Самарқанддаги масжидлардан биридаги китоб жавони.
Жавоннинг пастидаги чарм қопчаларда турли кўзойнаклар туради ва эҳтиёжи борлар улардан фойдаланишади

@bugunning_gapi
Кўрмаганнинг кўргани қурсин!

Республика аҳамиятидаги Ургут-Булунғур йўлининг қишлоғимиз ҳудудидан ўтган қисми узоқ йиллардан бери таъмирталаб бўлиб ётган эди. Ўтган йил озроқ қисмини,  бу йил яна озроқ бир қисмини асфальт қилишди.  Шундай қилиб йўлнинг бир қисми бирооооз эпақага келди. Ана энди баъзи учар ҳайдовчиларга Худо берди-ку, мошинани жуда тез ҳайдашади. Буни натижасида  йил бошидан бери бери йўлнинг ўша бироз таъмирланган қисмида бир нечта йўл транспорт ҳодисаси рўй берди. Куни кеча эса ана шундай ЙТҲ дан бирида фожиали ҳодиса содир бўлди. Кечки пайт оқ рангдаги "Дамас" русумли автомашина тез юриши оқибатида йўл четида кетаётган иккита боладан бирини уриб юбориб  қочиб кетган. Бола воқеа жойида вафот этган. Ёнидаги шериги "Дамас"нинг номерини кўра олмаган. Бола коллеждан уйига қайтаётган экан. Қайси бир номард инсоннинг ҳатти-ҳаракати билан бир йигит ота-онаси ва яқинларини бўзлатиб навқирон ёшида ҳалок бўлди.

Шу йўл республика аҳамиятига эга йўл бўлса ҳам туман марказидан бошлаб то бизнинг қишлоғимиздан чиқиб кетгунча бўлган 5-6 км қисми  жудаям тор ва бу йўлни ҳеч ким кенгайтиришни хоҳламайди. Сабаби агар йўл кенгайтириладиган бўлса одамларнинг уйи бузилиши ва бузилган уйлар учун уларга товон пули тўланиши керак. Ҳозирча эса ҳатто туманимиз марказидаги аксарият йўлларни кенгайтира олмаётган ҳокимиятимиз бизнинг қишлоқдан ўтган йўлни кенгайтириш учун уйи бузиладиган аҳолига тўланадиган товон пулига етарли маблағни ҳали бери  топа олмаса керак. Тағин билмадим.

Ушбу йўлни торлиги етмагандай унда умуман пиёдалар йўлакчаси ҳам йўқ. Пиёдалар йўлакчасига тегишли бўлган жойлар баъзи жойларда йўқ, баъзи жойларда қаровсиз ҳолда ётибди. Баъзи жойларда эса одамлар эгаллаб олиб ҳовлисига қўшиб юборган. Буни назорат қиладиган ва пиёдалар йўлакчасини очиб қўядиган ташкилот эса ҳозирча йўқ. Одамларимизнинг айримларида катта йўлларнинг ёқасида пиёдалар йўлакчаси ҳам албатта бўлиши кераклиги ва ўша жойни ўзлари тўғирлаб қўйиши  мумкинлиги ҳақида тушунчанинг ўзи йўқ. Бундай тушунчаси борлари ҳам азбаройи ерга кўзи тўймай пиёдалар йўлакчасини қайтариб олса олган-у, аммо таъмирлаб чиройли йўлак қилиб қўйгани битта ҳам йўқ.
Ҳаммаси тақдирдан, аммо пиёдалар йўлакчаси бўлганида кеча ўша навқирон бола кўчадан эмас, ўз йўлидан юрар эдими, балки,  балки....

Умуман олганда кўчаларнинг торлиги ва унда пиёдалар йўлакчасининг йўқлиги бир бизнинг қишлоққа хос ҳолат эмас. Мамлакатимизда аксар аҳоли тиқилинч яшайдиган ҳудудларда аҳвол шундай. Аммо ҳозирча бу аҳволга жавоб берадиган, одамларнинг ўзбошимчалик билан йўлларни,  пиёдалар йўлакчаларини эгаллаб олганларига қарши чора кўрадиган ҳеч ким йўқ. Ҳокимиятларнинг бу бошоғриқ ишдан бошқа ташвишлари ҳам кўп. Йўлсозлар эса амалда ҳеч нарсани ҳал қила олмайдиган обрўсиз бир ташкилотга айланиб бўлишди.

Энди тузук-қуруқ пиёдалар йўлакчалари бўлмаган жойларда велосипед йўлаклари ҳақида гапириш ортиқча деб ўйлайман.
Катта кўчалар ёқасида пиёдалар йўлакчаси бўлмаганда энди велосипед учун йўлакча ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Бизнинг қишлоғимиз, туманимиз, вилоятимиз марказлари нима бўпти, ҳатто пойтахт Тошкентда ҳам пиёдалар йўлакчаси йўқ. Пиёдалар, велосипедда юрадиганлар ҳозирча велосипед йўлакчаси ҳақида фақат орзу қилмоқдалар ва умид билан, сабр билан қачонлардир бизда ҳам,  шаҳар ва қишлоқларимизда  чиройли пиёдалар йўлакчалари, велосипед йўлакчалари қурилишини кутмоқдалар. Аммо буни пиёдалар йўлакчаси йўқ тор йўлда ҳовлиқиб машина бошқарадиганларга қани эди тушунтириб бўлса.

Умуман олганда ҳайдовчиларнинг ўзларида ҳам "бир қамчи" бор. Йўл бузуқ бўлса йўлсозларини сўкишади. Йўл таъмирланса секинроқ юрмай одам босиб ўлдиришади. "Кўрмаганнинг кўргани қурсин" дегани шу бўлса керак-да.

@bugunning_gapi
Мендан кўпинча илтимос қилишади: "Ака, туманимизда ёки вилоятимизда фалон тадбир ўтказаётган эдик, илтимос шуни сайтларингда ёритсак" (мени сайтни бош муҳаррири деб ўйласа керак), мен рад жавобини бераман. Чунки муҳарриримиз унақа тадбирвозлик қилингани ҳақидаги хабарларни бермайди, сабаби ЎҚУВЧИЛАРГА ҚИЗИҚ ЭМАС!
Сўрайман: "Шу тадбир ҳақидаги хабарни бирон бир сайтда чиқариш сизларга нега керак?
"Ака, каттамиз (катта - туман ҳокими ёки Ёшлар иттифоқи туман бўлимининг бошлиғи) "биронта республика аҳамиятидаги сайтда чиқартиринглар" деб топшириқ берган" деб жавоб беради.

Эътибор бераман расмий газеталарнинг аксариятида асосий материаллар ўшанақа, тадбирвозлик хабарлари. Қаранг, сайтлар "ўқувчиларимизга қизиқ эмас" деб беришни хоҳламаган нарсани газеталар суратлари билан беришади. Бермай ҳам кўрсин-чи. Ҳокимлар газетани обунасини таъминлаб берганидан кейин унинг ҳар бир тадбири, хоҳ у ўқувчиларга қизиқ бўлсин, хоҳ қизиқ бўлмасин газетада албатта берилиши керак.

Ҳозир, шу кеча-кундузда қайерда саводсизликгимиз фош бўлиб қолса, масалан бир ўқувчи М. Бурҳоновни кимлигини билмабди, "ҳаммасига матбуотга қаршилар айбдор" деб мажбурий обунага қаршиларни айбдор қилиб қўлларини бигиз қилиб кўрсатишаяпти.
Ўртоқлар, биз матбуотга эмас, обунага эмас, балки мажбурий обунага қарши курашни энди бошладик. Шунча йиллардан бери сизлар хоҳлаганларингни қилдинглар, газеталарингни хоҳлаганларингдай тарқатдинглар. Шундай экан, М. Бурҳоновни кимлардир билмаганига мажбурий обунага қарши бўлган биз эмас, балки 26 йилдан бери асосан тадбирвозликни ёритиб келаётган сизлар айбдор эмасмисизлар? Ё мен адашаяпманми?

@bugunning_gapi
Икки кун олдин байроғимиз қабул қилинган кун нишонланди. Турли телеканалларда байроғимиз ҳақида шеърлар ўқилди, лавҳалар берилди.
Очиғини айтаман, байроғимиз менга жудаям ёқади. Турли мусобақалар ёки тадбирлар баҳонасида уни чет элларда ҳилпиратишганини телевизорда кўриб қолсам бир энтикиб қўяман. Аммо, байроғимиз билан боғлиқ бўлган бир иш менга ёқмайди.
Ҳаммамиз биламиз байроғимиздаги ранглар, ой ва юлдузлар шарҳланганда байроғимиздаги ойни "янги чиқаётган ой" деб таърифлашади. Аслида эса байроғимиздаги ойнинг кўриниши янги чиққан ой - ҳилолга эмас, балки тугаётган ойга ўхшайди. Байроқ қабул қилинаётганда бунга эътибор беришганми ёки йўқми билмайман. Аммо ойни тугаётган ой кўринишда тасвирлашгани аниқ.

@bugunning_gapi
Ўзига ўзи муаммо туғдираётган эл ва Дима Қаюм.

Бир неча кун олдин Дима Қаюм ўзининг фейсбукдаги саҳифасида блогерларга писанда қилиб "қишлоқларда шунча муаммолар бор,  сенлар ўша муаммоларни ёзмай алифбони ислоҳ қилиш ҳақида ёзиб юрибсанлар" деган гапларга ўхшаш гапларни ёзди. Албатта, унинг бу гаплари,  гарчи алифбо ислоҳоти мавзусида ҳеч нарса ёзмаган бўлсам ҳам кўпгина блогерлар қатори  менга  ҳам оғир ботди.
Унинг ўша пости "мана мен қишлоқ муаммоларини ёзаяпман,  сенлар бошқа арзимас ишлар билан бандсан" дейилгандай бўлиб қолган.
Шунингдек кимгадир "мен фалон муаммони ёздим, сен нега ёзмайсан? " дейишни ўзи нотўғри. Дима учун қишлоқ муаммоси долзарб бўлса, масалан филолог учун алифбо ва тил муаммолари долзарброқ. Шундай экан ҳамма ўзи яхши билган муаммони ёзади.

Дима Қаюм ҳар гал қишлоқдаги шароити оғир одамлар ҳақида пост қўяр экан,  мени бир савол ўйлантиради. Шу Дима Қаюм яшаётган жойларда турли тўй, аза маросимлари қандай ўтар экан-а?
Нега бу саволни бераяпман?  Сабаби, айнан ҳозирги кунларимизда турли тўй ва аза маросимларидаги дабдабабозликлар роса авжига чиққан. Ўша дабдабозликларни асосан  ўзига тўқлар  жорий қилишаяпти. Кейин эса ўртаҳоллар ва камбағаллар  ўша бойларга етаман деб чиранишаяпти.
Дима Қаюм яшаётган  жойларни билмайман, аммо бизда ҳам шароити оғир инсонлар,  етим-есирлар,  ногирон инсонлар бор. Ана шундай инсонларни қанчасини танийман,  шароити оғир, аммо тўй ёки қўққисдан келиб қолган аза маросимларини ҳеч кимдан кам қилишни хоҳлашмайди. Ҳатто, нечтасига бу мавзуда насиҳат ҳам қилдим. "Сен ҳолингга қара, шу тўйингни енгилроқ ўтказавер, ўзингга яхши бўлади" деган жойимда "мени элдан нима кам жойим бор? " деб  ҳатто  кимлардандир қарз олиб тўйини дабдабали қилиб ўтказган инсонларни биламан. Шундай экан олдин бу халқни бўйнига мажбурият бўлиб  бўйинтуруқдай илиниб ётган турли маърака-ю маросимлардан қутқаришимиз керак эмасми?

Қизчаси касалманд, аёлини соғлиғи ҳам ҳаминқадар, уларни соғлиги учун пул сарфламайди, лекин ўғлини суннат тўйини зўр қилиб ўтказиш учун йиғаяпти. Уйида ҳаммомни ўзи йўқ,  бостирмада ювинишади,  болаларга алоҳида хона йўқ,  дарсхона йўқ. Буларни қилишни ўйламайди,  аммо боласини суннат тўйини кам-кўстсиз ўтказишни ўйлайди. Боласи арзимаган пул турадиган китобга ёки ойига арзимаган тўлови бўлган қўшимча тўгаракка пул сўраса бермайди. Аммо одамлардан ортда қолмай деб бидаът бир маъракага бир дунё пул сарфлайди.
Ўзи маҳаллада кам таъминланганлар рўйхатида туради, лекин отасими ёки онасими қазо қилиб қолса аза маросимларини қарз олиб бўлса-да қилади. Ана шундай  ҳолатда "Фалончибой, сиз шу маъракаларни енгилроқ ўтказаверинг, фалон-фалон маъракаларни қилмасангиз ҳам бўлаверади" деб насиҳат қилинса  ўша насиҳат қилган одамни "бошқалардан мени нима камим бор?" деб талайди.

Бировни айблашдан олдин мундоқ ён атрофимизга қарайлик. Бу халқни бойини ҳам, ўртаҳолини ҳам, камбағалини ҳам тўй ва турли маъракалар еб тугатмаяптими? Бойи тўйни дабдабали қилишни ўйламай ён-атрофидаги мискин, бева-бечораларга, касалмандларга қарашса, ёрдамлашса, ўртаҳоли ва камбағали эса кўрпасига қараб оёқ узатса бўлмайдими? Чироқ муаммоси совуқ кунларда бироз муаммо бўлар, шағал тўкилаётган лой кўчалар вақти келиб асфальт ҳам бўлар, булар вақти соати билан ҳал  бўладиган муаммолардир. Аммо халқни эзиб келаётган, зиммасига мажбурият бўлиб қолаётган турли кераксиз маъракалар, дабдабали тўйлар муаммоси қачон ҳал бўлади?
Фейсбукка қўядиган расмининг ҳар иккитасидан биттасида катта лагандаги ошни расмини қўядиган Димабой ҳам шуларни ўйлармикин? Бу халқни олдин яхшилаб тарбияламасдан бирон натижага эришиб бўлмаслигини, хоҳ бойи бўлсин, хоҳ ўртаҳоли, хоҳ камбағали бўлсин олдин уларни ўзгартириш лозимлигини, акс ҳолда ҳамма ҳаракатлар зойеъ бўлишини билармикин?

Диманинг доим халқни дардини кўтариб чиқиб пост қўйишлари диққатга сазовор. Аммо юқорида ёзганимдай шу халқни озгина бўлса ҳам ўзгартиришга ҳаракат қилиб постлар ёзса янада яхши иш бўлар эди.

@bugunning_gapi
Грузинлар, саркашлар ва Нодар Думбадзе ҳақида.

Қўлимда таниқли грузин ёзувчиси Нодар Думбадзенинг "Абадият қонуни" китоби. Бу китобда ёзувчининг бир ҳикояси,  бир қиссаси ва иккита романи берилган. Китобни биринчи марта ўқияпман. Йўқ,  аслида менга Н. Думбадзенинг исм-шарифи ёшликдан таниш. Эслайман,  ўтган асрнинг 90-йилларида унинг "Абадият қонуни" романи асосида Ўз.тв.нинг қайси бир студияси ишлаган видеофильмни қўйишган эди. Шунингдек,  бир пайтлар қайсидир бир ғаламис ёзувчи, Ёзувчилар уюшмасининг қандайдир мажлисида севимли ёзувчимиз Ўткир Ҳошимовни "Нур борки,  соя бор" романини сюжетини сен Нодар Думбадзенинг "Абадият қонуни" романидан кўчиргансан" деб туҳмат қилгани ҳақида ўқиган эдим. Шу тарафлардан айлантириб  келса Нодар Думбадзенинг асарларини ўқимаган бўлсамда унинг номи менга болаликдан таниш.
Ҳозир ўтириб,  ўша пайтда "Абадият қонуни" романи асосида ишланган видеофильмни сюжетини эслай олмайман. Ўшанда тушуниб-тушунмай кўрганман.  Романни мана энди ўқиб мағзини чақаяпман.

Китобни ўқир эканман бир нарса мени диққатимни тортди. Жой номлари, шаҳарлар, туманлар(районлар) номлари.
Кобулети, Ортачала, Сололаки, Мегрелия, Навтлугу, Сумадло, Ваке, Чохатаури, Кутаиси, Батуми.
Шу номларни ўқир эканман бир замонлар "Улуғ советлар мамлакати"да грузинлар ёки арманларга нисбатан бизлар, яъни Марказий Осиёда яшаётган ўзбек, тожик, қирғиз, туркман ва қозоқлар саркашроқ бўлганмиз деб ўйлайман. Биз Кавказ халқларидан фарқли равишда СССР пайтида на турли жой номларимизни ва на ёзувимизни сақлаб қола олмаганмиз. Ўтган асрнинг 70 - йилларига келиб бизда аксарият жой номлари коммунизм балосининг "улуғ фидокорлари"нинг номига қўйиб бўлинган эди. Шахсан мен туғилиб ўсган колхознинг номи Октябрь, ўқиган мактабимга Ворошилов, кўчамизга Ленин, кутубхонамизга яна қайсидир бир коммунистни номи берилган эди.

Ўша пайтда республикамиз пойтахти ҳисобланган Тошкент шаҳрининг турли туманлари ҳам турли коммунистча номлар билан аталган эди. Шунингдек қардош Тожикистоннинг пойтахти маълум йиллар давомида Сталинобод деб аталиши, катта бир вилоятнинг маркази бўлган қарийб уч минг йиллик тарихга эга бўлган Хўжанд шаҳрининг 1991 йилгача Ленинобод деб аталиши ёки Қирғизистон пойтахти Пишпак(Бишкек) шаҳрининг ҳам узоқ йиллар Фрунзе деб аталиши булар ўта аянчли ҳолат бўлган.
Ана шундай ишларни Грузияда кўрмайсиз. Уларда аксарият жой номлари ўзининг эски номи билан аталган. Йўқ, Грузияда ҳам айрим жойларга, кўчаларга турли доҳийларнинг, коммунистларнинг номлари берилган. Аммо, ишонинг, бизлардагидай ёппасига эмас, қадимий шаҳарларга эмас, иттифоқдош республика пойтахтига эмас.

1928 йилда араб алифбосига асосланган алифбомиз бекор қилиниб лотин алифбосига асосланган янги алифбога ўтганмиз. 1940 йилда эса лотин алифбосига асосланган алифбомизни бекор қилиб бизни кирилл алифбосига ўтказишган. 12 йилда икки марта алифбомизни ўзгартиришган. Грузинлар эса ўзларининг тарихий алифболарини сақлаб қолишган.
Ўша ишлардан хулоса шу-ки, сиз хоҳланг тан олинг , хоҳланг тан олманг биз грузинларга нисбатан саркашроқ бўлганмиз, грузинларга нисбатан тарихимизга бефарқроқ бўлганмиз. Тепамиздагилар берган буйруқларни бажаришда грузинлардан анча олдинда бўлганмиз ва турли буйруқларни моҳиятига ҳам қарамай ошиқчаси билан бажараверганмиз. Буйруқ бир хил бўлган ҳолда грузинлар Московга салла олиб борганда, биз саллага қўшиб каллани ҳам олиб борганмиз. Акс ҳолда "тенг ҳуқуқли иттифоқдош республикалар" деб аталганимиз ҳолда Москов бизга бошқача, Грузияга бошқача "сиёсат" юритмас эди. Бизни ўша саркаш характеримиз, қўрқоқлигимиз, бир-биримизни сал нарсага сотишимиз Кремлнинг бизга нисбатан юргизган сиёсатига мос бўлган. Ҳа, кўпроқ биз мос бўлганмиз.

Ҳозир шу тобда бу гапларни тарих бизга дарс бўлсин деб ёзаяпман, бошқа нарса хаёлимга келмади. Сиз улардан қандай маъно излайсиз, ўзингиз биласиз.


@bugunning_gapi
Ушбу логотипни ясаб совға қилган @ZiyoUlashuvchi , @UzTwit kanali админи Исломбек укамизга катта раҳмат.
Яратган ишларини ривожини берсин.
Қачон халқ бўласан, сен эй оломон?!

Яқинда маҳалламизда нафақа пулларини тарқатиб юрган Халқ банки сайёр кассаси ходимларининг нафақахўрлардан 5-10 минг сўмдан олиб қолаётганини аниқладим. Шундан сўнг банкнинг xb.uz сайтида "Банк раисига мурожат" бўлимига кириб бўлган воқеани ёзиб юбордим. Орадан икки кун ўтиб сайёр кассада назоратчи бухгалтер бўлиб ишлайдиган маҳалладошим "нима қилиб қўйдингиз?" деб уйимга чақириб келди. Шундан сўнг банкка бориб "Мен банк ходимларининг ишдан ҳайдалишлари тарафдори эмасман. Улар ўз хатоларини тушуниб етишса ва бошқа қайтармасалар бўлди" деб ёзиб бериб келдим. Аммо, мурожатим банк бошқаруви раисига бўлгани ва ўша ходимларнинг ишлари жиддий хато бўлгани учун кассирга интизомий жазо чораси кўрилибди, назоратчи бухгалтер бўлган маҳалладошим эса ишдан олинибди.
Бу гапларни ўқиб "ҳақиқат қарор топибди" деб ўйлаётган бўлсангиз адашасиз. Ҳақиқат, фақат сиз ва мен учун қарор топди. Маҳалладошларим фикрича эса...., мен ғаламис, ичиқора, аблаҳ одам эканман.

Банк ходимларининг устидан ёзганим, маҳалладошимни ишдан ҳайдалишига сабаб бўлганим тезда ҳаммага ошкор бўлди. Шундан сўнг маҳалладошларимдан эшитган таъналаримни чеки йўқ. Ортимдан ошкора ҳақорат қилиб сўкишаяпти. "Сенга шу керакмиди? Нафақа пулидан еган бўлса қайердаги бегоналар егунча ўзимизники егани яхшимасми?" каби гапларни нафақахўрлардан ҳам, нафақага алоқаси йўқлардан ҳам эшитдим. Охир-оқибат менда "наҳотки нотўғри иш қилган бўлсам?" деган гумон ҳам пайдо бўла бошлади.
Кўча-куйда эса юролмай қолдим. Ёшроқлар кўрса "нима бўлди?" деб сўрайди, кексароқлар эса "шу ишни бекор қилибсан, барака топкур нафақамизни уйимизга олиб келиб бераётган эди" деб менга ола қарашади.
Қисқаси мен, маҳалладошларимни аксарияти  учун яхши бўлган одам энди шу ишимдан кейин ёмон ва аблаҳ  одамга айландим қолдим.

Менга энг ёмон таъсир қилгани нафақа олаётган маҳалладошларимнинг аксарияти ўз нафақасидан кассир ёки назоратчи ноқонуний тарзда олиб қолаётганини билган, аммо буни табий ҳол деб қабул қилишган. Ҳатто, маҳалладошларимнинг менга билдиришларича салмоқли суммада нафақа олувчи бир чол "мен ўша кассир билан назоратчини ўз нафақамдан 5000 сўм олиб қолишини билар эдим ва нафақамни уйимга олиб келиб бергани учун яна 5000 сўм "чой пули" берар эдим" дебди.
Мана сизга одамларнинг ноқонуний ишга муносабати.
Орадан уч кун ўтиб ишдан ҳайдалган маҳалладошимизни тарафини олиб бир неча киши ҳатто Халқ банки туман бўлими раҳбарига "бу бола бизга нафақамизни тўғри берар эди, илтимос, уни ишига қайта тикланг" деб илтимос қилиб боришибди.
Замонни қаранг, ўғрини ўғрилигини, порахўрни порахўрлигини билишади, аммо уларни ўғрилик қилишини ҳам, порахўрлик қилишини ҳам табий қабул қилишади. Камига эса ишдан урилган ундайларни ортидан тарафини олиб "қайта ишга олинг, у порахўр ҳам, ўғри ҳам эмас" деб ёлғон гувоҳлик ҳам беришади.  Биз учун бундан ортиқ кулфат, бундан ортиқ фалокат бўлмаса керак.

Кўпинча қайсидир бир масъул шахсни пора билан ушлангани элга ошкор бўлса кейин ўша иш халқ орасида муҳокама бўла бошлайди. Ана шунда ёши кексароқ кишилар ўша пора билан қўлга тушган масъул шахсга қўшиб ҳамма масъул шахсларни минг порахўрдан олиб минг порахўрга солишади. Ана шундай ҳолатларда биронта мард топилмайди-ки ўша кишиларга қарата "Ҳой, барака топкурлар! Ўша пора олиб қўлга тушаётган кимса Ойдан тушмаган. Ўша одам бирингизни фарзандингиз, бирингизни набирангиз. Уларни ўзларинг ўшандай қилиб тарбиялаяпсизлар. Оилада, ҳаром ейиш гуноҳлигини тушунтирмагансиз. Мактабда қандай ўқиётгани билан қизиқмагансиз. Институтга пора бериб ўқишга қўйгансиз. Ишга ҳам пора бериб жойлагансиз. Бугун эса халқни қақшатиб, пора олиб топиб келаётган нонини "барака топ болам, бирингга минг берсин" деб дуо қилиб еб ўтирибсиз. Аммо, "болам, биз умр бўйи ҳаромдан ҳазар қилдик, энди сен бизга қандай нон олиб келиб едираяпсан?" деб асло сўраётганларинг йўқ. Шундай экан, порахўрни ўзларинг тарбиялаб яна ўзларинг сўкасизларми?" деб гапирса. Аммо ҳамма жим. Мабодо кимдир шу гапларни гапирса у маҳалла аҳлига душман бўлади қолади. "Ҳақиқат ҳеч кимга ёқмайди" дейилгани шу бўлса керакда.

@bugunning_gapi
"Шум бола" фильми, ҳақгўй чол ва уни эшитгувчи бой ота ҳақида.

Ҳар доим  "Шум бола" фильмини томоша қилар эканман, бир лавҳа менинг эътиборимни тортади. Ўша лавҳада бой отага "қўрғон ҳам ёнди, омбор ҳам ёнди" деб ёлғон гапирган шум болани бой ота тергов қилиб, охирида ҳаққини бермай қувиб юбормоқчи бўлган пайтда бой отанинг хизматкорларидан бири бўлган оппоқ соқолли чол "етимнинг ҳаққини еб бўлмайди, у ўзининг пешона териси билан топган ҳаққини сўраяпти бой ота" деб шум боланинг тарафини олиб бой отага насиҳат қилган жойи бор.
"Хўш, шунга нима бўлибди?" дейсизми? Ҳеч нарса бўлмади. Шунчаки ҳозирги аҳволимизни кўриб ўша чолнинг иши менга қаҳрамонлик бўлиб кўринади. "Қанақа қаҳрамонлик?" дейсизми? Ҳозир тушунтираман. Агар адашмаётган бўлсам ўша чол бой отанинг қўлида хизмат қилаётган ёки ёлланиб ишлаётган оддий бир ишчи. Ўша ҳолатда чол маддоҳлик  қилмаса ҳам бой отанинг шум болани савалаб, ҳаққини бермай ҳайдаб юборишига индамай тураверса ҳам бўлар эди. Аммо чол бундай қилмади. У ўзининг хўжайини ёки ўзига иш берувчи бойнинг бир етим болага ҳақсизлик қилаётганига жим қараб тура олмайди ва  бойга  насиҳат қилиб ҳақ гапни айта олди. Мени диққатимни тортган ҳолат шу эди.

Хўш, энди бугунги кундаги аҳволимизга қарайлик. Қани ҳозир ўша чолдай ўз хўжайинига тик қараб ҳақиқатни гапира оладиган мардлар борми?  Ёки ўзининг қўл остида ишлайдиган бир одам хатоларини кўрсатиб ҳақиқатни гапирганда "э борее, сен кимсан менга насиҳат қилиб ақл ўргатадиган" демасдан ўз хизматкорининг қилган тўғри насиҳатини ва гапирган ҳақ гапларини қабул қилгувчи бойлар ёки хўжайинлар қолганми?
Назаримда ҳозир ҳақ гапни ким айтса ҳам қабул қилгувчи бойлар ҳам,  ундай ҳақни гапни гапиргувчи чоллар ҳам қолмаган.

Шу тобда ўзим гувоҳи бўлган бир воқеа эсимга тушди. Пойтахтимиздаги марказий бозорлардан бирида қуруқ мева сотиб савдо қилиб юрган пайтларим эди. Ёнимда бир тошкентлик бола ҳам савдо қилади. Шу орада бизни жойимизни ўзгартириб бошқа қаторга кўчиришди. Менга тузукроқ бир жойни беришди, аммо роса ялинганига қарамасдан паттачи ўша тошкентлик қўшнимга мени ёнимдан жой бермади ва унга харидор кам юрадиган чет қатордан жой берди. Ўшанда жой тақсимланаётганда қўшнимнинг акаси йўқ эди, у кечки пайт келди. Паттачининг укасига яхши жойдан жой бермаганига индамади,  аммо олдимда бирпас ўтириб паттачининг нега ундай қилганини сабабини айтиб берди.
Унинг айтишича икки кун олдин кўчада машинаси билан кетаётганида чорраҳада, светофорнинг қизил чироғида тўхтаб турса ёнига паттачи ҳам ўзининг яқинда олган янги қимматбаҳо машинасида келиб тўхтабди. Қўшним уни кўриб бош ирғаб саломлашибди. Шу пайт светофорнинг яшил чироғи ёнибди ва қўшним йўлида давом этибди. Паттачи эса секинроқ қўзғаб ортда қолиб кетибди.
"Эртаси куни бозорга келсам паттачи саломимга алик олмади. "Ҳа,  сен шунақа машинани тез ҳайдаб бизларни ортда қолдириб кетадиган бўлиб қолдингми?" деб гапириб қолди. Уни гапига ҳайрон бўлдим ва "йўғее,  ишим зарур эди,  шунга шошилаётган эдим" деб узр сўрадим. Аммо у узримни қабул қилмади. Укамга сени ёнингдан жой бермай чет қатордан жой беришини сабаби шу" деб қўшним гапини тугатди.

Қаранг, бозорнинг оддий бир паттачиси бўлган одамнинг димоғи осмонда. Энди бошқа соҳаларда ишлайдиган айрим кимсаларнинг ўзини тутишини,  кибр билан юришини ўзингиз чамалаб олаверинг. Энг қизиғи ана шундай кимсалар қўл остида ишлайдиган айрим ходимларнинг ҳам ялтоқланишини асти сўраманг. "Сизни билмасак кўр бўламиз. Сиз бизнинг қуёшимиз,  ойимизсиз. Сиз бўлмасангиз дунё бизга қоронғу бўлади" деган гаплар ўшандай хўжайинларга ҳам роса ёқади шекилли. Акс ҳолда патҳалим бир ходим ялтоқланиб юқоридаги сўзлар билан ўзини мақташни бошлаганда "мени мақтама" деб оғзига урар эди-да. Индамаяптими,  демак ўша хўжайинга ёки ўша бошлиққа ўша мақтовлар ёқаяпти.

"Шум бола"нинг ўша саҳнасини кўриб ҳозирги кунимиздаги "бой ота"лар ва уларга насиҳат қилиш ўрнига доим уларни мақташ билан овора бўлиб юрган чоллар эсимга тушди. Энди "Шум бола"даги хўжайинига ҳақни гапира оладиган чоллар йўқ. Энди кибрга берилган "бой ота"лар-у,  уларга мос маддоҳ чоллар бор холос.

@bugunning_gapi
Роғун, қишлоқ хўжалиги учун эмас, энергия учун ишлаётган ГЭСлар.

Жорий йилнинг 16 ноябрь куни Ўрта Осиёда энг йирик саналган Роғун ГЭСининг биринчи агрегати ишга тушди.
Мазкур тадбирда Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон, хорижий делегация аъзолари иштирок этди. Маросим ижтимоий тармоқлар ва мамлакат пойтахти Душанбе шаҳридаги улкан мониторлар, телевидение орқали ҳам жонли эфирда намойиш этилди.
http://www.xabar.uz/xorij/orta-osiyodagi-eng-yirik-gesning-ishga-tushish-sahnalari-foto

Албатта, Тожикистон бугун ўз вақтида қўшнилар томонидан кўплаб қаршиликларга учраган бу иншоотнинг биринчи агрегатини ишга тушираётганидан хурсанд. Шу учун ҳам тоғлар орасида ҳашаматли саҳна ясаб гала-концерт уюштираяпти, байрам қилаяпти.
Лойиҳага кўра Роғуннинг умумий баландлиги якунда 335 метр бўлади. Дунёда биронта ГЭС бундай баландликда қурилмаган. Тожикистоннинг сейсмик фаол ҳудудда жойлашганини инобатга олсак ГЭСнинг ўта баланд қурилиши минтақа учун хавфли бўлиши мумкин. Шунингдек баландлиги 335 метр бўладиган ва улкан ҳавзага эга бўладиган сув омборни сув билан тўлдириш ҳам осон бўлмайди. Ўзи шундоқ ҳам охирги йилларда Амударёнинг қўйи оқимидаги давлатлар қурғоқчилик билан курашаётган бир паллада Роғунни сувга тўлдириш учун Вахш дарёсининг тўсилиши Марказий Осиёнинг баттар чўлланишига олиб келиши мумкин. Ана шу омилларни инобатга олиб Тожикистон Роғунни 335 метр баландликда эмас, сал пастроқ қурса ҳам бўлар эди. Тахминимча Тожикистонга бундай таклиф берилган, аммо кўнмаган.

Ўша пайтда СССРда кўплаб ИЭСлар ва АЭСлар қурилган ва мамлакатда сувдан электр бу энергиясини олиш ҳеч қачон бирламчи мақсад бўлмаган.
Шу учун ҳам Марказий Осиёдаги катта-кичик сув омборлари ва улардаги ГЭСларнинг аксарияти, Тожикистондаги Нурек, Қирғизистондаги Тўқтағул ва бошқалар энг аввало суғориш ишлари учун қурилган. Қиш, баҳор ойларида тоғ дарёларидан оқаётган сув сув омборларига йиғилган. Ёзда эса қишлоқ хўжалиги учун оқизилган.
Аммо, 1991 йилда Марказий Осиё республикалари мустақил  бўлишди ва бу минтақага  Россиядан келаётган электр энергияси узилди. Шундан сўнг минтақада электр энергияси муаммоси бошланди. 2000-йилларга келиб аҳвол шу даражага етди-ки Ўзбекистон, Тожикистон, қисман Қирғизистонда аҳолига етказиб бериладиган электр энергияси анча қисқариб кетди. Йирик шаҳарларга кўпроқ берилган бўлса, қишлоқлар аҳолисига суткасига 4-5 соат электр энергияси берилган.
Бунда албатта аҳолининг кескин кўпайиши ва саноатнинг ривожланиши ҳисобига электр энергияси истеъмоли сарфи ошгани ҳам муҳим роль ўйнади.

Бир пайтлар суғориш ишларини яхшилаш учун қурилган сув омборлари энди фақат электр энергияси олиш учун ишлатила бошланди. Энди, ёзда тоғ дарёларида сув кўп бўлганда сувнинг олди тўсилиб, қишда сув ҳеч кимга керак бўлмаган пайтда электр энергияси олиш учун оқизила бошланди. Буни натижасида эса ёзда қишлоқ хўжалигида сув етишмай, қишда ҳаммаёқ захлаб кетаверди. Бу эса айнан минтақадаги энг кўп суғориладиган ери бўлган Ўзбекистонга оғир зарба бўлиб тушаверди.

Эсимда, 1994-95 йилларда, ҳали минтақада энергия кризиси авж олмаган пайтларда Сирдарёнинг суви қишда роса камайиб кетар эди. Ўшанда сув омборларига сув қишда йиғилар эди. Аммо орадан бироз ўтиб 2000-йиллардан бошлаб Сирдарё суви қишда ҳам тўлиб оқадиган бўлди. Буни сабаби юқорида ёзганимдай Қирғизистон Тўқтағул сув омборига сувни ёзда йиғиб, қишда электр энергияси олиш учун қўйиб юбора бошлади. 

Ҳозир биз Тожикистон билан орадаги йигирма йиллик совуқ муносабатдан сўнг яна дўстлашдик. Зеро этни тирноқдан ажратиб бўлмагандай ўзбекни тожикдан, тожикни ўзбекдан ажратиб бўлмайди. Бу икки миллат бежизга "икки тилли бир миллат" дейилмайди. Аммо, "ҳаётда ҳар нарса бўлиши мумкин" дейилганидай қачонлардир ўртага яна совуқчилик тушса Тожикистон Роғундан бизга қарши қурол сифатида фойдаланиши эҳтимолини ҳам назардан қочирмаслигимиз керак.
Аммо, умид қиламиз Марказий Осиё давлатлари ўртасида бундан буёғига ҳеч қандай келишмовчилик бўлмайди. Дўстлигимиз бардавом бўлади. Сувдан ҳам, сув омбордан ҳам биргаликда фойдаланамиз.

@bugunning_gapi
Кулгумни қистатаётган электрон қулайликлар ёки сигир соғадиган электрон аппарат ҳақида. 😀

21 ноябрь куни ўтказилган "UzAgroExpo" ва "UzProdExpo" халқаро кўргазмаларида қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноатига оид турли инновацион ечимлар қаторида қорамолни электрон назорат қилиш тизими намойиш қилинибди.

https://turon24.uz/sections/reports/zyqgtwmb3sn8-uzprodexpo-2018-krgazmasida-oramolni-lektron-nazorat-ilish-tizimi-namojish-ilindi-wideoreportazh

Ҳа,  ҳа, янгишмадингиз. Айнан қорамолни электрон назорат қилиш тизими намойиш қилинган.

“Бу йилги кўргазмага соғиш ускунасини олиб келдик, — деб тушунтиради ишланмани тақдим этаётган муҳандис Илҳом Болоқулов. — У электрон тарзда ишлайди. Бу бир қатор қулайликлар тақдим этади. Масалан, сигирнинг касаллигини олдиндан аниқлайди, кун мобайнида қанча сут бериши, ойлик, йиллик меъёрларини аниқлаб, компьютерга туширади. Бундан ташқари, автоматик тарзда сигирни соғиб, инсон меҳнатига эҳтиёжни камайтиради”.

Бу хабарни ўқиб кулишимни ҳам, йиғлашимни ҳам билмай ҳайрон қолдим.
Йўқ, мен замонавий технологияларга қарши жойим йўқ. Аксинча, илғор замонавий технологиялар ҳаётимизга тезроқ кириб келишини хоҳлайман. Масалан, яшаётган туманимда метан заправка йўқлиги учун анча йўл босиб қўшни тумандаги метан заправкага овора бўлиб боришдан, заправкага етиб боргандан кейин эса соатлаб вақт йўқотиб кутишдан кўра автомашинам тезроқ электрокар бўлишини ва ўша электрокаримга уйимдаги розеткани шундоқ улаб қувватлагични тўлдириб олиб ҳеч нарсани ўйламай тагидан шамол ўтказиб елиб юраверишни жудаям хоҳламайман.
Ёки маҳалламизда ўрнатилган ucell компаниясининг антеннасига 3G ўрнатилмагани учун интернетда видео ёки аудио ёзувли ишлар чиқиб қолса ҳанузгача маҳалламиздаги тепаликка ёки ҳовлимиздаги теракни шохига чиқишга мажбур бўлаяпман, шу антеннага "мана бўлмаса" деб биратўла 4G ўрнатиб беришларини хоҳлайман. Тўғри-да, ҳадеб теракни шохига чиқиб тушавериш жонимизга тегиб кетди, ахир.

Ҳайрон қолганимни сабаби, тасаввур қилинг ўша кўргазмадаги  "қорамолни электрон назорат қилувчи тизим"ни маҳалламиздаги фермер олиб келиб ўз фермасига ўрнатди ва қорамолларини назорат қилишни қандайдир аппаратларга топширди.
Хабарда ўша аппарат "автоматик тарзда сигир соғиши" ҳақида ҳам ёзилган. Аппарат энди сигир соғишни бошлагандан кейин чироқ ўчиб қолса, кейин ўша аппарат  сигирни қандай қилиб "автоматик тарзда" соғиб олар экан-а?!

Энди электрон бошқарув ҳақида индаб ўтирмай.
Шу кеча кундузда барака топкур энергетикларимиз чироқни хоҳлаган пайтларида ўчиришаяпти, хоҳлаган пайтларида ёқишаяпти.
Бундай ҳолатда "электрон тизим", "электрон навбат", "электрон ҳужжат топшириш", "сигирни автоматик тарзда соғаиб оладиган электрон аппарат" ҳақида қанақа гап бўлиши мумкин? Чироқ тузук-қуруқ берилмаса турли электрон ишлар қандай қилиб бажарилади, ҳайронман. Юқоридаги хабарни ўқиб кулай десам кула олмаганимни, йиғлай десам кўзимдан ёш келмаганини сабаби шу.

Умуман олганда жойларда электр энергиясидаги узилишларни бартараф этмасдан, энергетика муаммосини юз фоиз ечмасдан, мобиль алоқа  хизмати ва улар тақдим этаётган интернет хизматини яхшиламасдан қандайдир "электрон рўйхатга қўйиш", "электрон овоз бериш", "электрон тизим" ва ҳоказо электрон ишларни гапиришга ҳам, жорий қилишга ҳам вақтли деган бўлар эдим. Ахир, фермангиз учун қорамолларни назорат қиладиган электрон тизимни фалон пулга олиб келсангиз-у, чироқ бир ўчиб, бир ёниб, липпиллаб тураверса ўша ажойиб аппаратни қандай ишлатасиз? Буни устига у электрон бўлса? А лаббай?! 😀

@bugunning_gapi
Фермерлар қасамёди, шифокорлар қасамёди ва ҳоказо бошқа қасамёдлар, сизлар нима деб ўйласангиз ўйлайверинг, аммо мен бу ишларни бир сўз билан АҲМОҚБОЗЛИК деб атайман!

@bugunning_gapi
Бу Ургутдаги мактаблардан бири. Деразаларига эътибор беринг, ҳар бирида печка мўриси бор. Синфхоналарнинг ҳар бирига печка ўрнатилган. Ташқарида эса 21-аср кетаяпти.

@bugunning_gapi
Қизчаларнинг бош кийимига эътибор беринг. Ўзим синфхоналарга кирдим, синфхоналар яхши исимайди, ўқувчилар иссиқ кийимда совқотиб ўтиришибди.

@bugunning_gapi
Нон ушоғи.
(Ибратли ҳикоялар туркумидан)

Биз, тўрт ўртоқ вақт ва имконият бўлгандан юртимиздаги турли шаҳарларга саёҳатга отланамиз. Йўлларда овқатланишга кирар эканмиз  олдимизга қўйилган нон етмай қолса мен доим яримта нон сўрайман. Ортиб қолган нон бурдаларини эса қўлимга олиб оламан. Бундан шерикларим хижолат бўлишади. Бир неча марта "қўйсангчи шу қилиғингни" деб дашном ҳам беришди.
Кунлардан бир кун биз яна саёҳатга жўнадик. Шу йўлдан ўтсак доим  кирадиган ошхонамизга кирдик. Овқатланиш пайтида нон тугаб қолди. Хизматчига яримта нон буюрдим. Ўртоқларим ола қарашди.
- Бутун қилиб бераверинг, - улардан бирининг сабри чидамади.
Келган ўша нондан бор йўғи икки бурдасини едик. Қолгани қолди. Туришимизда одатимга кўра  уларни олдим. Ўртоқларим эса менга ижирғаниб қарашди. Ташқарига чиқиб қарасам ошхонанинг орқа тарафида бир чиройли гул очилиб турибди. Уни томоша қилиш учун юрдим. Ортимдан ўртоқларим эргашишди. Гулни томоша қила туриб  қарасак у ерда қопларда қотган нон бурдалари оёқ остида тўкилиб, сочилиб ётибди. Булар хўрандалар олдидан ортиб қоладиган нон бурдалари эди. Мен шерикларимга қарадим, шерикларим эса менга. Индамай йўлга отландик. Ўшандан кейин бирон жойга овқатлангани кирсак ўртоқларим нонни ҳисоби билан айтадиган, олдимиздан ортиб қолган бурдаларни эса мендан аввал ўзлари йиғиштириб оладиган бўлишди.

Ғайрат Йўлдош

@bugunning_gapi
Бизни еб битираётган маъракалар.

Бундан роса 50 кун олдин ён қўшнимиз бўлган чол 76 ёшида вафот этди. Жанозани ўтказиб уч кундан кейин "Худойи" қилишди. Бир қўй сўйилди. 30-40 кило гуруч дамланди. Шунга яраша жой ҳозирланди, дастурхон тузалди.
Кейин қирқ кунгача, яъни "қирқи чиққунча" ҳар пайшанба, якшанба кунлари  бу хонадондан фотиҳахонлик бўлаверди. Шунга қараб ҳар пайшанба, якшанба кунлари дастурхон тузалиб одам кутилди. 
Маҳалламизни одамлари жанозада қатнашишди, "Худойи"да  қатнашишди, камига эса яна икки-уч мартадан фотиҳага келишди. Ниҳоят жанозадан қирқ кун ўтиб "Қирқ" эҳсони бўлди. Яна битта қўй сўйилди, 30-40 килоча гуруч дамланди.  Шунга яраша жой ҳозирланди,  дастурхон тузалди.
Шу билан вафот этган чолнинг ўғли фотиҳага келувчилардан қутилди. Аммо...

Аммо,  кеча пайшанба куни қарасам туш пайтида қўшнимни хонадонидан  азага монанд кийинган бир гуруҳ маҳалладош аёллар чиқишаяпти. Улар фотиҳага келишган. Ҳа,  фотиҳага келишган. Марҳумни қабрга қўйиб келишганига 50 кун бўлаяпти. Эркаклар "Қирқ"ни ўтказиб фотиҳахонликни тугатишди. Аммо аёлларни фотиҳахонлиги икки ойда ҳам тугамаяпти. Сиз тарафларда қандайлигини билмадим-у, аммо, биз тарафларда аёллар жанозадан икки ой ўтказиб ҳам пайшанба ва якшанба кунлари аза бўлган хонадонга такрор-такрор фотиҳахонлик қилиш учун бораверадилар. Ҳозирча уларни бу ишдан қайтарадиган ҳеч ким топилмаяпти. Мабодо қайтаришса ҳам "бормасам фалонча(азадор аёлни назарда тутишаяпти) хафа бўлади" деб ҳам қўйишади.
Ўз навбатида азадор хонадон аёллари ҳам агар маҳалла аёллари фотиҳага бир бориб қайта боришмаса "фалончани оқибати йўқ, фотиҳахонликка бир марта келиб қайта келмай кетди" деб гина ҳам қилишади.

Умуман олганда мана ишлар йиғиштирилиши керак. Бошқа жойларни билмадим-у биз тарафларда бундай ишлар мажбурият даражасига чиқиб бўлган. Аза бўлган хонадон аҳллари жанозадан кейин ҳамма ишини йиғиштириб эркакларни қирқ кун, аёлларни эса 60 кун атрофида ҳар пайшанба, якшанба кунлари дастурхон тузаб кутишга мажбур.
Бундай аҳмоқона ишлар бойлар ва ўртаҳолларга билинмас, аммо камбағаллар қийналиб қолишаяпти. Боласи касал, аёлининг мазаси йўқ. Шароити ҳаминқадар. Қўлида пули йўқ. Ана шундай ҳолатда қарз олиб бўлсада турли аза маросимларини ва икки ойлаб чўзиладиган фотиҳахонликни ўтказишга мажбур.
"Ўтказмаса нима бўлади? Айб ўзида" дейсизми?
Тўғри, айб ўзида ҳам бор, буни инкор қилмайман. Аммо, биз тарафларда шундай аҳмоқ одамлар ҳам яшашади-ки кимдир нимадир сабаб бўлиб вафот этган отасини ёки онасини бирон маъракасини ўтказа олмаса ёки кечиктирса элни ичида "сен онангни ёки отангни фалон маъракасини нега ўтказмадинг?" деб сўроққа тутадиганлар ёки "сен отангни ёки онангни фалон маъракасини ўтказа олмагансан" деб камситиб, таъна қилиб гапирадиганлар бор.
Аҳмоқликни бундан ортиқ чегараси борми-ки, "Ҳой фалонча, ўтир буёққа. Сени ўзи шароитинг оғир. Онангни ёки отангни фалон маъракасини ўтказишинг шарт эмас, ундан кўра касалманд болангга, мазаси бўмаётган аёлингга қара, рўзғорингни кам-кўстига қара" демасдан аксинча "қачон ўтказасан?" ёки "нега ўтказмаяпсан?" деб сўроққа тутса ёки "ўтказа олмадинг" деб камситса.

Маъракаларни қисқартириш бўйича имомлар гапиришади, маҳалла раислари тарғиб қилишади. Аммо булар ҳеч кимга таъсир қилмаяпти. Энди бизга меъёр белгиланган қонун керак. 
Тўйларни-ку одамлар бироз йиғинишиб қилишар, аммо аза тўсатдан бўлиб қолади. Шундай экан биринчи навбатда ошиқча эҳсонлар ва фотиҳахонликни йўқотиш керак. Акс ҳолда аза бўлган хонадон жаноза ўтганидан кейин икки ой ўтса ҳам фотиҳахон аёллардан қутилмайди.

Бу гапларни нега ёзаяпман? Сабаби бу халқ ўта маъракапараст бўлиб кетди. Касал боласи ёки касалманд хотини ўлса ўлиб кетаверсин, аммо у олдин турли маъракаларни бошқалардан кам қилмай ўтказиши керак. Онасини даъволатиш керак, укасининг рўзғори ўта хароб, сингилларининг турмуши ҳам ҳаминқадар, йўқ, бу турли маъракасини бошқалардан кам қилмай ўтказиши керак. Жин урсин бундай урф-одатларни.
Сиз нима десангиз денг, аммо мен "бу элни, бу халқни кераксиз маъракалар еб битираяпти" дейман.
Энди ақлни ишлатиш, вақти келмадими яхшилар?

@bugunning_gapi
​​Ботулизмдан огоҳлантираётган ФВВ ва уйда консерва ва шарбат тайёрлайдиган одамлар.

​​Кеча, 22 ноябрь куни телефонимга ФВВ дан қўйидаги смс хабар келди. 👇
Botulizm kasalligi oldini olish maqsadida uyda konserva mahsulotlarini tayyorlamang va uy sharoitida tayyorlangan konserva mahsulotlarini iste'mol qilmang.

Мундоқ  ўйлаб кўрса ФВВ ўз вазифасини бажараяпти. Аҳолини қандайдир касалликка чалинмаслик учун уй шароитида тайёрланган консерва маҳсулотларини истеъмол қилмасликка чақираяпти. Аммо,  шу ФВВ да ўтирган ва аҳолига шундай смс жўнатаётган инсонлар уй шароитида одамлар консерва маҳсулотларини қандай тайёрлашларини ёки турли консерва заводларида консерваланган мева ва сабзавотлар қандай қадоқланаётганини билишармикин?

Масалан, бизнинг уйимизда консервалар тайёрланиши жараёнида олдин маҳсулотларнинг сифатлилари ажратиб олинади. Уларни тозалаб икки мартадан ювилади. Кейин банкалар тозалаб ювилиб кейин иссиқ парга тутиб олинади. Агар маҳсулот қозонда қайнаб пишса банкага солиниб яна қозондаги қайнаб турган сувга қўйилиб яна қайнатилади. Шунингдек банкага шундоқ солинса ҳам қозондаги қайнаб турган сувга қўйилиб роса қайнатилади. Тайёрлаш жараёнида керакли миқдорда сирка, туз, шакар каби қўшимчалар солинади. Турли  мевалардан тайёрланадиган мураббо ёки шарбатлар ҳам шундай, энг сара мевалардан, санитария қоидаларига тўла амал қилиниб тайёрланади.  Умуман айтганда бошқаларда ҳам кўрганман хонадонларда консерва маҳсулотларини тайёрлашда жуда эҳтиёткорлик билан тайёрлашади,  аммо...
Аммо,  эътибор бераяпсизми, охирги пайтларда турли ишлаб чиқарувчилар томонидан  ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг сифати тобора ёмонлашиб бораяпти. Шу жумладан консерва ишлаб чиқараётган турли корхоналарнинг маҳсулотлари ҳам. Сабаби маҳсулотини етиштирган фермер ёки деҳқон ҳеч қачон ўз маҳсулотининг сарасини консерва маҳсулотларини тайёрлайдиган корхоналарга бермайди, бозорга чиқаради. Ўзим неча марта гувоҳи бўлганман, консерва заводларнинг дарвозаси олдида устидаги мева ва сабзавотларни ачитиб-саситиб, тагларига ачиган ширалари оқиб турган юк машиналарини турнақатор бўлиб навбатини кутаётганини. Шундай экан охирги пайтларда хонадонларда тайёрланаётган консервалардан кўра консерва заводларда тайёрланаётган консерва маҳсулотларнинг сифати шубҳали бўлиб бормоқда.

Яна бир муҳим масала шу-ки, уйда тайёрланаётган шарбатлар, турли консерва маҳсулотларида инсон саломатлигига хавф солиши мумкин бўлган ошиқча кимёвий моддалар йўқ. Фақат сирка, туз ва шакар бор. Консерва заводларидан чиқаётган маҳсулотларда эса турли кимёвий моддалар етарлича бор. Узоққа бормайлик, исталган корхона тайёрлаган шарбатнинг қадоғига қаранг. Таркибда табий мева шарбатининг миқдори 15 фоиз ёки жа борса 20 фоиз. Қолгани ҳаммаси кимёвий моддалар ва сув. Биз турли мевалардан уйда тайёрлайдиган шарбатда эса сара мева, сув ва озгина шакар бор. Баъзида шарбатни ҳатто ширинроқ мевалардан шакарсиз ҳам тайёрлаймиз. Шундай экан, инсон саломатлиги учун заводларда тайёрланган, таркибининг асосий қисми кимёвий моддалардан ташкил топган шарбатлар фойдалими ёки хонадонларда фақат меваларнинг ўзидан тайёрланган шарбатларми?

Шунингдек шахсан мен ўшандай корхоналарнинг консервалаётган маҳсулотларини хонадонлардагидай эътибор билан саралашларига, ювиб тозалашларига, керакли миқдорда қайнатишларига ишонмайман. Ўзи қабул қилаётган маҳсулоти сифатсиз бўлса, уни нимасини саралайди? Шунингдек санитария қоидаларига қанчалик амал қилаётганларини ҳам Худо билади.
Шундай экан, ҳозирча ФВВ минг огоҳлантирмасин мен уйда ўзимиз тайёрлаган нарсаларни истеъмол қилишда давом этавераман. Сизни эса ўзингиз биласиз.

П.С. Албатта, ҳамма консерва заводлари ҳам сифатсиз маҳсулотларни олаяпти деб бўлмайди. Сифатли маҳсулот олаётганлари ҳам бор. Аммо консерванинг қадоғини очиб кўрмагунча уларнинг қандайлигини ҳаргиз била олмайсиз. Қадоқланган идиши чиройли бўлса ҳам ичини.... уриб кетган бўлиши ҳам мумкин.

@bugunning_gapi
​​Ҳаддидан ошган "ўртоқ бошлиқ".

Кеча, 23 ноябрь санасида Ургут туман жиноий ишлар бўйича судида бир суд иши бўйича қатнашдик.
Кимнидир эсида, кимнидир эсида йўқ, шу йилнинг 9 июль куни Қарши туман ИИБ бошлиғи Жаҳонгир Ражабов давлатга дон топшириш режасини бажара олмаган фермерларни шафқатсизларча калтаклаган. Шу ҳақда тумандаги «Абдуғафуров Муҳаммад» фермер хўжалиги раҳбари 33 ёшли Раҳматулло Хўжамуродов хабар тарқатган. Унинг айтишича, милиция бўлими бошлиғи олдин фермерлардан режа бажарилмаслиги сабабини суриштирган. Улар бунинг сабабини тушунтира бошлашганда, барчаларини баравар калтаклай кетган.

— У мени ва яна икки фермер Баҳриддин Тўраев, Абдуҳамид Пардаевларни калтаклади, — деди Раҳматулло Хўжамуродов. — Аввал қулоқ-чаккамизга, кейин эса юз-кўзларимиз аралаш аёвсиз зарбалар йўллади…

Жабрланувчи яна шуни алоҳида таъкидлаб ўтдики, бошқа фермерлар ҳам калтакдан бебаҳра қолмади. Ҳатто, ёши улуғ фермерларни ҳам милиция бўлими бошлиғи аяб ўтирмаган…

Жаҳонгир Ражабовнинг ўзи бу масалада журналистлар билан суҳбатлашишдан бош тортган.
https://zamin.uz/jamiyat/38754-qarshi-tuman-iib-boshligi-galla-rejasini-bajarmagan-fermerlarni-musht-bilan-siyladi.html

Орадан бироз ўтиб, ИИ вазири Пўлат Бобожоновнинг 23-26 июль саналарида Қашқадарё вилоятига маҳаллий Ички Ишлар идораларининг ишлаш тартибларини суриштириш учун қилган ташрифи давомида Ички Ишлар тизимида ишлаш жараёнида бир қатор камчиликларга йўл қўйгани учун кўпгина раҳбарлар қатори ушбу валломат шахс ҳам ишдан бўшатилади.
http://www.xabar.uz/jamiyat/polat-bobojonovning-qashqadaryoga

Шундан сўнг калтак еган фермерларнинг прокуратурага шикоят қилишлари ортидан ушбу шахс устидан жиноят иши қўзғатилади.
Кеча бўлиб ўтган суднинг охирги мажлисида суд Жаҳонгир Ғаппорович Ражабовга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 206-моддаси 1-қисми билан ЖКнинг 45-моддаси татбиқ этилиб, 3 (уч) йил муддатга корхоналар, муассасалар, ташкилотларда ва ички ишлар органлари тизимида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 2 (икки) йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлади.

Албатта, воқеаларнинг гувоҳи бўлмаганман, аммо ўша калтак еган фермерларнинг орасида аёл кишининг ҳам бўлгани, Ражабов эса бошқа фермерлар қатори уни ҳам аямай урганини инобатга олсак суд унга енгил жазо тайинлади деб ўйлайман.

Мени ҳайрон қолдиргани кеча суд залида ўтирган судланувчини ҳолатини кўриб ҳеч ким уни бироз олдин Қашқадарё вилояти туманларидан бирида қамчисидан қон томадиган, ҳатто аёл кишига қўл кўтарадиган ИИБ бошлиғи бўлиб ишлаганига ишонмайди. Чунки бу валломат суд залида иштонини ҳўллаб қўйган боладек бўлиб ўтирарди.

Сизни билмадим, аммо мен бундай инсонларни кўп кўрганман. Амалга ўтиргач ўзини жуда катта олиб, халқни хоҳлаганча босиб-янчиб, амалдан урилгандан кейин иштонига ҳўллаб қўйган боладай бўлиб қолганларини, кейин ўзлари сўкиб-сўйлаб тайзиқ ўтказган элга қўшила олмай яккаланиб қолганларини кўрганман.
Шу учун бугун амалда юрганлар мана шундай ишлардан тегишли хулоса чиқаришлари ва ўтирган амаллари вақтинчалик эканини билишлари ва халқ билан муносабатлардан ҳаддиларидан ошмасликлари керак. Акс ҳолда Қарши туман ИИБ собиқ бошлиғи Ражабовнинг куни бошларига тушиши муқаррар.

Мени бундайларга раҳмим келмайди. Чунки, уларни шу эл, шу халқ боқаяпти. Агар ўзини боқиб юрган халқини назар писанд қилмай калтакладими, уни ўша амалида бир кун ўтиришга ҳаққи йўқ. Охир-оқибат ундайлар ўзини тегишли жазосини олиши керак.

@bugunning_gapi
​​Тез ёрдамга жорий қилинаётган авиация ёки бири кўчада, яна бири осмонўпар уйда яшаётган ҳиндистонликлар ҳақида.

17.10.2018 санасида Ўзбекистон Республикасида тез тиббий ёрдам хизматини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори эълон қилинди.
http://uza.uz/oz/documents/zbekiston-respublikasida-tez-tibbiy-yerdam-khizmatini-takomi-17-10-2018?m=y&ELEMENT_CODE=zbekiston-respublikasida-tez-tibbiy-yerdam-khizmatini-takomi-17-10-2018&SECTION_CODE=documents

Қарорга мувофиқ:
"Шошилинч ёрдамга муҳтож ҳар бир кишига юқори сифатли тиббий хизматларни ўз вақтида кўрсатиш тез тиббий ёрдам хизматининг устувор вазифаси деб ҳисоблансин. 
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси ва “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК билан биргаликда тез тиббий ёрдам хизматини 2020 йилдан бошлаб авиация техникаси билан жиҳозлаш ва (ёки) авиация хизматларини харид қилиш, шу жумладан, давлат-хусусий шериклик асосида харид қилиш бўйича таклифларни 2019 йил 1 мартга қадар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин".

Яқинда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг
minzdrav.uz сайтида Вазирлар Маҳкамасининг ўша қарори бўйича қилинаётган ишлар ҳақида хабар берилди.
Хабарда "Соғлиқни сақлаш вазирлиги Вазирлар Маҳкамасининг ўша қарори юзасидан аҳолига тиббий тез ёрдам кўрсатиш сифатини ошириш юзасидан бир қатор ишлар олиб борилаётгани, шунинг билан бир қаторда, эндиликда тез тиббий ёрдам хизматини авиация техникаси билан таъминлаш чора-тадбирлари ҳам кўрилаётгани" ҳақида ёзилган.
http://www.minzdrav.uz/uz/about/detail.php?ID=55500&version=contrast

Мен юқоридаги хабарларни ўқир эканман Ҳиндистон эсимга тушди. Нега дейсизми? Билишимча бу давлатнинг аксарият бойлари ўта ҳашаматда яшашади. Баъзи бойлари ҳатто шахсий осмонўпар бино қуриб яшашаяпти. Аммо 300 миллион атрофида аҳолиси уй-жойи йўқ ҳолда кўчада яшайди.
"Нима бўлибди шунга?" дейсизми? Ҳе нарса бўлмади. Шунчаки бугунги кунда мамлакатимизнинг аксар ҳудудларида йўлларнинг ўта ёмонлиги, ҳатто аксарият республика аҳамиятига эга бўлган  йўлларнинг асфальти ўйилиб тош ва лой кўчаларга айланиб қолгани ҳеч кимга сир эмас. Ўша йўлларда юрадиган тиббий тез ёрдам машиналарнинг ортиб юрган беморини бешикда тебратгандай тебратиб олиб юриши ҳам ҳаммага маълум.  Ана шундай ҳолда  аҳолига тиббий тез ёрдам кўрсатишни сифатини ошириш учун ўша йўлларни сифатли қилиб таъмирлаш ўрнига келажакда тез ёрдам хизматида авиация хизматидан фойдаланиш ҳақидаги гаплар менга бири кўчада, иккинчиси осмонўпар уйда яшаётган Ҳиндистонни эслатди.

Умуман олганда президент қароридаги тиббий тез ёрдамга авиация вертолётларини жалб қилиш ҳам фақат пойтахтликлар ва вилоят марказлари учун бўлса керак. Қишлоқ ҳудудлари на вертолётни кўради, на тузукроқ тиббий тез ёрдам машинасини. Қишлоқ ҳудудларига ўзимизнинг Дамасвой ҳам бўлаверади. Фақат...
Фақат ўша Дамасвойда беморни олиб кетаётиб ўнқир-чўнқир йўллардан юрганда бемор ўлиб қолмаса бўлди. Уёғига яшаб кетишига кафолот бор.

Аслида, қишлоқ ҳудудларида  яшаётган одамларга ҳозирча вертолётни ҳам, чет элдан келтирилган реанимобиллар ҳам керакмас. Дамасвой ҳам бўлаверади. Фақат илтимос, олдин йўлларни яхшилаб таъмирлаб қўйишсин. Агар йўл ҳозирги ўнқир-чўнқир ҳолида қолаверса қишлоқ ҳудудларига чет элдан келтирилган машиналардан беришни фойдаси йўқ. Барибир силкиниб юриб беморни ўлдиради. Агар йўлни сифатли таъмирлашса Дамасвой ҳам силкинмай текис юра олади. 😊
Нима демоқчиман?
Тиббий тез ёрдам сифатини ошириш учун олдин йўл текис бўлиши керак. Акс ҳолда тиббий тез ёрдамга минг зўр машина қўйишмасин, фойдаси йўқ.

@bugunning_gapi
​​"Тухумкоробка" йўллар.

Сиз яшаётган ҳудудлардаги йўлларнинг аҳволини билмайман. Шунингдек асфальти йўқ бўлиб аянчли аҳволга тушган йўллар сиз тарафларда борми ёки йўқми, буни ҳам билмайман. Агар сиз тарафларда ўшандай ёмон аҳволга тушган йўллар бўлса бундай йўлларни сиз нима деб аташингизни ҳам билмайман. Балки сиз тарафларда ўшандай ёмон аҳволга тушган йўлларга ном қўйишни ҳали билишмас. Аммо биз бундай йўлларга аллақачон ном қўйиб олганмиз. Ундай йўлларнинг номи қисқа ва лўнда қилиб "Тухумкоробка" дейилади. Айтишга ҳам, ёзишга ҳам қулай; Тухумкоробка.
Қалай, қойилмисиз?
Қулоққа жарангли эшитилаяптими?

Қўйидаги суратда Ургут-Булунғур йўлининг "Испанза" участкасидаги қисмининг аҳволи. Номига жудаям мос; Тухумкоробка!
Марҳум Эргаш Каримов ва унинг хотини ўйнаган Телевизон минатюралар театридаги "Лампашиша" борку, ўшанда котибанинг соч турмаги лампашишага қанчалик ўхшаса, анча йиллардан бери йўлсозлар назаридан четда қолиб келаётган ушбу йўлнинг бир қисми ҳам Тухумкорбка номига жуда мос. Кўринг ва халқнинг заковотидан завқланинг. 😊

@bugunning_gapi
Тавсия қиламан.

Сўнгги пайтларда ўзим учун ўзбек тилида яхши телеграм-каналларни очдим. Уларни сиз билан баҳам кўраман:

Homo Liber — навоийлик Мафтуна Усмонованинг канали. У ҳозир Францияда, аввал эса Польшада ўқидан. Европа таълим тизими ва феминизм ҳақида ёзади. Постлари рус ва ўзбек тилларида. Яқинда Польшада ўқиш ҳақида гапириб берди. Европада ўқиш истагида бўлганларга тавсия қиламан.

«Бугуннинг гапи» — Ўзбекистон муаммолари ҳақида шахсий фикр. Канал муаллифи — журналист (мажбурий обунага қарши бўлган журналист!) Ғайрат Йўлдош. Масалан, ғадир-будур йўллар «тухумкоробка» дейилишини ўша каналдан ўргандим.

«Доктор Шизоид» — Медицина ҳақида блог, ноодатий услубда ёзади, менга ёқди. Муаллифи ким эканлигини билмадим. Огоҳлантириш: постларида сўкиш сўзлар ишлатилади.

«Аслановдан иқтибос» — спорт журналисти Қаҳрамон Аслановнинг блоги. Муаллиф каналида спорт ҳақида эмас, балкий кундалик турмуш ва жамиятдаги ўзгаришлар ҳақида ёзади. Масалан, куни кеча яхши одам тушунчаси ҳақида ёзибди. Жуда яхши таъриф берибди, тавсую.

@muhrim, @xushnudbek, @davletovuz каналлари ҳақида-ку индамадим. Улар анча «оёққа турган» каналлар, жуда қизиқ ва долзарб мавзуларни кўтаришади. Реклама қилишга ҳожат йўқ.