​​АҚШнинг икки хил "юзи"

Бир неча кундан бери дунёдаги барча ОАВ "АҚШнинг 2019 йилдан ЮНЕСКО аъзолигидан чиқаётгани"ни ёритишаяпти. Кўпчилик "БМТни бир қўлида ўйнатиб турган" АҚШнинг нега бундай қарорга келганини тушунмай қолди. Шу туфайли ўқувчиларга АҚШ ва ЮНЕСКО ўртасида келиб чиққан можарони шарҳлаб берсам.

Воқеалар 2011 йилнинг 31 октябр куни ЮНЕСКО Фаластин давлатини ўз сафига тўлақонли аъзо қилиб олган кундан бошланди. Ўша санагача ЮНЕСКОда кузатувчи мақомида бўлиб келаётган Фаластинни ташкилот сафига тўлақонли аъзо сифатида қабул қилиш очиқ овоз бериш йўли орқали ҳал қилинди ва мутлақ кўпчилик Фаластинни ЮНЕСКО сафига қабул қилиниши учун овоз берди. Розилар сони 107. Қаршилар сони эса 14. Қолганлар бетараф қолишган

Маълумот учун; БМТда бор йўғи 5 доимий аъзо давлат бор. Булар АҚШ, Франция, Англия, Россия ва Хитой. Ташкилот ташкил топганидан бошлаб ҳозиргача Ер юзидаги турли ишлар шу 5 давлатнинг хоҳишларига кўра ҳал қилинган.
ЮНЕСКОда эса ҳар қандай қарор умумий аъзо бўлган бўлган давлатлар муҳокамасига ташланади ва ҳал қилувчи қарорлар ошкора овоз бериш йўли билан қабул қилинади.

Шу ўринда ўқувчиларда "Хўш, Фаластин ЮНЕСКОга тўлақонли аъзо қилиб олинса бундан АҚШ манфатларига қандай зарар етади?" деган савол пайдо бўлиши мумкин. Ҳамма гап шундаки ЮНЕСКО ташкилоти Исроилни Фаластиннинг бир қисмини босиб олган босқинчи давлат деб ҳисоблайди ва ҳозирги кунда Исроил назоратида бўлган Қуддус шаҳрини бир қисмини ҳам Фаластин ҳудуди деб билади. АҚШга ЮНЕСКОнинг мана шу позицияси ёқмайди ва ўзининг Яқин Шарқдаги энг асосий ва яқин иттифоқчиси бўлган Исроилнинг тарафини олиб у ЮНЕСКО билан келишмовчиликка бораяпти.

2011 йилнинг 31 октябр куни ЮНЕСКО Фаластинни ўз сафига қўшганини эълон қилиши ортидан АҚШ бундан буён бу ташкилотни молиялаштиришдан воз кечишини эълон қилди. АҚШ бу иши ортидан ЮНЕСКОда молиявий қийинчилик юз беришини ва ташкилот ўзига ён беришини кутган эди. Чунки ЮНЕСКОнинг йиллик бюджети 20% ини АҚШ берар эди ва бу 80 миллион долларни ташкил этган. Аммо ЮНЕСКО ён беришни истамади ва агар АҚШ аъзолик бадалини тўламаса уни ташкилот ишларида овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум қилишини эълон қилди.

Воқеалар шу зайлда ривожландики АҚШ ўша 2011 йилдан бери ҳанузгача ЮНЕСКОга аъзолик бадалини тўламайди ва бу йиғилиб бугунги кунда 500 миллион доллардан ошган. ЮНЕСКО ўз сўзида туриб АҚШга ён бермади ва уни ташкилот ишларида овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум қилди. Келишмовчилик шу даражага етдики ЮНЕСКОнинг ўзига ён беришидан батамом умидини узган АҚШ охири бу ташкилотдан чиқиши ҳақида қарор қабул қилди. ЮНЕСКО ҳам ўз позициясида ўзини ҳақ деб билади ва ортга чекинмоқчи эмас.

Кўпчиликнинг фикрига кўра АҚШ БМТ ва унинг бўлими бўлган ЮНЕСКО ишларига 2 хил стандарт билан ёндошмоқда. Яъни БМТда ўзининг 4 шериги билан биргаликда доимий аъзолигидан фойдаланиб анча йиллардан бери бошқаларнинг БМТни тубдан ислоҳ қилиш, доимий аъзоларнинг сонини ошириш ҳақидаги талаб ва таклифларини эътиборсиз қолдириб келаяпти. Гап сиёсатдан холи бўлган ЮНЕСКО ташкилоти ҳақида кетганда эса АҚШнинг ўзи бу ташкилотни "тубдан ислоҳ қилиш керак" деб даъво қилмоқда. АҚШнинг бундай даъво қилишига сабаб эса ЮНЕСКО ташкилоти шунчаки АҚШнинг "йўриғи"га юрмаяпти.

АҚШнинг 2 хил стандарт қўллаётганига яна бир мисол: Бу давлат ўзи билан алоқаси унча яхши бўлмаган давлатларнинг юргизаётган ички ва ташқи сиёсатларидан хато топиб оқибатда дарров БМТнинг санкцияларини қўллаш билан таҳдид қилади. Лекин гап яқин иттифоқчиси бўлган Исроилнинг манфати ҳақида кетганда эса авваламбор ўзи БМТнинг резолюцияларини оёқости қилади. Масалан, у Фаластин-Исроил можаросида ана шундай йўл тутмоқда ва 70 йилдан буён Исроилнинг Фаластин ерларини босиб олганига кўз юмиб келмоқда. Ҳатто Фаластинни ўз сафига тенг ҳуқуқли аъзо сифатида қўшиб олган ЮНЕСКОнинг бу ишини "кечира олмаяпти".

Умумий хулоса шу-ки агар ислоҳот керак бўлса авваламбор БМТнинг ўзини ислоҳот қилиш керак. Ер шарининг тақдирини 5 давлат ўзаро ҳал қилмасдан доимий аъзолар сонини ошириш керак. Сиёсатдан холи бўлган ЮНЕСКО эса ҳозирча ўз ишини билиб қилаяпти.

https://t.me/joinchat/AAAAAFDsqn0uS_lzEcmvbw
Ўзбекистонликларни битта байрами бор. У ҳам бўлса милодий йил алмашадиган кеча. Бундан бошқа ҳеч қандай байрамни улар бунчалик байрам қилишмайди.

Соат 22:00, ота-онамни олдиларидан уйга қайтдим. Қарасам маҳалламизнинг кичикроқ марказларидан бирида қўлбола қилиб катта арча безатишган. Олдида тумонат одам. Асосан ёш болалар, ўсмир ёшдагилар ва ёшлар. Кейин буёғи ёш қизчалардан тортиб 70 ёшгача кампирларгача бор. Ўртада машина балони ёқилган. Бир тарафдан овоз кучайтиргичдан музика эшитилаяпти. Кўчани ёпиб олишган. Ўйин-кулгу авжида.

Қишлоғимиз бўйлаб ўнлаб жойда шундай байрам қилишаяпти.
Ўтган йил учасковой ҳамма кўчаларни айланиб ўшандай байрам бўлаётган жойларга бориб "байрам қилаверинглар, аммо балон ёқманглар" деб огоҳлантириб, ёниб турган балонларни ўчириб кетган эди.

Эрталаб 9:54, уйдан чиқдим. Кўчада тирик жонни ўзи йўқ. Қишлоқ худди одамлари ташлаб кетган жойга ўхшайди. Кечаги байрам бўлаётган жойга қарасам қийшайиб қолган "қўлбола" арча ва бир уюм ёнган балондан қолган кул турибди. Демак, бу йил участковой балон ёқилишига индамаган шекилли.
Қишлоқ кўчаларида куппа-кундузи соат 10:00 да биронта тирик жонни кўрмаслик ҳам ғалати туюлар экан.

Ўзбекистонликларни битта байрами бор. У ҳам бўлса милодий йил алмашадиган кеча. Бундан бошқа ҳеч қандай байрамни улар бунчалик байрам қилишмайди.

2019 йилда Яратган ҳаммамизнинг тан-жонларимизни саломат сақласин. Орамиздан хатолар бўлмасин. Дард кўрмайлик. Яхшилар кўпайсин, ёмонларга Ўзи инсоф берсин. Саломат бўлинглар!


https://t.me/joinchat/AAAAAFDsqn0uS_lzEcmvbw
​​Япон жосуси ёки "ҳукуматни уйида ўтирган" маҳбус

"Ниҳоят одиночкада 11 ой ўтиргач, мени умумий камерага ўтказишди. Анча енгил тортдим. Демак айбим йўқ. Бўйнимга қўядиган гуноҳ топилмади. (Аммо чучварани хом санаган эканман. Кейинчалик ҳеч қандай судсиз елкамга узоқ муддатни илиб Қозоғистон чўлларидаги лагерга жўнатиб юборишди) Ҳозир умумий камерадаги тутқунлик ҳаётимга қайтамиз.

Умумий камерада ўтирар эканман, баъзи бир одамларни бу ерга нега олиб келиб тиқишганини сабабини эшитиб кулишни ҳам билмайсан, йиғлашни ҳам. Умумий камерада узоқ вақтдан бери ўтирган, соқоли кўксига тушган бир отахон бор экан. Қайердан экани аниқ эсимда йўқ, ҳарқалай Бадахшон томонлардан бўлса керак. Аристонлар уни гапга солади:
- Ота, сизни нега қамади?
Чол ўзбекчани зўрға билади:
- Ман ҳайрон.
- Нима гуноҳ қилувдингиз ўзи?
- Ман гуноҳ қилгон? Йўқ, ман гуноҳ қилгон йўқ. Ман укамга тўйга боргон.
- Укангизни тўйига борган бўлсангиз қамайдими?
- Ман ҳайрон, - дейди чол. - Ман тўйга борган. Мани агент дегон. Япон агент дегон.
- Қандай?
- Ман мешни пуфлагон. Панжнинг у бетига мешда ўтгон. Эртаси куни тўйдан қайтгон. Шапкали чегарачи мани ушлагон, агент, япон агенти дегон.


Маълум бўлишича чол Панж дарёсининг нариги тарафига, укасиникига тўйга борган. Дарёнинг у бети Афғонистон. Ҳар икки тарафдаги қишлоқ одамлари мешга миниб бир-бирлариникига борди-келди қилиб юришган. Ака бу тарафда бўлса ука нариги тарафда яшаган. Ёки аксинча. Чолни укасиникидан қайтишида чегарачилар ушлаб олишган ва Япония агенти деб қамашган. "Япон разведкаси аҳмоқмикан одам оёғи етмаган тоғлар орасида яшовчи кекса ва саводсиз чолни агент қиладиган", дейдиган одам йўқ. Булар кимни топса гурра-гурра олиб келиб қамоққа тиқиб ётган замонлар эди. Мана энди чол шўрлик неча ойдан бери қамоқда ўтирибди.

- Энди нима қиласиз, ота? - деб сўрашади ҳангоматалаб аристонлар.
- Мен ўтиравергон.
- Ие, катта холангизни уйими бу сизга, ўтираверадиган?
- Катта холамни уйи? Йўқ, ман катта холамнинг эмас, ҳукуматнинг уйига... ўтиргон
.

Мана сизга "сиёсий душман" тушунчаси. Шу беозор чол сиёсий душман бўлса, билмадим. Ўша пайтда мамлакат бўйлаб арзимаган иш ортидан қамалган миллионлаб одам бор эди. Уларни аксарияти мен ва мана шу чолга ўхшаб "гуноҳим йўқ, тез орада қўйворишади" деб ўйлашар эди. Аммо, уларнинг ҳаммаси узоқ йиллик муддатлар билан турли қамоқ лагерларига тиқилган. 1937 йилдан, Сталин ўлган 1953 йилнинг баҳоригача мамлакатда неча миллион одам қамалган бўлса биронтасини "айби тасдиқланмай қўйиб юборилибди" деб эшитмаганман. Ҳаммаси қамалган.

Бугун, мустақиллик кунларида ҳам СССРни мақтаб эслайдиганлар бор. Не ажаб, бу халқ шундай эканки 50 йил оғир азоб бериб 2 кун қорнини яхшилаб тўйдирсанг ҳамма азоблари эсидан чиқар экан. Исботи: СССР деган давлатда 70 йил яшадик. Шундан камида 50 йили, балки ундан ҳам кўпида халқимизни ҳаёти қора зулматда ўтди. Олдинига босмачи дейишди. Кейин коллективлаштириш баҳонасида миллионлаб одамларни "бой-қулоқ" қилиб уй-жойини тортиб олиб, ўзларини сургун қилишди. 1937 йилдан Сталин қатағонлари бошланди. Уруш азобини ёзиб ўтирмай, урушдан кейин бироз тин олган тузум 1948 йилдан оммавий қатағонларни яна бошлади. 1970 йиллардан бошлаб эса ҳар йили пахта режасини миллион тоннага ошириб, охирида "Пахта иши"ни ўйлаб топиб халқимизни қанча азоб берди.
Уйлайман, балки СССРни мақтаётганлар юқорида мен ёзган фожеалардан омон чиқиб келган, ундай фожеаларни кўрмай ўтган оилаларнинг фарзандларидир. Аммо, фожеани уларни оиласи кўрмаган бўлса бу "СССР пайти зўр яшаганмиз, СССР пайти ҳаммаси зўр бўлган" дегани эмаску.
Мен ўша тузумда бир умр азобда яшадим. Қандай азоб дейсизми?  Руҳий азобда. Ҳатто, Горбачёв келиб бироз ошкоралик замонлар бўлганда ҳам ҳали ўнгимда, ҳали тушимда, ҳали хаёлимда "Ҳозир келиб қўлимга кишан тақиб олиб кетишади" деган вос-вос билан яшаганман. Буни энди ўша даврни мақтайдиганларга тушунтириб бўлмайди. Оти ўчсин ўша давлатни. Халқимиз бошқа ундай азобларни кўрмасин. Мустақиллигимиз абадий бўлсин!

Саид Аҳмад эсдаликларидан.

https://t.me/joinchat/AAAAAFDsqn0uS_lzEcmvbw
​​Наманган вилоят ҳокимияти ходимлари энди махсус кийимда юради

Наманган вилоят ҳокимлиги ҳокимият апарати ходимлари учун махсус-кийим бош буюртма берибди ва бундан кейин Наманган вилоят ҳокимлиги апарати ходимлари иш пайтида махсус кийимларда юришади.
Бу ҳақда Наманган вилоят ҳокимлиги матбуот хизматига асосланиб namnews.uz хабар бермоқда

Хабарда жумладан шундай дейилади:

Халқ билан мулоқот, инсон манфаатларини ҳар томонлама таъминлаш, фуқароларнинг муаммоларини ўрганиш ва уларни бартараф этиш маҳаллий ҳокимликларнинг асосий вазифаларидан биридир.

Айнан шундан келиб чиққан ҳолда бугунги кунда Наманган вилояти ҳокимлиги томонидан тизимли чора-тадбирлар олиб борилмоқда. Яъни, вилоят ҳокими, унинг ўринбосарлари раҳбарлигида шаҳар  ва туманлар кесимида аҳоли муаммоларини ўрганиш, ҳокимликка келаётган ариза, шикоятларни вақтида, сифатли кўриб чиқиш ва муаммога ечим топиш борасида аниқ амалий ишлар кўрилмоқда.

Кириб келаётган янги йил байрами арафасида вилоят ҳокимлигида яна бир янги тажриба йўлга қўйилди. Яъни, ҳокимлик аппарати учун махсус кийим-бош тайёрланди ва халқ билан мулоқот қилиш, турли тадбирларда ана шу хизмат кийимидан фойдаланиш йўлга қўйилди.

Бундан кўзланган асосий мақсад, бу орқали вилоят ҳокимлигининг махсус имижини янада шакллантириш. Биласиз, бугун бевосита аҳоли билан учрашувда уларнинг муаммолари ечимига зудлик билан ҳал этиш устувор вазифамиздир. Энди айнан махсус кийим бошлардаги ҳокимлик ходимларини таниб олиш аҳоли учун жуда қулай.

Дарҳақиқат, кўплаб учрашувлар ёки маҳаллаларда юрилганда фуқаролар мурожаатлари кимга айтишини билмай овора юришганини кўрамиз. Айнан Наманган вилояти ҳокимлиги томонидан қўлланган янги тажриба бу каби ҳолатлар олдини олади. Энди фуқаролар турли тадбирлар ёки улар билан учрашувларда тўғридан-тўғри хизмат кийим-бошли ҳокимлик вакилларига мурожаат йўллайверишлари мумкин.

Наманган вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати


Бу хабарга нима деб фикр билдиришни ҳам билмадим.
Агар шу иш ҳокимият ходимларининг ишчанлигини оширса ва хабарда айтилгандай ўз муаммоларини кимга айтишни билмай юрган халқнинг муаммоларини тезроқ ҳал қилса мен бу ишни қўллаб-қувватлайман ва бошқа вилоятлар ҳокимият апаратининг ходимлари ҳам мана шунақа махсус кийимда юришларини хоҳлайман.
Қани кўрамиз, бу иш қанчалик эффект берар экан.
Аммо, Наманган вилоятини ҳокимлигининг бу янгилиги ҳам эътиборга молик.

https://t.me/joinchat/AAAAAFDsqn0uS_lzEcmvbw
Одамийлик баҳоси

Бу воқеани ҳинд рўзномаларидан бирида ўқидим. Ҳодиса Ҳиндистон жанубидаги Керала штатида, аниқроғи Малаппурам шаҳрида содир бўлган экан.
Шаҳарда меҳмон бўлиб турган шимоллик тадбиркор Ориф Вани кечки овқат учун ойнаванд тамаддихонага тушиб, ўзи учун ҳозирланган столга ўтирар экан, ресторан ва кўчани ажратиб турган ойнада милтиллаб турган икки жўфт кўзларни кўзларни кўриб қолди.

Ташқарида чамаси олти ёшлардаги тиланчи болакай ўзидан бироз катта қиз билан Орифга тикилиб турар эди.
Уларнинг кўзларига жо бўлган хатар очлик эди.
Орифнинг уларга ичкарига киришлари мумкинлигини билдирган илиқ ишорасини кўриб бошқа мижозларнинг таъби хира бўлди.
Болалар ресторанга қўрқа-писа кириб келар эканлар ўзларининг исқирт кийим-бошларидан уялиб, хижолат бўлиб кўзларини ўзларини олдига чақирган кишидан узмас эдилар.

Етиб келгач эса бир-бирининг пинжига кириб кетганча ним табассумли одам қаршисида мум тишлаб ўтиришди. Тўзғиган сочлар орасидаги олазарак кўзлар столдаги овқатга қадалди. Ориф уларга ҳам овқат буюртирди. Болакай стол атрофида ўтирмоқчи бўлганида қизалоқ унга овқатланишдан олдин қўл ювиш лозимлигини айтиб уни юз-қўл ювувчи жиҳоз томон еталаб кетди.
Қайтиб келиб Орифнинг рўпарасига ўтирган болажонлар шоша-пиша ҳовури кўтарилиб турган овқатни оғизларига сола бошлашди.

Қанчалик дидсизлик бўлмасин оч болаларга шошиб овқатланиш ярашар экан. Қизча таомига қўл узатмасдан уларни табассум билан кузатиб турган Орифга жовдираб қараб қўяр эди. Идишдаги охирги гуручгача тозалаб, манго шарбатини охирги томчисигача қолдирмай ичиб, болалар ўрниларидан қўзғалишди ва табассум билан ўзларига қараб турган истарали амакига раҳматлар айтиб, шошилиб чиқиб кетишди. Бу воқеани барча-мижозлар-у, хизматкорлар, икки гадойни ичкарига кирганини билиб югуриб келган бошқарувчи ҳам кузатиб туришар эди.

Ориф овқатланиб бўлгач, ҳисобни сўради. Қўлларини ювиб, қуритиб келиб столни устидаги ҳисоб варағини олди. Энди касса томон юраман деб қўлидаги қоғозга қаради ва ҳайрон бўлди. Қоғозда тўлов миқдори эмас, хат қолдирилган экан. "Жаноб, ҳозирча бизда одамийликни баҳосини ҳисоблайдиган машина йўқ. Яхшиликларингиз ўзизгизга ҳамроҳ бўлсин".
Ресторан эгаларининг қилган бу ишларини кўриб дув-дув тўкилаётган кўз ёшларини ҳеч кимга сездирмаслик учун Ориф Вани ўз хонасига кўтарилди.

Шуҳрат Сатторовнинг "Биз ғолиб бўламиз" китобидан.

https://t.me/joinchat/AAAAAFDsqn0uS_lzEcmvbw
​​Одамлар дам олсинми ёки селектор мажлисида қатнашсинми?

Эсларингда бўлса Президент 12.11.2018 да «2019 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида»ги фармонни имзолаган эди.

Ўша Фармонга кўра, 2019 йилда қуйидаги қўшимча дам олиш кунлари белгиланди:
2019 йил, 2 январь - чоршанба куни дам олиш куни, шунингдек, 5 январь шанба куни, 3 январь пайшанба кунига кўчирилган ва ҳафтада 5 кун ишлайдиганлар 3 январь куни ҳам дам оладилар.

Бу ҳақда турли ОАВда етарлича хабар берилди.
Аммо, ана шу хабарлар Наманган вилояти ҳокимига етиб бормаган кўринади. Сабаби, каналнинг наманганлик ўқувчиларидан бир сурат-хабар келди. Ўша суратда вилоят ҳокими Х. Бозоровнинг "Вилоят ҳокимининг барча ўринбосарларига, Шаҳар ва туман ҳокимларига, Бошқарма ва ташкилот раҳбарларига 2019 йил, 2 январь куни "Ўзбекистон Президентининг 2019 йил учун мўлжалланган энг устивор вазифалар ҳақидаги Олий Мажлисга Мурожатномасини ўрганиш ва вазифалар белгилаб олиш мақсадида селектор йиғилиши ўтказилиши" ҳақидаги 2018 йил, 31 декабрь куни берган ХБ-01/09-15-сонли буйруғи кўрсатилган.

Ўша буйруққа кўра, 2019 йил, 2 январь куни, соат 10:00да вилоят студиясида:
Вилоят сектор раҳбарлари,
Вилоят ҳокимининг барча ўринбосарлари, гуруҳ ва котибият мудирлари
Вилоятдаги бошқарма, корхоналар ва жамоатчилик ташкилотлари раҳбарлари
Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг депутатлари иштирок этишлари белгиланган.

Шаҳар ва туманлар студияларида эса:
Шаҳар ва туман сектор раҳбарлари
Шаҳар ва туман ҳокимларининг барча ўринбосарлари
Шаҳар ва туманлардаги барча корхоналар, ташкилотлар, муассаса ва жамоатчилик ташкилотлари раҳбарлари
Шаҳар ва туманлардаги барча МФЙ раислари
Халқ депутатлари шаҳар ва туман Кенгашлари депутатлари иштирок этишлари белгиланган.

Наманган вилояти ҳокимини шу буйруғини ўқир эканман шу буйруқда "селекторга келсин" деб белгиланганлар рўйхатини кўриб уларга раҳмим келди. Нима, ўша рўйхатдаги одамларни байрам кунларида дам олишга ҳақлари йўқми? Одамлар Президентни дам олиш кунлари ҳақидаги қарорини эшитиб хурсанд бўлган эдилар. Аммо чучварани хом санаган эканлар, мана Наманган вилояти ҳокими ҳаммани йиғиб селектор мажлисини ўтказаяпти.
Хўп, Президентни 2019 йил ҳақида Олий Мажлисга Мурожатномаси бўлди, энди шуни муҳокамаси учун бутун вилоят бўйлаб 10 минглаб одамларни дам олиш кунида сарсон қилиш керакми?
Вилоят ҳокими ўз буйруғида "Президент мурожатномасидан келиб чиқиб вазифалар белгилаб олиш мақсадида селектор йиғилиши ўтказиб олиш" дебди. Президентни Мурожатномаси фармон эмас, қарор эмас, ундан келиб чиқиб вазифалар белгилаб олинса. Қолаверса ҳали йил давомида Президентнинг турли фармон ва қарорлари чиқади, Х. Бозоров ана ўшалардан ўзи ва қўли остидагилари учун тегишли вазифалар белгилаб олаверади. Ҳозир эса, одамларни шунчаки дам олишларига қўйиб берсин. 

Айтишингиз мумкин, "селектор мажлиси бир кун давом этмайди-ку" деб. Аммо ишонинг, ана шу селекторда хоҳ вилоятда, хоҳ шаҳар ва туманларда қатнашадиганлар бўлсин аввало уйидан чиқиб узоқ йўл босиб селекторга боради. Селекторда нечадир соат ўтиради. Селектордан чиқиб уйга етиб келганча кун кеч бўлади.

Умуман олганда мана шундай кераксиз мажлисбозликларни камайтириш керак. Президент Олий Мажлисга Мурожатномасини ўқиганда ҳаммасини очиқ ва равшан гапирди ва аксарият одамларга уни нутқи тушунарли бўлди. Энди ўша нутқни баҳона қилиб қанчадан-қанча одамни сарсон қилиб селекторга йиғишни умуман ҳожати йўқ. Нафақат Наманган вилоят ҳокими, бошқа вилоят ҳокимларига ҳам шу гап: Халқ ҳам, турли ташкилот раҳбарлари ҳам ўша куни Президент ўз Мурожатномасида нима демоқчи бўлганини яхши тушунди. Шундай экан одамларни сарсон қилманг.
Агар шу иш ҳақиқатдан лозим бўлса ҳар бир ташкилот ва муассаса раҳбарларига, туман ҳокимиятларига "Президентни Олий Мажлисга қилган Мурожатномасида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб ўзларингга вазифа белгилаб олинглар" деб 2 энлик хат жўнатилсин, бўлди. Одамларни дам олиш кунида сарсон қилгандан шу иш афзалроқ.

https://t.me/joinchat/AAAAAFDsqn0uS_lzEcmvbw
​​Пуллик бўлган пластик пакетлар ёхуд Ургут ҳавосини заҳарлаётган эски шиналар

Кеча ва бугун бир қатор ОАВ ва блогерлар Тошкентдаги супермаркетлар бир дона пакет учун 250 сўмдан олинаётганини ёздилар.
Ҳозирча бу амалиёт узоқ қишлоқлардаги дўконларга таъсир қилаётгани йўқ. Ҳозирча маҳалламиздаги ва Ургут шаҳридаги турли магазинлар пластик пакетларни бепул бераяпти.

Умуман олганда, бошқа жойларни билмадим-у айнан биз тарафларда кўча-куйда елим пакетларни тушиб ётганини унча-мунчада кўравермайсиз. "Унда одамлар дўконлардан бериладиган пластик пакетларни нима қилишади?" дейсизми? Бизда ҳар қандай оила пластик пакетларни қишда ҳам, ёзда ҳам ёқади. Қишда печка ёқишда, шунингдек ўчоқларда олов ёққанда тутантириқ сифатида ёқишади. Шу туфайли ҳам бизда пластик пакетлар оёғ остида мусор бўлиб ётмайди. (Бу дегани пластик пакет умуман мусорга чиқарилмайди, деганимас. Айрим жойларда мусор бўлиб ётган жойлари ҳам бор)

Тўғри, пластик пакет ёқилганда ўзидан чиқарадиган заҳарли моддаларнинг кўлами ҳам кам эмас. Аммо....
Куз пайтида узумларни қуритиш учун олдин қайнаган сувга ботириб олиш керак. Ана ўшанда 200 литрли қозондаги сув тинимсиз қайнаб туриши керак. Унга эса кўп ўтин керак. Ўтинни қимматлигини инобатга олсак биз ўша қозонни қайнатиш учун нима топсак ёқаверамиз ва бу асосан машиналарнинг эски шиналари бўлади.

Шина ёнганда чиқадиган қора тутун ва заҳарни миқёсини 2-3 та пластик пакетни ёққанда чиқадиган заҳар билан катта фарқи бор.
Агар туманимизда бир ой узум узиш ва қуритиш мавсуми бўлса, ана шу бир ой давомида 100-200 минглаб(!) шина ёқилади ва улардан чиқадиган тутун ва заҳарни кўламини ўзингиз баҳолаб олаверинг.

Шина ёнганда ундан ажралиб чиқадиган инсон ҳаёти учун хавфли бўлган заҳарли моддаларнинг кўламини тушунтириш учун бир мисол келтираман: ЕвроИттифоқ давлатларида ана шу биз ёқиб сўнг унинг заҳарли моддаларини ичимизга ютаётган эски шиналарни ҳатто мусорхоналарда сақлашга рухсат берилмайди. Машиналардан ечиб олинган эски шиналар бир неча кун ичида зудлик билан қайта ишлашга, утилизацияга жўнатилиши керак. Сабаби, шиналар шундоқ турган ҳолида ҳам ўзидан заҳарли модда чиқаради. Евроиттифоқда шундоқ ҳолида турли жойларда сақлашга рухсат берилмайдиган шиналарни биз ёқиб ўзимиз нафас олаётган ҳавони баттар заҳарлаяпмиз.

Қизиғи узум узиш мавсумида шина сотадиганларнинг аксарияти 3-4 минглаб эски шиналарни катта кўча ёқасига тушириб, савдони ўша ерда қилади. Аммо, минг афсуски ана шу кўчадан туманни аксар катталари кунора ўтиб турса ҳам биронтаси ўша шина сотадиганларга "ҳой буни ёққанда инсон саломатлиги учун ниҳоятда зарарли бўлган моддалар ажралиб чиқади, йиғиштир бу ишни" дейдиган одам йўқ.

Узум қуритишда ўша шиналарни ёқадиганлар ўзлари ҳам ундан заҳарли моддалар ажралиб нафас олиб турган ҳавомизни заҳарлашини биладилар, аммо барибир ёқаверадилар. Айнан шу масалада олдин одамларни ўзларини тарбиялаш керак деб ўйлайман. Агар одамлар ўша эски шиналарни сотиб олиб ёқмасалар, шина сотадиганлар бир мавсумда банкрот бўлиб сотишга бошқа шина олиб келмайдилар.
Агар одамларни айни масалада дунёқарашида ўзгариш бўлмаса шина ёқишни тақиқласа ҳам фойдаси бўлмайди ва одамлар топиб келиб яширинча бўлса ҳам ёқаверадилар.

Муштарийларда "шунча шинани қайердан оласизлар?" деган савол туғилиши мумкин. Шиналарни ўзимизни вилоятимиздан, шунингдек бошқа вилоятлардан йиғиб келишади.

Энди пластик пакетларга келсак, гарчи биз тарафларда ҳозирча текин берилаётган бўлса-да, мен уни пуллик қилинганини қўллаб-қувватлайман. Одамлар харидга чиққанда ёнларида тўрхалта олиб юрсинлар. "Текинни қадри йўқ дегандай" охирги пайтларда аксарият жойлар пластик пакетлардан иборат мусорга тўлиб кетаяпти.

https://t.me/joinchat/AAAAAFDsqn0uS_lzEcmvbw
​​Глобаллашувга қаршилар: "Глобаллашув дунёни еб битирмоқда"

Бизга 20-асрнинг 2-ярмида кириб келган турли байрамлар ҳақида ўйлаб туриб боя бошқа бир мавзу ҳақида ўйлаб қолдим.

Кимдир билар, билмас дунёдаги энг кучли давлатлар бошлиқлари йиғиладиган G7 ва G20 саммитлари давомида саммитлар ўтадиган шаҳарларда Халқаро Глобаллашувга қаршилар намойишлари ҳам бўлиб ўтади. Кўпинча шу намойишлар ашаддийроқ тарзда бўлиб ўтади ва намойишчилар саммит бўлаётган бино атрофидаги кўчаларни ёпишга уринадилар. Ана шунда полиция билан тўқнашувлар ҳам бўлади.

Хўш, улар нимага қарши бўлишади?

Глобаллашувга қаршилар, гарчи намойишларда кўпинча бирга ҳаракат қилишса ҳам, бир нечта йўналишга бўлинишади. Булар дунёнинг:
Сиёсий глобаллашувига қаршилар.
Иқтисодий глобаллашувига қаршилар.
Маданий глобаллашувига қаршилар.
Диний глобаллашувига қаршилар.


Бу 4 йўналишдан учтаси: Дунёнинг сиёсий, иқтисодий ва маданий глобаллашувига қарши бўлганлар анча актив саналишади.

Хўш, улар нима хоҳлашади?

Дунёнинг сиёсий глобаллашувига қаршилар асосан дунёдаги сиёсий жиҳатдан кучли давлатларини Ер шарининг бошқа ҳудудларига бориб аралашувларига, айниқса қуролли аралашувларига қарши бўлган гуруҳ.
Уларнинг фикрига кўра сиёсий жиҳатдан кучли давлатлар бошқа давлатларни ўз йўриғига юрмагани учун яккалаши, шунингдек сиёсий инқироз юз берадиган давлатларга узоқ жойдан, ўзига умуман дахли бўлмаган ҳолда келиб аралашишлари ва бошқа давлат ҳудудига ўз қўшинларини киритишлари ёки баъзи йирик давлатларнинг турли табий бойликларга бой ҳудудлардаги сиёсий активлиги бу адолатсизлик. Уларнинг фикрича "агар бирон бир давлатда сиёсий инқироз рўй берса ўша давлат муаммоларини аввало ўзи ҳал қилиши керак. Агар ўзи ҳал қилишга ечим тополмаса ён қўшнилари билан ечим топиши керак". "Аслида турли давлатлардаги сиёсий инқирозни ҳам аслида ўша сиёсий жиҳатдан кучли давлатлар дастаклашаяпти", дейишади улар.

Иқтисодий глобаллашувга қаршилар эса дунёнинг иқтисодий ривожланган давлатларидаги турли компанияларнинг ўз тармоқларини дунё бўйлаб бошқа давлатлар иқтисодиётига киритишларига қарши. Уларнинг фикрича дунёнинг иқтисодий ривожланган давлатларидаги компаниялар бошқа ҳудудларга ўз тармоғини очиш ўрнига ўша ривожланаётган давлатлардаги соҳаси ўзиникидай бўлган кичик фирма ва компанияларга бошқа йўл билан ёрдам бериши керак. Аммо, асло бошқа бир давлатни иқтисодига кириб бориб унга таъсир ўтказиш йўли билан эмас.
Уларни фикрича иқтисодий глобаллашув туфайли дунёнинг йирик иқтисодларида бўлаётган инқироз ва бошқа турли жараёнларнинг жабрини ривожланаётган ва кам ривожланган давлатлар аҳолиси тортмоқда. Улар ана шунга қарши.

Маданий глобаллашувга қаршилар эса дунёдаги аксар миллий маданиятлар Ғарб томонидан ҳаётга жорий қилинаётган маданиятсизлик оқибатида йўқ бўлиб кетаётганидан хавотирда.
Улар охирги 100-давомида батамом йўқ бўлиб кетган Япон маданиятини мисол қилишади.
Японларнинг турмуш тарзи, кийиниш, чой дамлаш ва бошқа маданияти минг йиллар давомида ўзгармай келган. Аммо 20-аср, глобаллашув асрида ҳаммаси барбод бўлди ва японларда осиёча ташқи кўринишдан бошқа ҳеч нарса қолмади. Тўғри, юқори технологиялар, осмонўпар бинолар кабилар майли, аммо японларни ўзининг минг йиллик маданиятини йўқотиши маданий глобаллашувга қаршилар фикрича умуман нотўғри иш. Уларнинг назарида японларнинг миллий маданиятидан воз кечиб кетиб глобаллашувига Ғарб айбдор.
Шунингдек улар охирги йилларда аҳолиси Ер шарининг қарийб ярмини ташкил этувчи Ҳиндистон ва Хитойдаги миллий маданият батамом йўқ бўлиб кетишидан хавотирдалар.

Глобаллашувга қаршиларнинг фикрича ҳеч бўлмаганда бундан буёғига дунё наҳанглари сиёсий, иқтисодий ва маданий томондан глобаллашувни тўхтатишлари керак.

Энди ўзимизга келсак, шу кетишда глобаллашув туфайли келажакда биз ҳам фақат ташқи кўринишимизни сақлаб қоламиз холос. Ундан бошқа ҳамма нарсамиздан: тил, миллий маданият ва бошқа миллийлигимизга дахлдор ҳамма нарсадан айриламиз.
Бу яхшими ёмонми билмайман. Аммо, глобаллашувга қаршилар назарида бу ёмон.

https://t.me/joinchat/AAAAAFDsqn0uS_lzEcmvbw
​​Москвадан олиб келинган "Москвич" ёки Косигинни қўриқчилари отиб ўлдирган ДАН ходими

"1978 йилда Ёзувчилар уюшмаси адиблар учун ажратган "Москвич" машинасини бирини мен оладиган бўлдим. Текингамас, албатта. Шунчаки ўша пайтларда ҳатто "Москвич" олиш учун ҳам йиллар давомида навбат кутиш керак эди. Ёзувчилар уюшмасини машина ажратиши бу навбат келганини англатар эди.
Москвага бориб таржимоним Плеханов билан маслаҳатлашдим. У бу ишга иккита ўртоғини жалб қилди. Машинани олиб чиқиб ҳайдаб кетадиган бўлдик.
Плеханов чақирган дўстлар Виталий Крюков Советская Россия да, Александр Серёгин Советская индустрия деган обрўли газеталарнинг халқаро бўлимида ишлашар эди.

Уларни ёрдами билан бориб машинани осонгина олдик. Сўнг Москвада 500 км юриб, сўнг мойини алмаштириб йўлга чиқадиган бўлдик. Машинани кўпроқ юргизиш учун Москвадан чиқиб Калинин шаҳарчасига қараб йўлга тушдик.
Йўлда ДАН постида бизни тўхтатишди.
- Айбим нима экан? - деб ажабландим.
- Тезликни оширдингиз, - деди ҳужжатимни олган лейтенант.
- Тезлик белгисини кўриб секинладимку.
- Сиз, бизнинг пост яқинидаги белгини кўриб секинладингиз. Аммо, 112 км.даги белгини кўриб секинлаганингиз йўқ. Ўша ерда буғуни расми ва ёнида 50 км тезликда юриш мумкин деган белгини кўриб ҳам тез ўтавергансиз. Тезлигингиз соатига 72 км бўлган.
- Сиз қайердан билаяпсиз буни?
- Яқинда бизга Радар апаратини беришди. Шеригим ўша ерда туриб ўтаётган машиналар тезлигини ўлчаяпти ва рация орқали хабар бераяпти. Мен бу ерда тўхтатиб қоида бузганларни жазолаяпман.
- Мени ҳам жазолайсизми?
- Албатта, талонингиз олинганига уч йил бўлибди-ю, аммо бирон марта тешилмабди.
-Уч йилдан бери талоним тешилмаганини сабаби гувоҳнома олганимдан бери биринчи марта машина бошқаришим.
- Унда жудаям яхши. Илк машина ҳайдаган кунларингизни эслаб юрасиз.
Қарасам инспектор ҳазиллашиб гапираяпти. Кўнглини топса ҳужжатларимни қайтариб бериши мумкин. Шу сабаб ҳазил оҳангда дедим:
- Майли тешақолинг. Бу ҳам бир бахт.
- Бахт? Нега?
- Радар деган асбобнинг ўзбекистонлик қурбони бўларканман, бу ҳам бир тарихий воқеа.
- Тарихий воқеа ўтиб кетди. Сиз биринчи эмассиз, - деди лейтенант. - Уч ҳафта бурун бир ҳамкасбимиз бу радар туфайли ростакамига қурбон бўлди. СССР Министрлар Советининг раиси Косигинни машинаси яқинлашганда у тентак "қани, хўжайинлар қандай тезликда юрар экан" деб радар билан кўча четига чиқибди. Радарни кўриниши пистолетга ўхшайди. Косигиннинг қўриқчилари уни террорчи деб ўйлаб шарт отиб ташлашибди.
Албатта, қўриқчилар уни ДАН ходими эканини билишган. Аммо барибир отишган. Қолаверса ўша ДАН ходими машинада Косигин келаётганини ҳам, радарни кўтариб чиқса ўзини ҳеч аямасдан отиб кетишларини ҳам билмаган. Билганида балки чиқмасмиди.

Кейинчалик, 1979 йилда Пахтакор жамоаси авиафалокатга учраганида ўша ДАН ходимини эсладим. Ўшанда диспетчерларнинг адашиши туфайли иккита самолёт тўқнашиб кетган деган версия берилган бўлса ҳам халқ орасида "Пахтакор ўтирган самолёт диспетчерларнинг эътиборсизлиги туфайли Брежнев келаётган самолёт рўпарасидан чиқиб қолган ва шунда Брежневни қўриқлаб келаётган бомбардимончи самолётлар уни уриб туширишган" деган миш-мишлар тарқади.
Москва вилоятида Косигинни тезлигини ўлчамоқчи бўлган ДАН ходимини отиб ўлдирилганини эслаб "балки, миш-мишлар ўзидан ўзи келиб чиқмас" деб ўйладим.


Шундан сўнг мени ушлаган инспектор "биз меҳмонларни ҳурмат қиламиз" деб ҳужжатларимни қайтариб берди ва  биз йўлда давом этдик.

Тоҳир Малик эсдаликларидан

https://t.me/joinchat/AAAAAFDsqn0uS_lzEcmvbw
​​Бизни еб битираётган маъракалар

Кеча пайшанба эди ва олдин ҳам айтиб ўтганимдай биз тарафларда бу кун жаноза бўлган хонадонларга одамлар тўп-тўп бўлиб фотиҳахонликка борадиган кун.

Эслатиб ўтаман: Жаноза бўлиб ўтганидан сўнг эртасидан бошлаб 40 кунгача, марҳумни "Қирқ" маросими ўтгунча маҳалламиз,  қишлоғимиз, музофотимиз одамлари ҳафтанинг ҳар пайшанба ва якшанба кунлари аза бўлган хонадонга марҳумни ҳаққига фотиҳа ўқиб қўйиш учун тўп-тўп бўлиб бораверадилар. Марҳумга ёки марҳумага савоби тексин дейишади. Аммо қизиғи, ана шу одамларнинг аксарияти фотиҳахонликда марҳумни ҳаққига деб ўқиладиган 1-2 оятни умуман билмайди. Биладиганлар ўқиб ўтиришади.

Чоршанба куни кечки пайт онам "Эртага 3 жойга фотиҳахонликка боришим керак. Вафот этган ҳар учала аёл ҳам узоқ қариндошларим бўлади, бормасам уят бўлади" дедилар. Кеча эрталаб оборадиган бўлдим.
Эслаб кўрсам ўша 3 жойга ўзим ҳам на жанозага борганман, на фотиҳахонликка. Ҳар учаласида ҳам хонадон аҳллари таниш, тез-тез кўз-кўзга тушиб турадиган одамлар. Шундай бўлсада онамни олиб боришим лозим бўлмаганида мен уларникига фотиҳахонликка бормас эдим.

Биринчи иккита кирган жойимизда жаноза бўлганига бир ойча бўлиб қолган эди. Аммо, кеча фотиҳа ўқишга кирар эканман қарасам одамлар тўп-тўп бўлиб яна келишаяпти. Менку жанозада қатнаша олмаганман, шу учун, қолаверса онамни олиб келдим, шу баҳона фотиҳа ўқишга кираяпман. Бошқа аксарият одамлар эса жанозада қатнашишган, 3-кун қилинадиган "Худойи" эҳсонида қатнашишган. Ундан кейин яна бир неча марта, ҳали пайшанба, ҳали якшанба кунлари фотиҳа ўқишга келишган... кеча яна келишаяпти.

Энди, аёлларни умуман сўраманг. Эркаклар-ку марҳумни "қирқ" маросими ўтганидан тўхтайди. Аммо, аёллар аза бўлган хонадонга 2 ойдан кейин ҳам бораверишади. "Қирқ" маросими ўтди, энди нима қиласиз бориб? Аза бўлган хонадон аҳли ҳам фотиҳахонларни кутавериб чарчаб кетдику" десангиз, "Безовта бўлишмайди, бораверишимизни билишади" деб қўйишади. "Товба" дейман.

Энди жаноза бўлган хонадон аҳлларига келсак, улар 40 кун давомида белларини боғлаб ҳафтада 2 кун: пайшанба ва якшанба кунлари дастурхон тузаб, фотиҳа ўқишга келадиган одамларни кутадилар.
Жаноза баҳор, ёз, кузда аза бўлган хонадон аҳллари ишларидан, тирикчиликларидан қолиб бўлса ҳам фотиҳахонларни кутиб ўтиришга мажбур бўладилар. Агар қишда бўлса, меҳмонлар ўтирадиган хоналар иссиқ бўлиши лозим. Кимдадир ўтин ёки кўмир бор, кимдадир йўқ, фарқи йўқ, қандай бўлмасин ўтин топиб келиб уйни иситиб қўйиш керак. Қолаверса иссиқ чой учун ҳар куни самовар қайнаб туриши керак. Шунингдек меҳмонлар ўтирадиган уйда дастурхон доим тузалган ҳолда туриши керак.
Қисқаси, турган битгани ташвиш.

Бу ташвишлар қўлида маблағи борларга билинмас. Аммо, қўлида ҳеч нарса йўқлар тўсатдан аза бўлиб қолса қийналиб қолаяптилар. Уларни жанозадан кейин 40 кун давомида ҳафтада 2 кун қийналиб фотиҳахонларни кутишларини ўзи азоб. Аммо...

Аммо, қўлида ҳеч нарсаси йўқ одамларнинг "Фалончи отамни ёки онамни жанозасидан чиқиб кетиб,  кейин фотиҳохонликларда кўринмади-я" деб кимларнидир хафа бўлиб юрганларини ҳам биламан. Ўзи аҳволи ҳаммага кундай равшан. Отасини ёки онасини жанозасини ўтказиб, кейин қолган маросимларни қарз олиб қилаяпти. Шу ҳолидаям кимдир кўринмаса ёки фотиҳахонликка келмаса ўша одамдан хафа ҳам бўлади.

Энг ёмони оиласидан кимдир касал, уни даволанишга олиб бориш учун қўлида озроқ пул бор. Ана шу пайтда жаноза бўлса касал қолиб кетаверади, буёқда жанозадан сўнг ўтказиладиган маросимларга ўша пул ишлатиб юборилади.

Умуман олганда бу элни, бу халқни маъракабозлик балосидан қандай қилиб қутқаришни билмайман. Мени фикримча ҳар бирини уйига қўриқчи қўйиб бўлса ҳам буларни маъракабозлик балосидан қутқариш керак. Керак бўлса бу йўлда, бўйсунмайдиларга каттароқ жарима қўллайдиган қонун ҳам чиқариш керак. Ишонаверинг, бу халқни сиздан яхшироқ биламан жаримаси бор қонунлардан қаттиқ қўрқади. Йўқ, қонун керакмас десангиз бу халқ яна 50-100 йиллаб вақт ўтса ҳам шу ҳолида юраверади.

П.С. Бу мавзу жонларингга тегди, аммо халқни аҳволини кўриб индамай ўтиравериб ҳам бўлмайди-ку!

https://t.me/joinchat/AAAAAFDsqn0uS_lzEcmvbw
​​Самарқандда яна бир аёл таҳқирланди

Янги йил арафасида аёл кишини таҳқирлаш билан боғлиқ видеолавҳа ижтимоий тармоқларда пайдо бўлган эди. Унда Самарқанд вилоятининг Оқдарё туманидаги «Қум ота бува» фермер хўжалиги раҳбарининг укаси экани айтилаёган норғул йигит бир аёлнинг қўлларини орқасига қайириб, ерга юзтубан ёқизган ҳолда қийнаётгани акс этади. Бу ҳақда xabar.uz хабар бераяпти

Маълум бўлишича, аёл — уч фарзанднинг онаси, ўттиз беш ёшли Ф.У. бўлиб, воқелик «Қум ота бува» фермер хўжалиги раҳбари унга иш ҳақини чиқариб олиши учун оғзаки равишда берган ерга эккан мошини тераётган пайтда юз берган. Аввалроқ аёл йил бўйи қилган меҳнати учун пулини ололмаётгани сабаб Оқдарё туман прокуратурасига фермер устида шикоят натижасида ҳақининг яримини олишга муваффақ бўлган, қолганини хўжаликнинг бўш ер майдонига мош экиб олиш эвазига қоплаш таклифига рози бўлгани айтилади. Аёлнинг прокуратурага мурожаат қилгани фермернинг укаларига ёқмайди, натижада уни мош экилган даланинг ўзида уриб, ерга юзтубан ётқизиб, таҳқирлашади.

Бу жараённи қўл телефонида ўзлари тасвирга олишади...

Айни ҳолат ички ишлар ходимлари томонидан ўрганилганда вазият кескин ўзгаради: аёл ва унинг турмуш ўртоғи «мош ўғриси» тариқасида жарима жазосига тортилади. Аёлни қийнаган фермернинг укаларига эса «енгил тан жароҳати етказиш» айблови билан энг кам иш ҳақининг икки баробари миқдорида жарима солинади, холос.

Ушбу воқелик юзасидан ҳозирча Бош прокуратура расмий баёнот бергани йўқ. Бироқ Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг «Фейсбук» ижтимоий тармоғидаги саҳифаси орқали билдирилишича, аллақчон амалий ҳаракатлар бошлаб юборилган кўринади:

«Самарқанд вилояти, Оқдарё туманидаги «Қум ота бува» фермер хўжалиги ҳудудида бўлиб ўтган воқеа юзасидан фуқаро Ф.У.нинг мурожаати асосида 25.12.2018 йилда жиноят иши қўзғатилганлиги ва аввал чиқарилган маъмурий суднинг қарорини бекор қилиш тўғрисида прокуратура протести киритилганлигини маълум қиламиз.

Мазкур жиноят ишининг судда кўрилишида Самарқанд вилояти хотин-қизлар қўмитасининг вакиллари жамоатчи ҳимоячи сифатида иштирок этиши белгиланди...»

Бу ҳақда аллақачон "сотқин" "Озодлик" хабар бериб бўлган эди. Ниҳоят бизнинг ОАВ ва Хотин қизлар қўмитаси суриштурувни бошлабди.

Мен бу ишдан хабар топганимда аёлни таҳқирлаган ўша зўравон нега арзимас пул жарима билан қутилиб кетганига ҳайрон қолган эдим. Кейин билсам ўша судда аёлни таҳқирлаб олинган видеони жабрланувчи томон келтира олмаган. Чунки у видео зўравонларни қўлида бўлган.

Мамлакатимизда "самосуд" яъни бир иш учун кимнидир ўзича жазолаш мутлақо тақиқланган. Аммо минг афсуски айнан шу масаладаги қонун бўшлиги учун турли жойларда гумонланувчи ёки айбланувчиларни "самосуд" қилиш ҳолатлари юз бераяпти.
Мени фикримча ким бошқаларни "самосуд" қилса унга қаттиқроқ жазо берилиши керак.
Айнан юқоридаги масалада ҳам зўравон "самосуд"чига максимал жазо берилиши керак. Чунки у аёлни таҳқирлаяпти ва зўравонлик қилаяпти.

https://t.me/joinchat/AAAAAFDsqn0uS_lzEcmvbw
This media is not supported in your browser
VIEW IN TELEGRAM
Оқдарёда зўравонлар бир неча киши бўлиб аёлни таҳқирлаб видеога олишган. Ўша видео мана шу. Бу видеони канал ўқувчиларидан бири ташлаб берди.
Бу зўравонлар устидан маъмурий эмас, жиноий иш очилиши ва олдин шу ишни маъмурий қилиб зўравонларга 2 оклад, аёлни ўғри деб топиб унга нечадир миллион жарима белгилаганлар ҳам жазога тортилиши керак.

@bugunning_gapi
​​«Оқдарё воқеаси» юзасидан Бош прокуратура назорати ўрнатилган

Самарқанд вилоятининг Оқдарё туманидаги «Қум ота бува» фермер хўжалиги даласида бир аёлнинг қўллари қайирилиб, ерга юзтубан ёқизган ҳолда таҳқирлангани ҳақида хабар берилганди.

Бош прокуратура матбуот хизмати мазкур ҳолат юзасидан назорат ўрнатилганини xabar.uz порталига маълум қилди.

«2018 йил 4 декабрда фуқаро Ф.У. туман прокуратурасига ариза билан мурожаат қилиб, ўз аризасида «Қум ота бува» фермер хўжалиги раиси З.У.нинг укалари Б.У. ва И.У.лар «Қум ота бува» фермер хўжалиги дала майдонида уни ҳақоратлаб, ўриб-дўппослаб, тан жароҳати етказиб, қўлларини боғлаб қуйиб, ушбу ҳолатни ўзларининг қўл телефонига видео тасвирга туширишиб, ушбу тасвирни унга беришиб, шарманда қилиш билан қўрқитиб келишаётганини билдирган ва уларга нисбатан қонуний чора кўришликни сўраб, аризасига СД-дискни илова қилган.

Ушбу СД-диск кўздан кечирилганида, ҳақиқатдан унда дала майдонида, қоронғу шароитида фуқаро Ф.У.ни бир нафар шахс унга жисмоний ва руҳий азоб бериб, ҳакоратлаб, қийнаётганлиги акс этгани маълум бўлган.

Ушбу тасвир муқаддам ИИБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётган пайтда тақдим қилинмаган ва унинг мавжудлиги хусусида ҳеч бир маълумот берилмаган.

Мазкур факт юзасидан вилоят прокуратураси томонидан тегишлича назорат ўрнатилди.

2018 йил 25 декабрдан Оқдарё туман ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан Ф.У.нинг аризаси юзасидан ЖКнинг 110-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, туман прокуратураси томонидан Оқдарё туман маъмурий судининг 2018 йил 4 декабрдаги қарори асоссиз бўлганлиги сабабли, уни бекор қилиб, ишни қўшимча суриштирувга қайтариш борасида 2018 йил 26 декабрда Самарқанд вилоят маъмурий судининг кассация инстанцияси судлов ҳайъатига протест киритилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Бош прокуратура назорати ўрнатилган!»
, дейилади Бош прокуратура матбуот хизмати хабарида.

Аммо, узунқулоқ гапларга қараганда ўша суд жараёнида жабрланувчи аёл суд мажлисида "Бу зўравон мени таҳқирлаб видеога олган эди, ўшани талаб қилинглар, кўрсатсин. Ўша видео бу зўравонни етарлича жазо олишига сабаб бўлади. Ҳозир эса етарли жазо олмаяпти" деган, аммо на қози ва бошқаси уни гапини инобатга олмаган. Прократуранинг баёнотида негадир бу ҳақда ҳеч нарса дейилмабди.

Воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз.


https://t.me/joinchat/AAAAAFDsqn0uS_lzEcmvbw
​​Ассалому алайкум ҳурматли канал аъзолари!

Каналга янги қўшилганларга қулай бўлсин деб олдинроқ қўйилган постлардан 25 та постни саралаб олиб эътиборингизга ҳавола қилаяпман. Кўк ёзувни боссангиз шундоқ постни ўзига тўғридан-тўғри ўтасиз. Яна бир қисмини эртага қўйишга ҳаракат қиламан. Ўқинг ва баҳраманд бўлинг.


1. Фермернинг нечта хўжайини бор

2. Ўзбекэнерго раиси ёлғончими ёки чироқсиз қолаётган халқ

3. Эски қўшиқлар туркумидан, яна куз, яна обуна

4. Ўзига ўзи муаммо туғдираётган эл ёки Дима Қаюм

5. Грузинлар, саркашлар ва Нодар Думбадзе ҳақида

6. Қачон халқ бўласан, сен эй оломон

7. Шум бола фильми: Ҳақгўй чол ва уни эшитгувчи бой

8. Кулгумни қистатаётган электрон қулайликлар ва электрон сигир соғиш аппарати

9. Бизни еб битираётган маъракалар 1-қисм

10. Ботулизмдан огоҳлантираётган ФВВ ёки уйда консерва ва шарбат ёпадиган одамлар

11. Ҳаддидан ошган ўртоқ бошлиқ

12. Тез ёрдамга жорий қилинаётган авиация ёки бири кўчада, яна бири осмонўпар бинода яшаётган ҳиндистонликлар

13. Тухумкоробка йўллар

14. Верэнинг йигитлари Маргони дафн этишаяпти. Н. Думбадзе, Абадият қонуни

15. Долларфурушларга лицензия керакми?

16. Ўтмишдан эртаклар

17. Урувун ёки ёшларимизнинг тил билмасликлари ҳақида

18. Метан заправкаларидаги лимит: кимга ва нега керак?

19. Ҳайдовчиларга лицензия қимматлик қилаяптими?

20. Пўртанали уммонда сузар ҳаёт қайиғи

21. G20, гап-гаштак ва масалчи Крилов ҳақида

22. Уруш оловини ёқувчи ота-бола Бушлар

23. Хотин-қизлар ўтказаётган Йил аёли танловининг муддати нега қисқа

24. Сержило Самарқанд ёки қишлоқ бўлиб қолган шаҳарлар

25. Прописка очилса жиноятлар сони ошадими ёки Сеул ва Астана ҳақида

https://t.me/joinchat/AAAAAFDsqn0uS_lzEcmvbw
​​Керчь воқеалари: Украина ҳам, Россия ҳам ён бермоқчи эмас

Ўтган йил, ноябрь ойининг охирида  Керчь бўғозида Мариуполь шаҳрига ўтмоқчи бўлган ва Россия томонидан қўлга олинган Украина ҳарбий кемалари билан рўй берган воқеалар эсингиздами?

Воқеаларни бошидан эслаймиз:
Украинанинг 3 ҳарбий кемаси 25 ноябрь куни Оддессадан Мариуполь томон йўлга чиқади. Кемалар Керчь бўғозига етиб борганида Россия Федерал Хавфсизлик Хизмати уларни тўхтатади. Ўша куни содир бўлган ҳодисада россиялик чегарачилар Керчь бўғозида Қора ва Азов денгизлари орқали Одессадан Мариуполга йўл олаётган, Украинага қарашли “Яни Капу” буксири ҳамда “Бердянск” ва “Никополь” артиллерия катерларини ва улардаги 24 денгизчини ушлашган ва операция вақтида украиналик денгизчилардан 3 нафари яраланган эди.

Ўшанда Украина томонининг билдиришича, 3 ҳарбий кеманинг Керчь бўғозидан Мариуполь тарафга ўтиши ҳақида Россия томони аввалдан хабардор этилган, аммо Россия ФХХ бунинг аксини иддао қилди.

Шундан кейин 25 ноябрь куни Россия Федерал Хавфсизлик Хизмати чегарачилари Украина ҳарбий денгиз кучлари кемаларини Россия давлат чегараларини бузганликда айблаб, Керчь бўғозини ёпиб қўйган эди.
Бу ҳақда Коореспондент.нет хабар берган эди

Эртаси куни, 26 ноябрда Украина ҳарбий кемалари билан юз берган ҳолат туфайли ёпилган Керчь бўғози фуқаролик кемалари ҳаракати учун қайта очилди.
26 ноябрь куни эрта тонгда илк кемалар Керчь — Еникал канали йўналиши бўйлаб ҳаракатлана бошлади

Шундан сўнг 27 ноябрда Симферополнинг Киев тумани суди Украина ҳарбий-денгиз кучларининг Керчь бўғозида ушланган 24 нафар Украина ҳарбий денгизчисидан 12 нафарига нисбатан эҳтиёт чораси сифатида 2019 йил 25 январгача ҳибсга олиш ҳукмини чиқарди.

Денгизчиларга Россия Жиноят кодексининг 322-моддаси 3-қисми (олдиндан тил бириктирган ҳолда ёки зўравонлик қўллаб бир гуруҳ шахслар ёки уюшган гуруҳ томонидан чегаранинг ноқонуний кесиб ўтилиши) бўйича жиноий иш қўзғатилган

Шу тобда ўша воқеаларни нега эслаяпман. Сабаби Украина Керчь бўғози орқали яна ҳарбий кемаларини ўтказмоқчи бўлаяпти.

Украина ҳукумати ҳарбий кемаларни яна Керчь бўғози орқали жўнатишни кўзламоқда. Бу ҳақда Украина мудофаа вазири Юрий Борюковга таяниб, «Газета.ru» хабар берди

Унинг сўзларига кўра, Украина кемалари Қора денгиз орқали ҳеч қандай тўсиқларсиз Азов денгизига ўтиш ҳуқуқига эга.

Вазирнинг қайд этишича, кейинги сафар кемаларни халқаро кузатувчилар кузатиб боради

Қўйидаги картага эътибор беринг. Украина ҳарбий кемалари қизил чизиқ тортилган йўналиш билан Одессадан Мариуполга қараб ҳаракатланган. Керчь бўғозига боргандан кейин уларни Россия ФХХ ҳарбий кучлари ўтказишмади. Оқибатда катта можаро юз берди.

Украина ана шу бўғоздан Азов денгизидаги ўзига қарашли бўлган ҳудудга ҳарбий кемаларини яна олиб ўтмоқчи. Бу сафар Украина кемаларини халқаро кучлар қўриқлаб борар экан.

Бир тарафдан қараса Украина ҳақ. Уни Азов денгизида ҳам ўз ҳудуди бор ва ҳарбий кемаларини ўша ҳудудларга Россиядан бўлаётган эҳтимолий хавфни олдини олиш учун ўтмазмоқчи бўлаяпти. Қримни эгаллаб олганидан кейин Керчь бўғозини батамом ўзиники қилган Россия эса Украина ҳарбий кемаларини Азов денгизига ўтказмоқчи эмас. Эслатиб ўтаман: Керчь бўғозини ярмини Россия Қримни қўшиб олгунича Украина назорат қилган.

Воқеаларни кузатишда давом этамиз, қани Россия бу сафар қандай йўл тутар экан?

https://t.me/joinchat/AAAAAFDsqn0uS_lzEcmvbw
​​"Сингапур мўъжизаси"нинг сири нимада эди?

Сингапур Жанубий-Шарқий Осиёда жойлашган, 719.9 км.кв майдонга, 6 миллион аҳолига эга митти орол давлат.

Мустақил бўлганига 54 йил бўлаётган Сингапур, сиёсатчиларнинг ва иқтисодчиларнинг фикрича, ўз фуқаролари учун юксак турмуш даражасини қисқа давр ичида яратиб бера олган жаҳоннинг энг муваффақиятли давлатидир.

Хўш, табий бойликлари мутлақо бўлмаган бу кичик давлат қисқа муддатда қандай қилиб "Осиё йўлбарси"га айланди?
1965 йилда Малайзия таркибидан мустақил булиб ажралиб  чиққанида Сингапурнинг аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадининг ўртача миқдори 500  АҚШ доллари миқдорида бўлган.

Бугунги кунга келиб Сингапур давлатининг йиллик даромади ҳар бир фуқаросига ҳисобланганда 55.000 АҚШ долларини ташкил этади. Буни иқтисодчилар "иқтисодий мўъжиза" дейишади.

Сингапур қандай қилиб иқтисодий муваффақиятларга эришди?

1. Бунда унинг географик жойлашуви ҳам муҳим роль ўйнади.
Малакка бўғозининг остонасида бу ҳудуддан жаҳон савдо-сотиғининг  35-40 фоизи кесиб ўтади.

2. Бош вазир Ли Куан Ю хорижий тадбиркор ва сармоядорларга кенг  қулоч очди. Натижада Ғарб пулдорлари Сингапур томон ошиқдилар. Бу эса давлат ғазнасига маблағ олиб кела бошлайди, ишчи ўрни яратилишига сабаб бўлади.

3. Ли Куан Ю аввало самарадор ва ҳалол ҳукумат яратишга ҳаракат қилган. Унинг топшириғига кўра, маҳаллий ва хорижлик тадбиркорлар ўртасида бизнесни осонлаштиришга оид сўровлар мунтазам ўтказилган, тадбиркорлар дардига қулоқ тутилган. Сингапур анча йиллардан бери "Бизнес юритиш" рейтингида биринчи ўринда келаяпти.

4. Ли Куан Ю жамиятда қонун устиворлигини ўрнатган ва қонун олдида кимлигидан қаттий назар ҳар бир фуқаронинг тенг жавоб беришини қаттиқ назорат қилган.

5. Ли Куан Ю "иқтидорларнинг раҳнамоси" бўлган. У иқтидорли фуқароларини маъсулиятли лавозимларга қўйиш, уларга яхши маош тайинлашга ҳеч қачон иккиланмаган. Шу билан бирга Мансабни суистеъмол қилиш қаттиқ жазоланган.

6. Мамлакат топаётган пулини ҳарбий куч-қудратга эмас, аввало саломатлик ва таълимга сарфлай бошлайди.

7. Таълим тизими дунёдаги энг самарали ва яхши таълим тизими бўйича ишлайди.
Экспертларнинг фикрича Сингапур иқтисодий тараққиёт ва турмуш даражасини юксалтиришни таълим сифатини яхшилаш билан бошлаган.


Юқоридаги ана шу омиллар туфайли Жанубий-Шарқий Осиёдаги қашшоқ бир давлатча қисқа вақт ичида катта тараққиётга эришиб дунёнинг кўплаб ривожланган давлатларини ортда қолдириб кетди.

Хўш, Сингапур ниманинг ҳисобига ривожланди?

Бу саволнинг жавоби битта - уддабурон етакчи ҳисобига ривожланди.
Миллат отаси сифатида тан олинган ва Сингапурни 30 йил бошқарган Ли Куан Ю ўз иродасини намойиш қилди ва ўз ваъдасига мувофиқ мамлакатни "биринчи дунё" мамлакатлари қаторига қўша олди.

Ҳалоллик - давлат тараққиётининг ўзагидир. Коррупция "Учинчи дунё" мамлакатлари мағлуб бўлаётган ягона ғанимдир. Бугунги Сингапур асосчиларининг халқ олдидаги юксак хизматлари ана шу "ҳалоллик билан коррупцияга қарши туриш" эди.

Сингапур мўжизаси эртак эмас!
Улар эришдими, биз ҳам ҳаракат қилсак эришса бўладиган иш. Бу учун ҳаммамиздан талаб қилинадигани ҳалоллик билан коррупцияга қарши бўлиш.

Шуҳрат Сатторовнинг "Биз ғалаба қозонамиз" китобидан

Ҳа, бизни Сингапурдан ўрганадиганимиз кўп

https://t.me/joinchat/AAAAAFDsqn0uS_lzEcmvbw
​​Бу йил Самарқанд вилоят, туман, шаҳар газеталари неча нусхада чоп этилаяпти?

Кеча марказий нашрларни ўтган йилги ва бу йилги тиражи кўрсатилган хабарлар эълон қилинган эди. Бу хабарда эса Самарқанд вилоятидаги газеталар ҳақида маълумот берилаяпти.
Бу ҳақда zarnews.uz хабар бераяпти.


“Зарафшон” - 19 780 нусха (2018 йилда 19 830 нусха)

“Самаркандский вестник” -  5 411 нусха (2018 йилда 5 586 нусха)

“Овози Самарқанд” - 2 364 нусха(2018 йилда 3 472 нусха)

“Самарқанд” (Самарқанд шаҳар) - 1 951 нусха (2018 йилда 7 678 нусха)

“Каттақўрғон ҳақиқати” (Каттақўрғон тумани) - 4 320 нусха(2018 йилда 5 103 нусха)

“Нуробод” (Нуробод тумани) - 1 236 нусха (2018 йилда 3 666 нусха)

“Каттақўрғон тонги” (Каттақўрғон шаҳри) - 1 688 нусха (2018 йилда 4 250 нусха)

“Қўшчинор” (Тойлоқ тумани) - 2 055 нусха (2018 йилда 6 200 нусха)

“Паст Дарғом ҳақиқати” (Паст Дарғом тумани) - 2 110 нусха (2018 йилда 4 262 нусха)

“Жомбой тонги” (Жомбой тумани) -2 115 нусха (2018 йилда 3 456 нусха) 

“Ургут садоси” (Ургут тумани) - 2 182 нусха (2018 йилда 7000 нусха)

“Пахтакор овози” (Нарпай тумани) - 2 463 нусха (2018 йилда 2 917 нусха)

“Пайариқ ҳаёти” (Пайариқ тумани) - 2 828 нусха (2018 йилда 4 900 нусха)

“Булунғур ҳаёти” (Булунғур тумани) - 2 977 нусха (2018 йилда 6 119 нусха)

“Иштихон овози” (Иштихон тумани) - 3 266 нусха (2018 йилда 6 400 нусха)

“Гулобод тонги” (Самарқанд тумани) - 3 773 нусха (2018 йилда 5 440 нусха)

“Оқдарё овози” (Оқдарё тумани) - 3 950 нусха (2018 йилда 5 050 нусха) 

“Истиқбол сари” (Қўшработ тумани) - 802 нусха (2018 йилда 3 999 нусха) 

“Пахтачи” (Пахтачи тумани) - 542 нусха (2018 йилда 1 870 нусха)

Маълумотдан англаш мумкинки, 2019 йилда "Зарафшон газетасида ўтган йилги тираж билан фарқ унча ўзгармаган. Аммо, бошқа аксарият туман (шаҳар) газеталарининг аҳволини яхши деб бўлмайди. Айниқса, Пахтачи ва Қўшработ туманлари газеталари тақдири савол остида турибди. Чунки 1000 нусхадан кам чоп этиладиган газетанинг иқтисодий аҳволи йилнинг иккинчи ярмига бориб оғирлашади.

Энди жон куйдириб ишлайдиган давр келди. Ким фидокорлик билан ишласа жон сақлаб қолиши мумкин, акс ҳолда билмадим.


https://t.me/joinchat/AAAAAFDsqn0uS_lzEcmvbw
​​Хабарларинг бор, кеча каналга янги қўшилганларга қулай бўлсин деб сара постлардан тўплам қилиб эътиборларингга ҳавола қилган эдим.

Бугун ҳам сизларга яна бир тўпламни илинаяпман. Марҳамат👇

1. Прописка, африкаликлар ва пропискани ёпиқлигини қўлловчи депутат

2. "Временная прописка" ва Олой бозоридаги саргузаштларим

3. Каналдаги энг қизиқарли пост. Бу постдаги гаплар кўнглимни туб-тубидан чиққан

4. Қишлоқлар ланшафти ҳақида икки оғиз

5. Хитойда кир қор қор ёғибди. Қизиқарли постлардан яна бири

6. Икки қўлдан чиқаётган қарс

7. Вадим Кожевников "Қилич ва Қалқон" романи ҳақида

8. Муаммоларни секин шипшитиш керакми?

9. Тарих китобларида ёзилмаган гаплар: Шароф Рашидов ва Мирзакалон Исмоилий муносабатлари ҳақида

10. Бу дунёда касал бўлиб бўлмайди. Қизиқарли постлардан яна бири

11. Тарих китобларида ёзилмаган гаплар. Шароф Рашидов ҳақида

12. АҚШда итларга ёрдам бераётган Лола хоним Каримова ҳақида

13. Гулнора опамгила ҳақидаги пост

14. Чиялиликлар ва контрабанда Pine сигаретлари ҳақида

15. Мантиқсиз мантиқлар. Коррупция ҳақида

16. Чингиз Айтматов "Асрга татигулик кун" ва "Қиёмат" романлари ҳақида

17. Марказий Осиёнинг баъзи давлатлари номини ўзгартириш таклиф этилди

18. Бозорлар олдидаги тиқилинчлар фақат Тошкентга хосми?

19. Тоҳир Малик ўзбек футболи ва Совет спорти ҳақида

20. Газ баллонлар остида қолаётган сув - газ конденсатидан эҳтиёт бўлинг

21. Гулнора Каримова ҳақида яна бир пост

22. Тиланчиларга берилаётган жазо адолатлими

23. Япониядаги қаровсиз қолган миллионлаб уйлар ҳақида

24. Фоҳишадан тиланчи ёмонми?

25. Ўзбекчилик

https://t.me/joinchat/AAAAAFDsqn0uS_lzEcmvbw
Элбоши йўли: Қозоғистон президенти портретига чизгилар

Ҳар бир раҳбарнинг ютуқ ва камчиликлари албатта бўлади. Агар раҳбарда камчилик кўп бўлса унинг ютуқлари ўша камчиликлар орасида билинмай кетади. Агар ютуқлари кўп бўлса оз сонли камчиликларини ўша ютуқлар босиб кетади. Назаримда Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг ҳам фаолиятида ютуқлар ва камчиликлар етарлича бор. Аммо унинг ютуқлари етарлича кўп бўлган ва шу туфайли  ҳам ўша ютуқлар унинг камчиликларини ёпиб кетган.



https://telegra.ph/EHlboshi-j%D1%9Eli-Nursulton-Nazarboev-portretiga-chizgilar-01-06-2
​​Болалик хотиралари: Тизза бўйи қорлар, сандал ва ичи қорга тўлган калиш ҳақида

Бугун 6 январь, 2019 йил. Эрталабдан ҳаво очиқ. Қуёш чарақлаб турибди. Ташқарида ҳаво камида 7-8° иссиқ.
Эсларингда бўлса ўтган йил ҳам тузукроқ қиш бўлмаган эди. Бу йил ҳам ўшандай аҳвол: Ёғингарчилик асосан ёмғир бўлиб тушаяпти. Шу тобда болалигимда ёққан қорларни соғинаяпман.

1983 йил. Қиш. Ҳаво совуқ. Қор тўхтамасдан ёғади.
Дадам Россияда. Майиз сотишга кетган. Уйимизни томи лойсувоқ. Қор роса ёққан пайтларида уни кураб тозалаб туриш керак. Кеча кечаси билан қор ёғиб чиқди. Эрталаб чойни ичиб нарвондан секин томга чиқаман. Онам ирғитган қор куракни олиб қор курашни бошлайман. Қор тиззабўйи бўлган. Ишим оғир. Қорни ҳовли тарафга эмас, фақат орқага, кўча тарафга кураб туширишим керак. Агар қорни ҳовли тарафга туширсам, супага тушади ва уни яна олиб ташлаб супани тозалаб қўйиш керак. Шу учун қийин бўлса ҳам орқага кураб туширганим яхши.
Томимизни узунлиги 18-20 метр, энди 5 метрча келади.

Ишни томни ҳовли тарафидан том бўйлаб узун йўлакча очиб олишдан бошлайман. Кейин ўша йўлакча бўйлаб куракни арава сургандай суриб бориб, қорни кўча тарафга тушира бошлайман. Бироз ўтиб баданимда тер пайдо бўлганини сезаман. Чарчаб бироз тин олганимда ўша тер туфайли ҳўл бўлган ич кийимларим совуқда баданимга игнадай санчила бошлайди. Мен совқотиб қолмаслик учун яна қор курай бошлайман. Баданим қизиб яна терлай бошлайди.

Калиш кийиб олган оёғимдан совуқ ўтиб, кейин миямга чиқиб кела бошлайди. Парво қилмай қор курашда давом этаман.
Қор курар эканман калишни ичи қорга тўлиб қолади. Уни тез-тез тозалаб оламан. Ишни тезроқ тугатиб иссиқ сандал(танча)га кириб исинишни ўйлаб қорни янада чаққонроқ курай бошлайман.
Ҳар гал қорни суриб бориб пастга туширганимда "гупп" этган овоз чиқади. Уч соат деганда томни қорини кураб бўламан. Унгача совуқда оёғимни товон қисми ҳеч нарсани сезмайдиган даражага келади.

Томни кураб бўлганимдан кейин пастдаги қор уюми уй деворининг ярмига чиқиб келган бўлади. Олдин куракни ташлайман, кейин қор уюмини устига ўзимни отаман.

Уйга киргандан оёғимдаги ҳўл бўлиб қолган пайпоқни ечиб қуритиш учун сандалга, кўрпани остига қистираман. Оёғимга қарайман, қип-қизил чўғдай бўлиб шишиброқ турибди. Чимчилаб кўраман, оғриқ сезмайди. Кейин ичидаги кулни титиб чўғини очаман ва сандални устидаги кўрпани ичига кириб кетаман. Бирпас ўтиб танам, кейин оёғим иссиқни сеза бошлайди. Шундан кейин бошимни чиқариб оламан-у, иссиқ танчада роҳатланиб ётавераман.

Эртаси куни ҳам, индини куни ҳам аҳвол шу. Қор ёғаверади, ёғаверади. Мен эса томни қорини кураб тушавераман, тушавераман. Қор ёғишдан чарчамайди, мен эса том курашдан чарчамайман.

Ўшанда бор йўғи 6 яшар бола эдим. Оилада энг катта фарзанд бўлганим учун томни ҳам, супани ҳам қорини кураш мени гарданимда эди. 1985 йилда уйимизни олдига айвон қўшилиб томи чордоқ қилиб ёпилди. Аммо, мен барибир қишда қор курашдан қутилмадим. Чунки, уйни устини чордоқ қилиб ёпганимиз билан моллар ётадиган оғилни усти, нарсалар сақланадиган бостирманинг усти лойсувоқ томлигича қолган эди ва мен яна бир неча йиллар қор кураб юрдим.


Охирги йилларга келиб қорнинг камёб нарсага айланиб бораётганини кўриб шу тобда ўша кунларни эсладим. Ўшанда тинимсиз қор ёғавериши ортидан даладаги қорнинг баландлиги баъзи пайтларда 60-70 см бўлиб кетар эди. Бир неча кун ёққан қор 10-15 кунлаб ерда турар ва биз маҳалламиздаги тепаликларда остимизга плёнка тўшаб роса сирпанчиқ учар эдик. Бугунги кунда қани энди ўша қорлар? Отлиққа ҳам топилмаяпти.

Болаларимиз учун энди қор ёғиши, байрамдай бўлиб қолди. Уларни охирги марта чана учганларини, сирпанчиқ учиб ўйнаганларини қачон кўрганим эсимда ҳам йўқ. Одамзот ва табиат ўртасидаги курашда табиат енгилиб чалажон ҳолига тушиб бўлди.
Бу кетишда охири нима бўлар экан, ўйлашни ўзи даҳшат.


П.С. Бугун қор ҳам, қорини курайдиган томлар ҳам қолмаган бўлса ҳам ўша замондан ёдгор: калиш ва сандал бор. Ҳанузгача калиш кияман ва қишда сандал очиб оламиз. Ҳозир шу гапларни ҳам иссиқ сандални четида ётиб ёзаяпман.

https://t.me/joinchat/AAAAAFDsqn0uS_lzEcmvbw
​​Ёмон хабарни тарқатишни ўзим ҳам ёмон кўраман. Аммо, мажбурман.
Бахтнисо, орзулари, армонлари ўзи билан бирга чин дунёга кетган қиз.
Яратган Эгамиз уни Ўзи раҳмат ва мағфират қилсин.

У ўзининг охирги аудиомурожатида ўзи учун пул берганлардан берган пулларига рози бўлишни сўраб васият қилибди. Уни ҳаққига фақат дуо қилайлик.