Асанов формати
14.6K subscribers
1.19K photos
247 videos
75 files
2.72K links
Канал муаллифи, тилшунос, журналист ва блогер Эльдар Асанов тиллар, тарих, антропология мавзуларида таҳлилий ва оммабоп материаллар бериб боради.

Канални қўллаб-қувватлаш: tirikchilik.uz/AsanovEldar

Тижорий ҳамкорлик учун: @AshiVanghuhi
Download Telegram
#тавсия

Бир яхши ҳамкасбим бор. “Кун.уз”да анча пайт ишлади, ҳозир “Қалампир”ни гуллатмоқда. Юрист бўлишига қарамай, журналистикада суриштирувлари ва танқидлари билан анча ном қозонди. Баҳодир Аҳмедовнинг менга ёқадиган яна бир жиҳати бор – тарихга қизиқади. Каналини тарихдан бошлаганди, ҳозир кўпроқ ижтимоий муаммоларга ўтиб кетди – касб тақозоси билан. Шунга қарамай, тарих ҳақида ҳам ёзиб туради.

Ижтимоий муаммолар кўтариладиган ва айни пайтда маърифат улашиладиган яхши канални тавсия қилмоқчиман. Кириб, баҳо беринг: @bahodirahmedoff

👉 @AsanovEldar
#фонетика

Испан футболи мухлислари ўйинлар шарҳини испан тилида кўрганида бир нарсага эътибор бергандир. Испан шарҳловчилари “гол” сўзини икки хил талаффуз қилади: “голь” ва “ғоль”. Эътибор бермаганлар эшитиб кўринг – мана, мана. Бундан тушуниш мумкинки, “г” ва “ғ” товушлари улар учун деярли бир, яъни сўзнинг маъносини ўзгартирмайди.

Бу ҳодисани тушуниш учун товуш ва фонеманинг фарқини билиб олиш керак. Техник жиҳатдан иккиси бир нарса – шунчаки товуш. Бу икки тушунчанинг нозик фарқи бор: товуш деб овоз трактидан чиқаётгн ҳар қандай ҳаво зарби айтилади. Фонема эса сўзнинг мустақил таркибий қисми бўла оладиган товушдир. Ўзбек тилида товушлар сони алифбода кўрсатилганидан анча кўп (бошқа ҳар қандай тилдаги каби), лекин ҳар қандай товуш ҳам фонема бўлолмайди, демак, унинг учун алоҳида ҳарф ҳам талаб этилмайди.

Кликс товушларини олайлик. Аслида ўзбек тилли одам ҳам бундай товушни ишлатади, масалан, бирор нарсани инкор қилганимизда “йўқ” дейиш ўрнига латерал кликс товуш чиқарамиз. Лекин у ўзбек тилида фонема эмас, негаки сўзлар таркибида келмайди, сўзлар маъносини ўзгартирмайди. Ўзбек уни алоҳида мустақил товуш деб қабул қилмайди. Лекин баъзи Африка тилларида кликслар сўзларда жуда фаол қўлланади ва маънога таъсир кўрсатади.

Ўзбек тилида “п” товуши бор, уни баъзи ўзбеклар бироз бошқача (масалан, кучайтириб, урғу бериб) талаффуз қилса ҳам бу маънога таъсир кўрсатмайди. Ўзбек тилида “пар” ҳам, “ппар” ҳам бир маънони англатади (“ппар” деган одам тўғри талаффуз қила олмас экан деб ўйлайсиз). Лекин Осиё жануби-шарқидаги қандайдир тилларда “пар”, “ппар” ва “пҳар” (аспирацияга учраган “пҳ” товуши) бошқа-бошқа сўзлар бўлиши мумкин. Хитойда эса айнан бир хил шаклга эга сўзлар оҳангига қараб умуман бошқа маънони англатади.

Испан тилида ҳам шундай: “ғ” шунчаки “г”нинг аллофони (талаффузда позицияга қараб вужудга келадиган шакли) бўлиб, маънога таъсир кўрсатмайди. Улар баъзан “гол”, баъзан “ғол” деб кетаверади. Ўзбек тилида “г” ва “ғ” бошқа-бошқа фонемалар бўлгани боис бу бизга ғалати туюлади (бундан олдинги сўзни “галати” деб айтсам тушунмасдинглар, масалан).

👉 @AsanovEldar
Ҳоким қовун туширгани майли. Матбуот котибининг иши – унинг имижи устида ишлаш, қовун туширишдан асраш. Нега қовун сайли тугамаяпти десак, гап бу ёқда экан. Матбуот котибининг ўзи қовун туширса, бирор нима дейишга ожизман. Менимча, Ўзбекистондаги “кадр чанқоғи”, нопрофессионаллик, шошқалоқлик, бирёқламалик, тор дунёқараш, бетоқатлик қирғоқлардан тошиб, селдай ёпирилиб келяпти шўр пешонамизга. Юқори лавозимдаги одамлар ўзини маҳалла зўравонидай тутадиган давлатда оддий халқдан нима гина?

👉 @AsanovEldar
Ҳаммаёқ Ҳумо бўп кетди, деяпти интернет. Яхши-ку. Шарқ фольклорига ҳурмат. Таклифим, фақат Ҳумо билан чекланмайлик – манбаларда бошқа афсонавий қушлар ҳам тилга олинади.

“Ўзатом” – Ҳудҳуд. Кўп гапирворяпти охирги пайтларда.

Суд – Семурғ, унинг адолатига етгунча тасаввуфнинг етти водийсидан ўтиш керак.

Шуҳрат Ғаниев – Қақнус, ёниб қайта тирилаверади.

Ўзбек миллий валютаси – Анқо, уруғини топиш қийин.

👉 @AsanovEldar
Khan Academy Ўзбекистонда ишга тушганини эшитган бўлсангиз керак. Бепул онлайн таълимга йўналтирилган бу академия айни пайтда муҳаррир қидирмоқда экан. Муҳаррир, хабарингиз бор, фақатиган тилни яхши билиши эмас, фанлардан ҳам бохабар бўлиши лозим. Сиз рўйхатда келтирилган фанларни яхши билсангиз ва айни пайтда ўзбек тилида саводли ёза олсангиз, Khan Academy’га мурожаат қилинг. Хайрли бошланмага қўшилинг.

👉 @AsanovEldar
Интернетдаги баҳсларда “яхшиям Россия босволган/Россия бўлмаганда иккинчи Афғонистон бўлардик” деган аргументларни ўқиб қоламан. Бу аргументнинг заиф томони шундаки, у сабаб ва оқибатни чалкаштириб юборади.

XX асрнинг 40-йилларигача Афғонистон минтақанинг энг ривожланган ва демократик давлати эди. Омонуллахон даврида бошланган ислоҳотлар мамлакатни ўзгартириб юборди. Мамлакатда фаол аҳоли, сиёсий ҳаракатлар вужудга келди. СССР, Буюк Британия ва Германия Афғонистонга минтақанинг асосий давлати деб қараб, бу ерда нозик сиёсий ўйинлар олиб борди. Айни пайтда мамлакатда диний ва дунёвий тизим тарафдорлари ўртасида сиёсий кураш борди.

Тўғри, ривожланган давлатга айланишга Афғонистоннинг ресурслари етмади. Лекин у 20-йилларда ўзбек хонликларидан анча бой ва илғор эди. Бугунги қолоқлик ва бетиним урушнинг бош айбдори СССР бўлади: 1979 йил СССР Афғонистонга бостириб кириши туфайли бошланган фуқаролик уруши бугунги кунга қадар тингани йўқ. Бу талотўпда мамлакатда радикал ҳаракатлар кучайиб кетди.

Шу маълумот асосида хулоса қиламанки, Россия бўлмаганида, балки иккинчи Афғонистон бўлолмасдик, СССР бўлмаганида, балки Афғонистон ҳозир минтақа лидери бўларди. Бу, албатта, менинг тахминим. Нима бўлганда ҳам, Афғонистон доим нотинч ва қолоқ бўлган, бу аҳволдан бизни СССР қутқариб қолган деб ўйлайдиганлар қаттиқ янглишади.

👉 @AsanovEldar
Умуман, Афғонистон, Эрон, Покистон сингари давлатлар мен учун парадокс бўлиб қолмоқда. Бу жамиятлар консерватив, ўрта асрларга хос анъаналар сақланиб қолган дейилади одатда. Лекин уларда ўзига хос сайлов демократияси ривожланмоқда – бир киши ҳокимият тепасида ушланиб қолишини тасаввур қилиш қийин, президентлар, бош вазирлар алмашади. Бу уч мамлакатда ОАВ анча эркин ва дадил, ижтимоий фаол аҳоли кўп, митинглар, сиёсий ҳаракатлар одатий ҳолга айланган. Покистон феминизм энг ривожланган, хусусан, #metoo ҳештеги энг машҳур бўлган мамлакатлардан бири ҳисобланади (покистонлик ҳамкасбларнинг айтишича).

Покистон, Афғонистон, айниқса Эроннинг илмий салоҳияти ҳам ҳайратланарли. Инглиз тилини яхши билган, дунёнинг ривожланган давлатларида фаолияти юритаётган ўнлаб олимларни эслаш мумкин. Мамлакатнинг ўзида ҳам илғор, билимли ёшлар жуда кўп. Инглиз тилли оламга дахлдорлик ва мамлакатларнинг оғир тарихий йўли ёшларни билимлироқ, фаолроқ бўлишга мажбур қилаётгандир, ким билсин.

Тожик ҳамкасблардан бир воқеа эшитгандим, балки бироз бўрттирилгандир, билмадим. Каттакон бир намойиш олдига президент Ашраф Ғани Аҳмадзай чиққанида бир нуроний унга шундай деган экан: “Сен Афғонистон жумҳурраиси сифатида бизга нима бердинг?” Аҳмадзай жавоб берган экан: “Мен сенга жумҳурраис қаршисида туриб шундай сўзлар айтиш имконини бердим”.

Дарвоқе, бизда рок тақиқланган, рэпдан эса миллийлик қидирилаётган пайтда Афғонистонда рок ҳам, рэп ҳам ривожланяпти (маҳаллий ўзбекларнинг фаол иштирокида). Афғонистон поп-мусиқасида долзарб ижтимоий масалалар кўтарилади. Эшитиб кўринг:

Юсуф Балхий – “Она тилим”;

Kabul Dreams – “Садойи Афғонистон”, “Шаҳоб”.

👉 @AsanovEldar
​​Facebook’да бир қизиқ постга дуч келдим. Сиз билан ўртоқлашмоқчиман. Нацизмни енгган СССРнинг ўзида ҳам миллатчилик ва ирқчилик мавжуд бўлган. Ҳар хил даврда ҳар хил даражада, ҳар хил кўринишда.

Линк: https://telegra.ph/Foydali-yahudiylar-01-21

👉 @AsanovEldar
#саволжавоб

Олдин ваъда қилинганидек, ҳар ойда икки марта #саволжавоб олиб борамиз. Янги йилда биринчи савол-жавоб панелини очиқ деб эълон қиламан. Илтимос, савол беришдан олдин қоидалар билан танишиб чиқинг, барчасини махсус постда тушунтиргандим.

👉 @AsanovEldar
Сергей Абашин ёзяпти:

100 йил олдин, 1920 йил 21 январда Туркистон тарихида бурилиш ясаган воқеа рўй берди. Туркистон мухтор республикаси Марказий ижроия қўмитаси раиси лавозимига 26 ёшли Турор Рисқулов тайинланди. МИҚ раиси – бошқарув тизимидаги энг юқори лавозим. Туркистон совет республикаси ташкил топганидан буён (ундан олдинги Туркистон генерал-губернаторлигини қўятурайлик) биринчи марта бу олий мансабни маҳаллий мусулмон аҳоли вакили, қозоқ эгаллади. Албатта, у совет Марказига мутлақо садоқатли большевик эди. Табиийки, у чекланмаган ҳокимиятга соҳиб эмас эди, чунки Марказ уни минтақага юборилган, ҳар қандай қарорни тиқиштириш ваколатига эга Туркистон комиссияси орқали назорат қиларди. Шунга қарамай, бу тайинлов бутун маҳаллий бошқарув мустамлакачилардан маҳаллий аҳоли вакилларига ўтганидан далолат эди. Рисқуловдан сўнг бу лавозимга фақат маҳаллий аҳоли вакиллари тайинланди. Мустамлакачи жамияти ичидаги ихтилофлар ҳамда Туркистон ҳукуматини 1918–1919 йилларда пароканда қилган мустамлакачилар ва мусулмонлар ўртасидаги зиддият тўхтади. Энди ўзаро ҳамкорлик ва қарама-қаршилик йўналиши совет-мусулмон Туркистони ва Москва муносабатлари ўзанига кўчди.

Бу ўзгариш муҳим сиёсий оқибатларга эга бўлди. 1919 йилда Мусулмон бюросини бошқарган (у 1920 йилда тугатилган эди) Рисқулов республика қандай ривожланиши масаласида ўз нуқтаи назарига эга эди. Аксарият мусулмон большевиклар қўллаб-қувватлаган бу лойиҳада мусулмон кўпчиликнинг ҳуқуқларига, уларнинг иқтисодий муаммоларини, маориф, суд муаммоларини ечимшга, диний ҳуқуқларга урғу бериларди. Рисқулов бошчилигида етакчи позицияни эгаллаган ушбу гуруҳ ғояларини илгари суриш учун янги имкониятларга эга бўлди. Январь ойидаёқ Рисқулов “Туркистон этнографик ва бошқа хусусиятларига кўра Турк Миллий Республикаси” эканини эълон қилди. “Туркистон – туркларники демак, бу туркларнинг ватанидир, ва биз уни Турк Миллий Республикаси деб аташимиз лозим”, “Бу ерда аҳолининг кўпчилигини турклар ташкил этади. Туркистон аллақачон Турк Республикаси деб тан олинган ва биз шу принцип асосида унинг партиясини, яъни Турк коммунистик партиясини таъсис этишимиз, унинг қошида Миллий озчиликлар билан ишлаш бўлимини очишимиз лозим”. Бу мантиқан тўғри қадам эди: мусулмон (ва турк) кўпчилик сиёсатнинг мустақил фактори ва акторига айланаркан, мухтор республика ҳам миллий характери ҳақида очиқ баёнот бериши керак эди. Бу совет Россияси учун ўзига хос бир нарса эмас эди – у ерда миллий белги асосида мухтор тузилмалар, масалан, Бошқирдистон Республикаси ташкил топган эди. Турккомиссия аъзолари – Элиава, Куйбишев ва Голошчёкин ўша пайтда бу ғояни қўллаб-қувватлади. Аммо кейинчалик новация тақдири ачинарли бўлди. Кейинроқ Туркистон фронти қўмондони Фрунзе ташаббусга қарши чиқди – у минтақада де факто мустақил ва асосий сиёсий арбобга айланган эди. Дарвоқе, у Туркистон колонистлари оиласидан эди. У маҳаллий аҳоли орасидаги “турк сафарбарлиги”да Марказ учун таҳдид кўрди ва Марказни бунга ишонтира олди. Рисқулов Москвага йўл олди, Ленин ва МҚ билан учрашди, уларга ҳақлигини исботлашга уринди, лекин пировардида мағлуб бўлди ва ёздаёқ истеъфога чиқди. У Москвага, Миллатлар иши бўйича халқ комиссариатига Сталиннинг ўринбосари сифатида ўтказилди.

👉 @AsanovEldar
Нима учун сўровномаларга ишониб бўлмайди?

Ўз вақтида сўровнома ва унинг ҳар хил турлари социологиянинг асосий қуроли эди. Сўровнома шахсий қарашлардан кўра муҳимроқ ва аниқроқ, объектив картинани, хилма-хилликни кўрсатиб берадиган инструмент ҳисобланарди. Лекин ҳозирги социологияда сўровномага муносабат бироз ўзгарган.

Бугунги кунда тадқиқотчилар сўров методи кўплаб ноаниқликларга ва мураккаб жиҳатларга эгалигини тан олмоқда. Мана энг асосийлари:

- сўровлар одатда бутун аҳолини қамраб олмайди. Тадқиқотчилар маълум критерийлар асосида репрезентатив гуруҳ тузиб, шу гуруҳ ичида сўров ўтказади, унинг натижасини эса кенгроқ жамоага проекция қилади. Гуруҳ қай даражада репрезентатив? Қандай критерийлар асосида гуруҳ тўпланади? Ўн кишининг фикрини минг кишига проекция қилиш қанчалик ўзини оқлайди? Бир кишининг фикрига қараб минг киши ҳақида хулоса қилиш билан минг кишининг фикрига қараб миллион киши ҳақида хулоса қилиш орасида қандай фарқ бор? Бу саволлар берилганидан сўнг сўровнома натижалари ортиқ объектив ҳақиқат сифатида қабул қилинмай қўймоқда;

- сўровдан ўрин олган саволлар манипулятив бўлади. Тўғри, ҳамма ҳам сўров ёрдамида ижтимоий фикрни манипуляция қилишга уринмайди – аксарият тадқиқотчилар шунчаки омма фикрини ўрганишни хоҳлайди. Шунга қарамай, савол маълум бир шаклда формулировка қилинганининг ўзиёқ манипуляция ҳисобланиши мумкин. Нега “шу фикрга қўшиласизми?” деб сўраляпти, “шу фикрга қўшилмайсизми?” деб сўралмаяпти? Нега респондентнинг миллати сўраляпти (балки миллат тушунчаси унга бегонадир)? Жавоблар сони ҳам чекланган бўлади ва бу беихтиёр сўров иштирокчисининг фикрига таъсир кўрсатади – у онгсиз равишда берилган вариантлардан бирини танлайди, ва танлаган вариантини “шахсий фикрим шу” деб ўйлай бошлайди. Аслида худди шу саволга бошқа жавоблар берилганида, респондент шулардан бирини танлаб, “шахсий фикрим шунақа” деб ўйлай бошларди. Жавоблар сонини кўпайтириш билан муаммони ҳал қилиб бўлмайди – учта жавобдан бирини танлаш ҳам, юзта жавобдан бирини танлаш ҳам барибир шахсий фикрга таъсир ўтказади;

- ниҳоят, сўров иштирокчиси хоҳласа-хоҳламаса босим остида бўлади. У дўстлари билан чойхонада суҳбатлашиб ўтирмаганини, жавоблари нимагадир таъсир қилишини тушунади ва шунга қараб жавоб беради. Кимдир ўта политкоррект, толерант бўлиб қолади, дўстлар даврасида ҳазил ёки чин сўкиб юбориши мумкин бўлган аҳоли қатламига тоқатли эканини ёзади, ўз шахсий қарашидан, шахсий тажрибасидан эмас, диний, миллий ёки умуминсоний қадриятлардан келиб чиқишга уринади. Сўров аноним ўтказилиши масалани енгиллаштирмайди – кимдир барибир жавоблари нимагадир таъсир қилишини билиб оғир-босиқ ва ўз назарида холис жавоб беришда давом этади, кимдир эса, аксинча, исми ҳеч қаерда акс этмаслигини билиб, табиатига ва шахсий қарашига зид равишда шўхлик қилишни, ғалати ва радикал жавобларни танлашни бошлайди.

Мана шу сабабларга кўра сўров методи бугун ўта объектив, аниқ натижа кўрсатувчи инструмент ҳисобланмайди. Албатта, қандайдир умумий фонни билиш учун, статистика тўплаш учун ундан фойдаланишади. Лекин бугунги фан индивидуаллашмоқда – алоҳида шахсларнинг, оилаларнинг тарихига, тажрибасига, алоҳида одамларнинг хотиралари ва таассуротларига урғу берилмоқда.

Шундай экан, “Сўров натижаси инсоният капитализмдан чарчаганини кўрсатмоқда”, “80 фоиз одам парламент сайловида иштирок этади” каби маълумотларга дуч келганда улар нимага асосланганини яхшилаб текшириб кўринг.

👉 @AsanovEldar
​​#саволжавоб

Атлантлар деган одамлар бўлган деб эшитамиз ёки гигант одамларнинг суяклари топилгани ҳақидаги хабарларни гоҳ-гоҳ учратиб турамиз. Биз яшаб турган дунёни 5-цивилизация дейишади, яъни биз 5-тойифа эканмиз. Олдин Атлантлар ва ҳоказо тойифалар йўқ бўлиб кетган эмиш.

Атлантлар – юнон мифологияси қаҳрамонлари. Бундай одамлар тарихда ўтмаган. Гигант одамларнинг суяклари топилгани ҳақидаги ҳамма хабарлар ёлғон, суратлар – фотошоп. Бу аллақачон исботланган ва баҳсга арзимайдиган масаладир. Бунақа ёлғонларга ишонмасликни тавсия қиламан.

Жиззахда зомин тумани бор, шу зоминликлар ўзларини Зомин туркларимиз дейишади. Савол зомин турклари аждодлари кимлар?

Турк – ўзбек уруғларидан бири. Улар ҳақида энг батафсил маълумот Билқис Қармишеванинг китобида келтирилган.

XVI асрда ўзбеклар Мовароуннаҳрда ўрнашганидан сўнг қарлуқлар ва чиғатойларнинг бир қисми уларга қўшилмай, сиёсий ҳаётдан узоқ туриб, секинлик билан алоҳида қабилавий бирлашмага айланади. Улар ҳақида XVIII асрлардан гапирилади одатда. Турк номини олган бу бирлашма Қашқардан Хоразмгача, Тошкентдан Афғонистонгача бўлган ҳудудда тарқалиб кетади. Зоминда ҳам туркларнинг катта гуруҳи яшайди. Улар Пскентда, Сайрамда, Ўшда, Жалолободда, Андижонда, Панжакентда, Ҳисорда, Самарқандда, Қашқадарёда, Сурхондарёда, Тожикистоннинг ҳар хил ҳудудларида жуда кўп.

Турклар беш уруғдан иборат: турк, қарлуқ, барлос, калтатой, мусобозори. Бу уруғлар яна тўпларга бўлинади. Улар ҳақида бирор кун тўлиқ, батафсил ёзаман.

Тавтология ва плеоназм ҳақида ҳам маълумот берсангиз.

Тавтология – бир сўз кўп такрорланиши. Плеоназм – бир хил маънони англатувчи сўзлар ва бирикмаларни такрорлаш.

Чакар-сахар-сугар. Олтин-золото-голд бу сўзлар келиб чиқиши бир асосга бориб тақаладими?

“Шакар” сўзи деярли барча тилларда ўхшаш талаффуз қилинади ва битта санскритча ўзакка бориб тақалади: शर्करा şarkara. Бу сўз семантикаси қуйидагича ривожланган: “шағал, майда тош”>“кристалл”> “шакар кристалли”. Ўзбек тилига “шакар” форс тилидан ўтган.

Инглизча gold, русча “золото” ва форсча “зар” ростдан ҳам бир ўзакка бориб тақалади. Лекин туркча “олтин”нинг ўзаги бошқа. Бир тахминга кўра, у туркча al “қизил” ва хитойча tuƞ “мис” сўзларидан олинган; бошқа тахминга кўра, умумолтой тилидаги ıldan “темир, қурол” ўзагига бориб тақалади.

Найманлар ҳақида маълумот берсангиз.

Бу ҳақда ёзгандим.

Ўзбекларнинг 92 та уруғига ўғуз қабилалари ҳам кирадими?

Киради. Уруғ-қабилалар қандайдир этник боғлиғликка эга бўлмаган, вазиятга қараб у ёки бу йирик қабилавий бирлашма таркибига ўтиб кетаверган. Ўзбек уруғларининг турли рўйхатларида туркман уруғлари тилга олинади. Бухоро ва Хивада айрим туркман уруғлари ўзбеклар орасида яшаб, ўзларини ўзбек уруғлари деб ҳисоблашни бошлаган. 1923 йил октябрида Чоржўйда ўтказилган сўров натижалари ҳақида тегишли ҳужжатда шундай дейилади (Арне Хогендан иқтибос – суратда):

“Салур ва баёт қабилаларининг бир қисми ўзини туркман, бир қисми ўзбек деб ҳисоблаши, бир қисми умуман миллатини билмаслигини инобатга олган ҳолда комиссия бу қабилаларнинг миллатини аниқлай олмади деб ҳисоблайди. Ҳидир эли қабиласига келсак, баъзилари ўзини туркман дейишига қарамай, уларнинг жавоблари нотўғри ҳисобланиши лозим, шу боис биз уларни ўзбек ҳидир элилар деб ҳисоблаймиз”.

Снесарев Хоразм ўзбеклари орасида олиб борган тадқиқотида алили, афшор, баёт, ҳидир эли, чандир қабилаларини аниқлаган. Бухоро жанубида истиқомат қилувчи баъзи ўғуз қабилалари вакиллари бугун ҳам ўзини ўзбек ҳисоблайди. Насриддин Назаров Афғонистон ўзбеклари орасида ҳидир эли ва баётлар борлигини ёзади.

Самарқанд, Жиззах, Сурхондарё, Қашқадарё, Жанубий Тожикистондаги туркманлар эса ўзини ўзбек ҳисобламайди (балки алоҳида шахслар ҳисоблар).

👉 @AsanovEldar
#саволжавоб

Мен Навоий вилояти Хатирчи туманиданман. Хатирчи сўзининг келиб чиқиши хақида ва бир пайтлар Хатирчи беклиги бўлган экан шу беклик ҳақида ҳам маълумот берсангиз.

Хатирчи сўзи туркча qatır сўзидан олинган. Қадимги турк тилида qatır деб эшак ва от қўшилишидан туғилган жонивор аталган. Бугун ўзбек тилида ишлатиладиган “хачир” “қатир”нинг мўғулча талаффузидир. Умуман qatır сўзи сўғдча xartar (xar – “эшак”, “эшаксифат” маъносида) сўзига бориб тақалади дейишади. Шундай қилиб, Хатирчи “хачир етиштирувчилар яшайдиган жой” маъносини англатса керак.

Хатирчи беклиги ҳақида эса қандайдир алоҳида маълумотга эга эмасман. Манбаларни қараб кўриш керак.

Эски узбек тилида ёзилган (арамей алфавит) клинопись хакида нимани биласиз, нима деб айтасиз?

Клинопись – миххат дегани. У оромий хати эмас, алоҳида ёзув тизимидир. Лекин эски ўзбек тилида на оромий хатида, на миххатда ёзилган манба ҳақида эшитмаган эканман. Аввало, эски ўзбек тили деганда нимани, қайси даврни тушунишингизга ҳам боғлиқ.

Амир Темурга Туркия тарихшунослиги қандай муносабатда? Ўрта асрларда ва ҳозирда.

Ўрта асрларда қандайлигини билмадим, ҳозир яхши. Буюк турк саркардаларидан бири деб билади. Темурни турклар ёмон кўради деган гапларни кўп эшитганман, лекин туркларнинг ўзи билан суҳбатларда, турк тарихчиларининг китобларида бунга гувоҳ бўлмадим. Албатта, Боязид билан уруш қилгани салбий воқеа бўлган, баримизга салбий таъсир ўтказган деб айтишади.

Нега қозоқлар ўз аймоқларини билади, ўзбеклар эса ўзларини қайси аймоқданлигини билмайди?

Қозоқлар XX аср бошигача кўчманчи ҳаёт кечирган ва уларда уруғчилик муҳим ижтимоий вазифа бажарган. Совет даврида ҳам асосий шаҳарлар аҳолиси руслар бўлгани боис қозоқлар асосан овулларда яшаган ва уруғчиликни сақлаб қолган. Мустақилликнинг бошида эса уруғчиликка миллий ўзликни, тарих билан алоқадорликни тиклашнинг муҳим воситаси сифатида қарай бошлашган. Қозоқ уруғларига давлат даражасида эътибор қаратилган. Шу боис уруғчилик ҳалигача аҳамиятини йўқотгани йўқ.

Ўзбеклар нисбатан олдинроқ – XVI–XIX асрларда ўтроқлашган. Совет даврида ҳам ўзбеклар шаҳарларда кўп яшаган, шаҳарларда эса уруғчилик аҳамиятли эмас. Боз устига, СССРда ва мустақил Ўзбекистонда тарихчилар, зиёлилар турк-мўғул уруғларидан атайлаб узоқлашиб, ўзбекларни минтақанинг энг қадимги халқларига – сўғдларга, хоразмликларга боғлашга уринган. Уруғлар эса келгинди, босқинчи деб эълон қилинган. Шунда ҳам, чамамда, ўзбекларнинг ярми уруғи ҳақида хотирани сақлаб қолган.

Хуллас, қозоқ зиёлилари тарихий хотирани яратишда уруғчиликка, ўзбек зиёлилари эса шаҳарчиликка ва эроний маданиятга урғу берган. Қозоқларнинг ва ўзбекларнинг бугунги “тарихий хотираси” аслида шунчаки тарихчилар таклиф этган нарративлар тўпламидир. Уни мутлақ ҳақиқат сифатида қабул қилиш керак эмас.

Бизда кўчманчи маданиятга интеллигенция ва сиёсий элита қандай муносабатдалигини Каримовнинг Аттила ҳақидаги гапларидан билса бўлади:

“Яна бир қизиқ хулосага дуч келдим. Биз ўзбеклар ҳам ўша Атилланинг авлодлари, ворислари эмишмиз. Бу билан фахрланишимиз керак экан. Биринчидан, бундай ўта жиддий хулоса чиқаришга ҳозирча ҳеч қандай асос ёки замин борлигини ҳеч ким исбот қилолмаса керак. Иккинчидан, босқинчига ворис бўлиш фахрли мартаба эмас, иснод-ку! Бу иғвога учсак, эрта Европа биз тўғримизда нима дейди? Бу гап қаердан чиқди, кимга керак бу сохта обрў?!”

Элитамиз ва интеллигенциямиз боболарни яхши-ёмонига қараб танлаб ўтирмай, тарихни борича қабул қилишни ўрганишини кутамиз.

👉 @AsanovEldar
Karim Shoniyozov. O'zbek xalqining shakllanish jarayoni.pdf
17 MB
Карим Шониёзовнинг китоби сўралди. Мана у: “Ўзбек халқининг шаклланиш жараёни”.

👉 @AsanovEldar
Forwarded from AOKA - Rasmiy kanali
This media is not supported in your browser
VIEW IN TELEGRAM
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга мурожаатномаси жума, 24 январь куни 11:00да бўлади

Ўзбекистон тараққиётининг энг муҳим устувор вазифалари тўғрисидаги йиллик мурожаатномани МТРКнинг 4та телерадиоканали, 5та телеканали ҳамда 12та ҳудудий телерадиокомпания, шунингдек, 5та нодавлат телеканал ҳамда президентнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари, интернетдаги тегишли сайтлар орқали тўғридан-тўғри томоша қилиш мумкин.

Аҳолининг барча қатламларини қамраб олиш мақсадида мурожаатнома сурдо таржима билан, шунингдек, русча таржима ва инглизча таржимаси билан эфирга узатилади.

@aoka_uz
#саволжавоб

Эшон, хўжа, тўра ва шунга ўхшаш номлар қандай пайдо бўлган? Асл маъноси нима?

Ўрта Осиё халқларида келиб чиқиши пайғамбарга, саҳобаларга ва машҳур сулолаларга бориб тақаладиган тоифалар ўзини бошқа уруғ-қабилалардан ажратган. Улар “оқсуяк” деб аталган. Оқсуяклар ўз қариндошчилик жамоаси ичида қиз олиб-қиз бериб, насл “тоза”лигини сақлашга уринган. Шунингдек, улар келиб чиқиш омили негизида жамиятда муҳим мавқе эгаллаган – “қорача”лар, яъни оқсуяк бўлмаган аҳоли уларга “аслзода” қон эгаси сифатида қараган ва ҳурматини жойига қўйган. Хонлар, подшолар ҳам уларга ҳурмат кўрсатиб, кўпинча муҳим лавозимларни берган.

Оқсуяклар бугун ўзбекларда, тожикларда, қозоқларда, туркманларда бор. Қабул қилинган стандартга кўра, хўжа – саҳобалар авлоди, саид – пайғамбар авлоди. Жойларда бу икки атама адаштирилган, албатта.

Тўра Фарғона водийси ўзбекларида саиднинг синоними бўлса, қозоқлар Чингизхон авлодларини тўра деб атайди. Бундан ташқари, водийда “охун” деган атама бор. Одатда Қашқар ҳукмдори Офоқхўжадан келиб чиққан одамлар охун деб юритилган (улар баъзан уйғур хўжалар ҳам дейилган). Ҳозирда умуман келиб чиқиши Шарқий Туркистонга бориб тақалувчилар охун деб аталади.

“Эшон” эса форс тилида “улар” дегани. Оқсуякларни чала-чулпа тоифа номлари билан чақириш ҳурматсизлик ҳисоблангани учун уларни шунчаки “улар” деб аташган.

Бундан ташқари, бошқа тоифалар ҳам бўлган: бек – оддий ўзбек уруғларидан келиб чиққан, лекин бир неча авлод давомида хон саройида хизмат қилиб, сулолага айланган оилалар; хон – Чингизхон авлодлари. “Мирларданмиз”, “мирзаларданмиз” дейдиган одамларни ҳам учратиб тураман баъзан, лекин бу тоифаларнинг аниқ келиб чиқишини билмайман.

Ўрта Осиё оқсуяклари ҳақида яхши мақола бор. Мақолада таъкидланишича, Яқин Шарқда XX асрда аслзода тоифалар бутунлай аҳамиятини йўқотиб, унутилиб кетган, Ўрта Осиёда эса, аксинча, яшаб қолган ва аҳамиятини йўқотмаган. Оқсуяк оилалар бугун ҳам бор, улар бугун ҳам ўзаро қиз олиб-қиз беради. Мақолада бунинг сабаблари тадқиқ этилади.

Дарвоқе, яна баъзи қизиқ жиҳатлар бор. Хонликлар даврида қозилик, раислик сингари муҳим (асосан диний) мансабларни эгаллаган оқсуяк оилалар бугун ҳам бор ва улар бугун ҳам муҳим лавозимларда (ёки зиёлилар ичида). Бугун ҳам зиёлилар ва мансабдорлар орасида оқсуякларни жуда кўп учратишимиз мумкин – уларни исм-фамилияларидаги “мир”, “охун”, “хўжа”, “хон” каби компонентлардан таниб олиш мумкин. Доим ҳам эмас, албатта: кимлардир бу компонентларни исм-фамилияда сақламасликка қарор берган, турли сабабларга кўра. Айниқса совет даврида паспортда “фалончихон” ўрнига “фалончижон” деб ёзиш урф бўлган.

Яна бир нарса. Оқсуякликни исботлайдиган энг муҳим ҳужжат шажара бўлган. Шу боис хонликлар даврида баъзи бойлар оқсуяклар сафига қўшилиш мақсадида сохта шажаралар буюртма қилишган. Бундай амалиёт мавжуд бўлгани учун ҳозир ҳам баъзи туманларда “фалончалар сохта эшон”, “фалончалар ҳақиқий эшон, шажараси бор” каби гап-сўзларни эшитиш мумкин.

Умуман, Ўрта Осиё оқсуяклари – жуда катта ва қизиқ мавзу. У чет эллик антропологлар диққатини ҳам кўп тортади. Бу мавзуда узоқ гапириш мумкин. Бу ерда энди асосий атамаларни тушунтириш билан чекландим.

👉 @AsanovEldar
Ўзимизнинг ғиждувонлик бола Али Қаҳҳоров Ўзбекистоннинг пахтадан кейинги энг катта шармандалиги – прописка ҳақида каттакон лонгрид тайёрлапти. Ичида тарих, таҳлил ва экспертлар фикри бор. Жуда сифатли, батафсил материал. Ўзбек интернетида бу формат, афсуски, кам учрайди.

Энг охирида менинг фикрларим – Алининг саволларига жавоб бердим.

👉 @AsanovEldar
Бугун сифатли контент кўп негадир. “Чақчақ” подкастининг навбатдаги сони чиқаркан. Анонсни кўришингиз мумкин.

“Чақчақ” подкастининг биринчи сонида ўзим меҳмон бўлганим учун балки жуда холис муносабатда бўлолмасман бу кўрсатувга, лекин шу пайтгача ҳамма сони қизиқарли чиқяпти. Анонсга ишонадиган бўлсак, буниси ҳам қизиқ чиққанга ўхшаяпти. Маза қилиб кулдим. Тўлиғини кутамиз.

👉 @AsanovEldar
#саволжавоб

Дунёда христиан араблар ҳам бор, улар нега ислом динидан узоқда қолиб кетган ва айнан қайси араб давлатларида кўпроқ? Христиан араблар хақида тўлиқроқ маълумот берсангиз, илтимос.

Христиан араблар деб араб тилида гапирувчи, христиан динига эътиқод қилувчи халқлар тушунилади. Лекин улар келиб чиқиши жиҳатидан хилма-хил, ҳаммаси ҳам араб эмас. Дейлик, Мисрда қадимги мисрликларнинг авлодлари – қибтийлар сақланиб қолган, улар христиан динига эътиқод қилади. Қибтийлар XIX асргача қадимги миср тилининг давоми бўлмиш қибтий тилида гапирган, лекин ҳозир араб тилига ўтиб кетган. Улар ҳам “христиан араблар” қаторига қўшилади баъзи манбаларда.

Ливанда истиқомат қилувчи маронитлар ҳам араб тилида гапиради, лекин улар ўзини финикияликларнинг авлоди деб ҳисоблайди. Ниҳоят, Фаластинда ҳам христианлар кўп (ҳа, ОАВда “Фаластинда яна мусулмонлар ўлдирилди” деган хабарлар чиққанида баъзан аслида христианлар ўлдирилган бўлади). Христиан фаластинликлар оз эмас – 1 миллион атрофида. Араб тилли бўлишига қараб, Фаластин христианлари, барча фаластинликлар каби, одатда ўзини араб эмас, алоҳида халқ деб ҳисоблайди.

Ниҳоят, биз илгари гаплашган оссурияликларнинг ҳам бир қисми араб тилида гапиради. Умуман, Византия империяси давридан қолиб кетган, бугунги кунда майда оқимлар ҳисобланувчи турли ўзига хос христиан черковлари Яқин Шарқда оз-моз сақланиб қолган. Бу оқимлар вакилларининг аксарияти араб тилида гапиради, негаки араб халифалиги даврида Яқин Шарқда яшовчи деярли кўпчилик халқлар араб тилига ўтиб кетган. Уларнинг аксарияти тил жиҳатдан араб, келиб чиқиши бошқа халқлар, лекин христианлар орасида қабилавий араблар ҳам йўқ эмас. Ҳар бирининг тарихини алоҳида кўриб чиқиш керак. Жами 28 конфессияга кирувчи 15 миллион христиан араб бор дейилади энциклопедияларда.

Орлот қабила номи ва билсангиз ҳозирги Олот тумани орасида боғлиқлик борми? Бизга айтилганда қандайдир ола от сўзидан олинган дейилади аммо бу ерда мафкуранинг ҳиди бордек. Умуман олдинги раҳбар даврида халқни уруғлар маълумотидан узоқлаштиришга уринилганми?

Орлот – чиғатой қабилаларидан бири. Мовароуннаҳр, Шарқий Туркистон, Еттисув ва Жанубий Хоразм Чиғатойхонга улус қилиб берилганидан сўнг бу ҳудудда 20 та турк-мўғул қабиласи ўрнашган. Улар орасида орлотлар ҳам бор.

Шайбонийхон бошчилигидаги ўзбеклар Мовароуннаҳрни эгаллаганида орлотларнинг бир қисми бу ҳудудларни тарк этган. Улар Ҳиндистонда ўрнашгани ҳақида маълумотлар бор. Масалан, манбаларда Мирзо Абдулқодир Бедил арулос уруғидан экани айтилади. Арулос орлотнинг нотўғри ёзилгани бўлса керак.

Шунга қарамай, орлотларнинг бир қисми Қоракўл воҳасида қолган. XIX аср рус статистик манбаларидан бирида бу ҳудудда яшовчи уруғ сифатида орлотлар тилга олинганини кўргандим. Аммо бугунги олотликлар, қоракўлликлар ва қоровулбозорликлар ичида ўзини орлотман дейдиганларни учратмадим: ё қабиласини унутган, ё бошқа қабилага нисбат беради ўзини.

👉 @AsanovEldar
​​Бошланди. Ҳаммаси бирдан ёзмаса билмай қолардик.

👉 @AsanovEldar