Чўлпон ЭРГАШ шеърлари
51 subscribers
31 photos
5 links
Мустаҳкам эътиқодли, миллат фидойиси, мард ва дарвеш шоир Чўлпон Эргаш хотирасига бағишланган канал.
Download Telegram
* * *
Ошиқман.
Қаергадир ошиқаман,
Кўзларим шабнам каби ялтирайди
Ой шуъласида.
Лабларим қалтирайди.
Сенга асраб қўйган сирли сўзларим,
Туннинг унсиз ашуласида,
Ором билмайди.
Сени излайди.
Бормисан ўзи?!.
Қаерларда юрибсан?..
Балки ҳозир оғир энтикиб,
Қайгадир кўз тикиб,
Эшигинг ёнида ўйчан турибсан.
Балки...
“Эсламай...” деб ўйнаб юрибсан.
Кўнглим нотинч,
Қийнар соғинч,
Ранги-рўйим сомон кечаси.
Кўкда бир ой,
Ерда бир мен,
Ёлғизликнинг ёмон кечаси...
Йироқларда бир куй йиғлайди,
Йиғлаб – юрак бағрим тиғлайди.
Ой бўлса,
Севинчдан осмонга сиғмайди.
Мен бўлсам...
Оҳ, чалишни билсайдинг сен ҳам
Ул дардли куйни.
Билсам эди чалишни мен ҳам
У алам – куйни...
Кутаман...
Кута-кута силлам қуриган.
Нимадир ютаман,
Лабларимнинг нами қуриган.
Кўзларим
Шабнам каби ялтирайди
Ой шуъласида.
Лабларим қалтирайди.
Сенга айтмоқ бўлган сирли сўзларим
Туннинг унсиз ашуласида
Ором билмайди,
Сени излайли...

© Чўлпон ЭРГАШ
1966
ЁЛҒИЗМАН, ЁЛҒИЗИМ...

Ёлғизман, ёлғизим, қўллагин,
Ё кел ё уйқуни йўлларигин.
Сурмаранг осмон бағрида
Ой сузар кўнглимдай яримта.
Ўйласам юрагим ўйнайди,
Ўйнаб ўз ҳолимга қўймайди.
Куйлайман қўлимда созим йўқ,
Қошимда сен қалам қошим йўқ.
Йўқдайман ўйласам ўзим ҳам,
Дунёда сен борсан яхшиям...
Қоронғу осмон бағрида
Ой сузар кўнглимдай яримта.
Қўрқаман бир ўзим кечаси,
Эй, пуштипаноҳим келсангчи.
Сен менинг Аллоҳим қўллагин,
Ё кел ё уйқуни йўллагин.

© Чўлпон ЭРГАШ
1966
КУЗАТИШ

Хайр энди ўғлоним, хайр яхши бор,
Сен борки, жон сақлар танамда жоним.
Ҳамиша мени деб топганинг озор,
Ўз уйингга ўзинг сиғмайсан доим.

Сен менга ўхшайсан – чорасиз ҳотам,
Сен – тўлиб турган қон иккала кўзим.
Қоралаб, ортимдан келар бир одам,
Мен ўлсам – сен ёвга кўтарган қўлим.

Қалбимга тўлганда қувонч ва алам,
Ҳайқириб, ўчимни сендан олурман.
Бор, шеърим – шеригим, борақол, болам,
Болам мен ортингдан етиб борурман.

Йўлингга кўз тикар тиш қайраб замон,
Хор бўлган яхшилар ҳолини сўргин.
Мангу орзуларга тўлсин деб осмон,
Момақалдироқлар ила от сургин.

Кўклам осмонидек ўйнатиб олов,
Ханда ура олгин кўзларингда нам.
Сен ҳам йиғлатолгин кулиб турса ёв,
Токи кулдиролгин кулмаганни ҳам.

Қисмат шундайми деб ўйлабмидим ҳеч,
Одам бўлган экан илон ҳам кўринг.
Кўргилик дунё бу энди бари кеч,
Келдингми, ҳар кимга хўрлатма ўзинг.

Бўронли йўлингда бир куни ногоҳ,
Чақинлар қўлига тушарсан ўғлим.
Шунда сен тилингдан тутилма бироқ,
Шеригини сотмоқ маҳбусга – ўлим.

Ёмон тушларимни яхшига йўйиб,
Юпатган онамдек тош тишлаб тунлар,
Дардларим кўксингга тикканман ўйиб,
Улардан шафақранг қасослар унар!

Шундандир, ҳақ йўлинг курашдир фақат,
Асрлар бош эгмас шеърият – бобонг.
Қон – вайрон кўксидан ўчгай қанча хат,
Бу жанггоҳ заминда отгунича тонг.

Сиз асли азалдан изҳори диллар,
Бироқ бугун қалбда нафратдир ҳоким.
Ошиқлар юртида ҳоким қотиллар,
Эрк – элат тақдири кутмоқда ҳукм.

Узоқ-яқинларда гумбур-гумбурлар,
Пар-пар ёришмоқда кўклар дам-бадам.
Отлар кишнамоқда дупур-дупурлаб,
От сурар шеърият – илоҳий қасам!

Ота юрт номуси бўйнингга каманд,
Фарзандлик бурчингни этгайсан адо.
Оқ йўл энди сенга жанговор фарзанд,
Ҳаёт-мамот жангда учрашгунча то!

© Чўлпон ЭРГАШ
1966
ВАТАННИ ТАНИШ

Туғилиб, кўзимни очдим-у, илк бор,
Бир олов сийнани Ватан деб билдим.
Оч ҳунди сингари кун-тун зору зор,
Бош уриб кўксига саждалар қилдим.

Бир нафас кўзимдан кетса у йироқ,
Дод солиб оламни бузардим тамом.
Шу содда тасаввур, шу сода фироқ,
Мен учун беқиёс эди у замон.
Нимадир бўлди-ю кунлардан бир кун,
Онамнинг қўйнидан чиқдим отилиб.
Илк бор уч-тўрт қадам ташладим мамнун,
Илк бора йиқилдим, шунда қоқилиб.

Шу кундан иборат бир парча ҳовли,
Наздимда чиндан ҳам бепоён ватан.
Ҳар томон чопқиллаб, толиқиб, нолиб,
Дер эдим: бу олам бунча кенг экан?
Бизни қон йиғлатиб бир куни отам,
Кўзда нам жилмайиб отланди жангга.
Шу кундан мен билан чексиз бу олам,
Кўзимга қафасдек кўринди яна...

Нетайким отамни кўрмадим қайта,
Ва лекин дунёни қайтадан кўрдим.
Жўралар англадим нимадир Ватан,
Нимадир муҳаббат, садоқат, ўлим:
Билсин деб Ватаннинг қадрини наслим,
Одамлар тупроққа айланар экан.
Шу азиз тупроқ деб тупроққа кетган,
Ота-бобомизнинг ҳокидир Ватан.

Оламдан ўтса-да фарзанд деб улар,
Бизни бошларида кўтарар доим.
Эй, фарзанд кўзинг оч, ғанимлар юрар,
Оталар бошига етмасин пойи!

© Чўлпон ЭРГАШ
1966
АЛЛА

Саҳар чоғи аллақайдан
Учар аёл аласи,
Киприкларим босар уйқу
Босар оғир далдаси.


Ётармишман ўксик онам
Тиззасига қўйиб бош,
Аллалармиш укамни у
Кўзларига тўлиб ёш.

Ухла болам кулиб бахтинг
Эрта оппоқ тонг отар,
Отанг жангдан омон қайтиб
Сени ўзи уйғотар.


Ухлаёлмай шўрлик укам
Бўғилармиш бешбаттар,
Мени қўрқув босар эмиш
Кутар эмиш бир хатар.

Тўлғонаман босинқираб
Йиғолмайман ҳушимни,
Бирдан чўчиб уйғонаман
Кўтарганча муштимни.


Тил жағимни боғла яна
Босар ғафлат беомон,
Қимир этмас гўё асрий
Уйқудан эл безабон.

Кўзларимни йириб, йиртиб
Отиламан ташқари.
Қаршилайди тонг ҳам титраб
Онажоним сингари.


Бас қил дейман тонг отмоқда
Мен хаёлан ҳайқириб,
Қўй зўрлама онажони
Йўқ гапларни гапириб.

Йиғлар гўдак еру кўкни
Бузгудайин ғалваси.
Қани она қулоқ солса
Тина қолса алласи.


Ўтлар қўйлар жим яйловда,
Мудрар чўпон хотиржам.
Тушларингга посбон кеча,
Кўзларингни юм сен ҳам.

Қўлларингни банд айлаган,
Меҳрим банди алла-ё.
Сени шундай авайлаган,
бахт каманди алла-ё.


© Чўлпон ЭРГАШ
1968
Чўлпон ЭРГАШ
* * *
Қўлдаги гулингни лабингга босиб,
Гулзорга боқдингу нега жилмайдинг?
Қизариб, юзингни яширдинг шошиб,
Менинг келганимни аммо билмасдинг.

Кейин илмагандай гўёки кўзга,
Ёлғондакам қилиб боқдинг таманно.
Ҳеч ким йўқ эди-ку гуллардан ўзга,
Менинг келганимни ҳам кўрмасдинг асло...

Гуллар орасида биров бормиди?!

© Чўлпон ЭРГАШ
1962
КУЗ КЕЧАСИ

Уруш қурбони отам хотирасига

Дўстларим тонггача боғларда қолиб,
Тасалли бераман хазонрез тунга.
Зафарон япроқлар кимдандир нолиб,
Паришон боқади эртанги кунга.

Тақдирга тан берган кексадек маъюс,
Бош чайқар дарахтлар нимадир кутиб.
Оқибат шу экан, шу экан афсус,
Турибман жудолик ичра қон ютиб.

Япроқлар инграйди, еллар ҳам мунгли,
Булутлар бетоқат кезади кўкда.
Қўй дўстим беҳуда кўз ёши тўкма,
Усиз ҳам нажотсиз япроқлар кўнгли.

Урушнинг доғида яримта қолган,
Оналар қалбидек даҳшатли бу кеч.
Ўзга бир тупроқда беиз йўқолган,
Оталар қабридек ҳайбатли бу кеч.

Йўқ, олтин эмас куз, зарҳалмас барглар,
Гарчи у ризқу рўз фасли бўлса ҳам.
Қўрқаман,
Боғ аро кезаркан ҳар гал,
Ортимдан юргандай жувонмарг отам.

Кимдандир хавотир олгандай нотинч,
Кимдандир норизо ташлайди қадам.
Қасоскор нигоҳи тўла ғам, ўкинч,
У мени қайгадир бошлайди шу дам.

У менга умидвор термулар гўё,
Гўёки товушсиз чиқарар садо:
“Сени, кўз юмдим сенинг ёшингда,
Элу юрт тақдири энди бошингда!..”

Бирдан кўрганларим ўтару кўздан,
Тилимни тишлайман кимдандир пинҳон.
Ўтар қаҳ-қаҳ уриб одамлар ўзга,
Ўтади дўстлар ҳам мағрур кўкси қон.

Жўралар қандайдир умид шу асно
Юпатмоқ бўлади кўнглимни бироқ,
Ўйимга у ҳоким бўлиб – тасалло,
Яқиндай кўринар кўзимга йироқ.

Кўзларим олдидан ўтади шунда
Лолага бурканган тоғ-тошлар бағри.
Ёришиб кўнглим ҳам сим-сиёҳ тунда,
Димоққа урилар гулларнинг атри...

Қарангиз жилмаяр Зуҳро ҳам кўкда,
Ҳув, тоғлар ортидан мўралар тонг – қиз,
Нима деб ўйлайди бировлар кўрса,
Мен нечун юрибман бу ерда ёлғиз...

Япроқлар йиғламанг мунғайиб унсиз,
Хушхабар келтирдим мен сизга бу тун:
Сиз ўсган шохчалар бағрида кундуз,
Бесаноқ куртаклар кўрдим мен бугун.

Ухлашар тушлари орзудек кўркам,
Нораста қалбида бир олам кўклам...
Ҳадемай ям-яшил бўлади ҳар ёқ,
Ҳадемай юз очар куртаклар бироқ

Яшиллик бошида ўйнатиб қилич,
Тунлари уйқумни бузади биров.
Кўнглимда гул ёрган баҳорга илинж,
Ғайир нафасидан олади олов!

Эй, дўстлар, эл олам кўз тутган армон,
Гулғунча гўдаклар ҳаққи – эрк учун
Бош эгиб хазонлар узра беимкон,
Қасамёд этайлик кўз очиб бугун:

Куз-ку бу – табиат қонуни абад,
Шу билан гўзалдир аслида олам,
Йўқ, буни ўзгартинг демасман фақат,
Сарғайиш нимадир, билмасин одам.

© Чўлпон ЭРГАШ
1966
САЛОМ

Яна шу кунимдан бўлиб умидвор,
Тонг билан ишимга ошиқар эдим.
Ўтиб кетар экан кимдир беозор –
“Салом” деди кулиб, “Ассалом...” дедим.

Ўхшатгандир балки бировга яқин,
Қайдадир кўргандир мени, эҳтимол.
Танамга югурди эрка бир ёлқин,
Асир этди маҳзун руҳимни бу ҳол.

Ким бўлмасин, унга меҳрим товланди,
Худди товлангандай тонг чоғи қуёш.
Яқин кишим бўлиб кўнглим овлади,
Ичимда арслонлар ухларди ювош...

Кўз олдимдан ўтди мунис оилам,
Ўринлидай димоғ-фироғи қурғур.
Дер эдим, шу пайтда ёнида бўлсам.,
Ўзимдан ўтди деб, сўрардим узр.

Кириб бордим, мана, ишхонамга шод,
Шодон қарши олди кўпчилик шу дам.
Фақат тик қаролмай ўтди биров ёт,
Ўзимни койидим бунинг учун ҳам.

Дилим оғритганди қай бир кун биров,
Кек сақлаш номарднинг ишидир аммо,
Ўша биров менга бўлган бўлса ёв,
Ўзимни ҳақман деб қилмасман даъво,
Шуларни ўйларкан дилда ҳаяжон,
Тилимга келмоқда ширин бир калом:
Жўралар, бахтимга бўлингиз омон.
Мен ҳам бу тонг сизга йўллайман салом.
Токи бу беғубор тонгги саломим
Даврангизда бўлсин мисоли кўзгу.
Холис бир одамдай, дўстларни доим
Менинг юрагимга чорлаб турсин у.

© Чўлпон ЭРГАШ
1974
АРАФА

(Манзара)

Омон Матжонга

Қуёш тож киймоқда мағриб томонда,
Судралади мағлуб булутлар ҳуркак.
Қизиллик югурар кулранг осмонга,
Қутлуғ бир орзудан энтикар юрак.

Еллар хушхабарчи, кўринмас одам,
Тополмай тераклар аланглар ҳар ён.
Кўкрак кериб турар тоғлар хотиржам,
Бетоқат қарғалар изғир тўрт томон.

Узатар офтобни лола чўққилар,
Бош кўтарар ёрқин юлдузлар бир-бир.
Бахти очилган қиз – ой ҳам шўх кулар,
Чаманзор йўлида тикади чодир.

Ёруғ бўлар, дўстим, тунлар бу ёғи,
Қуёш назар қилган кунлар бу ёғи!

© Чўлпон ЭРГАШ
1978
* * *
Қўлдаги гулингни лабингга босиб,
Гулзорга боқдингу нега жилмайдинг?
Қизариб, юзингни яширдинг шошиб,
Менинг келганимни аммо билмасдинг.

Кейин илмагандай гўёки кўзга,
Ёлғондакам қилиб боқдинг таманно.
Ҳеч ким йўқ эди-ку гуллардан ўзга,
Менинг келганимни ҳам кўрмасдинг асло...

Гуллар орасида биров бормиди?!

© Чўлпон ЭРГАШ
1962
САЛОМ

Яна шу кунимдан бўлиб умидвор,
Тонг билан ишимга ошиқар эдим.
Ўтиб кетар экан кимдир беозор –
“Салом” деди кулиб, “Ассалом...” дедим.

Ўхшатгандир балки бировга яқин,
Қайдадир кўргандир мени, эҳтимол.
Танамга югурди эрка бир ёлқин,
Асир этди маҳзун руҳимни бу ҳол.

Ким бўлмасин, унга меҳрим товланди,
Худди товлангандай тонг чоғи қуёш.
Яқин кишим бўлиб кўнглим овлади,
Ичимда арслонлар ухларди ювош...

Кўз олдимдан ўтди мунис оилам,
Ўринлидай димоғ-фироғи қурғур.
Дер эдим, шу пайтда ёнида бўлсам.,
Ўзимдан ўтди деб, сўрардим узр.

Кириб бордим, мана, ишхонамга шод,
Шодон қарши олди кўпчилик шу дам.
Фақат тик қаролмай ўтди биров ёт,
Ўзимни койидим бунинг учун ҳам.

Дилим оғритганди қай бир кун биров,
Кек сақлаш номарднинг ишидир аммо,
Ўша биров менга бўлган бўлса ёв,
Ўзимни ҳақман деб қилмасман даъво,
Шуларни ўйларкан дилда ҳаяжон,
Тилимга келмоқда ширин бир калом:
Жўралар, бахтимга бўлингиз омон.
Мен ҳам бу тонг сизга йўллайман салом.
Токи бу беғубор тонгги саломим
Даврангизда бўлсин мисоли кўзгу.
Холис бир одамдай, дўстларни доим
Менинг юрагимга чорлаб турсин у.

© Чўлпон ЭРГАШ
1974
Чўлпон Эргаш
* * *
Тошмат менинг ҳамқишлоғим,
Отаси урушда ўлди...
Қийин бўлди
Биринчи йил қишлови.
Ўша йили жуда қаттиқ келди қиш.
Ўтин-кўмир оз.
Ёш эди,
Қўлидан келмасди бир иш...
Баҳор, ёз
Она-бола ғўза чопарди.
Ўқиш ўлда-жўлда.
Бир кун тонготарда,
Онаси нон ёпарди,
Отасидан хабар келди:
- Ўлди?!
Тошман менинг ҳамкурсим,
Отаси урушда ўлган.
Онаси Гулсун
Урушдан кейин
Тошмат билан кўчиб келган чўлга...
Баҳслашамиз
Муҳаббат ҳақида.
- Турмуш кўрсам, - дейди, - вақтида.
- Чек, - дейман,
Сигара тутаман.
Чекамиз...
Баъзан отасини эслаб қолади,
Ичса,
Бироз йиғлаб олади.
У дейдики:
- Ота меҳрига тўймадим.
Ичимда кўп дардим...
Мен дейман:
- Тўймадик...
Кўрмадик...
Худди отасига ўхшайди Тошмат,
Жиндай рангпар, дилкаш, асабий.
Бобом дейди менга:
- Наслу насаби,
Бизларга ҳамқишлоқ
Ҳокисор ҳам қашшоқ
Қуллар авлодидан,
Қулмат бобосига ўхшайди Тошмат.

© Чўлпон ЭРГАШ
1966
ЧИЛВИР СОЧЛИ ҚИЗ

Олиб ақлу ҳушим жодугар уйқу,
Кўзларимдан ўпиб, овутмоқ бўлур.
Иситиб ўзига сеҳри билан у,
Момиқ қўлларини ташлаб бўйнимга,
Сендан мени совутмоқ бўлур.
Зор эмасман унинг ғафлат қўйнига!..
Мен сени деганман!
Сен пар қанотим,
Бу дунёда ёлғиз юпанчим менинг.
Сен билан беш кунлик сафар ҳаётим –
Орзулар тонгида суянчим менинг.
Ўзга дилраболар барчаси сароб,
Зар товланган хубоб – кир ўра узра.
Мендан кулса, ҳатто керакмас офтоб,
Сен ҳам кулиб, таранг торларим узма!
Сен келсанг, юракда чикора зорлар,
Доим қалбга умид солиб келурсан.
Йиқилиб ишқ учун тикилган дорлар,
Шум рақиб устидан ғолиб келурман.
Оҳ, илҳор, ос мени чилвир сочингга,
Ёндир ўтларингда куйган бу жоним.
Чидолмай ғафлатда ўт бардошимга,
Бузилсин дўстларим тушлари токим.
Ҳам шундай ёнайки гуркираб ўтим,
Мудроқ юлдузларга бориб чирмашай.
Куймай ўз ўтимда тутаб бир ўзим,
Ўзга қалбларга ҳам ўт ёқиб яшай!

© Чўлпон ЭРГАШ
1963
БАҲОР
ЁРУҒ ЮЛДУЗ
Абдулла ОРИФга

Кўк юзида бир ўт юлдуз –
Ёруғ юлдуз порлайди.
Порлаб, мени кеча-кундуз,
Ўз ёнига чорлайди.
Ўт тушгандай тун бағрига,
Ловиллайди у тунда.
Парвонадек тун қаридан,
Талпинаман мен унга.

Ҳой, булутлар, шошманг бунча,
Берманг унга сиз ҳалал.
Соя солиб қўйиб яна,
Йиғлаб юрманг бемаҳал.
Унингсиз ҳам қоронғу тун,
Манзилим ҳам кўп йироқ.
Порпираган шу бир учқун,
Йўлларимда шамчироқ...

Ошиқаман тонг элчиси –
Юлдузимнинг қошига.
Кўкдан тунни қувмоқ иши
Тушди унинг бошига.
Келақолгин сен ҳам дўстим,
Юлдузимга етайлик.
Нурга ташна кўзлар ўтин,
Жамлаб унга элтайлик.

Оловланиб, тонг номидан
Сўроқ қилар у тунни.
Уйғоқ туриб тонг олдидан,
Олқишлайлик биз уни.

© Чўлпон ЭРГАШ
1966
Аннотация

“Мақсад не эди жаҳона келдинг?” деган саволни Нодирабегим кун тартибига кўндаланг этиб қўйган бўлса-да, мана, салкам икки юз йилдирки, унга ҳар ким ўзига яраша жавоб излайди. Бекойим саволига биринчи бўлиб Жунайдулла Ҳозиқ жавоб қайтарган. Ровийлар ривоят қиладиларки, амир Насрулло 1841 йилда Қўқонни хонавайрон этиб, хон ва унинг авлодларини, хусусан, Нодирабегимни ҳам қатл қилиб Бухорога қайтади.

Пойтахтга яқинлашганда негадир айнан ҳақгўй шоир Ҳозиқ тилидан ўз шаънига ҳамду сано эшитишни истаб қолади. Муаррих ёзади: “Амир фармойиш қилдиким, бизни бу сафар бо зафар келғонимга бир фард байт машқ қилиб, бир нимарса айтинг, дедилар. Дарҳол бу байтни ўқидиларким, назми Ҳозиқ:
Буриди бар қади худ аз маломат,
Либосе то ба домони қиёмат.

Мазмуни:
Ўз қаддингга маломатдан кафан бичдинг,
Бу либос қиёматгача эгнингда қолади”.
Икки қатор шеър айтиб қонхўр подшоҳни эл-юрт олдида шарманда қилган Ҳозиқ тез орада ёлланма жаллод томонидан хоинона ўлдирилади.


Чўлпон Эргаш бадиҳа йўсин фард тўқиб, номини шарафга буркаб кетган Ҳозиқ бободан фарқли ўлароқ, бир умр онгли равишда “Шўро ҳокимияти” деб аталмиш жаллод кундасига бошини қўйиб яшайди, ижод қилади. КГБнинг буюртмаси бўйича у ҳақда “Совет Ўзбекистони” (ҳозирги “Ўзбекистон овози”) газетасида “Гулзордаги шумғия” номли бўҳтондан иборат фельетон эълон қилингач, ичига шайтанат кириб олган ҳамкасблари Касаба уюшмасининг махсус йиғилишида унинг хулқ-атворини, “ёт унсурлиги”ни муҳокама қилиб, ишдан ҳайдаганда ҳам шўравийлар шаънига ҳамду сано ўқимайди. Аксинча, уйсиз-жойсиз, оч-наҳор юриб “кайфиятини баён” этаверади.

Чўлпон Эргаш адабиёт даргоҳидаги илк қадамларидан эътиборан ўзи танлаган тариқатга содиқ қолади. Адаши ва маслакдош устози катта Чўлпон лутф қилганидек, ўтилғуси лозим бўлган Ҳақ йўлини мардонавор босиб ўтади.

Бир нафаслик жасорат рўй бергач, киши вужудини, онг ва шуурини ҳар хил шубҳа-гумонлар, мулоҳазалар чулғаб олиши мумкин. Охир-оқибат жон ширинлик қилиб, жасорат содир бўлган сонияларни қарғаб тавба-тазарру қилиш ҳам мумкин. Яна билиб-билмасдан жасорат содир этиб қўймаслик учун ўзини панага олиб, бор-йўқлигини дунёга сездирмасдан яшаб ўтиб кетган “қаҳрамонлар”ни ҳам биламиз.

Чўлпон Эргаш эса ақли расо “тарихий қаҳрамонлар”га қасдма-қасд умрининг охиригача жасурона ҳаёт кечиради, жасурона ижод қилади, миллат ва уммат манфаатларини қалами билан ҳимоя қилишдан асло чарчамайди.

Чўлпон Эргаш адабиёт тарихида камдан-кам учрайдиган беназир Шахслардан биридир.

(Чўлпон Эргашнинг нашрга тайёрланиб чиқмай қолган "Ичимда арслонлар ухларди" сайланма китобидан)
* * *
Оғзидан қон томиб,
Кечалар оҳ тортиб,
Узоқ-узоқларда нола чекар бир қуш.
Далда бермоқчидек унга
Тоғларда –
Акс-садолари янграйди нохуш.

Онам айтишича:
Қадим замонда
Сутга у сув қўшиб, пуллаган эмиш,
Эл-юрт қарғаб уни,
Ҳайдаб ўша томонга:
“Оғзингга қон тўлсин”,
деганмиш.


Оғзидан қон томиб,
Кечалар оҳ тортиб,
Узоқ-узоқларда нола чекар бир қуш.
Дамо-дам...
Йўқ бу бир афсона,
Рост бўлса агар,
Қон қусмасми эди баъзи бир одам.

© Чўлпон ЭРГАШ
1966
* * *
Номусим бор эди, - бегуноҳ эдим,
Шаримсор этди у, уятга қўйди.

М.Ю.Лермонтов

Сув бўйида турар қотиб субҳидам,
Сув бўйида турар куёв бир ўзи.
Ҳол-жонига қўймай сўрар дарё ҳам:
- Қандай туш у? Гапир қандай сир ўзи?

Дарё каби тўлғонаркан у ғамда,
Титраб бошдан кечмишини ўйлайди.
Ярасига туз сепгандай шу дамда,
Дарё ундан сўрашини қўймайди.

- Наҳот мендан сир тутасан тушингни,
Наҳот бу гал очиқ айтмоқ хуш эмас?!
Алам билан сўзлар йигит тушини:
- Дўстим, бу кеч кўрганларим туш эмас...

Сув бўйида турар куёв субҳидам,
Дарё бўлиб босиб келар уни ғам.

© Чўлпон ЭРГАШ
1967
АЙРИЛИҚ

Тамом энди хайр оппоғим,
Хайр менинг энг яқин кишим.
Кипригимга осилиб оҳим,
Ўзим билан кетар ташвишим.

Ўтганларни ўйламайлик кел,
Ёлғизликдан одам ўлмайди.
Айрилиқдан кўзёшларим сел,
Айрилмасак яна бўлмайди.


Силтаб ташла бағрингдан эркам,
Сўнгги марта қўл силта менга.
Оғиз очма севгидан мен ҳам,
Қайтаб оғиз очолмай сенга.

Ўтган қайтса бошқа гап эди,
Ҳар нарсанинг ўтмиши – олтин.
Ўн саккизда эмасман энди,
Сен ҳам энди тушунган хотин.


Бир кун бахтимизга бериб зеб,
Оқ-қорани айирган дамда.
Ёт тўшакда: “Яхшийди у...” деб,
Тўлғонайлик роса аламда.

Ўзигадир ҳар кимнинг ғами,
Ўз юкимиз орқалашайлик.
Уч оғайни ботирлар каби,
Биз ҳам энди тарқалишайлик.


Туғилгувчи тонгдай беғубор,
Туғилмаган ўғлим яхши қол.
Кўришармиз бир кун бахтиёр,
Бемурувват отангга увол.

Ўз бахтимни излайман кезиб,
Таъқиб қилар ўзга қадамлар.
Савалайди ёмғир ҳам эзиб,
Эзиб ёғар бошимдан ғамлар.


Ўтар-кетар бу дамлар аммо,
Ҳаммадан ҳам айрилиқ ёмон.
Ўтган бўлса бизлардан хато,
Топширамиз бир куни омон.

Айрилмоқлик бор гап эрта кеч,
Бироқ илон, чаён ҳам ҳатто
Ватанидан айрилмасин ҳеч,
Номусидан бўлмасин жудо.

© Чўлпон ЭРГАШ

1967