Piskent jome masjidi | Rasmiy kanal
2.68K subscribers
8.47K photos
4.39K videos
29 files
7.13K links
Ушбу каналда оят, ҳадислар, уларнинг шарҳлари, ибратли воқеалар, ҳикматлар, маърифий мақолалар ҳамда "Пискент" жоме масжиди имом хатиби Абдул Ҳамид домланинг маърузалари эълон қилиб борилади.
Download Telegram
​​​НАМОЗГА ЮК БИЛАН КЕЛГАНЛАР

Муаззин азон айтиб бўлгач, жоме имомининг олдига бир девонасифат йигит келди-да, «Ҳазрат, майлими сизлар билан биргаликда ибодат қилсам?», деди. Имомнинг бу девонани хафа қилгиси келмади, розилик берди.
-Фақат намозхонларга халақит бермагин, ўғлим. Бурчакроқда ибодат қила қол, - деди.
Девонасифат йигит қисинибгина бир бурчакка бориб ўтириб, жомега йиғилаётган одамларни диққат билан кузата бошлади. Намозхонларга олдинига ҳавас билан тикилаётган йигитнинг авзойи бирдан ўзгара борди. Энди у ҳар бир кишига кўзларини катта-катта очиб, ҳайратланиб қарар, нигоҳларида гоҳ ачиниш, гоҳ қизиқиш, гоҳ алам зоҳир эди...
Охири ортига тисарила-тисарила жомедан чиқиб кетди. Намоз бошланган вақтда эса, елкасида бир боғ ўтин билан, ҳаллослаб қайтиб келди. Туртиниб-суртиниб бир бурчакка ўтди-да, намоз бошлади. Ҳар саждага борганида елкасидаги ўтинлар тарақлаб тушар, намозхонларни роҳатсиз этар, атрофда безовталик бошланган эди...
Намоз тугади. Жомедагилар ғала-ғовур қилиб, бир телбани жомега киритгани учун имомдан норози бўлдилар. Имом нима гаплигини тушунолмай, кўзларини жавдиратиб турган девонасифат йигитнинг олдига келиб, сокинлик билан танбеҳ берди:
-Мени уялтирдинг-ку, ўғлим. Жомега ўтин орқалаб келганинг нимаси?! Бу ер Аллоҳнинг уйи, бунда одобсизлик қилиш мумкин эмас!..
Йигит уятдан қизариб кетди, кўзларидан алам ёшлари қуйилди. Елкасидаги ўтинларни ерга тарақлатиб ташларкан:
-Ахир... ахир мен сизларга ўхшамоқчи бўлдим... Жомега фақат ибодат учун кирилади, деб ўйлар эдим. Аммо ҳамма елкасида юк билан кирди. Ҳеч ким ибодат қилмади, елкасидаги юки билан овора бўлди! – деди ва атрофдагиларнинг «Астағфируллоҳ!», «Ё Худо, Ўзинг асра!», «Бу жиннига жомеда нима бор эди?!» дея ғала-ғовур кўтарганига парво қилмай, одамларни бирма-бир қўли билан кўрсата бошлади:
-Мана, ишонмасангиз ўзингиз қаранг, мана бу одамнинг елкасида бир қари кампир мингашиб ўтирибди...
Мана бу одамнинг елкасида товуқлар бор...
Буниси елкасига чиройли бир жувонни ўтқизиб олган...
Анави одамнинг елкасидаги гўдак тинмай чинқириб йиғлади, у одам гўдакни овутиш билан овора бўлди, ибодат қилмади...
Табиийки, одамлар у кўрсатганларни кўролмадилар, жумладан имом ҳам. Айримлар хахолаб кула бошлашди.
Аммо... йигит қўли билан кўрсатган одамларнинг ранглари қув ўчиб, тиллари лол, ўсал бир алфозга тушдилар. Улардан бири сал ўзига келиб, имомнинг қулоғига нимадир деди. Имом олдинига: «Йўғ-е! Ростданми?!» деди ҳайратланиб ва бироз ўйланиб тургач, секин йигитнинг олдига яқинлашиб, сўради:
-Айт-чи, ўғлим, менинг елкамда ҳам бирор юк борми?
Йигит имомдан кўзларини олиб қочди ва журъатсизгина:
-Албатта... Сиз ҳам ибодат қилмадингиз. Елкангизга семиз бир қўй мингашиб турибди, у билан овора бўлдингиз, - деди. Йигитга диққат билан тикилиб турган имом бу гапдан сўнг қўлларини кўтариб, фарёд урди:
-Ҳайҳот, у тўғри гапиряпти! Тўғри гапиряпти! Ё Аллоҳ! Биз гумроҳларни Ўзинг авф эт!..
Жомеда тўс-тўполон бошланди. Одамлар қўлларини силкитиб, бир-бирларига нималарнидир уқтиришар, кимдир силкиниб, унсиз йиғлар, кимдир бошини чангаллаб ўтирар, имом эса чўккалаб қолган, тинимсиз «Ўзинг кечир! Ўзинг кечир!» дер эди...

Маълум бўлишича, ўша куни имомнинг қурбонликка атаб боқаётган қўйи касалланиб қолган бўлиб, имом жомеда ҳам шунинг ташвиши билан банд бўлган, ҳатто намоз вақтида ҳам «Боргунимча ҳаром ўлиб қолса-чи», деган ташвишли хаёлдан қутулолмаган эди...
«Елкасига қари кампир мингашиб турган» кишининг онаси бетоб эди ва у «Ҳозир камхаржман, онам бандачилик қилиб қолсалар, маросимларини ​​қандай ўтказаман?!» деган ташвишда эди...
«Елкасида товуқ кўтарган» одам товуқ олиш учун бозорга кетаётган бўлиб, йўл-йўлакай ибодат учун жомега кирган, лекин фикри хаёли товуқ бозорида эди...
«Елкасига чиройли бир жувонни ўтқизиб» олган йигит яширин маъшуқасининг висолига шошилар, йўлда учраб қолган амакисининг қистови билангина жомега кирган эди... 
​​​Чин намоз

Халифа Ҳорун ар Рашид Рамазон кунларининг бирида масжидга кетаётган Баҳлул Девонага деди:
– Эй Баҳлул! Шом намозидан сўнг масжидда намозни адо этган барчани ифторликка олиб кел.
Шом кириб намоз ўқилди, намоздан сўнг Баҳлул Девона беш-олти киши билан бирга кириб келди.
Бундан ҳайратда тушган Ҳорун ар Рашид:
– Баҳлул бу нима қилганинг? Ахир, мен сенга масжидга келган барчани олиб кел дегандим. Атиги беш-олти кишини етаклаб келдингми? – деб сўради.
Баҳлул Девона эса шундай жавоб берди:
– Йўқ, сиз менга масжидга келганларни эмас, намозни адо этганларни олиб кел, дедингиз. Намоздан сўнг масжид эшигида турдим, чиқиб келаётган ҳар бир кишидан намозда қайси суралар ўқилганини сўрадим. Бу саволимга фақат мана шу мен билан келганларгина жавоб бера олишди. Масжидга келганлар кўп эди, аммо намозга келганлар фақат шулар экан.

Турк тилидан Гўзал Мирзаева таржимаси
«Абул Ос мен билан гаплашганда тўғри сўзлади ва ваъда берганида менга ваъдасининг устида турди»(Муҳаммад соллаллоҳу алайхи васаллам)/

Абул Ос Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларига нубувват юборилишидан олдин келди ва:

“Катта қизингиз Зайнабга уйланмоқчиман“, деди. (Одоб)

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

“У изн берсагина никоҳинга бераман“, дедилар. (Шариат) Ва Зайнаб розияллоҳу анҳонинг олдиларига кириб: “Холангни ўғли ёнимга келиб, исмингни айтди… Сен унга жуфт бўлишга розимисан?“, дедилар.

Зайнаб юзларини тўсиб табассум қилди. Зайнаб розияллоҳу анҳо Абул Осга кучли муҳаббат қиссасини бошлашлик учун турмушга чиқди. Ва у кишидан Али ва Умома исмли фарзанд кўрди.

Сўнг нубувват юборилгандан кейин катта мушкуллик юзага келди. (Ақийда).

Абул Ос сафарда эди, қайтиб келса аёли Исломни қабул қилибди.

Зайнаб розияллоҳу анҳо унга:

“Менда сизга буюк хабар бор“, деди. Эри бироз туриб, сўнг Зайнабнинг ёнидан кетди.(Эҳтиром)

Зайнаб розияллоҳу анҳо бундан даҳшатга тушди ва эрига: “Отам Набий бўлиб юборилдилар. Мен эса Исломга кирдим“, деганча уни ортидан борди.

Эри: “Мени аввал огоҳлантирдингми?“, деди.

Зайнаб розияллоҳу анҳо: “Мен отамни ёлғончига чиқара олмасдим. Ва отам ҳам ҳеч қачон ёлғончи бўлмаганлар. Улар Содиқ ва Амин бўлган зотлар. Исломга кирган ёлғиз мен эмас, онам ва сингилларим ҳам Исломга кирган. Амакимнинг ўғли Али ибн Абу Толиб, амакингиз ўғли Усмон ибн Аффон, дўстингиз Абу Бакр Сиддиқлар ҳам Исломга кирган“, деди.

Эри: “Лекин мен одамлар АбулОс қавмидан бош тортди, ота-бобосининг динига куфр келдириб хотинини рози қилишга кетди дейишларини хоҳламайман. Ва отанг ҳам муттаҳам инсон эмас Сен узр сўраб, Исломга кириш учун бироз ўйлаб кўрмайсанми?" (Аниқ сўзлашув)

Зайнаб розияллоҳу анҳо:

“Мен узр сўрамасам ким мени узримни қабул қиларди? Лекин мен сизнинг аёлингизман, кучим етканча ҳаққа бошловчингизман“.

Зайнаб розияллоҳу анҳо ушбу гапига 20 йил вафо қилиб яшади.
Абул Ос ўзини куфрида давом этди.

Сўнг Зайнаб онамиз ҳижрат қилиб кетди. Отаси Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларига бориб: “Эй Аллоҳнинг Росули, менга эрим билан қолишга изн берасизми?“, деди. (Муҳаббат)

Оталари соллаллоҳу алайҳи ва саллам бунга изн бердилар. (Раҳмат)

Улар Бадр ғазотигача Маккада яшадилар. Сўнг Абул Ос Қурайш қўшини сафида урушга чиқишга қарор қилди.

Аёли эса отасига қарши урушиши керак эди. Зайнаб онамиз йиғлаганча: “Аллоҳим мен қуёш чиқиб ўша кунда болаларим етим қолишидан ёки ўзим отамни йўқотишдан қўрқаман“, деди. (Ҳайрат ва умид)

Абул Ос ибн Робия бориб, Бадр ғазотида иштирок этди.

Уруш тугади Абул Ос эса асирга олинди. Буни хабари Маккага етиб келди.

Зайнаб онамиз: “Отамга нима қилди?“, деди.

Унга: “Мусулмонлар ғалаба қозондилар“, дейишди.

Аллоҳга шукр айтиб саждага йиқилди.

Сўнг: “Эримга нима қилди“, деди.

Уни қайнотаси асирга олдилар.

Зайнаб онамиз: “Мени эримни озод қилишга бораман“, деди. (Ақл ва эҳтиёткорлик)

Лекин Зайнаб онамизда эрини озод қилиш учун берадиган ҳеч нарса йўқ эди. Бўйнидаги онасини туморини ечди ва Абу Ос ибн Робиянинг укасига бериб уни Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга юборди.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам фидяларни олиб, асирларни қўйиб юбориб ўтирган эдилар. Туморни кўриб: “Бу кимнинг фидяси?“, дедилар.

“Бу Абул Ос ибн Робиянинг фидяси“, дейишди.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам йиғладилар. Сўнг: “Бу Хадичанинг тумори“, дедилар. (Вафо)

Сўнг ўринларидан туриб: “ Эй инсонлар, бу кишини асир олгандик, уни озод қиламизми? (Адолат).

Агар унга туморни қайтариб берилса, (рози бўласизми)қабул қиласизларми? (Раҳбарнинг тавозеъси)

Улар: “Ҳа, эй Аллоҳнинг Росули“, дедилар. (Қўшиннинг одоби)

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам туморни қайтариб бердилар ва: “Зайнабга айт, Хадичанинг туморига бепарволик қилмасин. (Кофир бўлишига қарамай ахлоқига ишонч билдириш)

Сўнг унга:

“Эй Абул Ос агар сени асир қилганида нима қилардинг“, деди. Сўнг ўзини четга олди ва: “Эй Абул Ос Аллоҳ таоло менга мўмин билан кофирнинг орасини ажратишни буюрди. Менга қизимни қайтариб берасанми?“, дедилар.

У: “Ҳа“, деди. (Эркаклик)
​Зайнаб онамиз эрини кутиб олишга Макка дарвозаси ёнига чиқди ва эри уни кўрган заҳоти:

“Биз кетамиз“, деди.

Зайнаб онамиз: “ Қаерга“,деди.

У: “Мен кетмайман, аммо сен отангни олдига кетасан“, деди. (Ваъдага вафо)

Зайнаб онамиз: “Нега?“, деди.

У: “Орамиз ажралиши учун, отангни олдига бор!“, деди.

Зайнаб онамиз: “Мен билан кетиб Исломга кирасизми?“, деди.

У: “Йўқ“, деди.

Зайнаб онамиз болаларини олиб Мадинага томон кетди. (Итоат)

6 йилгача Зайнабга совчилар келди, лекин эрим қайтиб қолар деган умидда уларга рад жавоб бераверди. (Вафо)

6 йилдан сўнг Абул Ос Маккадан Шомга карвон билан кетди. Сафар пайти саҳобалардан бир гуруҳига дуч келди ва карвонини йўқотди.

Зайнаб онамизнинг уйини сўраб келди ва бомдод пайти эшигини таққилатди. (Ишонч)

Эрини кўриб: “Мусулмон бўлиш учун келдингизми?“, деди. (Умид)

У: “Мен қочиб келдим“, деди.

Зайнаб онамиз: “Мусулмон бўлмоқчимисиз?“. (Қатъият ва мажбурлаш)

У: “Йўқ“.

Зайнаб онамиз: “Қўрқманг. Холамнинг ўғли ҳуш келибсиз. Али ва Умоманинг отаси хуш келибсиз. (Фазл ва адолат).

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларга бомдод намозини ўқиб берганларидан сўнг масжид ортидан бир овоз келди. “Абул Ос ибн Робияни ҳимоямга олдим“. (Ижобий)

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен эшитаётган нарсани эшитяпсизми?“, дедилар.

Одамлар: “Ҳа“, дейишди.

Зайнаб онамиз: “Эй Аллоҳнинг Росули Абул Ос ибн Робия узоқдан келсак, холамнинг ўғли, яқиндан келсак болаларимнинг отаси. Мен уни ҳимоямга олдим“, деди.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бирпас жим турдилар ва: “Эй одамлар бу кишини асир олгандик. Албатта бу киши менга гап айтди ва устидан чиқди. Менга ваъда бериб унга вафо қилди. Агар рози бўлсангиз унга молини қайтаришса ва агар рози бўлмасангиз юртига қайтади. Бу менга яхшироқ. Агар бош тортсангиз ўзингиз биласиз. Ҳақ сизларникидир, у сабаб сизларни зўрлаш йўқ. ( Маслаҳат)

Одамлар: “Биз Зайнаб қилган ишни қилдик“, дедилар.

Сўнг у зот Зайнабни уйига бордилар: “Эй Зайнаб унга чиройли хизмат қил, жой бер, чунки у холангнинг ўғли, фарзандларинг отаси. Лекин унга яқинлашма. У сенга ҳалол эмас“, дедилар. ( Раҳмат ва шариат)

Зайнаб онамиз: “Хўп, Аллоҳнинг Росули“, деди.

Уйга кирди ва Абул Ос ибн Робияга: “Эй Абул Ос ажрашганимиз сизга оғир бўлдими? Исломга кириб биз билан қолмайсизми?“, деди. (Муҳаббат ва умид)

У: “Йўқ, молларимни олиб Маккага қайтаман“, деди .

Маккага етай деганда тўхтади ва: “Эй одамлар, мана сизларнинг молларингиз. Кўринглар бирор нарса қолиб кетмаганмикан?“, деди. (Омонат).

Одамлар: “Раҳмат сенга, чиройли вафода намуна бўлдинг“, дедилар. (Фитрат, Табиат).

У: “Гувоҳлик бераманки, Аллоҳ ягона, гувоҳлик бераманки Муҳаммад унинг Росулидир“, деди. (Аллоҳнинг ҳидояти ва неъмати)

Сўнг Мадинага тонгда кириб борди. Ва Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни ёнларига бориб: “Эй Аллоҳнинг Росули кеча менга омонлик бердингиз, бугун Исломни қабул қилиб келдим. Гувоҳлик бераманки, Аллоҳ ягона, Гувоҳлик бераманки Муҳаммад унинг Росулидир“, деди. (Чиройли нарса билан қайтиш)

Абул Ос ибн Робия: “Эй Аллоҳнинг Росули изн берсангиз Зайнабни қайтариб олай?“, деди. (Оила ва муҳаббат)

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни қўлидан тутиб: “Мен билан юр“, дедилар. Зайнаб онамизнинг уйини олдига келиб, эшигини таққилатдилар ва: “Эй Зайнаб холангнинг ўғли сени қайтариб олиш учун келди, уни қабул қиласанми?“, дедилар. (Ота ва бошлиқ)

Зайнаб юзини тўсиб табассум қилди. (Ризо ва адаб)

Ушбу воқеадан бир йил ўтиб Зайнаб онамиз вафот этди. Абул Ос жуда қаттиқ йиғлади. Уни кўрган одамлар Росулуллоҳга уни қийналиб кетганини айтишди.

У эса: “Эй Аллоҳнинг Росули дунёга Зайнабсиз тоқат қилолмайман (яшолмайман)“, деди. (Умр йўлдош)

Зайнаб онамизнинг вафотидан бир йил ўтиб у ҳам вафот этди. (Арваҳул мужаннада)

Маннобжонова Робия таржимаси
Қайғурма! қазо қайғудан фориғдир, қадар воқиъдир, қаламлар қуриган, саҳифалар ёпилган, барча иш мангу барқарордир. қайғу воқеъдаги нарсани олдинга ҳам ортга ҳам силжита олмас, унга на қўшимча қилар ва на камайтирар.

Қайғурма! Бу билан сен замон тўхташини, қуёш тутилиб, соат миллари ортга қайтишини, ортга юришликни, ҳатто анҳор тескари оқишини истамоқдасан.

Қайғурма! қайғу ҳавони бузувчи, сувни ағдариб, осмонни ўзгартирган, ям-яшил бўстон ичидаги зилол чашмаларни лойқа қилган бўрон шамоли кабидир гўё.

Қайғурма! Маҳзунлик тентак анҳор кабидир, бир денгиздан тушиб, иккинчи денгизга қуйилур. қайғу худди ўзи тўқиган нарсасини пишиқ-пухта бўлганидан сўнг парча-парча қилиб бузиб-чуватиб ташлаган хотинга ўхшайди. У тешик халтани пуфловчи кабидир, у бармоқлари билан сувга ёзган котиб кабидир...

Қайғурма! Зеро, Аллоҳ таоло «Ҳар бир қийинчиликдан кейин енгиллик бордир», деб марҳамат қилган.
ҚУРЪОН РАҲМАТДИР

Имом Лайс ибн Саъд раҳматуллоҳи алайҳ айтади:
Аллоҳнинг раҳмати ҳеч бир инсонга Қуръон тингловчига келганчалик тез келмайди.
Бунга далил Аллоҳ таолонинг ушбу ояти:
«Қуръон тиловат қилганда уни тингланглар ва жим туринглар, шояд раҳматга эришсангиз».
Ушбу оятдаги «шояд» сӯзи вужуб (яъни бӯлиши аниқ экани)ни ифодалайди
.

❇️ Ушбу ваъда Қуръон тингловчи ҳақида айтиляпти.

- Энди агар у Қуръон ӯқувчи бӯлса-чи? Бунга нима дейсиз? ...

- Агар у Қуръон ёдловчи бӯлса-чи? ...

Агар у Қуръонни тушуниб-тадаббур қилувчи бӯлса-чи? ...

Агар у Қуръонга амал қилувчи бӯлса-чи? ...

Нима деб ўйлайсиз, агар у мазкурларнинг барчасига амал қилиш билан бирга ӯзга инсонларни ҳам шунга тарғиб қилса, ҳамда уларни қӯлдан келганича қӯллаб қувватлаб турса-чи?!.

«Аллоҳнинг ҳузурида уларнинг даражалари турличадир». ...

Ё Аллоҳ, бизларни Қуръон аҳлидан ва унга амал қилувчилардан қилгин! Омийн!

«Ҳикматлар чашмаси»дан

Qudratulloh Sidiqmetov саҳифасидан олинди.
Бир оз суҳбатлашгандан кейин "Сизлардан фойда олмайман. 620 жунайҳга тушган, шуни берсангиз бўлди" деди. Шу пайт орамиздагилардан фақат ўзбеккагина хос бўлган "гап" чиқди: "Шундан икки дона беринг"...
Мен уялиб кетдим. "Майли, бераман" деди. Узукни бераётганда ёнда турган кишилардан бирлари "намоз ўқишармикин?" деб қолди. Сотувчи қўлини узатаётганча тўхталиб қолди. "Ҳа, намоз ўқийсизларми?" деди. Савол билан жавоб орасида узилиш пайдо бўлди. Чунки, жавоб айтарли йўқ эди... Бир оз сукутдан кейин "Жумъа намозига чиқиб турамиз" деди кимдир. "Бошқа намозларничи?" деди ҳайрон бўлиб. Зўрғагина "йўқ" дея олдик. Сотувчининг қўли муааллақ туриб қолди. Бироз сукут қилди-да, ачиниш билан "Майли, мен мусулмонман, айтган нарҳимга бераман, аммо сизлар қайтиб Имом Бухорийни тилингизга олманг, ҲАҚҚИНГИЗ ЙЎҚ!" деди...

Салим АЙЮБИЙ
Саид ибн Мусаййиб дарс ҳалқасига қатнашадиган Абдуллоҳ ибн Абу Вадоа ўша вақтлари дарсга қатнашолмай қолди. Ниҳоят бир кун устозининг олдига борганида, ораларида шундай суҳбат кечди:

‒ Қаерда эдинг?

‒ Аёлим вафот этди. Шу билан овора эдим.

‒ Нега бизга айтмадинг? Биз ҳам унинг жанозасида қатнашардик. Майли, яна уйландингми?

‒ Устоз! Сизга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин! Икки ё уч дирҳамим бор. Менга ким ҳам қизини берарди?

‒ Мана мен бераман, мен.

Саид ибн Мусаййибнинг “Мен бераман” деган гапидан ҳайратга тушиб қолган Абдуллоҳ ибн Aбу Вадоа “Сиз менга қиз берасизми?” деди. У устозининг гапидан ҳайратда қолган эди. “Султон ўғли учун сўраганда рад жавобини берган бу устоз, бутун сармояси уч дирҳам бўлган илм толибига қиз берармиди?” деб ўйлади. Aммо Саид ибн Мусаййиб: “Ҳа, мен сенга қизимни бераман!” деб жавоб қилди. Шундай куёв насиб қилганиданми, ўзига берилган неъматлар учунми ёки саройдан узоқда сақлашга муваффақ қилгани учунми, Aллоҳга ҳамд айтди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот ва салом айтди. Суннатга мувофиқ никоҳ ҳақида маслаҳат қилинди. Розилик берилди. Дарс ҳалқасига қатнашувчиларнинг гувоҳлигида никоҳ ўқилди. Султоннинг валиаҳдини куёв сифатида қабул қилмаган Саид ибн Мусаййиб қизини маҳрга бор йўғи уч дирҳам бера оладиган илм толиби билан никоҳлади. Устозининг ҳузуридан изн сўраб чиққан Абдуллоҳ ибн Aбу Вадоа хурсандчилигидан нима қилишини билмай қолди. Шошганича уйига кетди. Тўй харажатлари учун кимлардан қарз олишини ўйлади. Шу вақт азон овози эшитилди, масжидга кириб шом намозини ўқиди. Қайтиб уйига келди. Оғзини очиш учун нон ва зайтундан иборат егулигини тайёрлади. Шу пайт эшик тақиллади. “Ким у?” деб сўради Aбдуллоҳ. Эшик ортидан: “Саидман” деган овоз келди. “Қайси Саид?” деган хаёл ўтди. Саид ибн Мусаййибдан бошқа барча Саидлар хаёлидан ўтди. Ҳаммаси бўлиши мумкин, фақат устози эканлиги хаёлига келмасди. Чунки қирқ йилдан бери одамлар унинг устозини фақатгина уйи ва масжид йўли орасидагина кўришарди. Йўқлаб келганлар уни фақат уйидан ёки масжиддан топа олардилар. Шундай ўй-хаёллар билан ташқарига чиқиб, қаршисида шаҳарнинг катта устози Саид ибн Мусаййибни кўрди. Устозининг бўлажак никоҳ ҳақида бирон нарса сўраш учун келганлигини тахмин қилди. У: “Устоз! Овора бўлиб нима қилардингиз? Хабар жўнатганингизда, ўзим борардим”, деди. Саид ибн Мусаййиб: “Йўқ! Йўқлаб келишларига кўпроқ сен лойиқсан. Чунки бўйдоқ эдинг, энди уйландинг. Шундай ҳолатда тунни ёлғиз ўтказишинг яхши эмас. Мана, сенинг аёлинг бўладиган қизимни ёнингга олиб келдим”, деди. Ҳақиқатдан ҳам қиз устозининг орқасида эди. Қизини у ерда қолдириб, уйига қайтди. Қиз ҳаёсидан ерга йиқилди. Aбу Вадоа эшикка суяб қўйди. Қиз зайтун идишини кўриб, кўнгли хира бўлмасин дея, идишни чироқ соясига суриб қўйди. Сўнгра уйининг томига чиқиб қўшниларини чақирди. Қўшнилар тезда етиб келишди ва “Нима бўлди?” деб сўрашди. Aбу Вадоа бўлиб ўтган воқеани айтиб берди. Унга ишонишмади. Aбдулмаликнинг валиаҳдини рад қилган Саид ибн Мусаййибнинг унга қиз бериши ҳеч ақлларига сиғмасди. Қизнинг олдига бордилар. Бу хабар унинг онасига ҳам етиб борди, у ҳам тун ярмида келди. Ҳеч ким бу воқеага ишонмаётган эди. Саид ибн Мусаййиб олима қизини уч дирҳамдан бошқа ҳеч вақоси йўқ илм толибига узатган эди. Aбу Вадоанинг онаси унга: “Aгар қизни тўйга тайёрлагунча, уч кун ичида унга тегинсанг, қайтиб юзимни кўрмайсан”, деди. Уч кун кутди, тайёргарлик кўрилди, тўй бўлди. Aбу Вадоанинг қаршисида гўзаллиги тилларда достон бўлган бир қиз турарди. У ҳам қориялиги, ҳам суннатни маҳкам ушлашда ҳаммадан энг юқори даражада эди. Шундай бўлса ҳам, унда ғурур, кибрдан кичик нишона ҳам йўқ эди. Эрнинг ҳаққига ҳурмат борасида ҳам ҳар кимдан риоятлироқ эди...
МУСУЛМОНЛАР УЧУН ЗАРУР

Касалхона бўлим бошлиғи доктор Жобир Ал Белуш (буйрак касаллигини даволаш буйича мутахассис)шундай дейди: Барча одамларга рамазон ойида (чанқаган вақтда ҳам) газли ичимликларини ичмасликни тавсия қиламан. Чунки рамазон ойида кун узоқ, икки буйрагимиз қуриб чанқайди, ифторликда ичилган газли сувларимиз бехосдан буйрагимизга келади ва секин аста ишдан чиқишига сабаб бўлади.

🔴 Огоҳлантираман иложии борича нафсимизни жиловлаб, ифторли вақтида газли сувларни ичманглар! Чанқаганда тоза сув ёки табиий ўзимиз таёрлаган шарбат ичайлик.

❗️Ўз яқинларимизга бу хабарни юбориб уларнинг хам саломатлигини сақлашка сабабчи бўлайлик.

Барчамзга кириб келган рамазон ойи муборак бўлсин!
«ҲАСБУНАЛЛОҲУ ВА НИЪМАЛ ВАКИЛ»

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу шундай дедилар: «Ҳасбуналлоҳу ва ниъмал вакил»
(Бизга Аллоҳнинг Ўзи кифоя, У Зот нақадар яхши вакил!) деган сўзни илк бор Иброҳим алайҳиссалом оловга ташланганларида айтганлар».

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
«Одамлар сизга қарши куч тўплашди, улардан қўрқинглар, дейилганда уларнинг иймонлари зиёда бўлди ва: «Бизга Аллоҳнинг Ўзи кифоя, У Зот нақадар яхши вакил!», дейишди» (Оли Имрон сураси, 173-оят).

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва бошқа муҳаддислар ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларидан бирига:
«Бошингга оғир иш тушса,
«Ҳасбияллоҳу ва неъмал вакийл» дегин», деганлар.

Изоҳ: Баъзилар мўминларнинг олдига келиб, қурайшликлар уларга қарши катта куч тўплаганини айтиб, қўрқитмоқчи бўлишди. Бироқ қўрқиш ўрнига мўминларнинг иймони зиёда бўлди, улар
«Бизга Аллоҳнинг Ўзи кифоя, У Зот нақадар яхши вакил», дейишди.

«Ҳасбуналлоҳ» – бизга Аллоҳ кифоя,
«ҳасбияллоҳ» – менга Аллоҳ етарли дегани.
Имом Абу Довуд Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Рўза тутувчига ифтори пайтида ижобат бўладиган дуо бор», деганлар.
#hadis #ramazon

Салмон ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қачонки бирортангиз ифтор қилса, оғзини хурмо билан очсин. Чунки у баракадир. Ким топмаса, сув билан очсин. Чунки у покловчидир», дедилар».

«Сунан» эгалари ривоят қилганлар.

Кун бўйи рўза тутиб юрган инсоннинг жисмида катта ўзгаришлар юз беради. Шунинг учун ифтор вақти бўлганида оғизни нима билан очиш ўта аҳамиятлидир. Чунки маълум муддат давом этган очликдан сўнг биринчи тановул қилинадиган нарсанинг организмга таъсири жуда ҳам каттадир. Ана шу жиҳатдан хурмо ёки сув ўта мувофиқ нарсалар экан.

Буни ҳозирги замон илми ҳам қаттиқ таъкидламоқда. Биз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилган ҳолда, оғизни хурмо ёки сув билан очишга одатланмоғимиз лозим.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг «Ҳадис ва ҳаёт» китобидан.
Намозга қандай ошиқ бўламиз?

🟢 Намоздан олдин, азон эшитганимизда осмонлару ернинг эгаси бизни Ўзи билан мулоқотга чақираётгани ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмизми?

🟢 Таҳорат қилаётганда, подшоҳларнинг подшоҳи билан юзма юз туришга тайёргарлик қилаётганимизни ўйлаб кўрганмизми?

🟢 Намозни бошлаётиб, такбири таҳримани айтганимизда эшитувчи, билувчи Зот – Роббимиз билан роз айта бошлаганимизни ўйлаб кўрганмизми?

🟢 Намозда Фотиҳа сурасини ўқиётганда Холиқимиз билан хос суҳбатда эканимизни ўйлаб кўрганмизми?

🟢 Намоздаги ҳаракатларда, Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайдиган, минглаб йиллардан бери рукуъ ва сажда қилаётган фаришталар ҳақида ўйлаб кўрганмизми?

🟢 Сажда қилганимизда энг улкан ва гўзал маконда эканимизни, инсон саждада Роббига энг яқин туришини ўйлаб кўрганмизми?

🟢 Намоз охирида салом берганда Аллоҳ билан кейинги учрашувга интизор бўлиб, завқу шавқдан куйиб ёнганмизми?
Рамазон дастури:

1. Бир ой тўлиқ рўза тутаман; (Илк бор рўза тутаётганларга)
2. Беш вақт намозни ўз вақтида ўқийман;
3. Қуръони каримни камида бир марта хатм қиламан;
4. Ҳар куни Қуръон тиловатларидан эшитаман;
5. Ҳар куни иймонни сайқаллайдиган маърузалар эшитаман;
6. Ҳар кеча таҳажжуд намози ўқийман;
7. Ҳар кеча ухлашдан олдин албатта таҳорат оламан;
8. Ҳар куни тонги ва тунги зикрларни қолдирмай қиламан;
9. Ҳар куни ишроқ ва зуҳо намозини ўқийман;
10. Ҳар куни озгина бўлса ҳам садақа бераман;
11. Ота-онамга яхшироқ хизмат қиламан;
12. Aҳли оилам учун алоҳида дастур тузиб, тўлиқ амал қиламан;
13. Фарзандларим учун алоҳида дастур қилиб тўлиқ амал қиламан;
14. Оилам билан тафсир китобидан ҳар куни ўқиб бораман;
15. Оилам билан ҳадис ва сийрат китобларидан ҳар куни ўқиб бораман;
16. Оилам билан руҳий тарбияга оид китобдан ҳар куни ўқиб бораман;
17. Гуноҳларимга кўп тавба қиламан;
18. Ҳар куни ота-онам ва фарзандларим ҳақига дуо қиламан;
19. Ҳар куни барча мусулмонлар ҳақига дуо қиламан;
20. Умуман ғийбат қилмайман;
21. Умуман ҳаромга назар солмайман ва эшитмайман;
22. Ҳеч ким билан уришмайман;
23. Вақтимни беҳудага кетказмайман;
24. Дуо ижобат бўладиган вақтларга (кечанинг охирги учдан бири, ифтор вақти, азон билан такбир ораси ва фарз намозларидан сўнг) алоҳида эътибор бераман;
25. Қўшничилик ҳақларини адо қиламан;
26. Имконим доирасида рўзадорларга ифторлик қилиб бераман;

Рўйхатни давом эттиришингиз мумкин.
✿°•┈┈┈••ৡ❀ৡ•┈┈┈•°✿
t@IkromSharif
Media is too big
VIEW IN TELEGRAM
Аёллар намозига доир муҳим масалалар
​ВАЪДAГA ВAФО МЎМИННИНГ ХИСЛАТИ

Ваъдага вафо ҳақида сўз кетар экан, аввало «ваъда» сўзининг маъноси билан танишсак:
Ваъда сўзи бизнинг тилимизга араб тилидан кириб келган, унинг маънодошларидан бири «сўз бермоқ»дир. Ваъда бермоқлик - бирор бир ишни бажаришга шак-шубҳасиз қарор қилиш ва айтганини бажариш йўлида барча имкониятини ишга солмоқликдир.

Ваъдасида содиқ туришлик мақталадиган сифатлардан биридир, мақталганда ҳам оламларнинг Робби Aллоҳ азза ва жалла томонидан мақталган. Aллоҳ таоло Марям сурасида айтади: «Ва китобда Исмоилни эсла. Албатта, у ваъдасига содиқ эди ҳамда расул ва набий бўлган эди». (54-оят)

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ваъдаларида содиқ турганлар.

Aллоҳ таоло уларга ваҳий юбормасидан аввал бўлган воқеага назар солсак кифоя. Бир куни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бири билан олди берди қиладилар, улардан нарса олган йигит қарздор бўлиб қолади ва шу ерда туриб туринг олиб келиб бераман деб ваъдалашади. Қарзи борлиги йигитнинг эсидан чиқиб қолади, уч кундан сўнг эсига тушганда ва]далашилгаан ерга келса Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам шу ерда эканлар. Уч кун ўша ерда кутган эканлар. Хулоса қилиш ўзингиздан.

Ваъдага содиқликнинг зидди ваъдага хилоф қилиш ҳақида ҳам тўхталиб ўтсак.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Уч нарса қай кишида бўлса, холис мунофиқ бўлур: гапирса, ёлғон гапиради, ваъда берса, хилоф қилади, омонат ишонилса, хиёнат қилади. Кимда шу хислатлардан биттаси бўлса, уни тарк қилгунича нифоқдан битта хислати бўлади», дедилар.

Шу ўринда шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг «Руҳий тарбия» китобларидан иқтибос ўқисак: «Мўмин банда нифоқ ва унга олиб борувчи нарсалардан куйдирадиган оловдан қўрққандек қўрқиши керак. Мўмин киши нифоққа тегишли ҳар бир катта-кичик нарсадан худди ёниб турган даҳшатли оловдан қўрққандек қўрқиши, унга тушишдан сақланганидек сақланиши лозим».

Солиҳ салафлармиздан бўлган имом Бухорий роҳимаҳуллоҳ бир куни мол сотаётганларида бири келиб эртасига молни маълум миқдордаги пул эвазига олиб кетмоқчилигини айтади. Шу кун оқшомда бошқа бир одам келиб, бояги одам айтгандан икки баробар кўпроқ беришини айтади. Лекин имом рад қиладилар. Имомдан: «Нега рад қилдингиз, ҳолбуки бу инсонга сотишингиз сизга ҳалол эди?» деган маънода савол сўрашади. Имом бўлса: «Қалбимда шу инсонга сотаман деган фикр ўтганди» маъносида жавоб берадилар.

Лекин ваъдасини бажармаган барчада ҳам мунофиқни сифатидан бир сифат пайдо бўлган бўлмайди, ҳадисда айтиладики: «Қачон киши ўз биродарига ваъда қилсаю, ниятида вафо қилиш бўлса, аммо вафо қила олмай ваъда қилинган жойга кела олмай қолса, гуноҳкор бўлмас» .

Ваъдага вафо қилиш бизни икки дунёда ҳам азиз қилади, шундай экан, барчамиз ваъдаларимизда содиқ бўлайлик, ён атрофимиздагиларга ҳам ваъданинг қай даражада улуғлигини ўргатайлик.

Абдул Ҳамид МАЛИКОВ,
Пискент туман бош имом хатиби
​Аллоҳнинг яратганларида бир ҳикмат бор

Бир киши сассиққўнғизни кўриб шундай деди:

– Бунинг ўзи бадбўй бўлса, буни яратишдан Аллоҳ таолонинг мақсади нима бўлган экан?

Мана шундан сўнгра Аллоҳ таоло унга бир касаллик берди. Бутун табибларнинг кучи уни даволашга етмади. Унинг яраси тузалишидан барча умидини узганди. Шу орада кўчадан бир овоз эшитилди, у одам ҳам беморнинг ярасини кўришни истади.

Чиқмаган жондан умид, шоядки давоси топилса. Беморнинг истагига кўра у одамни олиб келишди. У ярани кўриши билан тезда сассиққўнғиз топиб келишни айтди. У ердагилар бундан кулдилар, лекин беморнинг хоҳишига биноан сассиққўнғиз топиб келишди.

У одам сассиққўнғизни ёқиб, кулини яранинг устига септи. Аллоҳнинг изни билан яра тезда тузалди. Бемор атрофидагиларга шундай деди:

–Билингларки, Аллоҳ таоло энг паст махлуқотларидан энг олий даволар бўлишини менга кўрсатди.

Аллоҳ таоло ҳикматли ва хабардордир..
This media is not supported in your browser
VIEW IN TELEGRAM
Ҳар бир инсон ўзига савол берсин

Абдул Ҳамид домла
Хасан Басрий айтадилар:

"Истиғфор айтадиган кишини Аллох азоблайди деб ўйламайман..

-"Нима учун?" дейишди.

-"Истиғфор айтишни унинг кўнглига ким солди?" дедилар.

-"Аллох" дейишди..

- Қандай қилиб ўзи кечирим сўрашга ундаб яна азоблаши мумкин?!" дедилар.

"Модомики улар истиғфор айтар эканлар, Аллох уларни азобламас"..

(Анфол сураси, 33 оят)