davletovuz
82K subscribers
6.79K photos
1.68K videos
124 files
9.96K links
Кузатувлар, фикрлар. ИМҲО — шахсий фикри ожизимча, дегани. Админга ёзиш учун махсус бот: @davletovuz_bot
Тижорий ҳамкорлик учун: @davletovuz_reklama_bot
Download Telegram
​​Навоийча тендер

2019 йилнинг 19 мартидан Навоий вилоят ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компаниясига, яъни вилоятдаги қурилишлар бўйича асосий давлат буюртмачисига Мансуров Баҳодир Пулатович раҳбар этиб тайинланади. Очиқ маълумотлар асосида ўрганишларимиз шуни кўрсатдики, Баҳодир Мансуров оиласига тегишли бўлган “Mexrangez B-2002” МЧЖ бир неча миллиард сўмлик давлат буюртмаларини қўлга киритган.

Масалан, Навоий вилояти Кармана тумани “Боғишамол” МФЙ ҳудудидаги 30-сонли мактабни реконструкция қилиш (240 ўринли ўқув блоки қуриш) объекти бўйича тендер комиссияси йиғилиши 2020 йилнинг 3 июнида ўтказилган. Қиймати 2 млрд сўмлик мазкур объектнинг тендер ҳужжатларига Баҳодир Мансуров комиссия раиси ўринбосари сифатида қўл қўяди. Дарвоқе, маблағлар Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан ажратилган.

Бундан ташқари, Навбаҳор тумани 8-сонли мактабгача таълим муассасаси биносини мукаммал таъмирлаш (125 ўринли блок қурилиши) объекти ҳам “Mexrangez B-2002” МЧЖга насиб қилган. Қарийб 2,8 млрд сўмлик мазкур объект бўйича танлов комиссияси мажлиси 2019 йилнинг августида ўтказилган. Танлов комиссия раиси эса Баҳодир Мансуров бўлган.

Ҳозирги кунда “Mexrangez B-2002” компаниясининг барча улуши Mansurova Saodat Omonovna'га (биздаги маълумотларга кўра турмуш ўртоғи) тегишли бўлиб, унга Mansurov Mehrangez Bahodirovich (биздаги маълумотларга кўра фарзанди) раҳбарлик қилади.

Маълумот учун: Навоий вилоят ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси бош муҳандиси бўлиб ишлаган А. Турдиев ҳужжатларга 2020 йилнинг июль ойидан 2021 йилнинг январигача компания директори в.б. сифатида имзо қўйиб келган. Январь ойидаги охирги актуал маълумотлар, жумладан, Давлат статистика қўмитаси сайтининг корхона ва ташкилотлар тўғрисидаги маълумотлар базасида эса Баҳодир Мансуров яна Навоий вилоят ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси раҳбари сифатида кўрсатиб ўтилмоқда.

#davlatxaridi #manfaatlartuqnashuvi
​​Навоийча тендер-2.

Кеча Навоий вилоят ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси раҳбари Баҳодир Мансуров оиласига тегишли қурилиш корхонаси бир неча миллиардлик давлат буюртмаларини олгани, мазкур давлат буюртмалари бўйича тендер ёки танлов комиссиялари фаолиятида Баҳодир Мансуров фаол иштирок этгани ҳақида ёзган эдик.

Очиқ маълумотлар асосида ўрганишларимиз шуни кўрсатдики, Навоий вилоят ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси Баҳодир Мансуров раҳбарлик қилган даврда бош муҳандис бўлиб ишлаган, 2020 йилнинг июлидан компания директори в.б. сифатида фаолият юритиб келаётган Турдиев Алишер Бахромович оиласига тааллуқли компания — “Бахромбек келажаги” МЧЖ ҳам бир неча миллиард сўмлик давлат буюртмаларини қўлга киритиб келган. Фирма номининг ўзида ҳам қанақадир ишора бордек.

Мазкур компания улуши тўлиғича Мавлонов Жавлонбек Абдихамидовичга тегишли. Аниқлашимизча, у Алишер Турдиевнинг куёви — синглисининг турмуш ўртоғи ҳисобланади. “Бахромбек келажаги” МЧЖ Инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилган Навоий вилояти Навбаҳор туманидаги 24-мактабни реконструкция қилиш (160-ўринли ўқув блоки қуриш) объекти бўйича тендерда (2 млрд сўмдан ортиқ), Кармана тумани 20-сонли умумтаълим мактабини реконструкция қилиш (180 ўринли ўқув блоки қурилиши) бўйича танловда (1,8 млрд сўмга яқин), Зарафшон шаҳридаги “Кичик саноат зонаси” худудида сув ва канализация таъминоти учун ташқи муҳандислик тармоқларини қуриш бўйича танловда (108 млн сўм) ғолиб бўлган. Бу охирги 1-2 йилдаги давлат буюртмалари, холос.

Дарвоқе, Навоий вилоят ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси ахборот хизмати 2020 йилда қурилган ижтимоий объектлар ҳақида материал ҳам эълон қилган. Унда айтилишича, компаниянинг 50 кишилик аҳил жамоаси 77,6 млрд сўмлик 30 та ижтимоий соҳа объектлари бунёд этилишига ҳисса қўшишган.

P.S.: Давлат буюртмаларининг қариндош-уруғларга тегишли компанияларга берилиши, назаримизда, айсбергнинг бир учи, холос. Чунки кўраяпмизки, жамият ва давлат манфаатлар тўқнашувининг нотўғрилигини ҳатто қоралаш даражасида эмас. “Ҳамма билади-ку, бугун пайдо бўлмаган нарса” деган изоҳлардан ҳам буни сезса бўлади. Ҳали фаворитизм (синфдош, армиядош, земляк), откат (яширин пора), қурилишлар сифати, рақобат муҳитини бузиш, тадбиркорлик ривожига тўсқинлик қўйиш ҳақида ҳеч нарса дейилмаяпти.

Сурат Навоий вилоят ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси ахборот хизматига тегишли.

#davlatxaridi #manfaatlartuqnashuvi
Отаси раҳбарлик қиладиган давлат ташкилоти буюртмасини ўғилнинг корхонаси ютган

Бурчмулла давлат ўрмон хўжалиги корхонасига Абдужамилов Абдукарим Абдураимович раҳбарлик қилади. Корхона 2021 йил май ойида Қайнарсой комплексида кўкаламзорлаштириш ишлари учун кўчат харид қилиш мақсадида 203,6 млн сўмлик қора арча ва туядарахт учун танлов ўтказади.

Танловда "Xojimurod-Abduvali o‘g‘li" фермер хўжалиги ғалаба қозонади. Дарвоқе, танловда бундан олдинги постдаги Эгамбердиев Равшан Валиевичнинг “Мунис Келажак Иқбол” хусусий корхонасига ҳам иштирок этади.

Қизиғи, "Xojimurod-Abduvali o‘g‘li" фермер хўжалиги, юридик шахслар реестрига кўра, Абдужалилов Абдували Абдур (шариф тугамай қолган)га тааллуқли. Биздаги маълумотларга кўра, у Бурчмулла давлат ўрмон хўжалиги корхонаси раҳбари Абдукарим Абдужамиловнинг ўғли ҳисобланади.

Бу фақат битта буюртма, холос.

#davlatxaridi #manfaatlartuqnashuvi