Piskent jome masjidi | Rasmiy kanal
2.7K subscribers
8.67K photos
4.46K videos
29 files
7.28K links
Ушбу каналда оят, ҳадислар, уларнинг шарҳлари, ибратли воқеалар, ҳикматлар, маърифий мақолалар ҳамда "Пискент" жоме масжиди имом хатиби Абдул Ҳамид домланинг маърузалари эълон қилиб борилади.
Download Telegram
This media is not supported in your browser
VIEW IN TELEGRAM
"Ким алдаса, у биздан эмас" | Абдул Ҳамид домла

👉 @diyonatli
👍1
ҚУРЪОНИ КАРИМ СУРАЛАРИДАГИ ДУОЛАР БИЛАН ШИФО ТОПИШ ҲАҚИДА

Фотиҳа сурасини ўқиб дуо қилиш. Бу сура Қуръони Каримдаги энг улуғ сурадир. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадиси шарифда бундай дейилади: “Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида ўтирган эди. Ногоҳ у зот юқоридан бир овозни эшитди. У бошини кўтариб бундай деди: “Бугун осмондаги асло очилмайдиган бир эшик очилди. Бугун у эшикдан ҳеч бир вақт тушмаган фаришта тушди. У фаришта салом берди ва бундай деди: “Сенга берилган икки нур билан хурсанд бўл! Сендан аввалги пайғамбарга бу икки нур берилмаган эди. Бу икки нур: Фотиҳа сураси ва Бақара сурасининг охирги оятлари. Ҳар қачон улардан бир ҳарфни қироат қилсанг, албатта, сўраганинг берилади” (Имом Муслим ривояти).

Имом Бухорий Абу Саъид ибн Алмуаълло Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Сенга Қуръони Каримдаги энг улуғ сурани ўргатиб қўяйми? Бу “Алҳамдулиллаҳи Роббил аъламийн” сураси. Бу сура такрорланувчи етти оят ва Улуғ Қуръондир”.

Имом Байҳақий ва бошқалар Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилишган ҳадиси муборакда бундай дейилган: “Чиндан ҳам, Фотиҳа сураси ўлимдан бошқа ҳар бир дардга даводир”.

Ибн Роҳавайҳ ҳазрат Али каррамаллоҳу важҳаҳудан бундай ривоят қилган: “Фотиҳа сураси Арш остидаги ганжинадан нозил этилган”.

Расул Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ азза ва жалладан ривоят қилган ҳадиси қудсийда келади: “Аллоҳ таоло: “Намозни Ўзим билан бандам ўртасида икки қисмга бўлдим. Бандам учун сўрагани бўлади”, дейди. Агар банда: “Алҳамдулиллаҳи Роббил аъламийн”, деб айтса. Аллоҳ таоло: “Бандам Мени мақтади”, деб айтади. Агар банда: “Ар-Роҳманир Роҳийм”, деса, Аллоҳ таоло: “Бандам Менга сано айтди”, деб айтади. Агар банда “Малики явмиддин”, деса, Аллоҳ таоло: “Бандам Мени шарафлади”, деб айтади. Агар банда: “Ийяка наъбуду ва ийяка настаъийн", деса, Аллоҳ таоло: “Бу Мен билан бандам ўртасидадир, бандамга сўраган нарсаси бўлур”, деб айтади. Агар банда: “Иҳдинас сиротол мустақим. Сиротоллазина анъамта алайҳим, ғойрил мағзуби алайҳим валаззоллин", деса. Аллоҳ таоло: “Бу бандам учун. Бандамга сўрагани бўлур”, дейди” (Имом
Муслим, Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривоятлари).

Имом Ҳоким Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Афзалул Қуръони: “Алҳамдулиллаҳи Роббил аъламийн”.

Пайғамбар алайҳиссалом ҳадиси шарифларининг бирида бундай деб марҳамат қилдилар: “Аллоҳ таоло
бир бандасига неъмат берса, банда бунинг муқобилида “Алҳамдулиллаҳ”, деб айтса, банда неъмат шукрини адо этган бўлади. Агар у буни иккинчи марта айтса, Аллоҳ таоло унинг савобини унга янгилайди. Агар банда учинчи бор “Алҳамдулиллаҳ”, деб айтса, Аллоҳ таоло унинг гуноҳларини кечиради” (Имом Байҳақий Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).

«Шифо оятлари ва маъсур дуолар» китобидан.

👉@diyonatli
👍2
Abdul Hamid domla - Kim aldasa u bizdan emas
DIYONAT.UZ
"Ким алдаса, у биздан эмас" | Абдул Ҳамид домла

👉 @diyonatli
👍1
Савол:
Аёллар мозорга киришлиги ёки кирмаслиги тўғрисида батафсил маълумот берсангиз

Жавоб:
Оиша розияллоҳу анҳо бундай деганлар: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дафн этилган уйимга одатий уй кийимимни кийиб, номаҳрамлар олдида киядиганларимни киймай, кираверар эдим ва "Бирлари эрим, бирлари отам(Абу Бакр)ку!", дер эдим. Вақтики, у жойга Умар ҳам дафн этилгач, Аллоҳга қасамки, қачон кирган бўлсам, Умардан ҳаё қилиб, албатта, кийимбошимни боғлаб кирганман". (Имом Аҳмад ривояти). Баъзи олимлар "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабр зиёратига рухсат берганларида аёлларни истисно қилмаганлар, уларга ҳам рухсат берганлар", дейдилар. Баъзилари эса аёллар сабрсизроқ, кўп жазава қилувчи-куйинчоқроқ бўлганлари учун қабристонда ҳар хил номақбул ишлар – овозини кўтариб йиғлаш, ҳар турли гап-сўзларини айтиб юбориши мумкин деб, қабр зиёратига боришлари макруҳ деганлар. Борган тақдирларида ҳам ўзларини Оиша разияллоҳу анҳо онамиздек, ҳаё ва иболарини сақлаб, зиёрат одобларини билиб, унга амал қилишлари албатта, шарт ва лозим.

ЎМИ фатво ҳайъати

👉@diyonatli
👍3
МАВЛАВИЙ ҲИНДИСТОНИЙ ДОМЛАНИНГ БОШДАН КЕЧИРГАНЛАРИ
5-ҚИСМ

Мен яна Бухороға қараб жўнадим. Лекин ҳозир Бухорода дарс йўқ. Шерикларимдан тўрт киши Балх шаҳридағи Мозори Шарифға бормоқни қасд қилғон эканлар. Мен ҳам шулар билан бормоқни истадим. Ҳазрати Эшоннинг ҳузурларига кириб шу мақсадимни айтдим.
Ҳазрати Эшон айтдиларки: «Мозори Саҳида бизни муридлар бор, ўзи аҳли давлат одам. Бир омонат бераман, шу одамға олиб бориб берасиз. Ул одам сизни кўп ҳурмат қилади, жой беради», деб бир рисолаи форси Анфос номли ва кулоҳ дўппи омонат бердилар. Мозори Шарифға жўнадик. Амударёдан кема билан ўтуб, эшак кира қилиб, Мозори Саҳига бордик. Мозорда зиёрат қилиб бўлғондин кейин, шул мозорда ётиб қолдим. Шерикларим мендан ажраб кетди. Кундузи мозорни айланиб юргон эдим, бир болахонадан қори болаларни овози чиқиб турубди. Болахонага чиқдим. Бир мўйсафид домла ўтирган эканлар, йигирма чоғлик қори болалар Қуръон ўқуб ўтирган эканлар. Қори мендан сўрадилар: «Сиз қаердан келдингиз?» деб. Мен айтдим: «Бухородан келдим». «Қоримисиз?» деб сўрадилар. Мен: «Қориман» деб жавоб бердим. «Бутун ҳифз қилғонмисиз?» деб сўрадилар. Мен: «Мураттабман, бутун ҳифз қилғонман» деб жавоб бердим. Қори домла айтдилар: «Сураи Марямни бошдан қироат қилинг».
Мен бир саҳифа қироат қилиб бердим. Қори домла менинг қироатимға кўп таҳсин айтдилар. Кейин айтдиларки: «Сизга мана шу мозордан бир ҳужра олиб бераман, иккита қори болани хизматингизға қўяман, икки маҳал овқат олиб келиб беради, эрта билан чой-нон, ҳаммасини муҳайё қилади. Сизнинг вазифангиз шулки, мен ўз ишимға борганимда ўрнимда ўтириб қори болаларға сабоқ берасиз». Мен айтдим: «Мен ўқувчи толиби илмман, дарсим нима бўлади?» Кейин қори домла айтдилар: «Бу мозорда дарс айтгувчи машҳур зот борлар. Шу зотға сизни топширамиз. Дарсингиз ҳам давом этади».
Хулоса шулки, менга бир ҳужрани очиб берди, икки қори болани муқаррар қилди. Улар менга овқатлар олиб келар эди. Ман қори домлани ўринларида гоҳ-гоҳ бир жойға кетиб қолсалар қори болаларға таълим берар эрдим. Мени қори домла олиб бориб, машҳур домла Ҳазрати муборак — номлари Мирмуҳаммад  Ғавс Саидзод деб аталаркан – шу домлаға топшурдилар. Қози домла мендан сўрадилар: «Бухорода нима дарсдан ўқуғонсиз?» деб. Мен: То Шарҳи Муллоға қадар дарсларни ўқуганман» дедим.
Мендан Кофияни мадҳаси исмдан имтиҳон қилиб кўрдилар. Мен ҳеч саволлариға жавоб беролмадим. Яна мендан илму Сарфдан савол қилдилар. Мунга ҳам жавоб беролмадим. Кейин «Эълолия қилғонмисан сарфларни?» дедилар. Мен: «Йўқ» деб жавоб бердим. Қози домла айтдиларки:  «Ҳамма ўқуғон дарсларингиз бекор экан, бошдан ўқийсан. Ундан кейин мен сенга Мўзини, Занжони ўқитарман». Мени аъми қорини олдига юбордилар. Йигирма тўрт боб Мўзини эълол қилиш керак экан. Бир жамоа Сарфни ўқувчиларға мени шерик қилиб қўйди. Эълол тожикча бўлар экан. Ман тожикчани камроқ билар эдим. Мен ниҳоят даражада қийналдим. Дафтарға ёзуб юруб ўқуғон дарсимни ёд қилар эдим. Олти ойда эълол қилиб тамом қилдим. Мен кўб ўз ҳолимдан таъсирланиб, Шарҳи Муллоғача ўқуғон бўлсамда, яна қайтиб мубтадийлар қаторида бошдан тушдим. Уч йил қилғон таҳсил ҳаммаси бекор бўлди. Эълолни тамом қилғондан кейин қози домланинг олдилариға келдим. Қози домла имтиҳон қилиб кўрдилар: «Яхши» деб баҳо бердилар. Қози домла олдиларида Мўзини бошладим, андек вақтда Мўзини тамом қилдим. Кейин Занжони ўқудум, уни тамом қилиб, Марроҳил Арвоҳ ўқудум. Бир тарафдин Авомил ўқудум таркиби била ўқуб тамом қилдим, Ҳаракот ўқудум. Кейин Ҳидоятул Наҳв ўқудум. Кейин Кофия ўқудум. Бир йилда шуларни ўқуб тамом қилиб, Шарҳи Мулло бошладим. Менинг бу ўқушум энди бошқача эрди. Дарсларни яхши тушунар эдим. Яхши фаҳмлаб ўқур эдим. Шу билан бирға Мантиқни Исоғувчи Мезонул Мантиқ, Мирқотил Мезонил Мантиқни, Шарҳи бадийи Мезон, Таҳзиб шарҳи билан Шамсия, қутбия, Суллам шарҳи билан, Бедил Шарҳи билан. Мирзо Бедилни қози домланинг ҳузурларида тамом ўқудум. Дарс нима эканиға энди тушундим.

ДАВОМИ БОР...

👉@diyonatli
👍2
СОҒЛОМ ҚАЛБ

Ибн Қаййум раҳматуллоҳи алайҳ айтди: “Соғлом қалб ширк, гина, адоват, ҳасад, бахиллик, кибр, дунёга, мансаб ва мақомга ҳирс қўйишдан соғлом бўлган қалбдир. Аллоҳ таолодан узоқлаштирадиган ҳар бир офатдан, Унинг хабарига зид ҳар қандай шубҳадан, амрига қарши ҳар қандай шаҳватдан, Унинг розилигига хилоф ҳар қандай истакдан, Аллоҳ таолодан узадиган ҳар қандай нарсадан соғлом қалбдир. Қалб беш нарсадан саломат бўлмагунча, унинг соғлиги мукаммал бўлмайди. Булар тавҳидга зид ширк, суннатга хилоф бидъат, Аллоҳ таолонинг амрига хилоф хоҳиш, зикрга қарши ғафлат, ихлосга зид ҳою ҳаваслардир. Мана шу беш нарса Аллоҳ таолодан тўсувчи пардалардир. Улардан ҳар бирининг тагида бир неча турлар бор. Ҳисобига етиб бўлмайдиган тармоқларига эга. Шунинг учун банданинг Аллоҳ таолодан тўғри йўлга ҳидоят қилишини сўрашга эҳтиёжи ва зарурияти каттадир. Банда бошқа дуога бунчалик муҳтож эмас ва унга бундан фойдалироқ нарса йўқ.

👉@diyonatli
👍3
ЗУЛЖАЛОЛДАН СЎРАШ

Аллоҳ таоло айтди:

الَّذِي خَلَقَ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضَ وَمَا بَيْنَهُمَا فِي سِتَّةِ أَيَّامٍ ثُمَّ اسْتَوَى عَلَى الْعَرْشِ الرَّحْمَنُ فَاسْأَلْ بِهِ خَبِيرًا (٥٩)

У осмонлар ва ерни ҳамда уларнинг орасидаги (барча) нарсаларни олти кунда яратиб, сўнгра Арш узра «муставий» бўлган зотдир. У Раҳмондир. Бас, У Зот ҳақида хабардор (билимдон киши)дан сўранг! (Фурқон сураси, 59-оят).

Агар назар солувчи чарчаса ва назар солаётган нарса ҳақида ҳайратда қолса, у вақтда дарҳол бу ҳақда у илм аҳлидан сўрасин. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло бандаларини шундай қилишга далоат қилади ва уларни шунга йўллайди.

Аллоҳ таоло айтди:

فَإِن كُنتَ فِي شَكٍّ مِّمَّا أَنزَلْنَا إِلَيْكَ فَاسْأَلِ الَّذِينَ يَقْرَءُونَ الْكِتَابَ مِن قَبْلِكَ لَقَدْ جَاءَكَ الْحَقُّ مِن رَّبِّكَ فَلَا تَكُونَنَّ مِنَ الْمُمْتَرِينَ (٩٤)

(Эй Муҳаммад!) Агар Сизга нозил этган нарса (тарихий воқеалар) хусусида шубҳа қилсангиз, Сиздан олдинги Китобни ўқийдиганлардан сўранг! Роббингиздан Сизга ҳақиқат (ваҳий) келгандан кейин (энди) сира шубҳаланувчилардан бўлманг! (Юнус сураси, 94-оят).

"Шажаратул маориф" китобидан.

👉@diyonatli
👍4
ПАРҲЕЗКОРЛИК ВА ТАҚВОДА НАФСГА ЛАЗЗАТ ЙУҚ

Тажриба шунга шоҳидки, инсон учун ибодатларни адо қилиш тақво қилиш, яъни ҳаром ва макруҳлардан сақланишчалик қийин бўлмайди. Сабаби шуки, ибодат вужудий (бор) нарсадир. Яъни кўрувчи одам уни кўра олади. Амал қилаётган инсоннинг ўзи ҳам қилаётган амалидан нафси лаззатланади. Тақво парҳезкорлик эса ундай эмас. Чунки, у адамий (йўқ) нарсадир. Ҳаром ва макруҳ ишларни тарк қилишнинг номи тақводир. Унда бирор иш қилишга ҳам тўғри келмайди, уни бирор киши кўрмайди ҳам. Шунинг учун ибодат қилишдан кўра, гуноҳни тарк қилиш машаққатлироқ дейилади.

"Мажолиси ҳакимул-умма" китобидан.

👉@diyonatli
👍1
МАВЛАВИЙ ҲИНДИСТОНИЙ ДОМЛАНИНГ БОШДАН КЕЧИРГАНЛАРИ
6-ҚИСМ

Шу вақтларда дадамиз мени истаб Бухороға келғон эканлар. Бухородан Мозори Шарифға борганимни эшитиб, Мозори Шарифға келдилар. Энди бу орада Мирзо Муҳаммад Қосимбойни топиб, Ҳазрати Эшоннинг омонатларини топшурдим. Мирзо Муҳаммад Қосимхоннинг ўзининг солғон масжиди бор экан. Шу масжиднинг ҳужраларидан бировини менга бериб: «Шу ерда истиқомат қилинг. Сизнинг тамоми заруриятларингиз бизнинг зиммамизда», деди. Мозордан кўчуб, масжиднинг ҳужрасида истиқомат қилдим. Дадамиз келғонларида ушбу масжидда истиқомат қилар эдим.
Мана шу йил ўн еттинчи йил бўлуб, инқилоб боши экан. Дадамиз менинг ҳолимни кўруб, хурсанд бўлуб: «Мен сени олиб кетмоқ учун келдим. Энди кўрсам бу жойда тинч, дарс ўқуб турубсан экан. Эмди мен сени олиб кетмайман. Шу ерда истиқомат қилаверасан», дедилар. Мени ташлаб кетдилар, холос. Хуллас, икки йил Мозори Шарифда истиқомат қилдим. Рамазон ойларида Мозори Шарифда хатмға ўтдим. Қози домламизнинг талаблари билан ҳовлиларида хатм қилдилар. Унда ҳам хатмға ўтдим. Қози домламиз кўб шогирд қилмас эдилар. Шогирдлари 6-7 дан ошмас эди. Уларнинг ичларида муттадийси мен эдим. Бошқалар ҳаммалари Шарҳи Аъқоид ўқур эрдилар. Қози домланинг шогирдларнинг ичларида бир афғон толиби илм бор эдилар. Машҳур Мулло Фақир деб аталар эдилар. Ўзи Шарҳи Аъқоид ўқур эди ва ажойиб тарки дунё жозибалик художўй зот эдилар. Қози домламиз бу толиби илмни ниҳоятда ҳурмат қилар эдилар. Бир ажойиб вилоятға етғон зот эдилар. Кундузи дарсға келиб, дарс ўқуб бўлуб, кечаси қабристонда ётар эдилар. Бу зотнинг сифатларини айтиб тамом қилиб бўлмайди.
Қози домламизға бир ҳодиса бўлуб қолди. У ҳам бўлса, Афғонистондан Бухоро томонға сургун бўлдилар, давлат томонидан. Шу ҳолда ҳамма талабаларға руҳсат бердилар, магар уч кишига руҳсат бермадилар. Бири Мулло Фақир, унга: «Мени бирла борасан», дедилар. Менга ҳам руҳсат бермадилар. Бухороға кетишга мажбур бўлдик. Қози домламизнинг фарзандлари йўқ эди. Бир ўғиллари олим бўлуб, илмни тамом қилгандан сўнг ўн саккиз ёшида вафот қилган эканлар. Шу боланинг фироқида онаси ҳам вафот қилғондан кейин қози домла бир аёлни олдилар. Бундин ҳали бола бўлмағон. Шу аёлларини бирға олиб, у аёлнинг укаси қайнағалари бирла бизлар икки киши бешта отға минғон ҳолда Амударёдин ўтуб Қаршиға келдик. Қаршида бир уч кун туруб, Бухороға келдик. Ҳазрати Баҳоваддинни зиёрат қилиб, хотунларини бир шайхнинг уйиға қўйиб қози домламиз, мулло Фақир, мен уч киши Бухороға келдик.
Бухорода Афғонистондан келиб қолғон бир киши, шу одамнинг ҳовлисида меҳмон бўлдик. Бу одам маддоҳлик қилар экан. Лаби Ҳовуз, Девонбегида сўз қилар экан. Ўтган толиби илмларға хабар бериб: «Бир алломаи замон Афғонистондан келғон, ҳар ким дарс ўқуса, бизнинг уйға борсунлар» деб.
Андек вақтда қози домла машҳур бўлуб кетдилар. Амир Бухоронинг бир вазирлар бор эканлар, Мир Салим деган. Қози домлаға мухлис бўлуб, бир ҳовлиға тушурди. Қози домла аёлларини олиб келиб шу ҳовлида истиқомат қилдилар. Жамоа-жамоа бўлуб талабалар дарс бошладилар. Қози домла тўрт ой Бухорода дарс айтганларида сўнг ёз бўлуб, Бухоро иссиқ бўлуб кетди. Шунда мулло Фақир қози домладан руҳсат олиб, яна Афғонистонға қайтиб кетди. Қози домла Бухоронинг ҳавоси, иссиғи ёқмай, иситма касали бўлуб қолдилар. Тошкентдан келғон савдогар бойлар қози домлани Тошкентға таклиф қилди. Қози домла мени олиб Тошкентға кетдик. Аёллари Бухорода қолди.

ДАВОМИ БОР...

👉@diyonatli
👍3
ҚУРЪОН ҚАЛБИНИ ЗАБТ ЭТГАН ЙИГИТ

Имом Саълабий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Абу Муҳаммад Халил ибн Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Масъуд Музаккар раҳимаҳуллоҳнинг бундай деганларини эшитдим: “Баъзи улуғлардан бундай ҳикоя келтирилган:
“Мансур ибн Аммор айтади: “Бир хароба жойга кирдим. У ерда қўрқув билан намоз ўқиётган йигитни кўрдим. Ичимда: “Албатта, бу йигитда бир гап бор. Эҳтимол, у Аллоҳ азза ва жалланинг валий дўстларидан бўлса”, дедим. Намоз ўқиб бўлгунича кутиб турдим. Намозидан салом бергач, унга салом бердим. У алик олди. Унга: “Жаҳаннамда бир водий борлигини билмадингиз-ми? Аллоҳ таоло у ҳақида бундай деган:

كَلَّا إِنَّهَا لَظَى

“Йўқ! Албатта у (жаҳаннам) кучли алангадир”.

نَزَّاعَةً لِّلشَّوَى

“Бошнинг терисини сидириб олувчидир”. (Бош териси шилиб олинган дўзахийга Аллоҳ таоло яна янги тери ато этади. Жаҳаннам ўти эса яна уни шилиб олади ва шу тариқа тўхтовсиз давом этаверади.)

تَدْعُو مَنْ أَدْبَرَ وَتَوَلَّى

“У чақирадир; орқага кетган ва юз ўгирганни” (Маориж сураси, 15-17-оятлар).

Оятни эшитган йигит чуқур нафас олди-да, ҳўнграб йиғлаб юборди, оҳ тортди-ю, ҳушидан кетди. Ўзига келганда, менга: “Яна Қуръон оятидан ўқиб беринг!” деди. Мен:

وَقُودُهَا النَّاسُ وَالْحِجَارَةُ

“Ёқилғиси одамлар ва тош бўлган” (Бақара сураси, 24-оят) деган оятни ўқидим. Оятни эшитиши биланоқ жони узилиб, ерга йиқилди.
Либосини кўтариб, кўксини очсам, кўкраги устига:

فَهُوَ فِي عِيشَةٍ رَّاضِيَةٍ

"Бас, у розилик ҳаётидадир”

فِي جَنَّةٍ عَالِيَةٍ

“Олий жаннатдадир”

قُطُوفُهَا دَانِيَةٌ

“Унинг мевалари яқиндир” (Ҳааққоҳ сураси, 21-23-оятлар)деган оятлар ёзилганини кўрдим.

Кеч бўлгач, уйқуга ётдим. Тушимда уни тўшак устида, бошига тож кийиб ўтирган ҳолда кўрдим. Ундан: “Аллоҳ таоло сени нима қилди?” деб сўрадим. Шунда у: “У Зот менга Бадр аҳлининг савобини берди ва яна зиёда қилди”, деб жавоб берди. Мен яна ундан: “Нега сенга уларнинг савоби мислича савоб берди?” десам, у: “Чунки улар кофирларнинг қиличлари билан ўлдирилдилар. Мен эса Маликул Ғаффорнинг қиличи билан ўлдирилдим”, деб жавоб берди.

Ушбу қиссани олим Ёфиъий “Ровзур раёҳийн фий ҳикаятис солиҳийн” китобида келтирган.


“Қуръон ошиқлари” китобидан.

👉@diyonatli
👍2
БОРЛИКДАГИ БАРЧА НАРСАНИНГ АЛЛОҲГА ТАСБЕҲ АЙТИШИ

Аллоҳ таоло улуғлиги камоли, мулки, иззати тугаллиги сабаб осмон, ер, тоғлар, дарахтлар, қуёш, ой, ҳайвонлар, қушлардан иборат барча мавжудотлар тасбеҳ айтади.
«Етти осмон, Ер ва улардаги бор жонзот Унга тасбеҳ айтур. Мавжуд бўлган барча нарса ҳамд билан Унга тасбеҳ айтур”. Лекин сизлар уларнинг тасбеҳларини англамайсиз. Дарҳақиқат, У ҳалим ва кечиримли Зотдир» (Исро сураси, 44-оят).

«Биз Довудга (улуғ) фазл (мартаба) ато этдик: «Эй, тоғлар ва қушлар! (Довуд) билан бирга тасбеҳ айтингиз!» (Сабаъ сураси, 10-оят).

«Тоғлар ва қушларни Довуд билан бирга тасбеҳ айтадиган қилиб бўйин сундириб қўйдик. Биз шундай қила олувчидирмиз» (Анбиё сураси, 79-оят).

«Биз тоғларни кечки пайт ва эрталаб (мудом) у (Довуд) билан бирга тасбеҳ айтадиган қилиб, бўйин сундириб қўйдик» (Сод сураси, 18-оят).

Бу оятлар борлиқдаги барча нарса Аллоҳга тасбеҳ айтишини билдиради. Гарчи биз уларнинг тасбеҳини тушунмасак ҳам ҳайвонлар, ўсимликлар, тоғу тошлар ва Аллоҳ таоло яратган барча нарса тасбеҳ айтади. Уларнинг тасбеҳ айтиши ҳол юзасидан эмас, балки сўз, лафзлар биландир. Лекин оддий одамлар уни тушунмайди.
Довуд алайҳиссаломга мўъжиза қилиб тоғлар ва қушлар у билан тасбеҳ айтган бўлса, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳам берилган мўъжизалар ичида тошлар, таомнинг тасбеҳ айтиши мавжуд.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар. «Биз ғайри табиий воқеа-ҳодисаларнинг (баъзисини) Аллоҳ таолонинг баракоти туфайли рўй беради, деб ҳисоблар эдик. Сизлар эса, уларнинг барчасини (Аллоҳ таоло ўз бандаларини) қўрқитиб қўйиш учун содир қилади, деб ҳисоблайсизлар. (Масалан, Жаноб Расулуллоҳнинг кўп сонли қўшинни озгина таом билан тўйдира олганлари Аллоҳ таолонинг баракоти туфайлидир. Қуёш ёки Ойнинг тутилиши эса, Аллоҳ таолонинг ўз бандаларини қўрқитиб қўйишидир).
Биз бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга сафарда ғазотда бўлдик. Шунда сувимиз оз қолган бўлиб, Жаноб Расулуллоҳ: «Қолган сувни келтиринглар!» дедилар. Сўнг, у зот бир идишда озгина сув келтиришгач, муборак қўлларини идишнинг ичига тиқдилар-да: «Муборак покловчи сувга ошиқинглар, барака эса, Аллоҳ таолодандир!» - деб марҳамат қилдилар. Шундан сўнг, мен жаноб Расулуллоҳнинг бармоқлари орасидан сув отилиб чиқаётганини кўрдим. Кўпинча биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида ейилаётган таомнинг Аллоҳ таолога тасбеҳ айтаётганини эшитар эдик» (Имом Бухорий ривояти).
Бошқа ҳадисларда эса Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қўлларидаги тошларнинг тасбеҳ айтиши зикр қилинган.

Шайх Муҳаммад Мутавалли ШАЪРОВИЙ


👉@diyonatli
👍4
ЖАҲОЛАТЛАРНИНГ ЗАРАРИ ҲАҚИДА

Жаҳолатларнинг энг ёмони инсоннинг Буюк Дайёндан ва Қуръони Карим ҳукмларидан, Аллоҳ таоло тоат ва иймон аҳлига жаннатларда ҳозирлаган нарсаларидан, жаҳл ва исён аҳлига дўзахларда тайёрлаган нарсалардан жаҳолатда бўлишидир.
Аллоҳ таолодан бехабар жаҳолатда бўлиш ирфон самараларининг зиддини ҳосил қилади. Оташи дўзахда қолишига ва Раҳмоннинг азобига олиб келади.
Баъзи сифатларни билмаслик дунё ва охират яхшиликларидан бўлган мазкур сифатларнинг маърифати самараларининг зиддиларини ҳосил қилади.
Ҳукмларни билмаслик эса гуноҳларни касб этишга, ҳаромни тановул қилишга, одамларга зулм қилишга, намоз ва рўзани зое қилишга сабаб бўлади.
Бу дунёни паст фоний эканини билмаслик, унда абадий қолиш самарасини беради.
Охират дунёсининг нафислигини билмаслик, бу дунёни ундан ортиқ билиш самарасини беради.
Аллоҳ таолонинг айёмлари, яъни неъматлари қадрини билмаслик ғафлат ва ғурурни, Аллоҳ таолога гуноҳ ишларни қилишга журъатни ҳосил қилади.

"Шажаратул маориф" китобидан.

👉@diyonatli
👍4
ФАРЗАНДИ ВАФОТ ҚИЛГАН КИШИНИНГ МУКОФОТИ ҲАҚИДА

Муслим Абу Ҳассондан ривоят қилади: "Мен Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳуга икки ўғлим вафот қилганини айтиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан у иккови туфайли нафсимизни шодлантирадиган ҳадисни сўйлаб беришини сўрадим. У зот: "Уларнинг кичиклари жаннатнинг даомисларидир (даомис — сувда юрадиган кичик ҳайвон), улардан бири отасини ёки ота-онасини кутиб олади ва кийимидан ёки қўлидан, мен сенинг мана бу кийимингдан ушлаганим каби, ушлайди, сўнг Аллоҳ уни ва ота-онасини жаннатга киргизади", дедилар".

Абу Довуд Таёлисий Шуъба Муовия ибн Куррадан, у отасидан ривоят қилади: "Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига ансорлардан бир киши ўғли билан тез-тез келиб турар эди. Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишидан: "Ўғлингни яхши кўрасанми?" деб сўрадилар. У: "Ҳа", деб жавоб берди. "Сен уни яхши кўргандек, Аллоҳ сени яхши кўрсин", дедилар шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам. Сўнг у киши бир муддат кўринмай қолди. Уни суриштирган эдилар, ўғилчаси вафот қилганини айтишди. (У келгач) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Жаннат эшикларидан бирига етганингда, у югуриб келиб, эшикни сенга очишига рози бўлмайсанми?!" дедилар. Атрофдагилар: "Эй Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, бу фақат унга тегишлими ёки ҳаммамизгами?" деб сўрашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
"Ҳаммаларингизга", дедилар".

Убода ибн Сомитдан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
"Нифослик аёлларнинг (яъни, янги туққан аёлнинг ҳали нифосдан покланмай туриб вафот этган) боласи қиёмат куни уларни шодлик билан жаннатга етаклайди" (Абу Довуд ривояти).

Бу ҳадис мўминлар болалари жаннатда эканига далолат қилади. Илм аҳлидан кўпчиликнинг сўзи ҳам шу, Аллоҳ таолонинг ушбу: "Ўзлари иймон келтириб, зурриётлари ҳам уларга иймон билан эргашган зотларга (ўша) зурриётларини қўшдик" (Ват-тур, 21), оятининг зоҳири ҳам шу маънони тақозо қилади.

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
"Кимнинг балоғатга етмаган уч фарзанди вафот қилса, унга дўзахдан тўсиқ бўлишади ва у жаннатга киритилади" (Бухорий ривояти).

Ибн Масъуддан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: "Ким эсини танимаган боласидан учтасини бериб қўйса, улар ота-онаси учун дўзахдан мустаҳкам қўрғон бўладилар". Абу Зарр шунда: "Иккита боласи ўлган бўлсачи?" деб сўради. У зот: "Иккита бўлса ҳам", дедилар. Сўнг қориларнинг саййиди Убай ибн Каъб: "Битта бўлса-чи?" деди. "Битта бўлса ҳам. Лекин дастлабки лаҳзадаёқ сабр қилган бўлса", дедилар (Термизий, Ибн Можа ривояти).

Бу ҳадисларнинг ҳаммасида мусулмонларнинг гўдаклари жаннатда бўлишига далил бор. Чунки болалар раҳмат қилинганлари туфайли оталари ҳам раҳмат қилиняпти. Болалар раҳмат қилинмаган бўлса, оталарига шафоатчи қилиниши мумкин бўлмаган ишдир.

ИМОМ КУРТУБИЙ «АТ-ТАЗКИРА» КИТОБИДАН.

👉@diyonatli
👍2
АЛЛОҲ ТАОЛО ДИЛЛАР ЯШИРАДИГАН НАРСАЛАРНИ ҲАМ БИЛУР!

Аллоҳ таоло қуйидагиларни айтади:
"У сизни ўзингиз (намоз учун) тураётган вақтингизда ҳам, сажда қилгувчилар (намоз ўқувчилар) орасидан кўчаётган (вақтингизда ҳам) кўриб турур"
(Шуаро сураси, 218-219-оятлар).

"Сизлар қаерда бўлсангизлар, у сизлар билан биргадир"
(Ҳадид сураси, 4-оят).

"Албатта Аллоҳга на ердаги ва на кўкдаги бирон нарса махфий эмасдир"
(Оли Имрон сураси, 5-оят).

"Шак-шубҳасиз Парвардигорингиз (барча нарсани) кузатиб тургувчидир"
(Вал-Фажр сураси, 14-оят).

"(Аллоҳ) кўзларнинг хиёнатини (яъни, қараш ҳаром қилинган нарсага ўғринча кўз ташлашни) ҳам, диллар яширадиган нарсаларни ҳам билур"
(Ғофир сураси, 19-оят).


Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Бир киши: "Сизлар баъзи амалларни қиласизлар. У сизларнинг наздингизда соч толасидан ҳам нозикроқдир. Биз эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларида буларни ҳалокатга элтувчи амаллардан деб санардик" дедилар.
Имом Бухорий ривояти.

"Риёзус Солиҳийн" китобидан.

👉
@diyonatli
👍1
ОҒРИҚНИ КЕТКАЗАДИГАН
ДУОЛАР


Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бетоб зиёратига борганларида ёки у зотнинг олдиларига бетоб келса, қуйидаги дуони айтардилар:

“Азҳибил баъса. Роббан наси. Ашфи анташ шафи, ла шифаа илла шифаука шифаан ла юғодиру сaқоман”.

Маъноси: “Эй инсонларнинг Робби, ёмонликни кетказ. Шифо бер. Сен шифо бергувчисан. Дарду аламни
қолдирмайдиган малҳамни Сен бергувчисан” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Пайғамбар алайҳиссалом Маймуна бинти Убай розияллоҳу анҳога бундай деб айтдилар: “Ўнг қўлингни сенга оғриқ бераётган жойга қўй ва уч марта айт:

“Бисмиллаҳ. Аллоҳумма давини бидавайка. Вашфини бишифаика. Baaғнини бифазлика амман Сивака. Ваҳдир анни азака”.

Маъноси: “Аллоҳнинг исми билан сўрайман. Эй Аллоҳ! Давоинг билан менга шифо бер. Шифоинг билан мени давола. Фазлинг ила Ўзингдан бошқалардан мени беҳожат қил. Мендан азиятингни узоқ қил, кетказгил".

Расулуллоҳ алайҳиссалом Маймуна розияллоҳу анҳога яна айтдилар: “Қўлингни оғриғинг бўлаётган ерга қўйва уч марта айт:

“Бисмиллаҳ. Азҳиб анний шарра ма ажиду. Бидаъвати набиййикат тоййибил мубарокал мискийна индика. Бисмиллаҳ”.

Маъноси: “Аллоҳнинг исми билан сўрайман. Эй Аллоҳ! Мендаги ёмон дардларни мендан кетказ. Ўзингнинг яхши, муборак ва мискин пайғамбаринг дуоси орқали Сенинг исми билан сўрайман" (Ибн Асокир ривояти).

Пайғамбар алайҳиссалом безгак ва барча касалликларда асҳобларига қуйидаги дуони ўқишни ўргатардилар:

“Наъузу биллаҳил ъазийм мин кулли ирқин наъаарин ва мин шарри ҳаррин нари".

Маъноси: “Буюк Аллоҳнинг исми ила юқори қон босимидан ва ўт балосидан паноҳида асрашини сўраймиз" (Имом Аҳмад ва Имом Термизий ривояти).

«Шифо оятлари ва маъсур дуолар» китобидан.


👉@diyonatli
👍1
Media is too big
VIEW IN TELEGRAM
Қўйнинг закоти | Абдул Ҳамид домла
"Кифоя" китобидан

👉 @diyonatli
👍3
МАВЛАВИЙ ҲИНДИСТОНИЙ ДОМЛАНИНГ БОШДАН КЕЧИРГАНЛАРИ
7-ҚИСМ

Тошкентнинг ҳавоси ёқиб, касалдан тузук бўлуб қолди. Ҳалиги таклиф қилғон бойлар қози домладан илтимос қилишди. Тошкентда турунг дейишди. Кўкалдош мадрасасида дарс айтишға муқаррар бўлдилар. Кейин ҳовли топиб бердилар. Аёлларини ҳам олиб келдилар.
Шу вақт Афғонистон подшоси ўлдурулуб, ўрниға боласи Омонуллоҳ деган ўғли подшоҳ бўлди. Бу подшоҳ Совет ҳукумати билан битим тузуб, консул юборди. Тошкентға консул қози домлани чақириб, подшоҳнинг фармонини берди. Қози домлани қайтиб Афғонистонға подшоҳ талаб қилди. Консул айтди: «Сизға йўл ҳаражоти берамиз, қайтиб Афғонистонға борасиз».
Шу билан қози домла хотунларини қайноғалари билан қолдириб, мени олиб икки отға миниб Қобулға жўнадик. Қобулға борғондан кейин қози домлани подшоҳ ҳузурига чақириб, Жалолобод шаҳриға «қози» қилиб юборди. Мен бирла қози домла Жалолобод шаҳриға келдик. Қобулда турғон вақтимизда қози домлани отлари бор эди. Саройға бойлағон. Ман минғон отни сотдик. Қози домла минғон отни қолдирдик. Бир кун шу турғон саройға Мулло Фақир кириб келди. Қози домлани зиёрат қилди. Қози домладан илтимос қилдики: «Мени турғон қишлоқда ҳам ҳашак сероб, қорини ҳам олиб, отини ҳам олиб қишлоқға борсам, бир ой олиб турсам, от ҳам яхши семириб қолар эди». Қози домла: «Хўп» деб руҳсат бердилар. Қобул шаҳридан бир ўттиз километр ташқарида, тоғнинг ичида «Сабз» деган қишлоқ экан. Шу қишлоқда бир ой турдик. Обу ҳавоси жуда яхши экан, салқин, тоғдан сув тушади, ниҳоятда совуқ тутлар пишғон вақти экан. Мулло Фақир масжидда ибодат қилиб ўтирар экан. Қишлоқ халқи бола-чақаси билан мухлис экан. Бир ойдан кейин қайтиб Қобулға келдик. Мулло Фақир яна хайрбод қилиб ажраб қолди.
Қози домла Жалолободға қози бўлғонидан кейин йўлда бир қишлоқда Нақиб Соҳиб деган бир Пир бор экан. Ўзлари араб Боғдаддан келғон эканлар. Қози домла Нақиб Соҳибни зиёрат қилмоқ учун шу қишлоқға келдилар. Пир боғларида ўтирган эканлар. Бу Пирға подшоҳ ҳам мурид экан. Кириб зиёрат қилдик. Қози домла Нақиб Соҳиб билан арабча сўзлашдилар. Бир соат суҳбат қилдилар. Кейин рухсат олиб Жалолободға жўнадик. Қишлоқ аҳлининг ҳикоя қилишича бу зот соҳиби каромат эканлар.
Жалолободда қози домламизға давлат тарафидан ҳовли берилди. Қози домламиз кундузи маҳкамаға борар, кечқурун мен овқат тайёрлаб турар эдим. Эрта била менинг дарсимни айтиб маҳкамага кетардилар. Шу тариқада тўрт ойдан кейин қози домланинг аёллари ҳам подшоҳнинг харажоти билан Тошкентдан етиб келдилар.

ДАВОМИ БОР...

👉@diyonatli
👍1
Abdul Hamid domla - Homilani oldirishning hukmi
DIYONAT.UZ
Ҳомилани олдиришнинг ҳукми | Абдул Ҳамид домла

👉 @diyonatli
👍1
РОБИТАИ МАВТ

Қувайтлик адиба Нодия Жоруллоҳ раҳимаҳуллоҳ вафот этди. Ўлимидан олдин қуйидагиларни ёзиб қолдирди: «Ўлишимдан ташвишланмайман. Чириб кетадиган жасадим учун ғам чекмайман. Мусулмонлар керакли ишларни қилишади барибир: кийимларимни ечишади; ювишади; кафанлашади; уйимдан чиқаришади; янги масканимга олиб боришади. Жанозамда кўп кишилар бўлади. Улар мени дафн қилиш учун ишларини, ваъдаларини ташлаб келишади. Кўпчилиги ҳатто бирор кун менинг насиҳатим ҳақида фикрламаган.
Нарсаларим қолади. Калитларим, китобларим, жомадонларим, оёқ кийимларим ва ҳоказо...
Оилам бир қарорга келишса, менга фойда берсин деб нарсаларимни садақа қилишади. Дунё мен билан хафа бўлмаганидек, менсиз ҳам ҳаёт тўхтаб қолмаслигига, иқтисод давом этишига, лавозимимга бошқа одам тайинланишига, мол-дунём меросхўрларимга тақсимланишига ишонишади. Аммо молимнинг ҳисобини мен бераман. Кўпини ҳам, озини ҳам... Арзимасини ҳам, қадрлисини ҳам...
Ўлганимдан сўнг мендан кетадиган аввалги нарса исмим бўлади. Мени “маййит” дейишади. Исмимни айтишмайди. Жанозамни ўқиётганда “тобутни олиб келинг” дейишади. Исмимни айтишмайди. Шунинг учун мени насабим ва шуҳратим мағрурлантирмайди.
Бу дунё қанчалар арзимас! Бизни кутиб турган олам нақадар буюк!
Билки, сен учун маҳзун бўладиганлар уч қисм:
1. Сени юзаки танийдиганлар. Улар ўлган кунинг сенга бирров ачиниб, сўнг дарҳол унутишади.
2. Дўстларинг. Улар сал узоқроқ эслашади. Сўнгра ўз ҳаётларига, ҳатто кулгуларига қайтишади.
3. Уйдагилар. Улар чуқур қайғуради. Бир ҳафта, бир ой, бир йил... сўнгра сени ўз хотиралари қаърига улоқтиришади.
Одамлар орасидаги қиссанг шу билан тугайди. Ҳақиқий қиссанг охиратда бошланади. Сендан гўзаллигинг, молинг, сиҳҳатинг, фарзандларинг, уй-жойинг ва турмуш ўртоғинг ажраган. Фақат амалларинг қолган. Чин ҳаёт бошлагансан. Савол туғилади: Охиратга, қабрга нима ҳозирлагансан? Бу ўйлашга арзигулик ҳақиқат. Шунинг учун фарзларга, нафлларга, яширин садақаларга, солиҳ амалга, тунги намозга ҳарис бўл!
Шоядки, нажот топсанг...”

"Қалблардан сўранг" китобидан.


👉@diyonatli
👍2
🟢 ЖОНЛИ СУҲБАТ
Бугун, 28 февраль куни соат 15:00да @fitratuz телеграм каналида онлайн савол-жавоб бўлиб ўтади.

Саволларга Тошкент вилояти бош-имом хатиби ўринбосари Зиёвиддин домла Нортожиев жавоб берадилар.

Ўзингизни қизиқтирган диний саволларга жавоб олишингиз мумкин.

👉 @diyonatli
👍1
ЖАННАТ АҲЛИ

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бизлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида ўтирган эдик: “Ҳозир сизларнинг олдингизга жаннат аҳлидан бир киши келиб қолади”, – дедилар. Ансорлардан бир киши соқолидан таҳорат сувлари томиб, чап қўлига ковушини кўтарган ҳолда кириб келди. Эртаси куни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна ўша сўзни айтдилар. Яна ўша киши аввалги каби кириб келди. Учинчи куни ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна ўша сўзни айтдилар. Яна ўша киши аввалги каби кириб келди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўринларидан туриб кетганларидан сўнг Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумо ҳалиги ансорийнинг ортидан бориб:
– Мен билан отам орасида нур чиқиб қолди. Унинг олдига уч кунгача кирмасликка қасам ичиб қўйдим, агар хўп десанг уч кунни сенинг уйингда ўтказсам, – деди.
– Майли, – деди ансорий». Анас розияллоҳу анҳу айтади: «Абдуллоҳ айтиб юрар эди: “У билан бирга уч кечани ўтказдим. Бомдод намозига қадар ўрнидан турганини кўрмадим. Фақат кўрпасини ёпинса ёки бир ёнбошига ағдарилса, Аллоҳ азза ва жаллани зикр қилар ва “Аллоҳу акбар” деб қўяр эди.
– Яхшиликдан бошқа сўз айтганини эшитмадим, – дейди Абдуллоҳ. – Уч кеча ўтиб бўлди, менга унинг амаллари оз кўринди.
– Эй Аллоҳнинг бандаси, мен билан отам ўртасида низо ўтгани йўқ, – дедим. –Лекин мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳива саллам сен ҳақингда уч бора: “Ҳозир сизларнинг олдингизга жаннат аҳлидан бир киши келиб қолади”, деганларини эшитдим. Уч марта ҳам сен келдинг. Шунинг учун сенинг амалларингни кўргани уйингга киришни ихтиёр қилдим. Аммо сендан бирор катта амал содир бўлганини кўрмадим. Хўш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сен ҳақингда айтган сўзлардаги даражаларга етиштирган амал нима ўзи?
– У нарса мана шу сен кўрганингдан бошқа нарса эмас, – деди ансорий.
Мен ортимга қайтиб кетаётган эдим, чақириб:
– У нарса мана шу сен кўрганингдан бошқа нарса эмас, фақат бундан ташқари, мен ҳеч қачон бирор мусулмонга хиёнат ва фирибгарлик қилмадим. Бирорта мусулмонга Аллоҳ таоло ато қилган яхшиликка ҳасад қилмадим, – деди”.
– Ҳа, мана шу экан сени (жаннат башорати бўлишига) олиб келган! Мана шу экан бизларнинг тоқатимиз етмайдиган амал, – деди Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу».

👉@diyonatli
👍3