Асанов формати
14.6K subscribers
1.19K photos
247 videos
75 files
2.72K links
Канал муаллифи, тилшунос, журналист ва блогер Эльдар Асанов тиллар, тарих, антропология мавзуларида таҳлилий ва оммабоп материаллар бериб боради.

Канални қўллаб-қувватлаш: tirikchilik.uz/AsanovEldar

Тижорий ҳамкорлик учун: @AshiVanghuhi
Download Telegram
Диққат! Central Asian Studies, Decolonial Research ва антропология ишқибозлари. Таниқли рус олими, Марказий Осиё бўйича эксперт Сергей Абашиннинг янги интервьюси.

Соҳага қизиқувчи ҳамма ўқиши шарт бўлган каттакон матн. Кўп мавзулар кўтарилган, фандан тортиб Украинадаги урушгача.

Ҳа, интервью баҳона фандаги янги қарашларни ўрганасиз, тренддаги қарашлар ва олимлар ҳақида билиб оласиз.

«Деколонизация освобождает от одних зависимостей, но несет другие»

@AsanovEldar
Яна бир керакли интервью. Бу сафар ўзимиз билан боғлиқ.

2059 йилга келиб Ўзбекистонда сув муаммоси анча кучаяди. Кўп ирмоқлар йўқолиб кетади, суғориш сувлари 20-35 фоизга қисқаради. Ёғингарчилик камайиши ёки кўпайиши мумкин, лекин ҳаво исиши ҳисобидан иқлим ўзгаради, бу ҳосилдорликка зарба беради.

Ҳақиқий синовлар ҳали олдимизда турибди. Давлат ташкилотлари бу прогнозларга асосланиб, келажакка тайёрланаётганини кўрмаяпман. Бир неча ўн йилдан сўнг яна "кутилмаганда" улкан кризис бошланиб, ҳаётимиз тубдан ўзгариб кетади, амалдорлар эса "билмагандик" деб ўтиради.

Юқорида маълумотлар Корнелл университети олимлари томонидан ўтказилган тадқиқотда келтирилган. Бу тадқиқот хулосаларини кенг омма билиши керак деб ўйлайман.

Европа Иттифоқининг ASK Facility дастури раҳбари Эдриен Нил Gazeta.uz'га берган интервьюсида тадқиқот хулосалари ва бу асосда нималар кутишимиз кераклиги ҳақида фикр билдирган.

@AsanovEldar
Хорижлик машҳур ўзбекларни тез-тез эслаб туришади. Айниқса санъаткор ва бизнесменлар ҳақида мақола ва видеолар кўп. Лекин уларнинг барчасидан кўра каттароқ муваффақиятга эришган ўзбек олимаси бор, бизда мутлақо танишмайди, билишмайди. Гап Мадина Тлостанова ҳақида.

Тлостанова 1970 йилда Москвада туғилган. Бир томони ўзбек, бир томони черкас. Лекин ўзини маълум миллатга мансуб деб ҳисобламаса керак (яна билмадим).

Мадина Тлостанова аввало олима сифатида машҳур, лекин айни пайтда ёзувчи ҳам. Асосан русча ёзишига қарамай, дунёнинг энг асосий деколонизация назариётчиларидан бири ҳисобланади. Швециянинг Линчёпинг университетида постколониал феминизм профессори бўлиб ишлайди.

Тлостанованинг қарашларида конструктивизм, неолиберализм апологияси, феминизм, деколонизация акс этади.

Қийинлашиб кетдими? Яхши, унда шунчаки мана бу интервьюсини ўқинг, ўзингизда тушунча ҳосил бўлади.

@AsanovEldar
Бу реклама эмас, чин қалбдан, самимий жойлаяпман. Тарихий ҳужжат ўлароқ (ҳа, видео ҳам ҳужжат ҳисобланади). Шу ҳужжат асосида ишлаймиз, керагида кўрсатамиз.

@AsanovEldar
Темур даврида Мўғулистон деб Чиғатой улусининг шарқий қисми айтилган. Қирғизистон, Қозоғистон, Шарқий Туркистонга тўғри келади. Темур ҳокимиятининг бошида бугунги Мўғулистондан келган мўғулларга эмас, мана шу қўшни ҳудуддан кириб келган қардош қабилаларга қарши курашган.

@AsanovEldar
Вақти келиб шунақа кунларни кўраман деб ўйламагандим. Шиддат билан ривожланаётган, замонавий ва демократик (ҳарқалай, бир пайтлар) Ҳиндистон бугун, очиқчасига бўлмаса-да, Россия тарафда, қолоқ, консерватив ҳисобланган Покистон эса ривожланган давлатлар билан бирга Украинани қўллаб-қувватламоқда.

Ҳинд медиасини кузатсангиз, охирги пайтлар Россия медиасига жудаям ўхшаб кетяпти. АҚШни ва Европани айбдор қиладиган, Россияни оқлайдиган мақолалар кўп чиқади, рус медиасидаги каби айрим "ғарблик" экспертлар тилидан ўша Ғарбга нисбатан эътирозлар айтиб олинади.

Open журналида америкалик ана шундай эксперт – иқтисодчи Ричард Д. Вольфнинг фикрлари чоп этилгани экспертлар орасида юқоридаги масалада муҳокамаларни келириб чиқарди. Унга кўра, АҚШ ташқи сиёсатининг ютуғи шундаки, у Россияни Украинага бостириб киришга мажбур қилди. Ва шунга ўхшаш pro-russian аргументлар.

Хуллас, ўзингиз ўқиб кўринг.

@AsanovEldar
Қизиқ ҳолат. Арманистонда ҳам, Озарбайжонда ҳам фаол омма, зиёлилар Украинани қўлламоқда. Лекин айни пайтда улар бир-бирига душман.

Бугун – 26 февраль – Озарбайжоннинг Хўжали шаҳрида қирғин уюштирилганига 31 йил тўлди. Мабодо "пантуркизм" дейдиганлар учун: бу жаҳон ҳамжамияти ва халқаро ташкилотлар тан олган қирғин (HRW масалан, 19-бет, бу ерда, 9-бетдан бошлаб яна бир қанчаси бор), уйдирма ё пропаганда эмас.

Бундан икки кун олдин – 24 февралда – Россиянинг Украинага бостириб киришининг бир йиллиги Озарбайжонда ҳам, Арманистонда ҳам бирдай нишонланган, халқ кўчаларга чиқиб, Украинани қўллаган эди.

Бугун эса Украинанинг Озарбайжондаги элчиси Владислав Каневский Хўжали қирғинини Украинадаги урушга қиёслаб, "икки халқнинг дарди бир" деган маънода твит ёзди. Бу арманистонлик фойдаланувчиларнинг кескин норозилигига сабаб бўлди. Ҳозирча норозилик фойдаланувчилар даражасида. Агар ҳокимият даражасига етиб борса, бу Арманистон ва Украина алоқаларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Бу ҳолда украин дипломатияси ютқизади.

Ташқи сиёсатда мана шунақа "пат" вазиятларам бўлиб туради.

UPD: АҚШнинг Бокудаги элчихонасиям таъзия билдирди.

@AsanovEldar
Дарон Ажемўғли ва Жеймс Робинсоннинг Why Nations Fail китоби ҳақида бир нарса ёзмоқчи эдим, қарасам, олдин кўп ёзган эканман (1, 2, 3, 4). Нимадир ёзсам, такрор бўлиб қолади: китоб ҳақида фикр ҳам билдирганман, ундан нима ўрганганимни ҳам айтганман.

Шунга бошқа бир китобни тавсия қиламан. Робинсоннинг Жаред Даймонд билан ҳаммуаллифликда ёзган китоби бор: Natural Experiments of History. Ажемўғли билан ёзган китобида Даймонднинг қарашларини танқид қилган олим у билан ҳаммуаллифликда энди Ажемўғлини танқид қилган бўлса-я. 😄

Хуллас, вақт бўлганда бу китобни ҳам қараб чиқинг. Робинсонни эслашимга асосий сабаб эса – у Тошкентга келаркан. Машҳур олим билан учрашув 17 март куни соат 17:00 да Intercontinental меҳмонхонасида бўлиб ўтади.

Тадбирчани текин реклама қиляпман, ташкилотчилар бир чеккадан бўлсаям текин билет берар деган умидда. Дунёга машҳур олимлар Тошкентга кам келади, бундай воқеалар кенгроқ ёритиш фанни оммалаштиришга хизмат қилади.

@AsanovEldar
АҚШда яшовчи эронлик ижодкор Фарё Фаражий "Темур" номли композиция яратди. Унда Эрон, ўзбек, туркман ва мўғул мусиқий анъаналарини бирлаштирган (қандай оҳанглар ва чолғу асбоблари ишлатилгани видео изоҳида ёзилган).

Қўшиқ матни икки манбадан олинган:

1) Темурнинг Қарсақпай қоятошига ёздирган зафарномаси (ғалаба ёзуви). 1391 йилда у Олтин Ўрдадан, Тўхтамишга қарши юришдан қайтаётган Темур бугунги Қозоғистон ҳудудида (Қарағандада) шу битикни ёздирган:

Тарих етти юз тўқсон учинда, қўй йили, ёзнинг ора ойи Туроннинг султони Темурбег уч юз минг чериг била ислом учун Тўхтамишхон Булғор хониға юриди. Бу ерга етиб, белгу бўлсун теп бу ўбани қўпарди. Тангри нисбат бергай иншаалоҳ. Тангри ул кишига раҳмат қилғай, дуо била ёд қилғай.

2) форс шоири Абдуллоҳ Ҳотифийнинг "Зафарнома" (яна бир номи "Темурнома") достонидан:

В-агар оташи қаҳраш афрӯхтӣ,
Ба як шуғли з-он кишваре сӯхтӣ.

Ба кӯҳ агар зи кин соя андохтӣ,
Чу як пеши хуршед бигдохтӣ.

Дам аз кини ӯ, кас ба олам назад,
В-агар зад, дигар дар
ҷаҳон дам назад.

Гаров ўйнайман, Темурга бағишлаб бундай достон ёзилганини билмайсиз, чунки бу манба бизда кўп тилга олинмайди. Шунингдек, форс адабиёти анъанасида Навоий эмас, Ҳотифий хамсанавис ҳисобланишини ҳам катта эҳтимол билан билмайсиз.

@AsanovEldar
Кечки пайт кўчада юрадиган пиёдалар сариқ ялтироқ жилет кийиб юриши ҳақида қарор чиққанини эшитдингизми? Бу хабарни эшитиб, фантазиялар ўйнаб кетди.

Майли энди, ёш болалар ва велосипедчилар ундай жилетда юрса тушунса бўлади. Лекин ҳамма! Тасаввур қилинг, кечки пайт. Тўйдан чиққа модница қизлар, келин дугоналари сариқ жилетларда кетяпти. Куёвжўраларам шу аҳвол, тўйнинг бошқа меҳмонларига қўшилиб.

Шунда бари жилет кўтариб боради тўйга. Фақат улармас. Эрталаб уйдан чиқаётган эркаклар: "хотин, жилетни обер, кечга чойхона бор эди".

Кейин тўйда рўмолча ўрнига сариқ жилет тарқатади. Келин-куёв ҳам кечга маҳалладан пиёда ўтиб, олов айланиб кириб кетиши керак. Демак, келин сепида гулли жилет, куёв сарпосида бабочкали жилет.

Шундай фантазияларга берилиб, кулиб турсам, жилет кийиш фақат велосипедчилар ва йўл таъмирчилари учун мажбурий, қолганларга ихтиёрий экан. Яъни бор-йўғи тавсия характерида экан.

Яхши, бу сафар масъуллар қовун туширмабди, шунчаки журналистлар формулировкада адашибди, ҳамма мажбурий деб ўйлабди. Кўнгил хотиржам. Лекин ёзиб қўйган фантазияларим бекор ўчиб кетмасин деб каналга босвордим барибир.

@AsanovEldar
Лекин бир нарсани тан олиш керак. Ўзбек интернетида алоҳида ўрним бор. Балки Ўзбекистондадир.

Бу ўрин кучли-кучли постларимда ёки гапларим керакли манзилга етиб боришида акс этмайди. Шунчаки мен уч-тўрт кун банд бўлиб, янгиликларни кузатмай қўйсам, Ўзбекистонда бир нарсалар бўлиб кетади, ўзнет аллақандай муҳокамаларга тўлиб кетади.

Майли, жилет ишига аниқлик киритдик. Бошқа масалалар бор.

Мактаб ўқувчилари нормал, оддийгина видео олгани учун маънавият дозаси ошиб кетган ёши катталар Гаага трибуналини тўплаб, ахийри ўзлариям чалкашиб кетиб, видео муаллифлари қолиб, бошқа одамларни узр сўраттиришди.

Маънавият шарпаси Канизанинг иштонигача етиб бориб, лицензиясидан чиқиб кетди. Баҳонада сариқ иштоннинг нархи бир ойлик лицензия эканини билиб олдик.

Ҳа, айтгандай, ҳаж ва умрада суратга тушган артистлар гап эшитди. Бирровга 1,5 минг оладиганлар 12 млн ойликка ишлайдиган одамдан гап эшитиши одамни хурсанд қилди лекин.

Орқа ўриндиқдаги чақалоқлар ҳам энди одам деб ҳисобланиши ҳам хурсанд қилди.

Бошқа омилларни текшириб кўрдим, ҳеч бири юқоридаги ҳолатларни тушунтириб бермади. Шунга гипотезамни ўз таъсирим атрофига қуряпман. Фақат менинг онлайн бўлиб туришим, бу бебошликка озгина рационаллик қатиб туришим сизларни тамомила телба бўлиб қолишдан сақлаб турибди. Менинг қадримга етинглар.

@AsanovEldar
Бу қайси шаҳарга ўхшаяпти? Менимча, танимайсиз. Менам бошида танимадим, аммо қаерлигини билганимдан сўнг, постфактум биноларни танидим. Ҳа, у ерда шунақа бинолар бор, ҳатто президент саройи яққол билиниб турибди.

Хуллас, Тожикистон пойтахти Душанбенинг келажагини сунъий онг шунақа тасаввур қиларкан. Жуда зўр деб бўлмайди, лекин қизиқ.

@AsanovEldar
Эҳҳ. Kun.uz журналисти шундай имкониятни қўлдан бой берибди. Бутун бошли Госдепнинг раҳбари ўз оёғи билан келган пайтда аллақандай ҳеч кимга қизиқ бўлмаган юзаки саволларни берибди: Марказий Осиё ва АҚШ муносабатларимией, Афғонистонмией, экологиямией, иқтисодиётмией. Сал чуқурроқ кириб, ҳамма ўзбекистонликларни қизиқтириб турган, долзарброқ саволлар берса бўларди. Масалан:

- АҚШ Сурияга бостириб кирганида қаерда эдинглар?

- Фаластинда урушни қачон тугатасизлар?

- нега Путинни мажбур қилдиларинг?

- ксерокопияда хоҳлаганингизча доллар чиқариб ишлатаверасизлар, дунё давлатлари кўнишга мажбур, шу инсофданми?

- шу масонлар ва Госдеп ўзи битта шайками ё дунёни алоҳида бошқариб, фитналарни бир-бирингиздан мустақил уюштирасизларми?

Майли, ҳеч бўлмаса "соҳага қандай кириб келгансиз?", "ота-онангиз қарши бўлмаганми?", "сиёсатчи бўлмасангиз ким бўлардингиз?" деган саволларни берса, кенг оммага қизиқроқ бўларди. Булар эса жиддий, хайпсиз интервью тайёрлашибди. Эҳҳ.

@AsanovEldar
Асанов формати
Лекин бир нарсани тан олиш керак. Ўзбек интернетида алоҳида ўрним бор. Балки Ўзбекистондадир. Бу ўрин кучли-кучли постларимда ёки гапларим керакли манзилга етиб боришида акс этмайди. Шунчаки мен уч-тўрт кун банд бўлиб, янгиликларни кузатмай қўйсам, Ўзбекистонда…
Менсиз ҳаммаёқ расво бўлади демадимми? Ҳатто рус ҳокимияти ҳам нима қилаётганини билмай қоляпти мана.

Рус тилини ўзлашма сўзлардан ҳимоя қилиш бўйича қонун қабул қилинганини эшитгандирсиз? Баъзи пуристлар "маладес, руслар боплади" деб хурсанд бўлаётгандир. Хурсанд бўлишга сабаб йўқ дўстлар.

Биринчидан, рус тили глобал тил, ҳарқалай, шунга даъво қиляпти; хоҳлаймизми, йўқми, бу тил Россиядан ташқарида ҳам ишлатилади, қолаверса, Россиянинг ўзи ҳам ортиқ даражада катта, рус тилида жуда кўп контент, матн яратилади, бу тил турли ижтимоий майдонларда қўлланади. Бунақа улкан тилни битта қонун билан тозалаб бўлмайди. Тозалаш учун энг камида даставвал муқобилларни ва аниқ қонуниятларни ишлаб чиқиш керак, бусиз ўзлашмаларсиз қолган рус тили думи юлинган товуқдай бўлиб қолади. Қонунда эса ҳеч қандай аниқлик йўқ, ҳеч қандай муқобил база ишлаб чиқилмаган.

Иккинчидан, қонун мажбурий бўлмай, оддий арзон популизмдир, яъни ўта ватанпарварларнинг туйғуларини қитиқлаб қўйиб, сўнг унутилишга қаратилган. Хоҳлаган одам хоҳлагандай гапириб, ёзаверади, ҳеч қандай назорат механизми йўқ. Олдинам бунақа ҳаракатлар бўлган, аммо натижа бермаган; масала, Хрушчёвнинг тил ислоҳоти ҳақида ўқиб кўринг.

Рус тилини ўзлашма сўзлардан тозалаш бу тилнинг глобал амбицияларига чек қўйиш ва ишлатишга ноқулай инструментга айлантириб қўйишини ақли бор ҳамма одам тушунади. Рус тилида ўзлашма шунчалик кўпки, ҳатто "рус" сўзининг ўзи ҳам ўзлашма. Пуризмнинг охири йўқ, чунки туб, базавий луғат деган тушунчалар ҳам нисбий.
Араб ривояти. Экан.

Бир қиз отасининг ёнига келиб, депти:

- Ота, куёвингиз юзимга шапалоқ урди, уни жазолашингиз керак.

- Қайси юзингга урди? - сўрабди отаси.

- Чап юзимга.

Шунда эркак қизининг ўнг юзига бир тарсаки тушириб, айтган экан:

- Бориб айт эрингга. У қизимни ургани учун мен унинг хотинини урдим.

Ҳар сафар вазирликлар ва зиёлилар, турли гуруҳдаги фаоллар ўртасида баҳслар бўлганда, борингки халқаро конфликтларда қиз ролида ким экан деб ўйлаб қоламан.

@AsanovEldar
Туркия ҳақида доимий ҳафталик рукн қилмоқчиман. "Туркияни ўрганмасанг қанақа туркологсан?" дейишяпти.

Туркияда табиий офат билан боғлиқ янгиликларга батафсил тўхталмайман. Бу билан боғлиқ битта можаро ҳақида айтиб бераман. Машҳур рок-ижрочи Халук Левент бир гуруҳ ҳамкасблари билан AHBAP ташкилотига асос солиб, зилзила қурбонларига ёрдам бераётган эди. У Kızılay ташкилотидан 46 млн лирага чодир сотволгани ҳақидаги хабар жанжал келтириб чиқарди. Кенг омма энг қийин паллада чодирлар бепул етказилмай, сотилишидан ғазабланди.

Kızılay раҳбари Керем Киник бу нормал амалиёт эканини, тўланган пул йўлкирага, шунингдек, янги чодирлар тикишга сарфланишини айтиб, тушунтириш берди.

Кеча эса Ekşi Sözlük онлайн ресурси президент маъмурияти талаби билан блокланди. Аммо суд ҳукумат блокни ечиши бўйича қарор чиқарди. Туркча авторитаризм тушунарсизми, ёки ҳали авторитаризмга айланиб улгурмадими, билмадим, Сайловдан сўнг биламиз.

Бу янгиликларга қўшимча аналитика ўқийман деганларга Туркияда сайлов атрофидаги гапларга бағишланган яхши лонгрид. менинг яхши танишим ва ҳамкасбим Михаил Магид муаллифлигида.

Дарвоқе, баъзи нашрларга кўра, кеча Туркиянинг бирлашган мухолиф блокини ташкил қилган олти партия раҳбарларининг узоқ музокараларидан сўнг ниҳоят мухолифатдан ягона номзод тасдиқланди. Айтишларича, бу CHP раҳбари Кемаль Киличдароғлу экан. Кутилган ва шу боис муваффақият қозониши қийинроқ бўлган номзод. Iyi parti лидери Мераль Акшенер бошида бу номзодга қарши бўлса ҳам, ахийри муросага эришилди, дейишяпти. Яна баъзи журналистларнинг ёзишича, музокаралар якунланмаган ва душанба куни давом этади.

Шундай рукн қизиқ бўладими? Батафсилроқ бўлсинми, қисқароқми, ҳафта таҳлили бўлсинми, тарих, маданиятдан ҳам бўлиб турсинми, комментда ёзворинглар.

@AsanovEldar
Асанов формати
​Туркия ҳақида доимий ҳафталик рукн қилмоқчиман. "Туркияни ўрганмасанг қанақа туркологсан?" дейишяпти. Туркияда табиий офат билан боғлиқ янгиликларга батафсил тўхталмайман. Бу билан боғлиқ битта можаро ҳақида айтиб бераман. Машҳур рок-ижрочи Халук Левент…
UPD: олтилар иттифоқи тарқаб кетганга ўхшайди. İYİ parti лидери Мераль Акшенер коалициядан чиқаётганини эълон қилди.

Партия бошидан Киличдароғлу номзодини маъқулламай, Истанбул ҳокими Экрем Имамоғлу ёки Анқара ҳокими Мансур Яваш номзодларини илгари сураётган эди. Бу иккиси оғир босим остида ҳокимлик сайловларида ғалаба қозониб, икки энг йирик шаҳарни мухолифатга олиб берган эди, обрўси ҳам шунга яраша эди. Афтидан, бу борада келиша олишмаган, эски сиёсатчиларнинг шахсий амбициялари устун келган.

İYİ parti'сиз бу коалиция кескин куч йўқотади. Тушунишингиз учун, парламентда Киличдароғлу раҳбарлигидаги CHP 134 ўринга, İYİ parti 37 ўринга эга. Олтиликка кирувчи яна уч партия – DEVA, Saadet partisi ва Demokrat parti умумий тўрт овозга эга.

İYİ parti икки мегаполис ҳокимларидан бирининг номзодини илгари сурса керак, аммо энди мухолиф номзодларга бериладиган овозлар иккига бўлинади.

@AsanovEldar