Асанов формати
14.4K subscribers
1.16K photos
224 videos
72 files
2.68K links
Канал муаллифи, тилшунос, журналист ва блогер Эльдар Асанов тиллар, тарих, антропология мавзуларида таҳлилий ва оммабоп материаллар бериб боради.

Канални қўллаб-қувватлаш: tirikchilik.uz/AsanovEldar

Тижорий ҳамкорлик учун: @AshiVanghuhi
Download Telegram
Энди икки оғиз Трамп ҳақида.

У сайлов кампаниясини очиб, муваффақиятга эриша бошлагани америкалик сиёсатшунослар учун кутилмаган ҳол бўлди. Ювилган-таралган АҚШ сиёсати асосан аёллар билан боғлиқ жанжаллари-ю ўйламай гапирган гаплари билан машҳур жайдари бизнесменни қабул қилмасди, қилмаслиги керак эди. Унинг муваффақиятини “халққа яқинлиги” билан тушунтирганлар ҳам бўлди.

Менга қолса, Трампни халқ манфаатлари ифодачиси деб билмайман. У ҳам, унинг рақибаси Клинтон ҳам капиталистлар эди. АҚШ сўлларининг лидери Берни Сандерс анча олдин ўйиндан чиққан эди. Умуман, АҚШда сўллар ҳаливери ўнгларга бас келолмаса керак. Бундан ташқари, биламизки, ўнглик ва сўллик – нисбий тушунчалар. Устозимиз Марлен Ляруэль айтганди, АҚШда сўл деб қараладиган идеологиялар Францияда ўнг ҳисобланади деб.

Хуллас, Трамп сўлчи эмасди, лекин унинг сайловолди дастури баъзи гуруҳларнинг манфаатига мос келди. Трампни бекорга реднеклар президенти дейишмайди. Маълумот учун, реднеклар – АҚШнинг қишлоқ хўжалиги билан шуғулланадиган чекка ҳудудларида, асосан жанубий штатларда яшайдиган оқ танли фермерлар. Бир пайтлар Американи ўзлаштирган бу қатлам ҳозир анча қолоқ аҳволда, ижтимоий қийинчиликлар ичида яшайди. Ишчи кучи қимматлиги, солиқ юки оғирлиги боис йирик корпорациялар ишлаб чиқаришни чет элга олиб чиқиб кетаётган, қишлоқ хўжалиги қисқараётган шароитда мана шундай чекка ҳудудлар энг катта зарар кўрган.

Трампнинг сайловолди дастури анча ақлли эди. У АҚШ ниҳоят жаҳон жандарми ролини ўйнашни бас қилиб, халқаро лидерликка даъво қилишни тўхтатиб, ички вазиятни ўнглаши лозимлигини таъкидлади. Ишлаб чиқаришни АҚШга қайтариш, чекка ҳудудлардаги америкаликларни иш билан таъминлаш, миграцияни камайтириш (баъзан радикал методлар билан) эди унинг асосий мақсади. Бу иқтисодий қийинчиликлардан ваа либералларнинг ўзаро тенглик ҳақидаги агрессив риторикасидан чарчаган консерватив фермерларга ва анъаначиларга маъқул келди.

Трамп сайловолди кампаниясида Twitter’дан унумли фойдаланди. Бу ҳам унинг катта ютуғи бўлди. Жозибали Иванка Трамп унинг кампанияси рамзига айланди. Хуллас, Трамп президентликка тасодифан келиб қолгани йўқ. Бу АҚШдаги кайфиятни ва умуман дунёдаги ўнг бурилишни, мультикультурализм сиёсатининг инқирозини акс эттиради.

Дарвоқе. Жайдари, ирқчи, консерватор президент Шимолий Корея билан муносабатларда яқин орада ҳеч ким эриша олмаган натижаларга эришди. Эрон можароси бўлмаганида, сиёсатчилар ва либераллар қоралаётган консерватор президент охирги йилларда сайланганлар ичида уруш очмаган, жаҳон лидерлигига даъво қилмаган, тажовузкор ташқи сиёсат юритмаган биринчи президент бўларди. Ҳаёт шунақа – оқ ва қорадан иборат эмас. У мураккаб ва кўп сатҳли.

👉 @AsanovEldar
​​Фарғона водийси аҳолисининг келиб чиқиши ҳақида

Фарғона водийсини Ғарб антропологиясида баъзан Heart of Central Asia (Ўрта Осиёнинг юраги) дейишади. Аҳоли зич жойлашгани, шунга яраша Ўрта Осиё ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий муаммолари минтақада яққол акс этиши, ниҳоят, водийликларнинг агрессив маданий доминантаси бу номни келтириб чиқарган. Ўзбекистон, Тожикистон ва қисман Қирғизистон сиёсий элитаси совет даврида Фарғонага боғлиқ бўлгани, охирги икки юз йил давомида водий асосий маданият маркази бўлгани, ниҳоят, 90-йилларда СССРнинг инқирози Фарғонада диний ва миллий ҳаракатларни ва фожиаларни келтириб чиқаргани боис Ўрта Осиёни ўрганувчи тадқиқотчилар ушбу минтақага алоҳида эътибор қаратади.

Водийнинг бугунини тушуниш учун унинг ўтмишини билиш керак. Яқин ўтмишдаги жараёнлар бугунги ҳолатни келтириб чиқарган. Нега водий Ўрта Осиё “юраги”га айланди? Бу биринчи навбатда Қўқон хонлиги билан боғлиқ. Хонлик даврини қолоқлик асри деб баҳолаш тарихчилигимизда урф бўлган. Лекин Қўқон минтақавий миқёсда жуда муваффақиятли давлат эди. У ҳатто Хитой устидан ғалаба қозонган. Қолаверса, Фарғона бутун минтақанинг сиёсий ва маданий марказига айланишига замин ҳозирлаган.

Совет даврида нафақат водийда, балки бошқа ҳудудларда ҳам “асл ўзбекчилик” водийда деб қараш, водий маданий қиёфасини ўзбек маданиятининг эталони сифатида қабул қилиш тенденцияси бўлган. Буни ҳозир ҳам қисман кузатиш мумкин. Лекин:

- водий доим ҳам эталон бўлмаган;

- водий аҳолиси Бухоро ва Хоразм аҳолисидан генетик жиҳатдан катта фарқ қилмайди – бари бир хил уруғлардан, бир хил даврда шаклланган. Йўқ, узоқ ўтмишда эмас, охирги 200–300 йил давомида шаклланган.

Яқин-яқингача водийда аҳоли зич яшамаган, бўш жойлар кўп бўлган. Этник таркибга келадиган бўлсак, “Бобурнома”га кўра, XV аср охирида Фарғонада етти йирик “қасаба” бўлган. Асосий, энг катта шаҳар – Андижон (унга ёндош Ўш, Аравон каби ҳудудлар билан) туркий тилли бўлган. Қолган олти қасаба – Марғинон, Ахси, Сўх, Исфара, Кандибодом, Ашт – аҳолиси эса “сорт ва кўҳийлардир”. Охирги тўрт ҳудуд бугун ҳам тожик тиллидир.

Водийда туркий компонентнинг кучайиши (Бухоро ва Хоразмдаги каби) Шайбонийхон ўзбеклари билан боғлиқ. XVII аср тарихчиси Маҳмуд ибн Вали “Баҳр ул-асрор” китобида ёзишича, ўзбеклар асосан Андижон ва унинг атрофида жойлашган (бу ерларда уларгача ҳам асосан турклар яшаганини “Бобурнома”дан биламиз). Кошғарда чиғатоий Исмоилхон (1670–1682) топшириғи билан ёзилган Шоҳ Маҳмуд ибн Фозил Чурас солномасида Андижон аҳолиси энди “Бобурнома”даги каби “турк” эмас, “ўзбек” деб аталади: “Андижонликлар – ўзбеклар ҳам, тожиклар ҳам – қалъага ўрнашди”. “Бу маълумотни биларканмиз, 1897 йил статистикасида Андижонда ўзбеклар деярли қайд этилмагани, бутун аҳоли сарт деб ёзилгани қизиқ”, деб ёзади водийнинг замонавий тадқиқотчиси Стелла Губаева.

Водийда уруғчилик унутилган (урбанизация жараёни тезроқ бошлангани учун), лекин уруғ номлари маҳалла, туман ва қишлоқ номларида сақланиб қолган: Қўнғирот, Найман, Айрончи, Балиқчи, Норин, Яланғоч, Ингичка, Қўштамғали, Минг, Қирқ, Уйшин, Уйрот, Чуют, Пунган, Чағали, Олқор, Жалаер (аслида Жалойир), Марқа, Манғит, Катта турк ва ҳ.к. Бу номлар водий аҳолиси биз билган анъанавий ўзбек уруғларидан шаклланганини кўрсатади; уруғ номлари билан боғлиқ қишлоқлар сони Бухоро ва Хивадагидан кам эмас.

👉 @AsanovEldar
Юқорида айтлиганидек, Фарғонага XVI асрда катта миқдорда ўзбеклар келиб ўрнашган. Бир аср давомида ўзбеклар кўчманчиликни сақлаб турган, шаҳар аҳолиси (Андижон ва Ўшдан ташқари) асосан тожиклар бўлган. Лекин ўзбекларнинг сони ўсиши билан улар ўтроқ ҳаётга ўта бошлаган – водийда ер камлиги боис у кўп сонли кўчманчи гуруҳларни етарли ресурс билан таъминлай олмаган. XVII–XVIII асрларда ўзбеклар секин-аста ўтроқ ҳаётга ўтган ва шаҳар аҳолисига айланиб борган. Андижондан ташқари, улар Марғинонда катта гуруҳ бўлиб ўрнашган. XVII асрда ўзбеклар Наманган (Ахси ўрнида), XVIII асрда Хўқанд (бир пайтлар бузилиб кетган тарихий Хўқанд ўрнида), XIX асрда Шаҳрихон шаҳарларига асос солган. Шу тариқа урбанизация (шаҳарлашув) ва детрайбализация (уруғчиликни унутиш) жараёнлари бошланган.

XVIII аср бошига қадар Фарғона Бухоронинг чекка ҳудуди бўлган. Баъзан Бухоро ва Қошғар ўртасидаги урушларга сабаб бўлиб турган. Бухородаги беқарорликдан фойдаланиб Чодак хўжалари ҳокимиятни қўлга олган. Ўзбекларнинг минг уруғ беклари “Тахтлар ўйини” услубида хўжаларни қириб ташлаб, ҳокимиятни эгаллаган. Бу ҳақда анча олдин ёзгандим.

Қўқон хонлиги замонасининг анча кучли минтақавий тузилмаси эди: минглардан чиққан хонлар анча фаол бўлиб, катта ҳудудларни колонизация қилган, минтақадаги охирги урбанизацияни амалга оширган. Қозоғистоннинг жанубий вилоятларидаги кўплаб туман марказлари қўқонликлар томонидан қурилган қалъалардан келиб чиққан; Қирғизистон пойтахти Бишкек ҳам бошида қўқонликларнинг қалъаси бўлган. Бу қалъада гарнизон туриб, қирғизлардан ўлпон йиққан, шунингдек, савдогарлар ўрнашиб, кўчманчилар билан савдо-сотиқ олиб борган.

Хонлик даврида водийнинг демографик қиёфаси ҳам тубдан ўзгариб кетган. Аҳоли табиий ўсиши баробарида миграция оқими кучайган. У пайти бошқа давлат фуқароси, уни чегарада тутиб қолиш керак деган тушунча бўлмаган – бутун бошли мусулмон жамоалари қабул қилинаверган. Давлат бюджети ва бюджет харажатлари бўлмагани боис аҳоли кўпайиши иқтисодий таҳдидларни келтириб чиқармаган – давлат одамларни мактаб, тиббиёт ва уй-жой билан таъминлаш вазифасини зиммасига олмаган. Қолаверса, аҳоли кўпайиши кўпроқ солиқ йиғилишига, ғазна бойишига олиб келган. Ғалаёнлар, аҳолини бошқаруви қўлдан чиқиши таҳдиди бўлган албатта.

Шу тариқа, XVIII–XIX асрларда Қўқонга иқтисодий сабабларга кўра кўп аҳоли кўчиб келган: қозоқ даштларидан қипчоқлар (Фарғона қипчоқлари), Хивадан қорақалпоқлар ва урганжилар, Бухородан лақайлар, араблар, турклар (барлослар ва калтатойлар), Тошкентдан қурамалар, Еттисувдан қирғизлар. Булар ер қидириб, тирикчилик қидириб бутун бошли гуруҳ бўлиб кўчиб келганлардир. Иш қидириб, савдо ёки ўқиш мақсадида индивидуал кўчганлар сони ҳам жуда катта бўлган.

Сиёсий сабабларга кўра кўчган ва кўчирилганлар талайгина. Амир Умархон бугунги Тожикистон шимолидан кўплаб тожикларни, Ўратепадан юзларни кўчирган. Қўқонда юзларнинг икки маҳаллий уруғи – қўқони-қарапчи ва пингони юзлар шаклланган. Ғарм тожиклари кўчирилиб, жанговарлиги боис ҳарбий хизматга жалб этилган. Дарвоқе, Дилшод Барно, Гулханий, Ҳамза ана шу кўчирилган ўратепаликлар ва ғармликлардандир.

Лекин энг катта миграция Кошғар билан боғлиқ. Хитой тобелигига тушган кошғарликлар катта гуруҳлар таркибида бир неча оқим бўлиб Қўқонга кўчган. Хитойликларга қарши олиб борилган муваффақиятсиз кураш юз минглаб одамларни кўчишга мажбур қилган. 1850-йилларда Қўқонда 300 минг кошғарлик бўлган. Улар Андижонда, Шаҳрихонда ва бошқа ҳудудларда жойлашган. Шаҳрихон шаҳри Умархон тарафидан муҳожирлар – юзлар, ғармликлар, ўратепалик тожиклар ва кошғарликлар учун қурилган эди ўзи. Кошғарликларнинг авлодини бугун ҳам исм-фамилиялардаги “охун” компонентидан таниса бўлади.

👉 @AsanovEldar
Мана шундай мураккаб демографик жараёнларга қарамай, водий аҳолиси тезда унифкациялашган, яъни бир хиллашган. Ўзбеклар ўтроқлашиб, асосий шаҳарлик аҳолига айланиши, сон жиҳатдан бошқалардан анча устунлиги ва сиёсий ҳокимиятни ушлаб тургани бунга сабаб бўлган. Янги муҳожирлар тезда ўзбекларга қўшилиб, ўзбеклашиб кетаверган, бу ўзбеклар сони янада ошишига сабаб бўлган. Буни XIX аср ўрталарида Вамбери ҳам қайд қилган эди:

“Ўзбеклар Туркистонда бир неча асрдан буён бошқалардан олдин ислом динини ва цивилизациясини қабул қилган ҳукмрон миллат бўлгани учун ‘ўзбек’ деган ном яхши таҳсил ва хушмуомалалик ҳақидаги ижобий тасаввурлар билан боғланади. Шунинг учун қирғизлар, қипчоқлар ва қалмоқлар шаҳарларга кўчиб ўтиши билан миллатидан воз кечиб, ўзини ўзбек деб атайди. Қўқонда азалдан шундай бўлган, ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, ўзини ўзбек деб атайдиганларнинг ярмини миллатига кўра тилга олинган кўчманчилар аралашмаси деб ҳисобласа бўлади”.

Ҳали XVI асрда асосий бўлган тожик тили эса Чодак, Сўх каби тоғли ҳудудларда, Чуст, Риштон, Косонсой, Исфара каби кичик ҳунармандчилик марказларида сақланиб қолган.

Яна бир муҳим нарса. Амир Умархон даврида Қўқон маданият марказига айланди. Давлат ажратган субсидия шеърият ва тарихчиликни манфаатли, тренддаги ишга айлантирди. Қўқон кўчаларида “шоирман” деб мақтанадиганлар кўпайиб қолди. Тарихда одатда бир шахснинг қизиқишлари ва қарорлари кўп ўзгаришларга олиб келади. Умархон берган импульс Фарғона водийсини ана шундай маданият ўчоғига айлантирди. Қўқон давлати тугатилганидан кейин ҳам, Россия империяси ва совет даврида, водийдан юзлаб маданият арбоблари етишиб чиқди. Аниқ санаб чиқмаганман-у, бир қарашда XX асрда умумий адади жиҳатидан республика даражасида ишлаган водийлик маданият ва фан арбоблари бошқа минтақа вакилларига нисбатан кўпроқдай. Бунинг учун Қўқон хонлигига ва, албатта, Амир Умархонга раҳмат айтиш, уларнинг хотирасини ҳурмат қилиш керак.

👉 @AsanovEldar
#тавсия

Мана шу китобни ўқиб қўйинглар. Стелла Губаева Фарғона водийси аҳолиси бўйича бир нечта ўхшаш китоб ёзган. Интернетда мана шу варианти бор экан. Шунисида ҳам анча маълумот бор. Водий аҳолиси қандай, қайси даврда, қандай компонентлардан ташкил топганини билиб олиш учун етарли ҳарқалай.

👉 @AsanovEldar
​​#yozishkursi2019

Бу кун жуда қайғули ўтиши кутилган эди. Икки ойлик курс кутганимиздан тезроқ ўтиб кетди. Шу пайт ичида анча бир-биримизга ўрганиб қолибмиз (бор-йўғи саккизта дарс давомида), хайрлашиш оғир кечади деб ўйлагандим. Лекин кейин ўйлаб қарасак, ҳамма шу ерда, интернет деган ўргимчак тўри бор, алоқа узилиб қолмас экан. Шунга охирги дарсни қувноқ ўтказдик, кулиб хайрлашдик.

Ўзимча ўқувчиларимга эсдалик совғалари тайёрлаб келсам, улар ҳам жим ўтиришмапти. Бир олам совға-салом билан келишипти. Хурсанд бўлдик. Бир-биримизни хурсанд қилдик.

Охирги дарс ҳам яхши, мазмунли, қизиқарли ўтди. Одатдагидан фарқли равишда, мен тингладим, улар гапирди. Икки ойлик меҳнат самарасини баҳоладик. Курсни бошлашдан олдин ўз олдимга аниқ мақсадлар қўйгандим. Бари амалга ошди деёлмайман: нимадир қолиб кетди, нимадир ўхшамади, нимадир ортиқчалик қилди, кутилмаган ижобий ютуқлар ҳам бўлди, лекин, умуман олганда, натижа бўлди деб бемалол айта оламан.

Саккизта дарс бироз кам экан: кўп нарсалар қолиб кетди. Аслида кўпроқ билим бера олишимни тушундим. Бироз вақт етмади. Лекин дўстлашиб кетиш учун саккизта дарс етиб ортаркан. Ўқувчиларим танишиб олишини билардим, лекин бунчалик чиқишиб, дўстлашиб кетишлари кутилмаган хушхабар бўлди.

Биринчи ёзиш курси тугади, биродарлар. Натижалардан мамнунман. Янги дўстлар орттирганимдан хурсандман. Ўқувчиларимга кўрсатган сабр ва матонатлари учун раҳмат: улар дарсларни қолдирмай, ўз устида жуда яхши ишлади. Уй вазифалари билан банд қилиб ташлагандим, сидқидилдан бажаришди. Биринчи қалдирғочларни учирдим. Уларнинг ютуқлари ҳақида кейинги постларда гаплашамиз.

👉 @AsanovEldar
#yozishkursi2019

Курс давом этадими, деган мазмундаги саволлар кўплаб келмоқда. Шу саволларга умумий жавоб бераман.

Курс бошланиши эълони берилганидан сўнг, айниқса биринчи дарслардан кейин шунга ўхшаш курсларни ўтказиш борасида тижорий таклифлар кела бошлади. #yozishkursi2019 – турли соҳадаги ёш ўзбек мутахассисларига ўзбек тилида қисқа, лўнда, тушунарли ва чиройли ёзишни ўргатишга мўлжалланган курс. Бу курс учун тайёрланган дастур асосида бошқа йўналишларидаги тил курсларини ишлаб чиқиш устида ўйламоқдаман. Журналистика, блогинг, корпоратив ҳужжат юритиш ва ҳоказо йўналишларда таклифлар келмоқда. Бу таклифлардан бир нечтаси янги 2020 йилда амалга ошади деб умид қиламан. Яъни йил давомида бироз бошқача йўналишга эга тижорий курслар ташкил этилади.

Асосий курс эса давом этади. #yozishkursi2020 ҳам бўлади. 2020 йилнинг охирида. У #yozishkursi2019 билан бир хил сценарий асосида ўтказилади: танлов эълон қилинади, саралаб олинган гуруҳ билан икки ой давомида ишлаймиз. Курс бепул бўлади. Унда қатнашишни истаганлар ҳозирдан тайёргарлик кўра бошлаши мумкин.

Барчага омад тилайман.

👉 @AsanovEldar
Forwarded from Davr24
⚡️ Ўзбекистон элчиси ЕХҲТ қўмитаси раиси этиб тайинланди

9 январ куни ЕХҲТнинг амалдаги албан раислиги томонидан Ўзбекистоннинг доимий элчиси Шерзод Асадов бу йил ЕХҲТ Иқтисодий-экологик қўмитаси раҳбари этиб тайинланди.

Иқтисодий-экологик қўмита ЕХҲТ минтақасидаги иқтисодий ва экологик соҳаларда ҳамкорлик ва хавфсизликка оид кўплаб масалалар, жумладан, коррупцияга қарши курашиш, энергия ва озиқ-овқат хавфсизлиги, транспорт ва логистика, миграция, ахборот технологияларии ва "яшил" технологияларни ривожлантириш ишларини бошқаради.

Хафвсизлик масалалари бўйича қўмита раислигига Буюк Британиянинг ЕХҲТдаги доимий вакили, элчи Нил Буш, инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитага эса элчи Иво Шрамек тайинланди.
​​“Ягона транспорт картаси” деган нарсани илк бор олис 2016 йилда Бокуда кўрганман. BakiKart деган картани икки манатга сотиб олиб, метро ва автобусда бемалол юриш мумкин эди. Маза эди. Энди, дунёда одатий бўлиб қолган универсал картадан биринчи марта фойдаланаётган мендай қишлоқи учун катта янгилик эди.

Ўзбекистонга ҳам бундай карталар етиб кепти. Буни яқинда билдим. "AVTOMATLASHTIRILGAN TRANSPORT TO'LOV TIZIMI OPERATORI" МЧЖ компанияси директори Тимур Азадов билан ўтган учрашувда берилган маълумотга қараганда, яқинда Тошкентда ҳам метро ва автобусга бирдай ўтадиган карталар ишга тушади. Карталарни олиб, ишлатиб кўрдик – контактсиз тўлов, қўшимча қулайлик.

Совет давридан қолиб кетган одатий нақд тўлов ва жетон-чипта тизимидан воз кечилиши шахсан мен узоқ кутган ижобий ўзгаришдир. Бу йўловчининг ва кондукторнинг вақтини тежайдиган кичкина қулайликкина эмас. У Тошкентда жамоат транспорти тарифларини ниҳоят қайта кўриб чиқиш имкониятини беради. Ривожланган ва ривожланаётган давлатларда автобусда ёки метрода нечта бекат юрсанг, шунга яраша тўлов қиласан. Иккита бекатгаям, ўнта бекатгаям битта жетон “ейдиган” Тошкент метрополитени, ярим соатлик йўлга ҳам, икки қадамга ташлаб қўйганига ҳам 1 400 сўм оладиган автобус эса маънан эскириб кетган. Балки нақд пул билан ҳисоб-китоб қилиш ўтмишга айлангач, жорий этилган замонавий технология тарифларни қайта кўриб чиқиш имконини берар. Ким билади дейсиз.

Ҳозирча эса бу йўлда кичик қадам ташланди – универсал транспорт картаси жорий этилди. Ҳозирча автобуслар кондукторларга муҳтож – кимдир картангизни терминалга “кўрсатиб” олиб, пулни ечиши керак. Бизга айтилишича, яқин орада автобусларга автоматлар ўрнатилади, шунда кондукторларга ҳам эҳтиёж қолмайди.

Бутун дунёда ишлаб турган бу тизим нега бизга энди кириб келгани ҳақидаги саволимга аниқ жавоб ололмадим. “Ҳалиям биз шошилинч тартибда буни жорий этдик, ўзи бу борадаги таклиф саккиз йилдан бери қоғозда қолиб кетаётганди”, дейишди. Майли, ҳечдан кўра кеч.

👉 @AsanovEldar
Маданий базис ва маданий валентлик ҳақида

“Валентлик” атамаси кўпчиликка кимё дарсидан таниш. У бир кимёвий модданинг бошқасини “тортиб олиш” кучини англатади. Аслида “валентлик” умумий атама бўлиб, бошқа соҳаларда ҳам ишлатилади. Масалан, тилшуносликда феълларнинг валентлиги тадқиқ этилади; маданиятшуносликда ҳам бу атама қўлланади, “маданий тортишув” маъносида; умуман, бугунги фан креативликни хуш кўради – кимёдаги атамани тилшуносликда ишлатсангиз ёки мутлақо янги атама ўйлаб топсангиз ҳам ҳеч ким уришмайди.

Маданий валентлик ҳақида гаплашамиз. Этнослар ва лисоний, маданий гуруҳлар муайян қонуниятлар негизида шаклланади. Сиёсий омил бирламчи аҳамият касб этади албатта: сиёсий бирликлар таркибига тушиб қолган аҳоли умумий ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ва маданият шароитда ривожланади ва беихтиёр бир-бирига ўхшаб қолади. Умумий муаммолар – мана нима миллатни бирлаштиради. Дейлик, Андижон ва Ўш ўзбеклари тили ва маданияти жиҳатидан бир-биридан умуман фарқ қилмайди, лекин ўзаро суҳбатда бошқа-бошқа нарсаларни гаплашади: ўшлик ўзбекни Ўшдаги навбатдаги митинг ташвишга солса, андижонлик ўзбек заводдан Cobalt чиқишини кутаётган бўлади (“Сизлар машинага навбатгаям турасизлар-а?”, деб кулиб қўяди ўшлик ўзбек).

Лекин сиёсий жиҳатдан ташқари, маданий бирлашув ҳам борки, у ҳам сиёсат томонидан тартибга солинади. Ягона сиёсий муҳитда истиқомат қилувчи аҳоли тил ва маданият жиҳатидан бир-бирига яқинлашиб боради (бу элита учун ҳам яхши – бир хил фикрловчи одамларни бошқариш осонроқ). Бу сиёсий муҳит парчаланиб кетса, маданий валентлик сақланиб қолади. Яъни узоқ вақт мобайнида бир сиёсий муҳитда яшаб, бир хил маданий қиёфа касб этган аҳоли ўртасида сиёсий чегаралар пайдо бўлса ҳам, улар бир-бирини яхшироқ тушунишда ва бир-бирига интилишда давом этади. Маданий ўхшашлик бунга замин яратади. СССР парчаланиб кетса ҳам, советча маданий кўникмалар ҳозирча бу халқларни бирлаштириб турибди. Улар бир-бирини яхши тушунади ва бемалол бир жамиятда яшай олади.

Маданий валентлик парчаларни маданий базисга тортади. Маданий базис, содда тушунтирсам, юқорида айтилган ягона маданиятнинг асосий марказидир. Масалан, ўзбеклар Ўрта Осиёнинг барча республикаларида ва Афғонистонда яшайди. Уйғурлар ҳам ўзбеклар билан ягона маданий бирликни ташкил қилади. Лекин Афғонистонда, Қирғизистонда, Қозоғистонда, Тожикистонда, Туркманистонда ўзбеклар диаспора – кичик жамоа бўлиб яшайди. Шу боис улар ўзбек маданиятини ривожлантирадиган, бойитадиган, диаспорал маданиятга таъсир ўтказадиган марказга муҳтож. Бугунги кунда ўзбеклар Тошкентни, кенгроқ маънода Ўзбекистонни мана шундай базис сифатида қабул қилади ундан маданий кўникмаларни ўзлаштиришга ҳаракат қилади. Ўзбекистон дунё ўзбеклари учун “ҳақиқий ўзбеклик” марказидир. Улар Ўзбекистон ўзбекларидан “тўғри” гапиришни, “тўғри” овқат қилишни, “тўғри” мақом айтишни ўрганади. Юзага келадиган фарқларни Тошкентга қараб тўғрилаб олишади. Кўпчилик ТВ ёки метродаги соатга қараб қўл соатини тўғрилаб олганидай.

Маданий базис ва маданий валентлик концепциясидан келиб чиқсак, Ўзбекистон фақат ўзи учун жавобгар эмас. Дунё ўзбеклари унга кўз тикади. Ўзбекистон мустақил ва бой маданият ярата олса, бошқа давлатлардаги ўзбеклар ҳам унга эргашади, ўзлигини сақлаб қолади. Ўзбекистон (ҳозиргидай) тушкун маданий аҳволда қолса, бошқа давлатлардаги ўзбеклар ассимиляцияга учрайди. Мана сизга гуманитар соҳанинг одамлар ҳаётига реал (ва жуда кучли) таъсири.

Дарвоқе, уйғурларда ҳам Тошкентга маданий базис сифатида қараш ҳолатлари мавжуд. Уйғурлар ва ўзбеклар маданий ва лисоний жиҳатдан бир-биридан деярли фарқ қилмайди; уйғурларнинг вазияти шундайки, улар ўз ерида, лекин маданий базисини барибир йўқотган. Шу боис улар ўзига энг яқин маданий гуруҳдан маданий базис қидиришга мажбур. Бу Ўзбекистонга қўшимча масъулият юклайди ва унинг аҳамиятини янада оширади.

👉 @AsanovEldar
#фонетика

Ўзбек тилидаги ноёб товушлар ҳақида

Қадимги турк тилида товушлар сони ҳозирги ўзбек тилидагидан камроқ бўлган. Умуман, тилнинг товуш таркиби ўзгариб туриши табиий ҳолат. Кўп товушлар бошқа тиллардан кириб келган: охирги минг йилда туркий тиллар форс ва рус тиллари таъсирида ривожланган. “Х”, “ҳ” товушлари форс тилидан, “ц”, “ж” (“жирафа”даги), “ф” товушлари рус тилидан кириб келгани айтилади. Бу гапларда ҳақиқат бор, лекин асл вазият бироз мураккаб.

Тилда битта товуш ҳар хил манбалардан келиб чиқиши мумкин. Ўзбек тилидаги “х”, “ҳ”, “ж” товушлари мана шунақа. Айтайлик, “ҳўкиз” ва “ҳамкор” сўзларидаги “ҳ” товуши бир хил талаффуз қилинади, лекин уларнинг “бобоси”, илдизи бошқа-бошқа. Яъни лингвотарихий нуқтаи назардан булар тасодифан ўхшаб қолган бошқа-бошқа товушлардир.

Ўзбек тилининг “ҳаёт-мамот масаласи” бўлиб қолган “қаттиқ ва юмшоқ ҳ” масаласининг келиб чиқиши “ҳ” ва “х” товушлари ўзбек тилига бошқа тилдан кириб келгани билан боғлиқ: “х” ва “ҳ” иштирокидаги сўзларнинг аксарияти форс тилидан ўзлаштирилган, бу ўзлашмалар китобий бўлгани учун халққа яхши таниш бўлмаган, шу боис сўзлашув даражасида “х” ва “ҳ” ҳеч қачон фарқланмаган. Бугунги муаммонинг илдизи шунда.

Лекин ўзбек тилида бошқа “ҳ” ва “х” ҳам бор – улар туркий асосда, ўзбек тилининг ички имкониятларидан келиб чиққан: қадимги турк тилидаги анлаутдаги (сўз бошидаги) q товуши x’га ўтган (q>x): qan – “хон”, qatun – “хотин”, qağan – “хоқон”; унли билан туговчи баъзи отлар ва феъллар бошида қўшимча аспирация (бўғиздан чиққан ҳаво, “ҳ”) ҳосил бўлган: öküz – ҳўкиз, ürkmäk – “ҳуркмоқ”, ayqırmaq – “ҳайқирмоқ” ва ҳоказо. Шундай қилиб, ўзбек тилида уч хил “х” ва “ҳ” бор: форс тили орқали ўтганлари сўзлашувда фарқланмайди (“ҳ” баъзи шеваларда тушиб қолади), ички имкониятларидан келиб чиққанлари фарқланади; рус тили орқали ҳам ўтган: русча ва европача сўзларда ҳам “х” бор.

“Ж” (“жирафа”) товуши ҳам икки хил: рус тилидан ўтган “ж” русча ва европача ўзлашмаларда учрайди. Форс тили орқали ўтган жуда кам сонли сўзлар борки, уларда ҳам “ж” товуши учрайди. Лекин “ж” форс тили учун ҳам бегона – тожичкада “ж” учратдингизми, билингки, бу сўз авеста тилидан ёки парфчадан форс тилига ўтган: “аждаҳо” – авестача “Ажи Даҳака” (форс ёзма тилида “Заҳҳок” шаклида); “жола” – “кўз ёши”, парфча сўз (бу сўз чиғатой адабиётида учрайди, лекин бизникилар уни адашиб “жаҳон”даги “ж” билан ўқийди кўпинча).

👉 @AsanovEldar
​​Айнлар – Япония оролларининг туб аҳолиси. Айнлар – жуда ўзига хос, ажойиб ва сирли халқ. Уларнинг тили бошқа бирорта тилга қариндош эмас. Уларнинг жисмоний антропологияси бошқа ирқларга ўхшамайдиган изолят фенотип – айн (курил) ирқини акс эттиради (майли, тан оламиз, австралоидларга ўхшаб кетишади, балки узоқ ўтмишда ўша томондан кўчиб келишгандир). Айнларнинг келиб чиқиши, қачон бу ҳудудларга ўрнашгани ҳақида ҳеч нарса билмаймиз.

Айнлар нафақат Япония оролларида, балки Курил оролларида, Сахалин оролида Камчатка ярим оролида истиқомат қилган. Яъни улар бир пайтлар жуда катта ҳудудларни эгаллаган.

Япония оролларига 2–2,5 минг йил олдин Корея ярим оролидан шиддат билан кириб келган пуё (протояпон) қабилалари бу оролларнинг туб аҳолисини бўйсундириб, секинлик билан таркибига қўшиб олган. Кумасо ва хаято қабилалари нисбатан тез йўқ бўлиб кетган бўлса (тўғри, хаято тили япон тилининг Кагошима шевасига таъсир қилган дейишади), кўп сонли айнлар узоқ асрлар давомида японларга қарши кураш олиб борган. Улар Япониянинг каттагина қисмини назоратда ушлаб турган, шунингдек, бугунги Россия шимолида кенг тарқалиб яшаган.

Асрлар мобайнида нотўлиқ ғалабалар билан қониқишга мажбур бўлган Япония империяси XIX асрда кескин ўсишга эришди. Японларда европача миллатчилик ва империалистик даъволар пайдо бўлди. Замонавий қурол-яроғ ва қудратли иқтисодиёт уларга 2 минг йил амалга ошмай келган ишни амалга оширишга – айнларга қутулишга ёрдам берди. XIX–XX асрларда айн тили, маданияти деярли бутунлай йўқ қилиб юборилди. Депортация ва ассимиляция йўли билан айн халқи ҳам йўқ қилинди. 150 йил олдин мавжуд бўлган жуда бой ва ўзига хос маданият қай даражада осонлик билан йўқ қилинганига тарих гувоҳ бўлди.

Россиялик антрополог Станислав Дробишевскийнинг айн ирқи ҳақидаги маърузаси жуда қизиқарли экан. Вақт бўлганда кўринг.

Маърузадан қизиқ фактларни билиб олдим. Айнлар энг соқолдор халқлардан бири ҳисобланади. Айнлар японлар таркибига қўшилиб кетиб, уларнинг ташқи қиёфасига таъсир ўтказгани учун японлар бошқа монголоидларга нисбатан соқолдор бўлади. Шу боис 2007 йили Сергей Бодров олган “Мўғул” фильмида Чингизхон ролига япон актёри Таданобу Асано таклиф қилинган экан (суратда). Фамилиясига қараганда, қариндошим бўлса керак. 😉 Маълумот учун, афсона-ривоятларда Чингизхон серсоқол қилиб тасвирланади, лекин антропологлар у ҳаётда ҳам шундай бўлганига ишонмайди. Оддий мўғулларни эса қозоқлар ўйнаган экан.

Яна бир қизиқ факт. Японияда бугун ҳам табақаланиш кучли, олий мартабали шахслар кўпинча олий табақалардан келиб чиққан бўлади. Айнлар эса асосан юқори табақа вакиллари, хусусан, самурайлар билан алоқага киришган экан. Дробишевскийнинг айтишича, шу туфайли япон мансабдорлари оддий халққа нисбатан соқолдор бўларкан. Текшириб кўриш керак.

👉 @AsanovEldar
Ўзбек гуманитар фани анчайин тушкун вазиятда. Афсуски. Бошқа соҳалар ҳам жуда ривожланиб ўтиб кетгани йўқ, лекин гуманитар фанларнинг биздаги муаммоси шундаки, уларнинг реал аҳамиятини оддий халқ, сиёсатчилар, зиёлиларни қўя туринг, гуманитарийларнинг ўзи ҳам яхши тушунмайди. Истисно ҳолатлар, замонавий фикрлайдиган кўплаб яхши олимлар бор, албатта, лекин, ҳар доимгидай, гап алоҳида шахсларда эмас, тизимда. Гуманитар фанлар эскириб кетган парадигмалар негизига қурилган. Гуманитар соҳанинг асл вазифалари – жамиятни ўрганиш, тушуниш, таҳлил қилиш, келажак башоратларини бериш, жамиятни янги ғоялар, фикрлар билан бойитиш – бизда бажарилмайди, мавжуд конъюнктура бунга имкон бермайди. Гуманитар фанлар янги назарий инструментарий, янги фактик материал, янги талқин ва қарашлар билан бойитилиши лозим.

Бу ишлар амалга оширилмаётгани гуманитар фанларнинг ўзигагина зиён келтирмаяпти – бошқа соҳаларда ҳам акс садо беряпти. Жамиятнинг реал эҳтиёжларини билмаган сиёсатчилар қаерданам тўғри сиёсат юритсин? Ҳиссиётлар, стереотиплар ва шахсий қарашларга асосланган сиёсат эффектив бўлмайди. Сиёсат фактлар, статистика, аҳоли тарихи, характери, маданий, диний, лисоний қиёфаси ҳақидаги реал манзара билан қуролланиши керак. Шундагина барчанинг манфаатларига мос келадиган сиёсат юритилиши мумкин. Ана шунда мажбурлаб соқол қирдириш, мажбурлаб тўйларни қисқартириш, ажрашаётган оилаларни мажбурлаб ушлаб туриш каби амалиётлар ҳеч қандай самара бермаслигини тушунишарди балки. Бунинг учун аввало сиёсатчиларнинг бунинг барининг аҳамиятини тушуниб етиши, гуманитар тадқиқотга буюртма бера бошлаши лозим.

Ўзбек тили, тарихи, адабиёти, маданияти, бугунига оид парадигмаларни, қарашларни тубдан қайта кўриб чиқиш лозим. Бу жуда катта молия ва кадр ресурсларини талаб қилади. Ҳозир бундай ўзгаришлар бўлишига кўзим етмайди. Ҳеч ким пул ва куч ажратмаслиги майли. Мияга ўрнашиб қолган тарихий ва маданий парадигмалардан воз кечиш осон эмас: Шайбонийхонга стандартдан бошқачароқ ёндашганларни салкам ватан хоинига чиқараётганлари рост гап.

Келинг, юқоридаги сабабларга кўра ҳозирча инқилобий ўзгаришлар ясамайлик-да, бир нечта долзарб, қизиқарли, ўзига хос гуманитар тадқиқотлар ҳақида гаплашайлик. Ёш, замонавий тадқиқотчилар гуманитар соҳанинг аҳамиятини кўрсатиб бера олса балки сиёсат ва зиёлиларнинг муносабати ўзгарар. Шундан сўнг каттароқ тадқиқотлар ҳақида ўйлаш мумкин.

Қуйида бир нечта тадқиқот мавзуси таклиф этаман. Булар – Ўзбекистон учун янги мавзулар. Талабалар ва тадқиқотчилар билан ҳамкорликка тайёрман: маслаҳатлар, адабиётлар беришим мумкин, ҳаммуаллифликда бирор нарса ёзишимиз ҳам мумкин. Хуллас, ёш олимларга мавзулар.

👉 @AsanovEldar
Ваъда қилинган мавзулар.

1) “Ўзбек жанжали антропологияси”. Жанжал ҳар қандай жамиятда яшовчи инсон ҳаётининг узвий қисмини ташкил этади. Бунга салбий ҳолат сифатида қаралади, лекин илмий нуқтаи назардан жанжал шунчаки бир ҳаётий вазият, муайян йўналишдаги ижтимоий кўникмалар йиғиндиси. Демак, уни илмий ўрганиш, сабабларини тушуниш лозим.

Мавзу ҳали мутлақо тадқиқ этилмаган. Уни йиллаб ўрганиш мумкин. Материал тўплашнинг асосий йўллари: статистика, сўровнома, интервью, назарий таҳлил, тизимлаштириш. Тўпланган материални жуда чуқур ўрганиш, кўплаб хулосалар чиқариш мумкин. Ўрта статистик ўзбек нега жанжаллашади? Қанча жанжаллашади? Жанжалнинг гендер тақсимоти қандай? Жанжалларнинг сабаби қандай? Жанжалларни судга олиб бориш амалиёти қай даражада тарқалган, тарқалмоқда? Жанжалнинг қандай турлари бор? Жанжалларнинг одатий якунлари қандай? Жанжаллар ўртача ўзбекнинг психикасига ва ҳаётига қандай таъсир ўтказади? Ҳукумат ва халқ, амалдор ва халқ ўртасидаги жанжаллар антропологияси қандай? Қандай типик ўзбек жанжал кўникмалари мавжуд (сўкишиш, муштлашиш)? Жанжаллар ўзбекларнинг ўзаро муносабатларига қандай таъсир ўтказади? Оилавий жанжаллар нима? Ўзбекистонда виртуал жанжаллар кўникмага айландими? Жанжалларни келтириб чиқарадиган омиллар қайси? Жанжалларни камайтириш, ўзаро тушунишни ошириш мумкинми? Ва ҳоказо ва ҳоказо.

Бу мавзуда битта катта мақола ёзиш мумкин (бир жиҳатини қамраб оладиган), диссертация ҳам ёзиш мумкин.

2) “Ўзимизнинг ўзбек, бегона ўзбек. Ўзбекларнинг бир-бири ҳақидаги тасаввурлари”. Фақат ўзбекларда эмас, ҳар қандай халқда ҳам бор ҳолат: ўрта статистик ўзбек бошқа вилоят вакилини икки вазиятда икки хил қабул қилади: дейлик, ўзбекларнинг ўзаро суҳбатида бухороликларни “булар тожик/булар тушунарсиз” дейдиган одам бошқа давлат вакилидан эшитса жаҳли чиқади, бухороликлар ўзбекларнинг энг муҳим қисмилигини исботлашга ҳаракат қилади. Бунинг сабаби шундаки, бошқа халқ вакили билан суҳбат чоғида ўзбек ёки бошқа ҳар қандай миллатга мансуб одам биринчи галда умуммиллий нуқтаи назардан вазиятга қарайди, ўзбекларни бир бутун деб тасаввур қилади. Ўзаро ўзбекларнинг суҳбатида эса бу бутунлик аҳамиятга эга эмас, аксинча, ким “ҳақиқийроқ”лигини аниқлаш керак; баҳс ҳам шунга монанд боради.

Бу мавзуда ҳозирча каттакон мақола ёзса кифоя.

3) “Реалчи-барсачи дихотомияси. Ўзбекистон сиёсатига таъсир ўтказаётган испан футболи ҳақида”. Ўзбекистон – том маънода ёшлар давлати. Ёшлар аҳолининг мутлақ кўпчилигини ташкил этади.

Ўзбек ёшларининг катта қисми жаҳон футболида икки испан клуби – “Реал” ва “Барселона” етакчилик қилган замонда улғайган. Бу икки жамоага мухлислик қилиш Ўзбекистонда жуда кенг тарқалган ва ҳаётнинг турли соҳаларига таъсир ўтказади. Жуда кўп ёшлар “реалчи” ва “барсачи” гуруҳларига ажралиб олган. Бу уларнинг ўзаро муносабатларига таъсир ўтказади. Ҳатто бир сафар каналимда Мессини ҳазил аралаш танқид қилганимда қанчадан-қанча ўқувчиларим мендан жиддий хафа бўлган, айримлар “Барселона” ҳақида ёзмасликни талаб қилган эди.

Бу кичкина, лекин жуда қизиқ тадқиқот бўлади. Материал сўровнома, интервью, интернет-мониторинг ёрдамида тўпланади. Хулосалар оламшумул бўлмайди, лекин жуда кўпчиликнинг диққатини тортиши, кенг қатламларни фанга қизиқтира олиши аниқ. Айниқса, мақоладан ташқари, ҳужжатли фильм тайёрланса.

4) “Мусулмонча гапиринг! Ўзбекларда тил тушунчаси ҳақида”. Тил – мавҳум тушунча. Оддий халқ орасида у ҳар хил контекстда ишлатилади. Бизга мактабда тил нималиги, шева нималиги ўргатилишига қарамай, халқ орасида бу атамалар чалкаштирилади ва эркин қўлланади. “Тил” “шева” маъносида қўлланади. “Одамга ўхшаб гапир” дейдиганлар ҳам бор. Мана шу мураккабликларни очиб берадиган соф социолингвистик тадқиқот ўзбекларга тилини, тилининг табиатини тушунишга ёрдам беради.

👉 @AsanovEldar
​​Одамлар барибир қонига тортади десам ишонмайсизлар. Дўстим Нозимжон қизига қорбола ясаб бераман деб балбал ясаб қўйибди мана. Туркий-да, ўзбек-да!

Маълумот учун, балбал – қадимги турк қабилалари исломгача даврда даштларда ясаб ўрнатган тош ҳайкаллар. Уларни ўзига хос кўринишидан таниса бўлади. Уларнинг бу ўзига хос кўринишини Нозимжон билмай қор ёрдамида репродукция қилиб қўйибди.

👉 @AsanovEldar
Бугундан Ўзбекистон Фанлар академияси Миллий археология марказида иш бошладим. Марказга Ўзбекистоннинг энг кўзга кўринган тарихчи-археологларидан бири – Фарҳод Мақсудов бошчилик қиляпти. Умуман, марказда анчагина яхши мутахассислар тўпланипти. Ўзим ҳурмат қилган, тан олган яхши олимлар билан бирга ишлайман энди.

Менга мультидисциплинар тадқиқотлар бўлимининг лингвистик антропология секциясини ишониб топширишди. Бу имкониятдан фойдаланиб, тадқиқотлар олиб боришга, янги хулосаларга келишга, илмий қарашларимни кенгроқ ёйишга ҳаракат қиламан.

Бир пайтлар фан ҳаётим мазмунига айланиб қолган эди. Кейинчалик турли сабабларга кўра бошқа соҳага ўтдим, аммо шунда ҳам фандан узилиб қолмасликка ҳаракат қилдим: илмий мавзуларда ёздим, тинимсиз ўқидим, олимлар билан суҳбатларни канда қилмадим, ахийри шу канални очдим. Айнан шу канал туфайли академия диққатини қайтадан ўзимга қаратдим, академия ва университетлардан таклифлар ола бошладим. Ўйлаб-ўйлаб марказни танладим. Академия соҳасига қайтиш бевосита илмий тадқиқот билан банд бўлиш, манбалар, адабиётлар билан кўпроқ танишиш имконини беради.

Хуллас, янги бир нарса бошланди дўстлар. Омад тиланглар.

👉 @AsanovEldar
#топонимия

Жой номларини алмаштиришда эҳтиёт бўлиш кераклиги, иложи бўлса, тарихий номларга умуман тегиниш керак эмаслиги ҳақида кўп ёзаман. Майли, яқин ўтмишда идеологик сабабларга кўра қўйилган номлар ўзгарсин, лекин:

- идеологик ном ўрнига идеологик ном қўйилмасин. Киров совхози ўрнига Бахтобод қишлоғи бўлиши бу жойга ўзига хослик бағишламайди. Эсда қолмайдиган пафосли жой номи кўпайгани қолади холос;

- идеологик ном ўрнига имкон қадар тарихий ном тиклансин;

- тарихий номлар ўзгартирилмасин. Тўйтепа – тарихий ном.

Жой номи қайсидир валломатга “хунук”, “ҳақиқатни акс эттирмайдиган” кўриниши мумкин, лекин:

- жой номи бугунги ҳақиқатни акс эттириши шарт эмас – у тарихдан дарак. Ҳақиқатни акс эттирадиган, бугундан ўтмишга ёдгорлик бўлиб қоладиган жой номлари бор ўзи – янги қурилган бинолар (ҳа, биноларнинг ҳам номи бўлиши керак), кўчалар, туманлар, қишлоқлар. Марҳамат уларга янги ном ўйлаб топаверинг;

- жой номи “чиройли” бўлиши ҳам шарт эмас. У – тарих ёдгорлиги. Тарихий жой номини ўзгартириш тарихий бинони бузиб ташлашга тенг жиноятдир;

- бюрократларга “хунук” кўринган жой номи аслида унчалик хунук бўлмаслиги мумкин. Унинг тарихий маъноси бўлиши мумкин, ёки маъноси умуман бошқа бўлиши мумкин (омонимия деган ҳодиса бор ахир). Масалан, “Галатентак” аслида уруғ номи. Тентак қадимда салбий маънога эга бўлмаган – урушқоқ, жангари одамлар шундай дейилган. “Галадевона”-ку, умуман ижобий маънога эга бўлган (Девона Машрабни эсланг). “Яланғоч”, “Ингичка” (иккисиям “камбағал” маъносида) – уруғ номлари. “Така қишлоқ”да “эчки” маъносини берувчи сўз йўқ; така – уруғ номи. “Кўрпа қишлоқ” эса “ширвоз боқиладиган қишлоқ” дегани. Тарихий тилни, тарихий реалияларни билмай туриб, бугунги кундан, ўзининг саёз билимларидан келиб чиқиб жой номларини алмаштириш аҳмоқликдир. Шунинг учун топонимияга бюрократлар эмас, профессионал тилшунослар, этимологлар, топонимистлар, этнографлар масъул бўлиши лозим.

Жой номи – жойнинг ташриф қоғози, бренди. У “чиройли”, “жарангдор” эмас, ўзига хос, тарих руҳи уфуриб турадиган даражада ғалати ва бироз тушунарсиз бўлиши керак. Токи эшитганлар қизиқсин, ҳайрон қолсин, маъносини тушунмасин, тушунтириш қидирсин. Жой номини тушунтириб бериш нафақат топонимия ва этимологиянинг, балки туризмнинг ҳам муҳим қисмидир. Ўзбекистонга келган турист аввало жой номининг маъносига қизиқади. Жой номининг афсонавий ва илмий талқинини эшитиш унга жуда қизиқ бўлади. “Тўйтепада ўтмишда анъанавий тўйлар уюштирилгани учун шу номни олган”, дейиш қаёқда-ю, “Биз жуда кучайиб, ривожланиб кетганимиз учун Нурафшон, яъни ёрқин деган ном бердик”, дейиш қаёқда. Қайси бири сайёҳга қизиқроқ бўлади? Қайси бири тарихни яхшироқ акс эттиради?

👉 @AsanovEldar
#топонимия

Тарихий номларни “чиройли”га алмаштиравериш ахийри абсурд вазиятга олиб келади. Тасаввур қилинг, Хоразм вилоятидаги барча номлар ўзгартирилди:

Фаровон вилояти. Туманлари: Бахтобод, Боғу Бўстон, Инновация, Келажак, Ёрқинобод, Гулзор, Гулобод, Бешташаббус, Юқорибешташаббус, Хурсандобод. Маъмурий марказ – Ислоҳот. Шундай бўлса, Хоразм вилоятининг бирор ўзига хослиги қоладими?

Жой номлари – тарихнинг бир бўлагидир. Тарихни унутмайлик. Вазиятни абсурдга олиб бормайлик. Топонимияни профессионалларга топширайлик.

👉 @AsanovEldar
​​Кублардан, чапланган бўёқдан, тушунарсиз шакллардан ва геометрияси бузилган одамлардан иборат расмларни кўриб, “нима бало эди бу?” деганмисиз ҳеч? Тушунишга уриниб қийналганмисиз? Менда шундай бўлган. Фақат, кўпчилик “эээ, бемаъни нарса” деб кетса, мен “бунда бир нарса бўлиши керак” деб тушунишга чиранганман. Барибир уддалай олмаганман. Кейин билсам, бошқача ёндашиш керак экан. Гап расмдаги тушунарсиз шаклда қандай реал буюм ёки шахс яширинганини топишда эмас экан. Ҳеч нарса яширинмаган ҳам бўлиши мумкин экан.

Кўп нарса тарихий контекстга боғлиқ экан. Санъат одамлар ҳаётини, кечинмаларини акс эттиради. Рассомчилик – санъат. Шунга мувофиқ, у ҳам тарихий воқеалар таъсирида ўзгариб боради, одамларнинг кайфиятини акс эттиради.

Адабиётни олайлик. Биринчи жаҳон уруши Ғарб адабиётини ўзгартириб юборди. Уруш туфайли Ремаркнинг “Ғарбий фронтда ўзгаришсиз”, Хемингуэйнинг “Алвидо, қурол” романлари дунё юзини кўрди. Хемингуэй, Ремарк, Фицжеральднинг сокин, вазмин, конфликтсиз асарларида “йўқотилган авлод”нинг бефарқлигини, циниклигини, умидсизлигини кўрамиз.

Энди тасвирий санъатга қайтамиз. Биринчи жаҳон уруши унда қандай акс этди? Бу ҳақда россиялик-исроиллик таҳлилчи, санъатшунос ва сиёсатшунос Михаил Шрайбманнинг фикрларини келтираман:

Мен ёқтирмайдиган Пикассонинг ҳайратланарли нарсалари бор.

Рафиқаси Ольга Орлованинг портретларини олайлик. Бу аёлнинг нигоҳларида чўкиб кетиш мумкин; гипнозловчи ол жило... XX асрда буюк рассом ва мусиқачиларга нима бўлганини, Пикассо ва Шенбергни гўзаллик қидирувидан тўхтаб, бемаъни ва хунук нарсалар яратишга нима мажбур қилганини билмайман... Бу бемаъниликни шарж ёки XX асрдаги бадбашараликлар ва фожиалар инъикоси деб қабул қилсак, тушуниш осонлашади...1 Бошқа нуқтаи назарни Шри Ауробиндо Гхошнинг маслакдоши Мирра Альфасса айтган эди; унинг фикрича, санъат олдинги гўзаллик шаклларидан воз кечиб, шаклсизликка шўнғишга мажбур эди, ўзини осмонга сапчишга тайёрлаш учун, токи бу сапчиш гўзалликнинг янада индивидуаллашган шакллари очилишига айлансин.

Пикассо ва Хохлова ҳақидаги мақоладан: “Ольга Хохлова эри билан ажрашишни оғир қабул қилди. Замондошларининг ҳикоя қилишича, Хохлова Пикассони кўчаларда таъқиб қилар, баланд овозда фаҳш учун уялтирар ва эвазига тарсаки ер эди. У эрига Рембрандт ва Бетховеннинг портретларини юбориб, унга ‘асл’ санъатни эслатишга ҳаракат қиларди. У Ариадна мисол чалкаш муносабатлар лабиринтидан чиқиб кетишга ёрдам берадиган калава учини қидирарди”.

1 Йўқ, гап жаҳон урушлари ва концлагерларда эмас. Европани вайрон қилган 30 йиллик урушдан сўнг мусиқа чуқурлашиб ва мулойимлашиб, одамларга улар бошидан кечирган воқеалардан сўнг тикланишга ёрдам берди. Уйғониш даври қўрқинчли эди – урушлар, ўлат, тирания – аммо, санъаткорлар ҳаёт олдиларига қўйган саволларга жавоб топиш илинжида гўзаллик яратарди. XVI ёки XVII асрлар даҳшати ҳам XX асрникидан қолишмасди, лекин одамлар мусиқа ва тасвирий санъатни оламни даволаш воситалари, борлиқнинг юксак шаклларига интилиш деб биларди.

Иқтибос тамом. Кейинги сафар тушунарсиз шакллардан иборат расм кўрганингизда муаллиф шахсига, яшаган замонига эътибор беринг, сўнг расмга бошқатдан қаранг.

👉 @AsanovEldar
Бугун санъат ҳақида гап бошлаган эканман, давом эттириб қўяй. Яқинда бир дўстим билан баҳслашиб қолдик. Иқтисодиётчилар-у табиий фанлар вакиллари “гуманитар фанлар керак эмас” дейишига кўп гувоҳ бўлгандим-у, лекин “бадиий адабиёт умуман керак эмас”лигини биринчи марта эшитдим.

Ростдан, баъзилар ортиқ даражада мантиқий ўйлаб юборади-ю, “фанлар инсонга реал фойда келтиради, кино, адабиёт шунчаки кўнгил ёзиш, вақт ўтказиш воситаси” деган хулосага келади. Эстетик завқ бериш, кўнгил ёзиш – санъатнинг муҳим вазифаларидан бири, лекин асосийси эмас. Санъат юксакроқ, муҳимроқ вазифага эга.

Инсон рационал (ақлий) ва эмоционал (ҳиссий) томонларга эга. Ҳар бирининг аҳамияти бор. Аслида фанни санъатга тенглаштириш тўғри эмас. Шунга қарамай, тан олиш керакки, ҳиссиётсиз фан ҳам, инсоният ҳам ривожланмаган бўларди. Ҳиссиёт – шунчаки эҳтиёжларнинг юксакроқ шакли. Одам ривожланар экан, унинг эҳтиёжлари еб-ичиш билангина чекланиб қолмайди, ўзгаради, кенгаяди. Бу эҳтиёжлар бўлмаса, ривожланишга, янги нарса кашф этишга ҳам эҳтиёж туғилмайди. Санъат – ҳиссиётларни кучайтирадиган, дунёқарашни кенгайтирадиган, эҳтиёжларни оширадиган фаолият тури. Кўп китоб ўқиган, санъатдан кўп баҳраманд бўлган одам ҳаётга бошқача қарайди, инсоният эҳтиёжларини кенгайтириб боради.

Ниҳоят, санъат одамларга ғоя беради, ғоявий эволюцияни таъминлайди. Ғоявий эволюциясиз техник эволюция ҳам бўлмайди. Хуллас, фан, санъат – булар бир-бирига боғлиқ ва айни пайтда қиёслаб бўлмайдиган соҳалар. Ҳар бири кишилик жамиятида жуда муҳим ўринга эга. Ишонаверинг, санъатсиз одамлар биороботлар жамиятига айланиб қолади, шунда техник тараққиётга ҳам эҳтиёж қолмайди.

Ўзбек интеллигенциясининг фожиаси шундаки, санъатнинг, гуманитар фанларнинг реал аҳамиятини тушунмайдиган зиёлилар жуда кўп. Ҳатто санъаткорларнинг ўзи баъзан зиммасидаги вазифани англаб етмайди. Бу ҳолат ўзбек жамиятининг ақлий, интеллектуал ўсишига ва пировардида техник ривожланишига салбий таъсир кўрсатади.

Шахсий фикримни айтадиган бўлсам, бадиий адабиётни сўз қўллашнинг чўққиси ҳисоблайман. Юксак даражадаги бадиий асарлар яратишга қодир одам нафақат сўз инструментарийсидан мукаммал фойдаланишини, балки дунёни, ҳаётни жуда чуқур тушунишини, дунё ва ҳаёт ҳақидаги фикрларини ноанъанавий, мураккаб – бадиий шаклда ифодалай олишини кўрсатади ҳамда инсониятга тараққиёт учун янги ғоявий импульс беради.

👉 @AsanovEldar
Мақтаниш пости. Ўтган сафар “Қўшни маҳалла” мени хафа қилганди, энди Telegram’нинг ўзи хафа қилди. 😄 Менга ишонмай, эринмай бошқатдан ҳисоблаб чиқишипти.

Хуллас, Telegram Analytics Uz каналида ёзилишича, мессенжернинг ўзбек сегментида “блогер” сўзи 2019 йилда оммалашипти. Иқтибос:

“2019 йилда Ўзбекистон Telegram-каналларида ‘блогер’ сўзининг эсловлари сонини ҳисоблаб чиқдик, бу кўрсаткич йил давомида 27 мингдан зиёдни ташкил қилди. Ойлар бўйича эсловлар сонини юқоридаги жадвал орқали кўришингиз мумкин.

Ушбу сўз эслаб ўтилган постларнинг қамрови, яъни кўришлар сони салкам 159 миллионга етди”.

Эслатиб ўтаман, бу ҳақда 1 январь куни “Дарё” ёзганди. Бизнинг ҳисоб-китобларга кўра, айнан “блогер” ўзбек тилига шиддат билан кириб келган, кенг халқ оммасига таниш бўлиб қолган ва жуда кенг қўлланган йил сўзи бўлганди. Бошқа каналлардаги сўровлар ва Telegram берган маълумот “Дарё” версиясини тасдиқлади. Умуман олганда, Ўзбекистон тарихида биринчи марта йил сўзини эълон қилгандик, бу анъанага айланса, бошқа ресурслар ҳам ташаббусга қўшилса яхши бўлади. Ўзбек тилининг оммалашишига шу каби акциялар ҳам ижобий таъсир кўрсатади.

👉 @AsanovEldar