AkmalBurxanov
1.04K subscribers
172 photos
55 videos
73 links
Korrupsiyaga qarshi kurashish Agentligi direktori Akmal Burxanovning telegram kanali.
Download Telegram
“Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент фармони имзоланди.

Унга мувофиқ Коррупцияга қарши курашиш агентлигига қуйидаги қўшимча вазифалар юклатилди:
▪️давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлигини таъминлашни мувофиқлаштириш ва доимий мониторинг қилиш;
▪️жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларидан келиб чиқувчи давлат органлари ва ташкилотларининг очиқлиги ва шаффофлигига оид долзарб масалаларни “Mening fikrim” веб-портали орқали умумхалқ муҳокамасига чиқариш;
▪️очиқ маълумотлар шаклида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхатини узлуксиз тўлдириш, такомиллаштириб бориш ва янгилаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ҳамда уларни амалга оширишга кўмаклашиш;
▪️ОАВ орқали давлат органлари ва ташкилотлари хизматчиларига “давлат органлари фаолияти очиқлиги, шаффофлиги ва ҳисобдорлиги” маданиятини сингдириш ҳамда давлат органлари ва мансабдор шахслар халқ олдида ҳисобдорлигини таъминлаш муҳимлиги тўғрисида тушунтириш ишлари олиб борилишини ташкил этиш.

Бундан ташқари:
▪️Агентлик тузилмасида Давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти очиқлигини таъминлаш бошқармаси ташкил этилади;
▪️Агентлик давлат органлари ва ташкилотларининг очиқликка оид қонунчилик ҳужжатларида кўрсатилган талабларни мунтазам равишда бузаётган айбдор мансабдор шахсларни жавобгарликка тортиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиб боради;

2021 йил 1 июлдан бошлаб расмий веб-сайтда ва Очиқ маълумотлар порталида қуйидаги маълумотлар жойлаштирилади:
мансабдор шахсларнинг хизмат сафарлари ва хориждан ташриф буюрган меҳмонларни кутиб олиш харажатлари;
– Президент, Вазирлар Маҳкамаси ҳужжатлари билан берилган солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда преференциялар;
– ўзларининг йиллик харажатлар сметаси ва унинг ижроси, шу жумладан, объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ишлари, автомототранспорт воситаларини сотиб олиш харажатлари.

Шунингдек:
• ОТМларнинг бакалавриат таълим йўналишларига кириш учун тест ва ижодий имтиҳонлар;
магистратура босқичига қабул имтиҳонлари;
• республикадаги ёки хориждаги ОТМдан республикадаги давлат ОТМга ўқишни кўчириш истагини билдирган талабалардан олинадиган имтиҳонлар;
хорижий таълим тўғрисидаги ҳужжатларни тан олишда талабгорлардан олинадиган тест синовлари жараёни Интернет тармоғида жонли эфирга узатилади.

2021 йил 1 декабрдан
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати мажлислари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши сессиялари телеканаллар, Интернет тармоғи орқали жонли эфирга узатилади.

Ҳар йил якунлари бўйича давлат органлари ва ташкилотларининг Очиқлик индекси аниқланади.

Шунингдек, “Давлат сирларини сақлаш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.

@aburxanov
“Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони ва “Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори лойиҳалари муҳокамага қўйилди.

Лойиҳаларда қуйидагилар назарда тутилмоқда:

▪️
Агентлик томонидан “Коррупцияга оид жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган шахсларнинг очиқ электрон реестри” ни юритиш.
Реестрга киритилган шахсларга давлат хизматига қабул қилиш ва давлат мукофотлари билан тақдирлаш, cайланадиган ва алоҳида тартибда тайинланадиган лавозимларга номзодларини кўрсатиш, давлат активларини хусусийлаштириш билан боғлиқ
тендер ва танлов савдоларида иштирок этиши, давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган ташкилотлар ҳамда давлат таълим муассасаларида раҳбарлик лавозимларида фаолият юритишини тақиқлаш;
▪️давлат идоралари ва ташкилотларига ишга қабул қилишни очиқ танлов асосида амалга ошириш тартибини жорий этиш;
▪️давлат органлари ва ташкилотларининг мансабдор шахслари ва ходимларига тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишни қатъиян тақиқлаш;
▪️барча давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларида коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолиятини йўлга қўйиш ва бу тузилмалар раҳбарлари Агентлик билан биргаликда ўтказиладиган очиқ танлов асосида ишга қабул қилиниши, уларни лавозимидан озод этиш масаласи Агентлик билан келишилиши;
▪️Агентлик томонидан барча давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан ҳокимликларда йўлга қўйилган коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини баҳоловчи рейтингни эълон қилиш;
▪️2022 йил 1 январдан бошлаб, давлат хизматчилари, уларнинг турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандларининг даромадлари ва мол-мулкини мажбурий декларация қилиш тизимини жорий этиш;
▪️давлат хизматчиси томонидан декларацияни тақдим этишдан бош тортиш ва қасддан нотўғри маълумотларни киритиш уни давлат хизматидан четлаштиришга ва қонунда белгиланган жавобгарликка тортишга асос бўлиши;
▪️давлат хизматчиларига республика ҳудудидан ташқарида ҳисобрақамлар очиш ва эгалик қилиш, нақд пул маблағларини сақлаш, кўчмас ва бошқа мол-мулкка эга бўлишни тақиқлаш;
▪️давлат хизматчиларини мунтазам равишда коррупцияга қарши курашиш, манфаатлар тўқнашуви ва одоб-ахлоқ қоидалари бўйича махсус ўқув курсларида ўқитиш;
▪️“Манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш тўғрисида”ги қонун, шунингдек, давлат харидлари, солиқ имтиёзлари, ер ажратиш, давлат активларини хусусийлаштириш соҳаларида манфаатлар тўқнашувига йўл қўйганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш;
▪️Агентликка манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ ҳар қандай ҳолатлар аниқланганда, шартнома, буйруқ ва бошқа ҳужжатларни тўхтатиш тўғрисида тақдимнома ёки уни ҳақиқий эмас деб топиш бўйича судга даъво киритиш ваколатини бериш;
▪️Жиноят кодексида коррупцияга оид жиноятлар тоифасига
кирувчи моддаларнинг аниқ рўйхати
ни белгилаш;
▪️коррупцияга оид жиноятлар учун белгиланган жазо чораларини узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш жазо чорасигача кескин кучайтириш;
даромадлар ва мол-мулкни декларациялаш жараёнида аниқланган ноқонуний бойлик орттирганлик учун жавобгарлик ўрнатиш;
▪️коррупцияга оид жиноятларни содир этган шахсларга нисбатан енгиллаштирувчи жазо чоралари қўлланилишига чекловлар белгилаш;
▪️давлат харидларида тўғридан-тўғри шартномалар тузишни назарда тутувчи қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича ташаббус билан чиқишни қатъиян тақиқлаш ва бошқалар.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ишлаб чиқилган ушбу ҳужжатлар ҳақиқатдан ҳам тарихий аҳамиятга эга бўлиб, шубҳасиз мамлакатимизда коррупцияга қарши муросасиз муҳит яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш, ушбу жараёнга кенг жамоатчиликни сафарбар этишга имкон яратади.

Лойиҳалар халқаро стандартлар, шунингдек, МДҲ давлатлари, АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Япония каби мамлакатлар тажрибаси асосида ишлаб чиқилди.

@aburxanov
Kuni-kecha Prezidentimiz tomonidan imzolangan farmon va qaror bilan korrupsiyaga qarshi kurashishning yangi mexanizmlari joriy etilmoqda. Xususan,
▪️Barcha davlat organlari, tashkilotlari xodimlari onlayn ochiq tanlov asosida ishga qabul qilinadi;
▪️Korrupsiyaga oid jinoyatlarni sodir etishda aybdor deb topilgan shaxslarning ochiq elektron reestri yuritiladi;
▪️Korrupsiyaviy jinoyatlarni sodir etgan shaxslarning davlat xizmatida ishlashi taqiqlanadi;
▪️Barcha davlat organlari va tashkilotlari, hokimliklarda korrupsiyaga qarshi ichki nazorat tuzilmalari tashkil etiladi;
▪️Davlat xizmatchilariga chet elda hisobraqam va mol-mulkka ega bo'lish taqiqlanadi;
▪️Davlat xizmatida manfaatlar to'qnashuviga yo'l qo'yganlik uchun javobgarlik belgilanadi;
▪️Korrupsiyaviy jinoyatlar uchun jazo keskin kuchaytiriladi;
▪️Noqonuniy boylik orttirganlik uchun jinoiy javobgarlik o'rnatiladi;
▪️2022 yil 1 yanvardan davlat xizmatchilarining mol-mulki va daromadlarini majburiy deklaratsiyalash tizimi joriy etiladi.

@aburxanov
Forwarded from "YUKSALISH" HARAKATI
Ўзбекистонда 2017—2021 йиллар давомида Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар янги даврни бошлаб берди. Жадал ўзгаришлар барча соҳаларни, жумладан давлат ва жамият қурилиши, суд-ҳуқуқ тизими, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳа, хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик, ташқи сиёсатни қамраб олди.

"Юксалиш" умуммиллий ҳаракати сўнгги беш йилда мамлакат ҳаётида катта ўзгаришларга сабаб бўлган, энг самарали ташаббус ҳамда ислоҳотларни аниқлаш учун навбатдаги экспертлик сўровини ўтказди (аввалгиси 2019 йилда ўтказилган).

Экспертлик сўрови натижаларига кўра, Президент Шавкат Мирзиёевнинг тарихий аҳамиятга молик 15 та муҳим ислоҳоти шакллантирилди.

👉Батафсил

@uzbyuksalish
2021 йил 24 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти аукцион савдоларидаги коррупцион омилларни бартараф қилиш, хусусан, электрон онлайн-аукционни ўтказиш тартибини соддалаштириш, жараёнларнинг очиқлиги ва шаффофлигини ошириш, аҳолининг аукционда қатнашиши учун қулайликлар яратишга қаратилган қарорни имзолади.

Унга мувофиқ,
▪️2021 йил 1 сентябрдан бошлаб “E-auksion” электрон савдо платформасида (ҳозирги номи “E-ijro auksion” ягона электрон савдо майдончаси) иштирокчиларга, шу жумладан, чет эл фуқароларига аукционда қатнашиш учун электрон рақамли имзо калити масофадан туриб, бепул тақдим қилинади;

▪️жисмоний ва юридик шахслар томонидан объектларни аукционга чиқариш учун тўланадиган йиғим бекор қилинади;

▪️аукцион ўтказиш тўғрисидаги хабар у ўтказиладиган кундан 30 кун олдин эълон қилинади;

▪️аукцион ғолиби тўловларни тўлашдан бош тортган тақдирда, ғолиб ҳамда унинг тўғридан-тўғри таъсисчилари ҳисобланган шахслар ноҳалол иштирокчи сифатида аукционлардан четлатилади;

▪️аукционга чиқарилган объектларни сотишга фақат аукционда камида иккита иштирокчи қатнашганда рухсат берилади;

▪️Ер участкаларини аукционга инвестиция киритиш шарти билан чиқариш тартиби бекор қилинади;

▪️объектлар, шу жумладан, ер участкаларини электрон онлайн-аукционда сотиб олиб, қисқа муддат давомида ундан фойдаланмаган ҳолда уларнинг олди-сотдиси билан шуғулланаётган юридик ва жисмоний шахсларни аниқлаб, савдолардан четлатиш чоралари кўрилади.

@aburxanov
"Давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан маҳаллий давлат ҳокимияти органларида коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш тўғрисида"ги Қарор лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Барчадан ушбу лойиҳа муҳокамасида иштирок этиб, фикр ва таклифларни кутиб қоламиз.

@aburxanov
Шавкат Мирзиёев: Коррупцияга қарши бутун жамоатчилик билан курашишимиз зарур

"Мана, шунча пуллар ажратяпмиз, лекин булар адолатли ишлатилиши учун жамоатчилик назорати керак. Чунки коррупция йўқ десак ёлғон бўлади, коррупция ичимизда юрибди. Коррупцияга қарши бутун жамоатчилик билан курашишимиз зарур".

@aburxanov
Ўзбекистон Ҳуқуқ устуворлиги индексининг “коррупция мавжуд эмаслиги” индикатори бўйича 19 поғонага кўтарилди

World Justice Project ташкилоти томонидан Ҳуқуқ устуворлиги индексининг 2021 йилги нашри эълон қилинди. Эътиборли тарафи, индексда Ўзбекистон 14 поғона юқорилаб, бу борада энг яхши натижа кўрсатган 3 та давлатдан бирига айланди. Мамлакатимиз умумий рейтингда 85-ўриндан жой олган.

Мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаларини мазкур ҳисоботда яққол кўриш мумкин. Тадқиқотда келтирилишича, айнан коррупция мавжуд эмаслиги индикатори бўйича Ўзбекистон 89-ўриндан бирданига 19 поғона кўтарилиб, 70-ўринни эгаллаган. Бу бошқа индикаторлар билан солиштирганда энг юқори ўзгаришдир. Бир нарсани ёддан чиқармаслик керакки, ўтган йилги ҳисоботдан фарқли ўлароқ жорий йилги нашрда яна 11 та мамлакат индекси ҳам қўшилган.

Шак-шубҳасиз, индекс натижалари Президентимиз Шавкат Мирзиёев қатъий сиёсий иродаси туфайли мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш ортга қайтмас тус олгани, ушбу иллатга қарши амалий ва таъсирчан чоралар кўрилаётганидан далолат беради.

Маълумот учун айтиш керакки, Ҳуқуқ устуворлиги индекси натижалари 138 мингта уй хўжалиги ва 4 мингдан ортиқ ҳуқуқшунос ва мутахассислар ўртасида ўтказилган сўровлар асосида шакллантирилган. Мазкур индекс Жаҳон банкининг Бошқарув сифати индикаторлари, Transparency International ташкилотининг Коррупцияни қабул қилиш индексини шакллантиришда энг муҳим ахборот манбаларидан бири бўлиб хизмат қилади.

@aburxanov
Prezident saylovi yakuniga yetdi. Va bu kun shubhasiz tarixda qoladi.

O'zbekiston xalqining faol pozitsiyasi bilan yana bir muhim jarayon muvaffaqiyatli o'tkazildi.

Fuqarolar o'z kelajagini tanlash huquqidan foydalanishdi.

Oldinda taraqqiyotning yangi bosqichi turibdi.
Yurtimizga ko'z tegmasin!

@aburxanov
Давлат хизматига ишга қабул қилиш ва унда фаолият олиб боришда қариндош-уруғчилик (непотизм) каби коррупцияни келтириб чиқарувчи омилларнинг олдини олиш, бундай ҳолатларга йўл қўйганлик учун жавобгарликни белгилашни назарда тутувчи қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Барчадан ушбу лойиҳа муҳокамасида иштирок этиб, фикр ва таклифларни кутиб қоламиз.

@aburxanov
Ўзбекистон Республикасининг коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштирилиши муносабати билан “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун Президент томонидан имзоланди.

Унга кўра, жумладан, эндиликда коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ахборот бераётган шахслар ва уларнинг қариндошлари давлат ҳимоясида бўлади. Бундай шахсларнинг ҳаёти ва соғлигига ҳақиқий таҳдидни, уларга нисбатан зўрлик ишлатилганини, мол-мулки йўқ қилинганлиги ёки шикастлантирилганлигини тасдиқловчи етарли асослар мавжуд бўлган тақдирда коррупцияга қарши курашишни амалга оширувчи органлар уларни ҳимоя қилиш бўйича зарур чоралар кўриши шартлиги белгиланди.

@aburxanov
2022-2023 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлари дастури ишлаб чиқилади

Президентнинг тегишли Фармойишига мувофиқ, давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти тизимида “мобиль бошқарув аппарати”ни яратиш мақсадида 2022-2023 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлари дастурини ишлаб чиқишни мувофиқлаштирувчи республика комиссияси, давлат бошқаруви самарадорлигини оширишга қаратилган таклифларни ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳлари ташкил этилди.

Комиссия маъмурий ислоҳотларни амалга оширишда давлат бошқаруви органларининг фаолияти ўзаро келишилган тарзда, самарали олиб борилишини, сусткашликлар ва масъулиятсизликка йўл қўймаслигини таъминлаш, вазирлик ва идоралар фаолиятида аниқ кўрсаткичлар ва мақсадли индикаторларга эришиш тизимини жорий қилиш вазифалари қўйилди.

Ишчи гуруҳларига эса давлат бошқаруви органларининг мақомини белгилаш, тузилмаларини такомиллаштириш ва штат бирликларини мақбуллаштириш, давлат бошқаруви органларида коррупциянинг олдини олиш ва бошқа йўналишларда ҳар томонлама асослантирилган таклифларни ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

@aburxanov
Коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарлик чоралари кескин кучайтирилмоқда

Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарлик чораларини кучайтиришни назарда тутувчи қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилди.

Жиноят кодекси лойиҳасида “коррупцияга оид жиноятлар” тушунчасига аниқ таъриф берилмоқда ва 15 турдаги жиноятлар бу тоифага киритилмоқда.

Муҳим ўзгариш сифатида коррупцияга оид жиноятлар учун жазо чоралари кескин кучайтирилмоқда.

Эндиликда, ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-торож қилиш ёки фирибгарлик жиноятларини мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш ёки хизмат мавқеидан фойдаланиб содир этиш қилмишлари учун 10 йилгача (илгари 5 йилгача) озодликдан маҳрум қилиш жазоси киритилмоқда.

Шунингдек, пора олиш, пора бериш ва пора олиш-беришда воситачилик қилиш жиноятлари учун 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланмоқда.

Энг асосийси, порахўрлик жиноятларини содир этган шахслар жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинмаслиги ва жазо енгилроғи билан алмаштирилмаслиги ва бошқа қатор долзарб ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

@aburxanov
Мамлакатимизда коррупцияга қарши курашишда барча куч ва воситаларни бирлаштириш, айниқса бунга оммавий ахборот воситалари, нодавлат нотижорат ташкилотларни янада кенгроқ жалб этишни назарда тутувчи Президент қарори имзоланди.

@aburxanov
"...Тараққиёт кушандаси бўлган коррупцияга қарши курашиш, жамиятда унинг ҳар қандай кўринишига нисбатан муросасизлик муҳитини шакллантиришга қаратилган сиёсатни изчил давом эттирамиз. Бу борада давлат идоралари билан бирга, кенг жамоатчилик, айниқса, фуқаролик жамияти институтларининг куч ва салоҳиятидан самарали фойдаланишга жиддий эътибор қаратамиз." -
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мизиёевнинг Конституция қабул қилинганлигининг 29 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон халқига байрам табригидан.

@aburxanov
“Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасига киритилди

Унда давлат фуқаролик хизматчиларининг мақоми, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, давлат фуқаролик хизматининг асосий принциплари, давлат фуқаролик хизматига кириш очиқ танлов асосида амалга оширилиши, давлат фуқаролик хизматчисининг ротацияси, хизмат сафарлари, ижтимоий ҳимояси, хусусан, давлат фуқаролик хизматчисининг ҳаёти ва соғлиғи давлат бюджети ҳисобидан мажбурий суғурта қилиниши белгиланмоқда.

Қонун лойиҳасига мувофиқ, эндиликда давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг давлат реестри юритилади ҳамда давлат фуқаролик лавозимлари гуруҳлар, тоифаларга бўлинади ва малака даражалари ҳамда давлат фуқаролик хизмати лавозими туркумлари тартибга солинади.

Бундан ташқари, қонун лойиҳасида давлат фуқаролик хизматини ўташ билан боғлиқ чекловлар белгиланиб, ўзаро яқин қариндошлик ёки қуда-андачиликда бўлган шахслар бевосита бўйсунув ва назорати остидаги давлат фуқаролик хизмати лавозимини эгаллаш, педагогик, илмий ва ижодий фаолиятдан ташқари бошқа ҳақ тўланадиган фаолият тури билан шуғулланиш, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш, мавқеидан фойдаланиб ёки ўз хизмат вазифаларини бажариши эвазига ҳар қандай турдаги мукофот ёхуд совға олиш, чет эл фуқаролигига эга бўлиш, республика ҳудудидан ташқарида ҳисобварақлар очиш ва эгалик қилиш, кўчмас ва бошқа мол-мулкка эга бўлиш тақиқланмоқда.

Аҳамиятлиси, коррупцияга қарши курашиш бўйича алоҳида боб ажратилган бўлиб, унга кўра, давлат фуқаролик хизматчисининг манфаатлар тўқнашувини ҳал қилишнинг ташкилий-ҳуқуқий асослари белгиланиши ва риоя қилиш юзасидан мониторинг ва назорат ўтказилишини таъминлаш, давлат фуқаролик хизматчисининг совға олиш ва бериш тартибини белгилаш, давлат фуқаролик хизматчисининг одоб-ахлоқ қоидалари, хусусан давлат фуқаролик хизматчисининг хизматда ва хизматдан ташқаридаги хулқ-атворининг асосий қоидаларини белгилаш каби чора-тадбирларни амалга ошириш назарда тутилмоқда.

@aburxanov
Куни-кеча “Давлат органлари ва ташкилотларида коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори имзоланди.

Қарор билан давлат органлари, ташкилотлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида коррупция тарқалганлик даражасини баҳолаш услубиёти тасдиқланди.

Баҳолаш натижалари асосида коррупциянинг тарқалганлик даражаси рейтинги, шу жумладан коррупция хавфи юқори бўлган давлат органлари ва ҳудудлар рўйхати шакллантирилади.

Коррупцияга қарши курашиш самарадорлиги “қониқарсиз”, деб топилган давлат ташкилотлари фаолияти Коррупцияга қарши курашиш Миллий кенгашида эшитиб борилади ва камчиликларга йўл қўйган мансабдор шахсларга тегишли чоралар кўрилади.

@aburxanov
Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан очиқлик тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасида иккинчи ўқишда қабул қилинди.

Эътироф этиш керакки, мамлакатимизда сўнгги йилларда очиқлик ва ошкораликни таъминлашга қаратилган муҳим ва кескин ижобий ўзгаришлар амалга оширилди. Фуқароларнинг давлат идоралари мансабдор шахслари билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш имкони пайдо бўлди, улар фаолияти жамоатчилик учун максимал даражада очиқланмоқда.

Бироқ, айрим вазирлик ва идоралар, шунингдек, маҳаллий ҳокимликлар томонидан фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, хусусан, маҳаллий бюджетнинг режадан орттириб бажарилган қисми ва мазкур маблағлар йўналтирилган мақсадлар тўғрисидаги маълумотларнинг тўлиқ очиқланмаётгани, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессияларини телеканаллар, шунингдек, интернет тармоғида жонли эфирга узатилмаётланлиги, вазирлик ва идоралар томонидан хизмат сафарлари ва шунга ўхшаш ҳаражатлари, ўз тасарруфидаги хизмат автомототранспорт воситалари, хизмат уйлари ва бошқа кўчмас мулклар тўғрисидаги маълумотларни жамоатчиликка ошкор қилмаслик ҳолатлари сақланиб қолмоқда.
Бу эса турли даражадаги коррупцион хавф ва омилларнинг келиб чиқишига сабаб бўлмоқда.

Энг муҳими – 2014 йилда қабул қилинган “Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонуннинг 22-моддасида Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлиши назарда тутилган бўлсада, шу пайтга қадар уни бузганлик учун жавобгарлик белгиланмаган эди.

Янги қабул қилинаётган қонун билан эндиликда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонунчиликни бузган, жумладан Очиқ маълумот сифатида жойлаштирилиши керак бўлган маълумотларни эълон қилмаган ёки тўлиқ эълон қилмаган, эълон қилиш муддати ва тартибини бузган ёки маълумотларни нотўғри кўрсатган идоралар мансабдор шахслари маъмурий жавобгарликка тортилиши белгиланмоқда.

@aburxanov
“Transparency International” халқаро ташкилоти 2021 йил учун “Коррупцияни қабул қилиш индекси”нинг янгиланган рейтингини эълон қилди. Унга кўра, Ўзбекистон 2020 йилга нисбатан 6 поғонага кўтарилиб, 180 мамлакат орасида 140-ўринни эгаллади.

Ўзбекистон мазкур индексда сўнгги беш йил давомида барқарор ўсиш (2017 йилда 22 баллдан 2021 йилда 28 баллгача) қайд этиб, минтақадаги тез суръатларда яхшиланиб бораётган давлатлар қаторида эътироф этилди.

Бундай барқарор ўсишга эришиш замирида албатта мустаҳкам сиёсий ирода, муҳим ўзгаришлар ва реал ислоҳотларнинг амалга оширилаётгани ётибди.

Хусусан, бугун давлат органларининг молиявий ва бошқа турдаги фаолиятлари очиқлиги таъминланмоқда, улар фаолияти устидан таъсирчан жамоатчилик назорати ўрнатилди, давлат хизматига ишга қабул қилишнинг ошкора механизмлари йўлга қўйилмоқда, ер участкалари, давлат активлари ва бошқа турдаги мол-мулклар ҳар қандай фуқаро қатнашиши мумкин бўлган онлайн аукционларда реализация қилинмоқда, аҳолига 150 дан зиёд давлат хизматлари бюрократия ва инсон омилисиз кўрсатилмоқда.

Энг асосийси - бугун фуқаролар, кенг жамоатчиликда коррупция иллатига нисбатан тоқатсиз муносабат шаклланмоқда. Коррупциявий хатти-ҳаракатлар ОАВ ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг доимий диққат марказида турибди.

Албатта, мамлакатимизнинг мазкур рейтингдаги ўрни мақтанарли даражада эмас. Ҳали олдинда қилиниши керак бўлган жуда кўп ишлар турибди.

Жумладан, яширин иқтисодиёт кўламини қисқартириш, давлат хизматчиларининг мол-мулки ва даромадларини очиқлаш, барча муносабатларда манфаатлар тўқнашувига йўл қўйиш ҳолатларига чек қўйиш, коррупция жиноятлари учун кескин жазо чораларини қўллаш, давлат хизматчилари фаолиятига ҳалоллик стандартларини сингдириш, аҳолининг коррупцияга қарши билимларини ошириб бориш – шулар жумласидандир.

@aburxanov
This media is not supported in your browser
VIEW IN TELEGRAM
Биз ҳар куни коррупция балосидан тезроқ қутулиш, юртимиз ривожига ўз ҳиссамизни қўшишга ҳаракат қиламиз. Бироқ, коррупция иллати ҳанузгача елкамизда оғир юк бўлиб қолмоқда.

Бу юкдан қанча тез қутулсак, олдимизга қўйилган мақсадларга шунча тез эришамиз. Бунинг учун нафақат Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, балки аҳолининг барча қатламлари фаол иштирок этишлари, кўмаклашишлари керак.

Агентлик мазкур граффити муаллифи @inkuzart нинг ижодий ғоясини ва коррупцияга нисбатан муросасизликка қаратилган шу каби креатив ёндашувларни доимо қўллаб-қувватлайди.

@aburxanov