиз, мазза қилиб айланиб келамиз!», деб хурсанд бўлишди. Сўнг сафар тараддудини кўриб, йўлга отланишди. Сафар завқидан гўё жаннатга кетаётгандек эдилар. Лекин манзил узоқ эди, йўл машаққатлари ортиб борарди. Баъзида адашиб бошқа овулларга кириб қолишарди. Ўзлари оч-наҳор, уловлари ҳам сувсиз, емсиз азоб тортардилар. Сўрай-сўрай, ниҳоят, дўстининг қишлоғини топиб боришди. Лекин дўсти меҳмонларга умуман эътибор қилмади. Шаҳарлик йигит ҳайрон бўлиб: «Дўстим! Мана, таклифингга биноан келдик», деди.

(Давоми бор)
ЭШАГИНИ ТАНИБ, ДЎСТИНИ ТАНИМАГАН НОБАКОР

(Давоми)

Мезбон уларни умрида биринчи маротаба кўриб тургандек: «Сен кимсан, мен сени танимайман?!», деди.

Шаҳарлик: «Мен фалончи дўстингман, ахир!», деди.

Қишлоқлик: «Балки тўғри гапираётгандирсан. Лекин мен қаэрдан биламан, қандай одамсан, покми-нопок, тўғрими ё эгри?», деди.

Шаҳарлик, ноилож, унга кўрсатган мусофирпарварлиги, илтифотларини эслатди. Аммо дўсти: «Мен на сени танийман ва на исмингни биламан», деб қутилишга уринди.

Мусофирлар роппа-роса беш кун унинг остонасида қолиб кетди. Бешинчи кеча осмонда булут тўпланди. Сўнг шаррос ёмғир қуйди. Меҳмонлар ортиқ чидолмай, эшикни тақиллатишди.

Қишлоқлик уйидан зўрға чиқиб: «Ҳа, нима истайсан?!», деб бақирди.

Шаҳарлик: «Эшигинг олдида беш кундан бери беш йиллик заҳмат чекдик. Ҳеч бўлмаса, мана бундай ёмғирли оқшомда бизга бошпана бер, кошки бу сен учун охиратда савоб бўлса!», деди.

Қишлоқлик: «Нарироқда бир кулба бор. У ерни кечаси билан бўридан ҳимоя қилсанг, сенга ўша ерда қолишингга рухсат бераман», деди.

Шаҳарлик, ноилож, таклифга рози бўлиб: «Сен менга камон билан ўқ бер», деди.

Шаҳарлик ва оиласи кулбачага кўчиб ўтишди. Тор хонада минг азобда ётишарди. Харобада қурт-қумурсқалар уларни бўридан баттар талашди. Хўрликдан жонлари бўғзига етганда, югуриб келаётган бир бўри шарпасини кўрди. Шаҳарлик камондан ўқ узди. Ҳайвон қаттиқ инграган овоз чиқарди. Унинг товушини қишлоқлик уйидан туриб эшитиб, дарров югуриб келди. Қўлларини тиззасига уриб: «Эй воҳ! Сен нима қилиб қўйдинг. Бечора эшагимни ўлдирибсанку?!», деди.

Шаҳарлик: «Синчиклаб қара, қоронғи бўлгани учун яхши кўролмаётгандирсан. У аниқ бўри эди», деди.

Қишлоқлик: «Мен ўз эшагимнинг ҳанграшини жуда яхши танийман! Йигирмата эшак орасидан ҳам унинг овозини бемалол ажрата оламан», деди.

Бу гап шаҳарлик меҳмонга жуда оғир ботди. Унинг ёқасига ёпишиб: «Эй ҳийлакор аҳмоқ! Сен зим-зиё кечада эшагингнинг ҳанграшини танибсану, наҳотки, ўн йиллик дўстингни танимадинг?», деди.

(Давоми бор)
ЭШАГИНИ ТАНИБ, ДЎСТИНИ ТАНИМАГАН НОБАКОР

(Охири)

Дўст
танлаш ўта мушкул вазифа. Нафсининг дўсти, аниқроғи, нафсининг қули бўлган нокаслардан вафо кутишнинг оқибати афсус-надоматдан ўзга нарса келтирмайди.

Тадбир ва эҳтиёт шуки, ёмонга қарши ёмон гумонда бўлмоғингдир. Бу билан муқаррар зиёндан қутиласан. Ҳикояда киши пухта, тадбирли ва ҳушёр бўлиши зарурлиги уқтирилмоқда.

Жалолиддин Румийнинг «Маснавий»сидан

Туркчадан Абдуллоҳ Раҳимбоев таржимас