Advokat Qosimov
3.96K subscribers
67 photos
16 videos
13 files
266 links
Ушбу каналда адвокат Хайрулло Қосимовнинг мулохазалари ва ҳуқуқий маслаҳатлари бериб борилади

Мурожаат учун: @qosimovgamurojaat_bot
Download Telegram
Forwarded from YURISTKADR
Бухородаги бугунги семинар ҳақида.

Қисқа танаффусдан кейин навбатдаги семинаримиз бугун – 2024 йил 2 апрель куни Бухоро шаҳрида бўлиб ўтди. АРГОСнинг Бухоро филиали билан ҳамкорликда ўтказган ушбу тадбиримизда 300 га яқин иштирокчилар: давлат ташкилотларининг "кадровик"лари, юристлари ва касаба уюшмалари вакиллари қатнашди.

Биз бу семинарда асосан, янги меҳнат қонунчилиги ва янги 26-сонли Пленум қароридан келиб чиқиб меҳнат шартномасини бекор қилиш, жумладан штатларни қисқартириш ва қисқартиришга тушган ходимларни ишдан бўшатиш тартиби ҳақида гаплашдик.

Семинар ҳар доимгидек, савол-жавоб ва мунозара форматида ўтказилди. Тўғриси, бугунги қизғин ва жонли тарзда ўтказилган ушбу учрашув ўзимга ҳам жуда маъқул бўлди.

Иштирокчиларнинг барчасига фаолликлари учун, шу билан бирга, АРГОСнинг Бухоро филиали ходимларига ташкилотчилик учун ташаккур айтамиз. Ҳамда уларга "навбатдаги семинарларда учрашгунча" деб қоламиз.

👉@yuristkadr
Хусусий ОТМ ларга қўйилган лицензия талаблари Конституцияга мувофиқми!?

Ҳукуматнинг 2022 йил 21 февралдаги 80-сонли қарори билан тасдиқланган Махсус электрон тизим орқали айрим фаолият турларини лицензиялаш тартиби тўғрисида ягона низомнинг 2-иловаси 9-қатор II бўлимида олий таълим хизматларини кўрсатиш бўйича лицензия талаблари белгиланган.

Шу 11 та талабларнинг барчаси “*” белгиси билан белгиланган, яъни булар қўпол равишда бузиш деб ҳисобланадиган талаб ва шартлар бўлиб, агар мазкур қоидабузарликлар фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига зиён, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига, жамоат хавфсизлигига зарар ҳамда атроф муҳитга зиён етказилишига олиб келган бўлса лицензияни бекор қилишга асос бўлади. Яъни хусусий ОТМ фаолияти тўхтатилади.

Бироқ давлат ОТМ ларига нисбатан бундай шартлар белгиланмаган, чунки улар лицензияланмайди. Улар худди шундай талабларга риоя қилмасликлари мумкин, ҳаттоки, бу ҳолатлар фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига зиён, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига, жамоат хавфсизлигига зарар ҳамда атроф муҳитга зиён етказилишига олиб келган тақдирда ҳам давлат ОТМ фаолияти тўхтатилмайди.

Бу эса давлат ОТМ учун бошқача, хусусий ОТМ учун бошқача қоидалар риоя қилади, дегани. Янада аниқроқ айтганда, улар тенг ҳуқуқли эмас, давлат ОТМ лари хусусий ОТМ ларига нисбатан ҳуқуқий жиҳатдан яхшироқ ҳимоя қилинган.

Бу ҳолат Конституциямизнинг 65-моддасига зид, унга кўра Ўзбекистон Республикасида барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилиги ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиниши таъминланиши белгиланган.

Агар конституциямизнинг 15-моддасида белгиланганидек, республикамизда Конституциянинг устунлиги сўзсиз тан олинса ҳамда Конституция мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга, тўғридан-тўғри амал қиладиган ва ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил этса, давлат ОТМ лари ва хусусий ОТМ ларига қўйилган талаблар тенглаштирилиши керак. Талаблар тенглаштирилгунга қадар хусусий ОТМ ларининг давлат ОТМ ларига нисбатан аҳволини оғирлаштирадиган талаблар конституцияга зид деб топилиши ва қўлланилмаслиги шарт.

#хусусийотм

Каналга уланиш 👇
👉 @advokatqosimov 👈
Давлат ОТМ лари хусусий ОТМ ларга қўйилган талабларга жавоб бера оладими?

Очиқ маълумотлардан қисман жавоб олиш мумкин.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг расмий сайтига кўра 2023 йил ҳолатига барча ОТМ ларида бакалавриатда 943 минг, магистратурада 25 нафар, жами 968 минг нафар талаба таълим олган. Профессор ўқитувчиларнинг умумий сони 34 539 нафарни ташкил қилади. Бу 28 нафар талабага битта ўқитувчи дегани. Хусусий ОТМ ларга эса 12-16 нафар талабага 1 штат бирлиги бўлиши шарт қилиб қўйилган. Демак 2023 йилда барча ОТМ ларидаги ўртача миқдор хусусий ОТМ учун белгиланган шартни бажара олмайдиган ҳолатда бўлган.

Барча ОТМ ларнинг ўқув бинолари қуввати 395 433 нафар талабага мўлжалланган, жами талабалар сонига нисбатан 2,45 баравар ортиб кетган. Хусусий ОТМлар учун икки баравардан ортиб кетмаслиги белгиланган. Демак 2023 йилда барча ОТМ ларидаги ўртача миқдор хусусий ОТМ учун белгиланган шартни бажара олмайдиган ҳолатда бўлган.

Айрим давлат ОТМлари мисолида ҳам ўрганиб кўриш мумкин.

Наманган Давлат университетида 01.05.2023 йил ҳолатига 28 547 нафар талабага асосий штатда 735 нафар профессор-ўқитувчилар дарс берган. 38,84 нафар талабага битта ўқитувчи тўғри келади. Демак НамДУ хусусий ОТМ лар учун белгиланган 12-16 нафар талабага 1 штат бирлиги бўлиши кераклиги ҳақидаги талабни бажара олмаган.

Илмий салоҳият 33,5 фоиз бўлиб, хусусий ОТМ ларнинг бакалавриатига 35 %, магистратура босқичига 60 % илмий даража бўлиши кераклиги ҳақидаги шартини ҳам бажара олмаган.

Ўқув бинолари қуввати 28 547 нафар талабага 8 787 талаба ўқув қувватига эга бўлиб, жами талабалар сонига нисбатан 3,25 баравар ортиб кетган. Демак хусусий ОТМлар учун белгиланган 2 баравардан ортиб кетмаслик ҳақидаги шартни ҳам бажара олмаган.

Таълим олувчилар турар жойи 1 594 та ўрин қувватига эга бўлгани ҳолда 18 нафар талабага битта турар жой тўғри келган. Демак 2023 йилда НамДУ вилоятларда ҳар 10 нафар талабага битта турар жой бўлиши ҳақидаги хусусий ОТМ лар учун белгиланган талабни ҳам бажара олмаган.

Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида 2023 йил 1-ярим йиллик ҳолатига 24 338 нафар талабага 790 нафар профессор-ўқитувчилар дарс берган, 30,8 нафар талабага битта ўқитувчи тўғри келади. Демак ТДПУ хусусий ОТМ лар учун белгиланган 12-16 нафар талабага 1 штат бирлиги бўлиши кераклиги ҳақидаги талабни бажара олмаган.

ТДПУ да илмий салоҳият 52 фоиз бўлиб, хусусий ОТМ ларнинг бакалавриатига 35 %, магистратура босқичига 60 % илмий даража бўлиши кераклиги ҳақидаги шартини бажариши мумкин бўлган.

Ўқув бинолари қуввати 24 338 нафар талабага 7 288 талаба ўқув қувватига эга бўлиб, жами талабалар сонига нисбатан 3,34 баравар ортиб кетган. Демак хусусий ОТМлар учун белгиланган 2 баравардан ортиб кетмаслиги ҳақидаги шартни ТДПУ бажара олмаган.

Таълим олувчилар турар жойи 2 151 та ўрин қувватига эга бўлгани ҳолда 11,3 нафар талабага битта турар жой тўғри келган. Демак ТДПУ Тошкент шаҳрида ҳар 5 нафар талабага битта турар жой бўлиши ҳақидаги хусусий ОТМ лар учун белгиланган талабни ҳам бажара олмаган.

Мана бу постда ёзганимиздек, давлат ОТМ ларига нисбатан хусусий ОТМ ларга қўйилган талаблар қўлланилмайди. Шунинг учун бу ҳолатлар давлат ОТМ лари фаолиятига ҳеч қандай салбий таъсир қилмайди. Чунки Конституцияга зид тарзда давлат ОТМ лари хусусий ларга нисбатан кучлироқ ҳимояланган.

Ачинарлиси, 2023 йилда давлат ОТМ лари ҳам бажара олмайдиган талабларни бажара олмади деган важ билан бир нечта хусусий ОТМ ларнинг лицензияси камчиликни бартараф қилиш учун вақт ҳам бермасдан бекор қилинди.

#хусусийотм

Каналга уланиш 👇
👉 @advokatqosimov 👈
🙋‍♂Ассалому алайкум.Ота онамнинг вафотидан кейин мен , укам ва синглим ўртамизда мерос масаласида низо келиб чиқди.Синглим турмушга чикган, оилали. Укам ногронлиги сабабли мен билан бирга мерос мулкида яшайди.Ота-онам вафотидан олдин мероснинг хаммасини менга васият қилиб қолдирган.Бу васиятнома нотариус томонидан тасдиқланган. Савол: Укам ва синглим васиятга даъво қила оладими ?

   📌 Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1135-моддасига кура мерос қолдирувчининг болалари (шу жумладан фарзандликка олинган болалари), эри (хотини) ва ота-онаси (фарзандликка олувчилар) тенг улушларда қонун бўйича биринчи навбатдаги ворислар хисобланадилар.
  Шунингдек Фуқаролик кодексининг 1120-моддасига кўра васият қилувчи қонун бўйича меросхўрлардан биттасини, бир нечасини ёки ҳаммасини изоҳ бермаган ҳолда меросдан маҳрум қилишга ҳақли.

   ⁉️Юқоридаги моддаларга кўра ота-онангиз синглингизни меросдан маҳрум қилишга ҳаққи бўлган. Лекин Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1142-моддасида шундай деб белгилаб қўйилган :
мерос қолдирувчининг вояга етмаган ёки меҳнатга қобилиятсиз болалари, шу жумладан фарзандликка олган болалари, шунингдек меҳнатга қобилиятсиз эри (хотини) ва ота-онаси, шу жумладан уни фарзандликка олганлар, васиятноманинг мазмунидан қатъи назар, қонун бўйича ворис бўлганларида улардан ҳар бирига тегиши лозим бўлган улушнинг камида ярмини (мажбурий улуш) мерос қилиб оладилар.
 
Фуқаролик кодексининг 1142-моддасига асосан шундай хулоса қилиш мумкинки укангиз  меҳнатга қобилиятсизлиги сабабли меросдан улуш олишга хақли хисобланади.
  
#меросҳуқуқи

Каналга уланиш👇
   👉@advokatqosimov👈
⚡️Тадбиркорлар эҳтиёт бўлинг: СК 14-15-моддалари!!!

Охирги пайтларда тадбиркорлар учун Солиқ кодексининг 227-1-моддасидан кейинги энг қўрқинчли норма Солиқ кодексининг 14-15-моддалари бўлиб қолмоқда.

❗️Бу моддаларнинг асосий мазмуни шундаки, сиз билан ҳамкорлик қилган шахс ҚҚС ни тўламаса, уни сиздан ундиришади. Бировни солиғини сиз тўлашингиз жуда ғалати, лекин ҳозирда бу жуда кўплаб тадбиркорларни бошига тушган мусибат бўлиб турибди.

Ҳаётий мисол: Бир қурилиш ташкилотининг бир нечта катта техникалари бор. Уларга эҳтиёт қисмларни топиш жуда қийин, четдан келтириш узоқ вақтни олади. Ташкилот ходимлари излаб-излаб Қўқондаги эҳтиёт қисмлари бозоридан ўзларига кераклиги қисмларни топишади. Нархини келишиб, сотувчидан шартнома сўрашади, сотувчи уларга шартнома беради. Шартномани расмийлаштириб, пулни ўтказиб эҳтиёт қисмларни олиб кетишади.

Орадан бир қанча вақт ўтиб, солиқ органи камерал текшириш ўтказиб, ўша сотиб олинган эҳтиёт қисмлар бўйича тузилган шартнома кўзбўямачилик мақсадида тузилган деб топилганлигини, сотувчи ташкилот “Обналичкачи” бўлганлигини, унинг ҳисоб рақамидан худди шу эҳтиёт қисмлар учун пул чиқарилмаганлигини, “Обналичкачи” ташкилот раҳбарлари жиноий жавобгарликка тортилганлигини ва ҚҚС ни тўламаганлиги учун шу солиқларни тўлаб қўйишни талаб қилади.

Қурувчи ташкилот ҳайрон. 🤔☹️😣

“Мени айбим нима?” деса, “Шартнома қилишдан аввал сотувчи шу товар учун пул чиқарганми йўқми, аниқлашинг керак эди, энди тўлашга мажбурсан”, деган жавоб. Сотувчи шу товарларни пулини кейин тўлаш шарти билан олган бўлиши мумкинлигини солиқчилар ўйлашмайдиям.

‼️ Аслида Солиқ кодексининг 14-15-моддалари тўғри қўлланилса, юқоридаги каби ҳолатларда тадбиркордан бошқа шахснинг солиғини тўлаш талаб қилинмаслиги керак. Лекин Қонун нотўғри татбиқ қилиниши натижасида жуда кўп тадбиркорлар бошқа бировни тўламаган солиғини тўлашга мажбур бўлмоқда. Бу эса охир-оқибат секин-аста тадбиркорлар фақат нақдига ишлашига, соядаги бизнес улуши ортиб боришига олиб келади.

#солиқ

Каналга уланиш👇
   👉@advokatqosimov👈
Фуқаролик судларида бепул адвокат кимларга берилади?

👉Батафсил

Telegram | Facebook | Youtube
Баъзида ботга жудаям ғалати саволлар келади, ўқиб наҳотки шунақа бўлиши мумкин деб ўйлайсиз. Мана шулардан бири:

🙍‍♂ Ассалому алайкум.Биз бюджет ташкилотида ишлаймиз. Президент фармони билан ойлигимиз кутарилди  ва  ойликни кўтариш учун биз бир жой билан гаплашганмиз деб ҳар биримиздан 1млн сўмдан пул йиғиб олишди. Бу  ҳатти-ҳаракат қонунийми, қандай чора кўришимиз мумкин?
  
  Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 244-моддасига кўра бюджет ташкилотлари ҳодимлари учун меҳнатга хақ тўлашнинг давлат таьрифлари белгиланади.Шунингдек бюджет ташкилотлари ҳодимлари меҳнатига хақ тўлашнинг тизимлари ва турлари қонунчиликда белгиланади ва ўзгартирилади.
"Норматив хуқуқий хужжатлар тўғрисида" ги Қонуннинг 6-моддасига кўра Президент фармон ва қарорлари ҳам қонунчилик хужжати хисобланади.
 
  Масалан Президентнинг 196-сонли фармони билан бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар ва нафақалар миқдори 7 фоизга оширилди.

  Шундай экан, оширилган ойлик маоши эвазига сиз ҳеч кимга ҳеч қандай пул беришингиз керак эмас.Агар сиздан бунинг учун пул талаб қилинса, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддасига асосан жавобгарлик вужудга келади.

👉 Маслаҳатимиз, сиздан пул йиғиб олганлар устидан ўз туманингиздаги прокуратура ёки ички ишлар органларига ариза билан мурожаат қилинг.

#фирибгарлик

Каналга уланиш 👇
👉 @advokatqosimov 👈
🙋‍♂Савол: ППС ходими тўхтаб турган авто машинани эшигини очиб хужжат сўраб, пратокол тузиши мумкинми?

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 399-сонли қарорига асосан патруль-пост хизмати ҳодимлари жамоат жойларида фуқароларнинг шахсга доир маьлумотларини хамда ҳуқуқбузарлик ва шу каби маьлумотларини жойида планшет орқали текширишлари мумкин.
Бунда ППС ҳодимларида шахснинг  жиноят ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этгани ёхуд қидирувда деб гумон қилиш учун асослар мавжуд бўлиши,
шахсни содир этилган жиноят ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳақида маълумотга эга деб ҳисоблаш мумкин бўлиши ва
қонунчиликка мувофиқ шахсни ушлаб туриш учун бошқа қонуний асослар мавжуд бўлиши керак.
Агар шахсингизга ўша жойнинг ўзида аниқлик киритишнинг имкони бўлмаса, сиз бунга фаол қаршилик қилсангиз ёки аниқланган маьлумотга кўра сиз қидирувда бўлсангиз ИИБ га олиб боришга хақли.
 
Маъмурий Жавобгарлик туғрисидаги кодекснинг 248-моддасига асосан транспорт воситалари хайдовчиларининг тўхташ ва тўхтаб туриш қоидаларини бузганлиги учун маъмурий байоннома тузишга пост-патрул хизмати бўлинмаларининг мансабдор шаҳслари ваколатлидир.
 
✳️ Юқоридаги нормаларга асосан ППС ходими сизга тўхташ ва тўхтаб туриш қоидаларини бузганингиз учун ҳужжат талаб қилиб, баённома тузишга ваколатли хисобланади.

#pps

Каналга уланиш 👇👇
👉@advokatqosimov👈
Advokat Qosimov
🙋‍♂Савол: ППС ходими тўхтаб турган авто машинани эшигини очиб хужжат сўраб, пратокол тузиши мумкинми? Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 399-сонли қарорига асосан патруль-пост хизмати ҳодимлари жамоат жойларида фуқароларнинг шахсга доир маьлумотларини…
Ҳозирги суд тизимининг энг катта камчилиги ва ҳақли норозилигимизга сабаб бўлаётган қисми ўрта бўғинда тафтиш инстанцисининг мавжуд бўлиши ва Олий суддаги қайта тафтишда “фильтр судьялар” фаолиятининг мавжудлиги бўлса керак.
Баҳодир Аҳмедов Олий суддаги “фильтр судьялар” ҳақида НамХУ шикояти мисолида яхши фикрлар билдирибди.

https://t.me/bahodirahmedoff/10003
Вазият: Одатда, амалиётда кўп ҳолларда мижоз-тадбиркор ССПнинг банк манфаатида судга даъво киритганидан норози бўлади. Ваҳоланки, ССП олдида ҳар иккиси ҳам аъзо ва тенг ҳуқуқли (тўланган аъзоликдан ҳар иккиси унинг хизматидан фойдаланиш ҳуқуқига эга).
Савол: ССП ўзининг аъзоси бўлган 2 тадбиркор (одатда "банк" ва "мижоз-тадбиркор") ўртасидаги шарномавий мажбуриятлар бажармаганлиги юзасидан судга бериши қанчалик тўғри деб ўйлайсиз? Ва, бу ҳолатни қонунчилик қандай баҳолайди?


Жавоб: ССП нинг бир аъзоси манфаатларини кўзлаб иккинчи аъзосига нисбатан даъво аризаси киритилиши мантиқан мумкин эмас. Чунки тадбиркор ССП аъзоси бўлишда палата менинг манфаатларимни ҳимоя қилади, деган ишонч билан аъзо бўлади ва аъзолик бадалини тўлайди. Бироз вақт ўтиб уни кимдир судга берганда, ўша ўзи ишонган палата унга нисбатан даъвогар сифатида даъво аризаси берганлигини билиб, ҳафсаласи пир бўлади. Бундай ҳолатда аъзолик шартномасига асосан ҳар иккала тарафнинг ҳам ҳуқуқини ҳимоя қилиш мажбуриятини олган палата жавобгар-тадбиркор олдидаги мажбуриятини бузган ҳисобланади.

Бу қанчалик мантиқсизлик бўлмасин, аммо амалда давом этиб келмоқда. Ўзи аслида тадбиркорлик субъектлари, одатда, даъво ариза киритишда давлат божидан имтиёзга эга бўлиш учунгина палатага аъзо бўлишмоқда.

Амалдаги қонунчиликда ССП ўзининг аъзоси бўлган 2 тадбиркор (одатда "банк" ва "мижоз-тадбиркор") ўртасидаги шарномавий мажбуриятлар бажармаганлиги юзасидан судга бериши тўғридан-тўғри таъқиқланмаган бўлсада, “Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида” ги Қонунининг умумий мазмунидан бу мумкин эмас, деган ҳулосага келиш мумкин.

Қонуннинг 4-моддасига кўра палата фаолиятининг асосий принциплари қонунийлик, Палата аъзоларининг тенг ҳуқуқлилиги, мустақиллик, очиқлик, ошкоралик ҳамда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари устуворлигидан иборатдир.

Палатанинг бир аъзоси манфаатларини кўзлаб иккинчи аъзосига нисбатан даъво аризаси киритиши палата томонидан жавобгар сифатидаги аъзосининг тенг ҳуқуқлилиги принципини бузиб, унинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари устуворлигига зарар етказилаётганлигини билдиради.

Бироқ оммавий низоларда сал бошқачароқ. Қонуннинг 21-моддасида “Палата давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилинганда тадбиркорлик субъекти номидан суд муҳокамасининг исталган босқичида иштирок этиш (иккала тараф Палата аъзолари бўлган ҳоллар бундан мустасно)” деб белгиланган. Демак оммавий низоларда учинчи шахслар ҳам палата аъзоси бўлган ҳолларда палатанинг иштироки қонунан чекланган.

Агар сиз ССП аъзоси бўлсангиз ва палата бошқа бир аъзоси манфаатида сизга нисбатан иқтисодий судга даъво ариза киритса, сиз ССП аъзолик шартномасини жиддий равишда бузганлиги учун аъзолик шартномасини бекор қилиш ва қолган давр учун тўланган аъзолик бадалини ундиришни сўраб, палатага нисбатан даъво аризаси киритишингиз мумкин.

Чунки ушбу ҳолат Фуқаролик кодекси 382-моддасидаги шартномани жиддий равишда бузишга киради.

#ssp #tadbirkorlik

Каналга уланиш 👇👇
👉@advokatqosimov👈
Forwarded from YURISTKADR
Адвокат судья устидан, судья адвокат устидан шикоят қилди, натижа эса...

Олий суд судьяси тараф бўлган фуқаролик ишида қарама-қарши томондан қатнашган адвокат Алишер Маматов ўша судьянинг устидан судлар фаолиятига аралашув ҳусусида Судьялар олий кенгашига, Олий судга ва Олий суд малака ҳайъатига шикоят ёзган.

Ўз навбатида, бунга жавобан ҳалиги Олий суд судьяси ҳам адвокат томонидан унинг ишчанлик обрўсига зарар етказилганлиги бўйича Адвокатлар палатаси Тошкент шаҳар бошқармаси малака комиссиясига шикоят киритган.

Натижа “ажойиб”.

Адвокатнинг айтишича, унинг Олий суд судьясига нисбатан киритган шикоятига юқорида турганлар ўз вақтида жавоб қайтармаган.

Судьянинг шикояти бўйича эса тезкор жараёнлар бошланиб кетган. Ҳамда кутилмаганда, Адвокатлар палатаси Тошкент шаҳар бошқармаси малака комиссияси ушбу адвокатга нисбатан унинг лицензиясини 6 ойга тўхтатиш бўйича судга мурожаат қилиш ҳақида қарор қабул қилган (эслатиб ўтамиз, малака комиссияси ҳудудий палатага бўйсунмайдиган мустақил орган).

Масаланинг ачинарли томони шундаки, адвокатнинг судьяга нисбатан берган шикоятига вақтида реакция билдирилмаган бўлса, аксинча, айни шу судьянинг айни шу адвокат устидан берган шикоятига нисбатан ўта тезкор реакция билдирилибди. Бунинг устига адвокатнинг лицензиясини тўхтатишгача бўлган ҳаракатларга қараганда воқеалар ривожи ҳам адвокат устидан шикоят киритган судья истаганидек кетмоқда.

Менимча, судья ва адвокат ўртасидаги ушбу низода суддагилар ўз судьясини ўз услубида ҳимоя қилаётганга, бизникилар эса бу борада тескари ҳаракат қилаётганга ўхшамоқда.

Адвокатларни ҳушёрликка ва кўпроқ ўзимизникилардан эҳтиёт бўлишга чақирамиз.

👉@yuristkadr
Ўтган ҳафта Олий суд Жамоатчилик билан алоқалар маркази бошлиғи А.Абидовнинг суд тизимига келиб тушган мурожаатлар ва уларни ҳал этилиши бўйича брифинги бўлиб ўтибди. Қисқача мазмуни суд тизимида мурожаатлар бўйича ҳаммаси зўр, идеал ҳолатда.

Брифингда мурожаатларни ҳал этишда суд тизимида қандайдир камчиликлар ҳам бўлганлиги, уларни нима келтириб чиқарганлиги, келгусида мурожаатлар бўйича йўл қўйилган хатоларни бартараф этиш бўйича режалар ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ.

Мен брифингдаги маълумотларга қўшилмадим. Чунки ҳақиқий ҳаёт кўпинча буни аксини кўрсатмоқда.

Иккита оддий мисол.

2023 йил декабрда вакил сифатида ўз номимдан Олий суд раиси номига ишни такроран кассация тартибида кўриш учун протест киритиш ҳақида ариза бериб, раис қабулига ёзилдим. Иш барча босқичлардан ўтиб, раиси ўринбосарининг рад жавоби ҳам мавжуд.

Бу орада 1 январдан янги тартиб кучга кирди, бироқ янги тартиб бўйича ҳам раис ўринбосарининг рад жавоби олингандан кейин фақат битта инстанция – Олий суд раиси қолади, шу сабабли раис жавобини кутдим. Орада 3 марта Олий судга бориб, қабул бўйича суриштирдим, ҳар борганда қайта сўрайман, “Ишқилиб аризамни қайта тафтишга тушириб юборишмади?” деб. Ҳар сафар битта жавоб – қабул бўлгани йўқ, бўлса албатта хабар берамиз. Раис ўринбосарини жавоби бўлса бўлди, аризангиз раисга киради.

Аммо, лекин, бироқ мени на раисни қабулига чақиришди, на раис аризамга жавоб берди. Олий суд судьяси Дж.Ж.Чориевнинг 26.02.2023 йил кунги ажрими билан аризам судлов ҳайъатига ўтказиш рад этилибди.

Аслида аризам раис томонидан кўриб чиқилиши керак эди, чунки янги тартиб бўйича ҳам шу қоида белгиланган.

Қолаверса, судья Дж.Ж.Чориев ўзининг тўғридан-тўғри раҳбари ҳисобланган Х.Тўрахўжаев рад қилган аризани қандай қаноатлантиради?!

Иккинчи мисол.

19.03.2024 йил куни ЖИБ Юнусобод туман судига МЖтК нинг 197-1-моддаси тартибида ариза киритдим.

Бироқ мени ҳеч ким судга чақиримади. 03.04.2024 йил куни аризам судья З.Латиповдалигини аниқлаб, ёрдамчиси билан телефон орқали гаплашдим. У менга ўзлари мени чақиришларини айтиб, телефон рақамимни ёзиб олди (аризада ҳам рақамим бор).

Шундан кейин ҳам мени ҳеч ким судга чақирмади. 08.04.2024 йил куни қайтадан телефон қилсам, мени аризамни 05.04.2024 йил куни мени иштирокимсиз кўриб чиқиб, рад қилишганлигини айтишди.

Олий суд сайтидаги маълумотлар бўйича эса мен телефон қилган 03.04.2024 йил куни ҳам 16-10 да мени аризамни кўриб чиқиш учун суд мажлиси тайинланган. Менга эса на телефон қилишган на чақирув жўнатилган. Агар суд мени аризамни мени иштирокимда кўришни ҳохлаганда, 03.04.2023 йил куни соат 10 лар атрофида телефон қилганимда судья ёрдамчиси бугун 16-10 да суд, етиб келинг, деган бўларди.

Албатта, кўп ҳолларда суд тизимида мурожаатлар билан ишлаш яхши ҳолатдалигини тан олиш керак. Лекин юқоридаги иккита ҳолатни ўзи ҳам амалда суд тизимида процессуал мурожаатлар билан ишлашда ҳаммаси жойида эмаслигини билдиради.

Брифингдаги охирги сўзлар қуйидагича: Олий суд ва қуйи судларда халқимизни рози қилиш йўлида аҳоли билан мулоқот қилиш, жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари ҳар тарафлама тўлиқ, холисона ҳамда қонуний кўриб чиқилиши  орқали адолатли қарорлар қабул қилиниши таъминланмоқда.

Шахсий фикримча, бу сўзлар энг камида, қисман ёлғондан иборат.

Агар брифингда “Суд тизимида мурожаатлар билан ишлашда фалон-фалон камчиликларимиз ҳам бўлди. Бунга сабаб мана бу мана бу ҳолатлар. Бу ҳолатларни келгусида олдини олиш бўйича мана бу чоралар кўрилди” деган жумлалар бўлганда, ишонсак бўларди. 

Биз суд тизимидан доимо ҳақиқат ва адолатни талаб қилиб ўрганиб қолганмиз. Шу ўринда Олий суд матбуот котибидан ҳам ҳақиқий аҳволни бор ҳолича, ютуқларни камчиликлари билан бирга кўрсатиб беришини талаб қилишга ҳақлимиз. Чунки камчиликлар бартараф этилиши учун аввал уларни борлиги тан олиниши керак.

Каналга уланиш 👇
👉 @advokatqosimov 👈