Piskent jome masjidi | Rasmiy kanal
2.69K subscribers
8.49K photos
4.4K videos
29 files
7.15K links
Ушбу каналда оят, ҳадислар, уларнинг шарҳлари, ибратли воқеалар, ҳикматлар, маърифий мақолалар ҳамда "Пискент" жоме масжиди имом хатиби Абдул Ҳамид домланинг маърузалари эълон қилиб борилади.
Download Telegram
ҚАЛБ ҚАТТИҚЛИГИ САБАБЛАРИ, БЕЛГИЛАРИ ВА ДАВОСИ

1. Қалб қаттиқлиги сабаблари:
– Аллоҳ кўриб турганини унутиш.
– ғафлатга ботиш.
– Аллоҳни ёд этмаслик.
– орзу-ҳавасга берилиш.
– ҳаром-хариш нарсаларни истеъмол қилиш.
– кибр отига миниш, бировни менсимаслик.
– одамларга қўпол муомала қилиш.
– зулм-ситам ўтказиш.
– ўткинчи дунёга берилиш, бойлиги билан керилиш, ўлимни, қабрдаги ҳолатни, охиратни унутиш.
– номаҳрамларга ҳирс билан қараш.
– ўзини тергамаслик, орзулар кетидан қувиш.
– динга ҳам, дунёга ҳам фойдаси йўқ сўзларни кўп гапириш.
– намозда хушуга бепарво бўлиш.
– Аллоҳ ҳаром қилган ишларга журъат этиш, “Аллоҳ кечирворади!” деб гуноҳдан тап тортмаслик.
– шубҳали нарсалар атрофида ўралашиб қолиш.
– ҳазиллашишда меъёрни билмаслик;
– кўп кулиш, кўп ейиш, кўп ухлаш.
– ҳеч қандай сабабсиз ғазабланиш, ўзи учун ўч олиш.
– ёлғон гапириш, ғийбат қилиш.
– ёмон суҳбатдош билан ўтириш.
– ҳасад, ичиқоралик, кўролмаслик, адоват, нафрат.
– вақтни бекор кетказиш, фойдали ишлар билан шуғулланмаслик.
– шаръий илмларга қизиқмаслик.
– ножоиз нарсаларни эшитиш, шариат қайтарган томошаларни кўриш.
– дуога эътиборсиз бўлиш.
2. Қалб қаттиқлиги белгилари ва оқибатлари:
– Қалби қотиб қолган кимса тоат-ибодатларга дангасалик қилади, яхши ишларга хоҳиши бўлмайди. Унинг намози фақат ётиб-туришдангина иборат бўлади, қалбида хушу йўқ, ихлос йўқ. Ибодатни зўрға адо этади, намозга эринади, роҳат-фароғатни хоҳлайди.
– бағритош кимса Қуръони каримни эшитганда таъсирланмайди, қулоғига панд-насиҳат кирмайди. Жаннат васф қилинганда шавқи ошмайди, жаҳаннам зикр этилганда туки қилт этмайди, ҳеч нарса бўлмагандек ўтираверади.
– қалби тошдек қаттиқ шахс теварак атрофдаги воқеа-ҳодисалардан таъсирланмайди, ҳеч нарсага эътибор бермайди. Чунки унда қўрқув йўқ. Қабристонда ҳам ўзини, худди бозорда юргандек ҳис қилади, маййитлар ҳолидан ибрат олмайди, охиратни эсламайди.
– қалби қотиб қолган одам дунёни охиратдан устун қўяди. Унинг бор эътибори беш кунлик дунёга қаратилган, ғам-ташвиши ҳам дунёдан иборат. Унинг назарида дунёга оид нарсалар биринчи ўринда туради. Бундай кимсанинг дилида ғайрат-шижоат бўлмайди. Шунинг учун ҳаром ишлар содир этилсаям, пинагини бузмайди, гуноҳларни менсимайди, яхшилик қадрига етмайди, ёмонликдан ҳазар қилмайди.
– бағритош кимса меҳр-мурувватни четлаб ўтади, камбағалларга раҳми келмайди, етимлар ҳолига ачинмайди, қариндошлари билан борди-келди қилмайди.
3. Қалб қаттиқлигининг давоси:
– Одамлар орасида ҳам, ёлғиз қолганда ҳам Аллоҳ кўриб турганини ҳис этиш;
– фойдали илм олиш;
– Қуръонни ихлос билан, тафаккур билан тиловат қилиш;
– Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак ҳаётларини ўқиб-ўрганиш;
– одамларга кўз-кўз қилмасдан садақа бериш;
– камбағалларга, бева-бечораларга яхшилик қилиш, етимнинг бошини силаш;
– кишиларни яхшиликка буюриш, ёмонликдан қайтариш;
– ота-она хизматида бўлиш, дуоларини олиш;
– қариндош-уруғлари билан силаи раҳм қилиш;
– беморлар ҳолидан хабар олиш, ширин сўз айтиш, совғалар бериб кўнгилларини кўтариш.
– қабристонни зиёрат қилиш, маййитлардан ибрат олиш;
– ўлимни, қабрда ёлғиз қолишни, савол-жавобни эслаш;
– Аллоҳни кўп зикр қилиш;
– кўпроқ нафл намозлар ўқиш;
– гўзал хулқли бўлиш;
– таниган-танимаган одамга салом бериш;
– ўлимдан олдин нафсини тергаш, ўзини ҳисоб-китоб қилиш;
– солиҳ кишилар суҳбатидан баҳраманд бўлиш;
– нафас кириб-чиқиб турганида эзгу амалларни тезроқ қилиб қолиш, охират тадоригини кўриш;
– дунёнинг ортиқча матоҳларидан четлашиш;
– қиёмат куни Аллоҳга ҳисоб беришини ўйлаш;
– одамлар хатосини кечириш;
– ҳалол касб-кор билан шуғулланиш.
– барча мўмин-мусулмонлар ҳақига дуо қилиш;
– жониворларга шафқат қилиш;
– нафл рўза тутиш;
– кишилар орасини ислоҳ қилиш;
– жаннат неъматларини эслаш;
– жаҳаннам азобларини эслаш;
– Аллоҳ берган ҳисобсиз неъматлар ҳақида фикр юритиш;
– Аллоҳга доим дуо-илтижо қилиш, ўзини хокисор тутиш.

“Қуръон – қалблар шифоси” китобидан.

👉 @diyonatli
❤1👍1
ТЎҚЛИКДАН ҲОСИЛ БЎЛГАН ОФАТЛАР ОЛТИТАДИР:

1. Тўқ бўлган киши Аллоҳ таолога муножотдан тот-лаззат ололмайди;
2. Ҳикматни муҳофаза этолмайди;
3. Махлуқотга нисбатан марҳаматли бўлмайди, уларга раҳми келмайди. Чунки ўзи тўйган одам ҳаммани тўқ деб ўйлайди;
4. Ибодат килиш унга оғир келади;
5. Шаҳвати ортади;
6. Оч бўлган киши масжидга шошилади. Тўқ бўлган киши эса, ҳожатхона атрофида кезади.

Абу Сулаймон ад-Дароний.

👉 @diyonatli
❤1
ИЙМОННИНГ ҚИСМЛАРИ

Оммага тааллуқли шуъба:
1. Адолат билан раҳбарлик қилиш.
2. Жамоатга тобеъ бўлиш.
3. Ишбошиларга итоат қилиш.
4. Одамлар орасини ислоҳ қилиш. Бунга хавориж ва боғий (жамоатга қарши чиқиш)ларга қарши уруш қилиш ҳам киради.
5. Яхшилик йўлида кўмаклашиш.
6. Амри маъруф, наҳйи мункар.
7. Ҳаддларни қоим қилиш.
8. Аскарлик ишлари ҳам шунга киради.
9. Омонатни адо қилиш.
10. Қарз ва унга вафо қилиш.
11. Қўшнини икром қилиш.
12. Яхши муомалали бўлиш. Бунга ҳалол мол топиш ҳам киради.
13. Молу мулкни тўғри сарфлаш. Бунга исроф ва беҳуда сарф-харажатни тарк қилиш ҳам киради.
14. Саломга алик олиш.
15. Акса урган кишига «Ярҳамукаллоҳу» – «Сенга Аллоҳ раҳм қилсин» дейиш.
16. Одамлардан зарарни қайтариш.
17. Беҳуда ишлардан четда бўлиш.
18. Йўлдаги озор берадиган нарсаларни олиб ташлаш.

👉 @diyonatli
❤1👍1
ОҚИЛА ВА МЕҲРИБОН ОНАНИНГ ҚИЗИГА САККИЗ НАСИҲАТИ

1 – Қизим, Аллоҳ сенга муносиб кўрганни севиб, қадрига ет. Аёл кишининг энг катта хатоси – эри билан бошқанинг эрини солиштирмоғидир.
2 – Қизим, шуни билгинки, кимларнидир сенинг эрингга ҳам ҳаваси келади. Эрингнинг бошқаларда йўқ яхши сифатлари ҳам борлигини унутма!
3 – Қизим, саҳобия аёллардан ўрнак ол. Улар "Биз эрларимизга сизлар амирларингга муомала қилганингиздек муомала қиламиз", дер эдилар.
4 – Қизим, рашк бобида ҳаддан ошмагин! Ноўрин рашк – оила бахтига рахна солувчи ва ортиқча рашк талоқнинг калитидир.
5 – Қизим, ақлли аёл эрининг қалбидаги муҳаббатни уйғота олади ва эри нималардан рози бўлиши ва нималардан ғазабланишини яхши билади.
6 – Қизим, эрингни хобхонада ўн йиллик турмуш ўртоғим, деб бил. Ҳаётда эса унга ўн кунлик куёвга муомала қилгандек муносабатда бўл.
7 – Қизим, эринг учун зийнатланишни зинҳор тарк қилмагин! Энг яхши зийнат – сурма ва энг яхши атир сувдир.
8 – Қизим, мана бу ҳадисни доим ёдингда тут: «Қайси аёл эри ундан рози бўлган ҳолда вафот топса, жаннатга киради». (Термизий ривояти)

👉 @diyonatli
👍5❤1
ЭНГ ГЎЗАЛ АЁЛ...

Бозор расталарининг бирида ширин нон ва манти пишириб сотадиган аёл ҳар куни мижозларга егулик улашарди. Бир кун ёмғир шиддат билан ёға бошлади. Ёмгир жалага айланди. Аёл дўконни қулфлаб, магазиндан иккита зонтик сотиб олди. Қизи ўқийдиган саньат маркази эшиги олдига боргач кийимларига қараб, ичкари киришга иккиланиб қолди. Шусиз хам йўқчилик туфайли қизининг тенгдошлари олдида изза бўлишидан қўрқиб юрган она бинонинг пастки қаватига тушиб дарс тугашини кута бошлади. Шу пайт қизи билан кўзи тўқнашди. Она қизини кўриб мамнун қўл силкитди. Бирок қизи уни кўрмаганга солиб девор ортига беркинди. Бир неча дақиқадан сўнг девор ортидан мўралади. Бу эса онасини бу аҳволда кутиб туришини истамаганлигини англатарди. Бундан кўнгли оғриган она бошини қуйи солганча жим қотиб қолди...
Бир ойдан сўнг она қизи ўқийдиган саньат марказидан талабалар кўргазмасига таклифнома олди. Қизини яна уятга қўйишдан чўчиган она иккилана йўлга тушди...
Деворга осиб қўйилган суратларни бир-бир кўздан кечирган она бир портрет олдида тўхтаб қолди. Унинг тагига "Дунёдаги энг гўзал аёл" деб ёзилган эди. Ёғаётган ёмғир, зонтик кўтарган, оппоқ унга беланган фартук таққан, эски туфли кийиб олган аёл тасвирланган эди унда... Бу саньат асарида қизини кутиб турган онанинг ҳолати чизилган эди. Шу куни қизи девор орқасига яшириниш сабаби онасининг ўша ҳолатини юрагига муҳрлаб олиш бўлганди. Расмни кўраётган она кўзларидан ёш оқа бошлади... Шу пайт она ёнига қизи келди. Унинг кўзларида фарзандлик меҳри балқиб турарди....

👉 @diyonatli
👍7❤1🤯1
ДЎЗАХГА КИРМАЙ ҚОЛИШ АМАЛ ТУФАЙЛИ

Баъзи мўмин бандалардан дўзахга мубтало қиладиган амаллар содир бўлса-ю, у кейин бошқа керакли амалларни қилса, дўзахга кирмай қолиши мумкин. Маълум гуноҳларни қилган одамнинг дўзахга кирмай қолишига сабаб бўладиган амалларни уламоларимиз учга бўлганлар.
1. Тавба.
Аллоҳ таоло Зумар сурасида:
"(Менинг номимдан) айт: "Эй ўз жонларига жавр қилган бандаларим, Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманг! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират этар. Албатта, Унинг Ўзи ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир. Сизга азоб келишидан олдин Роббингизга қайтинг ва Унга мусулмон бўлинг. Сўнгра сизга ёрдам берилмас", деган (53-54 - оятлар).
Аллоҳ таоло Марям сурасида:
"Бас, уларнинг ортидан бир ўринбосарлар қолдики, улар намозни зое қилиб, шаҳватларга эргашдилар. Бас, тезда ёмонликка йўлиқурлар. Магар ким тавба қилса ва иймон келтириб, амали солиҳ қилса, бас, ана ўшалар жаннатга кирурлар ва ҳеч зулм қилинмаслар", деган (59-60 - оятлар).
Аллоҳ таоло Фурқон сурасида:
"Улар Аллоҳ билан бирга бирор илоҳга илтижо қилмаслар. Аллоҳ (ўлдиришни) ҳаром қилган жонни ноҳақдан ўлдирмаслар. Зино қилмаслар. Ким ана шуни қилса, уқубатга дучор бўлур. Қиёмат куни унинг азоби бир неча баробар кўпайтирилур ва у (азоб)да хор бўлиб, мангу қолур. Магар ким тавба қилса, иймон келтириб, солиҳ амал қилса, бас, Аллоҳ ана ўшаларнинг ёмонликларини яхшиликларга алмаштирур. Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир", деган (68-70 - оятлар).
2. Яхши амаллар.
Маълум гуноҳларни қилган мўмин одамнинг дўзахга кирмай қолишига сабаб бўладиган амаллар тоифасига ҳасанот - яхши амаллар ҳам киради.
Аллоҳ таоло Ҳуд сурасида:
"Албатта, яхшиликлар ёмонликларни кетказади", деган (114-оят).
Мўмин киши томонидан қилинган ҳар бир яхши иш ёмонликларни кетказади ва ўз эгасининг дўзахга киришдан сақланишига сабаб бўлиши мумкин.
Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
"Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга:
"Қаерда бўлсанг ҳам, Аллоҳга тақво қил. Ёмонликка яхшиликни эргаштир. Бу уни ўчиради. Одамларга ҳусни ҳулқ ила муомала қил", дедилар".
Термизий ривоят қилган.
3. Мусибатлар.
Маълум гуноҳларни қилган мўмин одамнинг дўзахга кирмай қолишига унга бу дунёда етган мусибатлар ҳам сабаб бўлади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
"Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
"Мусулмонга қай бир мусибат: ҳорғинликми, беморликми, ташвишми, маҳзунликми, озорми, ғам-ғуссами, ҳаттоки, тикан киришими, етадиган бўлса, албатта, Аллоҳ улар ила унинг хатоларини каффорат қилур", дедилар".
Икки шайх ривоят қиланлар.
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу айтадилар:
"Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
"Қай бир мусулмонга бирор мусибат етса, бирор тикан кирса ҳам, албатта, Аллоҳ унинг сабабидан ўша банданинг ёмонликларини худди дарахт ўз баргларини тўкканидек тўкадир", дедилар".
Икки шайх ривоят қилишган.

"Сунний ақийдалар" китобидан.

👉 @diyonatli
👍7❤1
ДУОНИНГ ҚАБУЛИ ВА КУШОЙИШНИНГ БОШЛАНИШИ

Аллоҳ таоло ҳабибига тоғ фариштасини юборди. У келиб, икки тоғни бир-бирига кўшиб юбориш ила Макка аҳлини ҳалок килишга изн сўради. Лекин Аллоҳ таоло томонидан оламларга раҳмат этиб юборилган зот бу ишга изн бермадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тоғ фариштасига: «Уларнинг сулбидан Аллоҳнинг ёлғиз ўзига ибодат қиладиган, унга ҳеч нарсани ширк келтирмайдиган кишилар чиқишини умид қилурман»‚ дедилар.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни бундай ҳолда кўрган Утба ибн Рабийъа ва Шайба ибн Рабийъаларнинг раҳми келиб, Аддос исмли насроний ғуломини чақириб: «Узилган узумдан олиб, манави товоққа солгин-да, анави одамга олиб боргин. Ундан есин», дейишди.
Аддос узумни олиб келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига қўйди ва у зотга: «Егин», деди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қўлларини узатиб, «Бисмиллаҳ» дедилар-да, узумдан олиб едилар. Аддос ажабланиб: «Валлоҳи, бу ерликлар бу гапни айтмайди»‚ деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Сен қайси юртдансан? Қайси диндасан?» дедилар.
«Насронийман. (Ироқдаги) Нийнаво аҳлиданман», деди у.
«Солиҳ банда Юнус ибн Маттонинг қишлоғиданмисан?» дедилар Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам.
«Юнус ибн Маттони қаердан биласан?» деди Аддос.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «У менинг биродарим. У набий эди. Мен ҳам набийман», дедилар.
Шунда Аддос ўзини отиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошлари, оёқ-қўлларидан ўпа бошлади. У мусулмон бўлди.

"Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан.


👉 @diyonatli
👍3❤1
ЛУҚМОНИ ҲАКИМДАН СЎРАДИЛАР:

- Одамларнинг доноси ким?
- Ҳаёт ташвишларидан дилтанг бўлмагани.
- Баланд ҳимматлик кимдур?
- У неъматларини бу дунё неъматларидан устун қўйган киши.
- Одамларнинг қудратлиси ким?
- Ақли комил бўлгани.
- Ул қандай шаробки, ичувчисини куйдиради?
- Ҳасад.
- Ул қайси биноки, ҳеч хароб бўлмас?
- Адолат.
- Ул қандай аччиқликки, охири ширин бўлур?
- Сабр.
- Ул қандай ширинликки, охири аччиқ бўлур?
- Тезлик.
- Ул қандай беморликки, табиблар унинг муолажасидан ожиздур?
- Аҳмоқлик.

"Ғам-қайғусиз яшай десангиз (ўксинма)" китобидан.


👉 @diyonatli
👍4❤1
ИБРАТЛИ ҲИКОЯ

Суриялик марҳум кинорежиссёр доктор Мустафо Аққод бундай ёзади:
Мен оналар ёлғон гапирмайди, деб ўйлар эдим. Бироқ онам менга саккиз марта ёлғон гапирганида хато ўйлаганимни англаб етдим. Оналар қандай қилиб ёлғон гапиришини билишингиз учун онамнинг ёлғонларини сизга бирма-бир айтиб ўтаман...
Бу менинг болалик пайтимда бошланган. Ўшанда жуда қашшоқ бир оиланинг яккаю ёлғиз ўғли бўлганман. Бизда ўзимиз учун етарли озиқ-овқат бўлмаган. Очлигимизни йўқотиш учун озгина гуруч олиб келганимизда, онам ўз улушини менга берар эди. Товоғидаги гуручни менинг товоғимга солар экан, “ўғлим, мана бу гуручни ҳам еб қўй, мен оч эмасман”, дер эди.
Бу – унинг биринчи ёлғони эди.
Мен бироз улғайганимда онам менинг очлигимни тўсиш учун бир дона бўлса ҳам балиқ овлаб келиш мақсадида уйимиз яқинидаги дарёга балиқ овлагани борар эди. Ҳар сафар қуруқ қўл билан уйга қайтадиган онам Аллоҳнинг марҳамати билан бир сафар икки дона балиқ тутди. Дарҳол уйга қайтиб, овқат тайёрлади. Иккита балиқни олдимга қўйди. Мен биттасини аста-секин ея бошладим. Онам эса мендан қолган суяк ва қилтиқ атрофидаги гўштни еяётган эди. Буни кўриб юрагим титраб кетди ва онам есин деб, иккинчи балиқни унинг олдига қўйдим. Онам эса тезда уни менинг олдимга қўйди ва: “Ахир, балиқни яхши кўрмаслигимни билмайсанми, ўғлим?” деди.
Бу – унинг иккинчи ёлғони эди.
Катта бўлиб қолдим. Мактабга боришим керак, аммо бизда ўқишнинг сарф-харажатларига етадиган маблағ йўқ эди. Онам бозорга борди ва кийим-кечак сотадиган дўконлардан бирининг эгаси билан гаплашиб, ундаги молларни уйма-уй юриб сотишга келишиб олди. Шундай қилиб, онам уйма-уй юриб, хонадон бекаларига кийим-кечак таклиф қилиб, озроқ пул топа бошлади. Қишнинг қорли кунларидан бирида онам ишда кеч қолиб кетди. Мен эса уни уйда кутиб ўтирган эдим. Уйимизга яқин кўчаларни айланиб, уни излашга тушдим. Қарасам, савдо молларини кўтариб олиб, уйларнинг эшикларини тақиллатиб юрибди. Мен: “Онажон, кетдик, уйга қайтамиз. Кеч бўлиб қолди. Ҳаво совуқ. Ишингизни эртага давом эттирсангиз ҳам бўлади”, дедим. Онам табассум қилиб, менга: “Болам, мен чарчаганим йўқ”, деди.
Бу – унинг учинчи ёлғони эди.
Ниҳоят, мактабда битирув имтиҳонлари бошланди. Онам ҳам қўярда-қўймай мен билан қўшилиб борди. Мен мактабга кириб кетдим. Онам эса Қуёшнинг жазирама иссиғида менинг чиқишимни кутиб ўтирди. Қўнғироқ чалиниб, имтиҳонлар тугади. Мен онамнинг олдига чиқдим. У мени қаттиқ қучоқлаб, Аллоҳ таолодан менга омадлар тилади. Мен унинг қўлида ичимлиги бор бир қадаҳни кўрдим. Уни имтиҳондан чиққанимдан сўнг ичишим учун сотиб олган эди. Қаттиқ чанқаганим учун уни ичиб, чанқоғимни бостирдим. Баногоҳ, онамнинг юзига қарадим ва ундан тер оқиб чиқаётганини кўрдим. Дарҳол қадаҳни унга узатиб: “Она, ичинг”, дедим. У бўлса бундай жавоб қайтарди: “Ўғлим, сен ич, мен чанқаганим йўқ”.
Бу – унинг тўртинчи ёлғони эди.
... Отам вафот этганидан сўнг онам бева аёллардек ҳаёт кечиришга мажбур бўлди. Рўзғор ташвиши ёлғиз унинг зиммасига тушди. Шу боис ҳаёт кечиришимиз қийинлашиб, очликдан азоб чекадиган бўлдик. Амаким яхши одам эди. У бизга очлигимизни тўсиш учун егуликлар юбориб турар эди. Қўшнилар бизнинг аҳволимиз кундан-кун оғирлашиб кетаётганини кўриб, онамга ҳали ёшлигини айтиб, бизни ўз қарамоғига оладиган бирор эркакка эрга тегишни насиҳат қилишди. Аммо онам: “Меҳр-муҳаббатга муҳтож эмасман” деб, бу таклифни рад этди.
Бу – унинг бешинчи ёлғони эди.
Йиллар ўтиб, университетни тамомладим ва бироз яхшироқ ишга жойлашдим. Энди онам бемалол дам олиши, рўзғор ташвишини менга қўйиб бериши учун муносиб вақт келганига ишончим комил эди. Ўша вақтда онамнинг соғлиғи ёмонлашган, уйма-уй юриб аввалги ишини давом эттиришга кучи қолмаган эди. Шунинг учун бозорда гилам тўшаб, ҳар тонг сабзовот сотар эди. Рўзғор ташвишини менга қўйиб беришдан бош тортгач, ойлигимнинг маълум бир қисмини унга ажратиб қўйишга қарор қилдим. У эса: “Ўғлим, пулингни сақлаб қўй, менинг пулим ўзимга етади”, деб уни олишни рад этди.
👍4😢4❤1
Бу – унинг олтинчи ёлғони эди.
Ишлаш билан бир вақтда магистрлик даражасини олиш учун ўқишимни давом эттирдим. Дарҳақиқат, ўқишни муваффақиятли тамомладим, ойлигим ҳам кўтарилди. Мен ишлаётган немис компанияси менга Германиядаги асосий филиалида ишлаш имкониятини берди. Мен ўзимни жуда бахтли ҳис қилдим. Ҳаммасини янгидан бошлаш ва бахтли ҳаёт кечиришни орзу қила бошладим. У ерга бориб, яхшилаб жойлашиб олганимдан сўнг келиб, мен билан яшаш таклифини бериш учун онамга телефон қилдим. Лекин у мени безовта қилишни истамади ва: “Ўғлим, мен ҳашаматли ҳаётга одатланмаганман”, деди.
Бу – унинг еттинчи ёлғони эди.
Онам кексайиб қолди ва саратон касаллигига чалинди. Унга қараб турадиган бирор одам бўлиши керак эди. Бироқ, мен билан суюкли онам ўртасида олис йўллар ва қанчадан-қанча шаҳарлар бўла туриб, нима ҳам қилишим мумкин эди. Ҳаммасини ташлаб, онамнинг ҳолидан хабар олиш учун уйимизга жўнадим. Уйга келганимда, онам жарроҳлик амалиётидан кейин тўшакка михланиб қолганини кўрдим. У мени кўрар экан, табассум қилишга ҳаракат қилди. Бироқ юрагим ўт бўлиб ёнар, чунки у жуда озғин ва заиф бўлиб қолган эди. Мен билган онам йўқ эди. Кўзларимдан дув-дув ёш оқди. Лекин онам менга тасалли беришга уриниб: “Йиғлама ўғлим, мен яхшиман”, деди.
Бу – унинг саккизинчи ёлғони эди.
Менга шу гапни айтар экан, онам кўзларини юмди ва шундан сўнг абадий очмади.

АЛОУДДИН НЕМАТОВ саҳифасидан олинди.

👉 @diyonatli
👍5😢3
ҚАЛБ ТАБОБАТИ ВА ҚУРЪОН БИЛАН ДАМ СОЛИШ

Ҳозирги пайтда ҳар хил касалликлар кўпайган, авваллари маълум бўлмаган иллатлар пайдо бўлган. Одамлар улардан қутулиш учун пулларини, олтиндан қиммат вақтларини сарфлаяптилар. Шунга қарамай, шифохоналар касаллар билан тўла, беморлар сафи камайишидан дарак йўқ. Бунинг боиси нимада?
Сабаби кўп одамлар мукаммал шифо нимадалигига аҳамият бермайдилар. Тиббиёт ходимлари бор эътиборларини моддий муолажаларга қаратиб, руҳий жиҳатларга унчалик парво қилишмайди. Шунинг учун беморлар дарддан тўлиқ соғайиб кетишлари қийин кечади.
Танадаги дарддан бутунлай халос бўлишда Қуръоннинг аҳамияти беқиёс. Зеро, Қуръон тушкунлик, паришонхотирлик, ғам-андуҳ, сеҳр, кўз тегиши каби иллатларга тенги йўқ шифодир. Замонавий табобат бундай касалликларни таг томири билан даволашга кўп ҳолларда ожизлик қилади.
Уламолар айтишича, табобат иккига бўлинади: бадан ва қалб табобати.
Бадан табобатида инсон танасининг ҳолати, касалликни даволаш йўл-йўриқлари ўрганилади. Қалб табобатида эса инсон қалбини касал қилувчи иллатлар, уларнинг давоси ўрганилади.
Динимиз Исломда ҳар икки жиҳатга эътибор берилади. Айниқса, қалб табобатига – руҳий тарбияга алоҳида аҳамият қаратилади.
Қуръон ҳар қандай касалликни тузатади. Руҳий ёки танадаги касалликми, сеҳрми, жин тегишими, тери касалликларими, фарқи йўқ, барчасига шифо бўлади. Бунинг учун беморнинг эътиқоди тўғри бўлса кифоя. Зотан, соғлом ақида шифонинг ярмидир.

“Қуръон – қалблар шифоси” китобидан.


👉 @diyonatli
👍2❤1
ИБРАТЛИ САВОЛ-ЖАВОБ

Молики Динор деди:
- Ҳасандан бу дунёнинг азоб-уқубати қандай бўлиши ҳақида сўрадим:
У деди:
- Кўнгил ғафлати!
Яна сўрадим:
- Кўнгилнинг ўлими қандай?
- Дунёга муҳаббатдир.
Ҳар ким олтин ва кумушга ҳирс қўйса, Аллоҳни ҳақоратлаган бўлади!
Ҳар ким намозни хушуъ ва хузуъ билан ўқимаса, у уқубатга дучор бўлур!

"Ғам-қайғусиз яшай десангиз (ўксинма)" китобидан.

👉 @diyonatli
❤1
СЕДАНА

Рак касалликларида: Седана ёғини шикаст етган жойга сурилади. Кунига 3 марта 1 чой қошиқ седана ёғи ва 1 стакан янги чиқарилган сабзи суви (ичишдан аввал чайқатинг) ичиш керак. Бу ичимлик 3 ой давомида ичилади.
Хотирани яхшилаш учун: Ялпизни қайнатиб олиб ва сўнгра уни асал ва 7 томчи седана ёғи билан аралаштирилади. Иссиқ ҳолатда хоҳлаган пайтингиз ичасиз. Шунингдек чой ва кофе ичишни камайтиринг.
Дангасаликка қарши: 10 томчи седана ёғини бир стакан апельсин соки билан биргаликда истеъмол қилинг. Диққат: Эрталабки намоздан сўнг ухламанг!
Седананинг янчилган ва асал билан аралаштирилган аралашмаси буйрак ва ўт пуфагидаги тошларни эритишда ёрдам беради.
Ибн Абу Атийқ розияллоҳу анҳу бир беморнинг олдига кирди ва: «Сизлар мана бу қора доначани лозим тутинглар. Ундан беш ёки олти дона олиб, майдалаб туйинглар. Сўнгра унинг бурнига зайтун ёғи билан мана бу тарафга, мана бу тарафга томизинглар. Оишанинг менга айтишича, у Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Албатта, мана бу қора донада сомдан бошқа барча дардга шифо бор», деганларини эшитган экан», деди. «Сом нима?» деган эдим. «Ўлим», деди». Бухорий ривоят қилган.

"Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан.

👉 @diyonatli
❤1👍1
«ЛАА ҲАВЛА BA ЛАА ҚУВВАТА ИЛЛАА БИЛЛАҲИ» ЖАННАТНИНГ ХАЗИНАЛАРИДАНДИР

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоятқилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир тепалик ёки довонга чиқа бошладилар. Унинг устига чиқилганда бир киши баланд овоз билан:
«Лаа илааҳа иллаллоҳу, Аллоҳу акбар!» деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хачирларининг устида туриб:
«Сизлар кар ёки ғойиб Зотга дуо қилаётганларингиз йўқ» дедилар. Сўнгра «Эй Абу Мусо! Ёки эй Абдуллоҳ! Сенга жаннат хазинасидан бўлган калимани кўрсатайми?» дедилар.
«Ҳа», дедим.
«Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ», дедилар».
Тўртовлари ривоят қилганлар.
Шарҳ: «Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ»нинг маъноси «Ўзгариш ҳам, қувват ҳам фақатгина Аллоҳ ила бўлади» демакдир.
Ким ихлос билан «Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳи»ни айтиб юрса, жаннатнинг хазинасига эга бўлар экан.

👉 @diyonatli
❤1
ОРАНИ ИСЛОҲ ҚИЛИШ

Абу Дардодан ривоят қилинади:
"Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
"Сизларга намоз, рўза ва садақадан ҳам афзалроқ даражани айтиб берайми?" дедилар.
"Ҳа! Айтиб беринг!" дейишди.
"Икки томоннинг орасини ислоҳ қилиш. Икки томоннинг орасини бузиш қирувчидир", дедилар".
Шарҳ: Уришиб қолган томонларнинг орасини ислоҳ қилишнинг даражаси нафл рўза тутгандан, нафл намоз ўқигандан, нафл садақа қилгандан юқоридир.
Икки томоннинг ораси бузилиши ҳалокатга олиб борадиган нарсадир. Бу ҳудди устара сочни қиргандек, жамиятни қириб, расво қиладиган нарсадир.
Бунинг акси, яъни аразлашиб жанжаллашиб қолган томонларнинг орасини ислоҳ қилиш эса юксак даражадаги савобли ишдир.
Ибн Аббос "Аллоҳга тақво қилинглар ва ораларингизни ислоҳ қилинглар" ояти ҳақида шундай деган:
"Бу (оят) мўминларга Аллоҳдан қўрқсинлар ва ораларини ислоҳ қилсинлар, деб уялтириш учун (нозил қилинган)дир".
Шарҳ: Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан шундай ривоят бор:
"Бу оятлар биз ҳақимизда - Бадар соҳиблари ҳақида, ўлжа талашиб, ихтилоф қилганимизда, ахлоқларимиз бузилганида нозил бўлган. Аллоҳ ўлжани бизнинг қўлимиздан тортиб олиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга берди".
Қуръони Карим шу тарзда мўмин-мусулмонларнинг ҳаётларига бевосита аралашиб, уларнинг хатоларини тузатиб, тарбиялаб борган.
Биз ҳам бу таълимотларга амал қилган ҳолда, ораларимизни ислоҳ қилиб, турли ихтилоф ва низоларга яқинлашмай яшаб боришимиз лозим.
Демак, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бандаларини тақво қилишга ва ўз ораларини ислоҳ этишга буюрган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишнинг даражасини юқори кўтарган эканлар.
Бас, мўмин-мусулмон кишилар бир-бирлари билан уришмасликлари, баъзи бир ҳолатда камчиликка йўл қўйиб, уришиб қолишган бўлса, бошқа мусулмонлар уларнинг орасини ислоҳ қилиб қўйиш учун саъй-ҳаракатда бўлишлари лозим экан.

"Одоблар хазинаси" китобидан.

👉 @diyonatli
❤1👍1
Media is too big
VIEW IN TELEGRAM
Мўмин мўминнинг кўзгусидир! | Абдул Ҳамид домла

Расмий саҳифаларимиз:
Телеграм | Инстаграм
ҚАБР АЗОБИ ВА НЕЪМАТИГА ИЙМОН

Ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалар розияллоҳу анҳумдан келган хабарлар асосида қабр азобига - ким шунга лойиқ бўлса ва уни Мункар ва Накирнинг Роббидан, динидан ва набийсидан сўроқ қилишга (иймон келтирамиз). Қабр жаннат боғларидан бир боғдир ёки дўзах чуқурларидан бир чуқурдир.
Шарҳ: Яъни осий бўлиб, азобга лойиқ бўлганлар учун қабр азоби бўлишига иймон келтирамиз. Мункар ва Накир номли икки фаришта бандадан унинг қабрида туриб Робби, дини ва набийси ҳақида сўроқ-савол қилишига иймон келтирамиз. Қабр азоби ва унда уч нарса ҳақида сўралиши ҳақ эканига қабр азоби ҳақида келган оятлар ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан, саҳобалар розияллоҳу анҳумдан собит бўлган хабарлар далолат қилади. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Қабр жаннат боғларидан бир боғдир ёки дўзах чуқурларидан бир чуқурдир", деганлар.
Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятлари бунга далилдир:
"Ва оли Фиръавнни ёмон азоб ўраб олди. У ўтоловдир. Унга эртаю кеч кўндаланг қилинурлар. Соат қоим бўлганида эса: "Оли Фиръавнни энг ашаддий азобга киритинглар", (дейилур)" (Ғофир сураси, 45-46-оятлар).
"Уларни ҳалокатга учрайдиган Кунларига йўлиққунларига қадар тек қўй. У Кунда ҳийлалари уларга ҳеч қандай фойда бермас ва уларга ёрдам ҳам берилмас. Ва албатта, зулм қилганларга ундан ўзга азоб ҳам бор, лекин уларнинг кўплари билмаслар" (Тур сураси, 45-47-оятлар).
"Аллоҳ иймон келтирганларни бу дунё ҳаётида ҳам, охиратда ҳам собит сўз ила собитқадам қилур. Аллоҳ золимларни залолатга кетказур" (Иброҳим сураси, 27-оят).
Ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг
"Албатта, банда қачон қабрига қўйилса-ю, ундан соҳиблари қайтиб кетса, у уларнинг кавушларининг тақиллаганини эшитиб турганида олдига икки фаришта келиб, уни ўтирғизишади ва (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни назарда тутиб):
"Бу одам ҳақида нима дер эдинг?" дейишади. Мўмин бўлса:
"Гувоҳлик бераманки, албатта, у Аллоҳнинг бандаси ва Расулидир", дейди.
Унга: "Дўзахдаги ўрнингга назар сол, батаҳқиқ, Аллоҳ сенга уни жаннатдаги ўринга алмаштириб берди", дейилади. У икковини ҳам кўради", деган сўзлари (Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насоий Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).
Ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг
"Сизлардан бирингиз ёки бир инсон қабрга қўйилса, унинг олдига қорамтир-зангори рангли икки фаришта келади. Улардан бири Мункар, бошқаси Накир дейилади", деган сўзлари (Термизий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).

"Ақийдатут-Таҳовия" шарҳининг талхийси, китобидан.

👉 @diyonatli
👍4❤1
МУНОФИҚЛИК

Ҳар бир банда эҳтиёт бўлиши лозим бўлган қалб хасталикларидан яна бири мунофиқликдир.
Араб тилида мунофиқликни англатувчи сўзларнинг ўзаги бўлмиш "нифоқ" сўзи ичи бўш, ташқи кўриниши ўзгача нарсага ишлатилади. Мисол учун, юмронқозиқ ёки тулкининг уясига ҳам "нифоқ" сўзи ишлатилади. Чунки улар устидан оддий ерга ўхшайди, бир тарафдан кирса, иккинчи тарафдан чиқиб кетаверади. Ҳозирги кунда ажнабий тилларда "тоннель" деб номланаётган иншоотлар ҳам араб тилида "нафақ" дейилади.
Агар бу маънони диний-ақийдавий истилоҳда ишлатмоқчи бўлсак, сиртдан мусулмонликни эълон қилиб, ичидан унга лойиқ бўлмасликка "мунофиқлик" деб айтилади.
Одамлар кўз ўнгида Ислом динига мансублигини эълон қилиб, ҳатто баъзи амалларни ҳам қилиб юрадиган, аслида эътиқоди бузуқ бўлган кишилар "мунофиқ" дейилади.
Журжоний "Таърифот"да нифоқни "Нифоқ тил билан иймонни изҳор қилиб, дилдаги куфрни беркитишдир", деб таъриф қилган.
Бу "катта нифоқ" деб аталади.
Жуда кўп ҳадиси шарифларда мунофиқларнинг аломатлари ҳақида сўз юритилган.
Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилинади:
"Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
"Уч нарса қай кишида бўлса, холис мунофиқ бўлур: гапирса, ёлғон гапиради, ваъда берса, хилоф қилади, омонат ишонилса, хиёнат қилади. Кимда шу хислатлардан биттаси бўлса, уни тарк қилгунича нифоқдан битта хислати бўлади".
Аҳмад ривоят қилган.
Бундай нифоқ амалий – "кичик нифоқ" деб аталади.
Аллоҳ таоло Нисо сурасида марҳамат қилади:
"Албатта, мунофиқлар оловнинг энг остки қаватидадирлар ва ҳаргиз уларга ёрдамчи топа олмассан" (145-оят).
Аллоҳ таоло Тавба сурасида марҳамат қилади:
"Аллоҳ мунофиқларга, мунофиқаларга ва кофирларга жаҳаннам оташини унда мангу қолувчилар қилиб ваъда қилди. Ўша улар учун етарлидир. Ҳамда Аллоҳ уларни лаънатлади. Уларга доимий азоб бордир" (68-оят).
Имом Бухорий қилган ривоятда Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳу: "Бугунги мунофиқлар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларидагидан ёмондир. Чунки улар мунофиқликни махфий қилардилар, булар эса ошкора қилмоқдалар", деган эканлар.

"Руҳий тарбия" китобидан.

👉 @diyonatli
❤1
"УНГА КЎНГИЛ ҚЎЯ ОЛМАДИМ.."

Асҳоблардан Собит ибн Қайснинг хотини, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
- Ё Расулуллоҳ, эримнинг феъли ва динидан шикоятим йўқ. Аммо унга кўнгил қўя олмадим. Мусулмон сифатида унга нонкўрлик қилишни хоҳламайман. (Яъни, эримга кўнгил қўймаганим сабабли, унинг олдидаги вазифаларимни бажара олмасликдан қўрқяпман), - деган эди.
Расули Акрам ундан: "Сенга маҳр сифатида берган боғини унга қайтариб беришни хоҳлайсанми?" - деб сўрадилар. У: "Ҳа" - дегач, Пайғамбаримиз алайҳиссалом аёлнинг эрига: "Боғни қабул қил ва ундан ажраш!" - дея марҳамат қилдилар".
Бухорий, Насоийдан.

"Ғам-қайғусиз яшай десангиз (ўксинма)" китобидан.

👉 @diyonatli
👍2❤1
КОФИРЛАРНИНГ ПАЙҒАМБАР АЛАЙҲИССАЛОМГА ҚАРШИ ТАШВИҚОТ ҲАҚИДА МАСЛАҲАТЛАРИ

Бу масалага мушриклар қандай қараганини уларнинг Валид ибн Муғийра билан қилган маслаҳатпаридан билиш мумкин.
У Қурайш қабиласининг бошлиқларидан ва бойлардан бўлиб‚ Пайғамбар алайҳиссаломга озор беришда, Қуръони Каримга қарши ҳужум уюштиришда етакчилардан бўлган.
Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом масжидда "Ҳаа мийм. Танзийлул китаб..." оятини ўқиётганларида Валид ибн Муғийранинг кўнгли эриб, ўз қавми - Бану Махзум уруғининг олдига борди ва: "Аллоҳга қасамки, мен ҳозиргина Муҳаммаддан бир калом эшитдим, у башарнинг каломи эмас, у жиннинг каломи ҳам эмас, бу каломнинг ўзгача ҳаловати бор, бу каломнинг ўзгача таъсири бор. Албатта‚ унинг усти самарали, ости баракали, албатта, у устун келади ва ҳеч нарса ундан устун бўла олмайди", деди. Сўнгра уйига қараб кетди.
Қурайш қабиласи аъзолари: "Аллоҳга қасамки, Валид диндан чиқибди‚ энди бутун Қурайш диндан чиқади"‚ дейишди.
Шунда жияни Абу Жахл ўрнидан турди ва: "Уни менга қўйиб қўйинглар, ўзим эплайман", деди. У амакиси Валиднинг олдига бориб, хафа ҳолда ўтирди.
Валид уни кўриб: "Нега хафа кўринасан? деди.
"Мен хафа бўлмай, ким хафа бўлсин, деди Абу Жахл муғамбирлик билан. Қурайш қабиласи сенга ёрдамга нафақа йиғяпти. Уларнинг айтишича, сен Муҳаммаднинг каломига тан берган эмишсан, Муҳаммад билан Абу Бакрдан қолган таомларини сўраб юрган эмишсан?"
Валиднинг аччиғи чиқди ва: "Менинг молим ва фарзандим ҳаммадан кўп эканини билмайсанми? Нима, Муҳаммад ва унинг шерикларининг қорни тўйиб қолибдимики, улардан овқат ортиб қолса?" деди. Сўнг ўрнидан туриб, Абу Жахл билан бирга қабиласининг аъзолари ўтирган жойга келди ва: "Муҳаммадни жинни деяпсизлар, унинг жиннилик қилганини ҳеч кўрганмисизлар?" деди.
"Худо ҳаққи кўрганимиз йўқ", дейишди қабила аъзолари.
"Уни шоир деяпсизлар. Бирор марта шеър айтганини биласизларми ўзи?" деди.
"Худо ҳаққи, билмаймиз", дейишди.
"Уни ёлғончи деяпсизлар. Бирор марта ёлғон гапирганини биласизларми ўзи?" деди.
"Худо ҳаққи, билмаймиз", дейишди.
Маълумки, Муҳаммад алайҳиссалом ростгўйликлари учун Пайғамбар бўлишларидан аввал "Амин" (ишончли) деган ном олган эдилар. Қурайшликлар Валид ибн Муғийрага: "Нима дейлик бўлмаса?" дейишди.
Валид ўйланиб қолди. Ўзича тўқиб-бичди-да: "Қуръон сеҳрдан бошка нарса эмас", деди.
Шундай қилиб‚ ҳаммалари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида одамларга бир ҳил гап "У сеҳргар экан", деб айтишга келишиб олишди.
Улар ошкора даъват бошланган йилги ҳаж мавсумда ҳожиларнинг йўлига одам қўйиб‚ шу маънода тескари ташвиқот олиб бориш режасини тузишди.

"Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан.

👉 @diyonatli
👍4❤1
КУЁВ ТАНЛАШ (Ибратли воқеа)

Марв шаҳрида Нуҳ ибн Марям исмли киши яшаб ўтган. У Марв ҳокими ва қозиси бўлган. Унинг кўп мол-дунёси ва гўзал қизи бор эди. Қизига казо-казолардан совчилар келар, лекин ҳаммасига рад жавоби бериларди. Унинг ўзи ҳам ким билан қуда бўлишини билмай қийин аҳволда қолган эди.
Унинг яна меваларга тўла катта боғи бор эди. Нуҳ ибн Марям боққа Муборак исмли ҳинд қулини жўнатар экан: "Ўша боғни яхшилаб қўриқлагин", деди. Муборак боғда икки ой хизмат қилди.
Бир куни Нуҳ боққа келди-да қули Муборакка узум олиб келишни буюрди. Олиб келган узумни еб кўриб, меванинг нордонлигини ва бошқа узум олиб келишни айтди. Олиб келинган иккинчи бош узум ҳам ширин эмас экан. Шунда хўжайин қули Муборакдан сўради: "Нега шундай катта боғдан менга фақат аччиқ узум олиб келяпсан?" Қул жавоб берди: "Чунки мен қайси узум ширин-у қайсиниси нордонлигини билмайман". Хўжайин: "Ё, Аллоҳ! Сен бу боғда икки ой яшаб, қайси узум қанақалигини ўрганмадингми?” – деди. Қул деди: "Аллоҳга қасамки, мен ҳеч қайси узумни татиб кўрмадим". "Нега емайсан?" Қул жавоб берди: "Чунки сиз менга боғни қўриқлашни буюрдингиз".
Ҳоким ҳайратда қолиб, деди: "Аллоҳ сенинг софлигингни йўқотмасин!" У йигитнинг жуда ақлли эканлигини билиб, деди: "Эй, Муборак, сен менга ёқиб қолдинг. Айтган буйруғимни бажарасанми?". Муборак тасдиқлагач, Нуҳ ибн Марям деди: "Менинг бир қизим бор. Кўп кишилардан совчилар келди. Қизимни кимга берганим тўғрироқ бўлади?" Қул жавоб берди: "Жоҳилият давридаги бутпарастлар аждодлари билан фахрланардилар, яҳудий ва насоролар ҳуснга қизиқадилар, аммо Аллоҳнинг охирги пайғамбари замонларида имон ва тақвони қидирганлар, бизнингг давримизда эса, бойлик одамларга яқин бўлиб қолди. Шу тўрттасидан ўзингиз танланг?" Шунда ҳоким унга деди: "Муборак, мен тақво ва имонни танладим. Ва сенга ўз қизимни никоҳлаб бераман". Қул унга жавобан деди: "Эй, жаноб! Мен қора, ҳинд қул бўлсам. Мени ўз пулингизга сотиб олган бўлсангиз?" Ҳоким уни етаклаб уйига олиб келди ва хотинига деди: "Бу йигит тақволи, Аллоҳдан қўрқадиган одам экан. Мен унга қизимизни бермоқчиман. Сен нима дейсан?" Онаси қизига отанинг қарорини айтганда, қиз: "Мен сизлар нима десангиз шуни қиламан. Сизларнинг раъйингизга қарши бормайман", деди.
Шундай қилиб Муборак ҳокимнинг қизига уйланди. Улар ўғил кўриб исмини Абдуллоҳ қўйдилар. Бу зот бутун Ислом оламида Абдуллоҳ ибн Муборак номи билан машҳур олим, муҳаддис бўлиб етишди.

👉 @diyonatli
👍8❤2