Бизни еб битираётган маъракалар.

Бундан роса 50 кун олдин ён қўшнимиз бўлган чол 76 ёшида вафот этди. Жанозани ўтказиб уч кундан кейин "Худойи" қилишди. Бир қўй сўйилди. 30-40 кило гуруч дамланди. Шунга яраша жой ҳозирланди, дастурхон тузалди.
Кейин қирқ кунгача, яъни "қирқи чиққунча" ҳар пайшанба, якшанба кунлари  бу хонадондан фотиҳахонлик бўлаверди. Шунга қараб ҳар пайшанба, якшанба кунлари дастурхон тузалиб одам кутилди. 
Маҳалламизни одамлари жанозада қатнашишди, "Худойи"да  қатнашишди, камига эса яна икки-уч мартадан фотиҳага келишди. Ниҳоят жанозадан қирқ кун ўтиб "Қирқ" эҳсони бўлди. Яна битта қўй сўйилди, 30-40 килоча гуруч дамланди.  Шунга яраша жой ҳозирланди,  дастурхон тузалди.
Шу билан вафот этган чолнинг ўғли фотиҳага келувчилардан қутилди. Аммо...

Аммо,  кеча пайшанба куни қарасам туш пайтида қўшнимни хонадонидан  азага монанд кийинган бир гуруҳ маҳалладош аёллар чиқишаяпти. Улар фотиҳага келишган. Ҳа,  фотиҳага келишган. Марҳумни қабрга қўйиб келишганига 50 кун бўлаяпти. Эркаклар "Қирқ"ни ўтказиб фотиҳахонликни тугатишди. Аммо аёлларни фотиҳахонлиги икки ойда ҳам тугамаяпти. Сиз тарафларда қандайлигини билмадим-у, аммо, биз тарафларда аёллар жанозадан икки ой ўтказиб ҳам пайшанба ва якшанба кунлари аза бўлган хонадонга такрор-такрор фотиҳахонлик қилиш учун бораверадилар. Ҳозирча уларни бу ишдан қайтарадиган ҳеч ким топилмаяпти. Мабодо қайтаришса ҳам "бормасам фалонча(азадор аёлни назарда тутишаяпти) хафа бўлади" деб ҳам қўйишади.
Ўз навбатида азадор хонадон аёллари ҳам агар маҳалла аёллари фотиҳага бир бориб қайта боришмаса "фалончани оқибати йўқ, фотиҳахонликка бир марта келиб қайта келмай кетди" деб гина ҳам қилишади.

Умуман олганда мана ишлар йиғиштирилиши керак. Бошқа жойларни билмадим-у биз тарафларда бундай ишлар мажбурият даражасига чиқиб бўлган. Аза бўлган хонадон аҳллари жанозадан кейин ҳамма ишини йиғиштириб эркакларни қирқ кун, аёлларни эса 60 кун атрофида ҳар пайшанба, якшанба кунлари дастурхон тузаб кутишга мажбур.
Бундай аҳмоқона ишлар бойлар ва ўртаҳолларга билинмас, аммо камбағаллар қийналиб қолишаяпти. Боласи касал, аёлининг мазаси йўқ. Шароити ҳаминқадар. Қўлида пули йўқ. Ана шундай ҳолатда қарз олиб бўлсада турли аза маросимларини ва икки ойлаб чўзиладиган фотиҳахонликни ўтказишга мажбур.
"Ўтказмаса нима бўлади? Айб ўзида" дейсизми?
Тўғри, айб ўзида ҳам бор, буни инкор қилмайман. Аммо, биз тарафларда шундай аҳмоқ одамлар ҳам яшашади-ки кимдир нимадир сабаб бўлиб вафот этган отасини ёки онасини бирон маъракасини ўтказа олмаса ёки кечиктирса элни ичида "сен онангни ёки отангни фалон маъракасини нега ўтказмадинг?" деб сўроққа тутадиганлар ёки "сен отангни ёки онангни фалон маъракасини ўтказа олмагансан" деб камситиб, таъна қилиб гапирадиганлар бор.
Аҳмоқликни бундан ортиқ чегараси борми-ки, "Ҳой фалонча, ўтир буёққа. Сени ўзи шароитинг оғир. Онангни ёки отангни фалон маъракасини ўтказишинг шарт эмас, ундан кўра касалманд болангга, мазаси бўмаётган аёлингга қара, рўзғорингни кам-кўстига қара" демасдан аксинча "қачон ўтказасан?" ёки "нега ўтказмаяпсан?" деб сўроққа тутса ёки "ўтказа олмадинг" деб камситса.

Маъракаларни қисқартириш бўйича имомлар гапиришади, маҳалла раислари тарғиб қилишади. Аммо булар ҳеч кимга таъсир қилмаяпти. Энди бизга меъёр белгиланган қонун керак. 
Тўйларни-ку одамлар бироз йиғинишиб қилишар, аммо аза тўсатдан бўлиб қолади. Шундай экан биринчи навбатда ошиқча эҳсонлар ва фотиҳахонликни йўқотиш керак. Акс ҳолда аза бўлган хонадон жаноза ўтганидан кейин икки ой ўтса ҳам фотиҳахон аёллардан қутилмайди.

Бу гапларни нега ёзаяпман? Сабаби бу халқ ўта маъракапараст бўлиб кетди. Касал боласи ёки касалманд хотини ўлса ўлиб кетаверсин, аммо у олдин турли маъракаларни бошқалардан кам қилмай ўтказиши керак. Онасини даъволатиш керак, укасининг рўзғори ўта хароб, сингилларининг турмуши ҳам ҳаминқадар, йўқ, бу турли маъракасини бошқалардан кам қилмай ўтказиши керак. Жин урсин бундай урф-одатларни.
Сиз нима десангиз денг, аммо мен "бу элни, бу халқни кераксиз маъракалар еб битираяпти" дейман.
Энди ақлни ишлатиш, вақти келмадими яхшилар?

@bugunning_gapi
​​Ботулизмдан огоҳлантираётган ФВВ ва уйда консерва ва шарбат тайёрлайдиган одамлар.

​​Кеча, 22 ноябрь куни телефонимга ФВВ дан қўйидаги смс хабар келди. 👇
Botulizm kasalligi oldini olish maqsadida uyda konserva mahsulotlarini tayyorlamang va uy sharoitida tayyorlangan konserva mahsulotlarini iste'mol qilmang.

Мундоқ  ўйлаб кўрса ФВВ ўз вазифасини бажараяпти. Аҳолини қандайдир касалликка чалинмаслик учун уй шароитида тайёрланган консерва маҳсулотларини истеъмол қилмасликка чақираяпти. Аммо,  шу ФВВ да ўтирган ва аҳолига шундай смс жўнатаётган инсонлар уй шароитида одамлар консерва маҳсулотларини қандай тайёрлашларини ёки турли консерва заводларида консерваланган мева ва сабзавотлар қандай қадоқланаётганини билишармикин?

Масалан, бизнинг уйимизда консервалар тайёрланиши жараёнида олдин маҳсулотларнинг сифатлилари ажратиб олинади. Уларни тозалаб икки мартадан ювилади. Кейин банкалар тозалаб ювилиб кейин иссиқ парга тутиб олинади. Агар маҳсулот қозонда қайнаб пишса банкага солиниб яна қозондаги қайнаб турган сувга қўйилиб яна қайнатилади. Шунингдек банкага шундоқ солинса ҳам қозондаги қайнаб турган сувга қўйилиб роса қайнатилади. Тайёрлаш жараёнида керакли миқдорда сирка, туз, шакар каби қўшимчалар солинади. Турли  мевалардан тайёрланадиган мураббо ёки шарбатлар ҳам шундай, энг сара мевалардан, санитария қоидаларига тўла амал қилиниб тайёрланади.  Умуман айтганда бошқаларда ҳам кўрганман хонадонларда консерва маҳсулотларини тайёрлашда жуда эҳтиёткорлик билан тайёрлашади,  аммо...
Аммо,  эътибор бераяпсизми, охирги пайтларда турли ишлаб чиқарувчилар томонидан  ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг сифати тобора ёмонлашиб бораяпти. Шу жумладан консерва ишлаб чиқараётган турли корхоналарнинг маҳсулотлари ҳам. Сабаби маҳсулотини етиштирган фермер ёки деҳқон ҳеч қачон ўз маҳсулотининг сарасини консерва маҳсулотларини тайёрлайдиган корхоналарга бермайди, бозорга чиқаради. Ўзим неча марта гувоҳи бўлганман, консерва заводларнинг дарвозаси олдида устидаги мева ва сабзавотларни ачитиб-саситиб, тагларига ачиган ширалари оқиб турган юк машиналарини турнақатор бўлиб навбатини кутаётганини. Шундай экан охирги пайтларда хонадонларда тайёрланаётган консервалардан кўра консерва заводларда тайёрланаётган консерва маҳсулотларнинг сифати шубҳали бўлиб бормоқда.

Яна бир муҳим масала шу-ки, уйда тайёрланаётган шарбатлар, турли консерва маҳсулотларида инсон саломатлигига хавф солиши мумкин бўлган ошиқча кимёвий моддалар йўқ. Фақат сирка, туз ва шакар бор. Консерва заводларидан чиқаётган маҳсулотларда эса турли кимёвий моддалар етарлича бор. Узоққа бормайлик, исталган корхона тайёрлаган шарбатнинг қадоғига қаранг. Таркибда табий мева шарбатининг миқдори 15 фоиз ёки жа борса 20 фоиз. Қолгани ҳаммаси кимёвий моддалар ва сув. Биз турли мевалардан уйда тайёрлайдиган шарбатда эса сара мева, сув ва озгина шакар бор. Баъзида шарбатни ҳатто ширинроқ мевалардан шакарсиз ҳам тайёрлаймиз. Шундай экан, инсон саломатлиги учун заводларда тайёрланган, таркибининг асосий қисми кимёвий моддалардан ташкил топган шарбатлар фойдалими ёки хонадонларда фақат меваларнинг ўзидан тайёрланган шарбатларми?

Шунингдек шахсан мен ўшандай корхоналарнинг консервалаётган маҳсулотларини хонадонлардагидай эътибор билан саралашларига, ювиб тозалашларига, керакли миқдорда қайнатишларига ишонмайман. Ўзи қабул қилаётган маҳсулоти сифатсиз бўлса, уни нимасини саралайди? Шунингдек санитария қоидаларига қанчалик амал қилаётганларини ҳам Худо билади.
Шундай экан, ҳозирча ФВВ минг огоҳлантирмасин мен уйда ўзимиз тайёрлаган нарсаларни истеъмол қилишда давом этавераман. Сизни эса ўзингиз биласиз.

П.С. Албатта, ҳамма консерва заводлари ҳам сифатсиз маҳсулотларни олаяпти деб бўлмайди. Сифатли маҳсулот олаётганлари ҳам бор. Аммо консерванинг қадоғини очиб кўрмагунча уларнинг қандайлигини ҳаргиз била олмайсиз. Қадоқланган идиши чиройли бўлса ҳам ичини.... уриб кетган бўлиши ҳам мумкин.

@bugunning_gapi
​​Ҳаддидан ошган "ўртоқ бошлиқ".

Кеча, 23 ноябрь санасида Ургут туман жиноий ишлар бўйича судида бир суд иши бўйича қатнашдик.
Кимнидир эсида, кимнидир эсида йўқ, шу йилнинг 9 июль куни Қарши туман ИИБ бошлиғи Жаҳонгир Ражабов давлатга дон топшириш режасини бажара олмаган фермерларни шафқатсизларча калтаклаган. Шу ҳақда тумандаги «Абдуғафуров Муҳаммад» фермер хўжалиги раҳбари 33 ёшли Раҳматулло Хўжамуродов хабар тарқатган. Унинг айтишича, милиция бўлими бошлиғи олдин фермерлардан режа бажарилмаслиги сабабини суриштирган. Улар бунинг сабабини тушунтира бошлашганда, барчаларини баравар калтаклай кетган.

— У мени ва яна икки фермер Баҳриддин Тўраев, Абдуҳамид Пардаевларни калтаклади, — деди Раҳматулло Хўжамуродов. — Аввал қулоқ-чаккамизга, кейин эса юз-кўзларимиз аралаш аёвсиз зарбалар йўллади…

Жабрланувчи яна шуни алоҳида таъкидлаб ўтдики, бошқа фермерлар ҳам калтакдан бебаҳра қолмади. Ҳатто, ёши улуғ фермерларни ҳам милиция бўлими бошлиғи аяб ўтирмаган…

Жаҳонгир Ражабовнинг ўзи бу масалада журналистлар билан суҳбатлашишдан бош тортган.
https://zamin.uz/jamiyat/38754-qarshi-tuman-iib-boshligi-galla-rejasini-bajarmagan-fermerlarni-musht-bilan-siyladi.html

Орадан бироз ўтиб, ИИ вазири Пўлат Бобожоновнинг 23-26 июль саналарида Қашқадарё вилоятига маҳаллий Ички Ишлар идораларининг ишлаш тартибларини суриштириш учун қилган ташрифи давомида Ички Ишлар тизимида ишлаш жараёнида бир қатор камчиликларга йўл қўйгани учун кўпгина раҳбарлар қатори ушбу валломат шахс ҳам ишдан бўшатилади.
http://www.xabar.uz/jamiyat/polat-bobojonovning-qashqadaryoga

Шундан сўнг калтак еган фермерларнинг прокуратурага шикоят қилишлари ортидан ушбу шахс устидан жиноят иши қўзғатилади.
Кеча бўлиб ўтган суднинг охирги мажлисида суд Жаҳонгир Ғаппорович Ражабовга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 206-моддаси 1-қисми билан ЖКнинг 45-моддаси татбиқ этилиб, 3 (уч) йил муддатга корхоналар, муассасалар, ташкилотларда ва ички ишлар органлари тизимида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 2 (икки) йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлади.

Албатта, воқеаларнинг гувоҳи бўлмаганман, аммо ўша калтак еган фермерларнинг орасида аёл кишининг ҳам бўлгани, Ражабов эса бошқа фермерлар қатори уни ҳам аямай урганини инобатга олсак суд унга енгил жазо тайинлади деб ўйлайман.

Мени ҳайрон қолдиргани кеча суд залида ўтирган судланувчини ҳолатини кўриб ҳеч ким уни бироз олдин Қашқадарё вилояти туманларидан бирида қамчисидан қон томадиган, ҳатто аёл кишига қўл кўтарадиган ИИБ бошлиғи бўлиб ишлаганига ишонмайди. Чунки бу валломат суд залида иштонини ҳўллаб қўйган боладек бўлиб ўтирарди.

Сизни билмадим, аммо мен бундай инсонларни кўп кўрганман. Амалга ўтиргач ўзини жуда катта олиб, халқни хоҳлаганча босиб-янчиб, амалдан урилгандан кейин иштонига ҳўллаб қўйган боладай бўлиб қолганларини, кейин ўзлари сўкиб-сўйлаб тайзиқ ўтказган элга қўшила олмай яккаланиб қолганларини кўрганман.
Шу учун бугун амалда юрганлар мана шундай ишлардан тегишли хулоса чиқаришлари ва ўтирган амаллари вақтинчалик эканини билишлари ва халқ билан муносабатлардан ҳаддиларидан ошмасликлари керак. Акс ҳолда Қарши туман ИИБ собиқ бошлиғи Ражабовнинг куни бошларига тушиши муқаррар.

Мени бундайларга раҳмим келмайди. Чунки, уларни шу эл, шу халқ боқаяпти. Агар ўзини боқиб юрган халқини назар писанд қилмай калтакладими, уни ўша амалида бир кун ўтиришга ҳаққи йўқ. Охир-оқибат ундайлар ўзини тегишли жазосини олиши керак.

@bugunning_gapi
​​Тез ёрдамга жорий қилинаётган авиация ёки бири кўчада, яна бири осмонўпар уйда яшаётган ҳиндистонликлар ҳақида.

17.10.2018 санасида Ўзбекистон Республикасида тез тиббий ёрдам хизматини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори эълон қилинди.
http://uza.uz/oz/documents/zbekiston-respublikasida-tez-tibbiy-yerdam-khizmatini-takomi-17-10-2018?m=y&ELEMENT_CODE=zbekiston-respublikasida-tez-tibbiy-yerdam-khizmatini-takomi-17-10-2018&SECTION_CODE=documents

Қарорга мувофиқ:
"Шошилинч ёрдамга муҳтож ҳар бир кишига юқори сифатли тиббий хизматларни ўз вақтида кўрсатиш тез тиббий ёрдам хизматининг устувор вазифаси деб ҳисоблансин. 
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси ва “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК билан биргаликда тез тиббий ёрдам хизматини 2020 йилдан бошлаб авиация техникаси билан жиҳозлаш ва (ёки) авиация хизматларини харид қилиш, шу жумладан, давлат-хусусий шериклик асосида харид қилиш бўйича таклифларни 2019 йил 1 мартга қадар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин".

Яқинда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг
minzdrav.uz сайтида Вазирлар Маҳкамасининг ўша қарори бўйича қилинаётган ишлар ҳақида хабар берилди.
Хабарда "Соғлиқни сақлаш вазирлиги Вазирлар Маҳкамасининг ўша қарори юзасидан аҳолига тиббий тез ёрдам кўрсатиш сифатини ошириш юзасидан бир қатор ишлар олиб борилаётгани, шунинг билан бир қаторда, эндиликда тез тиббий ёрдам хизматини авиация техникаси билан таъминлаш чора-тадбирлари ҳам кўрилаётгани" ҳақида ёзилган.
http://www.minzdrav.uz/uz/about/detail.php?ID=55500&version=contrast

Мен юқоридаги хабарларни ўқир эканман Ҳиндистон эсимга тушди. Нега дейсизми? Билишимча бу давлатнинг аксарият бойлари ўта ҳашаматда яшашади. Баъзи бойлари ҳатто шахсий осмонўпар бино қуриб яшашаяпти. Аммо 300 миллион атрофида аҳолиси уй-жойи йўқ ҳолда кўчада яшайди.
"Нима бўлибди шунга?" дейсизми? Ҳе нарса бўлмади. Шунчаки бугунги кунда мамлакатимизнинг аксар ҳудудларида йўлларнинг ўта ёмонлиги, ҳатто аксарият республика аҳамиятига эга бўлган  йўлларнинг асфальти ўйилиб тош ва лой кўчаларга айланиб қолгани ҳеч кимга сир эмас. Ўша йўлларда юрадиган тиббий тез ёрдам машиналарнинг ортиб юрган беморини бешикда тебратгандай тебратиб олиб юриши ҳам ҳаммага маълум.  Ана шундай ҳолда  аҳолига тиббий тез ёрдам кўрсатишни сифатини ошириш учун ўша йўлларни сифатли қилиб таъмирлаш ўрнига келажакда тез ёрдам хизматида авиация хизматидан фойдаланиш ҳақидаги гаплар менга бири кўчада, иккинчиси осмонўпар уйда яшаётган Ҳиндистонни эслатди.

Умуман олганда президент қароридаги тиббий тез ёрдамга авиация вертолётларини жалб қилиш ҳам фақат пойтахтликлар ва вилоят марказлари учун бўлса керак. Қишлоқ ҳудудлари на вертолётни кўради, на тузукроқ тиббий тез ёрдам машинасини. Қишлоқ ҳудудларига ўзимизнинг Дамасвой ҳам бўлаверади. Фақат...
Фақат ўша Дамасвойда беморни олиб кетаётиб ўнқир-чўнқир йўллардан юрганда бемор ўлиб қолмаса бўлди. Уёғига яшаб кетишига кафолот бор.

Аслида, қишлоқ ҳудудларида  яшаётган одамларга ҳозирча вертолётни ҳам, чет элдан келтирилган реанимобиллар ҳам керакмас. Дамасвой ҳам бўлаверади. Фақат илтимос, олдин йўлларни яхшилаб таъмирлаб қўйишсин. Агар йўл ҳозирги ўнқир-чўнқир ҳолида қолаверса қишлоқ ҳудудларига чет элдан келтирилган машиналардан беришни фойдаси йўқ. Барибир силкиниб юриб беморни ўлдиради. Агар йўлни сифатли таъмирлашса Дамасвой ҳам силкинмай текис юра олади. 😊
Нима демоқчиман?
Тиббий тез ёрдам сифатини ошириш учун олдин йўл текис бўлиши керак. Акс ҳолда тиббий тез ёрдамга минг зўр машина қўйишмасин, фойдаси йўқ.

@bugunning_gapi
​​"Тухумкоробка" йўллар.

Сиз яшаётган ҳудудлардаги йўлларнинг аҳволини билмайман. Шунингдек асфальти йўқ бўлиб аянчли аҳволга тушган йўллар сиз тарафларда борми ёки йўқми, буни ҳам билмайман. Агар сиз тарафларда ўшандай ёмон аҳволга тушган йўллар бўлса бундай йўлларни сиз нима деб аташингизни ҳам билмайман. Балки сиз тарафларда ўшандай ёмон аҳволга тушган йўлларга ном қўйишни ҳали билишмас. Аммо биз бундай йўлларга аллақачон ном қўйиб олганмиз. Ундай йўлларнинг номи қисқа ва лўнда қилиб "Тухумкоробка" дейилади. Айтишга ҳам, ёзишга ҳам қулай; Тухумкоробка.
Қалай, қойилмисиз?
Қулоққа жарангли эшитилаяптими?

Қўйидаги суратда Ургут-Булунғур йўлининг "Испанза" участкасидаги қисмининг аҳволи. Номига жудаям мос; Тухумкоробка!
Марҳум Эргаш Каримов ва унинг хотини ўйнаган Телевизон минатюралар театридаги "Лампашиша" борку, ўшанда котибанинг соч турмаги лампашишага қанчалик ўхшаса, анча йиллардан бери йўлсозлар назаридан четда қолиб келаётган ушбу йўлнинг бир қисми ҳам Тухумкорбка номига жуда мос. Кўринг ва халқнинг заковотидан завқланинг. 😊

@bugunning_gapi
Тавсия қиламан.

Сўнгги пайтларда ўзим учун ўзбек тилида яхши телеграм-каналларни очдим. Уларни сиз билан баҳам кўраман:

Homo Liber — навоийлик Мафтуна Усмонованинг канали. У ҳозир Францияда, аввал эса Польшада ўқидан. Европа таълим тизими ва феминизм ҳақида ёзади. Постлари рус ва ўзбек тилларида. Яқинда Польшада ўқиш ҳақида гапириб берди. Европада ўқиш истагида бўлганларга тавсия қиламан.

«Бугуннинг гапи» — Ўзбекистон муаммолари ҳақида шахсий фикр. Канал муаллифи — журналист (мажбурий обунага қарши бўлган журналист!) Ғайрат Йўлдош. Масалан, ғадир-будур йўллар «тухумкоробка» дейилишини ўша каналдан ўргандим.

«Доктор Шизоид» — Медицина ҳақида блог, ноодатий услубда ёзади, менга ёқди. Муаллифи ким эканлигини билмадим. Огоҳлантириш: постларида сўкиш сўзлар ишлатилади.

«Аслановдан иқтибос» — спорт журналисти Қаҳрамон Аслановнинг блоги. Муаллиф каналида спорт ҳақида эмас, балкий кундалик турмуш ва жамиятдаги ўзгаришлар ҳақида ёзади. Масалан, куни кеча яхши одам тушунчаси ҳақида ёзибди. Жуда яхши таъриф берибди, тавсую.

@muhrim, @xushnudbek, @davletovuz каналлари ҳақида-ку индамадим. Улар анча «оёққа турган» каналлар, жуда қизиқ ва долзарб мавзуларни кўтаришади. Реклама қилишга ҳожат йўқ.
​​#Лирикчекиниш

Верэнинг йигитлари Маргони дафн этишаяпти...

Менинг энг қадрдон ҳамроҳим китоб.
Тўғри,  кўп китоб ўқиганман дея олмайман. Қўлимда борини,  топганимни такрор ва такрор ўқийвераман. Мана ҳозир ҳам Нодар Думбадзенинг  "Абадият қонуни" романини нечанчидир марта ўқияпман.

Ҳозир шу тобда китобнинг Верэнинг йигитлари Маргони дафн этишаётган жойига келдим..
Адиб унинг аччиқ тақдирини ҳикоя қилиб бераяпти. Буёқда эса менинг кўзёшларим тинмаяпти.
Шу адиблар ўз қаҳрамонларини ўлдирмасалар нима қилар экан-а?!
Ҳозир Маргонинг вафот  этишини ўқиб ўйлаб ўтирибман.
Бу ҳаётда нега яшаётганимизни,  нега уч кунлик дунёда кўпинча ёмонлик яхшиликнинг устидан ғолиб келишини,  нега олчоқлар,  сотқинларнинг ошиғи доим олчи эканини, бу дунё ошиқча елиб-югуришимизга арзирмаслигини, аммо биз ғофил инсонлар бу нарсаларни тан олмасдан нафсимиз учун доим елиб-югураверишимизни ўйлаяпман.
Ҳар доим қандайдир асардаги яхши одамларнинг ўлими билан боғлиқ сюжетларини ўқир эканман юқоридаги гаплар хаёлимдан ўтаверади. Ҳар доим.

Верэнинг йигитлари "жинни Марго"ни кўмишаяпти. Бу дунёга ҳур келиб,  ҳур кетган қизни.
Ў. Ҳошимовда "отинойи"ни жанозасини ўқиганда,  Ремарк "Уч оғайни" даги қизни касал қилиб ўлдирганда,  Ч. Айтматов "Қиёмат"да Авдий Каллистаровни бир тўда ёввойилар қўли билан маҳв этганда, Қодирий бобомиз Кумушни Зайнаб қўли билан заҳарлаб ўлдирганида мен ҳар доим дунёдан этак силтайман, ҳар доим юқоридаги гапларни хаёлимдан ўтказаман.

Боя эрталаб телеграм каналида аёвсиз баҳс олиб бораётган эдим. Энди эса баҳслашганимга ҳам афсусланиб ўтирибман ва ўша баҳс энди ўзимга арзимас ва кулгили бўлиб туюлаяпти.
Шунингдек каналимда қўйган постимни ўзгартириб кўчириб қўйган бир канал админларини нимадир деб ҳақорат қилиб сўкиб юбордим,  ўша ишимдан ҳам афсусдаман,  ҳозир улардан ҳам кечирим сўрайман.
Буёқда Верэнинг йигитлари Маргони дафн этиш учун кўтариб кетаётганларида ва уларга бутун шаҳарча эргашганида, бу ишнинг олдида менинг эрталабки ишларим ниҳоятда ҳақир кўринади ва бу дунёда  асаб бузишга арзигулик бирон нарса йўқ деб ўйлай бошлайман. Ҳаммаси ўткинчи,  ҳаммаси сароб  бўлиб  туюлади.

Уёқда Верэнинг йигитлари Маргони дафн этишаяпти....
Буёқда эса булутлар тинимсиз кўз ёш тўкиб мени қалбимни парчалаяпти.....


@bugunning_gapi
​​Долларфурушларга лицензия бериш керакми?

Ҳаммамизга маълум ўтган йилдан бошлаб валюта олди-сотдисини эркинлаштириш йўлида катта қадамлар ташланди. Расмий курс қора бозор курси билан бир хил қилинди. Банкларга аҳолидан чекланмаган миқдорда валюта сотиб олишга ва халқаро тўлов карталар орқали сотишга рухсат берилди. Жорий йил 1 апрелдан эса ўша тўлов карталаридаги валютани банкларда нақдлаштириб олишга рухсат берилди. Аммо...

Аммо..., ҳаммамиз кўриб турибмиз валютафурушлар ҳамон ишлаяптилар. Ҳозирча валюта нақд пулга сотилмаяпти, аммо нақдга сотилса ҳам валютафурушлар катта эҳтимол билан ишлайверадилар.
Буни турли сабаблари бор.


1) Одамлар ўз пулларини долларда сақлайдилар.

Сўмимиз илк бор жорий қилинган 1994 йил, июль ойидан бери минг баробардан кўпроққа қадрсизланди. Шундай экан одамларнинг ўз пулларини долларда сақлашларига ошиқча изоҳ йўқ ва аксарият ҳолларда  турли сабабларга кўра улар долларни банкдан эмас, валютафурушлардан оладилар.

2) Узоқ туманларда валюта айирбошлаш шахобчалари фақат туман марказларида жойлашган.

Шу сабаб туфайли ҳам туман марказидан узоқда яшаётган аҳоли ўз қўлидаги долларини сўмга алмаштириш учун туман марказига эмас, балки ўзига яқин жойда ишлаётган валютафурушларга мурожат қилмоқда.

3) Банклардаги валюта алмаштириш нархлари билан яширинча фаолият олиб бораётган валютафурушлар таклиф этаётган нархлар ўртасида сезиларли тафовут бор.

Масалан, банкларда валюта алимаштириш жараёни бошланганда сотиб олиш нархи 8000 сўм қилиб белгиланди. Бундан хабар топган валютафурушлар эса ўша пайтда сотиб олиш нархини 8100 қилиб белгиладилар. Бундай шароитда аксарият инсонлар қўлидаги валютани қимматроққа сотиш учун валютафурушларга мурожат қилиши табий ҳол.

Муаммонинг ечими борми?

Албатта бор. Валютафурушлар фаолиятини легаллаштириш керак.

1. Банкилар ютади.

Агар валютафурушларга лицензия бериш ваколати банкларга берилса ана ўшанда тижорат банклар ўртасида ким кўпроқ валютафурушларни ўзига жалб қилиб кўпроқ лицензия сотиш учун рақобат юзага келади ва шу туфайли банкларда ишчанлик ошади. Яна  банклар ўзи томонидан валютафурушларга бериладиган лицензиядан анчагина пул ишлайди ва бу ҳам мамлакатимиз бўйича ҳисобланганда яхшигина маблағни ташкил этади.

2. Аҳоли ютади.

Агар валютафурушларга лицензия берилиб уларнинг фаолияти легаллаштирилса аҳоли ўз уйига яқин бўлган қонуний ишлаётган валютафурушларга қўлидаги валютасини хоҳлаган пайтида бемалол алмаштириб кетаверади ва бу аҳоли учун анча қулай бўлади.

3. Валютафурушлар ютади.

Агар валютафурушларга лицензия берилса ва уларнинг фаолиятлари легаллаштирилса улар ҳам доим ҳуқуқни ҳимоя қилиш ходимларининг қўлига тушиб қолишдан қўрқиб, қочиб юришмайди ва хоҳласалар уйларида, хоҳласалар бозорларда бемалол фаолият юритаверадилар.

Шу материални тайёрлаш жараёнида турли жойларда ишлаётган валютафурушларнинг(уларни ҳанузгача истаган бозорингиздан бемалол топишингиз мумкин) бир нечтаси билан шу мавзуда суҳбатлашдим. "Қани эди шунақа бўлса, буни орзу қиламиз-ку. Агар бизга ҳам лицензия жорий қилиб қонуний ишлашимизга рухсат беришса лицензия тўловини қанча қилиб қўйишса ҳам тўлаб, қонуний ишлардик. Қоча-қоч қилиб ишлаш жонимизга тегиб кетган" деб жавоб беришди.

Юқоридаги фикрларимни ўқиб сиз қандай фикрга келасиз менга қоронғу. Балки "валютафурушларга лицензия бериб уларнинг фаолиятини легаллаштириш керак" деган фикримга қўшиларсиз, балки қўшилмассиз. Бу сизнинг хоҳишингиз. Аммо мен яна бир нарсани қўшимча қилмоқчиман, дунёнинг аксар давлатларида, шу жумладан яқин қўшниларимиз бўлган Қозоғистон ва Қирғизистонда ҳам анча йиллардан бери шу амалиёт қўлланилади. Яъни хоҳлаган одамга валюта олди-сотдиси билан шуғулланишлари учун лицензия берилади ва ўша лицензияни олган одамлар истаган жойларида эркин валютафурушлик фаолиятларини олиб бораверадилар. Шундай экан жаҳоннинг кўпгина давлатларида қўлланилаётган ушбу амалиётни бизда ҳам жорий қилиш керак деб ўйлайман.
Агар сизларда ушбу муаммонинг бошқачароқ ечими бўлса бемалол у билан ўртоқлашишларинг мумкин.

©️ @bugunning_gapi канали
​​Интерпол раҳбарлигига сайловлар; россиялик номзод ютқазди.


Жорий йилнинг 18-21 ноябрь кунлари  Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида  Интерпол Бош Ассамблеясининг 87-сессияси бўлиб ўтди. Унда
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари, генерал-майор Д.Назармухамедов бошчилигидаги делегация ҳам қатнашди.
http://www.uza.uz/oz/society/zbekiston-respublikasi-ichki-ishlar-vazirligi-delegatsiyasi--24-11-2018?m=y&ELEMENT_CODE=zbekiston-respublikasi-ichki-ishlar-vazirligi-delegatsiyasi--24-11-2018&SECTION_CODE=society

Тадбирда Интерполга аъзо давлатлардан ташриф буюрган 1000 дан ортиқ делегатлар ҳамда полиция органларининг 85 нафар турли даражадаги раҳбарлари иштирок этди
Шубҳасиз, Бош Ассамблея сессиясининг кун тартибига қўйилган асосий масалалардан бири Интерпол Ижроия қўмитасига, Президент лавозимига сайловларни ўтказиш бўлди.

Ушбу лавозимга Корея Республикаси ва Россия Федерациясидан номзодлар кўрсатилиб, овоз бериш натижаларига кўра россиялик Александр Прокопчук сайловда юқазди ва Корея Республикаси вакили Ким Чон Янг Интерпол Ижроия қўмитаси Президенти этиб сайланди. У икки йил давомида ташкилотга раҳбарлик қилади.
Ким Жонг Янг бунгача Интерпол вице-президенти бўлиб ишлаган, кейинги ойларда эса вақтинчалик президент бўлганди.

Интерполнинг аввалги президенти, хитойлик Мэн Хунвей сентябрь ойи охирларида ғойиб бўлиб қолганди. Кейинчалик аниқланишича, у Хитойда қўлга олинган, мамлакат ҳукумати уни коррупцияда гумонламоқда. Шундан кейин Хунвей ташкилот раҳбари лавозимидан истеъфога чиқарилди.

Сайловдан аввал Россия вакилининг имкониятлари юқори баҳоланаётган эди. Унинг сайловда ютқазишига бир қатор мамлакатларнинг "агар Россия вакили ташкилот раҳбари этиб сайланса ташкилотни тарк этишлари" ҳақидаги баёнотлари сабаб бўлди. Булардан бири Украина, яна бири Литва эди. Шунингдек россиялик номзод АҚШнинг ҳам норозилигига учради.
https://kun.uz/news/2018/11/21/interpolga-angi-rabar-sajlandi-rossialik-general-sajlovda-utkazdi

Интерпол ташкилотининг тарихи ўтган асрнинг бошларига бориб тақалса ҳам ташкилотнинг ҳозирги низоми 1956 йилда қабул қилинган.
Бугунги кунда бу ташкилотга дунёнинг 194 давлати аъзо. Ўзбекистон ушбу ташкилотга 1994 йил, 28 сентябрда аъзо бўлган.

@bugunning_gapi
​​Ўтмишдан эртаклар.

Мана ҳаш-паш дегунча мустақиллик болалари 27 ёшга кириб қўйишди.
Нега шу тобда кимларнидир ёшини ҳисоблаб ўтирибман?  Булар СССР деб аталган давлатнинг бошқарув шаклини кўрмаган, англаб етмаган авлоддир. Булар кўзини очиб мустақил Ўзбекистонни кўрган.
Шу туфайли ана шу авлодга қайси бир шоир ўз шеърида ёзганидай "Улуғ Советлар мамлакати" ҳақида бироз тушунча бермоқчиман. Мен ақлимни таниб ўша тузумни озгинасини бўлса ҳам кўрганман-да.

Эслайман, ўша пайтларда ҳозирги туманлар "район" деб аталар, вилоят эса "область" эди. Районни бошқарадиганларни "райком", областни бошқарадиганларни "обком" дейишар эди. Обком ўз областида, райком ўз районида қарийб мутлақ ҳокимиятга эга эди. Тўғри,  уларнинг ёнида "зам" бўлиб Марказни одами юрган. Аммо унда ҳам нафс борку!

Ўша пайтда таълим тизими Халқ таълими вазирлигига бўйсунса ҳам, амалда райкомлар, раислар уларнинг устидан хўжайин эди. Мактабларга тонналаб макалатура ва металлом топшириш вазифаси юкланар эди. Шунингдек исталган раис ёки бригадир ўзининг участкасидаги мактабдан хоҳлаганича ўқувчиларни ўқитувчисига қўшиб турли дала ишларига олиб чиқа олар эди. Пахта териш мавсумида 5-6 синфдан юқори ўқувчилар қиш яқинлашиб қор ёғса ҳам ўз ўқитувчилари бошчилигида пахта далаларида юрар эди. Шу жумладан студентлар ҳам.
Мактабларда ҳам, ОТМларда ҳам тарих ўта сохталаштириб, қўрқоқларни қаҳрамон деб, қаҳрамонларни эса қўрқоқ деб ўқитилар эди.

Агар бир ҳудудга катталардан кимдир келадиган бўлса худди Гоголни "Ревизор"идагидай бир ҳафта олдин ҳаммаёқни тозалаш, дарахтларни оқлаш, кўчаларда таъмирлаш ишлари олиб борилар эди.
Қишлоқ хўжалигига кўпинча бу соҳани умуман тушунмайдиган "шонли партия"дан чиққан райком ва обкомлар хўжайинлик қилишар эди.

Куз келиб пахта очилганда ҳамма ёппасига пахта теримига жалб қилинар эди. Шунга яраша кўчалардаги баннер борми, колхоз идорасидаги алвон латта борми, мактабларнинг коридори-ю, биринчи синфларнинг "Алифбо"си борми ҳаммасида "пахта бизнинг бойлигимиз" ҳақидаги шиорлар, шеърлар ёзилган эди.

Магазинлар тўла маҳсулот бўлар, нархлар анча-мунчага оширилмас эди. Аммо ноёброқ нарсалар подприлавка сотилар ва "ширинкома"сини бермасангиз ўша ноёброқ молни тушингизда кўрар эдингиз. Шунингдек айнан бизга СССРнинг ўзидаги ёки хориждан, асосан социалистик лагерга кирувчи Шарқий Европа мамлакатлари бўлмиш Чехия, Руминия, Венгрия каби мамлакатларда тайёрланган сифатли кийим-кечак ёки бошқа маҳсулотлар умуман келмас эди. Улар асосан Россиянинг йирик шаҳарлари, Украина, Белоруссия ва Болтиқбўйи республикаларида сотилар эди.
Шунингдек машина сотиб олиш жуда муаммо эди. Машина олмоқчи бўлганлар пулини тўлаб қўйиб йиллаб кутишар ёки навбатсиз олиш учун одамини топиб "шапка" беришар эди.

Хорижга чиқиш жуда машаққат эди. Фақатгина социалистик лагерга кирувчи мамлакатларга бориш мумкин эди. Ғарб давлатларига боришга оддий одамларга мутлақо рухсат йўқ эди. Фақат давлат иши билан бориш мумкин эди. Ўшанда ҳам хавфсизлик хизматида икки-уч марта суҳбат баҳона сўроқ қилиниб.
Хорижга чиқишдан олдин паспортга "хорижга чиқиш учун рухсатнома" печати уриш шарт эди.

Тв. каналлар асосан Москваники эди. Ўзбекистон каналида ҳам тенг ярмидан кўпроқ турли кўрсатувлар рус тилида берилар эди. Йирик шаҳарларда, айниқса Тошкентда рус тили устунроқ эди. Аксар катталарнинг, интелгентларнинг болалари рус мактабларида ўқир, рус тилини билиш эса маданият белгиси ҳисобланар эди.  Айрим ҳолларда кўчада кетаётганингизда кўриниши ўзбекка жудаям ўхшаш бўлган қизга ёки аёлга ўзбекчалаб савол берсангиз "чего?" деб елка қисиб савол назари билан қарар эди. Мабодо сиз "мен русчани билмайман, илтимос, ўзбекча гапиринг" десангиз сизни нафақат русийзабонлар, балки ўзингизнинг миллатдошларингиз ҳам "миллатчилик қилма" деб  талашар эди.

Албатта, ўша даврни ёзаман деса бутун роман бўлади. Менда эса бу ерда ҳарфлар лимити бор.
"Сизни ёзганларингиз менга таниш" дейсизми? Ҳазиллашманг, у пайтда сиз онангизни қорнида ҳам йўқ эдингиз. "Барибир таниш" дейсизми? Унда кимларнидир қиёфасида ўша пайтда яшагансиз. Бошқа нима ҳам дердим. 😀

https://t.me/joinchat/AAAAAFDsqn0uS_lzEcmvbw
​​Президент ҳарбийларимиз сергаклигини текширди.

Бугун эрта тонгдан ўзингиз яшаётган ҳудудларда ҳарбийларга,  кўчаларда ҳарбийлар ўрнатган қумли қоплардан иборат дзотларга, блокпостларга кўзингиз тушдими? "Тинчликмикан?" деб хавотирга тушмаяпсизми? Хавотирланманг, ҳаммаёқда тинчлик.

Бугун, 26 ноябрь куни, эрта тонгда,
Ўзбекистон Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёевнинг тегишли фармойишига мувофиқ, Мудофаа вазирлиги қўшинлари ўқув тревогаси бўйича кўтарилди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
http://mudofaa.uz/o%CA%BBzbekiston-respublikasi-mudofaa-vazirligi-matbuot-xizmati-xabari/

Жумладан хабарда:
"Мазкур тадбирда Мудофаа вазирлиги қўшинларининг жанговар шайлиги текширилади. У беш кун давом этиб, тўрт босқичда амалга оширилади.

Машғулотлар давомида Мудофаа вазирлиги марказий аппаратининг бошкарувни амалга ошириши ҳамда қўшинларни юқори даражадаги жанговар шайликка келтириши, шунингдек, бўлинмаларнинг уюшқоқлик билан белгиланган ҳудудларга чиқиб кетиши ва тезкор вазифаларни бажаришга тайёр эканлиги билан боғлик масалалар кўриб чиқилади.

Таъкидлаш лозимки, бугунги кунга кадар ҳарбий хизматчиларнинг жанговар шайлиги, ҳарбий техника, қурол-яроғ ва моддий-техника воситалари билан таъминланганлик даражаси бу каби кенг кўламли текширувдан ўтказилмаган" дейилади.

Шундай экан яшаш жойингизда ҳарбийларимизни кўриб асло хавотирга тушишингизга асос йўқ. Ҳарбийларимиз чегара сарҳадларимизда кеча-ю кундуз бизнинг тинчлигимизни муҳофаза қилиш учун сергак турибдилар.
Бугун уларнинг сергаклиги Президентимиз томонидан синовдан ўтказилмоқда. Шундай экан хотиржам бўлаверинг.

https://t.me/joinchat/AAAAAFDsqn0uS_lzEcmvbw
​​Роза Каримова ва "Халқ артистлари".

Кеча телевизорининг қайсидир каналидан Эргаш Каримовнинг хотирасига бағишланган кўрсатувни томоша қилдим. Кўрсатувда мени эътиборимни тортган нарса шу бўлди-ки Эргаш Каримовнинг бир умрлик умр йўлдоши ва саҳнадаги шериги бўлмиш Роза Каримовани кўрсатишганда титрда унинг исм-шарифини ёзиб остига "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист" деб ёзишди.

"Шунга нима бўлибди?" дейсизми? Йўқ, ҳеч нарса бўлмади. Фақат мен ўша ёзувни кўриб ҳайрон қолдим.
Ҳайрон қолганим, биринчидан мен Роза Каримовани аллақачон "Халқ артисти" унвонини олган деб ўйлар эканман. Иккинчидан эса кечагина "тухумдан чиқиб" шаталоқ отиб юрган қандайдир бир хонандачага бир-иккита Ватан ҳақидаги қўшиқни айтдириб, кейин уни олдинига "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист" унвонига тавсия қилиб, бу унвонни олиб бериб, орқасидан эса орасини совутмай "Ўзбекистон халқ артисти" унвонини бериш учун тавсия қилаётган жанобларнинг ақллари Роза Каримовага келганда ишламаган экан-да

Бу гапларимни ўқиб Роза Каримова нега "Халқ 
артисти" унвонини олиши керак? деб ҳайрон бўлаяпсизми?
Сизга тушунарли бўлиши учун гапни узоқдан бошлай. Мана,  ҳозир ўзингиз кўриб турибсиз,   жамиятимиз айниб бўлган. Одамларда инсоф, иймон, виждон тобора камайиб бораяпти. Ҳаромдан ҳазар қилмаслик эпидемияси ортидан айниқса порахўрлик роса авж олган. Коррупция урчиган. Масъул шахсларда масъулият деган нарса камёб бўлиб қолган. Бу иллатларга қарши кураш эса Адлия вазирлиги ва бошқа бир қатор тегишли идоралар учун жудаям оғир кечмоқда. Масъулиятсиз масъулларни тарбиялаш осон бўлмаяпти.

Энди Роза Каримовага келсак унинг халқ олдидаги хизматларининг улканлиги шунда-ки у турмуш ўртоғи марҳум Эргаш Каримов билан бирга қарийб 50 йил давомида биз бугунги кунда тарбиялай олмаётганимиз, порахўрларга, масъулиятсиз масъулларга, жамиятдаги турли иллатларга қарши турли тадбирларда, концертларда, телевидения орқали кўрсатилган "Телевизион минатюралар театри"даги турли минатюралар орқали курашдилар. Ҳа, шундай. Улар ўз ижодлари билан асосан жамиятни соғломлаштириш учун, одамларни тарбиялаш учун курашган эдилар.
Улар доимо ўз чиқишларида жамиятимиздаги турли иллатларни, порахўр ва масъулиятсиз масъулларни юзини очиб ташлашга ҳаракат қилдилар. Ана шу тарафдан Роза Каримова аллақачон "Халқ артисти" унвонига лойиқ эди. Аммо.... 

Аммо, минг афсуски юқорида ёзганимдай, аллақандай хонандалар кечагина тухумдан чиқиб,  бугун бир думалаб "Халқ артисти" бўлиб юрганида Роза Каримованинг шунча хизматларига қарамай ҳанузгача "Халқ артисти" унвонини олмай юргани ажабланарли ҳолатдир.
Чунки Роза опа бу унвонга етадиган,  ҳатто етиб ошиб кетадиган хизматни шу эл учун, шу халқ учун, шу Ватан учун қилиб қўйган. Шундай экан кўпчиликнинг наздида Роза опага аллақачон "Халқ артисти" унвони берилиши керак эди.

Тўғри, "Халқ артисти" унвони берилиши ҳеч нарсани англатмас. Шунингдек Роза опанинг шу унвонга қараб қолган жойи ҳам йўқ. Аммо ҳар бир ишнинг ёки етарлича хизмат қилиб қўйган кишиларнинг муносиб даражада рағбатлантириши мақсадга мувофиқ иш бўлар эди.

П.С. Роза опага ўша унвоннинг кераги ҳам йўқ. Аммо ҳозир ҳам Роза опага ўхшаб эл учун, юрт учун хизмат қилиб қўйган яна кимлардир эътибордан четда қолиб кетаётган бўлиши мумкин. Шу учун ўша унвонларга кимларнидир тавсия қилаётганлар олдин кимларни бу унвонга тавсия қилишни яхшилаб ўйлаб кўрсалар бўлар эди. Зеро, эл учун, юрт учун шаталоқ отиб қўшиқ куйлашдан, хонандаликдан муҳим бўлган ишлар ҳам кўп.

https://t.me/joinchat/AAAAAFDsqn0uS_lzEcmvbw
​​Ё мен бу таълим тизимидан чиқиб кетишим керак, ёки ростдан ҳам таълимни тубдан ислоҳ қилиниши керак. Мана соат тунги 20-30. Биз ишхонада ўтирибмиз. Нега дейсизми? Шунчаки, эртадан директорнинг ва ўринбосарларининг иш ҳужжатларини, хисоботу, баённомаларини ўргангани комиссия келаркан. Кимлигини билмайман, мақсадиниям. Лекин аниқ биламанеи, бандма-банд қоғоз ва исбот (расм) сўралади. Ҳеч ким келиб, иш режалару, баённомаларни шарт макулатурага ирғитвориб боланинг билим даражасини, унинг мақсаду ўйларини, нияту хоҳишларини, яратилган шароитлару, яратилиши керак бўлган имкониятларни ўрганмайди. Фақат ва фақат тузилмаган иш режа, бажарилмаган банд, олинмаган тадбир фотосуратлари қизиқтиради. Тавбаа... Шундай тизим қурдикки таълимда, унда фақат қоғоз гапиради, билим ўта камтар, ҳеч кимга қизиқмас, таълимга шундай шароит қилдикки, Президент томонидан у ер-бу ерда ташкил қилинган намунали мактабга мани ўқувчиларим экскурсияга борса залига қадам босса ҳижолат бўладиган даражадаги шароитда энди бу шароит... Шундай қуйи ва ўрта бўғин раҳбарларни қўйдикки, уларнинг кўпи мактаб кўрмаган, ҳақиқий мактаб заҳматини тортмаган, ўқитувчи бўлиб бурни «ҳид» искамаган. Улар мактабларда раҳбарлар «қаричлаб ўтиради» деб ўйлашади. Ньюансларни қайдан билсин?! Гоҳ бир ўқитувчининг қон босими кўтарилади, шоҳ биттасини онаси вафот этади ёки яқин қариндоши, гоҳ семинарга боришига тўғри келади, гоҳ ота-она кириб келади қўлини пахса қилиб, гоҳ бирортаси йиқилиб тушади бурни қонаб... йўқ ўқитувчининг ўрнини қоплаш ҳам уларда, «ҳунар қилган»ни тартибга чақирган, шаллақилик қиляпган отани ёки онага холатни ётиғи билан тушунтирган... хуллас, ҳаммасини тўғрилаб бўлганда кун ўрнига тун келган, уйига бормаса бўлмайдиган вақт бўлади-ахир у ҳам одам! Эрталабдан яна ўша сценарий... Қоғоз қурғур тўлдирилмай қоладида яна ўша иддаолардан боши гаранг-айбдор бўлаверади. Аҳир унинг ишини қара, естественный қилган ишлари натижасини кўр, дейдиган одам йўқ.

Баҳромжон Мирзаев.

https://m.facebook.com/story.php?story_fbid=514902009021374&id=100015047386969

https://t.me/joinchat/AAAAAFDsqn0uS_lzEcmvbw
​​Йўл қоидалари учун белгиланган жарималар ҳақида.

22 октябрдан бошлаб айрим йўл  ҳаракати қоидаларини бузиш бўйича жазолар оғирлаштирилди,  жарималар оширилди.
http://www.xabar.uz/avtomobil/ehtiyot-bol-haydovchi-jarimala

Ўзи шундоқ ҳам биздаги жарималар миқдори МДҲ давлатларида энг юқори эди. Масалан,  қарама қарши йўналишга чиқиб машина бошқариш энг кам иш ҳаққининг 10 баравари миқдорида эди. Бу сумма бугун 1.820.000 сўмни ташкил этаётган эди. Ҳозирги расмий курсда бу 220 доллар бўлади. 1 ноябрдан энг кам иш ҳаққининг 202.000 бўлишини инобатга олсак бу қоидабузарлик учун жарима 1 ноябрдан кейин 2.020.000 сўмни ташкил этади ва долларда 240 доллар бўлади.
Ёки телефондан фойдаланиш биринчи мартасида энг кам иш ҳаққининг 3 баравари миқдорида жаримага сабаб бўлади. 1 ноябрдан кейин бу 600.600 сўмни ташкил этади ва долларда 75 долларни ташкил этади.
Бундай катта суммадаги жарималар ҳатто баъзи ривожланган давлатларда ҳам йўқ.

Лирик чекиниш

Жарима ва жазоларнинг бундай оширилиши йўл ҳаракати қоидаларини бузилишини камайтиради десангиз адашасиз. Қоидани бузадиган ҳайдовчилар,  жарима миқдори бундан кўп бўлса ҳам бузаверади. Аксинча, бу иш ҳайдовчилар ва ЙПХ ходимлари ўртасидаги коррупцияни,  пора олди-бердисини баттар кучайтиради холос. 
Ҳа шундай. Жарима миқдори қанча баланд бўлса қоидани бузган ҳайдовчи ҳам, ўша ҳайдовчининг "ака, илтимос баённома тузманг, рози қилиб кетаман" деган гапини эшитган ЙПХ ходими ҳам ўша қоидабузарликдан ўз манфати йўлида фойдаланишга уринади. Бири бузган қоидаси  учун  ЭКИҲ нинг бир неча баробари миқдорида жарима тўлашдан қутилиб арзимаган "тушлик пули" билан қутилиб кетади. Иккинчиси эса битта қоидабузарликка кўз юмиши ортидан ўша "тушлик пули"га эга бўлади. Келиша олганлари учун ҳар икки тараф ҳам хурсанд. Бир-бирлари билан хуш кайфиятда хайрлашишади. Ҳатто, осонгина "тушлик пули" ишлаганидан хурсанд бўлган ЙПХ ходими "буёғига эҳтиёт бўлиб кетинг, фалон жойда ҳам ходимларимиз бор" деб ўзича ҳайдовчини олдиндаги хавфдан огоҳланғириб ўзича унга яхшилик ҳам қилиб қўяди. Буёқда эса топталган қонун оёқ остида хор бўлиб йиғлаб ётибди.

Энди, лирик чекинишдан қайтиб жарималарни жуда юқорилигига қайтсак. Мени ўзим бўлмаганман, аммо ўша ёқларда бўлганлар айтишади қўшниларимиз бўлган Марказий Осиё давлатларида ҳам, Россия, Украина, Белоруссия тарафларда ҳам йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарималар бизникидай ўта юқори эмас. Биз ҳозир жарималар юқорилиги бўйича минтақада биринчи ўриндамиз.
Айтмоқчи бўлганим йўл ҳаракати қоидаларини бузишга белгиланган жарималар аҳолининг реал даромадидан келиб чиқмаган.

Бошқача таклиф

Ҳозир мен йўл ҳаракати қоидаларини бузишга белгиланган жарималарни баланд деяпман-, аммо айрим қоидабузарликлар учун жарималарни янада ошириш ёки жазони кучайтириш тирафдориман. Масалан, халқни тилида "01" деб аталадиган спиртли ичимлик ичиб машина бошқаришга жазони ҳозиргидан ҳам қаттиқроқ қилавериш керак. Чунки, аксарият ҳолларда спиртли ичимлик истеъмол қилиб машина бошқарган одамнинг касрига тротуарда кетаётган беайб бир пиёда қолиб кетаяпти. Шунингдек ҳайдовчилик гувоҳномасини олмай туриб(уйда унутиб қолдирган эмас, умуман олмаган) машина бошқарганларга ҳам жазони кучайтириш керак.
ЙПХ ходимларининг сиренасига ўхшаш сирена қўйиб олиб, кўча-куйда ҳаммани жонига тегиб ўша сиренани баланд овозда чалиб юрганларга жазони ошириш керак.

Умуман олганда жарималарни айримларини тушириш, айримларини ошириш ёки жазоларни кескинлаштириш керак. Ҳозирги ҳолати жуда ҳам(слишком) анча баҳсталаб. Балки шунда кўчаларимизда бироз тартиб бўлар. Нима дедингиз.

https://t.me/joinchat/AAAAAFDsqn0uS_lzEcmvbw
​​"Уривин" ёки ёшларимизнинг тил ўрганишга қизиқмасликлари ҳақида

Бунга 5-6  йил бўлиб қолди, маҳалламиздан таниш бир бола ярим кечада қўнғироқ қилиб қолди. Ўртамизда қўйидаги суҳбат бўлиб ўтди.
- Ака яхшимисиз?
- Раҳмат, ўзинг яхшимисан?
- Ака, бир саволим бор эди.
- Ярим кечада безовта қилганингга қараганда зарур шекилли, беравер саволингни.
- Ака, "тупой" дегани нима дегани?
Уни саволини эшитиб кулиб юбордим.
- Нега кулаяпсиз?
- Бу сўзни нима маъно англатишини нега сўраяпсан, тинчликми?
- Қўяверинг, айтақолинг маъносини.
- Қиз бола ёзиб юбордими? - ўша пайтда у ижтимоий тармоқларда роса актив эди.
- Қаердан билдингиз?
- Буни маъноси "сиз зўр йигитсиз?" дегани, буни фақат қиз бола йигитга ёзиши мумкин, - яна кулдим.
- Қўйсангизчи, ака. Ҳазиллашмай тўғрисини айтинг, - у ялина бошлади.
- Тупой, бу сўз аҳмоқсан дегани, э тупой, - у мен гапимни тугатиб уни гапини эшитмаёқ қўнғироқни уздим.
Ҳозир ўша болани кўча-куйда кўриб қолсам "ҳа "тупой", яхшимисан?" деб сўрашаман.
У эса хижолат бўлиб бурнини тортади. Аммо ҳанузгача рус тилини "р" ҳарфини ҳам ўрганмади.

Мен қишлоқ ёшларининг илмга,  ўқишга қизиқмасликларини кўриб ҳайрон қоламан. Ҳеч бўлмаса биронта чет тилини,  майли у рус тили бўлсин,  инглиз тили бўлсин,  турк тили бўлсин ўрганиб қўяверишса бўлмасмикин? 
Интернетда Россияга ишлагани бориб рус тилини умуман билмай ноқулай аҳволга тушган ҳамюртларимизнинг кулгили аҳволлари акс этган видеолар,  аудиолар роса кўп. Менга ёмон таъсир қиладигани ака Россияга ишга бориб, рус тилини билмаслиги оқибатида ноқулай аҳволга тушганини қайтиб келиб айтиб беради. Ўша воқеани бошқалар қатори мактаб ёки коллеж ўқувчиси бўлган ука(лар) ҳам эшитади. Акасини тил билмай қилган нўноқ ишидан бошқаларга қўшилиб кулади. Аммо акасининг ўша ишидан ука хулоса чиқармайди. Ўша ука ҳам мактабни ёки коллежни битирганданоқ акасига қўшилиб Россияга ишлаш учун боради. Аммо, барибир бошқа фанларни ўқимаса ҳам ҳеч бўлмаганда рус тилини ўрганиб қўймайди.

Ҳозирги кунда, тил билмасликни оқибатида Россияда хор бўлиб юрган ҳамюртларимизни тақдирлари ёш авлод учун сабоқ бўлиши керак. Улар ўз устида қаттиқроқ ишлаши, тил ўрганишга жиддий киришиши ва мактабни ёки коллежни битиргунча энг камида битта чет тилини эркин гаплаша олиш даражасида билиши керак. Аммо, минг афсуски ҳолат бундай бўлмаяпти.
Ҳатто, ўзим эшитганман, баъзи болаларни "ўқиб нима бўлар эдим, барибир коллежни битириб акам билан Россияга ишлагани кетаман" деб айтганларини. Ана шундайларга қарата "Барака топкур, билганингни қилавер, аммо тил билган ҳеч қайерда хор бўлмайди. Шуни эсингдан чиқарма. Шунингдек ўқисанг дунёқарашинг бироз кенгаяди ва бу ҳам ўзингга фойда бўлади" дегим келади.

Аслида ёшларимизни нафақат тил ўрганишларини, балки ўзлари қизиққан соҳада мактаб ёки коллежларда дарсда ўтиладиган мавзулардан ташқари яна қўшимча ўқиб ўрганишларини, келажакда ватанимиз тараққиёти учун хизмат қиладиган етук кадрлар бўлиб етишишларини хоҳлайман. Лекин, бирон бир соҳага қизиқмаётган ёшлар ҳеч бўлмаганда рус тилиними ёки инглиз тилиними пухта ўргансинлар. Келажакда ўзларига асқотади.
Нима дедингиз?

Тўғри, ёшларимиз орасида мактаб ёки коллежни битурунича бир нечта тилларни пухта ўрганиб оладиганлари ҳам бор, аммо улар фоиз ҳисобида жудаям кам.

П.С. Айтгунча, яқинда бир ҳамюртимизнинг Россияда иш берувчи русга "Уровень" сўзини тушунтира олмай "уривин, уривин" деб роса кулгуга қолганининг аудио ёзуви тарқалди. Буни эшитиб мен ўша маҳалладошимга "ҳа уривин, яхшимисан?" деб сўрашадиган бўлдим. Аммо у "уривин"ни сўкиниш деб тушунаяпти. 😊

https://t.me/joinchat/AAAAAFDsqn0uS_lzEcmvbw
Ҳар чоршанба канал аъзолари, яъни муштарийлар куни

Ассалому алайкум ҳурматли канал аъзолари!  Сизлардан бемаслаҳат иш қилиб қўйдим,  айбга буюрмайсизлар. Ҳафтада бир кун сизлардан келиб тушган мурожатлар,  турли фикрлар, турли маслаҳатлар бўйича фикрлашамиз. Бу учун мен чоршанба кунини танладим. Энди, бундан буёғига ҳафтанинг ҳар чоршанбаси шундай бўлади ва канал аъзоларига бағишланади.

Ўтган бир ҳафтани бугун чоршанба куни сизлар билан сарҳисоб қиламиз.

daryo.uz ахборот порталининг асосчиси Фарҳод Файзуллаев ўзининг Замбаракнинг ўқи
@zambarakning_oqi
каналида мени каналимни реклама қилганидан сўнг канал аъзолари анчагина кўпайиб қолишди. Эслатиб ўтаман Фарҳод билан яқин таниш эмасмиз. Шунчаки Телеграмдаги *"Кучли журналистлар гуруҳи"*да тасодифан Мажбурий обуна ҳақидаги фикрларимиз бир жойдан чиқиб қолди. Қизиғи, иккаламиз ҳанузгача яхшилаб танишиб олганимиз йўқ. Фарҳодга ўша самимий ва холис хизмати учун ташаккурларимни изҳор этаман.

Ҳафта давомида бериб борилган мавзулардан СССР даври ҳақида ёзганим кўпчиликка қизиқарли бўлган ва улар ўша постда ёзилган айрим ишларни ўқиб "ўша ишларнинг айримлари ҳанузгача бор,  демак улар СССР пайтидан бери яшаб келаётган экан-да" деган фикрни билдирдилар.
Шунингдек иккита муштарий ўша постимни "фақат бир тарафлама бўлиб қолганини, СССР пайтидаги ижобий ишлар ҳақида ҳам ёзишим кераклигини" ёзиб юборибдилар. Бу ҳақда бугун алоҳида пост ёзаман.

Яна Нодар Думбадзенинг Абадият қонуни романидаги "Верэнинг йигитлари жинни Маргони дафн этаётгани ҳақидаги лирик чекиниш  бўлган пост ҳақида ҳам яхши фикрларни ёзиб юборишган.

Яна бир муштариймиз долларчиларга лицензия бериш керак деб ёзган постимга анчагина фикрларини ёзиб юбордилар.

Шунингдек бир нечта муштарийларимиз бизни еб битираётган маъракалар постига ижобий фикрлар билдирибдилар.

Ўзларининг қимматли вақтларини аямай турли фикрлар билдириб менга ёзаётган муштарийларга раҳматлар айтаман. Яна шуни эслатиб ўтмоқчиманки менга ёзилган фикрларни ўқиб бўлиб ўчириб юборяпман. Сабаби жуда кўпчилик ёзгани туфайли телеграмдаги шахсий ёзишмалар рўйхати жуда узун бўлиб кетди ва эътиборсизлик билан кимнидир ёзганини кўрмасдан ўтказиб юбормай деб шундай қилаяпман.
Аммо..., аммо кейинги ҳафта чоршанба кунида билдирилган айрим фикрларни аноним тарзда ёки эгаси  рози бўлса уни исм-шарифини очиқ кўрсатиб бериб боришни режалаяпман.
Қисқаси чоршанба куни сизларнинг кунингиз, азиз муштарийлар.

Доимо соғ-саломат юринглар, ҳеч қачон ғам кўрманглар, Яратган сизларни ва яқинларингни доимо Ўз паноҳида асрасин. Омон бўлинглар!

(Бироздан кейин СССР даври ҳақидаги иккинчи постни кутинглар)

Айтгунча,  бир муштариймиз "мажбурий обуна ҳақида ҳам ёзинг" деб мурожат қолдирган. Мажбурий обуна ҳақида тепада ёзганман.

https://t.me/joinchat/AAAAAFDsqn0uS_lzEcmvbw
​​СССР ҳақида, 2-пост.

Бундан бир неча кун олдин СССР даги айрим тушунарсиз ишлар ҳақида ёзганимдан кейин муштарийлардан бир нечта "боплабсиз" деб ёзилган хабар билан бирга иккита муштарийдан "ўша даврни фақат қора томонларини ёзибсиз, яхши тарафларини ҳам ёзинг" деган мурожат ҳам бўлди. Уларнинг бири мурожат қилганида қайсидир мавзу устида ишлаб турганим учун гапни қисқа қилиб "ҳа, хўп" деб жавоб қайтардим. Иккинчи муштарийга эса.....

СССР пайти... тўғри, 1960-йиллардан кейин анча ривожландик. Шаҳарлар обод бўлди. Кўплаб завод ва фабрикалар қурилди. Инфратузилма яхшиланди. Аммо бу ишларни бизга ўрислар ёнидан қилиб бергани йўқ. Халқимизнинг пулига, шунингдек мамлакатимиздан қазиб олинган қазилма бойликлар ҳисобига, халқимизнинг оғир меҳнати ҳисобига қилинган

Тўғри, биз СССР деган давлат таркибида яшамасак ўша ишлар қилинмаслиги ҳам мумкин эди. Аммо ишонинг, СССР пайтида ўша ишлар бўлиши учун халқимиз оғир-оғир бадалларни тўлаган.
1920-30 йилларда "босмачи" деб, "бой-қулоқ" деб, кейинчалик 1937 йилдан Сталин ўлган 1953 йилгача эҳҳе қанча ҳамюртларимиз қурбон бўлишган.
Ундан сўнг Ш.Рашидовни ўлимидан сўнг бироз ўтиб 1984 йилдан бошлаб "Пахта иши" баҳона яна кўплаб юртдошларимиз жувонмарг қилиндилар.

Гоҳида кимлардандир эшитиб қоламан, "СССР пайти яхши эди, 100 -120 сўм маъош олиб бир ой ҳеч нарсани ўйламасдан яшар эдик" дейишади. Тўғри, СССР даврида ким ойлик маъош олиб ишлаган бўлса тузукроқ яшаган. Аммо қишлоқ хўжалигида банд бўлган одамларни бундай деб бўлмайди. Улар қишин-ёзин даладан бери келмай оғир шароитда яшашган.
Ўша шаҳар жойларида маъош олиб бироз тузукроқ яшаганлар ҳам 1970-75 йилдан кейин тузукроқ яшаганлар. Унгача эса ҳамманинг аҳволи бирдай оғир бўлган. Хўш, шуни "СССР даврида яхши яшаганмиз" деб бўладими?

Бу гапларни ўқиб мен ҳақимда "бу одам СССРни ёмон кўради, шу учун ёмонлаяпти" деган хаёлга бормаслигингизни сўрар эдим. Мен ўша даврни ёмонлаб ёзаётган гапларимни осмондан олмаяпман, бир қисмини ўзим кўрганман. Шунингдек машҳур адибларимизнинг эсдаликларидан, асарларидан ўқиб билганман.
Узоққа бормайлик, Шукур Холмирзаевнинг "Ўзбек характери" номли ҳикоясини ўқиган бўлсангиз мен ўша даврни тасвирлашда муболаға қилмаётганимни биласиз. Мабодо ўқимаган бўлсангиз, албатта топиб ўқинг.
Шунингдек Тоғай Муроднинг Отамдан қолган далалар деган романи ва шу роман асосида олинган фильм бор. Ана шу романда ҳам, фильмда ҳам ўша давр воқеалари ҳаққоний тасвирланган.

Энди ўзим кўрганларимга келсак 1984-85 йилларда маҳалламизда, гарчи биз туманимиз маркази Ургут шаҳри билан туташ яшаган бўлсак-да, вилоят маркази биздан бор йўғи 50 км узоқликда бўлса ҳам одамлар ўта фаровон яшашмасди. Маҳалламиздаги машина сони ўнтача ҳам чиқмас эди. Айримларда мотоцикл бор эди, қолганлар эшакда юришар эди.
Уйларнинг аксариятини томи лойсувоқ эди. Кейинчалик чердак қилиниб шифер ёки тунука билан ёпилди.

Ўша пайтда бир нарса намунали тарзда эди. Китоб чиқариш. Йил давомида ҳисобсиз китоблар чоп этилиб мамлакат бўйлаб тарқатилар эди. Аммо ўша китобларнинг аксарияти тузумга хизмат қилиши лозим бўлган китоблар эди. 

Ўша давр қандай бўлганлиги ҳақида яна бир факт: Ўзбекистондаги қишлоқлардаги мактабларнинг аксарияти 1960-70 йилларда пахса билан тикланган эди ва мамлакат бойиган 1980 йилдан кейин ҳам ўша мактабларни замонавий қилиб қуриб бермаган. Ўша мактаблар мустақилликдан кейин, 2004-09 йиллардаги давлат дастури бўйича бузиб ташланиб замонавий қилиб қайта қурилди. Бунга ўзларинг ҳам гувоҳ бўлдинглар.
Кун оралатиб, ҳар бирига миллиардлаб рублни сарфлаб космосга турли мақсадларда ракета учирган СССР Ўзбекистондаги халқ пахсадан ҳашар қилиб қурган мактабларни янгилаб бера олмаган эди.

Албатта, ўша даврда Россия, Украина, Болтиқбўйи давлатлари ва Белоруссияда аҳвол биздагидай бўлмаган, уларда шароит яхшироқ бўлган. СССР фақат бизни, Ўрта Осиё республикаларини кўпроқ эзган.
Энг муҳими бизга қандай шароит қилиб бермасин ёки қорнимизни қанчалик яхши тўқламасин ўша даврда биз уларга мустамлака эдик, қул эдик.
Ўшандай ҳолатни қандай қилиб яхши тарафлари бўлиши мумкин?

https://t.me/joinchat/AAAAAFDsqn0uS_lzEcmvbw
Муштарийларимиздан биридан келган пост. Таҳрирсиз аслича бераяпман.

ТАЛАБА ДАРСЛИКНИ КАЙЕРДАН ОЛАДИ!

Бугунги кунда юртимизда сифатли олий таьлимни ташкил килиш ва ривожлантириш буйича куплаб ишлар амалга оширилмокда.

Лекин бу бўғинда биринчи навбатда ўзгартириш киритилиши керак бўлган ўринлар ҳали хам ўз йичимини "кутиб ётибди".

Худди шундай енг долзарб масалалардан бири бу-Олий таьлимда таҳсил олаётган талабанинг дарслик ва ўкув адабиётлари муаммоси!!!
Келинг, бу масаланинг аҳамиятини мен каби педагогика олийгоҳларида тахсил олаётган талаба мисолида кўриб чикамиз:
Талабага ўкув дастурида янги куйилган фан юзасидан ўкув адабиёт (дарслик) лари руйхатини топиш ва ундан фойдаланиш кераклиги айтилди!!!

👉 Талабанинг биринчи бўлиб дарслик кидириб борадиган "эшиги" бу:
албатта, олийгоҳ ( институт ёки унверститет)нинг Ахборот ресурс маркази (кутубхона)булиб, олайлик, у ердан ўкиш учун тавсия киладиган 10 та ўкув адабиёти ( дарслик, мажмуа ) дан ўртача ҳисобда 1 ёки 2 тасини топиш мумкин.

( ачинарлиси, Республикадаги жуда кўп педагогика олийгоҳларида шу бир-иккита дарслик хам ҳаммага етмайди)!

( Изоҳ ўрнида: агар талаба битта фандан ўртача юқоридаги 10 та адабиётдан енг керакли 5 тасини 15 минг сумдан қоғоз вариантда чикариб олса, 75 минг сум булади! Бир семестирда ўртача 10 та фан ўтилса, бу кўрсаткич 750 мингни ташкил килади).
👉 Талабанинг дарслик излаб борадиган иккинчи "эшиги" бу: Интернет!!!
Бу ўринда олийгоҳдаги интернит хакида гапириш - Марсда одам яшашига ишониш билан баравар! ( Бизнинг олийгоҳларда итернет фақат ревизия(текширув) келгандагина "ишлайди". Шунда ҳам факат "уз" доменларигагина зўрға "кирадиган" интернетимииз каттарок (масалан 200 мб) ҳажимдаги китобни юклаб олиши учун "3 кун керак булади".😰)
Ўзимизнинг шахсий интернет тармоғимиз (WiFi, модем ёки мобиил телфон) оркали маьлумот қидирганимизда яна бир муаммога дуч келамиз: у ҳам бўлса интернетдаги маьлумотларнинг пулли эканлиги!
(Изоҳ ўрнида: олайлик, талаба битта фандаги бир мавзу юзасидан 5 минг сум тўлаб маьлумот олади. Агар талаба семестир давомида ўртача шу фандан 5 марта маьлумот олмоқчи бўлса, 25 минг булади. Энди буни юкоридаги 10 та фанга нисбатласак, 250 минг сўмни ташкил килади. Якинда ўзим билан бўлган ҳолат: соҳам буйича чет тилидаги "топилмас" манбани излаб кўрдим. Чет элдаги пуллик сайтда унинг бахоси 200€ ( ҳа, ҳа 200 евро ) турибди ( сўмда ҳисобласак, 1 млн 800 минг сўмдан зиёд турибди!!!).


👉 ПЛУС: Соҳага юналтирилган илмий журналларнинг йиллик обуна нархи шундоқ ҳам, 9 млнга якин контракт тўлаётган талабанинг "кон босимини ошириши" аник (битта турдаги журналнинг ўртача йиллик обуна нархи 150--200 мингни ташкил килади).

Бизда яна ўша савол: "ТАЛАБА ДАРСЛИКНИ КАЙЕРДАН ОЛАДИ?!


ҒАНИШЕР ҲАКНАЗАРОВ

https://t.me/joinchat/AAAAAFDsqn0uS_lzEcmvbw
​​Диққат! Шошилинч хабар!

Президент фармони билан "Ўзбекистон ҳаво йўллари" авиакомпаниясининг монополияси тугатилмоқда.

Бугун Президентнинг "Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиакомпаниясини тугатиш ҳақида фармони эълон қилинди.
https://kun.uz/43134367

Фармонга кўра, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК қайта ташкил этилади. МАК дирекция базасида «Uzbekistan Airways​» АЖ, «Учувчилар мажмуаси» ДУК, «Ҳаво алоқалари бош агентлиги» ва «Ўзавиатехтаъминот» комплекси иш бошлаши кутилмоқда.

Ўзбекистондаги аэропортлар салоҳиятидан самарали фойдаланиш мақсадида «Uzbekistan Airports​» АЖ фаолияти ҳам йўлга қўйилмоқда. Жамият ҳаво кемаларига хизмат кўрсатиш билан бирга, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, аэропорт инфратузилмасини яхшилаш билан машғул бўлади.

Маълумот ўрнида: Бизда фуқаро авиациясида шу пайтгача "ўзимизга хос" амалиёт қўлланилар эди. Яъни мамлакатимиздаги барча халқаро ва маҳаллий аэропортлар "Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авивкомпаниясига қарашли эди. Бу Ўзбекистон фуқоро авиацияси бозорига чет эл авиакомпанияларининг кириб келишига асосий тўсиқ бўлаётган эди.
Аксар чет давлатларда аэропортлар алоҳида ташкилот ҳисобланади ва мустақил равишда бир вақтнинг ўзида хоҳлагунича авиакомпаниялар билан шартнома имзолаб уларга хизмат кўрсатаверади. Бизда эса аэропортлар миллий авиакомпаниямизга қарашли бўлгани учун мустақил тарзда ишлай олишмаган.
Президент фармонидан кейин аэропортлар Миллий авиакомпания таркибидан чиқарилиб алоҳида Uzbekistan Airports АЖ ихтиёрига ўтказилмоқда.

https://t.me/joinchat/AAAAAFDsqn0uS_lzEcmvbw
​​Комил Алламжонов Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг директори вазифасини бажарувчи этиб тайинланди

Комил Алламжонов Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг директори вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.

Бу ҳақда ЎзА хабар бераяпти.
http://www.uza.uz/oz/society/komil-allamzhonov-zbekiston-matbuot-va-akhborot-agentliginin-28-11-2018?m=y&ELEMENT_CODE=komil-allamzhonov-zbekiston-matbuot-va-akhborot-agentliginin-28-11-2018&SECTION_CODE=society

Ҳукумат қарорига мувофиқ Комил Исмоилович Алламжонов Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг директори вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.
У бу вазифада Лазиз Тангриевни ўрнини эгаллади.
https://kun.uz/97399736

Эслатиб ўтамиз, К.Алламжанов олдин Ўзбекистон Президентининг матбуот котиби вазифасида фаолият юритган эди.

Комил Алламжонов Президентнинг матбуот котиби бўлиб ишлаганда мени назаримда яхши иш олиб борди. Доим ОАВ билан, блогерлар билан ҳамкорликда самарали ишлади.
Умид қиламиз Комил Алламжонов янги лавозимда ҳам самарали иш олиб боради.

https://t.me/joinchat/AAAAAFDsqn0uS_lzEcmvbw
​​Президент раислигида Хавфсизлик кенгаши йиғилиши бўлиб ўтмоқда.


Қуролли Кучлар академиясида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган таркибдаги йиғилиши бўлиб ўтмоқда.
https://president.uz/uz/2157

Унда Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонни ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида барча масалалар қатори ҳарбий қурилиш соҳасида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилганини таъкидлади.

Хавфсизлик кенгашининг жорий йил 10 январда бўлиб ўтган мажлисида белгилаб берилган йўналишлар ҳаётга татбиқ этилди. Қуролли Кучларни ислоҳ қилиш ва ривожлантиришга қаратилган 46 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди.

Ўтган қисқа вақтда ҳарбий қисмларнинг тузилмалари тўлиқ янгиланди. Самарасиз ва вазифалари бўйича бир-бирини такрорлайдиган ҳарбий қисмлар қисқартирилди. Натижада қўшинларни сақлаб туришга кетадиган харажатлар камайди. Озиқ-овқат билан таъминлашда аутсорсинг тизими жорий этилди. Бу ҳарбий бўлинмалар жанговар тайёргарлигини ошириш, вақт кўрсаткичларини икки баробар қисқартириш имконини берди.

Мамлакатимиз армияси қуролли кучлар қудрати бўйича дунё рейтингда бир йилда 9 поғонага кўтарилгани, Буюк Британияда ўтказилган нуфузли “Кембрий патрули” танловида ҳарбийларимиз 90 мамлакатдан иштирок этган 123 жамоа орасида биринчи ўринни эгаллагани бу борадаги ишлар тўғрилигини яққол исботлайди.

Армия ва халқ бирлигини таъминлаш мақсадида барча ҳудудларда ҳарбий-маъмурий секторлар ташкил этилди ва улар самарали фаолият юритмоқда. Биринчи марта давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарлари, вилоят ҳокимлари ва уларнинг ўринбосарлари иштирокида йиғинлар ўтказилди.

Соҳага ихтисослашган корхоналарни бирлаштирадиган Мудофаа саноати давлат қўмитаси ташкил этилди.

Ҳарбий хизматчилар, уларнинг оила аъзолари ва соҳа фахрийларини ижтимоий ҳимоялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бугунга қадар ҳарбий хизматчиларга 56 та уй топширилди. 1 минг 500 дан ортиқ ҳарбийлар уй-жой билан таъминланди. Яна 74 та уй қурилиши давом этмоқда.

Йиғилишда мамлакатимиз ҳарбий қудратини янада мустаҳкамлаш, мудофаа саноати ва ҳарбий таълимни ривожлантириш, қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникаларни модернизация қилиш, ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш орқали қўшинларни бошқарув тизими такомиллаштириш масалалари таҳлил қилинмоқда.

https://t.me/joinchat/AAAAAFDsqn0uS_lzEcmvbw