Наби Жалолиддин
175 subscribers
106 photos
23 videos
264 links
Ёзувчи, шоир, журналист

Афғон уруши қатнашчиси (1981-83 йй.)

Сайт: nabijaloliddin.uz

Facebook: fb.com/n.jaloliddin

Twitter: twitter.com/Nabi_Jaloliddin

Мурожаат учун: @NabiJaloliddin_bot
Download Telegram
ТАСАВВУР

Шаҳар. Қийқим-қийқим сукунат,
Қачонлардир ташланган сочиб.
Энди овлоқ ахлатхоналар
Ичра базўр жон сақлар қочиб.

Шаҳар. Ғизиллаган автолар,
Тезоб одамларнинг жағ ва қўллари
Мажақлаган бурда-бурда вақт
Бедор хаёлларда яшар тунлари.

Шаҳар. Ресторанлар, ишратхоналар,
Севгининг кўз ёшларин жирканч
Сўлакларга қўшиб ютгувчи
Бўғизлардан топади юпанч.

Шаҳар. Фақат қорайган гумбаз,
Аллавақтлар кўк бўлган гумбаз
Бағридаги қиличдек ҳилол
Азон айтар сўзсиз ва бесас!..

@NabiJaloliddin
УМР

Йиллар, йиллар!..
Бармоққа сиғмас,
Қанотлари толган қора қарғалар.
Осмон четидаги нуқталар эмас,
Армон синиқлари - дилда сарғарар.

Йиллар, йиллар... -
Интизор кўзлар,
Киприкларни силтаган соғинч,
Энг сулув, энг буюк севгини кўзлаб,
Бошимда бир умр сермалган қилич.

Ичганим зардобу, газагим - кутмоқ,
Аччиқ муштоқликда орзу олислар.
Йўлларимда учар оққушдек оппоқ,
Қанотлари кумуш фаришта қизлар.

Юрак ғижирлайди, севги сизилар,
Тишларим қатида ингранар дунё.
Қалқиган бўғзимда недир кезинар,
Ўзимни ўзимдан асрагин, Худо!..

Йиллар, йиллар!..
Жонлари талош,
Қон сачраган шомлар қатлгоҳидир.
Ва тонглар бағридан отилган Қуёш
Ишқсиз шоирларнинг битта оҳидир!

@NabiJaloliddin
Мустақиллик муборак!

@NabiJaloliddin
БАҒРИМДА БИР ҚЎШИҚ КУЛАР

Ватан, гардларингга жонимни тикдим,
Улуғ фидоларга келди ўхшагим.
Умрим лаҳзасига эзгулик экдим
Ва улар пойига меҳрим тўшадим.
Кокиллари яшил, эрка малагим.
Жонимдан майсалар унар, қарагин!

Мозийлар қатида давронларинг бор,
Давронларинг сурган султонларинг бор,
Ҳам қонлар ютганинг замонларинг бор,
Энди мовий-мовий осмонларинг бор.
Ҳурлик, тинчлик дея жони ҳалагим,
Бағримда бир қўшиқ кулар, қарагин!

Бу кун хаёлдайин шиддатинг учқур,
Оппоқ орзуларинг ўзингдайин ҳур.
Мен жимит ҳужайранг - паноҳ бўлиб юр
Ва олам ичра сен ўз оламинг қур,
Кўкси баландгинам - осмон-фалагим,
Бошимга Ой қалпоқ бўлар, қарагин!

Истиқлол келиндай турар солланиб,
Унинг бўсасидан юзинг олланиб.
Боғларинг, тоғларинг тили болланиб,
Шону шавкатингни айтурлар ёниб.
Темурий султондай ёвқур билагим,
Жонимдан майсалар унар, қарагин!..

@NabiJaloliddin
Ичсангу... Ичсангу бекалом бўлсанг,
Паймонаси тўлган майли жом бўлсанг.
Дунё ўтаверса бошу оёқдин,
Кўкни ҳам лол этган бир Хайём бўлсанг.

@NabiJaloliddin
Майдин қуй, кел, жоним, хаёл бўламиз,
Бу дунёга нечун малол бўламиз?
«Бунинг кайфи ҳаром» - деганлар ҳақдир,
Кайфимиз тарқагач, ҳалол бўламиз.

@NabiJaloliddin
Парҳезкорлик билсанг, мол-жонга фойда,
Агар фақир бўлсанг, иймонга фойда.
Май ичсанг унутиб икки жаҳонни,
Мастона боқишинг жононга фойда.

@NabiJaloliddin
"Тегирмон" романи

"Чўлпон" нашриётида чиққан

Нашриёт ва Ёзувчилар уюшмасидаги дўконда нархи 56 000 сўм

@NabiJaloliddin
Мени мажнун дема, мажнунлигим йўқ,
Май, ёрдин ўзгага мафтунлигим йўқ.
Шу тешик қозонда қоронғи умрим,
Қандоқ ёритайин, афсунлигим йўқ.

@NabiJaloliddin
Расмий хабар!

Умар Хайём ҳаёти ва ижоди, унинг ўсмирлик ва йигитлик даврлари ҳақида сўзловчи "Оралиқ" романи китобхонлар томонидан жуда илиқ кутиб олинган эди.

Ушбу тарихий романни якунлаш, Умар Хайёмнинг ҳақиқий ҳаётини охирига етказиш мақсадида, шунингдек, китобхонларнинг талабларига биноан, ёзувчи Наби Жалолиддин Хайём ҳақидаги иккинчи китобни ёзиб тугатди.

Ушбу янги роман "Ғайб остонасида" деб номланади. Унда Хайёмнинг Хайём бўлишидаги даврлар, машҳурлиги, ўша пайтдаги тарих ва тарихий шахслар, Ғаззолий билан учрашув, умуман, ҳамма-ҳаммаси қаламга олинган.

"Ғайб остонасида" романи тез ойларда китоб ҳолида нашр этилади. Унгача Чўлпон ҳақидаги янги романни мутолаа қилиб туринглар.

Бу хушхабарни барчага улашинг!

@NabiJaloliddin
Остимда сой ўлди остона. Оқдим.
Дунёнинг ишига мастона боқдим.
Воҳ, барча кўзимда кичикдан-кичик,
Ўзим улканлашдим, ўзимга ёқдим.

@NabiJaloliddin
Мени майхўр дема, девона дема,
Улуғ Ишқ кўйига бегона дема.
Жамъи ошиқларинг келсинлар. Чўкиб
Жомимда ўлсалар - афсона дема.

@NabiJaloliddin
Мени ёмон дея гумон қилдилар,
Гуноҳим бўйларин осмон қилдилар.
Мен гуноҳ қилгандим жимгина ахир,
Не учун номимни достон қилдилар?!

@NabiJaloliddin
ТОМЧИЛАР

Рауф Парфи деган шоирнинг
Сочлари оппоқ –
Дунёдаги парча доғ каби...

@NabiJaloliddin
ТОМЧИЛАР

Ҳеч кимга ёқмадим – бор гап шу,
Ёқмадим ҳам ўзимга-ўзим...
Соғиниб кетдим, она!..

@NabiJaloliddin
ТОМЧИЛАР

Қизиқ китоб экан кўзингиз,
Ҳар кун варақлайман, тўймайман.
Қаламингга қойилман, Тангрим!

@NabiJaloliddin
ТОМЧИЛАР

Қанотлари алвон капалак,
Ўн беш кунлаб яшадинг нечун?
Бу беш кунлик дунё эди-ку...

@NabiJaloliddin
ТОМЧИЛАР

Сен агар уйингга сиғмасанг,
Сен агар ўйингга сиғмасанг,
Истасанг тоғларга бош олиб кетмоқни
Ва агар тоғларга сиғмасанг,
Унда ўлақол!.
Шундай ўлки, ўлим
Уялсин ўзининг ўлимлигидан,
Сен агар яшашни истасанг!..

@NabiJaloliddin