Prezident matbuot kotibi | Sherzod Asadov
108K subscribers
3.92K photos
564 videos
2.65K links
O‘zbekiston Respublikasi Prezidenti matbuot kotibining rasmiy kanali

Facebook: facebook.com/PressSecretaryUZ

Instagram: instagram.com/press_secretary_uz

Twitter: https://twitter.com/Sherzod_Asadov
Download Telegram
Йиғилишда ижтимоий соҳа объектларида ҳам босқичма-босқич муқобил энергия ускуналарини ўрнатиш муҳимлиги таъкидланди.

Мутасаддиларга келгуси йил Инвестиция дастури маблағларининг камида 15 фоизини шундай қурилмаларни ўрнатишга йўналтириш топширилди.

Бунда, йил якунига қадар 2 107 та боғчада, 1 минг мактабда,
1 071 та оилавий шифокор пункти, поликлиника ва шифохоналарда, 1 минг маҳаллада ташкил этилаётган янги тиббиёт пунктларида, 200 та санаторий ва бошқа дам олиш масканларида қуёш электр панеллари ва сув иситиш қурилмалари ўрнатилади.

Шу билан бирга, 2023 йилдан:

- савдо-кўнгилочар комплекслар, маданият ва истироҳат боғлари, ресторанлар, меҳмонхоналар;

- супермаркетлар, дўконлар, бозорлар, савдо омборлари;

- автомобилларга газ ва ёқилғи қуйиш станциялари;

- аэропорт, темир йўл ва автобус вокзаллари;

- хусусий таълим ва тиббиёт ташкилотлари;

- тижорат банклари ва уларнинг филиаллари камида 25 фоиз иссиқ сув истеъмоли ва ташқи ёритишни муқобил энергия ҳисобидан қоплаш талаби киритилади.
Менделеев номидаги кимё-технология университетида 100 киловатт қувватли қуёш электр ускунаси ўрнатилиб, йилига 200 минг киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқарилмоқда, 36 та сув иситиш қурилмасини ўрнатиш ҳисобига йилига 4,2 миллион киловатт соат ёки қарийб 2 миллиард сўмлик электр энергияси тежалмоқда.

Олий таълим вазирлигига ушбу тажрибани барча олийгоҳларда 2022 йилнинг ўзида жорий қилиш топширилди.

Президент вазирлик ва идора, ҳокимлик, маҳалла биноларини ҳам муқобил энергияга ўтказиш вақти келганини таъкидлади. Вазирлик ва идораларда электр ва иссиқлик энергияси харажатларини камида 25 фоизга қисқартириш бўйича дастур ишлаб чиқиш топширилди.

Молия вазирлиги:

- давлат идораларида энергия ресурслари истеъмоли бўйича нормативларни ишлаб чиқади;

- йил якуни билан харажатларни камайтирмаган раҳбарларга нисбатан чора кўриш бўйича таклиф киритади;

- хорижий консультантларни жалб қилиб, барча иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий объектларда Энергия тежамкорлик миллий дастурини ишлаб чиқади.
Йиғилишда шулар билан бирга:

- барча вилоят, туман (шаҳар) ички ишлар бошқарма ва бўлимларида ҳамда жазони ижро этиш муассасаларида;

- барча туман солиқ инспекциялари ва вилоят солиқ бошқармаларида;

- барча вилоят, туман ва шаҳар прокуратуралари, Бош прокуратура Департаменти ва Мажбурий ижронинг бошқарма ва бўлимларида;

- барча вилоят, туман ва шаҳар адлия идоралари, давлат хизматлари марказлари, ФҲДЁ бўлимларида;

- барча вилоят, шаҳар ва туман молия, ғазна, пенсия идоралари, суғурта ташкилотларида;

- камида 1 мингта маҳалла идораси биноларида муқобил энергия қурилмаларини ўрнатиш вазифаси қўйилди.

Бугунги йиғилишда белгилаб берилган чора-тадбирлар ҳисобига жорий йилнинг ўзида муқобил энергия манбалари қурилмаларининг қўшимча 1 триллион сўмлик бозори яратилади.

Шу муносабат билан ҳар бир вилоятда камида 1 тадан шундай қурилмаларни ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш лозимлиги таъкидланди.
Йиғилишда ҳудудларда микро ва кичик ГЭСлар қуриш учун майдонлар белгиланиб, жами 56 мегаваттли 200 та лойиҳа ишлаб чиқилгани таъкидланди (йилига 202 миллион киловатт соат электр ишлаб чиқарилади). Бунда:

- 500 киловаттгача бўлган ГЭСларда ишлаб чиқарилган электр энергиясининг бошланғич харид нархи тадбиркорлар учун жозибадор тарифларда белгиланади;

- лойиҳа учун ер участкаси аукцион ғолибига узоқ муддатли ижарага берилади.

Шу билан бирга, 1 мегаваттгача қуёш ва шамол, 5 мегаваттгача микроГЭСларнинг ортиқча электр энергияси камида 10 йил давомида давлат томонидан кафолатли харид қилинади.

Йил якунига қадар Андижон вилоятида 15 та, Наманганда 10 та, Қашқадарё, Сурхондарё, Тошкент вилоятларида 6 тадан, Самарқанд, Сирдарёда 2 тадан, Бухоро, Жиззах, Фарғонада 1 тадан лойиҳани бошлашга кўрсатма берилди.

Умуман, мамлакатимиз гидроэнергетика салоҳиятини ҳисоб-китоб қилиб, хусусий шериклик лойиҳаларини бошлаш топширилди.

Йиғилиш якунида мутасаддилар белгилаб берилган вазифалар бўйича ахборот берди.