Prezident matbuot kotibi | Sherzod Asadov
108K subscribers
3.92K photos
564 videos
2.65K links
O‘zbekiston Respublikasi Prezidenti matbuot kotibining rasmiy kanali

Facebook: facebook.com/PressSecretaryUZ

Instagram: instagram.com/press_secretary_uz

Twitter: https://twitter.com/Sherzod_Asadov
Download Telegram
Йигирма йил давомида мамлакатимиз медиа майдонида фаолият юритиб келаётган Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси аъзолари уюшма ишини Ўзбекистон Миллий медиа ассоциацияси сифатида давом эттиришга қарор қилдилар.

Шу муносабат билан ташкил этилган анжуманда ахборот майдонининг доимий кенгайиб бораётгани, медиа бозорига янги иштирокчилар кириб келаётгани ва рақобат ўсаётганини ҳисобга олган ҳолда илгари сурилган ушбу ташаббусни биз қўллаб-қувватлашимизни таъкидладим.

Биз соф ва объектив журналистика тарафдоримиз. Сохта, фейк ва нохолис ахборот билан муроса қилмайдиган журналистикани истаймиз.

Умид қиламанки, янгиланган ассоциация айнан шу мезонлар руҳида фаолият олиб борадиган, иштирокчиларини атрофида жипслаштира оладиган, ижодий ғояларни ўртага ташлайдиган майдонга ҳамда аъзоларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилувчи, юксак профессионал стандартларни қўллаб-қувватлайдиган нуфузли ташкилотга айланади.

Янгиланишлар даврида омад ва зафарлар ёр бўлсин, ҳурматли ҳамкасблар!
Бироздан сўнг Президент Шавкат Мирзиёев раислигида шошилинч ва тез тиббий ёрдам сифатини яхшилаш ҳамда уни аҳолига янада яқинлаштириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши бошланади.

Скоро под председательством Президента Шавката Мирзиёева начнется видеоселекторное совещание по мерам улучшения качества экстренной и скорой медицинской помощи, дальнейшему расширению доступа населения к ней.

Facebook|Instagram|Twitter
Президент раислигида тез тиббий ва шошилинч ёрдам хизмати фаолиятини такомиллаштириш бўйича видеоселектор йиғилиши бошланди.

“Тиббиёт тизимидаги ислоҳотларимизни одамлар, биринчи навбатда, тез тиббий ва шошилинч ёрдамда бўлган ўзгаришларни кўргандагина ҳис қилади.

Инсон соғлиғи ва унинг ҳаётини сақлаб қолишда “олтин соат” оралиғида биринчи ёрдам кўрсатувчи бўғин, албатта, тез тиббий ва шошилинч ёрдам ҳисобланади.

Айтиш жоизки, ушбу соҳа умуман эътибордан четда қолиб кетган эди.

Мана, сўнгги беш йилда ушбу ҳаётий муҳим соҳаларнинг моддий-техник базасини яхшилаш, кадрлар салоҳиятини ошириш бўйича катта ишларни бошладик”, деди давлатимиз раҳбари сўзининг аввалида.

Жумладан, бу даврда:

- 2 224 та янги тез ёрдам машиналари олиб берилди ёки транспорт паркининг 80 фоизи янгиланди;

- замонавий реанимация машиналари сони 24 тадан 435 тага кўпайтирилди;

- битта чақириққа дори-дармон учун ажратилаётган маблағлар миқдори 16 бараварга, дори-дармон турлари 20 тадан 45 тагача оширилди.
Шунингдек, тез ёрдам подстанциялари сони 800 тадан 1 666 тага, тиббий ёрдам бригадалари эса 1 890 тадан 2 695 тага етказилди. Натижада тез ёрдамнинг кечикишлари шаҳарларда 10 бараварга қисқарди.

Ҳудудларда 21 та туманлараро қўшма шикастланиш ва ўткир қон-томир касалликлари марказлари ташкил этилди (йил якунига қадар марказлар сони 35 тага етказилади).

Мисол учун, “Қамчиқ” довонидаги автоҳалокатларда оғир тан жароҳати олган беморлар олдинлари 100 километр масофани босиб, Тошкент ва Наманган шаҳридаги шошилинч марказларга олиб борилган.

Ангрен шаҳри ва Поп туманида очилган марказлар ҳисобига ўтган 3 ойнинг ўзида бош мияда 80 га яқин шошилинч мураккаб операциялар ўтказилди.

Ёки, Қўрғонтепа туманида ташкил этилган марказда ўткир юрак қон-томир касалликлари бўйича 68 нафар беморга шошилинч операциялар ўтказилиб, уларнинг ҳаёти сақлаб қолинди. Олдинлари бу операциялар фақат Андижон шаҳрида бўлган.

Лекин Шаҳрисабз, Касби, Сирдарё туманларида бундай марказларни ташкил этиш ишлари суст кечмоқда.
Вилоят шошилинч марказларида 40 дан зиёд юқори технологик операциялар йўлга қўйилганини қайд этиб, давлатимиз раҳбари тиббиёт соҳаси вакиллар билан очиқ мулоқотда тез ёрдам хизматини такомиллаштириш бўйича кўплаб масалалар кўтарилганини кўрсатиб ўтди.

“Мисол учун, тез тиббий ёрдам бригадаси кечикиб келиши бўйича 2021 йилнинг ўзида вилоятлардан 50 мингдан зиёд шикоят келиб тушган.

Сабаби, соҳада ягона бошқарув тизими йўлга қўйилмаган, яъни тез тиббий хизматнинг 3 та “хўжайини” бор.

Жумладан, тиббиёт ходимини “райздрав” тайинлайди, диспетчерларни ишга қабул қилиш ва дори-дармон таъминоти вилоят шошилинч ёрдам марказида, транспорт парки, ёқилғи таъминоти ва ҳайдовчилар эса “облздрав”га бўйсунади”, деди Президент.

Бундай бошқарув тизимида чалкашликлар кўплиги, бунинг оқибатида тез тиббий ёрдам хизмати кўрсатиш туман ҳудуди билан чекланиб қолгани, тез ёрдам станцияси қўшни туман билан чегарадош бўлса ҳам, бошқа ҳудуд деган важ билан чақирувни қабул қилмаслиги танқид қилинди.
Йиғилишда Тошкент шаҳрида тез тиббий ёрдам ягона тизимга бирлаштирилиб, рақамлаштирилгани, лекин ҳудудларда бу ишлар бошланмагани қайд этилди.

“Тез тиббий ёрдам машиналарида замонавий навигация жиҳозларининг йўқлиги, 10 мингта кўчаларга ҳалигача ном, 500 мингга яқин уйларга рақам берилмагани учун тез ёрдам бригадаларининг асосий вақти манзилни топишга сарфланмоқда.

Шу билан бирга, туман даражасида шошилинч тиббий ёрдам тизими самарали йўлга қўйилмаган.

Жумладан, туман шифохонасида терапия, педиатрия ва хирургия йўналишида ҳам режали, ҳам шошилинч бўлимлар мавжуд ва улар бир-бирини такрорлайди.

Бунинг натижасида шошилинч операцияни бир бўлимда, унинг келгусидаги даволаниши бошқа бўлимда ўтказилмоқда. Оқибатда бемор сарсон, шифокорлар эса қўшимча қоғозбозлик билан овора”, деди Президент.

Барча вилоят, туман ва шаҳар ҳокимларига бу масалани ичига шахсан кириб, ушбу самарасиз амалиётдан тўлиқ воз кечиш чораларини кўриш топширилди.
Тизимдаги энг катта муаммо – шошилинч ёрдам бемор учун энг яқин тиббиёт муассасасида эмас, балки фақатгина олдиндан бириктирилган саноқли шифохоналарда кўрсатилиши қайд этилди.

Мисол учун, Мирзо Улуғбек тумани, “Қорасув-1” мавзесида “ўткир бош-мия жароҳати” олган беморни, тез ёрдам бригадаси йўлидаги энг яқин шифохона – Республика нейрохирургия марказига эмас, балки Чилонзордаги Республика шошилинч марказига олиб боришга мажбур.

Шу каби, Фарғона тумани Миндонобод қишлоғида вилоят Кардиология маркази бўлсада, ушбу қишлоқдаги юрак хуружига учраган беморни тез ёрдам 15 километр йўл босиб, Водилда жойлашган туман шифохонасига олиб боради.

Шу боис, тез тиббий ва шошилинч ёрдам тизимини такомиллаштириш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқилди ва барча ҳокимларга етказилди.

Лекин, аксарият вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари бу масаланинг мазмун-моҳиятини ҳали тўлиқ тушуниб етгани йўқ, айримлари эса тушунишни хоҳламаяпти, деди Президент.