Мавлоно Чустий ижоди
725 subscribers
80 photos
55 videos
8 files
19 links
Назаргоҳингда эй, дўстим, кўринмай қолса гар Чустий -
Уни эл қалбидан изла, бўлак жойдан тополмайсан...

Устоз шоир, ғазалнавис, олим Чустий домланинг Ажиб ижод гулшани хуш бўйларидан баҳраманд бўлинг!
Download Telegram
Нуруллохожа угли эрди бу исми Набихожа,
Кичиклардан кичик колдирди дустларга асар Чустий,
У дунйодан хабар, саксон йил утди, келмагач охир,
Бу дунйодан у дунйога олиб кетди хабар Чустий.
Оқибатни ким билур?

Эй тафаккур оламида фикри дарё дўстлар,
Бир саволимга жавоб бергайму доно дўстлар,
Билгали бу сир иложин борму асло, дўстлар,
Ҳайратимни орттирар ҳар дам бу дунё, дўстлар,
Телба этмасму мени охир бу савдо, дўстлар.

Умримиз лавҳига ёзган турли хатни ким билур,
Қанчадан-қанча фараҳ, қанча ғалатни ким билур,
Одам аҳлидан ниҳоний хайриятни ким билур,
Билмаган соҳиб каромат оқибатни ким билур,
Ғойиб илмила ёзилмишдир бу иншо, дўстлар.

Билмадимки, қанча умрим, қайда туфроғим қолур,
Билмадим, мендан кейинроқ қайси ўртоғим қолур,
Тўну дўппим кимга қолгай, кимга белбоғим қолур,
Боғи роғим кимга қолгай, ким учун доғим қолур,
Бу муаммо, бу муаммо, бу муаммо, дўстлар.

Билмадим, бир томчи сув кимдан бўлур менга насиб,
Ким куяр ҳолимга-ю, кимлар бўлур менга ҳабиб,
Билмадим, давлат-ла ўтгайманму ё мискин, ғариб,
Бу таажжубдир, таажжубдир, ажиблардан ажиб,
Менга пинҳон, кимга маълумдир бу маъно, дўстлар.

Оқибатнинг чеҳраси шундай узоқ, пинҳон экан,
Қанча донишманд эса, бу маънида нодон экан,
Ҳай дариғ, оз вақт учун инсон азиз меҳмон экан,
Қолса яхши номи элда, Чустий беармон экан,
То абад қолгай юракларда бу сиймо, дўстлар.

Чустий


@Chustiy_ijodi
Қаро кўзингга

Ҳеч боқмасин ёмон кўз, жонон, қаро кўзингга,
Жононалар тутибдир минг жон қаро кўзингга.

Икки қошингму, гўё икки қаро баҳодир,
Тортиб, эгиб камонин посбон қаро кўзингга.

Ул қоп-қаро ичинда машъал ёнар, таажжуб,
Кўрганда сеҳргар ҳам ҳайрон қаро кўзингга.

Ўт ҳам куйиб кул ўлгай тушса кўзинг олови,
Қандай боқиб чидолгай инсон қаро кўзингга.

Ҳолинг лабингда гўё меҳмон каби ярашмиш,
Мен бўлсам эрди кошки меҳмон қаро кўзингга.

Арзирмикин нигорим мадҳинггаЧустий шеъри,
Мижгонларинг ёзибди достон қаро кўзингга.

Чустий

@Chustiy_ijodi
Мадҳингга Чустий шеъри арзирмиди, нигорим,
Мижгонларинг ёзибди достон қаро кўзингга.

@Chustiy_ijodi
Дилинг ошноси мен

Гул юзингни булбулигўёси мен,
Боғларингни ошиқи шайдоси мен.

Бердим ишқинг мактабида имтиҳон,
Ундаги аълочилар аълоси мен.

Қанча ноз этсанг, нигорим, ранжимам,
Чунки шайдолар дили дарёси мен.

Бир ширин сўз айтмаса менга тилинг,
Майлига, чунки дилинг ошноси мен.

Ўйнашур дилда кўзинг оҳулари,
Дейди қалбим: оҳулар саҳроси мен.

Мен сени Лайли демам, сен ҳам мени,
Дема Мажнун, телбалар доноси мен.

Бўлса минг Ширин ўпарди изларинг,
Бу сўзим тасдиқи мен, маъноси мен.

Сен Ватанни-ю, Ватан севган сени,
Десанг арзийди: жаҳон барноси мен.

Минг ғазал бир боқишингга арзимас,
Дейди Чустий: кўзларинг шайдоси мен.

Чустий

@Chustiy_ijodi
Овора бўлма, дейди

Ёр айланай десам мен, сайёра бўлма, дейди,
Севдим десам, кулимсиб: овора бўлма, дейди.

Йўлингда хонумоним сарф айлайинму десам,
Бор-у, йўғингдан ажраб, бечора бўлма, дейди.

Дил хомтаъмалик айлаб, борган эди яқинроқ,
Мужгон тиғига учраб, минг пора бўлма, дейди.

Кирпикка томчи-томчи ёшим югурган эрди,
Раҳми келиб нигорим: фаввора бўлма, дейди.

Қоши билан кўзига кўз ташлаган юракка,
Васл истасанг мабодо сен қора бўлма, дейди.

Мақтарди гулни булбул Чустий чаманда унга:
Ёримга тенг эмас гул, овора бўлма, дейди.

Чустий

@Chustiy_ijodi
Чиқди офтоб

Дилбаримни туш кўрай деб кўзларимни босди хоб,
Ухладим шу орзуда, чиқди ногоҳ офтоб.
Ул кўринган дилрабо рухсоридирму, билмадим,
Ёки офтоб шуъласидан ҳуснига тортмиш ҳижоб.
Боқдиму, бир парча ўт тушди шу дам бағрим аро,
Кўрдию, йиғлаб юборди сихга санчилган кабоб.
Минг ташаккур, ишқ ўтида пишди кўнглим, хом эди,
Пухта қилмоқ хомни, дерлар, бўлғуси беҳад савоб.
Бундан ортиқ не бўлур ошиққа лутфу марҳамат,
Ишваси кетказди ҳушдан, ғамзаси сочди гулоб.
Уйга меҳмон келмоғин билган кутиб олгай чиқиб,
Талпинур жон чиққали келгайму деб олийжаноб.
Қўрқаман, ноз этмаса кўнглимни аҳволин кўриб,
Чунки ишқи ўт солиб ёнганда дил бўлган хароб.
Ёр ташрифи билан кўнглим бўлур ободроқ.
Комил иймоним бу сўзга, Чустий, чекмам изтироб.
Ақли расо бўлсин

Севишган ҳар йигит қиз, аввало, ақли расо бўлсин,
Куёв бирлан келинчакда вафо бўлсин, ҳаё бўлсин.

Севишмоқ яхши, севсин, ўйнасин, кулсин муродича,
Ва лекин бу севишдан ота ҳам она ризо бўлсин.

Қуёш бўлса муҳаббат осмонида йигит ҳусни,
Саодат осмонида келинчак маҳлиқо бўлсин.

Йигитнинг қалби қизнинг қалбига дорушшифо бўлса,
Йигитнинг қалбига қиз қалбида доим даво бўлсин.

Иков ҳам тил учида ошноликдан ҳазар айлаб,
Ҳақиқий бўлсин ишқи-ю, самимий ошно бўлсин.

Алишерлар, Улуғбеклар туғилсин, Ибни Синолар,
Туғулсин Нодира, Зуҳро, бири Зебуннисо бўлсин.

Бўлиб иқболу омад, бахту толе ёру хизматкор,
Юзи ёруғ, сўзи ўткир, ҳамиша дилрабо бўлсин.

Бу истаклар учун меҳнат, матонат бўлғуси раҳбар,
Амал қилган йигит-қизларга эл жони фидо бўлсин.

Бўлиб пиру бадавлат, айласин тўй устига тўйлар,
Келиб табрикламоққа Чустийдек шоир оғо бўлсин

Чустий

@Chustiy_ijodi
Фидо бўлдим
Қуёшдан нур олиб беҳад қувондим, маҳлиё бўлдим,
Элим яйратди бағрида, севиб мен ҳам фидо бўлдим.

Ҳаё бахш айлади идроку одобу садоқат ҳам,
Ҳамиша тўғри бўлдим, ҳаётимдан ризо бўлдим.

Қўлимдан ушлади ақли расолар, раҳнамо бўлди,
Уларга эргашиб бордим,
самимий ошно бўлдим.

ҳаётим боғида бахтим дарахти бўлди сермева,
Ҳалол меҳнат гулистонида гулдек сержило бўлдим.

Дилимни қолмади бир зарра ҳам армони дунёда,
Кўнгил равшан, кўзим равшан, мудом соҳибзиё бўлдим.

Мени ардоқлаб ўстирган ҳаётдан ўргилай, Чустий,
Назар қилди элим, тупроқ эдим, бир кимё бўлдим.
Жононима
Гар хиёнат айласам жондан чучук жононима,
Бошими кессин қилич,ханжар қадалсин жонима.

Ишқ ўтин ўтхонаси бўлмиш дилим ёшликданоқ,
Кул бўлур кирса ғаразла ким бу оташдонима.

Жону жисмим меҳрини сақлар бу оташхонада,
Бевафолик-ла мунофиқлик келолмас ёнима.

Минг маломат бирла минг иғвою бўҳтон,барчаси
Доғ сололмайдир яна минг йилда ҳам виждонима.

Ҳар баланд тоғни кўчиргил,деб ишорат айласа,
Завқ ила бир гард янглиғ қўндирай мужгонима.

Чорласа бир марта,мен минг марта лаббай деб борай,
Хуш келурманму дилим тахтидаги султонима.

Пок ишқига атаб кўнглим уйин қилдим бино,
Ўргилай,Чустий,тасаддуқман гўзал жононима.
Ассалому алайкум ҳурматли канал кузатувчилари!
Мазкур каналимизда бўлган вақтинчалик узилишлар учун маъзур тутгайсиз. Бугундан бошлаб канал фаолиятини узлуксиз олиб боришга ҳаракат қиламиз. Барчага чиройли маъанавий ҳордиқ тилаб қоламиз!
Эътиборингиз учун раҳмат!

@Chustiy_ijodi
Шубҳа йўқ

Шубҳа йўқ хат келмағига субҳидам жононадин,
Мен томон учган бу тонг каптар кабутархонадин.

Ажратолмас эрса, менга кўзни нури на керак,
Бир-икки боққанда ёру дўстни бегонадин.

Роҳатим дерман агар бошимга тошлар ёғса ҳам,
Бошим олмасман ўлим келгунча бу остонадин.

Фони бўлди васлин изларда Намангон Машраби,
Оҳ уриб Фурқат ўтиб кетди жудо Фарғонадин.

Ёрига густоҳлик қилганда Мажнун айб эмас,
Бўлмағай аҳли хирад озурда ҳеч девонадин.

Шавқ боғида нигорим гул тутиб ҳидларми, ё,
Офтоб сайр этгали тушмиш баланд кошонадин.

Мастлик қайдин етишди бода ичмай Чустига,
Ўргулай ошиқни маст этган кўзи мастонадин.

Чустий

@Chustiy_ijodi
ЎЗ ЭЛИНГИЗДАН

Келинг ўйнаб, дилимга йўл очиб, дилбар, дилингиздан,
Ва ё бир торини тортинг юракка кокилингиздан.

Сочингизни жазо қайчисида қирқибсиз, эй дилбар,
Нега, десам, ҳаёсиз ўйнашиб қучмиш белингиздан.

Лабингиз - пистаи хандон, унинг мағзи тилингиздир,
Олибдир писта хандон ҳам ширинликни тилингиздан.

Назокат касб этар ҳар лаҳза янги ой ила йиллар,
Жаҳонга сиз туғилган хўб назокатли йилингиздан.

Тонг отгунча қуёш парқу қилармиш бошига ҳар кун,
"Оқ олтин"хирманида кўкка етган ҳосилингиздан.

Омонлик базмини кўрдик, кўринмас бунда бегона,
Мени, сен ким, деманг суҳбатда, мен ҳам ўз элингиздан.

Қошингизда қошингиздек мудом таъзим этар Чустий,
Нигорим, бехабарсиз нега бундай қобилингиздан.

Чустий

@Chustiy_ijodi