Хаёт Шамсутдинов
7.68K subscribers
734 photos
98 videos
719 links
Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг матбуот котиби - ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси

👉 Расмий сайт: prokuratura.uz
Download Telegram
Daryo.uz” веб-сайтидаги “Қашқадарёда бир уй икки харидорга пулланди. Прокуратура нега сукут сақламоқда?" сарлавҳали мақола юзасидан баёнот

Мақолда фуқаро М.Ражабов ва бошқалар томонидан “Шовот махсус бино қурилиш” МЧЖ рахбари Д.Ўтагановга янги қурилаётган уй-жой учун тўловлар амалга оширилган бўлсада, у томонидан уйлар расмийлаштириб берилмаганлиги қайд этилган.

“Шовот махсус бино қурилиш” МЧЖ раҳбари Д.Ўтаганов “Миллий банк” Қарши шаҳар бўлимидан “кўп қаватли уй жой қуриш учун” 6 млрд. 670 млн. сўм кредит олиб, шу маблағ ҳисобига қурилган уйларни ипотека шартномасига асосан кредит таъминоти учун гаровга қўйган.

Шунингдек, Д.Ўтаганов банк билан тузилган ипотека шартномаларининг 12-бандига асосан уй-жойларни тасарруф этилишига нотариус томонидан таъқиқ қўйилганлиги сабабли, уйларни тасарруф этиш ҳуқуқи бўлмасада, ўз хизмат мавқеидан қасддан фойдаланиб, фуқароларга ушбу уй-жойларни шахсий маблағига қураётганлигини, уни якунлаш учун пул зарурлигини, қуриладиган уйларни фойдаланишга қабул қилинганидан сўнг уларнинг номига расмийлаштириб беришни айтиб, уларни ишончига кириб, уй ҳарид қилувчи фуқаролар билан тузилган шартномага асосан жами 1 млрд. 457 млн. 276 минг сўм пулларни олиб, уйларни расмийлаштирмасдан ўзганинг жуда кўп миқдордаги мулкини фирибгарлик, яъни алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан қўлга киритган.

Мазкур ҳолат юзасидан 26.09.2019 йилда Қашқадарё вилоят прокуратураси томонидан “Шовот махсус бино қурилиш” МЧЖ раҳбари Д.Ўтагановга нисбатан ЖКнинг 168-моддаси 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатларни олиб бориш учун вилоят ИИБ ТБга юборилган.

Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Самарқанддаги мактабгача таълим муассасаларида оммавий захарланиш содир этилганлиги юзасидан баёнот

2019 йил 11 октябрь куни Самарқанд шаҳрининг 80, 98 ҳамда 106-сонли мактабгача таълим муассасаларида 12 нафар тарбияланувчилари захарланганлиги ҳолати юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилаётганлиги ҳамда шу жараёнда вилоят ДСЭНМ томонидан қайд этилган МТМ фаолиятлари вақтинча тўхтатилганлиги ҳақида хабар берилган.

2019 йил 14 октябрь куни “Sevimli” телеканали орқали эфирга узатилган кўрсатувда юқоридаги МТМларнинг фаолияти вақтинча тўхтатилганлигига қарамасдан фаолият юритаётганлиги танқид қилинган, ушбу маълумотлар ўрганилганда, ҳақиқатдан ҳам ушбу МТМлар 12.10.2019 йил куни қисман болаларни қабул қилиб, фаолият юритганликлари аниқланди.

Хусусан, шаҳар ДСЭНМ томонидан 98 ва 106-сонли МТМлар фаолиятни вақтинча тўхтатиш ҳақидаги қарорлари, кечикиб МТМ раҳбарларига тақдим қилинганлиги сабабли қисман фаолият юритган.

Юқоридагиларга кўра, Самарқанд шаҳар прокурори томонидан вилоят ДСЭНМ бош врачи ва вилоят мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи номига 2 та тақдимнома киритилди.
Қасддан одам ўлдириш жинояти содир этилганлиги юзасидан

15.10.2019 йил соат 10-00ларда Фарғона вилояти, Марғилон шаҳар марказида жойлашган "Ойгул" савдо мажмуасида фуқаро С.Т. (1999 й.т. ишчи) таниши Х.М. (1995 й.т., тадбиркор) ва унинг 3 нафар қариндошлари билан ўзаро жанжаллашиб, ошхона пичоғи билан Х.М.ни кўкрак соҳасига бир маротаба уриб, қасддан ўлдирган.

Мазкур ҳолат юзасидан Марғилон шаҳар прокуратураси томонидан ЖКнинг 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

С.Т. процессуал тартибда ушланган.

Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Қалбаки пул тайёрлаш ва уни ўтказиш жинояти юзасидан

07.10.2019 йилда "Миллий банк" Миробод тумани филиалига фуқаро М.Н. (1998 й.т., талаба) 100 АҚШ доллари миқдоридаги қалбаки пулни айрбошлаш учун топширганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан 16.10.2019 йил куни Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг туман бўлими томонидан фуқаро М.Н.га нисбатан ЖКнинг 176-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Подробно.uz” интернет-сайтидаги “В центре Ташкента жители требуют вернуть детям площадку. Её снёс застройщик” сарлавҳали мақола юзасидан расмий баёнот

Тошкент шаҳар ҳокимининг 2015 йил 9 февралдаги
96-сонли қарорига асосан хусусий тадбиркорга Миробод тумани, Амир Темур шоҳ кўчаси, 24-уй манзилида жойлашган мавжуд биноларни таъмирлаш ҳамда ўзига тегишли ҳудуднинг 0,04 гектар қисмида қўшимча маъмурий ва маиший хизмат кўрсатиш мажмуаси қуришга рухсат берилган.

Мазкур қарор шаҳарсозликка оид қонун ҳужжатлари талабларига зид бўлганлиги боис, Тошкент шаҳар прокуратурасининг протестига асосан бекор қилинган.

Шу билан бирга, Чилонзор туман маъмурий судининг 13.11.2018 йилги ҳал қилув қарори билан ҳам “Барака коммунал” хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатининг аризаси қаноатлантирилиб, шаҳар ҳокимининг юқоридаги қарори ҳақиқий эмас деб топилган.

Шундан сўнг, болалар ўйин майдончаси ўрнида олиб борилаётган қурилиш ишлари тўхтатилган, лекин, ҳудуд аввалги ҳолатига келтирилмаган.

2019 йил 16 октябрь куни Миробод тумани прокуратураси томонидан фуқаролар манфаатида Тошкент туманлараро иқтисодий судига хусусий тадбиркор зиммасига қурилмани бузиш ва ҳудудни аввалги ҳолатига келтириш мажбуриятини юклаш ҳақида даъво аризаси киритилди.

Суд қарори қабул қилиниб, ҳолат қонуний ечимини топгунга қадар мазкур масала кун тартибида бўлади.
Қорақалпоғистонда 1 қоп ун 110.000 сўмдан ноқонуний сотилган

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Нукус шаҳар бўлими томонидан тадбиркорлик субъектларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан ўтказилган терговга қадар текширувда, “Қорақалпоқ Дон маҳсулотлари” АЖ мансабдор шахслари ўз мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 13.09.2018 йилдаги 731-сонли Қарори талабларига зид равишда, ҳар бир қопи 87.500 сўмдан сотилиши белгиланган 6.134 қоп ун маҳсулотларини
2018 йилнинг сентябрь ойидан жорий йилнинг июнь ойига қадар “Х” оилавий корхонасига 110.000 сўмдан ҳисоблаб, жами 674,7 млн. сўмга сотиб, 138 млн. сўм пул маблағларини ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборишганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан “Қорақалпоқ Дон маҳсулотлари” АЖ мансабдор шахсларига нисбатан ЖКнинг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Одамлар ўлимига сабаб бўлган портлаш юзасидан

18.10.2019 йил соат 06.20 ларда фуқаро Сарвар М. бошқарувида бўлган "Nexia" русумли автомашинани "Навоий-Зарафшон" йўналиши бўйлаб бошқариб бориши давомида, автомашинага ўрнатилган "газ балони" портлаб кетиши оқибатида автомашина ҳайдовчиси Сарвар М. (1959 й.т. нафақада) ва йўловчи Рустам М. (1987 й.т.) воқеа жойида вафот этишган.

Шунингдек, йўловчи Манзура Б. (1937 й.т.) оғир тан жароҳати олиб Конимех тумани шифохонанинг жонлантириш бўлимига жойлаштирилган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда.
Фуқаронинг уй-жой қуриш масаласидаги мурожаати қаноатлантирилди

Бош прокуратура томонидан фуқаро Т.Жамоловнинг уй-жой қуриш учун ер майдони ажратилишида амалий ёрдам беришни сўраб, Бош прокурор ўринбосарининг сайёр қабулида қилган мурожаати кўриб чиқилди.

Муаллиф ўз мурожаатида, отасини 4 сотихли ҳовлисида укасининг оиласи билан бирга яшаб келаётганлигини, ўзига турар-жой қуриш учун Шаҳрисабз тумани, Ҳисорак МФЙ, Яккахона қишлоғидаги тоғ ён бағрида жойлашган "Дашти Б" фермер хужалиги фойдаланувидаги ортиқча ер майдонини "E-ijro auksion" савдосига қўйилишида амалий ёрдам беришни сўраган.

Мурожаатни кўриб чиқишда, Яккахона қишлоғида ҳақиқатан ҳам аҳолига уй-жой қуриш учун қулай текис майдони мавжуд эмаслиги, аксарият турар-жойлар ҳам тоғ ён бағрида қурилганлиги маълум бўлди.

Прокуратура аралашуви билан Яккахона ҳудудидан уй-жой қуриш учун 0,40 га ер майдони "E-ijro auksion" савдосига қўйиш ҳақида туман ҳокимининг қарори қабул қилиниши таъминланди ва муаллифнинг мурожаати қаноатлантирилди.

Бу борада ишлар давом этмоқда.
БОШ ПРОКУРАТУРА АКАДЕМИЯСИДА ДАВРА СУҲБАТИ БЎЛИБ ЎТДИ

2019 йил 21 октябрь куни Бош прокуратура Академияси биносида «Прокуратура органларининг оммавий ахборот воситалари билан алоқаларини янада ривожлантириш истиқболлари» мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги масъул ходими, Ҳарбий прокуратура, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаменти, МИБ, ИИВ ва Давлат божхона қўмитаси матбуот хизматлари раҳбарлари ва ходимлари, Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ўқитувчилари, Бош прокуратура Академияси тингловчилари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Мазкур давра суҳбатида прокуратура ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари билан алоқаларни самарали йўлга қўйиш, фаолиятда шаффофлик ва очиқликни таъминлаш, ахборот олиш эркинлигини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар, эришилган ютуқлар ва камчиликлар, давлат идоралари ходимлари ва журналистларнинг касб этикасига риоя этишларидаги масъулиятини ошириш, шунингдек, келгусида ушбу соҳани янада такомиллаштиришга доир масалалар муҳокама қилинди.
Ов қуроли қўллаган ҳолда одам ҳаётига суиқасд қилиш жинояти юзасидан баёнот

20.10.2019 йил соат 00.00ларда Жиззах вилояти, Ш.Рашидов тумани, Тоқчилик маҳалласида фуқаро Зафар И. (1979 й.т.) фуқаро Ёрқин Б. (1999 й.т.) ва унинг қариндошлари билан ўзаро жанжаллашиб, МС-2112 русумли ов қуроли билан уларга қарата 6 маротаба ўқ узиб, қасддан ўлдиришга суиқасд қилган.

Мазкур ҳолат юзасидан 21.10.2019 йилда Ш.Рашидов тумани прокуратураси томонидан Зафар И.га нисбатан ЖКнинг 25, 97-моддаси 2-қисми "а" банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Зафар И. процессуал тартибда ушланган.

Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Қорақалпоғистонда пахта хом ашёсини қўшиб ёзишнинг олди олинди

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда тадбиркорлик субъектларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан ўтказилган тезкор тадбирда, “Халқабод пахта тозалаш” АЖга қарашли “Қоракўл пахта қабул қилиш маскани” оператори Сардор А., “А.Қ.” фермер хўжалиги томонидан масканга жорий йилнинг 12, 14 ва 16 октябрь кунлари топширилган пахта хом ашёсига яна 3 тонна пахта хом ашёсини қўшиб ёзиш ва юк хатларини қалбакилаштириб бериш эвазига, фермер хўжалиги раҳбаридан
6,0 млн. сўмни талаб қилиб олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан “Қоракўл пахта қабул қилиш маскани” моддий жавобгар шахсларига нисбатан ЖКнинг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Тергов ҳибсхонасида содир бўлган ходиса ҳакида

2019 йил 22 октябрь куни соат 02:30лар чамасида судининг ҳукмига кўра, ЖКнинг 168 ва бошқа моддалар билан узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилган ва мазкур суд ҳукмидан норози бўлиб апелляция шикояти ёзган, Наманган вилояти ИИБ 6-сон тергов ҳибсхонасида сақланаётган маҳкума Шохиста М. (1976 й.т.) ўзи сақланаётган ҳибсхона камерасида тўсатдан саломатлиги ёмонлашиб, кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан вафот этган.

Суд-тиббий экспертизасининг дастлабки хулосасида, маҳкума Шохиста М.нинг ўлими "юракнинг камқонлик касаллиги, ўткир юрак қон томир етишмовчилиги натижасида келиб чиққанлиги, марҳумада тан жароҳатлари аниқланмаганлиги" кўрсатилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Наманган тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Жуда кўп миқдордаги солиқларни тўламаслик ҳолати аниқланди

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Қибрай тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, “G.Q.N” ҳамда “G.S.E” масъулияти чекланган жамиятлари раҳбари Улуғбек.Т. ва бошқалар корхоналар томонидан бажарилган ишлар ва товарлар реализациясидан келиб тушган 7,3 млрд. сўм пул маблағларини солиқ тўловларини тўламаслик мақсадида ҳисоботларда яшириб, бюджетга тўланиши лозим бўлган 1,4 млрд. сўм солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан қасддан бўйин товлаганликлари ҳамда маҳсулотлар сотувидан тушган 4,8 млрд. сўм нақд пул маблағларини банк муассасасига топширмасдан жуда кўп миқдорда савдо қоидаларини бузганликлари аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Улуғбек.Т. ва бошқаларга нисбатан ЖКнинг 184 ва 189-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Ис газидан заҳарланиш юзасидан баёнот

22.10.2019 йил соат 22.00да Хоразм вилояти Янгиариқ тумани,, Остона қишлоғида яшовчи фуқаро К.Ғ. (1974 й.т., якка тартибдаги тадбиркор), турмуш ўртоғи ва 2 нафар фарзандлари қўлбола исситиш печини ёнида ухлаб қолиб, хона ичига тарқалган ис газидан заҳарланиб, вафот этганлар.

Мазкур ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бюджет маблағлари талон-торож қилинганлиги юзасидан баёнот

Самарқанд вилояти юқумли касалликлар клиник шифохонаси томонидан электрон давлат харидлари порталига ҳар бирининг нархи 3 млн. 500 минг сўмдан бўлган 10 дона (35 млн. сўмлик) “G” маркали кондиционер харид қилиш бўйича хусусий корхона билан электрон шартнома расмийлаштирилган.

Бироқ, хусусий корхона томонидан “G” маркали кондиционерлари ўрнига, нархи 2 млн. 425 минг сўм бўлган 10 дона (24 млн. 425 минг сўмлик) “А” русумли кондиционерлар олиб келиб ўрнатилиб, жами 10 млн. 575 минг сўмлик бюджет маблағлари ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилинган.

Бундан ташқари, шифохонада 31 ҳолатда жами 58 млн. 305 минг сўмлик дори воситалари қиммат нархларга харид қилиниб, анча миқдордаги бюджет маблағлари растрата йўли билан талон-торож қилинганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳар прокуратураси томонидан вилоят юқумли касалликлар клиник шифохонаси мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан ЖКнинг 167-моддаси 2-қисми “г” банди жиноят иши қўзғатилган.

Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.