Асанов формати
14.6K subscribers
1.19K photos
247 videos
75 files
2.72K links
Канал муаллифи, тилшунос, журналист ва блогер Эльдар Асанов тиллар, тарих, антропология мавзуларида таҳлилий ва оммабоп материаллар бериб боради.

Канални қўллаб-қувватлаш: tirikchilik.uz/AsanovEldar

Тижорий ҳамкорлик учун: @AshiVanghuhi
Download Telegram
Ваъда қилинган мавзулар.

1) “Ўзбек жанжали антропологияси”. Жанжал ҳар қандай жамиятда яшовчи инсон ҳаётининг узвий қисмини ташкил этади. Бунга салбий ҳолат сифатида қаралади, лекин илмий нуқтаи назардан жанжал шунчаки бир ҳаётий вазият, муайян йўналишдаги ижтимоий кўникмалар йиғиндиси. Демак, уни илмий ўрганиш, сабабларини тушуниш лозим.

Мавзу ҳали мутлақо тадқиқ этилмаган. Уни йиллаб ўрганиш мумкин. Материал тўплашнинг асосий йўллари: статистика, сўровнома, интервью, назарий таҳлил, тизимлаштириш. Тўпланган материални жуда чуқур ўрганиш, кўплаб хулосалар чиқариш мумкин. Ўрта статистик ўзбек нега жанжаллашади? Қанча жанжаллашади? Жанжалнинг гендер тақсимоти қандай? Жанжалларнинг сабаби қандай? Жанжалларни судга олиб бориш амалиёти қай даражада тарқалган, тарқалмоқда? Жанжалнинг қандай турлари бор? Жанжалларнинг одатий якунлари қандай? Жанжаллар ўртача ўзбекнинг психикасига ва ҳаётига қандай таъсир ўтказади? Ҳукумат ва халқ, амалдор ва халқ ўртасидаги жанжаллар антропологияси қандай? Қандай типик ўзбек жанжал кўникмалари мавжуд (сўкишиш, муштлашиш)? Жанжаллар ўзбекларнинг ўзаро муносабатларига қандай таъсир ўтказади? Оилавий жанжаллар нима? Ўзбекистонда виртуал жанжаллар кўникмага айландими? Жанжалларни келтириб чиқарадиган омиллар қайси? Жанжалларни камайтириш, ўзаро тушунишни ошириш мумкинми? Ва ҳоказо ва ҳоказо.

Бу мавзуда битта катта мақола ёзиш мумкин (бир жиҳатини қамраб оладиган), диссертация ҳам ёзиш мумкин.

2) “Ўзимизнинг ўзбек, бегона ўзбек. Ўзбекларнинг бир-бири ҳақидаги тасаввурлари”. Фақат ўзбекларда эмас, ҳар қандай халқда ҳам бор ҳолат: ўрта статистик ўзбек бошқа вилоят вакилини икки вазиятда икки хил қабул қилади: дейлик, ўзбекларнинг ўзаро суҳбатида бухороликларни “булар тожик/булар тушунарсиз” дейдиган одам бошқа давлат вакилидан эшитса жаҳли чиқади, бухороликлар ўзбекларнинг энг муҳим қисмилигини исботлашга ҳаракат қилади. Бунинг сабаби шундаки, бошқа халқ вакили билан суҳбат чоғида ўзбек ёки бошқа ҳар қандай миллатга мансуб одам биринчи галда умуммиллий нуқтаи назардан вазиятга қарайди, ўзбекларни бир бутун деб тасаввур қилади. Ўзаро ўзбекларнинг суҳбатида эса бу бутунлик аҳамиятга эга эмас, аксинча, ким “ҳақиқийроқ”лигини аниқлаш керак; баҳс ҳам шунга монанд боради.

Бу мавзуда ҳозирча каттакон мақола ёзса кифоя.

3) “Реалчи-барсачи дихотомияси. Ўзбекистон сиёсатига таъсир ўтказаётган испан футболи ҳақида”. Ўзбекистон – том маънода ёшлар давлати. Ёшлар аҳолининг мутлақ кўпчилигини ташкил этади.

Ўзбек ёшларининг катта қисми жаҳон футболида икки испан клуби – “Реал” ва “Барселона” етакчилик қилган замонда улғайган. Бу икки жамоага мухлислик қилиш Ўзбекистонда жуда кенг тарқалган ва ҳаётнинг турли соҳаларига таъсир ўтказади. Жуда кўп ёшлар “реалчи” ва “барсачи” гуруҳларига ажралиб олган. Бу уларнинг ўзаро муносабатларига таъсир ўтказади. Ҳатто бир сафар каналимда Мессини ҳазил аралаш танқид қилганимда қанчадан-қанча ўқувчиларим мендан жиддий хафа бўлган, айримлар “Барселона” ҳақида ёзмасликни талаб қилган эди.

Бу кичкина, лекин жуда қизиқ тадқиқот бўлади. Материал сўровнома, интервью, интернет-мониторинг ёрдамида тўпланади. Хулосалар оламшумул бўлмайди, лекин жуда кўпчиликнинг диққатини тортиши, кенг қатламларни фанга қизиқтира олиши аниқ. Айниқса, мақоладан ташқари, ҳужжатли фильм тайёрланса.

4) “Мусулмонча гапиринг! Ўзбекларда тил тушунчаси ҳақида”. Тил – мавҳум тушунча. Оддий халқ орасида у ҳар хил контекстда ишлатилади. Бизга мактабда тил нималиги, шева нималиги ўргатилишига қарамай, халқ орасида бу атамалар чалкаштирилади ва эркин қўлланади. “Тил” “шева” маъносида қўлланади. “Одамга ўхшаб гапир” дейдиганлар ҳам бор. Мана шу мураккабликларни очиб берадиган соф социолингвистик тадқиқот ўзбекларга тилини, тилининг табиатини тушунишга ёрдам беради.

👉 @AsanovEldar
​​Одамлар барибир қонига тортади десам ишонмайсизлар. Дўстим Нозимжон қизига қорбола ясаб бераман деб балбал ясаб қўйибди мана. Туркий-да, ўзбек-да!

Маълумот учун, балбал – қадимги турк қабилалари исломгача даврда даштларда ясаб ўрнатган тош ҳайкаллар. Уларни ўзига хос кўринишидан таниса бўлади. Уларнинг бу ўзига хос кўринишини Нозимжон билмай қор ёрдамида репродукция қилиб қўйибди.

👉 @AsanovEldar
Бугундан Ўзбекистон Фанлар академияси Миллий археология марказида иш бошладим. Марказга Ўзбекистоннинг энг кўзга кўринган тарихчи-археологларидан бири – Фарҳод Мақсудов бошчилик қиляпти. Умуман, марказда анчагина яхши мутахассислар тўпланипти. Ўзим ҳурмат қилган, тан олган яхши олимлар билан бирга ишлайман энди.

Менга мультидисциплинар тадқиқотлар бўлимининг лингвистик антропология секциясини ишониб топширишди. Бу имкониятдан фойдаланиб, тадқиқотлар олиб боришга, янги хулосаларга келишга, илмий қарашларимни кенгроқ ёйишга ҳаракат қиламан.

Бир пайтлар фан ҳаётим мазмунига айланиб қолган эди. Кейинчалик турли сабабларга кўра бошқа соҳага ўтдим, аммо шунда ҳам фандан узилиб қолмасликка ҳаракат қилдим: илмий мавзуларда ёздим, тинимсиз ўқидим, олимлар билан суҳбатларни канда қилмадим, ахийри шу канални очдим. Айнан шу канал туфайли академия диққатини қайтадан ўзимга қаратдим, академия ва университетлардан таклифлар ола бошладим. Ўйлаб-ўйлаб марказни танладим. Академия соҳасига қайтиш бевосита илмий тадқиқот билан банд бўлиш, манбалар, адабиётлар билан кўпроқ танишиш имконини беради.

Хуллас, янги бир нарса бошланди дўстлар. Омад тиланглар.

👉 @AsanovEldar
#топонимия

Жой номларини алмаштиришда эҳтиёт бўлиш кераклиги, иложи бўлса, тарихий номларга умуман тегиниш керак эмаслиги ҳақида кўп ёзаман. Майли, яқин ўтмишда идеологик сабабларга кўра қўйилган номлар ўзгарсин, лекин:

- идеологик ном ўрнига идеологик ном қўйилмасин. Киров совхози ўрнига Бахтобод қишлоғи бўлиши бу жойга ўзига хослик бағишламайди. Эсда қолмайдиган пафосли жой номи кўпайгани қолади холос;

- идеологик ном ўрнига имкон қадар тарихий ном тиклансин;

- тарихий номлар ўзгартирилмасин. Тўйтепа – тарихий ном.

Жой номи қайсидир валломатга “хунук”, “ҳақиқатни акс эттирмайдиган” кўриниши мумкин, лекин:

- жой номи бугунги ҳақиқатни акс эттириши шарт эмас – у тарихдан дарак. Ҳақиқатни акс эттирадиган, бугундан ўтмишга ёдгорлик бўлиб қоладиган жой номлари бор ўзи – янги қурилган бинолар (ҳа, биноларнинг ҳам номи бўлиши керак), кўчалар, туманлар, қишлоқлар. Марҳамат уларга янги ном ўйлаб топаверинг;

- жой номи “чиройли” бўлиши ҳам шарт эмас. У – тарих ёдгорлиги. Тарихий жой номини ўзгартириш тарихий бинони бузиб ташлашга тенг жиноятдир;

- бюрократларга “хунук” кўринган жой номи аслида унчалик хунук бўлмаслиги мумкин. Унинг тарихий маъноси бўлиши мумкин, ёки маъноси умуман бошқа бўлиши мумкин (омонимия деган ҳодиса бор ахир). Масалан, “Галатентак” аслида уруғ номи. Тентак қадимда салбий маънога эга бўлмаган – урушқоқ, жангари одамлар шундай дейилган. “Галадевона”-ку, умуман ижобий маънога эга бўлган (Девона Машрабни эсланг). “Яланғоч”, “Ингичка” (иккисиям “камбағал” маъносида) – уруғ номлари. “Така қишлоқ”да “эчки” маъносини берувчи сўз йўқ; така – уруғ номи. “Кўрпа қишлоқ” эса “ширвоз боқиладиган қишлоқ” дегани. Тарихий тилни, тарихий реалияларни билмай туриб, бугунги кундан, ўзининг саёз билимларидан келиб чиқиб жой номларини алмаштириш аҳмоқликдир. Шунинг учун топонимияга бюрократлар эмас, профессионал тилшунослар, этимологлар, топонимистлар, этнографлар масъул бўлиши лозим.

Жой номи – жойнинг ташриф қоғози, бренди. У “чиройли”, “жарангдор” эмас, ўзига хос, тарих руҳи уфуриб турадиган даражада ғалати ва бироз тушунарсиз бўлиши керак. Токи эшитганлар қизиқсин, ҳайрон қолсин, маъносини тушунмасин, тушунтириш қидирсин. Жой номини тушунтириб бериш нафақат топонимия ва этимологиянинг, балки туризмнинг ҳам муҳим қисмидир. Ўзбекистонга келган турист аввало жой номининг маъносига қизиқади. Жой номининг афсонавий ва илмий талқинини эшитиш унга жуда қизиқ бўлади. “Тўйтепада ўтмишда анъанавий тўйлар уюштирилгани учун шу номни олган”, дейиш қаёқда-ю, “Биз жуда кучайиб, ривожланиб кетганимиз учун Нурафшон, яъни ёрқин деган ном бердик”, дейиш қаёқда. Қайси бири сайёҳга қизиқроқ бўлади? Қайси бири тарихни яхшироқ акс эттиради?

👉 @AsanovEldar
#топонимия

Тарихий номларни “чиройли”га алмаштиравериш ахийри абсурд вазиятга олиб келади. Тасаввур қилинг, Хоразм вилоятидаги барча номлар ўзгартирилди:

Фаровон вилояти. Туманлари: Бахтобод, Боғу Бўстон, Инновация, Келажак, Ёрқинобод, Гулзор, Гулобод, Бешташаббус, Юқорибешташаббус, Хурсандобод. Маъмурий марказ – Ислоҳот. Шундай бўлса, Хоразм вилоятининг бирор ўзига хослиги қоладими?

Жой номлари – тарихнинг бир бўлагидир. Тарихни унутмайлик. Вазиятни абсурдга олиб бормайлик. Топонимияни профессионалларга топширайлик.

👉 @AsanovEldar
​​Кублардан, чапланган бўёқдан, тушунарсиз шакллардан ва геометрияси бузилган одамлардан иборат расмларни кўриб, “нима бало эди бу?” деганмисиз ҳеч? Тушунишга уриниб қийналганмисиз? Менда шундай бўлган. Фақат, кўпчилик “эээ, бемаъни нарса” деб кетса, мен “бунда бир нарса бўлиши керак” деб тушунишга чиранганман. Барибир уддалай олмаганман. Кейин билсам, бошқача ёндашиш керак экан. Гап расмдаги тушунарсиз шаклда қандай реал буюм ёки шахс яширинганини топишда эмас экан. Ҳеч нарса яширинмаган ҳам бўлиши мумкин экан.

Кўп нарса тарихий контекстга боғлиқ экан. Санъат одамлар ҳаётини, кечинмаларини акс эттиради. Рассомчилик – санъат. Шунга мувофиқ, у ҳам тарихий воқеалар таъсирида ўзгариб боради, одамларнинг кайфиятини акс эттиради.

Адабиётни олайлик. Биринчи жаҳон уруши Ғарб адабиётини ўзгартириб юборди. Уруш туфайли Ремаркнинг “Ғарбий фронтда ўзгаришсиз”, Хемингуэйнинг “Алвидо, қурол” романлари дунё юзини кўрди. Хемингуэй, Ремарк, Фицжеральднинг сокин, вазмин, конфликтсиз асарларида “йўқотилган авлод”нинг бефарқлигини, циниклигини, умидсизлигини кўрамиз.

Энди тасвирий санъатга қайтамиз. Биринчи жаҳон уруши унда қандай акс этди? Бу ҳақда россиялик-исроиллик таҳлилчи, санъатшунос ва сиёсатшунос Михаил Шрайбманнинг фикрларини келтираман:

Мен ёқтирмайдиган Пикассонинг ҳайратланарли нарсалари бор.

Рафиқаси Ольга Орлованинг портретларини олайлик. Бу аёлнинг нигоҳларида чўкиб кетиш мумкин; гипнозловчи ол жило... XX асрда буюк рассом ва мусиқачиларга нима бўлганини, Пикассо ва Шенбергни гўзаллик қидирувидан тўхтаб, бемаъни ва хунук нарсалар яратишга нима мажбур қилганини билмайман... Бу бемаъниликни шарж ёки XX асрдаги бадбашараликлар ва фожиалар инъикоси деб қабул қилсак, тушуниш осонлашади...1 Бошқа нуқтаи назарни Шри Ауробиндо Гхошнинг маслакдоши Мирра Альфасса айтган эди; унинг фикрича, санъат олдинги гўзаллик шаклларидан воз кечиб, шаклсизликка шўнғишга мажбур эди, ўзини осмонга сапчишга тайёрлаш учун, токи бу сапчиш гўзалликнинг янада индивидуаллашган шакллари очилишига айлансин.

Пикассо ва Хохлова ҳақидаги мақоладан: “Ольга Хохлова эри билан ажрашишни оғир қабул қилди. Замондошларининг ҳикоя қилишича, Хохлова Пикассони кўчаларда таъқиб қилар, баланд овозда фаҳш учун уялтирар ва эвазига тарсаки ер эди. У эрига Рембрандт ва Бетховеннинг портретларини юбориб, унга ‘асл’ санъатни эслатишга ҳаракат қиларди. У Ариадна мисол чалкаш муносабатлар лабиринтидан чиқиб кетишга ёрдам берадиган калава учини қидирарди”.

1 Йўқ, гап жаҳон урушлари ва концлагерларда эмас. Европани вайрон қилган 30 йиллик урушдан сўнг мусиқа чуқурлашиб ва мулойимлашиб, одамларга улар бошидан кечирган воқеалардан сўнг тикланишга ёрдам берди. Уйғониш даври қўрқинчли эди – урушлар, ўлат, тирания – аммо, санъаткорлар ҳаёт олдиларига қўйган саволларга жавоб топиш илинжида гўзаллик яратарди. XVI ёки XVII асрлар даҳшати ҳам XX асрникидан қолишмасди, лекин одамлар мусиқа ва тасвирий санъатни оламни даволаш воситалари, борлиқнинг юксак шаклларига интилиш деб биларди.

Иқтибос тамом. Кейинги сафар тушунарсиз шакллардан иборат расм кўрганингизда муаллиф шахсига, яшаган замонига эътибор беринг, сўнг расмга бошқатдан қаранг.

👉 @AsanovEldar
Бугун санъат ҳақида гап бошлаган эканман, давом эттириб қўяй. Яқинда бир дўстим билан баҳслашиб қолдик. Иқтисодиётчилар-у табиий фанлар вакиллари “гуманитар фанлар керак эмас” дейишига кўп гувоҳ бўлгандим-у, лекин “бадиий адабиёт умуман керак эмас”лигини биринчи марта эшитдим.

Ростдан, баъзилар ортиқ даражада мантиқий ўйлаб юборади-ю, “фанлар инсонга реал фойда келтиради, кино, адабиёт шунчаки кўнгил ёзиш, вақт ўтказиш воситаси” деган хулосага келади. Эстетик завқ бериш, кўнгил ёзиш – санъатнинг муҳим вазифаларидан бири, лекин асосийси эмас. Санъат юксакроқ, муҳимроқ вазифага эга.

Инсон рационал (ақлий) ва эмоционал (ҳиссий) томонларга эга. Ҳар бирининг аҳамияти бор. Аслида фанни санъатга тенглаштириш тўғри эмас. Шунга қарамай, тан олиш керакки, ҳиссиётсиз фан ҳам, инсоният ҳам ривожланмаган бўларди. Ҳиссиёт – шунчаки эҳтиёжларнинг юксакроқ шакли. Одам ривожланар экан, унинг эҳтиёжлари еб-ичиш билангина чекланиб қолмайди, ўзгаради, кенгаяди. Бу эҳтиёжлар бўлмаса, ривожланишга, янги нарса кашф этишга ҳам эҳтиёж туғилмайди. Санъат – ҳиссиётларни кучайтирадиган, дунёқарашни кенгайтирадиган, эҳтиёжларни оширадиган фаолият тури. Кўп китоб ўқиган, санъатдан кўп баҳраманд бўлган одам ҳаётга бошқача қарайди, инсоният эҳтиёжларини кенгайтириб боради.

Ниҳоят, санъат одамларга ғоя беради, ғоявий эволюцияни таъминлайди. Ғоявий эволюциясиз техник эволюция ҳам бўлмайди. Хуллас, фан, санъат – булар бир-бирига боғлиқ ва айни пайтда қиёслаб бўлмайдиган соҳалар. Ҳар бири кишилик жамиятида жуда муҳим ўринга эга. Ишонаверинг, санъатсиз одамлар биороботлар жамиятига айланиб қолади, шунда техник тараққиётга ҳам эҳтиёж қолмайди.

Ўзбек интеллигенциясининг фожиаси шундаки, санъатнинг, гуманитар фанларнинг реал аҳамиятини тушунмайдиган зиёлилар жуда кўп. Ҳатто санъаткорларнинг ўзи баъзан зиммасидаги вазифани англаб етмайди. Бу ҳолат ўзбек жамиятининг ақлий, интеллектуал ўсишига ва пировардида техник ривожланишига салбий таъсир кўрсатади.

Шахсий фикримни айтадиган бўлсам, бадиий адабиётни сўз қўллашнинг чўққиси ҳисоблайман. Юксак даражадаги бадиий асарлар яратишга қодир одам нафақат сўз инструментарийсидан мукаммал фойдаланишини, балки дунёни, ҳаётни жуда чуқур тушунишини, дунё ва ҳаёт ҳақидаги фикрларини ноанъанавий, мураккаб – бадиий шаклда ифодалай олишини кўрсатади ҳамда инсониятга тараққиёт учун янги ғоявий импульс беради.

👉 @AsanovEldar
Мақтаниш пости. Ўтган сафар “Қўшни маҳалла” мени хафа қилганди, энди Telegram’нинг ўзи хафа қилди. 😄 Менга ишонмай, эринмай бошқатдан ҳисоблаб чиқишипти.

Хуллас, Telegram Analytics Uz каналида ёзилишича, мессенжернинг ўзбек сегментида “блогер” сўзи 2019 йилда оммалашипти. Иқтибос:

“2019 йилда Ўзбекистон Telegram-каналларида ‘блогер’ сўзининг эсловлари сонини ҳисоблаб чиқдик, бу кўрсаткич йил давомида 27 мингдан зиёдни ташкил қилди. Ойлар бўйича эсловлар сонини юқоридаги жадвал орқали кўришингиз мумкин.

Ушбу сўз эслаб ўтилган постларнинг қамрови, яъни кўришлар сони салкам 159 миллионга етди”.

Эслатиб ўтаман, бу ҳақда 1 январь куни “Дарё” ёзганди. Бизнинг ҳисоб-китобларга кўра, айнан “блогер” ўзбек тилига шиддат билан кириб келган, кенг халқ оммасига таниш бўлиб қолган ва жуда кенг қўлланган йил сўзи бўлганди. Бошқа каналлардаги сўровлар ва Telegram берган маълумот “Дарё” версиясини тасдиқлади. Умуман олганда, Ўзбекистон тарихида биринчи марта йил сўзини эълон қилгандик, бу анъанага айланса, бошқа ресурслар ҳам ташаббусга қўшилса яхши бўлади. Ўзбек тилининг оммалашишига шу каби акциялар ҳам ижобий таъсир кўрсатади.

👉 @AsanovEldar
#тавсия

Бир яхши ҳамкасбим бор. “Кун.уз”да анча пайт ишлади, ҳозир “Қалампир”ни гуллатмоқда. Юрист бўлишига қарамай, журналистикада суриштирувлари ва танқидлари билан анча ном қозонди. Баҳодир Аҳмедовнинг менга ёқадиган яна бир жиҳати бор – тарихга қизиқади. Каналини тарихдан бошлаганди, ҳозир кўпроқ ижтимоий муаммоларга ўтиб кетди – касб тақозоси билан. Шунга қарамай, тарих ҳақида ҳам ёзиб туради.

Ижтимоий муаммолар кўтариладиган ва айни пайтда маърифат улашиладиган яхши канални тавсия қилмоқчиман. Кириб, баҳо беринг: @bahodirahmedoff

👉 @AsanovEldar
#фонетика

Испан футболи мухлислари ўйинлар шарҳини испан тилида кўрганида бир нарсага эътибор бергандир. Испан шарҳловчилари “гол” сўзини икки хил талаффуз қилади: “голь” ва “ғоль”. Эътибор бермаганлар эшитиб кўринг – мана, мана. Бундан тушуниш мумкинки, “г” ва “ғ” товушлари улар учун деярли бир, яъни сўзнинг маъносини ўзгартирмайди.

Бу ҳодисани тушуниш учун товуш ва фонеманинг фарқини билиб олиш керак. Техник жиҳатдан иккиси бир нарса – шунчаки товуш. Бу икки тушунчанинг нозик фарқи бор: товуш деб овоз трактидан чиқаётгн ҳар қандай ҳаво зарби айтилади. Фонема эса сўзнинг мустақил таркибий қисми бўла оладиган товушдир. Ўзбек тилида товушлар сони алифбода кўрсатилганидан анча кўп (бошқа ҳар қандай тилдаги каби), лекин ҳар қандай товуш ҳам фонема бўлолмайди, демак, унинг учун алоҳида ҳарф ҳам талаб этилмайди.

Кликс товушларини олайлик. Аслида ўзбек тилли одам ҳам бундай товушни ишлатади, масалан, бирор нарсани инкор қилганимизда “йўқ” дейиш ўрнига латерал кликс товуш чиқарамиз. Лекин у ўзбек тилида фонема эмас, негаки сўзлар таркибида келмайди, сўзлар маъносини ўзгартирмайди. Ўзбек уни алоҳида мустақил товуш деб қабул қилмайди. Лекин баъзи Африка тилларида кликслар сўзларда жуда фаол қўлланади ва маънога таъсир кўрсатади.

Ўзбек тилида “п” товуши бор, уни баъзи ўзбеклар бироз бошқача (масалан, кучайтириб, урғу бериб) талаффуз қилса ҳам бу маънога таъсир кўрсатмайди. Ўзбек тилида “пар” ҳам, “ппар” ҳам бир маънони англатади (“ппар” деган одам тўғри талаффуз қила олмас экан деб ўйлайсиз). Лекин Осиё жануби-шарқидаги қандайдир тилларда “пар”, “ппар” ва “пҳар” (аспирацияга учраган “пҳ” товуши) бошқа-бошқа сўзлар бўлиши мумкин. Хитойда эса айнан бир хил шаклга эга сўзлар оҳангига қараб умуман бошқа маънони англатади.

Испан тилида ҳам шундай: “ғ” шунчаки “г”нинг аллофони (талаффузда позицияга қараб вужудга келадиган шакли) бўлиб, маънога таъсир кўрсатмайди. Улар баъзан “гол”, баъзан “ғол” деб кетаверади. Ўзбек тилида “г” ва “ғ” бошқа-бошқа фонемалар бўлгани боис бу бизга ғалати туюлади (бундан олдинги сўзни “галати” деб айтсам тушунмасдинглар, масалан).

👉 @AsanovEldar
Ҳоким қовун туширгани майли. Матбуот котибининг иши – унинг имижи устида ишлаш, қовун туширишдан асраш. Нега қовун сайли тугамаяпти десак, гап бу ёқда экан. Матбуот котибининг ўзи қовун туширса, бирор нима дейишга ожизман. Менимча, Ўзбекистондаги “кадр чанқоғи”, нопрофессионаллик, шошқалоқлик, бирёқламалик, тор дунёқараш, бетоқатлик қирғоқлардан тошиб, селдай ёпирилиб келяпти шўр пешонамизга. Юқори лавозимдаги одамлар ўзини маҳалла зўравонидай тутадиган давлатда оддий халқдан нима гина?

👉 @AsanovEldar
Ҳаммаёқ Ҳумо бўп кетди, деяпти интернет. Яхши-ку. Шарқ фольклорига ҳурмат. Таклифим, фақат Ҳумо билан чекланмайлик – манбаларда бошқа афсонавий қушлар ҳам тилга олинади.

“Ўзатом” – Ҳудҳуд. Кўп гапирворяпти охирги пайтларда.

Суд – Семурғ, унинг адолатига етгунча тасаввуфнинг етти водийсидан ўтиш керак.

Шуҳрат Ғаниев – Қақнус, ёниб қайта тирилаверади.

Ўзбек миллий валютаси – Анқо, уруғини топиш қийин.

👉 @AsanovEldar
Khan Academy Ўзбекистонда ишга тушганини эшитган бўлсангиз керак. Бепул онлайн таълимга йўналтирилган бу академия айни пайтда муҳаррир қидирмоқда экан. Муҳаррир, хабарингиз бор, фақатиган тилни яхши билиши эмас, фанлардан ҳам бохабар бўлиши лозим. Сиз рўйхатда келтирилган фанларни яхши билсангиз ва айни пайтда ўзбек тилида саводли ёза олсангиз, Khan Academy’га мурожаат қилинг. Хайрли бошланмага қўшилинг.

👉 @AsanovEldar
Интернетдаги баҳсларда “яхшиям Россия босволган/Россия бўлмаганда иккинчи Афғонистон бўлардик” деган аргументларни ўқиб қоламан. Бу аргументнинг заиф томони шундаки, у сабаб ва оқибатни чалкаштириб юборади.

XX асрнинг 40-йилларигача Афғонистон минтақанинг энг ривожланган ва демократик давлати эди. Омонуллахон даврида бошланган ислоҳотлар мамлакатни ўзгартириб юборди. Мамлакатда фаол аҳоли, сиёсий ҳаракатлар вужудга келди. СССР, Буюк Британия ва Германия Афғонистонга минтақанинг асосий давлати деб қараб, бу ерда нозик сиёсий ўйинлар олиб борди. Айни пайтда мамлакатда диний ва дунёвий тизим тарафдорлари ўртасида сиёсий кураш борди.

Тўғри, ривожланган давлатга айланишга Афғонистоннинг ресурслари етмади. Лекин у 20-йилларда ўзбек хонликларидан анча бой ва илғор эди. Бугунги қолоқлик ва бетиним урушнинг бош айбдори СССР бўлади: 1979 йил СССР Афғонистонга бостириб кириши туфайли бошланган фуқаролик уруши бугунги кунга қадар тингани йўқ. Бу талотўпда мамлакатда радикал ҳаракатлар кучайиб кетди.

Шу маълумот асосида хулоса қиламанки, Россия бўлмаганида, балки иккинчи Афғонистон бўлолмасдик, СССР бўлмаганида, балки Афғонистон ҳозир минтақа лидери бўларди. Бу, албатта, менинг тахминим. Нима бўлганда ҳам, Афғонистон доим нотинч ва қолоқ бўлган, бу аҳволдан бизни СССР қутқариб қолган деб ўйлайдиганлар қаттиқ янглишади.

👉 @AsanovEldar
Умуман, Афғонистон, Эрон, Покистон сингари давлатлар мен учун парадокс бўлиб қолмоқда. Бу жамиятлар консерватив, ўрта асрларга хос анъаналар сақланиб қолган дейилади одатда. Лекин уларда ўзига хос сайлов демократияси ривожланмоқда – бир киши ҳокимият тепасида ушланиб қолишини тасаввур қилиш қийин, президентлар, бош вазирлар алмашади. Бу уч мамлакатда ОАВ анча эркин ва дадил, ижтимоий фаол аҳоли кўп, митинглар, сиёсий ҳаракатлар одатий ҳолга айланган. Покистон феминизм энг ривожланган, хусусан, #metoo ҳештеги энг машҳур бўлган мамлакатлардан бири ҳисобланади (покистонлик ҳамкасбларнинг айтишича).

Покистон, Афғонистон, айниқса Эроннинг илмий салоҳияти ҳам ҳайратланарли. Инглиз тилини яхши билган, дунёнинг ривожланган давлатларида фаолияти юритаётган ўнлаб олимларни эслаш мумкин. Мамлакатнинг ўзида ҳам илғор, билимли ёшлар жуда кўп. Инглиз тилли оламга дахлдорлик ва мамлакатларнинг оғир тарихий йўли ёшларни билимлироқ, фаолроқ бўлишга мажбур қилаётгандир, ким билсин.

Тожик ҳамкасблардан бир воқеа эшитгандим, балки бироз бўрттирилгандир, билмадим. Каттакон бир намойиш олдига президент Ашраф Ғани Аҳмадзай чиққанида бир нуроний унга шундай деган экан: “Сен Афғонистон жумҳурраиси сифатида бизга нима бердинг?” Аҳмадзай жавоб берган экан: “Мен сенга жумҳурраис қаршисида туриб шундай сўзлар айтиш имконини бердим”.

Дарвоқе, бизда рок тақиқланган, рэпдан эса миллийлик қидирилаётган пайтда Афғонистонда рок ҳам, рэп ҳам ривожланяпти (маҳаллий ўзбекларнинг фаол иштирокида). Афғонистон поп-мусиқасида долзарб ижтимоий масалалар кўтарилади. Эшитиб кўринг:

Юсуф Балхий – “Она тилим”;

Kabul Dreams – “Садойи Афғонистон”, “Шаҳоб”.

👉 @AsanovEldar
​​Facebook’да бир қизиқ постга дуч келдим. Сиз билан ўртоқлашмоқчиман. Нацизмни енгган СССРнинг ўзида ҳам миллатчилик ва ирқчилик мавжуд бўлган. Ҳар хил даврда ҳар хил даражада, ҳар хил кўринишда.

Линк: https://telegra.ph/Foydali-yahudiylar-01-21

👉 @AsanovEldar
#саволжавоб

Олдин ваъда қилинганидек, ҳар ойда икки марта #саволжавоб олиб борамиз. Янги йилда биринчи савол-жавоб панелини очиқ деб эълон қиламан. Илтимос, савол беришдан олдин қоидалар билан танишиб чиқинг, барчасини махсус постда тушунтиргандим.

👉 @AsanovEldar
Сергей Абашин ёзяпти:

100 йил олдин, 1920 йил 21 январда Туркистон тарихида бурилиш ясаган воқеа рўй берди. Туркистон мухтор республикаси Марказий ижроия қўмитаси раиси лавозимига 26 ёшли Турор Рисқулов тайинланди. МИҚ раиси – бошқарув тизимидаги энг юқори лавозим. Туркистон совет республикаси ташкил топганидан буён (ундан олдинги Туркистон генерал-губернаторлигини қўятурайлик) биринчи марта бу олий мансабни маҳаллий мусулмон аҳоли вакили, қозоқ эгаллади. Албатта, у совет Марказига мутлақо садоқатли большевик эди. Табиийки, у чекланмаган ҳокимиятга соҳиб эмас эди, чунки Марказ уни минтақага юборилган, ҳар қандай қарорни тиқиштириш ваколатига эга Туркистон комиссияси орқали назорат қиларди. Шунга қарамай, бу тайинлов бутун маҳаллий бошқарув мустамлакачилардан маҳаллий аҳоли вакилларига ўтганидан далолат эди. Рисқуловдан сўнг бу лавозимга фақат маҳаллий аҳоли вакиллари тайинланди. Мустамлакачи жамияти ичидаги ихтилофлар ҳамда Туркистон ҳукуматини 1918–1919 йилларда пароканда қилган мустамлакачилар ва мусулмонлар ўртасидаги зиддият тўхтади. Энди ўзаро ҳамкорлик ва қарама-қаршилик йўналиши совет-мусулмон Туркистони ва Москва муносабатлари ўзанига кўчди.

Бу ўзгариш муҳим сиёсий оқибатларга эга бўлди. 1919 йилда Мусулмон бюросини бошқарган (у 1920 йилда тугатилган эди) Рисқулов республика қандай ривожланиши масаласида ўз нуқтаи назарига эга эди. Аксарият мусулмон большевиклар қўллаб-қувватлаган бу лойиҳада мусулмон кўпчиликнинг ҳуқуқларига, уларнинг иқтисодий муаммоларини, маориф, суд муаммоларини ечимшга, диний ҳуқуқларга урғу бериларди. Рисқулов бошчилигида етакчи позицияни эгаллаган ушбу гуруҳ ғояларини илгари суриш учун янги имкониятларга эга бўлди. Январь ойидаёқ Рисқулов “Туркистон этнографик ва бошқа хусусиятларига кўра Турк Миллий Республикаси” эканини эълон қилди. “Туркистон – туркларники демак, бу туркларнинг ватанидир, ва биз уни Турк Миллий Республикаси деб аташимиз лозим”, “Бу ерда аҳолининг кўпчилигини турклар ташкил этади. Туркистон аллақачон Турк Республикаси деб тан олинган ва биз шу принцип асосида унинг партиясини, яъни Турк коммунистик партиясини таъсис этишимиз, унинг қошида Миллий озчиликлар билан ишлаш бўлимини очишимиз лозим”. Бу мантиқан тўғри қадам эди: мусулмон (ва турк) кўпчилик сиёсатнинг мустақил фактори ва акторига айланаркан, мухтор республика ҳам миллий характери ҳақида очиқ баёнот бериши керак эди. Бу совет Россияси учун ўзига хос бир нарса эмас эди – у ерда миллий белги асосида мухтор тузилмалар, масалан, Бошқирдистон Республикаси ташкил топган эди. Турккомиссия аъзолари – Элиава, Куйбишев ва Голошчёкин ўша пайтда бу ғояни қўллаб-қувватлади. Аммо кейинчалик новация тақдири ачинарли бўлди. Кейинроқ Туркистон фронти қўмондони Фрунзе ташаббусга қарши чиқди – у минтақада де факто мустақил ва асосий сиёсий арбобга айланган эди. Дарвоқе, у Туркистон колонистлари оиласидан эди. У маҳаллий аҳоли орасидаги “турк сафарбарлиги”да Марказ учун таҳдид кўрди ва Марказни бунга ишонтира олди. Рисқулов Москвага йўл олди, Ленин ва МҚ билан учрашди, уларга ҳақлигини исботлашга уринди, лекин пировардида мағлуб бўлди ва ёздаёқ истеъфога чиқди. У Москвага, Миллатлар иши бўйича халқ комиссариатига Сталиннинг ўринбосари сифатида ўтказилди.

👉 @AsanovEldar
Нима учун сўровномаларга ишониб бўлмайди?

Ўз вақтида сўровнома ва унинг ҳар хил турлари социологиянинг асосий қуроли эди. Сўровнома шахсий қарашлардан кўра муҳимроқ ва аниқроқ, объектив картинани, хилма-хилликни кўрсатиб берадиган инструмент ҳисобланарди. Лекин ҳозирги социологияда сўровномага муносабат бироз ўзгарган.

Бугунги кунда тадқиқотчилар сўров методи кўплаб ноаниқликларга ва мураккаб жиҳатларга эгалигини тан олмоқда. Мана энг асосийлари:

- сўровлар одатда бутун аҳолини қамраб олмайди. Тадқиқотчилар маълум критерийлар асосида репрезентатив гуруҳ тузиб, шу гуруҳ ичида сўров ўтказади, унинг натижасини эса кенгроқ жамоага проекция қилади. Гуруҳ қай даражада репрезентатив? Қандай критерийлар асосида гуруҳ тўпланади? Ўн кишининг фикрини минг кишига проекция қилиш қанчалик ўзини оқлайди? Бир кишининг фикрига қараб минг киши ҳақида хулоса қилиш билан минг кишининг фикрига қараб миллион киши ҳақида хулоса қилиш орасида қандай фарқ бор? Бу саволлар берилганидан сўнг сўровнома натижалари ортиқ объектив ҳақиқат сифатида қабул қилинмай қўймоқда;

- сўровдан ўрин олган саволлар манипулятив бўлади. Тўғри, ҳамма ҳам сўров ёрдамида ижтимоий фикрни манипуляция қилишга уринмайди – аксарият тадқиқотчилар шунчаки омма фикрини ўрганишни хоҳлайди. Шунга қарамай, савол маълум бир шаклда формулировка қилинганининг ўзиёқ манипуляция ҳисобланиши мумкин. Нега “шу фикрга қўшиласизми?” деб сўраляпти, “шу фикрга қўшилмайсизми?” деб сўралмаяпти? Нега респондентнинг миллати сўраляпти (балки миллат тушунчаси унга бегонадир)? Жавоблар сони ҳам чекланган бўлади ва бу беихтиёр сўров иштирокчисининг фикрига таъсир кўрсатади – у онгсиз равишда берилган вариантлардан бирини танлайди, ва танлаган вариантини “шахсий фикрим шу” деб ўйлай бошлайди. Аслида худди шу саволга бошқа жавоблар берилганида, респондент шулардан бирини танлаб, “шахсий фикрим шунақа” деб ўйлай бошларди. Жавоблар сонини кўпайтириш билан муаммони ҳал қилиб бўлмайди – учта жавобдан бирини танлаш ҳам, юзта жавобдан бирини танлаш ҳам барибир шахсий фикрга таъсир ўтказади;

- ниҳоят, сўров иштирокчиси хоҳласа-хоҳламаса босим остида бўлади. У дўстлари билан чойхонада суҳбатлашиб ўтирмаганини, жавоблари нимагадир таъсир қилишини тушунади ва шунга қараб жавоб беради. Кимдир ўта политкоррект, толерант бўлиб қолади, дўстлар даврасида ҳазил ёки чин сўкиб юбориши мумкин бўлган аҳоли қатламига тоқатли эканини ёзади, ўз шахсий қарашидан, шахсий тажрибасидан эмас, диний, миллий ёки умуминсоний қадриятлардан келиб чиқишга уринади. Сўров аноним ўтказилиши масалани енгиллаштирмайди – кимдир барибир жавоблари нимагадир таъсир қилишини билиб оғир-босиқ ва ўз назарида холис жавоб беришда давом этади, кимдир эса, аксинча, исми ҳеч қаерда акс этмаслигини билиб, табиатига ва шахсий қарашига зид равишда шўхлик қилишни, ғалати ва радикал жавобларни танлашни бошлайди.

Мана шу сабабларга кўра сўров методи бугун ўта объектив, аниқ натижа кўрсатувчи инструмент ҳисобланмайди. Албатта, қандайдир умумий фонни билиш учун, статистика тўплаш учун ундан фойдаланишади. Лекин бугунги фан индивидуаллашмоқда – алоҳида шахсларнинг, оилаларнинг тарихига, тажрибасига, алоҳида одамларнинг хотиралари ва таассуротларига урғу берилмоқда.

Шундай экан, “Сўров натижаси инсоният капитализмдан чарчаганини кўрсатмоқда”, “80 фоиз одам парламент сайловида иштирок этади” каби маълумотларга дуч келганда улар нимага асосланганини яхшилаб текшириб кўринг.

👉 @AsanovEldar
​​#саволжавоб

Атлантлар деган одамлар бўлган деб эшитамиз ёки гигант одамларнинг суяклари топилгани ҳақидаги хабарларни гоҳ-гоҳ учратиб турамиз. Биз яшаб турган дунёни 5-цивилизация дейишади, яъни биз 5-тойифа эканмиз. Олдин Атлантлар ва ҳоказо тойифалар йўқ бўлиб кетган эмиш.

Атлантлар – юнон мифологияси қаҳрамонлари. Бундай одамлар тарихда ўтмаган. Гигант одамларнинг суяклари топилгани ҳақидаги ҳамма хабарлар ёлғон, суратлар – фотошоп. Бу аллақачон исботланган ва баҳсга арзимайдиган масаладир. Бунақа ёлғонларга ишонмасликни тавсия қиламан.

Жиззахда зомин тумани бор, шу зоминликлар ўзларини Зомин туркларимиз дейишади. Савол зомин турклари аждодлари кимлар?

Турк – ўзбек уруғларидан бири. Улар ҳақида энг батафсил маълумот Билқис Қармишеванинг китобида келтирилган.

XVI асрда ўзбеклар Мовароуннаҳрда ўрнашганидан сўнг қарлуқлар ва чиғатойларнинг бир қисми уларга қўшилмай, сиёсий ҳаётдан узоқ туриб, секинлик билан алоҳида қабилавий бирлашмага айланади. Улар ҳақида XVIII асрлардан гапирилади одатда. Турк номини олган бу бирлашма Қашқардан Хоразмгача, Тошкентдан Афғонистонгача бўлган ҳудудда тарқалиб кетади. Зоминда ҳам туркларнинг катта гуруҳи яшайди. Улар Пскентда, Сайрамда, Ўшда, Жалолободда, Андижонда, Панжакентда, Ҳисорда, Самарқандда, Қашқадарёда, Сурхондарёда, Тожикистоннинг ҳар хил ҳудудларида жуда кўп.

Турклар беш уруғдан иборат: турк, қарлуқ, барлос, калтатой, мусобозори. Бу уруғлар яна тўпларга бўлинади. Улар ҳақида бирор кун тўлиқ, батафсил ёзаман.

Тавтология ва плеоназм ҳақида ҳам маълумот берсангиз.

Тавтология – бир сўз кўп такрорланиши. Плеоназм – бир хил маънони англатувчи сўзлар ва бирикмаларни такрорлаш.

Чакар-сахар-сугар. Олтин-золото-голд бу сўзлар келиб чиқиши бир асосга бориб тақаладими?

“Шакар” сўзи деярли барча тилларда ўхшаш талаффуз қилинади ва битта санскритча ўзакка бориб тақалади: शर्करा şarkara. Бу сўз семантикаси қуйидагича ривожланган: “шағал, майда тош”>“кристалл”> “шакар кристалли”. Ўзбек тилига “шакар” форс тилидан ўтган.

Инглизча gold, русча “золото” ва форсча “зар” ростдан ҳам бир ўзакка бориб тақалади. Лекин туркча “олтин”нинг ўзаги бошқа. Бир тахминга кўра, у туркча al “қизил” ва хитойча tuƞ “мис” сўзларидан олинган; бошқа тахминга кўра, умумолтой тилидаги ıldan “темир, қурол” ўзагига бориб тақалади.

Найманлар ҳақида маълумот берсангиз.

Бу ҳақда ёзгандим.

Ўзбекларнинг 92 та уруғига ўғуз қабилалари ҳам кирадими?

Киради. Уруғ-қабилалар қандайдир этник боғлиғликка эга бўлмаган, вазиятга қараб у ёки бу йирик қабилавий бирлашма таркибига ўтиб кетаверган. Ўзбек уруғларининг турли рўйхатларида туркман уруғлари тилга олинади. Бухоро ва Хивада айрим туркман уруғлари ўзбеклар орасида яшаб, ўзларини ўзбек уруғлари деб ҳисоблашни бошлаган. 1923 йил октябрида Чоржўйда ўтказилган сўров натижалари ҳақида тегишли ҳужжатда шундай дейилади (Арне Хогендан иқтибос – суратда):

“Салур ва баёт қабилаларининг бир қисми ўзини туркман, бир қисми ўзбек деб ҳисоблаши, бир қисми умуман миллатини билмаслигини инобатга олган ҳолда комиссия бу қабилаларнинг миллатини аниқлай олмади деб ҳисоблайди. Ҳидир эли қабиласига келсак, баъзилари ўзини туркман дейишига қарамай, уларнинг жавоблари нотўғри ҳисобланиши лозим, шу боис биз уларни ўзбек ҳидир элилар деб ҳисоблаймиз”.

Снесарев Хоразм ўзбеклари орасида олиб борган тадқиқотида алили, афшор, баёт, ҳидир эли, чандир қабилаларини аниқлаган. Бухоро жанубида истиқомат қилувчи баъзи ўғуз қабилалари вакиллари бугун ҳам ўзини ўзбек ҳисоблайди. Насриддин Назаров Афғонистон ўзбеклари орасида ҳидир эли ва баётлар борлигини ёзади.

Самарқанд, Жиззах, Сурхондарё, Қашқадарё, Жанубий Тожикистондаги туркманлар эса ўзини ўзбек ҳисобламайди (балки алоҳида шахслар ҳисоблар).

👉 @AsanovEldar
#саволжавоб

Мен Навоий вилояти Хатирчи туманиданман. Хатирчи сўзининг келиб чиқиши хақида ва бир пайтлар Хатирчи беклиги бўлган экан шу беклик ҳақида ҳам маълумот берсангиз.

Хатирчи сўзи туркча qatır сўзидан олинган. Қадимги турк тилида qatır деб эшак ва от қўшилишидан туғилган жонивор аталган. Бугун ўзбек тилида ишлатиладиган “хачир” “қатир”нинг мўғулча талаффузидир. Умуман qatır сўзи сўғдча xartar (xar – “эшак”, “эшаксифат” маъносида) сўзига бориб тақалади дейишади. Шундай қилиб, Хатирчи “хачир етиштирувчилар яшайдиган жой” маъносини англатса керак.

Хатирчи беклиги ҳақида эса қандайдир алоҳида маълумотга эга эмасман. Манбаларни қараб кўриш керак.

Эски узбек тилида ёзилган (арамей алфавит) клинопись хакида нимани биласиз, нима деб айтасиз?

Клинопись – миххат дегани. У оромий хати эмас, алоҳида ёзув тизимидир. Лекин эски ўзбек тилида на оромий хатида, на миххатда ёзилган манба ҳақида эшитмаган эканман. Аввало, эски ўзбек тили деганда нимани, қайси даврни тушунишингизга ҳам боғлиқ.

Амир Темурга Туркия тарихшунослиги қандай муносабатда? Ўрта асрларда ва ҳозирда.

Ўрта асрларда қандайлигини билмадим, ҳозир яхши. Буюк турк саркардаларидан бири деб билади. Темурни турклар ёмон кўради деган гапларни кўп эшитганман, лекин туркларнинг ўзи билан суҳбатларда, турк тарихчиларининг китобларида бунга гувоҳ бўлмадим. Албатта, Боязид билан уруш қилгани салбий воқеа бўлган, баримизга салбий таъсир ўтказган деб айтишади.

Нега қозоқлар ўз аймоқларини билади, ўзбеклар эса ўзларини қайси аймоқданлигини билмайди?

Қозоқлар XX аср бошигача кўчманчи ҳаёт кечирган ва уларда уруғчилик муҳим ижтимоий вазифа бажарган. Совет даврида ҳам асосий шаҳарлар аҳолиси руслар бўлгани боис қозоқлар асосан овулларда яшаган ва уруғчиликни сақлаб қолган. Мустақилликнинг бошида эса уруғчиликка миллий ўзликни, тарих билан алоқадорликни тиклашнинг муҳим воситаси сифатида қарай бошлашган. Қозоқ уруғларига давлат даражасида эътибор қаратилган. Шу боис уруғчилик ҳалигача аҳамиятини йўқотгани йўқ.

Ўзбеклар нисбатан олдинроқ – XVI–XIX асрларда ўтроқлашган. Совет даврида ҳам ўзбеклар шаҳарларда кўп яшаган, шаҳарларда эса уруғчилик аҳамиятли эмас. Боз устига, СССРда ва мустақил Ўзбекистонда тарихчилар, зиёлилар турк-мўғул уруғларидан атайлаб узоқлашиб, ўзбекларни минтақанинг энг қадимги халқларига – сўғдларга, хоразмликларга боғлашга уринган. Уруғлар эса келгинди, босқинчи деб эълон қилинган. Шунда ҳам, чамамда, ўзбекларнинг ярми уруғи ҳақида хотирани сақлаб қолган.

Хуллас, қозоқ зиёлилари тарихий хотирани яратишда уруғчиликка, ўзбек зиёлилари эса шаҳарчиликка ва эроний маданиятга урғу берган. Қозоқларнинг ва ўзбекларнинг бугунги “тарихий хотираси” аслида шунчаки тарихчилар таклиф этган нарративлар тўпламидир. Уни мутлақ ҳақиқат сифатида қабул қилиш керак эмас.

Бизда кўчманчи маданиятга интеллигенция ва сиёсий элита қандай муносабатдалигини Каримовнинг Аттила ҳақидаги гапларидан билса бўлади:

“Яна бир қизиқ хулосага дуч келдим. Биз ўзбеклар ҳам ўша Атилланинг авлодлари, ворислари эмишмиз. Бу билан фахрланишимиз керак экан. Биринчидан, бундай ўта жиддий хулоса чиқаришга ҳозирча ҳеч қандай асос ёки замин борлигини ҳеч ким исбот қилолмаса керак. Иккинчидан, босқинчига ворис бўлиш фахрли мартаба эмас, иснод-ку! Бу иғвога учсак, эрта Европа биз тўғримизда нима дейди? Бу гап қаердан чиқди, кимга керак бу сохта обрў?!”

Элитамиз ва интеллигенциямиз боболарни яхши-ёмонига қараб танлаб ўтирмай, тарихни борича қабул қилишни ўрганишини кутамиз.

👉 @AsanovEldar