Online doctor ( Онлайн доктор )
2.29K subscribers
729 photos
84 videos
21 files
1.62K links
"Ваҳиманинг ўзи ярим касалликдир.
Ҳотиржамлик ярим соғликдир.
Сабр эса шифонинг бошланишидир."
(Абу Али Ибн Сино)

Каналда берилаётган маълумотларни шифокор маслаҳати билан қўлланг!

Админ: @NeyroxirurgO
Download Telegram
Янги терапия усулини татбиқ этиш учун ўртача 10-15 йил ва 800 млн АҚШ долларидан ортиқ маблағ (бу миқдор ичига самарасиз уринишларда сарфланган маблағлар ҳам киради) сарфланади. Янги #препаратни_самараси_ва_ҳавфсизлигини текшириш жуда қийин ва кўп этапли жараён. Одатда у лаборатор текширувлар, ҳайвонларда синовлар, одамларда клиник синовлар, мунтазам синовлар, препарат тасдиқланиб, сотувга чиқса постмаркетинг синовлари ва кузатувларидан иборат.

#Ҳайвонларда_синовлар
Потенциал препарат аниқлангандан сўнг одатда ҳайвонларда синов ўтказилади. Бунда камида иккита турда ўтказилиб, препаратнинг турлича турларга таъсири ўрганилади. Бундай синовдан мақсад токсикологик текширув (заҳарлилиги) ва ADME (Absorption - сўрилиши, Distribution - тарқалиши, Metabolism - метаболизм and Excretion – ажралиб чиқиши) прицинплари бўйича текширишдир. Бунда дорининг сўрилиши, қайси аъзоларга тарқалиши, парчаланиши, қандай чиқиб кетиши (пешоб орқали, аҳлат билан, сўлак безларида ва б.) ва аъзоларга токсиклиги ўрганилади. Шунингдек ҳайвонларда турли касалликларга таъсири аниқланади.

Препарат самарасини ўрганадиган ушбу текширув FDA рухсатномасини олиш учун муҳим бўлсада, клиник практикага биологик ҳавфсизлиги тасдиқлангач руҳсат берилади. Бундай препаратнинг ҳавфсизлигини одамларда ҳам текширилиши мумкин. Албатта бу одамлар кўнгилли бўлиб, препарат ёки вакцинани ҳавфсизлиги ва самарасини аниқлаш учун уларга номаълум кимёвий модда ёки бирор касалликни киритилиши тўғрисида огоҳлантирилган бўлади.
Вақт ўтгани сайин олимлар ҳайвонлардаги текширувларни тўлдирилишига ва бошқа методларга ўзгартирилишига ишонишади. Масалан, биологик механизмларни компютер ёрдамида моделлаштириш. Бунда препаратларни ҳайвонларда клиник текширув ўтказгунга қадар ҳавфсизлиги таъминланади.

#Клиник_текширувлар
Препаратнинг ҳавфсизлиги ҳайвонларда синалиб, препарат FDA рўйхатига вақтинча олинади ва клиник текширувга йўлланади.

Ҳар бир янги препарат бир нечта босқичдан иборат клиник текширувдан ўтади:

- Фаза-1. Эрта тадқиқотлар. Кичик гуруҳдаги кўнгиллилар орасида препарат ҳавфсизлигини текшириш.

- Фаза-2. Каттароқ масштабдаги оралиқ тадқиқотлар. Самараси тўғрисида дастлабки маълумотлар олиш.

- Фаза-3. Маркетингга қадар текширув. Пациентларни мақсадли гуруҳи орасида ўтказилиб, айнан ўзи буюрилган касалликка нисбатан самараси аниқланади.

Кам учрайдиган ва оғир касалликлар учун қўлланиладиган айрим препаратларни текшириш кичик гуруҳларда амалга оширилишига руҳсат берилади. Енгилроқ касалликларни даволаш ва даволашнинг бошқа йўллари мавжуд касалликлар учун ишлаб чиқилган воситаларни клиник текширувлардан ўтказиш учун эса катта гуруҳлардаги натижалар талаб этилади.

@OnlineDoctorUz
​​Текширувларда (айниқса самарали давоси йўқ касаллик учун тавсия этилаётган препаратни татбиқ этишда) кишилар икки гуруҳга бўлиниб, бир гуруҳига текширилаётган препарат, иккинчи гуруҳига эса плацебо (худди шу кўринишдаги ичида таъсир этувчи моддаси йўқ препарат) берилади. Гуруҳдаги кишилар тасодифий танлаб олинади. Кузатувни олиб бораётган врачлар қайси гуруҳ препаратни истеъмол қиляпти, қайси гуруҳ плацебо олаётганини билса, бундай текширув #бир_томонлама_кўр_усул дейилади. Текширувчи ҳам, текширилувчи ҳам бундай маълумотга эга бўлмаса #икки_карра_кўр_усул дейилади. Айнан шу усул препаратларни текширишда “олтин усул” саналади.

Сабаби текширувчи ҳам, текширилувчи ҳам натижага таъсир қила олмайди.

Клиник текширувлар самарали якунланса, #янги_препаратни_рўйхатга_олиш учун FDAга ариза берилади. Бундай ариза оддий препаратлар учун NDA (new drug application) шаклида, биопрепаратлар учун BLA (Biologics license application) шаклида бўлиб, одатда бир неча юза саҳифалардан иборат бўлади. У ерда препаратнинг барча текширувлар тўғрисида батафсил маълумот ёзилади. Ариза 10 ойдан кўп бўлмаган муддатда ўрганилади. Зарур ҳолларда FDA томонидан мустақил консултатив қўмита фикрини билиш учун жалб этилади. Қўмита препаратни ўрганиб, якуний йиғилишда препарат самараси ва ҳавфсизлигига овоз бериб, ўз хулосасини
билдиради. Якуний қарор эса албатта FDAнинг ўзида қолади.

Рухсатномани олгач, FDA билан ишлаб чиқарувчи компания томонидан стандарт шаклдаги инструкция тайёрланади. Бу инструкцияда препарат таркиби, қўллашга кўрсатмалар, учраши мумкин бўлган ножўя таъсирлар, дозаси бўйича тавсиялар, ўтказилган #клиник_текширувлар бўйича қисқа маълумотлар ва даволовчи врач учун фойдали бўлган бошқа маълумотлар акс этади. Врач препаратни инструкциясида кўрсатилмаган касаллик бўйича қўллаши мумкин. Лекин ишлаб чиқарувчига препаратни ҳужжатсиз сотиш таъқиқланади.

Руҳсатномани олиб, савдога чиққач иш шу билан тугамайди. Ишлаб чиқарувчи препаратнинг бошқа касалликларга кўрсатмалари бўйича қўшимча 2- ва 3-фаза текширувларини ўтказади. Натижасига кўра FDAга қўшимча ариза бериш мумкин.

Бундан ташқари компания қўшимча 4 та клиник текширув ўтказади. Бундан мақсад аниқланган маълумотларни текшириш. Барча текширувлар натижасида аниқланган салбий таъсирлар тўғрисида FDA огоҳлантирилиши зарур.

@OnlineDoctorUz
Болаларнинг ич келиши маълум рақам оралиғида бўлмай, ҳолатга қараб турлича бўлиши мумкин. Лекин маълум “стандарт”га эга.Яъни:

- биринчи дефекация (ичакларни меконийдан бўшаши) бола ҳаётининг илк 36 соати ичида бўлади. 90% болаларда илк 24 соат ичида;

- ҳаётининг биринчи ҳафтасида кунига ўртача 4 мартагача ичи келади. Бу жуда турлича бўлиб овқатлантиришнинг табиий ва сунъийлигига боғлиқ;

- 2 ёшгача бўлган болаларда ич келиши суткасига 3 мартадан бошлаб, бир неча кунда 1 мартагача бўлиши мумкин;

- 2 ёшдан кейин кунига 1-2 марта дефекация бўлиши лозим;

- 4 ёшдан кейин кунига 1 марта аҳлати келади.

Мавзуни (болаларда ич қотиши ва ич кетиши бўйича) кечроқ давом эттирамиз.

@OnlineDoctorUz
#Болаларда_ич_қотиши уларни ва ота-оналарини кўп безовта қиладиган сабабдир. Статистикага кўра врачларга бўладиган мурожаатнинг 3-5% қисмини ич қотиши ташкил этади. Болаларнинг 1-30% қисмида ич қотиши учрайди.

Қисқа давом этадиган ич қотишлари кўп учраб, бир неча кун давом этади. Тўғри овқатланиш ва етарли миқдорда суюқлик ичиш орқали ҳолат яхшиланади. Бироқ баъзи болаларда қийин кечувчи ва сурункали давом этувчи ич қотишлари ривожланади. Болани кийимида аҳлат пайдо бўлиб қолиши кўпинча ич ўтиши деб баҳоланади. Аслида бу ич қотишининг белгиси бўлиши ҳам мумкин.

Ич қотишига органик (аъзоларни ўзгариши) ва функционал ҳолатлар (аъзолар анатомик ўзгаришлари йўқ, вазифаси бузилади) сабаб бўлади.

Болаларда ич қотишини икки гуруҳга ажратиш мақсадга мувофиқ:

1. енгил ёки вақтинча. Бу кенг тарқалган ҳолат бўлиб, вақти-вақти билан такрорланиб туради.

2. сурункали. Нисбатан кам учрайди.

Бу икки ҳолатнинг давоси турлича бўлади.

Касалликка ташхис қўйишда #Рим_критерийлари (III) эътиборга олинади. Унга кўра ёш болаларда:

- ҳафтасига 2 мартадан кам ичи келса;

- гигиеник амалиётлардан сўнг аҳлатни тута олмаса;

- аввалдан турғун ич қотиши бўлса;

- оғриқли ва қийин ич келиши;

- аҳлатнинг ҳажми кўплиги;

- аҳлатда катта аҳлат тошлари борлиги;

Юқоридагиларнинг камида 2 таси бўлса ташхис қўйилади.

4-18 ёшли болаларда:

- ҳафтасига 2 мартадан кам аҳлат келиши;

- ич ўтиши эпизодлари;

- ични ўз ҳоҳиши билан тутиб туриш эпизодлари;

- оғриқли ва қийин ич келиши;

- аҳлат ҳажмининг кўплиги;

- катта диаметрли аҳлат тоши борлиги;

Ташхис юқоридагиларни камида 2 таси бўлса қўйилади.

@OnlineDoctorUz
#Болаларда_ич_қотишига нималар сабаб бўлади?

1. Егуликлар ва ичимликлар. Овқатланиш режимининг бузилиши болаларда ич қотишининг асосий сабабчиси бўлади. Егуликлар таркибида клечатка, овқат толаларининг йўқлиги ва етарли миқдорда суюқлик ичмаслик ич қотишига олиб келади. Бунда аҳлат массаси қуруқ бўлиб, ҳаракатланиши қийин бўлиб қолади.

2. Аҳлатни ақлан ушлаб туриш. Болани дефекацияга чақириқ безовта қилади, лекин ўзи мажбуран ушлаб туради. Бу функционал ич қотишларнинг энг кўп сабабидир. Болангизда оёқларини қисиб олганини, товонида ўтириб олганини ва шу каби ҳаракатларини кўрсангиз дефекацияга чақириқни мажбуран босаётганини ўйланг. Узоқ вақт ушлаб туриш аҳлат массаси ҳажмини кўпайтиради ва ич қотишига олиб келади. Боланинг бундай қилишига қатор сабаблар бор: аввалги ич келиши қийин ва оғриқли бўлганлиги (анал соҳада ёриқ, перианал соҳани таъсирчанлиги, геморрой), нотаниш ва дискомфорт ҳолат (масалан, жамоат жойларидаги ҳожатхоналарга боргиси келмаса), эмоционал муаммолар ва депрессия.

3. Болаларда ич қотишига олиб келадиган касалликлар. Бундай касалликлар анчагина кўпдир: қалқонсимон без касалликлари, ичак фаолияти бузилишлари, сигир сутига аллергия ва б. Агар ич қотиши бошқа касаллик сабабли юзага келаётган бўлса албатта ўша касалликнинг бошқа белгилари ҳам бўлади. Бундан ташқари айрим дори воситалари ич қотишини келтириб чиқаради.

Болада ич қотиши бўлса нима қилиш керак?

Клечаткага бой егулик беринг. Шу мақсадда сабзавотли шўрва, таомлар билан бирга мевалар бериш мумкин. Суюқликни етарли ичишини ҳам назорат қилинг. Кўпгина болалар газланган ширин ичимликлар ёки мева шарбатларини ичишни ёқтиришади. Бу эса уларнинг иштаҳасини бўғиб, клечаткали таомларни етарли миқдорда ейилишига тўсқинлик қилади. Олхўри, нок ва олма шарбатлари эса юмшатувчи таъсир этиб, ичаклар фаолиятини яхшилайди.

Болангизга кунда маълум вақтда ҳожатхонага боришни ўргатинг. Одатда нонуштадан кейин, боғча ёки мактабга кетишдан аввал. Организм ҳам биосоат каби шу вақтга мослашади.

Сурункали ич қотишларида эса даво узоқроқ вақт давом этади. Даволаш эрта тўхтатилса ич қотишининг қайтарилиши эҳтимоли юқори бўлади.

@OnlineDoctorUz
#Болада_ич_кетишининг сабаблари турлича бўлади:

1. Овқатланишнинг бузилишлари. Агар бола эмизикли бўлса онанинг рациони ўзгаришлари ҳам таъсир этади.

2. Клечаткага бой таомлар кўп истеъмол қилиш ва қўшимча овқатга нисбатан таъсирланиш. Бунда рационни тўғрилаш орқали натижага эришиш мумкин.

3. Дорилар таъсирида ич кетиши. Айрим дори воситаларининг ножўя таъсири сифатида юзага келади. Айниқса антибиотикларга нисбатан.

4. Ичак инфекциялари. Бу болаларнинг ич кетишига олиб келадиган энг кенг тарқалган сабабдир. Ичакларга тушган бактерия, вирус ва бошқа касаллик қўзғатувчилари ичак фаолиятини бузиб, ич кетишига олиб келади. Энг кенг тарқалганлари: ротовирус, салмонеллёз, эшерихоз, амёба дизентерияси, бактериал кампелобактериоз.

5. Ўт йўллари дискинезияси.

6. Ферментлар етишмовчилиги ва ичаклар моторикасининг бузилиши.

7. Саёҳат вақтида иқлим ўзгаришлари ҳам ич кетишларига олиб келади.

Ич кетишининг қуйидаги асоратлари бор:
- сувсизланиш
- тортишишлар пайдо бўлиши
- ошқозон бузилишлари
- дисбактериоз сабабли бўлса астма, дерматит, ичак дискинезияси, сурункали гастродуоденит ривожланиши мумкин.
- нейротоксикоз, мия шиши, инфекцион-токсик шок, электролитлар алмашинувининг бузилиши, сепсис кабилар юзага келиши мумкин.
- дизентерия эса энцефалит, артрит, неврит, камқонлик, витаминлар етишмовчилиги, пиодермия, отит, пневмония кабиларга сабаб бўлади.
- оғир ҳолларда ўлимгача олиб боради.

Даволаш учун албатта врачга мурожаат этиш шарт! Бемор болага йўқотилган суюқлик ўрнини тўлдириш ва асосий касалликни даволаш зарур.

@OnlineDoctorUz
Ич кетишининг энг ёмон асоратларидан бири бу – #сувсизланишдир. Сувсизланишни уйда, мустақил тарзда билиш мумкинми? Албатта мумкин. Болангизнинг ичи кетаётган бўлса қуйидаги белгилар асосида сувсизланиш борлигини билишингиз мумкин:

- лиқилдоқнинг ичкарига ботиб қолиши;

- кўз ёши ва сўлагининг йўқлиги;

- тери ва шиллиқ қаватларининг қуруқлиги;

- тил ва лабнинг қуруқлиги;

- 6 соат ичида пешоб ажратмаслиги;

- болада бўшашганлик, уйқучанлик;

Бола қанчалик кичик бўлса сувсизланиш ҳавфи шунчалик юқори бўлади! Агар бола кўп суюқлик йўқотган бўлса ва сувсизланиш белгилари бўлмаса ҳам зудлик билан шифокорга мурожаат этиш зарур!

@OnlineDoctorUz
Мавзуга доир

Ич қотишда ишлатиладиган воситаларни #назоратсиз_қўллаш ҳам ич кетишига олиб келади (катталарда ҳам). Адабиётларда шундай воситалар таъсирида ич кетиб, сувсизланиб, ўлим ҳолатлари қайд этилган. Шу сабабли ҳеч бир дори воситасини врач тавсиясисиз, назоратсиз қўлламаслик зарур.

@OnlineDoctorUz
Тошкентда таблетка гиёҳвандлиги ёки дорихона қуллари ҳақида

Бугунги кунда Ўзбекистонда гиёҳванд моддаларнинг энг кенг тарқалган янги тури — таблетка гиёҳвандлигидир.

Сўнгги йиллар Тошкент шаҳрида кенг тарқалиб бораётган #таблетка_гиёҳвандлиги истеъмолчилари орасида ёшлар ва ўсмирлар кўпайиб бормоқда. Наркоманлар ҳам осон топиладиган ва арзон психотроп-наркотик таркибга эга, дорихоналарда қонуний ва кўчаларимизда ноқонуний равишда сотилаётган #психотроп таблеткаларга ўтиб олган.

Савол беришингиз мумкин. Қандай қилиб бир вақтда қонуний ва ноқонуний бўлиши мумкин деб.

Қонунийси бу - психотроп моддаларларнинг яъни прегабалин ўша таркибида бошқа номлар билан расмий олиб келиниши ва дорихоналарда сотилиши. Бунга ССВ рухсат берган.

Ноқонуний кўриниши эса, кўчалар ва бошқа жамоат жойларида контрабанда ва бошқа йўллар билан олиб келинган психотроп таблеткаларнинг сотилиши.

Оҳирги пайтда олинаётган маълумотларга кўра, таблетка гиёҳвандлигига ружу қўйганлар орасида тунги таксистлар, мактаб ўқувчилари, талабалар, асосан ўсмирлар 13 ёшдан 18 ёшгача бўлганлар, шунингдек ўрта ёшлилар учрамоқда.

Энг ачинарлиси, уларни #профилактик_суҳбат ёки тўғри тушунтириш, 1 ойлик даволаш курси билан тузатиб бўлмайди.

Тошкент шаҳрида ноқонуний психотроп таблеткалар савдосидан катта даромад топаётган нокас инсонлар, бир неча баробар жавобгарликка тортилганига қарамасдан, ўз ишини давом эттирмоқда, эндиликда улар ўсмирлардан фойдаланиб ўз ишини давом эттиришга уринмоқда.

Ўрганишлар ва сўраб-суриштиришларга кўра, битта кўчада психотроп таблетка сотувчи 200 000 сўмдан 1 000 000 сўмагача даромад топади. Бундан кўриш мумкинки, бу пуллар ўзига оҳанграбодек барча умрни заволига олиб келувчиларни тортмоқда.

Психотроп таблетка истемол қилувчи бир киши эса, кунига 20 000 сўмадан 200 000 сўмгача таблеткаларни сотиб олади.

Бу масалани #ижтимоий_хавфи жуда катта бўлиб, ҳеч қаерда ишламайдиган ўқувчи-талаба ёки наркоман ҳар куни ўрта ҳисобда 100 000 сўм, ойига 3 000 000 сўмни қаердан ва қанақа қилиб пул топаётгани, нималар қилаётгани ҳеч ким назорат қилолмайди. Бу ўз навбатида оилаларнинг нотинчлиги, кичик ўғрилик ва бошқа кутилмаган оқибатларга олиб келади.

Энди масаланинг бошқа томонига эътибор берсак, ҳуқуқ-тартибот ва хавфсизлик органларимиз: ДҲҲ, Прокуратура, Департамент, ИИВ тизими ва бошқалар ўз ваколати доирасида бу психотроп таблеткаларнинг ноқонуний савдосига, уларни олиб келаётган ва тарқатаётган шахсларга нисбатан кескин кўраш олиб бормоқда. Уларнинг оқибатлари билан кўрашмоқда. Лекин улар ССВ томонидан рухсат берилиб, дорихонлар орқали психотроп таблеткаларни сотилиши ва психотроп таблеткаларнинг таркиби махсус рўйхатга киритилмагани, таъқиқланмагани, уларни сотиш учун жиддий жазолар белгиланмагни учун бу иллатни илдизи билан янчиб ташлашига йўл бермаяпти.

Бу муаммо барча даражадаги органларга етказилган, маълумотлар доимий берилмоқда. Натижа эса ҳозирча йўқ.

Бу ҳолатларни қандай тушуниш керак? Фармацевтик компаниялар қачонгача миллионлаб доллар даромад кўриб, юртдошлармизни заҳарлашда давом этади?!

Бунга ССВ эса рухсат бермоқда. Дорихонлар эса, бемалол на рецепт сўрамай, на ёшини сўрамай дуч келганга дорини сотиб ётибди.

Қачонгача Тошкент шаҳрида дорихоналар ва кўчаларда бошқа шахслар томонидан врач рецептисиз сотиш тақиқланган кучли таъсир қилувчи дориларни, рецептисиз ва ноқонуний сотилиши давом этади? Дорихоналарнинг фаолияти қачон жиддий назоратга олинади? Рецептсиз савдо қилишига қачон чек қўйилади? Психотроп таблеткалар тарқатиш билан шуғулланувчиларга жиддий жиноий жавобгарлик белгиланади? Психотроп таблеткалар таркиби қачон махсус рўхатларга қўшилади ва сотиш тақиқланади? Бу таблетка гиёҳвандлиги юзага келтираётган оқибатлар билан ким курашади?

Нуриддин Зайниддинов

@OnlineDoctorUz
Бужмайган буйрак иккиламчи касаллик ҳисобланиб, бошқа бирор касаллик оқибатида буйрак тўқималарининг ўлиб бориши ва унинг ўрнида бириктирувчи тўқималар ўсиб кетишидир. Бу бириктирувчи тўқималар табиийки буйрак фаолиятини амалга оширмайди. Натижада буйраклар фаолияти бузилиб, умуман тўхташи ҳам мумкин. Анатомик жиҳатдан буйраклар қаттиқлашиб, кичиклашиб қолади.
Касалликнинг асосий сабабчилари, яъни олиб келувчи касалликлар гломерулонефрит, артериал гипертензия ва қандли диабет касаллигидир.
Бирламчи нефросклероз (буйрак касаллиги ривожланмай туриб буйрак бужмайиши) артериал гипертензия, буйрак артериялари атеросклерози ва сурункали веноз тўлақонликда ривожланади. Гипертензия ва атеросклерозда буйракларга қон бориши бузилиши оқибатида (гипертензиялар артериялар спазми ҳисобига, атеросклерозда томирлар тўсилиши ҳисобига) буйрак тўқималари ўлса, веноз тўлақонликда вена қони оқиб кетиши қийинлашиб, тўқималар шиши кузатилади. Бу эса тўқималарга қон оқимини қийинлаштиради.
Иккиламчи нефросклероз (буйрак ва сийдик йўллари касалликларидан сўнг буйраклар бужмайиши) пиелонефрит, буйрак сили, гломерулонефрит, буйрак тош касаллиги, буйраклар поликистози, гидронефроз (сийдик йўллари стенози, уретро-вагинал оқма яралар, кичик тос ўсмалари оқибатида ривожланган) оқибатида ривожланади. Шунингдек, сийдик қопи – сийдик йўли рефлюксида (пешобни орқага қайтиши) 30-60% ҳолатда атрофик жараёнлар ривожланади.
Касаллик бошланишида пешоб ажралиши суткасига 2 литрдан ошади. Айниқса тунда пешоб ажратиш кўпаяди (3 марта ва ундан ортиқ). Белда оғриқлар, қон босими ошиши кузатилиб, кейинчалик юз ва тана шиши қўшилади. Шишлар эрталаблари яққолроқ бўлади.
Касаллик ривожланган сайин суткалик пешоб камайиб, 500-800 мл.га тушиб қолади. Пешобда қон бўлиши мумкин. Беморнинг ўзи оғиз қуриши ва доимий чанқаш ҳис этади. Заҳарланиш белгилари: бош оғриши, кўнгил айниши ва қайт қилиш, ҳолсизлик, мушакларда оғриқлар ривожланади.
Буйрак нефронларининг 70-75% қисми зарарланганда буйракнинг филтрация ва реабсорбция фаолиятида жиддий нуқсонлар юзага келади. Буйра эритропоэтин моддаси ишлаб чиқишни тўхтатади, ва камқонлик ривожланади. Д витамини алмашинуви бузилиши оқибатида суяклар мўртлашиб, синувчан бўлиб қолади. Қонга ренин кўп ажралганлиги оқибатида қон босими ошиши ривожланади.
Касалликни ташхислаш учун қон ва пешоб умумий тахлили, УТТ текшируви, зарур ҳолларда экскретор урограмма (сийдик йўлларини контраст модда билан рентген текшируви), ангиография, томография, пункцион биопсия текширувлари ўтказиш лозим.
Даволаш асосий касалликни даволаш ва симптоматик олиб борилади. 3-4 даража буйрак етишмовчилигида гемодиализ амалиёти ўтказилади. Ушбу касалликда радикал даволаш усули бўлиб буйраклар трансплантацияси саналади.

Дўстларингизга улашинг 👇👇👇:
https://t.me/joinchat/AAAAAEZTvyxHi3uTCHBZhQ
Бугунги кунда #онихомикоз билан шуғулланувчи врачлар олдида замбуруғларга қарши кураш учун бир талай воситалар бор. Шунга қарамай бу касаллик кўп қайталанувчи бўлиши муаммони актуаллигини сақлаб қолмоқда. Даволаш тизимли таъсир этувчи ва маҳаллий даводан иборат.

#Онихомикоз, яъни тирноқлар замбуруғларини тирноқларни олиб ташламасдан даволаш мумкин.
Тизимли даволашда тербинафин, итраконазол ёки флюконазол каби воситалардан фойдаланилади. Даволаш курслари узоқроқ давом этади. Бунда тизимли таъсир этувчи воситаларни маҳаллий воситалар билан бирга қўллаш мумкин.

Тизимли таъсир этувчи замбуруғга қарши воситаларни кўтара олмаслик ҳолатлари бўлса даво маҳаллий олиб борилади. Бунинг учун бифоназол креми, аморолфин лаки ва циклопирокс лаки кабилардан фойдаланилади.

Даволаш сифати ва терапевтик самара танланган дори воситасининг тўғрилиги, жараённинг тарқалганлиги ва оёқ кийимни регуляр #дезинфекция қилиш сифатига боғлиқ.

@OnlineDoctorUz
#Бўйнинг_паст_бўлиши сабаблари турлича. Бирор тиббий ҳолатга боғлиқ бўлмаган #идиопатик_бўй_пастлиги ҳам учраб туради. Кўпинча бўй пастлиги қуйидагиларга боғлиқ бўлади:

1. Бўйнинг конституционал пастлиги. Мейёрий тезлик билан ўсаётган паст бўйли болалар. Бундай болаларда жинсий етилиш одатда бироз кечикади. Бошқа тенгқурлари ўсишдан тўхтаганди ҳам ўсиш давом этади.

2. Генга боғлиқлик. Ота-онасининг иккиси ёки биттасининг бўйи пастлиги. Паст бўйли ота-онадан бўйи мейёрий болалар туғилиши мумкин. Паст бўйли ота-онанинг болаларининг бўйи камида уларнинг энг пастидан кам бўлмаслиги лозим.

Паст бўйлилик қатор касалликлар сабабли ҳам юзага келади:

1. суяк ва скелет бузилишлари: рахит, ахондроплазия.

2. сурункали касалликлар: юрак туғма нуқсонлари, буйрак касалликлари, астма, камқонлик, талассемия, ювенил ревматоид артрит, ичак яллиғланиш касалликлари, целиакия, Кушинг касаллиги, гипотиреоз ва диабет.

3. генетик ҳолат: Даун касаллиги, Тернер синдроми, Вилямс синдроми, Рассел-Силвер синдроми, Нунан синдроми.

4. ўсиш гормони етишмовчилиги

5. туғилган вақтидаги инфекцион касалик

6. тўйиб овқатланмаслик

7. она қорнида яхши ўсмаганлик

@OnlineDoctorUz
#Биологик_фаол_моддани ишлаб чиқиш (БАДларни ишлаб чиқарадиган ва рўйхатдан ўтказадиган “КапиталПродукт” МЧЖ талаблари. Қолган фирмалар ҳам шу каби бўлади).

1. Янги БАДни ишлаб чиқиш касалликни ўрганишдан бошланади. Яъни қандай бузилишлар кўп учраяпти, организмга қайси биологик фаол модда етишмайди.

2. Лабораторияда бўлажак воситанинг таҳминий таркиби тайёрланади. Бу восита қандай самара кўрсатиши аниқланади.

3. Воситанинг якуний таркиби аниқланади. Катта текширувлар ўтказилиб, #БАД таркиби чуқур ўрганилади.

4. Бўлажак маҳсулотнинг рецепти тайёрланади.

5. Восита шакли танланади: таблетка, капсула ёки сироп кўринишида.

6. Препаратга ном танланади. Давлат рўйҳатидан ўтказилади.

7. Этикетка ва бошқа таништирув ёрлиқларини тайёрланади. Бу босқичда турли ташкилотлар билан келишилади.

8. БАДларни экспертизаси ва рўйхатга олиш бажарилади.

Ишлаб чиқариш жараёнини бошқа турдаги дори воситалари ишлаб чиқаришга солиштириб ўқинг. Мавзуга яна қайтамиз.

@OnlineDoctorUz
#Болаларда_бўй_ва_вазнининг_мейёрлари. Қуйида вазн етишмовчилиги сабаблари тўғрисида гаплашамиз.

@OnlineDoctorUz
#Вазн_етишмовчилигининг бир талай сабаблари бор. Улар қуйидагилар:

1. Моддалар алмашинувининг тезлиги. Бу ҳолат наслий бўлиб, бундай моддалар алмашинувига эга кишилар кунига 4-5 марта овқатланади. Истеъмол қилинган таомлар эса тезда парчаланиб кетади.

2. #Гормонлар_балансининг_бузилиши. Қалқонсимон без гормонларининг ортиқчалиги моддалар алмашинувининг кучайишига, тана вазнининг камайишига, эркакларда жинсий майлнинг сустлашишига, аёлларда эса ҳайз бузилишларига олиб келади.

3. Ошқозон-ичак касалликлари. Тана вазни камайишига ошқозон-ичак касалликлари энг кўп сабабчилардандир. Булар қаторига яра касаллиги, гастрит кабилар киради. Булар натижасида овқат тўлиқ ҳазм бўлмайди, организм эса етарли энергия олмайди. Бундай ҳолатда даво билан бир қаторда кам-камдан 4-5 маҳал овқатланиш зарур.

4. Организмда шлаклар борлиги. Организмда шлакларнинг кўплиги ҳазм қилишни бузади. Бу ҳолатда тозаловчи муолажалар қилиш зарур.

5. Ошқозон ости бези фаолияти бузилиши. Ошқозон ости бези ишлаб чиқарадиган инсулин озуқа моддаларни ҳужайраларга сўрилишини яхшилайди. Инсулин етарли бўлмаса озуқалар сўрилмай, “очлик” юзага келади.

6. Сколиоз. Умуртқа поғонаси қийшиқлиги ички аъзолар фаолиятини бузади. Бу эса тана вазни камайишига сабаб бўлади.

Даволаш асосий касалликни даволашга ва хазм қилишни яхшилашга қаратилган бўлади.

@OnlineDoctorUz
#Тана_вазнининг_камлиги ҳам жиддий муаммо саналади. #Экстеримал_кам_вазнлиликда биринчи галда косметик нуқсон ва физиологик касалликлар юзага келади:

1. #Камқонлик. Кам вазнлилик фонида камқонлик беморни янада беҳол қилиб, ҳаётини қийинлаштиради. Камқонлик ривожланган чарчоқ, хансираш, терининг оқариши, диққатнинг пасайиши, гипоксия билан кечади.

2. #Бепуштлик. Тана вазни камлиги аёлларда бепуштликка сабаб бўлади. Тери ости ёғлари етишмовчилиги натижасида ҳайз тўхтаб қолади.

3. #Иммунитетнинг_пасайиши. Организмнинг етарли озуқа олмаслиги натижасида иммунитет ҳам пасайиб, бемор юқумли касалликларга берилувчан бўлиб қолади.

4. #Тери ва сочлар билан боғлиқ муаммолар. Витаминлар етишмаслиги терини ҳолатини бузиб, сочлар тўкилишига олиб келади.

Статистикага кўра #анорексия 15% ҳолатда ўлим билан якунланади.

@OnlineDoctorUz
Тана вазни кам бўлса #нима_қилиш_керак? Қуйидагиларни ўқиб чиқинг:

1. Асосий касалликларни даволанг. Сизда мавжуд касалликларни даволанг. Улар кўпинча тана вазнига таъсир қилади.

2. Кўп дам олинг. Организм ўзини тиклаши учун суткасига камида 8 соат ухланг.

3. Тўғри овқатланинг. Кам вазнлиликда киши тўғри овқатланиши керак. Семириш зарур деб ёғларга бой таом ейиш ҳам хато. Кунига 3 марта тўлиқ овқатланинг. Улар орасида эса қўшимча овқатланиш ташкил қилинг. Очқаш ҳисси бўлмаса ҳам енгил нарсалар ейиш албатта фойда қилади. Рационни тўғриланг. Кўп еб зарар қилмаслик учун.

4. Спорт билан шуғулланинг. Оғир атлетика ёки марафон югуриш шарт эмас. Фитнес, сузиш каби спорт билан шуғулланинг. Жисмоний фаоллик мушакларни мустаҳкамлаб, танани чидамлилигини оширади.

@OnlineDoctorUz
Ҳеч ким жароҳатлардан ҳимояланмаган. Жумладан #бўғимлар_чиқишидан ҳам. Чиқишнинг қайси бир белгиси бўлса ҳам травматологга “югуриш” керак. Бу белгилар қуйидагилар:

1. Бўғим ноодатий кўриниш олади. Масалан бўғим бурчаги ўзгаради.

2. Ўлчамлари катталашади. Бўғим шишиб, қизариб ёки аксинча оқариб қолади.

3. Бўғим соҳасида кучли оғриқ. Сезгининг йўқолиши ҳам бўлиши мумкин. Чиққан соҳада нерв учи зарарланса сезги йўқолиб қолади.

4. Шикастланган бўғим ҳаракатнинг чекланиши. Масалан,букиш ёки ёзиш қийинлашади ва бу ишни амалга ошириш катта қийинчилик туғдиради.

@OnlineDoctorUz
#Бўғим_чиқиши бўлса нима қилмаслик керак?

1. Ўзи ўтиб кетади, деб бефарқ бўлманг. #Чиқиш – синишнинг яқин “қариндоши”дир. Бу ҳолатда суяклар бутун бўлсада ҳаракат вақтида нерв толалари ва қон томирлар шикастланиши мумкин. Нервлар тикланиши мумкин, лекин йиллар давомида чиқиш тўғрисида “эслатиб туради”.

2. Чиққан бўғимни мустақил тўғрилашга ҳаракат қилманг. Сизда чиқишми ёки синишми аниқ билмайсизку... Шу сабабли мустақил амалиётлардан тийилинг. Травматологга учранг. Рентген текширувидан сўнг сизда чиқиш ёки синишлиги аниқ айтилади. Мустақил тўғрилашга уриниш синишда жиддий асоратларга сабаб бўлади.

3. Тўхтаманг. Чиқишлар доимо шишлар, баъзан бўғим ичига қон кетиши билан кечади. Қанча кўп вақт ўтса, шунча суюқлик кўп йиғилиб, уни тўғрилаш қийинлашади. Шу сабабли вақтни ўтказманг. Ўзингиз бора олмасангиз, тез тиббий ёрдам чақиринг.

Бўғим чиққанида нима қилиш керак? Беморга қандай ёрдам кўрсатиш керак?

1. Шикастланган бўғимни максимал тарзда ҳаракатланишидан сақланг.

2. Шикастланган соҳага совуқ қўйинг: музли пакет, музлаган мева ва б. Совуқ шишни ва оғриқни камайтиради.

3. Оғриқ қолдирувчи ичинг.

4. Врачга шошилинг!

@OnlineDoctorUz
​​Умуртқалараро чурра – умуртқалараро диск ядросининг патологик чиқиб қолишидир. Бу ҳолат умуртқаларда дегенератив ўзгаришлар ва жароҳатлар натижасида юзага келади. Жойига қараб бўйин, кўкрак қафаси ва бел-думғаза чурраларига бўлинади. 75-85% чурра бел-думғаза соҳасида учрайди.

Босқичлари:
1-босқич. Пролапс. Ядро 2-3 мм.га силжийди. Ҳеч қандай белгилар кузатилмайди, дискда ўзгаришлар бўлмайди.
2-босқич. Протрузия. Ядро 4-12 мм.га силжийди, лекин фиброз ҳалқа чегарасидан чиқмайди. Оғриқлар пайдо бўлади.
3-босқич. Экструзия. Силжиган ядро фиброз ҳалқага қаттиқ босим қилади. Бунда ўтиб кетмайдиган оғриқлар пайдо бўлади.
4-босқич. Секвестрация. Силжиган ядро фиброз ҳалқага босим қилиб, уни ёриб чиқади. Бу ҳолат оператив даво талаб қилади.

Ушбу ҳолатга олиб келадиган асосий сабаблар:
1. Узоқ вақт ўтириб ишлаш.
2. Остеохондроз касаллиги.
3. Оғир жисмоний иш ва оғир юк кўтариш.
4. Совуқда қолиш.
5. Кутилмаган ҳаракатлар.
6. Ёшнинг катталиги.
7. Умуртқа поғонаси эгриликлари: лордоз, кифоз, сколиоз.
8. Оғир атлетика билан шуғулланиш.
9. Умуртқа поғонаси шикастлари ва ўсмалари.

Ташхис невропатолог ёки ортопед томонидан қўйилади. Даволаш консерватив ва жарроҳлик усулида бўлади. Консерватив усулларга медикаментоз даво (ностероид яллиғланишга қарши воситалар, гормонал даво), физиотерапия, даволаш жисмоний тарбияси, массаж рефлексотерапия ва тракцион терапия (тортиш) кирса, жарроҳлик усулида чуррани эндоскопик олиб ташлаш ёки микрохирургик усулда олиб ташлаш киради.

Касалликка чалинмаслик учун профилактикаси бирламчи ва иккиламчи бўлади. Бирламчи профилактикада касал бўлмай туриб, олдини олишдир. Бу ўз ичига умуртқа поғонаси касалликларини ўз вақтида даволаш, овқатларишни мейёрлаштириш, жисмоний зўриқишни мейёрлаштириш, енгил атлетика ва даволаш жисмоний тарбияси билан шуғулланиш кабилар киради. Иккиламчи профилактика эса чурра даволангандан кейин қайталамаслиги учун ўтказилади. Бунинг ичига даволаш жисмоний тарбияси, оғир жисмоний зўриқишлардан сақланиш, зарарли одатлардан воз кечиш, озгина безовталик бўлса ҳам мутаҳассисга эрта мурожаат этиш киради.
Унутманг, касалликни даволагандан кўра унинг олдини олиш ҳам осон, ҳам арзон, ҳам самаралидир.

Каналга обуна бўлиш:
https://t.me/joinchat/AAAAAEZTvyxHi3uTCHBZhQ