Mirkonomika
3.94K subscribers
126 photos
12 videos
3 files
867 links
Bu yerda yozilgan fikrlar shaxsiy bo’lib, hech qaysi tashkilot fikri yoki qarashlarini ifoda etmaydi.
Download Telegram
Протекционизм бизни ўз домига тортиб бўлган, унда қутилишга эса ҳеч қандай умид йўқ(ва қутилишга хоҳиш ҳам йўқ)

Янги давр бошлангандан кейин Ўзбекистоннинг дунёга очилиши борасида турли минбарлардан кўп гапирилди. Тан олиш керакки янги даврнинг илк йилларида берилган вадаларнинг амалдаги исботини озми кўпми кўришга муввафақ бўлдик. Аммо орадан кўп вақт ўтмасдан яна орқага қайтиш бошланди ҳамда ҳозирги кунимиз олдинги биз ҳаммамиз “қора давр” деб атайдиган йиллардагига ўхшаб бормоқда.

Савдо масаласи бу борада яққол мисоллардан бири. Охирги йилларда ташқи савдога бўлган тўсиқлар эркинлаштирилаётган ҳолатларни ҳам кўраяпмиз. Лекин тан олиб айтиш керакки, бу эркинлаштириш, асосан маълум муддатга берилаяпти, холос. Яъни импорт тўсиқларининг енгиллаштирилиши вақтинча қўлланилмоқда. Бу эркинлаштириш ҳам қарор қабул қилувчиларнинг хоҳишига кўра эмас балки ташқи беқарорликлар натижасида юз бермоқда. Бошқа томондан чегарадаги тўсиқлар пасайтирилаётган товарларнинг аксарияти озиқ-овқат товарлари эканлигини кўришимиз мумкин. Ҳукумат озиқ-овқат товарлари учун импорт тўсиқларини эркинлаштириши эса деярли ҳамма вақтда мажбуран амалга оширилмоқда(ва албатта вақтинча). Бошқача айтганда, дунё яна нормаллаша бошласа, ички бозоримиз ҳам барқарорлаша бошлайди. Бу эса бизнинг ташқи сиёсатимизни яна олдинги ҳолатга қайтаради. Умуман олганда охирги йилларда савдони эркинлаштириш билан боғлиқ ҳаракатларнинг кўпчилиги ҳақиқий маънода савдони эркинлаштириш маъносида эмас балки вақтинчалик қарор бўлмоқда(ёки вақтинчалик иллузия).

Бошқа соҳаларда эса савдони ёпиш учун ҳаракатлар йил сайин кучайиб бормоқда. Охирги йилларда савдони бож билан ёпишдан кўра, яширин усуллар билан уни чеклаш оммалаша бошлади. Яъни қарор қабул қилувчилар маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни кучлироқ ҳимоя қилишга тайёр ва буни турли яширин усуллар билан амалга оширмоқда. Масалан, 2021 йилда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб қувватлаш мақсадида 530 яқин товарларнинг давлат харидлари фақат маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан сотиб олиниши белгилаб қўйилганлиги бунга яққол мисол.

Маҳаллий ишлаб чиқарилган дори маҳсулотларини давлат томонидан кафолатли харид қилинишинг белгилаб қўйилганлиги ҳам юқоридаги каби протекционизмни сақлаб қолиш ва кучатиришга урунишдан бошқа нарса эмас(бу ҳақида Отабек ака ҳам яхши фикрлар билдирган).

Ахир 25 йилдан ошди протекционизм мафкураси билан захарланганимизга. Истеъмолчилар ҳар йили бундай самарасиз ва зарарли лоҳияларнинг оқибатларини ўз таналарида ҳис қилаяпти. Янги даврдан бошлаб камбағалликни қисқартириш асосий мақсад эканлиги қайта қайта таъкидланмоқда. Лекин бизга ўхшаган давлатларда савдони чеклаш нисбатан даромади паст аҳоли қатламига кўпроқ зарар келтиради. Ахир қандай қилиб унда ҳозирги сиёсатни камбағалларни ҳимоя қилиш сиёсати деб аташ мумкин.

Умуман олганда, протекционизм ботқоғига чўкиб бўлганмиз, мен бу ботқоқдан қачондир чиқишимизга энди ишонолмайман.

@Mirkonomika
Ishlab chiqarish hajmi sezilarli oshgan lekin bu o’zgarishning navbatlar soniga qanchalik ta’sir qilganligi borasida aniq ma’lumot mavjud emas.

Uz Auto motors kompaniyasining ma’lumotlariga ko’ra, joriy yilning birinchi choragida, qariyb 69 mingta yengil avtomobil ishlab chiqargan. Eng ommabop modellar hisoblangan Cobalt hamda Gentra rusmlaridan esa mos ravishda 19,1 ming hamda 19,4 ming dona avtomobil ishlab chiqarilgan. O’tgan yilning mos davri bilan taqqoslaganda cobalt ishlab chiqarish hajmi 1.5 barobar oshgan bo’lsa gentra modelini ishlab chiqarish hajmi esa 2,3 barobar oshgan. Pandemiyadan oldingi eng oxirgi normal yil bilan taqqoslansa ham ko’rish mumkinki ishlab chiqarish hajmi sezilarli darajada oshgan.

Joriy yilning ikki oyida esa avtomobil eksporti hajmi o’tgan yilning mos davri bilan taqqoslaganda taxminan 60% ga kamaygan(mart oyi uchun ma’lumotlar ertaga e’lon qilinadi, katta ehtimol bilan oldingi oylar bilan taqqoslaganda mart oyida eksport hajmi oshgan)

Ishlab chiqarish hajmining oshishi hamda eksport hajmining kamayishi navbatlar soniga qanday ta’sir qilganligini tekshirish maqsadida UzAutosanoatning rasmiy botini tekshirib ko’rdim lekin afsuski kutilayotgan navbatlar haqida hech qanday ma’lumotlar mavjud emas ekan. Ammo aytish mumkinki, ishlab chiqarish hajmining bunday keskin oshishi kutishlar sonining pasayishiga ta’sir qilgani turgan gap(lekin aniq ma’lumotlar menda yo’q).


@Mirkonomika
Ташқи савдо статистикаси бўйича маълумотлар кўп қизиқ қизиқ жиҳатларга бой бўлиши шубҳасиз. Айниқса Россия билан савдо ҳажмимизнинг қандай ўзгараётганлиги қизиқ. Россия иқтисодиётига қўйилган мисли кўрилмаган санкциялар Россияда ялпи талабнинг пасайишига сабаб бўлаяпти( санкцияларнинг ҳақиқий таъсири ҳалигача тўлиқ сезилиб улгургани йўқ). Ялпи талабнинг пасайиши эса ўз навбатида импорт товарларига бўлган талабнинг ҳам пасайишига сабаб бўлади(яъни бошқа давлатлардан импорт ҳажми камаяди). Масалан, март ойида Хитойнинг Россияга экспорти 8% га пасайган, январь-февраль ойларида эса экспорт ҳажми ўтган йилнинг мос даври билан таққослаганда 50% га ошаётган эди. Ёки Тайван ҳамда Кореянинг Россияга экспорти март ойида мос равишда -55% ҳамда -56% га пасайган. Уруш бошлангунча бўлган икки ойда эса Тайвандан Россияга экспорт ҳажми ўтган йилнинг мос даври билан таққослаганда 20% га Кореядан эса 30% га ошаётган эди.

Умуман олганда, Россияга қўйилаётган санкциялар савдомизга хусусан мамлакатимизнинг экспортига жиддий зарар етказиши турган гап. Лекин санкцияларнинг экспортимизга ҳақиқий таъсирини катта эҳтимол билан йилнинг иккинчи ярмида кўрамиз. Март ойидаги кўрсатгичларнинг қандай шаклланганлиги борасида эса аниқ хулоса бериш қийин(лекин савдо ҳажмимиз камайган ёки ҳеч бўлмаганда ўсиш темпи сустлашган бўлишининг эҳтимоли жудаям юқори).

@Mirkonomika
Юқорида бир жиҳатни қўшиб кетиш ёдимдан чиқибди, юқорида мисол келтирилган мамлакатларда Россия билан савдо бу мамлакатлар ЯИМининг биз каби катта қисмини ташкил этмайди. Яъни агар Россияга экспортимизнинг юқорида номи келтирилган давлатлар даражасида пасайиши бизда юқорироқ иқтисодий пасайишга сабаб бўлади.
2022-йилнинг биринчи чорагида жорий нархлардаги ЯИМ ҳажми 162 трлн сўмни ташкил этибди. Ўтган йилнинг мос даври билан таққослаганда ўсиш темпи 5,8% ни ташкил этган.
Уруш ташқи савдомизга таъсир ўтказишни бошлади.

Январь-март ойларида мамлакатимизнинг ташқи савдо айланмаси 13 млрд доллардан ошган. Экспорт ҳажми эса қарийб 5,8 млрд долларни ташкил этган ҳамда(ўтган йилнинг мос даври билан таққослаганда 2,4 баробар ошган, олтин экспортига раҳмат). Импорт ҳажми эса қарийб 7,4 млрд долларни ташкил этган. Ташқи савдонинг манфий сальдоси эса 1.6 млрд долларни ташкил этган.

Умуман олганда ташқи савдонинг биринчи чоракдаги ўсиш кўрсатгичларига эътибор қаратсак кўришимиз мумкинки ўтган йилнинг мос даври билан таққослаганда тасшқи савдомиз юқори суратлар билан ўсмоқда. Ҳатто, мисли кўрилмаган санкциялар таъсирида қолган Россия билан ҳам савдомиз ошганлигини кўришимиз мумкин. Ташқи савдо ҳажмининг бундай тез ўсаётганлигини тушунтириб берувчи асосий сабаб бу олтин экспорти ҳисобланади. Жорий йилнинг биринчи чорагида олтин экспорти қарийб 3 млрд долларни ташкил этган. Таққослаш учун 2021 йилнинг биринчи чорагида олтин экспорти амалга оширилмаган эди.

Агар чораклик эмас балки айнан март ойининг кўрсатгичларига эътибор қаратсак, кўришимиз мумкинки уруш ташқи савдомизга ўзининг биринчи таъсирини ўтказишни бошлаган. Масалан, олтинсиз экспорт ҳажмининг март ойидаги ўсиш кўрсатгичи ўтган йилнинг мос даври билан таққослаганда 16% ни ташкил этган. Бир қарашда нормал кўрсатгич яъни экспортимиз ўсмоқда. Лекин 2021 йилнинг март ойида экспорт ҳажми(албатта олтинсиз ҳисоблаганда) 2020 йилнинг мос даври билан таққослаганда 45% га ўсган эди.

Алоҳида давлатлар бўйича маълумотларни таҳлил қилиш орқали ҳам кўришимиз мумкинки, уруш ўзининг биринчи таъсирини ўтказишни бошлаган. Масалан март ойида 138 млн долларлик товар ва хизматлар экспорт қилинган. Ўтган йилнинг мос даври билан таққослаганда эса экспорт ҳажми умуман ўсмаган. 2021 йилнинг март ойида эса Россияга экспорт ҳажми 2020- йилнинг мос даври билан таққослаганда қарийб 20% га ўсаётган эди. Қозоғистонга экспорт ҳажми март ойида ўтган йилнинг мос даври билан таққослаганда 6% га камайган. Яъни мамлакатимиз март ойида Қозоғистонга ўтган йилгидан кўра камроқ товар ва хизматлар экспорт қилмоқда(албатта қийматда). 2021 йилнинг март ойида эса Қозоғистонга экспорт 2020 йилнинг мос даври билан таққослаганда қарийб 30% га ўсаётган эди.

Уруш иқтисодиётимиз хусусан ташқи савдомизга ўзининг илк таъсирини ўтказишни бошлади. Келаётган ойларда бу салбий таъсир ошиб борса борадики лекин камаймайди. Март ойида ўсиш темпи пасайган бўлса келаётган ойлар ҳақиқий пасайишни кўришимиз ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас.

@Mirkonomika
Мамлакатимизнинг Тўқимачилик маҳсулотлари экспортида Туркия Хитойни ортда қолдирди.

Январь-март ойларидаги кўрсатгичларга кўра, Туркияга 170 млн долларга тенг тўқимачилик маҳсулотлари экспорт қилинган. Ҳамда Туркияга экспорт ҳажми умумий тўқимачилик маҳсулотлари экспортининг қарийб 27% ини ташкил этган(Россиядан кейинги энг йирик экспорт давлати). Ўтган йилнинг мос даври билан таққослаганда эса Туркияга тўқимачилик маҳсулотлари экспорти 2,3 баробарга ошган.

Хитойга эса тўқимачилик маҳсулотлар экспорти кескин камайган. Январь-март ойларида Хитойга 125 млн доллар қийматга тенг тўқимачилик маҳсулотлари экспорт қилинган. Ўтган йилнинг мос даври билан таққослаганда бу давлатга тўқимачилик маҳсулотлари экспорти 26% га камайган(2021 йилнинг айни шу даврида ўсиш темпи 1,9 баробарни ташкил этган эди).

@Mirkonomika
Бир қарашда экспортимизда МДҲ(асосан Евросиё Иттифоқидаги давлатлар) давлатларининг улуши камайиб бораётгандек кўринади. Масалан, жорий йилнинг биринчи чорагида МДҲ мамлакатларининг умумий экспортимиздаги улуши 21% ни ташкил этган. Ўтган йилнинг мос даврида бу кўрсагич 40,5% ни ташкил эртга этган эди. Лекин ўтган йилнинг биринчи чорагида олтин умуман экспорт қилинмаганди. Яъни агар жорий йилдаги экспорт кўрсатгичларидан ҳам олтин экспортини(2,9 млрд доллар) олиб ташлаб кейин МДҲ мамлакатларининг умумий экспортдаги улуши таққосланса, уларнинг улуши қарийб 42% етганлигини кўрамиз. Яъни ўтган йилнинг мос даври билан таққослаганда умумий экспортимизда МДҲ мамлакатларининг улуши ошган ҳам ҳатто. Бошқача айтганда агар қимматбаҳо металлар экспортини ҳисобга олмасак МДҲ мамлакатларига боғлиқлигимиз камаймаяпти балки ошиб бормоқда.
Турк лирасининг долларга нисбатан кескин қулаб бориши Туркия билан савдо балансига таъсир ўтказмоқда.

Январь-март ойларидаги кўрсатгичларга кўра охирги уч йилда(биринчи чорак) Туркия билан савдо балансимиз қуйидагича бўлган:

· 2020 йил: 60 млн доллар

· 2021 йил: 85 млн доллар

· 2022 йил: -15 млн доллар(яъни манфий сальдо)

2020 йилнинг бошидан буён доллар турк лирасига нисбатан тахминан 2,5 баробар мустахкамланган(яъни лира қадрсизланган). Бу даврда долларнинг сўмга нисбатан алмашинув курси тахминан 20% га мустахкамланган(албатта ўртача курс бўйича таққослаш амалга оширилса натижа бироз фарқли чиқиши мумкин). Бошқача айтганда, охирги йилларда сўм лирага нисбатан сезиларли мустахкамланиб келмоқда. Бу эса ташқи савдода ўзининг натижасини кўрсатиши керак эди. Яъни лиранинг сўмга нисбатан қадрсизланиши ўзбек товарларини Туркияда қимматроқ қилиб қўйиши керак(Турк товарларини эса бизда арзонроқ). Бошқача айтганда сўмнинг лирага нисбатан мустахкамланиши мамлакатимизнинг Туркияга экспортини камайтириши ва Туркиядан импортни ошириши керак эди.

2022 йилнинг биринчи чорагидаги рақамлардан кўрмоқдамизки мамлакатимизнинг Туркия билан савдо баланси охирги уч йилда биринчи марта манфий кўринишга келган.

Хўш унда, 2020 йилдаги савдо балансининг мусбат сальдоси ошишини қандай омил тушунтириб беради? Бундай тенденциясининг вужудга келишига бир нечта омиллар таъсир қилган бўлиши мумкин. Аввало мамлакатлар орасидаги савдонинг ўзгаришини фақат валюта курсининг ўзгариши белгилаб бермайди(албатта валюта курсининг ўзгариши кучли таъсир қилиши мумкин бўлган асосий омил). Бошқа жиҳатдан турк лирасининг қадрсизланиши турк товарларига бўлган талабни бошқа давлатларда оширади(масалан тайёр текстиль товарлари) биз эса баъзи хомашёларни Туркияга экспорт қиламиз (масалан ип-калава). Яъни 2020 йилда валюта курси ўзгаришининг савдо балансига жиддий таъсир ўтказмаганлигига баъзи хомашёлар экспортининг сезиларли ошганлиги таъсир ўтказган бўлиши мумкин. Хусусан охирги йилларда Туркияга тўқимачилик маҳсулотлари экспорти кескин ошмоқда. Жорий йилда ҳам Тукрияга умумий экспорт ҳажми ўтган йилнинг мос даври билан таққослаганда сезиларли секинлашганлигига қарамасадан тўқимачилик маҳсулотлатлари(асосан хомашё) экспорти 2,3 баробар ошган ҳамда мамалакатимизнинг тўқимачилик маҳсулотлари экспортида Туркия Россиядан кейинги иккинчи энг йирик манзилга айланган(Хитойни қувиб ўтиб).

Умуман олганда валюта курсининг ўзгариши ташқи савдо ҳажмига таъсир ўтказади. Агар валюта курси ўзгаришининг таъсири сезилмаган бўлса, унда бунга бошқа омиллар кучлироқ таъсир ўтказаётган бўлиши ёки биринчи таъсир сезилиб улгурмаган бўлиши мумкин.

@Mirkonomika
Биз орзуқиб кутган йил катта эҳтимол билан биз кутгандек келмайди.

Жорий йилдаги ташқи хатарлар натижасида мамлакатимизнинг иқтисодий ўсиши ҳамда бошқа кўрсатгичларининг прогнозлари сезиларли ўзгартирилди. Хусусан турли халқаро ташкилотлар мамлакатимизнинг иқтисодий ўсишини январь ойидаги прогнозлардан сезиларли даражада пасайтирди. Масалан Жаҳон Банкининг Април ойидаги прогнозларига кўра мамлакатимиз иқтисодиёти жорий йилда 3,6% га ўсади. Январь ойидаги илк прогнозларда эса ўсиш кўрсатгичи 5,6% бўлиши башорат қилинган эди.

Марказий банк ҳам ташқи хатарлар фонида асосий фоиз ставкасини 3% бандга оширди(17% қилиб белгилади). Бу эса табиийки иқтисодий ўсишга салбий таъсирни кучайтириши турган гап. Албатта фоиз ставкасининг оширилиши валюта курсининг барқарорлигини таъминлаш ҳамда инфлацион хатарларни юмашатиш учун жуда муҳим эди. Озиқ-овқат маҳсулотлари(импорт товарлари ) инфлациясининг хавфи ортиб бориши натижасиди Марказий банк инфлация бўйича йиллик 12-14% лик янги таргет белгилади(олдинги таргет оралиқ 8-9% оралиғида эди). Умуман олганда, бир неча йиллардан буён турли минбарлардан баралла айтилиб келинаётган 2023 йилда инфлацияни 5% гача тушириш «орзу»си ҳозирги хатарлар фонида етиб бўлмас маррага айланиб бўлди.

Агар йил сўнгида инфлация даражаси марказий банкнинг янги оралиғида шакланса, унда 2023 йилда инфлацияни 5% га тушириш учун бир йилнинг ўзида ўртача нархлар ўсиш темпини 7-9% га секинлаштириш керак бўлади. Инфлацияни бу даражада секинлаштириш эса менинг назаримда имконсиз. Агар имкони бўлган тақдирда ҳам бу иқтисодий ўсишни кескин пасайтириши ҳамда ишсизликнинг сезиларли ошиши эвазига келиши мумкин.

Умуман олганда, биз бир неча йилдан буён орзу қилиб келаётган 5% лик инфлацияга катта эҳтимол билан 2023 йилда эришолмаймиз. Ва буни қайсидир маънода табиий қабул қилишимиз керак чунки бундай тенденциянинг кузатилишига асосан ташқи хатарларнинг кучайиши сабабчи. Ўйлайманки, инфлацияни бир йилнинг ўзида 7-9% га секинлаштиришни ният қилишнинг ўзи ҳам тўғри қарор эмас.

@Mirkonomika
Таълим ва тиббиёт соҳаси ҳодимларининг жамиятдаги мавқеи қуруқ гап билан ошиб қолмайди.

Бир неча йиллардан буён кўплаб ислоҳотлар қаторида таълим ва тиббиёт соҳаси xодимларининг маошини ва жамиятдаги мавқеини ошириш борасида жуда кўп гапирилмоқда. Хусусан давлат раҳбари ҳам таълим ва тиббиёт соҳаси ҳодимларининг ойлик маоши 1000 долларга етказилишини бир неча марта таъкидлади. Умуман олганда, бундай эзгу ниятларнинг мавжудлиги яхши лекин ҳар сафар рақамларга қараб бундай гапларнинг барчаси ҳозирча қуруқ гаплигича қолаётганлигини кўришиш қийин эмас.

Жорий йилнинг биринчи чорагида таълим соҳасида банд бўлган ҳодимларнинг ўртача маоши республикадаги ўртача маошнинг 73,5% ини ташкил этган, ўтган йилнинг мос даврида бу кўрсатгич 78,1% ни ташкил этган эди. Тиббиёт ҳодимларининг ўртача маоши эса республикадаги ўртача маошнинг 67,6% ини ташкил этган. Ўтган йилнинг мос даврида эса бу кўрсатгич 71.2% ни ташкил этган эди. Кўриб турганингиздек, таълим ва тиббиёт соҳасида банд бўлган ҳодимларнинг ўртача даромади республикадаги ўртача даромадга яқинлашаётгани йўқ балки ундан узоқлашиб бормоқда. Бу тенденция кеча ёки бугун бошланиб қолгани йўқ балки «янги» давр бошлангандан буён йилдан йилга кучайиб бормоқда. Масалан, 2020 йилнинг январь-март ойларида таълим соҳаси вакилларининг ўтача иш ҳақи республикадаги ўртача иш ҳақига нисбатан 80,9% ни ташкил этган бўлса, тиббиёт соҳаси вакиллари учун бу кўрсатгич 70,1% ни ташкил этган(айнан шу мавзуда gazeta.uzga ёзган маоқламда ҳам таълим соҳаси вакилларининг жамиятдаги мавқейи йилдан йилга пасайиб бораётганлиги ҳақида тўхталиб ўтган эдим). Умуман олганда 2021 йилнинг биринчи чорагида(ҳамда 2020 йилда) тиббиёт соҳаси вакиларининг ўртача иш ҳақи республикадаги ўртача иш ҳақида юқорироқ улушга эга бўлганлигини асосан пандемия натижасида баъзи тиббиёт ҳодимларига юқорироқ маош тўланганлиги билан изоҳлаш мумкин. Умумий тенденция эса тиббиёт ҳодимлари ҳам ҳудди таълим соҳаси вакиллари каби нисбий камбағаллашишда давом этмоқда.

Таълим ва тиббиёт соҳаси вакилларининг жамиятдаги аҳамияти ҳақида жудаям кўп гапирилмоқда. Уларнинг маошлари оширилиши зарурати ҳам кўп таъкидланади. Лекин амалда эса таълим ва тиббиёт соҳаси вакиллари бошқа соҳа вакиллари билан таққослаганда камбағаллашиб бормоқда. Уларнинг жамиятдаги мавқеини бу тарзда йўқотиб бориши узоқ муддатли ўсишга ҳам салбий таъсир қилиши турган гап(бу ҳақи gazeta.uzda ўқишингиз мумкин). Қарор қабул қилувчиларни таълим ва тиббиёт ҳодимларининг на маоши ва на жамиятдаги мавқеи қизиқтиради. Агар бу уларни ташвишга солганда бир неча йилдан буён кузатилиб келаётган таълим ва тиббиёт ҳодимлари маоши бошқа соҳа вакиллариникига нисбатан пасайиб боришининг олдини олган бўлар эди.

@Mirkonomika
Кўчаларда пул сўраб турган кекса ёшдаги кишилар сонининг ошиб бораётганлигини мени доим хавотирга солади. Давлат раҳбарининг ижтимоий ҳимояга мухтож аҳолига оз бўлсада ёрдам беришга ҳаракат қилаётганлиги эса албатта қувонарли. Хусусан уруш қатнашчилари ва ногиронлиги бўлган шахслар, ёлғиз кексаларга ҳар ойда озиқ-овқат ва гигиена воситалари хариди учун уларнинг пенсия ва нафақаларига 270 минг сўм миқдорида устама тайинланар экан. Бундан ташқари, уларга йиллик кийим-кечак учун қўшимча 4 млн сўм компенсация бериб борилар экан. Умуман олганда бу қўшимча тўловлар ёлғиз кексалар ҳаётини сезиларли яхшилаши мумкин. Балки бу қўшимча тўловлар уларнинг тўлиқ нормал ҳаётда яшаши учун етарли бўлмас. Аммо ўйлайманки уларнинг ҳаёт даражаси оз бўлсада ошади.

Балки уларнинг бир қисми кўчаларда пул сўраб чиқиш қарорларини ҳам ўзгартиришар. Чунки кекса ёшдаги инсонларнинг асосий қисми кўчаларга айнан иложсизликдан чиқишади. Уларнинг яшаш даражаси яхшиланиши эса кўчаларда пул сўраб чиқиш қарорларига таъсир қилиши керак.
Маргарин импорти кескин ошмоқда.

Жорий йилда маргарин импорти кутилмаганда кескин ошмоқда. Статистикага қараб ўзбекистонликлар маргарин истеъмолини тасаввур қилиб бўлмас даражада кескин оширмоқда деган таассурот пайдо бўлади. Хусусан, жорий йилда Россиядан 66.4 млн доллар қийматдаги маргарин импорт қилинган ҳамда Россиядан импорт қилинадиган асосий озиқ-овқат маҳсулотлари орасида маргарин етакчига айланган. Маргарин импорти ўтган йилнинг мос даври билан таққослаганда 6,3 баробар ошган(агар маргарин нархида катта ўзгариш бўлмаган бўлса, унда келиб чиқадики маргарин импорти ҳажмида ҳам юқоридаги рақамга яқин миқдорда ўсиш кузатилган). Қозоғистондан эса қарийб 16 млн доллар қийматдаги маргарин импорт қилинган. Ўтган йилнинг мос даври билан таққослаганда эса маргарин импорти 18,3 баробар ошган.

Умуман олганда, бундай тенденциянинг кузатилишига, асосий сабаб 2021 йилнинг иккинчи ярмида Россия томонидан кунгабоқар ёғи экспортига бож миқдорининг оширилгани бўлган бўлиши мумкин. Яъни россиялик экспортерлар(ёки ўзбекистонлик импортерлар) ўрнатилган божни айланиб ўтиш мақсадида ёғни маргаринга айлантириб чегарадан ўтказишаётган бўлиши мумкин(буни қандай уддалашаётганини эса мен билмайман). Агар Россиядан мамлакатимизга ёғ импорти кўрсатгичларига эътибор қаратсак, кўришимиз мумкинки, ёғ импорти кескин пасаймоқда. Масалан январь ойида Россиядан ёғ импорти тахминан 7,5 баробар пасайган. Январь-март ойларида эса ёғ импорти шу даражада кам бўлганки, Россиядан импорт қилинган озиқ-овқат товарлари орасида кўрсатилмаган ҳатто. 2021 йилда ўсимлик ёғи импортининг тахминан 66% и Россиядан кириб келган эди. 2022 йилда Россиядан ёғ импортининг кескин пасайиши, ички бозорга таъсир қилмайдими? Албатта импортимизнинг асосий қисми тўғри келадиган давлатдан импортимизнинг кескин пасайиши ички бозорда юқори нарх ўсишига сабаб бўлиши ҳамда биз январь , февраль ойларидаёқ ёғ нархининг юқори ўсаётганлигини кўраётган бўлишимиз керак эди(аммо бундай бўлмади). Бошқача айтганда, Россиядан ёғ импорти камаймаган балки катта эҳтимол билан бошқа ном остида мамлакатимизга кириб келмоқда.

@Mirkonomika
2022 йил биринчи чорагида Озиқ-овқат маҳсулотлари импорти

Жорий йилнинг январь-март ойларида мамлакатимиз жами 819 млн доллар қийматдаги озиқ-овқат маҳсулотлари импорт қилган. Ўтган йилнинг мос даври билан таққослаганда озиқ-овқат маҳсулотлари импорти 52,6% га ўсган. Озиқ-овқат маҳсулотлари импортининг умумий импортдаги улуши эса 11,1% га етган(ўтган йилнинг мос даврида бу кўрсатгич 10,5% эди).

Деярли барча озиқ-овқат маҳсулотлари импортида юқори ўсиш суратлари қайд этилган. Бундай юқори ўсишнинг бир қисмини 2021 йилда баъзи товарлар учун ҚҚС бўйича берилган имтиёзлар ҳамда баъзи товарлар учун импорт божининг вақтинча бекор қилинганлиги тушунтириб беради.

· Озиқ-овқат маҳсулотлари орасида қиймати энг юқори улушга эга бўлган товар буғдой ҳисобланади. 2022 йилнинг биринчи чорагида 201 млн доллар миқдорида буғдой импорт қилинган. Ўтган йилнинг мос даври билан таққослаганда буғдой импорти 44,5% га ошган.

· Қиймати энг юқори бўлган икинчи товар шакар хомашёси ҳисобланади(Бразилиядан). Жорий йилнинг январь-март ойларида 91 млн доллар миқдорида шакар хомашёси импорт қилинган бўлиб, ўтган йилнинг мос даври билан таққослаганда қарийб 75% га ошган.

· Маргарин импорт эса ўтган йилнинг мос даври билан таққослаганда 6,6 баробар ошган.

2021 йилда ҚҚСдан имтиёз берилган Гўшт(йирик шохли қора мол гўшти) ва картошка каби товарлар импорти ўтган йилнинг мос даври билан таққослаганда мос равишда 2,3 ҳамда 2,7 бароборга ошган(албатта қийматда).

Импорт божи вақтинча бекор қилинган банан ва мандарин каби товарлар импорти ўтган йилнинг мос даври билан таққослаганда 2 баробардан кўпроқ ошган.
Бразилиядан гўшт импорт қилаяпмиз.

Жорий йилнинг биринчи чорагида 10,4 минг тонна қорамол гўшти импорт қилинган. Ўтган йилнинг мос даври билан таққослаганда қорамол гўшти импорти ҳажмда 1,7 баробар ошган. Импорт қилинган қорамол гўштининг ўртача нархи кг учун 4,4 долларни ташкил этган. Жорий йилда мамлакатимиз Бразилиядан қорамол гўшти импорт қилишни бошлаган. Биринчи чоракда Бразилиядан 571 тонна миқдорида қорамол гўшти импорт қилинган. Бразилиядан импорт қилинган қорамол гўшти умумий қорамол гўшти импортининг 5,4% ини ташкил этган.

Бразилиядан импорт қилинган қорамол гўштининг ўртача нархи кг учун қарийб 5 долларни ташкил этган.
Инфлация: апрель

Апрель ойида мамлакатимизда ойлик инфлация даражаси март ойидаги каби 1,5% ни ташкил этган. Йил бошидан буён тўрт ойлик инфлация даражаси 4,4% ни ташкил этган. Ўтган йилнинг мос даврида бу кўрсатгич 4,1% эди.

Йиллик инфлация даражаси 10,4% ни ташкил этиб март ойидаги кўрсатгичдан 0,1% бандга пасайган.

Апрель ойида озиқ-овқат маҳсулотлари нарх ўсиши бўйича етакчи бўлган(олдинги ойлардаги каби). Озиқ-овқат маҳсулотлари ойлик инфлацияси 2,1% ни ташкил этган(ўтган йилнинг мос даврида бу кўрсатгич 3% ни ташкил этган эди). ноозиқ-овқат маҳсулотлатларининг ойлик нарх ўсиши 1,4% ни ташкил этган бўлса, хизматлар инфлацияси 0,5% ни ташкил этган.
Баъзи товарлар учун кўрсатгичлар

Ун.
Апрель ойида буғдой унинг ойлик ўртача нарх ўсиши 5,2% ни ташкил этган. Март ойида бу кўрсатгич 2% ни ташкил этган эди.

Кунгабоқар ёғи. март ойидаги юқори нарх ўсишидан кейин кунгабоқар ёғининг нархи кейинг ойларда ҳам юқори суратларда ўсиб бориши тахмин қилинаётган эди. лекин апрель ойида кунгабоқар ёғининг ойлик нарх ўсиши амрт ойидаги кўрсатгичдан секинлашган. Апрель ойида кунгабоқар ёғининг ойлик инфлацияси 2,5% ни ташкил этган. Апрель ойида бу кўрсатгич 3,1% ни ташкил этган эди.

Шакар. Март ойидаги беқарорликдан кейин, апрель ойида шакар нархи яна барқарорлаша бошлади. Апрель ойида шакар нархи 0.9% га қимматлаган. Таққослаш учун март ойида бу кўрсатгич 12,8% ни ташкил этган эди.

Картошка. мавсумий пишиқчиликнинг бошланиши картошка нархи сезиларли пасайишни бошлаган. Апрель ойида картошка нархи 1,4% га арзонлаган. Таққослаш учун март ойида картошканинг ойлик инфлацияси 0.8% ни ташкил этган эди
Федерал резерв асосий фоиз ставкасини 0,5% га кўтарди(ҳозир асосий фоиз ставкаси 0,75-1%). Умуман олганда йил бошланмасиданоқ кўпчилик иқтисодчилар 2022 йилда асосий фоиз ставкасининг бир неча марта кўтаришини башорат қилишган бўлсада, қисқа муддатда бундай юқори ўсишни жиддий иқтисодчилардан ҳеч бири тахмин қилмаган эди. кўплаб иқтисодчилар Федерал резерв йил давомида асосий фоиз ставкасини уч(ёки тўрт) марта оширишини аммо йил охиригача асосий фоиз ставкаси 1% атрофида шаклланишини тахмин қилишган эди. Aсосий фоиз ставкасининг юқори ўсиши кутилмаганлигининг асосий сабаби, Федерал резерв асосий ставкани ошириш орқали етилиб улгурмаган ўсишни инқирозга айлантириши мумкин деган хатарлар бор эди.

Аммо йил кўплаб ташқи хатарлар билан тўлиб тошди. Ўзи шундоқ ҳам юқори сақланиб қолаётган инфлация энергия ресурслари ҳамда озиқ-овқат инфлацияси хатарлари билан янада юқорироқ ўсишни бошлади. Хусусан, март ойида йиллик инфлация даражаси 8,5% га етди(ўша жидий иқтисодчиларнинг фикрига кўра инфлация келаётган ойлардан пасайиши керак).

Инфлация бўйича хатарларнинг ошиб кетиши биринчи чоракда салбий иқтисодий ўсишга қарамасдан асосий фоиз ставкасининг шу тарзда жиддий оширилишига олиб келди. Биринчи чоракдаги салбий иқтисодий ўсиш катта эҳтимол билан инқирознинг бошланиши эмас. Чунки ички хусусий истеъмол биринчи чоракда 3,7% лик юқори кўрсатгичда ўсган. Яъни катта эҳтимол билан кейинги чоракдан иқтисодий ўсиш қайтади(албатта резервнинг ҳам қарорларига боғлиқ бу тенденция).
Айтганча, асосий фоиз ставкаси 0,5% га оширилганига қарамасдан, реал фоиз ставкаси манфийлигича қолмоқда.
Фуқаролар учун бюджет ҳисоботи эълон қилинибди. Лекин ҳисоботдаги барча прогнозлар урушдан олдинги кутилмалар асосида қилинган(албатта ҳисоботни тайёрлаш учун кетадиган вақтни ҳисобга олсак бу нисбатан тушунарли). Яъни ҳисобот ҳозирги кутилмалар ва ҳозирги шарт-шароит нуқтаи назаридан жудаям оптимистик. Хусусан, ҳисоботда йиллик ўсиш 6% бўлиши, инфлация даражаси эса 9% атрофида шаклланиши прогноз қилинган. Аммо турли халқаро ташкилотлар мамлакатимизнинг йиллик ўсиши бўйича прогнозларини сезиларли даражада пасайтириб бўлишди(масалан Жаҳон Банки январдаги прогнозларга нисбатан ўсиш темпини 2% га пасайтирди), бундан ташқари Марказий банк ҳам инфлация бўйича прогнозларини ўзгартирди ҳамда сезиларли оширди. Бу икки кўрсатгич бўйича прогнозларнинг ўзгартирилиши табиийки бошқа прогнозларнинг ҳам ўзгариб кетишига олиб келади(масалан бюджет даромадлари).

Ҳозирги шароитдан келиб чиқиб айтиш мумкинки, фуқоролар учун бюджет ҳисоботидаги прогнозлар(давлат харажатларидан ташқари) ҳеч қандай кутилмани шаклантириш ёки қандайдир хулосалар қилиш учун асос бўлолмайди.
Охирги уч йилда ташқи қарзнинг ўсиш динамикаси:

· 2020 йил: 134,3%(олдинги йилга нисбатан)

· 2021 йил: 112%

· 2022 йил: 118,6%(прогноз)

Бу вақтда ЯИМ нинг йиллик ўсиши(реал ўсиш):

· 2020 йил: 1,6%

· 2021 йил: 7,4%

· 2022 йил: 3.6%(Жаҳон банки прогнози)

Агар иқтисодий ўсиш ташқи қарз ўсишидан паст даражада сақланиб қолишда давом этса бу қарз юкининг йиллар давомида ортиб боришига олиб келади. Яъни йиллар ўтиши билан қарз юки ортиб боради(айниқса охирги йилларда бу тенденция сезиларли даражада бўлди).

Бундай тенденцияни тўхтатиш учун биринчи навбатда нормал йилларда қарз олиш бўйича юқори чегарани пасайтириш зарур(сезиларли даражада). Қолаверса, олинган қарз юқорироқ қайтим берадиган соҳаларга йўналтирилиши зарур(ҳозиргидан фарқли равишда), яъни олинган қарзнинг юқорироқ қайтим бериши иқтисодий ўсишни оширади. Бу эса ўз навбатида қарз юкининг ёки секинроқ ўсишига ёки даромадга нисбатан пасайишига сабаб бўлади.